Муҳаммад Али. Алтойир юлдузи (ҳикоя)

Бундан бир неча лаҳзагина Мовароуннаҳр ҳукмдори бўлган, “онҳазрат”, “етта иқлим шаҳаншоҳи” ва ҳаказо унвонлар соҳиби Мирзо Улуғбек кўҳна Кўксарой пиллапояларидан тушиб келар экан, ажабо, ўзини бағоят енгил сезди. Оллоҳга шукур! У ортиқ машҳур салтанат подшоси эмас, унинг елкасида улкан мамлакат ташвиши тургани йўқ… У ҳам эл қатори бир одам, худонинг бандаси. Мударрис, Кўҳакдаги расадхона мутасаддийси…
Мирзо Улуғбек шу тобда қаёққа боришини ҳам билмасди. У вазнсиз, еру осмон ўртасида гард мисоли ҳаволаниб борарди. Жонажон Самарқанд осмони зулматларга чулғанган, ажабо, биронта ҳам юлдуз ўз ўрнида йўқ…
Мирзо Абдулатифнинг Мовароуннаҳр тахтига чиқишини қутлашга келган аъёнлар Кўксаройни тўлдириб базми жамшид қилдилар. Шомдан бери ўйин-кулгу авжида, қийқириқ садоларидан Кўксарой қасри ҳам ўзини ўнғайсиз сезаётгандек эди. Мирзо Улуғбек кичик ўғли Мирзо Абдулазиз билан пойгакда тиз чўкдилар. Амирзода ҳам бирдан ғойиб бўлиб қолди, уни кимдир қайгадир чақириб кетди. Мирзо Улуғбек барчани кузатиб ўлтирар экан, буқаламун замоннинг найрангларига яна бир бор тан берди. Кечагина Мирзо Улуғбек пойини ўпиб, тўнининг пешини кўзига суртишни орзу қилган кимсалар энди бошқанинг атрофида парвона! Улар қирқ йил султонлик маснадида ўлтирган соҳибқирон Амир Темур Кўрагон набирасини энди танишмайди. Водариғ!
Кўксаройнинг кенггина кўринишхонаси торайиб қисиб келаётгандек бўла бошлади Мирзо Улуғбекнинг назарида. Нечундир ўсмирлигида Шайх Фаридиддин Атторнинг завқ билан ўқиган бир рисоласи ёдига тушди. Ўша рисолада Шайх бу дунёни қудуққа ўхшатганди. Чиндан ҳам дунё бир қудуқ кабидур, қудуқ бўлганда ҳам, суви қуриган қудуқ… У эса ана шу қудуққа тушиб қолгандай эди.
Тўрда, тахтда ширкайф ястанган Мирзо Абдулатиф падари бузрукворининг пойгакда қолиб кетгани билан иши йўқ, тақдир сийловидан мамнуну масрур эди. Бошига ёқут кўзли тож қўндирган йигитчага термилиб, наҳотки шу менинг зурёдим бўлса, дея ўксинди Мирзо Улуғбек. Наҳотки ?… Расадхонада тонгда Али Қушчи билан Алтойир юлдузини кузатишар экан, султон ўз шогирдига юрагини тўкиб солди:
– Сиз ўғлим қаторисиз, балки ундан ҳам ортиқроқдурсиз, мавлоно Али! Сиздек фарзанди аржуманд янглиғ бир шогирд ато қилғонига парвардигорга шукурлар дейман, ота ўғли!
– Қуллуқ, устоз! Каминани бағоят қарздор этдилар!
– Фарзандлар… Ё, оллоҳ! Бир бандангда нима қасдинг бор эдики, фарзандлардан… Йўқ, йўқ, фарзандларнинг борига шукур! Қани, бандаси фарзанднинг бир мўйини, бир тирноғини яратиб кўрсин-чи! Фарзандни ҳам парвардигор берғонга беради! Лекин нега фарзандларим бир-бирлари билан иноқ эмаслар-а?.. Нега? Нега улар оталарининг бағрини тилаётғонларини билмайдилар, билишга уринмайдилар ҳам?.. Ахир ота ҳам дунёда якка-ягона-ку! Нега фарзандлар оталарини ўтга отишлари керак? Ота бўлғонлиги учунми? Шу ёруғ дунёга келишларида сабабчи бўлғони учунми?.. Э, хом сут эмган бандалар!
– Афу этадилар, устоз, — деди Али Қушчи. – Онҳазратнинг бунчалар надомат тўрига тушиб қолишларига, тушуб қолиш эмас, балки ўзларини ўша тўрга отишларига важ йўқдур! Шукур қилмоқ керак…
– Шукур қиламен бешак, ота ўғли, шукур қиламен! – хаста овозда сўзланди Мирзо Улуғбек. – Шундоқ яратғонига шукур! Аммо, фарзандлар… Мен фарзандларимни ёмон демаймен. Қайси ота ўз пушти-камаридан бўлғон дилбандини ёмон дейди? Аммо, мен уларни эл суядурғон, улус корига ярайдурғон валламатлар бўлиб вояга етишларини истар эдим-ку! Ахир мен уларни оталарининг қадрига етадурғон, бир оғиз каломини ерда қолдирмайдурғон, иззат-икромини жойига қўядурғон элнинг оқил ўғиллари бўлиб бўй чўзишларини хоҳлар эдим-ку? Э, парвардигор! Нечун орзуларим аро йўлда қолиб кетди? Нечун? Оҳ!..
– Нималар деяпсиз шундоғ муборак кунда? – эшитилди кимнингдир дағалроқ овози. – Шодлик айёмида нечун надомат, оҳ-воҳлар?..
Мирзо Улуғбек ўзига иккита одамнинг қаттиқ тикилиб турганини кўрди. Кўзларини каттароқ очиб қаради. Атрофда қийқириқ авжга минганди.
– Боядан бери озмунча гапларни гапирмадингиз, нақ илон пўст ташласа арзийдиган гаплар-а!
– Мовароуннаҳр султони эшитиб қолса, нима дейдир? Жонингизга жабр қилмоқчимисиз? Хушингиз жойида эмас шекилли…
– Бехуд бўлиб қолғон… Кўриниб турибди, — сўзга учинчи одам аралашди. – Йўқ эса, шундай гапларни оғизга олармиди!..
Воқеа бошқаларнинг ҳам диққатини торта бошлади. Нарироқда турган икки амир шиддат билан шу томонга йўналди.
Мирзо Улуғбек ҳамманинг кўзида ҳасрат, ғазаб, ачиниш аломатларини кўрди. Кўрди-ю ўзининг бу ерда мутлақо бегона эканлигини ҳис этди. Бас, ортга тисарилиб, сездирмай ташқарига чиқиб олмоқ керак… Шундай қилди. Хайрият, ҳеч ким уни тўхтатиб қолишга уринмади.
Кўчада одамлар сийрак эди. Муюлишларда қўйилган фонуслар йўлни ғира-шира ёритар, одамни эса таниб бўлмасди. Аҳён-аҳёнда шақилдоғини ўйнатиб миршаб ўтиб қолади. Мирзо Улуғбек қаёққа кетмоқда – бунинг фарқи йўқ, ишқилиб қайга бўлса ҳам, шу ерданн йироқроқ кетса бас…
– Тўхта! Қаён йўл тутурсен? – дағдағали сўраб қолди муюлишда турган миршаб. – Бемаҳалда нима қилиб юрибсен?
Мирзо Улуғбек бир лаҳза каловланди, кейин нимадир дейиш зарурлигидан, шартта миясига келган фикрни айтди:
– Мусофирмен… Карвонсаройга бораётғон эрдим… Ота ўғли…
Шундоқ деди-ю томоғига бир нарса тиқилгандай бўлди. Мусофир! Ўз шаҳрида, ўз элида, бобо юртида… мусофир!
Миршаб фонус тутиб Мирзо Улуғбекка разм солди, мусофирлигига ишонч ҳосил этди шекилли, деди:
– Шаҳарда тахтдан кетган Улуғбек Кўрагон одамлари юрганмиш. Мовароуннаҳр султони Мирзо Абдулатифдан фармон етдиким, шундоғ кишилар дуч келса, шитоб ҳибсга олинсун, деб… Сен, мабодо, ўшалардан эмасмусен, эй умрингни бергур?
– Йўғ-е! Мен қаёқда-ю Улуғбек Кўрагон одамлари қаёқда! Бир бечора одаммен… Шошдан келмакдамен, уй-маконим йўқ. Бошпана излаб юрибмен
– Аввал ҳеч Самарқандда бўлганмусен? – сўради яна миршаб, Мирзо Улуғбек унинг ўттиз-ўттиз беш ёшларда эканлигини кўрди. – Бундай сал шаҳарни билармусен, эй умрингни бергур?
– Йўқ… Ҳеч бўлмағонмен… – жавоб қилди Мирзо Улуғбек. – Самарқандда илк бор бўлишим…
-Эса тўғри йўлдан борасен, чорраҳадан чапга буриласен, адашма! Карвонсарой сўл томонда.
“Оллоҳга шукур!” – суюнди ичида Мирзо Улуғбек ва йўлида давом этди.
Карвонсаройга яқинлашган сари унинг кўнгли ёриша бошлади. Ажабо, у бу ерга шуурсиз, беихтиёр йўл тутди, лекин бундоқ ўйлаб қараса, бошқа борадиган жойи ҳам йўқ экан. Дунёнинг ўзи ҳам карвонсарой-да, бир жиҳати…
Сўл томонда Исфаҳондан, соғ томонда Хўтандан келган икки карвон аҳли жойлашиш умидида у ёқдан-бу ёққа ивирсиниб юрарди. Ит эгасига боқмайди. Шу палла:
– Тезроқ жўнамоқ даркор. Бу ерда тургим келмай қолди…Юрт жуда нотинч экан… – деган сўзларни эшитди Мирзо Улуғбек. Нарироқда чакмонли икки киши бир-бири билан суҳбатлашиб турарди.
– Бироз нафас ростласак кифоя, ҳали сафаримиз йироқ, – жавоб қилди бошқаси. Қоронғуда унинг юзи кўринмасди. – Зимистон қишга қолиб кетмай Румга етиб олғаймиз, иншоолло.
– Ҳалиги отлиқ подшонинг чопари нима деб бақириб юрибди?
– Мовароуннаҳр султони Улуғбек Кўрагон тахтдан бадарға қилинғон эмиш. Ўрнига ўғли Мирзо Абдуллатиф подшо бўлибди. Мирзо Улуғбек қочиб юрғонмиш. Агар бирон бир карвон ўзига қўшиб олса-ю яширса…
Шу пайт чап тарафда бир от қаттиқ кишнаб юборди, унга иккинчиси қўшилди. Мирзо Улуғбек гапнинг давомини эшита олмади.
– …Билдингизму? Шунинг учун кўз-қулоқ бўлингиз сиз ҳам! Мирзо Улуғбекнинг юраги булк этди. Кўнглида, бирон карвон билан тезроқ юртдан чиқиб олмоқ, ҳаж томонларга бош олиб кетмоқ ниятида эди. Баски, бунга ҳам йўл йўқ…
У билдирмай нари кетди. Таниб қолишмасин, дея ҳадик билан атрофга қарар экан, қаергадир яшириниши, қайдадир қўним топиши лозимлигини сезарди. Қаёққа борсин, қаерга бош урсин?..
Ногаҳон Мирзо Улуғбек ўнг томонда кунжакда ғира-ширада уймалашиб ўлтирган одамларни кўриб қолди. Ўртада ягона шам липиллаб ёнар, ўттизтача одам унинг атрофида парвоналар сингари хуш кайфиятда чақчақлашиб ўлтиришар, уларнинг шу тобда дунё паст-баланди билан ишлари йўқ эди. Уй-жойсиз мусофир кишиларнинг қандай ташвишлари бўлиши мумкин? Тепада ёниб турган хира фонус шуъласида ҳар ким тимирскланиб нима биландир машғул: кимдир ухлаш пайида бошига ғиштдан ёстиқ қилмоқда, кимдир этигини ечиб пайтавасини қуритиш билан овора, кимдир аллақачон хурракни бошлаб юборган… Норғул бир одам эса атрофига одамларни тўплаб гап бермоқда, гап орасида соқийлик қилиб ҳам қўяди – даврадагиларга оз-оздан май улашади.
Мирзо Улуғбек дунёни сув олса тўпиғига чиқмайдиган бу одамлар ёнида бир лаҳза тўхтаб қолди. Норғул одам кимнингдир қараб турганини сезди:
– Ўйланмай келавер! Бағримиз очиқ, эй мусофир! – сўз қотди у. Барча Мирзо Улуғбекка ўгирилди. Ҳаш-паш дегунча бўлмай, икки одам шарт ўрнидан туриб, Мирзо Улуғбекнинг қўлтиғидан олишиб даврага қўшиб қўйишди. Норғул одам шу заҳотиёқ унга май узатди-да, хотиржам деди:
– Мана буни сипқариб юбор! Йўқ, десанг, оғзингдан қуямиз. Шартимиз шунақа!
– Мен… мен… май ичмасмен, ота ўғли… – ўзини тортди меҳмон.
– Отилсун! –буюрди норғул одам.
Яна икки киши шартта унга ташланишди, ётқизиб оғзига май қуйишмоқчи бўлишди. Уларнинг бундай хатти-ҳаракатини кўрган Мирзо Улуғбек, оллоҳнинг ўзи афу этсин, ўзи кўриб турибди, бу дунёнинг заҳар-заққумини, азобини ичсам ичиб юбора қолай, деди-да, майкосани қўлига олди. Кўзларини чирт юмиб, ичиб юборди. Даврада қийқириқ садолари янгради. Мирзо Улуғбек таъсири ўткир майнинг бирдан миясига урганини сезди.
– Давомини эшитайлик! – норғул одамга мурожаат қилди занчалиш овоз. – Шу дамларда Улуғбек Кўрагон қаерда экан? Биров кўрибдими?
Мирзо Улуғбекнинг кўзлари катта-катта очилиб кетди. Худди унинг шу ердалигини билиб қолишгандай гапга аралашишга шошилди, мақсад диққатни ўзидан қочириш эди:
– Улуғбек Кўрагонни… тутиб олишибдими?
– Йў-ў-ўқ! Ҳозирча йўқ, — жавоб қилди норғул одам. – Лекин барибир тутиб олишади-да. Қайга қочиб борарди бечора…
Бечора! Ҳалигина Кўксаройда у бегона эди, кўчага чиққанда мусофирлик мартабасига минди, мана энди бечоралик тожи ҳам унга насиб этиб турибди…
– Косани айлантир, аканг айлансун! – сўз қотди кимдир.
– Гардуни дун янглиғ коса айлансун! – қўшилди иккинчи одам.
– Гардуни дун янглиғ коса сендан айлансун!
– Кўп айлантирма, тез қуй!
Чақ-чақ кулгу овозлари жаранглади. Май коса айланишда давом этди.
Сархуш Мирзо Улуғбек навбатдаги косани сипқариб узатар экан, норғул одамга мулозамат кўргизмоқчи бўлди:
– Подшо… подшо эмас, асил подшо сен экансен! Қуй, ота ўғли!
Кайфдан қийшайишиб қолганлар сафи кўпайиб, давра сийрак тортиб борарди. Мирзо Улуғбекнинг боши айлана бошлади. Норғул одам ҳам сармастликдан тебраниб зўрға ўтирарди. У қандайдир бир қўшиқни хиргойи қилишга турди.
– Майинг… ўткир экан… Кам бўлма, биродар… – Мирзо Улуғбек норғул одамнинг елкасига қоқди. – Ўткир экан…
– Ургутнинг шароби!.. Дунёнинг роҳати шу-да!..
Норғул одам тамшаниб қўйди-да, ётишга ҳозирланди.
– Мен подшомен… – деди Мирзо Улуғбек бирдан норғул одамга қараб. – Подшо-о-мен!.. Подшо-о-о!
– Ҳа… Ҳаммамиз ҳам подшомиз… – ўзига-ўзи айтгандек бепарво деди норғул одам илжайганича. – Аммо, мен катта подшомен, сен кичкина подшосен! Билдингму?… Хо-хо-хо!
Даврадагиларнинг кўпи ўзларини чекка-чеккага тортишиб уйқуга кетишганди.
– Мен сенга айтсам… кулма!.. — Мирзо Улуғбек усрук кўзларини суҳбатдошига тикди, норғул одам ўтирган жойидаёқ ухлаб қолибди.
– Мен подшомен, деяпман! — Мирзо Улуғбек норғул одамни туртиб уйғота бошлади. – Подшомен! Англадингму?
– Хўп, хўп… Подшосен… – Норғул одам эринчаклик билан кўзларини очди-ю юмди. – Кечаям битта подшо келганди…
Мирзо Улуғбек маст одамларга хос қайсарлик билан шеригига бақирди:
– Мен – Улуғбек Кўрагонмен! Улуғбек Кўрагон! Билдингму?.. Мен…
Мирзо Улуғбекнинг сўзи оғзида қолди:
– Йў-ў-ў-қ! Сен Улуғбек Кўрагон эмассен! – Бақириш навбати навбати энди норгул одамга келди. – Сен Амир Темур Соҳибқиронсен! Чингизхонсен! Бўлдими? Бор энди, кўзимга кўринма! Йўқол!
Норғул одам шундай деди-да, ерга чўзилганча уйқуга кетди.
Мирзо Улуғбек атрофга назар солди. Ҳалигина карвонсарой дарвозаси олдида уймалашиб юрган одамлар ҳам энди қайгадир ғойиб бўлишган, шовқин-суронлар эшитилмасди. Даврадошлари эса қаттиқ хуррак отиш бобида бир-бирлари билан баҳс бойлашар эдилар. Мирзо Улуғбек шу палла ўзининг дунёда нақадар ёлғизлигини ҳис қилди! Бирон бир яқин кишиси йўқ. Падари бузруквори ҳоқони сайид Шоҳруҳ Мирзо уч йил аввал у дунёга риҳлат этдилар. Волидаи муҳтарамалари Гавҳаршод бегим эса Ҳиротда, узоқдалар…
Энди нима қилади? Ёраббий!..
Орадан қанча вақт ўтди, билмади. У бир пайт оҳиста турди-да ташқарига йўналди, аммо қаерга бораётганини фаҳм этмасди. Ишқилиб, шу карвонсаройдан нари кетса кифоя. Соқчининг кўзи ҳам бироз илинган экан, дарвозадан сездирмай чиқиб олди. Кўчада одам зоти кўринмасди. Хаёллари пароканда Мирзо Улуғбек бирдан ўзига келди, майдан асар ҳам қолмаганди. Теваракка олазарак боқди. Назарида ортидан қандайдир шарпа кузатиб келарди, миршаблардан бирими эди, билмайди. Ана, отлар дупури ҳам эшитилгандай… У бирдан чопа бошлади! Бироздан сўнг тўхтади-да, қулоқларини беркитиб олди. Яна қулоқ солди. Аниқ: кимнингдир, миршабники бўлса керак, “Қочманг!”, “Қочманг!” деган овозини ҳам эшитди. У тағин ҳам қаттиқроқ югура кетди.! Қаерга яшириниш мумкин? Кошки, шу топда бу оламдан қочиб чиқиб кетиш мумкин бўлса!.. Ҳаллослаб борар экан, кутилмаганда унинг олдидан эски бир қудуқ чиқиб қолди. Шу қудуққа яширинсам-чи, ҳеч ким мени топа олмайди, деган фикр миясига чақмоқдай урилди! Шайх Фаридиддин Аттор ҳам дунёни қудуққа қиёс этган эди-я! Ўша қудуқ шу бўлса керак…
Мирзо Улуғбек апил-тапил қудуққа туша бошлади. Аллақачонлар суви қуриган қудуқ тагига тиз чўкди-да, сассиз юқорига қулоқ тутди…
Борлиқ олам сукунат қўйнида ғарқ, тепадан бир парчагина осмон кўриниб турарди холос. Ажаб, яшаш, умр, олам ҳозир ўша бир парчагина осмондан иборат эди. Ногаҳон қудуқ тепасида бир чақноқ юлдуз жамол кўргизди.
– Алтойир!.. – ширвирлади Мирзо Улуғбек, шивирларкан, бутун аъзои баданига титроқ югурди. – Танидим сени! Ҳолимдан хабар олгани келдингму? Эй, садоқатли дўст!
Шу палла юлдуз томондан:
– Устоз! Устоз… – деган нидо эшитилди. Юлдуз нидо қиларди! Мирзо Улуғбек бирданига олам сукунатини бузиб ўкраб йиғлаб юборди. Алтойир юлдузи Мирзо Улуғбекни тубсиз қудуқда ёлғиз қолдиришни истамагандай, жойидан жилмай кузатиб турарди.
– Устоз! Устоз… – илтижо қиларди Алтойир юлдузи…
“Лоҳавло вало қуввато илло-биллоҳ! – деди ўзига ўзи Мирзо Улуғбек йиғидан тўхтаб. – Оллоҳнинг карами кенг!..”
– Устоз! Устоз…
– Ҳа, ҳа… Алтойир! Алтойир!..
– Устоз! Устоз… – нидо қиларди юқоридан овоз. – Али Қушчиман…
– Ҳа, ҳа… Алтойир! Ал… Али Қушчига айланган Алтойир!
Мирзо Улуғбек бир парча осмонга тикилар экан, чақнаб турган юлдуздан бошқа ҳеч нарсани кўрмасди.
– Югуриб изингиздан ета олмадим… Изламаган жойим қолмади. Худога шукур, топдим, устоз…
Чиндан ҳам овоз Алтойирнинг овозига ўхшарди… Мирзо Улуғбек негадир ўзини тутолмай тағин йиғлаб юборди. Ёраббий! Бир бандангни тубсиз қудуқда ёлғиз қолдирмаганингга шукур!
– Тепага чиқингиз, устоз!.. – Али Қушчининг ўпкаси тўлиб кетганлиги сезилиб турарди. – Устоз… Устоз…
Кўнгли ёриша бошлаган Мирзо Улуғбек дунёнинг бир парча осмондангина иборат эмаслигига имон келтирди.
Дунё кенг, ҳали юлдузлар саноқсиз, умр бепоён туюлди унинг назарида. У қудуқдан Алтойир юлдузи томонга чиқа бошлади. Шу топда Соҳибқирон Амир Темурнинг суюкли набираси, Мовароуннаҳрнинг қирқ йиллик султони Мирзо Улуғбек умридан бор-йўғи бир кунгина қолганини хаёлига келтирмас эди…

1994