Хоразмшоҳ Абу Абдуллонинг амакиваччаси Абу Наср ибн Ироқ маърифатпарвар ва донишманд одам эди. У юксак мартабали амалдорлар, аъёнлар билан эмас, аҳли илму фозиллар билан суҳбатлашишдан завқланар, инсоннинг зийнати зардўзи чопон ва тилло камар эмас, илм-урфон, деб ҳисоблар эди.
Одатда подшоҳлар тахт-тож тўғрисида хаёл сурадиган яқин қариндош-уруғларидан қўрқадилар, уларни назорат остида сақлашга уринадилар. Абу Абдулло олим ва фозил амакиваччасидан ҳадиксирамас, унга қимматбаҳо совғалар инъом қилиб, илм билан шуғулланишга рағбатлантирар эди.
Абу Наср ноёб китобларни сотиб олиш учун Бағдод, Шомга ўз одамларини юбориб турар, китобхонасини қадимги юнон файласуфлари, табиатшуносларининг араб тилига таржима қилинган асарлари билан тўлдиришга уринар эди. Фалсафа ва юлдузлар олами билан машғул бўлган бу олим ердаги ишларини ҳам унутмас, Хоразмшоҳ узоқ ўлкалардан келган элчиларни қабул қилганда зар ёқали кимхоб чопонини кийиб, белига кумуш камар боғлаб, тахт устида мағрур ўтирган ҳукмдорнинг ўнг томонида қоматини тик тутиб турар эди. Элчилар ўрта бўйли, пешонаси кенг, салобатли олимга ҳурмат билан қараб қўяр эдилар.
Хоразмшоҳнинг пойтахти Кот шаҳри Амударёнинг ўнг соҳилида бўлиб, Бухородан катта ва ундан обод эди. Дарёга яқин бўлган тепалик устига қурилган, уч қатор девор билан ўралган қалъа, пештоқлари кошинкор баланд жомелар, дарвозалари тепасида шер сурати солинган карвонсаройлар шаҳарга улуғвор тус бериб турар эди. Эрон, Ироқ ва Мовароуннаҳрдан Идил бўйидаги шаҳарларга, рус ерларига қатнайдиган карвонлар шу шаҳарда тўхтаб, келтирган молларининг бир қисмини пуллаб, керакли молларни сотиб олар эдилар. Кот шаҳрида юнонийлар, Сурия, Ироқ, рус савдогарларини учратиш мумкин эди.
Абу Абдулло ва Абу Наср илм ва санъат аҳлига ҳомийлик қилганликлари учун бу ерга турли мамлакатлардан олимлар, санъаткорлар йиғила бошладилар. Истеъдодли ёшларни ўз атрофига тортиш иштиёқида юрган Абу Наср шаҳар ташқарисида турадиган зеҳни ўткир, ҳаддан ташқари қобилиятли бир етим боланинг таърифини эшитиб, уни кўришни истаб қолди.
Бир куни у ўз хонасида, хонтахта ёнида ўтириб, бнр китобни мутолаа қилаётганида хизматкори кириб, таъзим қилди.
— Сиз айтган етим болани бошлаб келдим.
Абу Наср китобни йиғиштириб, токчага қўйди-да, деворга тираб қўйилган ёстиққа суянди.
— Олиб кир!
— Ассалому алайкум,— деди остонадан ҳатлаб ўтган бўз чопонли бола қўл қовуштириб.
— Ваалайкум ассалом! Кел, берироқ келиб ўтир,— деди уй эгаси пешопаси кенг, қиррабурун, кўзлари ўткир болага диққат билан қараб. У рўпарасига келиб тиз чўккандан кейин: — Отинг нима? Неча ёшдасан? — деб сўради.
— Отим Муҳаммад. Ўнга тўлиб, ўн бирга қадам қўйдим.
— Боракалло. Отангнинг отлари Аҳмад бўлса керак.
— Топдингиз. Дадам мен туғилмасдан бурун ўлиб кетган эканлар.
Абу Наср елкасига ямоқ тушган бўз чопонли боланипг бошидаги қўтир чўгирмасига қараб ўйга толди. У вақтларда отаси номаълум бўлган етим болаларни Муҳаммад ибн Аҳмад деб юритар эдилар.
— Ҳозир сени боқаётган аёл ўз онангми?
Бола унга ажабланиб қаради, кўзларини катта қилиб:
— Бўлмасам-чи! — деди.
Уй эгаси тахмини тўғри чиққанини фаҳмлаб, гапни айлантириб ўтирмай, уни имтиҳон қилиб, саводхон эканлигини аниқлади, қуръонни тутилмай ўқий олишини кўриб, ҳайратда қолди.
— Зеҳнинг ўткир экан. Сендек қобилиятли болаларни ўқитиб, вояга етказиш бил учун ҳам фарз, ҳам қарз. Истасанг, сени ўзимга шогирд қилиб олай.
— Биз камбағал одамлармиз, ўқиш ҳақини тўлай олмаймиз.
Уй огаси унинг жавобини эшитиб, беихтиёр кулиб юборди.
— Ақлли бўлсанг ҳам, болалигингга борасан-да! Сендан ҳақ олиб бойиб кетармидим! Текинга ўқитиб сени вояга етказаман, қорнингни тўйғизиб, усти бошингга қараб тураман. Яхши ўқисанг — шунинг ўзи кифоя. Эртага шаҳардаги ҳовлимга онанг билан бирга кел, гаплашиб олурмиз.
Муҳаммад хурсанд бўлиб, ўрнидан турди, бошига бахт қуши қўнганидан онасини хабардор қилиш учун уйига югурди.
Онаси Абу Насрдек мўътабар зотга асранди боласини жон деб топширди. Шу кундан бошлаб Муҳаммад иби Аҳмад ҳам, унинг она бўлмиши ҳам муҳтожлик балосидан қутулишди.
Муҳаммад шу вақтгача ўзи тенги камбағал болалар билан чўлга қатнаб, шаҳарга саксовул келтириб сотар, онаси билан тирикчилигини зўрға ўтказар эди. Энди бўлса унинг усти бут, қорни тўқ, саҳрога бориб, қирчанғи эшагида ўтин опкелиб сотиш ўрнига илм ўрганиш билан машғул.
Ибн Ироқ унга ҳисоб ва ҳандасадан, ёш олим Абу Саҳл араб тили ва табииётдан дарс бера бошлади.
Бир куни ибн Ироқ Абу Саҳлдан Муҳаммаднинг қандай ўқиётганини суриштирди.
— Одам боласи шул қадар зеҳнли бўладур, деб ўйламаган эдим,— деди ёш олим бошларини чайқатиб,— Ҳар куни ўн беш-ўн олти арабча сўзни ёдида олиб қоладур. Мияси чарчамасин деб кунда ўнтадан ортиқ сўзни ўргатмасликка уринаман. Чарчаб қолмаснн, кўз тегмасин, дейман-да!
— Қўрқманг, завқ-шавқ билан илм ўрганган кишининг мияси чарчамайдур, унга кўз ҳам тегмайдур. Мен сизга айтсам, иродасиз, ғайратсиз одамларгина кўзикадурлар.
— Рост айтдингиз,— дсди ёш олим кулимсираб.
Муҳаммад болалигини қўймас, бўш вақтларида ўзи тенги болалар билан бирга чўлга чиқиб ўйнаб келар эди. Бир куни Абу Наср қўлида бир даста ўт-ўлан ушлаб келаётган шогирдини кўриб, уни ўз хонасига чақирди-да:
— Нега рухсатсиз шаҳардан чиқиб кетдинг?— деб сўради.
— Кечиринг, устод, далага чиқиб ўйнаб келдим. Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, дейдилар. Илгари саксовул олиб келгани чўлга чиққанимда, ҳар хил ўтларни, уларнинг уруғини келтириб, бир юнонийга сотар эдим.
— Ундай бўлса, фойдали гиёҳларнинг номини ҳам биларсан.— Устод унинг қўлидаги бир ўтни бармоги билан кўрсатиб:— Бу нима?— деб сўради.
— Олабўта. Юнончаси «рам-рам».
— Бу-чи?
— Заъфар — «Анихус».
— Ие, сен буларпинг номини қаёқдан биласан?
— Ўшал юноний ўргатган. Қўзиқоринни «футр» дейдилар.
— Боракалло. Кейинроқ доривор гиёҳлар хосиятини ўргатадурган бир табибга сени шогирд қилиб берурмиз. Ҳозирча араб тили, илми ҳисоб ва ҳандасани ўрганиб ол.
Устоз шогирдига иасиҳат қилар экан, у шакли нонга ўхшаган, ичи бир неча қават бўлиб, ҳар қаватига доиралар чизилган асбобга тикилиб:
— Бу нима?— деб сўради.
— Устурлоб. Қўй, ушлама!— деди Абу Наср устурлобнинг бандидан ушлаб олган шогирдипинг қўлига беозор туртиб.— Кейин сенга унинг бандидан ушлаб айлантиришни, офтоб ва ойнинг осмондаги ҳолатини белгилашни ўргатурман.