Кўрмаган, билмаган киши ҳақида ёзиш ижодкорнинг фантазиясига боғлиқ. Табиий чиқса, марра уники. Бўлмаса…
Хизмат сафаридан қайтаётган ёзувчи Аминжон Жумақул ана шу ҳолга тушди. У кечқурун оёқ узатиб, бемалол ухлаб кетаман, деб поездга чиққан эди. Купега кирса, икки оқсоқол уни хушнуд кутиб олди. Ҳайрон бўлмади. Ўзича бирор китобимни ўқиган, ундан таъсирланиб миннатдорлик эвазига шундай қилаяпти деган хаёлга борди. Ёки телевизордами, учрашувлардами кўрган булар мени, ана энди танишиш истагидалар, қабилидаги истиҳола ҳам ўтди кўнглидан… Хуллас, у ўз хаёл денгизига ғарқ бўлиб, салом-аликни қуюқ қилди.
– Сиз, Аминжон Жумақул бўласиз-а? – деди ўзини Муҳсинжон деб таништирган оқсоқол.
– Шундай, шундай…
– Айтмадимми, – деди ҳалиги оқсоқол шеригига ва сўзини давом эттирди. –Танимай ўлибманми?
– Адашмадингиз, – деди ёзувчи хурсандлигини яшира олмай. – Сизга қайси асарим ёқади?
– Асар… Энсамни қотирма…
Боядан бери қовоқ солиб ўтирган иккинчи оқсоқол эндигина гап бошлаган эди, шериги секин туртиб қўйди. Шу боис жимиб қолди. Сўнг тескари ўгирилди. Деразага қаради. Ташқарида паға-паға қор ёғаяпти…
Муҳсин оқсоқол гапни узоқдан бошлади.
– Бир вақтлар Соливой дўстимни газетга мақтаб ёзаман, деб қош қўйган эдингиз. Ўшанда у илғор бригадир эди. Пахта планини ортиғи билан бажарарди.
– Хизматларингизга яраша ёзганман-да, – деди ёзувчи сал кўнгли ёришиб. – Нима экан дебман…
– Ҳамма бало сиз ёзгандан кейин ёғилди.
Муҳсин оқсоқол дўстига бир қараб қўйди. Дўсти ўзинг гапир, дегандай имо қилгач, ҳикоясини бемалол бошлади.
– Мақола азим Тошкентдан чиқди. Ғалваси эса дўстимнинг бошига тушди.
– Тушунмаяпман…
– Гапни бўлмасангиз тушунасиз, укам. Қисқаси, рақамларга адашганингиз майли, дўстимнинг оиласини ҳақоратлагансиз?
– Қандай қилиб? – ажабланиб сўради ёзувчи.
– Ўн битта болани даромад кетидан боқиб, уй-жойли, касб-корли қилган дегансиз?
– Нимаси ёлғон? Ўша пайт қилмаган бўлса ҳам мухбирларни биласиз-ку, қўшиб ёзмаса очерк сермазмун чиқмайди.
– Чунки дўстимнинг биттаям фарзанди йўқ. Яна хотинининг исмини илгари севиб юрган қизининг исмига алмаштиргансиз. Бу ҳам етмагандай энг яхши кўрган нарсаси анор дегансиз. Уйида бир эмас, 25 тупча анори бор, ортганини бозорда сотади, деганингиз ҳаммасидан ошиб тушган.
– Қишлоқда ҳамманинг уйида анор бўлади. Бундан ташқари, анорни ўзим яхши кўраман. Шу боис…
Ёзувчи Аминжон Жумақул иштонини ҳўллаб қўйган ёш боладай аввал қизарди, кейин бўзарди.
– Дўстимнинг умуман анори йўқ. Анорни жини суймайди. Анор деса, аллергияси қўзийди. Энг ёмони, унинг лақаби “Анор”. Сиз келиб-келиб шу лақабини республика бўйлаб ёйдингиз…
Ёзувчи жиққа терга тушган кўйи анордай қизариб кетди.
“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 12-сон