Одамлар қандай қилиб машина олишаркан-а? Мўминжон Қобилович еб-ичишдан, кийишдан иқтисод қилиб, узоқ йиллар енгил автомобил харид қилиш учун пул жамғарди. Бироз юрган бўлса ҳам яхши сақланган “Жигули” сотиб олди. Гаражга пули қолмагач, ноилож машинасига замонавий сигнализация ўрнатди. Кўнгли хотиржам бўлиб машинасини уй олдида қолдирадиган бўлди. Бир ҳафта давомида ҳеч бир кўнгилсизлик юз бермади.
Аммо кейинги ҳафтанинг ўрталарида лифтга кирса, елим билан ёпиштирилган қоғозга кўзи тушди. “Ҳурматли фалон давлат рақамли “Жигули” эгаси! Машинангизнинг сигнализацияси жонимга тегиб кетди. Унинг дастидан қаттиқроқ йўталиб ҳам бўлмайди. Ишлаб кетиб қулоқни қоматга келтиради. На уйқимизда ҳаловат бор, на дам олишимизда. Бирор чорасини кўринг. Бўлмаса ўзингиздан ўпкаланг. Сизга чуқур эҳтиром ила пастки қаватларда истиқомат қилувчилар”, деб ёзиб қўйилганди унда.
Мўминжон Қобилович бошидан дўпписини олиб ўйлаб кўрди. Бундай олганда сигнализациянинг унга фойдаси ҳам йўқ, ҳисоби. Чунки у тўққизинчи қаватда туради. У ерда деярли сигнализация эшитилмайди. Шуларни ҳисобга олган Мўминжон Қобилович, машинасининг сигнализациясини ўчириб қўйди.
Эрталаб лифтга кирса бошқа қоғоз осиғлиқ:
“Фалон рақамли машина эгасига раҳмат!”.
Мўминжон Қобилович ўзидан хурсанд бўлиб, биринчи қаватга тушди. Афсуски машинасини жойида кўрмади…