Маъсума Аҳмедова. Оддий ҳикоя (ҳикоя)

Бу ҳикоя дунёдаги энг оддий ҳикоялардан бири бўлади. Чунки бу ҳақда — оддий одамнинг кичина бахти ҳақида жуда кўп ёзилган. Оддийлиги шундаки, бу ҳикояда айтарли арзигулик ҳодисалар ҳам рўй бермайди, фавқулодда қаҳрамонликлар ҳам кўрсатилмайди. Воқеалар бир бошдан, анъанавий тарзда ҳикоя қилинаверади.
Бўпти, бошладик энди.

Биз тикув ательесида ишлаймиз.
Ательенинг ўзи мўъжазгина, қадимий кўчанинг шундоқ биқинида жойлашган. Албатта, шундай бўлгач, уни жудаям кўзга ташланмайди, деб ҳам бўлмайди. Хуллас, гап ательенинг қаерда, қай тарзда жойлашганлиги-ю, мижози қанчалигида ҳам эмас. Аслини олганда, мижозларимизнинг кўплиги билан мақтана олмаймизку-я…
Эркакча кийимлар бичиқчиси Довуд акани мустасно қилганда, биз — ўн тўрт нафар қизу жувон бирга ишлаймиз. Ҳадя опа, Сокина опа, Назира, Ҳилола… Барини санаш, менимча, шарт эмасдир. Чунки ҳар бирининг ўзига хос хулқ-атвори, феъли хўйи бор. Агар улар ҳақида батафсил гапириб ўтирадиган бўлсак, вақтимиз уларни тавсифлашу таърифлашга сарф бўлади-да, нима мақсадда ҳикоя бошлаганимизни унутамиз. Ҳа, айтмоқчи, шу ўринда куни кеча ишга келган Ҳилоладан тортиб, ательемиз бунёд бўлганидан буён ишлаб келаётган ветеранимиз Нурия опагача, тиккан кийимлари беўхшовроқ чиқса ёки мижозларга маъқул бўлмаса, Мавжуда опани қалқон қилишларини қистириб ўтмоқ жоиз. Бундай дамларда ҳар томондан уни чақирган овозлар тутади: “Мавжуда, шуни шундоқ дазмоллаб юбора қолинг”, “Хаҳ, ўлсин-а, Мавжуда опа, шу чўнтак ўлгурга яна бир марта чок юргизиб юбор-сангиз-чи”. “Этагининг икки чеккаси осилган, дейди. Ўзингиз шуни бир амаллаб…” ва ҳоказо, ва ҳоказо.
Мавжуда опани, керак бўлса, ҳаммамиз қалқон қиламиз. У бундан хафа ҳам бўлиб ўтирмайди. Аслида бунга йўл қўйиб берган, яъни доимо мошхўрдага қатиқ бўладиган ўзи-ку. Масалан, бирортамизнинг мижозимиз юзида сал тундлик ифодаси пайдо бўлдими, бас, қаердандир Мавжуда опанинг товуши эшитилиб қолади. “Балки енгини бошқатдан ўрнатиш керакдир? Келинг, ишдан қочманг, Насиба!” Шундай пайтларда унинг гапи жон-жонингдан ўтиб кетади. Бирор нарса деб кўр-чи. Ичингда тўнғиллаганча кўйлак енгини сўкиб, қайтадан ўрнатишга киришасан. Мавжуда опа бўлса, оғирлигини у оёғидан-бу оёғига солганча:
— Насиба! (Ўн тўрттамиздан истаган биримизни мисол қилиб келтириш мумкин.) Қани, мен нимасига қарашворай, — деб атрофингда гирдикапалак бўлади.
Сал юмшайсан.
Мисол учун, тушлик вақти бўлди, дейлик. (Унинг каллайи саҳарлаб ательега келиб олишинию ҳаммани кузатиб, қаро хуфтонда уйига жўнашини айтиб ўтир-майман.)
— Нима ейсизлар, қизлар? — Вақт тушликка яқинлашгач, у ҳаммага бирма-бир юзланиб чиқади. Шу ерда унинг салмоқлаб қадам ташлашию юзидаги доимий жонсараклик ифодасини алоҳида таъкидламасдан бўлмайди.
Энди ҳикоямиз ўз-ўзидан қаҳрамонини топиб олгани равшан бўлгандир.
Машиналар ғир-ғир айланади.
— Сомса ейсизларми?
Ғир-ғир товуш тинади. Ҳали нима ейишга келишилмасдан, ногоҳ Мавжуда опанинг ёноқлари туртиб чиққан буғдойранг юзида, қийиқ кўзларида ташвиш акс этиб қолади:
— Зуҳраникига ўтиб келмаймизми?
Зуҳра биз билан бирга ишларди, яқинда кўзи ёриган.
Мавжуда опа шундай дея пастак деразадан кўчага қараб қўяди: ташқарида ёмғир шиваламоқда. Дўконга чиққан қизчанинг жиққа ҳўл сочлари ёпишган пешонаси деразамиздан лип этиб ўтиб кетади.
— Шундай ҳавода-я? — Ҳилола норози бўлиб юзини ўгиради.
— Тиниб қолар. Майли, ўзим бирров ўтиб кела қоларман.
Мавжуда опанинг гапига ҳеч ким эътироз билдирмайди.
У бир зумда тушликка таом олиб келади. Бозордан топиб келган бир дунё гапи билан тушлик ҳам ўтиб кетади. Яна тикув машиналари ғир-ғирини бошлайди. Шовур-шувур орасида Назиранинг қайнонасию кеча “шахматнусха” атлас олиб келган, қулоғига шапалоқдай қашқарбалдоқ тақиб олган, ательенинг эшигидан аранг сиққан отарчи (отарчилигини ким била қолибди!) хотиннинг ғийбати авж олади.
— Мана мунақа қилиб кириб келди… — Мавжуда опа тикув машинаси ортидан туради, тиззасидаги нафис мато сирғалиб ерга тушади.
Бичиқчимиз Сокина опанинг афти буришиб кетади. Мавжуда опа салмоқ билан одимлаганча эшик томон бораркан, Ҳилоланинг юзида ачиниш пайдо бўлади. Чунки Мавжуда опа оқсоқланиб бирор жойга бориб келгунча кўнгли бўш Ҳилола-мизнинг кўзларидан тирқираб ёш чиқай дейди… Шундагина бизнинг эсимизга Мавжуда опанинг ҳануз ёлғизлиги, умри ҳам ўтиб бораётгани тушади.
Гап нима ҳақда бораётган эди? Ҳа, Назиранинг қайнонаси ҳақида.
— “Эрталаб кеч турасиз”, дегандай қилади. Овқат пайти товоқни товоққа, қошиқни қошиққа уриштиради…
Мавжуда опанинг кўзларида қизиқсиниш пайдо бўлади. Матони ушлаб турган қўллари, машинани юргизаётган оёқлари аста ҳаракатдан тинади, тикув машинаси “шиғғ” этиб тўхтаб қолади. Очиғи, бизнинг ҳеч қайсимиз бировнинг гапини Мавжуда опачалик диққат билан берилиб тинглаёлмаймиз. Унинг ўз тақдирига бепарволиги, бизни деб яшашига, “ана бузилади, мана бузилади” деган мишмишлар юрган шу кўҳна кўча биқинига жойлашган ательемизга бениҳоя боғланиб қолганига бутунлай кўникиб қолган эдик.
Бироқ… Шунда бирдан ательемизнинг панжараю эшиклари шарақлаб очилади. (Балки шарақлаб очилмагандир?) Эшик очилади-ю, ичкарига ўртабўй, увоққина, қорамағиздан келган ўттиз беш-қирқ ёшлардаги киши кириб келади. У бошига кулранг шляпа илган, у ер-бу ерига доғ теккан плаши елкаларидан шалвираб тушай дейди.
— Шим ҳам буюрса бўладими бу ерда? — Киши беихтиёр бошидан шляпасини олади.
— Бирпас кутинг, — деб тўнғиллайди Сокина опа.
У эшитмайди шекилли: “А?” — дейди.
— Бирпас кутинг, деяптилар, — дейман мен.
— Ҳа…
Мижоз шундай деб деворга суянади.
— Довуд келаман деганмиди ўзи? — деб сўрайди биздан Сокина опа.
— Қайдам…
Киши савол назари билан бизга яқинлашади.
— Буёққа кирманг! — деб жеркийди уни Сокина опа.
Хона бурчагида дазмол босаётган Мавжуда опа бошини ўгириб шу томонга қарайди:
— Елкангизни қоқворинг, оқариб қопти.
Ҳаммамиз кулиб юборамиз.
— Шунча узоқдан кўрганингизни қаранг-а, Мавжуда опа!
У ҳам бизга қўшилиб кулади.
Мижознинг ҳам юзида табассум пайдо бўлади. У Мавжуда опа томонга юзланиб, майинлик билан дейди:
— Раҳмат.
Бўлади кулги! У кишининг юзлари лавлагидай қизаради. Шу куни нимадир бўлади-ю, Довуд ака ишга келмайди. Мижоз эса эртаси куни ҳам келади. Шим буюради.
— Бир тушган иш, Довуджон, шу шимни Мавжудахонга беринг. — Сокина опанинг ҳазилидан биз дадилланиб кетамиз. Зерикиб ўтирганда, тилни тушовлаб бўларканми!
— Энди сал ўзингизга қараб юринг! — дейди Ҳилола таҳдидомуз.
— Қайси кўйлагингизни кийсангиз экан-а? — дейман мен.
Ўйлаб қарасак, Мавжуда опанинг ўзига қуйиб қўйгандай ярашадиган кўйлаги йўқ экан. Бўзчи белбоққа ёлчимайди, деганлари шу-да.
Шундай қилиб, биримиз узиб, биримиз улаб кетамиз.
— Ҳа, анув кўйлак-чи, хол-хол? Скрипка кўтариб юрадиган қиз олмаган? — дея тўсатдан Назиранинг эсига тушиб қолади.
Тилла топгандай қувониб кетамиз. Шу ерда яна бир нарсани айтиб ўтмоқ жоиздир: Мавжуда опанинг бисотида ўнта кўйлаги бўлса, саккизтасини ательемиз мижозлари ёқтирмай ташлаб кетган кўйлаклар ташкил қиларди. Албатта, уни сотиб олгин, дея биров мажбур қилармиди? “Нима қипти, бирор жойи йиртиқмас, қийшиқмас, бинойидай кўйлак”, дерди одатда шунақа пайтларда Мавжуда опа.
Бу ишни у мижозгаю бирга ишлайдиган, ўзи айтмоқчи, “опа-сингилдай бўлиб қолган” бирортамизга ачингани боис қилиши ҳеч кимга сир эмасди. Энди хол-хол кўйлакка келсак… бу кўйлакнинг бичими шу қадар нозик дид билан танланган эдики, уни тиккунча Назиранинг она сути оғзига келган эди. Ҳаммамизнинг наздимизда шу кўйлак Мавжуда опага ярашадигандек эди…
Ҳа, олдинлари бизга қўшилиб хахолашадиган, гўё уни эмас, бошқа бировни гапиришаётгандай аскияни улаб кетадиган Мавжуда опа тобора бу ҳақда гап очилса, индамай қоладиган, аста ўрнидан туриб кетадиган одат чиқаради. Ва бу ҳол бизнинг тилимизни қичитиб юборади. Чунки бунга асослар кўп эди-да. Масалан, у киши келади. Хўп. Биз Мавжуда опага ўша скрипкачи қиз олмай кетган кўйлакни мажбуран кийдирган бўламиз. Назаримизда, Мавжуда опа кўйлакни бу гал кийганида бутунлай ўзгариб кетади.Сира пайқамаган эканмиз: Мавжуда опанинг сочлари сақичдай қоп-қора, майин жингалак толалари ялтираб тураркан. Кўзларидаги жонсараклик ифодаси ўрнини хаёлчанлик эгаллаган. Менимча, шу кўйлакни кийганида ҳалиги мижоз: “Ярашибди”, деганга ўхшаш гап айтгандай туюлади.
Унинг назокату муомаласини, Мавжуда опанинг шимни нақадар иштиёқ билан тикканини айтиб ўтирмаса ҳам бўлади. Шим тайёр бўлгач, олиб кетадиган куни нима бўлди денг? Айтсам, ишонмайсиз! Ҳатто орамизда энг чеваримиз, ҳар қандай урфдаги пальтоларни ҳам қотириб тикиб ташлайдиган Нурия опа ҳам, ательедагина эмас, бутун кўчада нозиклиги, хушрўйлиги билан ном қозонган, кетаётган кишини ихтиёрсиз ортига қайтарадиган Ҳилола ҳам, ширин сўзи билан ҳар қандай бракларни эгасининг қўлтиғига қистириб юбора оладиган Ҳадя опа ҳам бундай шарафга муяссар бўлмаган эди: у киши Мавжуда опага бир даста гул кўтариб келибди!
Шу куниёқ Мавжуда опамиз катта универсал магазиндан Шерали Жўраевнинг пластинкасини сотиб олади.
У одамнинг Мавжуда опамизга бефарқ эмаслиги яна бир нарсада аён бўлади: эмишки, Мавжуда опанинг қўли гул экан, шу туфайли ҳам унда яна буюртма бериш, яъни бир костюм тиктириш истаги туғилибди. Мавжуда опанинг узун-узун бар-моқлари титраб кетади, назаримда қандайдир хавотир юрагининг бир чеккасини тимдалаб ўтади — агарда мижози костюм тиктиришдай астойдил ниятидан қайтмаса, Довуд ака костюм тикишдай мураккаб ишни ўла қолсаям унга ишониб топширмайди. Лекин одатда маъшуқа қизларда бўлгани сингари, менимча, уни ҳам ўктам бир ишонч тарк этмайди: модомики у кишининг яна буюртма бериш истаги бор экан (юқорида айтилди-ку ахир, унинг қўли гул ва ҳ.к. деб), демак, кўнглида нимадир уйғонган.
— Насиба, — деб қолди у бир куни менга, — бир қиз, бир ўғлим бўлса…
Исмини Баҳор билан Зафар қўйса, улар уйни бошларига кўтариб, ирғишлаб сакрашса…
Унинг ҳам биз каби оддий бир инсон экани эндигина ёдимизга тушгандай бўлади, камтаргина орзу-хаёллари кундалик суҳбатларимиз мавзусига айланади. Мўъжазгина ательемиз ташида эса кунлар кунлар билан алмашар, дам тарновлардан кўҳна кўчамизни ғарқ қилиб юборгудай ёмғир шарилласа, дам қуёш лаҳча чўғдай қиздира бошлар эди.
Кунлар елиб ўтмоқда, лекин ҳанузгача костюм буюртмачисидан дарак йўқ эди. Мавжуда опа эса,ўзи айтганидай, ҳар куни бир марта Шерали Жўраевнинг пластинкасини қўйиб эшитаверди.
Аслида-ку, ҳикоямиз воқеаси шу тарзда кечаверар, нуқта қўйишга ҳожат ҳам йўқ эди.Истагимизга қарши… кунлардан бир куни эшикдан Мавжуда опа янада ҳаллослаб, янада оқсоқланиб… кириб келди.
Маълум бўлдики, костюм ҳеч қачон буюрилмайди! Алвидо, кечиккан муҳаббат! Алвидо, Баҳор билан Зафар!
Мавжуда опанинг қулоғи остида Шерали Жўраев нола қилаверади, қилаверади:

Яна баҳор қайтармикан, сен қайтмасанг,
Қайтармикан, қайтармикан… кан… кан…

Чунки бу пластинкани ўша куни эҳтимол йигирманчи марта айлантирган, сўнг ўзини кўрпачага отган…
Уёғини билмайман. Аслида бу манзарани хаёлимдагина тасаввур қиламан.
…Ўша куни Мавжуда опа мижозини марказий кўчалардан бирининг чорраҳасида, икки ёнида икки бола билан кўриб қолибди.
— У эмасдир, ахир яқиндан кўрмагансиз-ку?!
— Ўша тараққосдан бошқа одам шляпа киймайдими?
Табиийки, Мавжуда опага гап тегмайди. Ва шу бўйи бу мавзуга чек қўйилади. Биз эмас, Мавжуда опанинг ўзи бу ҳақда сўзламай қўяди. У, одатдагидай, шу кузакда боди қўзиган фаррошимиз Хадича холани йўқлаб келади, бирортамиз тиккан кўйлакнинг чала қолган этагиними, белбоғиними тикиб ўтиради.
Умидларнинг сўнган-сўнмаганлигини эса ҳеч ким билмайди.
Орамиздан ҳеч ким, ҳатто Мавжуда опанинг ўзи ҳам буни инкор қилолмайди: ахир, умидларимиз иродамизга эш бўлиши аён-ку!

1982.