Миркарим Осим. Зулмат ичра нур (қисса)

ЁШЛИК АЙЁМИНИНГ ИЛК БАҲОРИ

Алишер чўккалаб олиб хонтахта устидаги каттакон бир китобни варақлаб, сурат кўриб ўтирар эди. Ов ва жанг манзаралари уни шу қадар қизиқтирган, хаёлини шу қадар ўғирлаган эдики, отаси келиб эшик олдида кавуш ечаётганини ҳам пайқамади. Кичкина Баҳодир деб ном чиқарган Ғиёсиддин энди тўрт ёшга кирган ўғли Алишерга кулимсираб қараб турди. «Шул ёшдин китобга муҳаббат қўйса, улғайгач, албатта китобни илкидан айирмай ўзи била асраб юрғай», деб ўйлади ота ширингина, дўмбоқ ўғлидан кўзини узолмай.
— Ҳа, бул ерга ёшуруниб олиб не қиладур, десам, китоб кўраётган эканлар-да,— деди Ғиёсиддин пичинг аралаш меҳр билан.
Отаси бу гагши секингина, кулиб туриб айтган бўлсада, Алишер шўхлик қилиб катталардан дашном эшитишдан қўрққан боладек олазарак бўлиб:
— Дада, мана бул суратни кўринг,— деди. Унинг хиёл қийиқ кўзлари мўлтирар эди. — Маиа бул черик шотидан чиқаётиб қулаб тушмоқда, қўрғон устинда турганлар ўқ отиб қулатғон чиқарлар. Мана буниси пастдин туриб, қалъа устидагиларга ўқ узмоқда.
Отаси ўғлининг гапини тасдиқлагандек, бош ирғитиб, унинг қўлидан китобни аста олди-ю, токчага, бошқа китоблар ёнига қўйди.
— Бул китобнинг ўрни токчада,— деди у ясама жиддийлик билан,— аммо сиз китоб кўрмоққа ёшлик қилурсиз, йиртиб қўйсангиз яхши бўлмас. Ани икки қўй баҳосига сотиб олғонмен.
— Мен китобни йиртмаймен, авайлаб кўрамен.
— Ақлли боласан-да. Тентак болаларғина илкларига тушган китобларни пора-пора қиладурлар. Катта бўлғонингда сенга ажойиб китоблар сотуб олғаймен. Ҳозирча… мана буни ўйнаб юр,— Ғиёсиддин кулиб, чўнтагидаи «сопол қўчқор» чиқариб берди. Бола бу ғалати ўйинчоқни кўргач, кўзлари ўйнаб кетди.— Қара ўғлим, анинг мугизлари қайрилғон, сузиб олмоққа ҳозирланиб турадур.
— Менга беринг,— деб бола сакраб ўйинчоқни унинг қўлидан тортиб олди,— ани Ҳусайниинг қўчқори бирла уриштиргаймен.
Ғиёсиддин девонхонадан келиб, дам олгандан сўнг баъзан қўлига китоб олиб мутолаа қилар, шундай кезлар Алишер ёнига келиб ўтириб олар ва овоз чиқариб ўқишини сўрар эди. Отаси эса: «Яхшиси, ҳикоя айтиб берай», деб китобни йиғиштириб қўяр ва қизиқ бир эртакни айтиб берарди.
Алишернинг тоғалари: Мирсайид — «Қобулий» ва Муҳаммад Али — «Ғарибий» ўқимишли йигитлар бўлиб, форсий ва туркий тилда шеър ёзар эдилар. Улар поччалари Ғиёсиддинникига келганларида илмий, адабий мавзуларда қизғин баҳс бошланар ва баъзи кунлари суҳбат ғазалхонлик билан тугар эди. Алишер худди катталардек тоғалари ёнида ўтириб, уларнинг гапларига қулоқ солар, шеър тинглар эди. Гарчи, у китобий сўзлар ва мажозий шеърларга яхши тушунмаса ҳам, ғазалларнинг оҳанги, мусиқийсидан завқланарди.
Катта тоғаси Мирсайид жиддий, камгап, сипо одам эди, кичиги Муҳаммад Али эса хушчақчақ, гапдон йигит бўлиб, тор ва танбурни яхши чалар, ўз суҳбати билан мажлисга жон киргизар эди. Бир куни у яқиндагина ёзган бир ғазалини ўқиб бераётганида жияни Алишернинг диққат билагг қулоқ солаётганигги кўриб, ҳайратда қолади.
— Невчун ажабланурсиз?— дсйди Ғиёсиддин шоир қайнисига,— Алишер кўча-кўйда болалар била ўйнаб юриб, тожик тилин ўрганиб олғон, онаси форсий, туркий ғазалларни ўқиғонда қулоқ бериб ўтирадур ва баъзи матлаъларни ёддан ўқиб берадур.— У ўзининг ўткир кўзларини тогасига тикиб ўтирган Алишерга юзланиб деди: — Қани, ўғлим, шоир Қосим Анвор не дебдур?
Алишер қўнғироқдек овози билан дона-дона қилиб шу матлаъни ўқиди:

Риндему ошиқему жаҳонсўзу жома чок,
Бо давлати ғами ту фикри жаҳон чи бок?
(Биз бепарво ошиқлармиз, йиртиқ чопон, ўт иафас,
Жаҳон ғами сенинг ғамингга арзимас.)

Муҳаммад Али кўзларини катта очиб жиянининг шеър ўқишига қулоқ солиб турди-да, кейин кулиб юборди.
— Офарин, кичкина дарвеш,— деди у жиянининг орқасига қоқиб қўйиб.— Бепарво, ринд ошиқларданмиз дегин. Ўт нафас бўлсанг доғи, йиртиқ чопон бўлма.
— Қосим Анворнинг шеърлари мағзини бола эрмас, катталар ҳам чақа билмайдурлар, аммо улуғ шоирнинг оташин нафасидин бул гўдак боланинг юрагига бир аланга тушибдир,— деди Мирсайид.— Илоё, ёмон кўздин асрасин.
Сўз айланиб шоир Анвор устига келиб тўхтади.
— Мавлоно Қосим Анвор асли озарбайжонлик эрурлар, — деди Мирсайид. — Сароб отлиғ кентда таваллуд топибдурлар. Йигитлик апёмида Садриддин Ардабилийга мурид бўлиб, сўфия мазҳабига дохил бўлмишлар. Пирининг маслиҳати била Хуросон келдилар. Узоқ муддат Самарқанд бориб турдилар. Эл аларга ихлос қўйиб, шеърларин ўқимоққа роғиб бўлди. Умрларииинг охирида Жом вилоятига келиб қолдилар. Бундан ўн икки-ўн уч йил муқаддам вафот топтилар.
Навоий катта тоғасининг баъзи гапларига унча тушунмаса ҳам, унинг гапини диққат билан тинглаб ўтирар эди. Самарқанд шаҳрининг номини эшитганда: «Ул улуғ шаҳар бўлса керак», деб ўйлади.
— Сен улгайғонда Жом вилоятига бориб, Мавлоно Қосим Анворнинг мақбараларини зиёрат қилиб, қабри покларини супуриб келмоғинг лозим,— деди Муҳаммад Али.
— Албатта, боргаймен, илкимга кичик бир жоруб олиб, қабрларини супуриб келгаймен,— деди Алишер кўзларини чақнатиб.
— Невчун кичик жоруб, сен улғайғганингда борғойсен ахир.
Доимо кичиклигимча қоламан деб ўйлаган норасида боланинг гапидан тоғалари мириқиб кулишди.
— Язна, ҳар ким олдида Мавлононинг ўшул шеърини Алишерга ўқитманг, кўз тегадур,— деди Муҳаммад Али.
Кичкина баҳодир бидъат ва хурофотдан йироқ, соғлом фикрли киши эди, шу сабабдан қайнисининг бу гапига парво қилмади. Уйига яқин дўстлари келганда у Алишерга Қосим Анворнинг ўша шеърини ўқитар, меҳмонлар эса ҳайратда қолиб, бош чайқаганларида завқланиб куларди.
Бир куни Ғиёсиддин бешик қучоқлаб ўтирган хотинига:
— Алишер тўрт ёшға тўлиб, бешга қадам қўйди, ани мактабга берали,— деб қолди.
— Ҳали ёшлик қилмасмикин?— деди Алишернинг онаси киртайган, ҳорғин кўзларини кўтариб. Унинг эмизикли боласи Дарвишали жуда йиғлоқи бўлиб, тинка-мадорини қуритар эди.
— Бола ўткир зеҳнли, тез идрокли. Бекор юргандин кўра ҳарф ўргансин. Эрта шанбадин бошлаб Ҳусайн била бирга мактаб борсин.
— Ихтиёр сизда, менга қолса…— аёл гапини тугатолмади, бешикдаги Дарвишали чирқираб, она сути талаб эта бошлади.
Ҳусайн Темурнинг авараси Мансур бинни Бойқаронинг ўғли эди. Ҳусайннинг бобоси Мирза Бойқаро замон подшоси Шоҳрухга қарши исён қилгани сабабли қатл эттирилган, унинг ўғли Мансур ҳам кейинчалик назардан қолиб, давлат ишларига аралашмай қўйган эди. Лекин Ҳусайн ғайратли ва зеҳнли эканини кўриб, отаси қўлидан кетган давлат қушини қайтариб олишни умид қила бошлади. Мансурнинг ўғли ҳақиқатан ҳам юракли, катталардан кўп тортинмайдиган, соғлом, шижоатли бола эди.
— Ўғлингиз ахир бир кун юртға бош бўладур, кўзларидин маълум,— дер эдилар Мансурнинг яқинлари, хипча бел, яғрини кенг, қирғиз қовоқ Ҳусайнга қараб.
— Илоё, айтганингиз келсин, яхши ният — ёрти мол,— дерди отаси.
Алишер араб ҳарфлари ёзилган тахтани қўлтиқлаб, ўзидан икки ёш катта Ҳусайн билан бирга мактабга бориб-келиб юрди. Тез орада ҳарфларни ёд олволди. Мактабдан озод бўлгандан кейин, баъзан Ҳусайннинг уйига бориб ўйнаб келарди. Ҳиротликлар Бойқароларнинг Хиёбон маҳалласидаги икки қаватли уйини, негадир, «Давлатхона» деб атар эдилар, ҳолбуки, уй эгаси Ҳиротда хусусий кишилар қаторида яшар эди.
Алишер баъзан Ҳусайнга эргашиб, шаҳар ташқарисидаги Гозургоҳга чиқарди. Тоғ этагида бир талай болалар қатор тизилиб, бараварига ўқ отар эдилар. Алишер бу манзарани кўриб, китобда кўрган суратларни эсларди. Қаерда бўлмасин унинг эс-ҳуши китобларда эди.

Қиссанинг тўлиқ матнини PDF форматда сақлаб олинг