Мансур Жумаев. Арилар кўзёши (ҳикоя)

Бир ой олдин момом қазо қилди. Отам­нинг айтишича, қабри бошига ҳар куни бир уя асалари йўқлаб келармиш. Улар найза тутган митти аскарчаларга ўхшармиш. Билмасам, ўзим кўрганим йўқ ҳали. Мактабга чиқа бошлаганига энди етти кун бўлган етти яшар болани ким ҳам мозорбошига олиб борарди.
Шуларни ўйлаб, мактабдан келаётгандим. Кун ҳали қайтмаган. Уйимиз томонга қараб кампир бораётганини кўриб қолдим. Яхшилаб қарасам, момомнинг ўзгинаси! Эгнида ўша ёзги енги узун кўйлагию қўшкиссали халати, бошида ўша учи тугик оқ рўмол. Қўлида тугунча ҳам бор. Бизникига қараб кетяпти. Бироз мункиган. Аниқ, бу менинг момом! Ие, момом ўлганку! Қандай қилиб яна келиши мумкин? Йўқ, момом ҳазиллашган. Мени алдаш учун шундай қилган. Ундай бўлса, бутун қишлоқ нима учун тўпланди ўша куни? Йўқ, ана, момом кетяптику бизникига қараб. Ўтган куни онам бежиз: «Табиб момонг ўлмаган, у ҳеч қачон ўлмайди!» – демаган эканда. Демак…
Ҳар хил фикрлар миямдан тез-тез ўтаркан, «Моможон!» деганимча олға югурдим. Зи­пиллаб чопиб борарканман, бир ой олдинги во­қеалар бирпасда кўз олдимдан зувиллаб ўтди.
Ўша куни ғира-шира тонг қоронғисида ғалати гап-сўзлардан истар-истамас уйғониб кетибман. Ўрнимдан қўзғалиб, чўнқайиб ўтирган кўйи, чала юмуқ кўзимни ишқалаб, атрофга қарадим. Онам меҳмонлик кийимларини кийиб олибди. Отамнинг бошида дўппи. «Ие, ҳеч каллапўш киймасдиларку. Мендан яширинча қаёққадир кетишмоқчи». Сездиму минғирладим:
– Мениям опкетасила!
– Жим, – деди онам паст, аммо сирли ва бироз ваҳимали оҳангда. – У жойга болалар бормайди. Биз тез қайтамиз. Сен ухлайвер. Уйғонгунинг­ча келамиз, хўп?!
– Йў-ўқ, – оёқ тираб олдим. – Менам бораман!
Онам елкасига ташлаган оқ рўмолини бошига ёпаркан, эшик тутқичини тутганча кутиб турган отамга қаради:
– Ўзиз бир нарса денг бунга, бораман деяпти.
– Майли, кийинсин, патинкасини кийиб чиқсин, олиб кетамиз, – деди отам эшикни очиб ҳовлига чиқаркан.
Ташқаридан тонгги салқин шабада хонага ёпирилиб кирди. Биргина калта иштонча билан турганим учун этим тиришиб, апил-тапил кўчалик кийимларимни излай бошладим. Эшик­ка чиқаркан, онамнинг пиқиллаб йиғлагани, отамнинг «Тезлаш, мошин келиб қолди», дегани қулоққа чалинди. Мактабга чиққанда киясан, деб олиб беришган оқ кўйлак, қора шимимни кийиб, қора ботинкамни оёғимга илдимда, пала-партиш боғичини ўтказа бошладим. Сўнг шошиб ҳовлига отилдим. Отам мени чув туширибди: онам иккови аллақачон кетиб бўлишган экан. Ўксибгина хонага қай­тиб кирдимда, «Балки, ҳозир келиб, тур, болам, кетдик, дейишар», деган гумонда ботинкамни ҳам ечмай иссиққина жойимга чўзилдим. Кутиб-кутиб ухлаб қолибман.
Ҳовлида сигир мўрагани, кетидан ит акиллагани ва акамнинг сўкингани, бироздан сўнг дераза тагида тоғамнинг ғудранган овозини эшитиб, уйғониб кетдим. Ташқари чиқиб офтобадаги совуқ сувга юзимни ювдиму, тоғамнинг қучоғига талпиндим.
Тоғам уйимизга қўриқчиликка келибди.
Акам қишлоққа кетишимиз кераклиги, у ерда таъзия бўлиши, қишлоқдаги табиб момомиз – Марям момо «ўтиб қолган»ини айтди. Ўтиб қолиш нималигини билмадиму, лекин қишлоққа кетаётганимиздан хурсанд эдим.
– Ур-ре-э! – деб қичқириб юборибман қувонганимдан.
Қувонмай бўларканми?! Қишлоқда бўйинсаларим кў-ўп! Ўйнаймиз. Бу ер бўлса… Аслида, бу ер ҳам қишлоқдан қолишмайди. Ярим шаҳар, ярим қишлоқ. Бу ерда ҳам болалар билан қўй боқиш, ланка тепиш, латта тўп ясаб, футбол ўйнаш, чўмилишга бориш мумкин. Лекин қишлоқ бошқача! У ерда қариндошларимиз сон-мингта. Ҳаммаси йиғилса, тўй бўляпти, дейсиз. Айниқса, момомнинг уйи! Сирли ва қизиқарли воқеаларга тўла. Момом айвонда бир аёлни елкаларига ураётгани, бошини эзиб-эзиб сиқаётганини эсласам, ўчоқ­бошида ўтириб томоша қилганимдаги завқни қайтадан ҳис қиламан. Бир болани ётқизиб олиб, оёғидан даст кўтарганча товонидан боплаб муштла­ганлари ҳеч эсимдан чиқмайди. Бир гал чиройли келинчакнинг бошидан гувиллатиб оловли матони айлантираркан, «Кўч, кўч! Кўлга кет! Саҳрога кет! Чўлга кет!» деб қўшиқ айтганларида маза қилиб рақс тушганман. Ўчоқбошида момом ҳар хил ўтларни ёйиб қўяр, мен ҳар бирининг отини сўраб чиқар, момом эса эринмай жавоб берар эди. Охири гапиравериб чарчаса: «Бор, болам, акангни уйғотиб чиқ, шомда ухламасин, бедорларни юки тушади», деб чалғитиш учун иш буюрарди. Уйда – ичкари хонада Мирҳосил ухлаб ётган бўлади. Раҳматли Зеби аммамнинг ўғли. Аммам шу болани туғаётиб, ўлиб қолган экан. Кейин отаси Мирҳосилни ўн кунлик чақалоқ пайти­даёқ момомга келтириб бериб: «Қандай катта қилиб олсангиз, олинг, мени қўлимдан келмайди», деган экан. Момом бу чақалоқни «Мирҳосилим – Азроилим» деб, пуф-пуфлаб катта қилибди. «Момо, нимага уни Азроилим дейсиз?» деб бир марта сўраганимда, момом: «Зеби аммангни мендан айирган шу боласида. Ҳали мениям ўлигимни кўради бу. Ажалим шуни қўлида, бо­лам, мени касаллигам, қарилигам ўлдиролмайди, шу бола ўлдиради. Ажалимни авайлайманда, болам», деганди. Бу гапни Мирҳосилнинг ўзига айтганимда, у аввал мени қулочкашлаб уриб юборган, кейин момомга «Ҳа, жаложин кампир! Сен ўлмадинг, мен қутулмадимда!» деб роса сўккан. Момом йиғлаган. Йиғлаб, хафа бўлган эсада, қўлида бир това картошка қовурдоқни дастурхонга қўйиб: «Еб ол, кейин чиқарсан ҳовлига», деганди ўшанда. Момом бу қулоқ­сиз болани нимага уришиб бермаганига ҳайрон бўлиб қолаверганман. Бунда ҳам бир сир бўлса керак. Чунки, чиндан ҳам, момомни бутун қишлоқ одамлари «Қўлида сири бор бу кампирнинг», дейишар, ҳурмат қилишар эди. Ён қўшнилари Норбой асалчининг айтишича, қишлоқда қайси уйда кимдир касал бўлиб қолса, ҳали биров хабар етказмасидан туриб момом ўша уйга кириб боравераркан. Беморнинг елкасига қаварган, томирлари бўртиб-бўртиб чиққан қоқсуяк қўли билан икки марта қоқса, тамом, зум ўтмай отдай бўлиб қоларкан. Уй эгалари дастурхон ёзишга ҳам улгурмай момом туриб ташқари чиқар, қишлоқнинг нариги четидаги бошқа бир уйга кетаркан. Ўша уйдаям кимдир касал ётган бўларкан. Шу­нинг учун ҳамқишлоқлар: «Табиб момонинг юрагида кўзи бор, ўша билан ҳамма нарсани кўриб туради», дейишарди. Момомнинг ҳовли­сини ўраб турган пахсадеворга қандай қилиб бир уя асалари келиб қолганиниям қишлоқ аҳли бир ой гапириб юрди. Воқеа бундай бўлган: Норбой асалчининг ҳовлиси тўла қути, қутилар тўла асалари. Бир куни энг тепадаги қутида иккита она асалари уришиб қолибди. Қай бири зўр бўлса, ўша онабоши бутун оиласи, ишчилари билан қутига жойлашаркан. Икки она ари роса курашибди. Биттаси енгибди. У оиласию ишчи арилар билан бирга қутига кириб олибди. Маконсиз қолган мағлуб она ари эса ўз жамоасини олиб, момомнинг ҳовлисига кўчиб келибди. Уларнинг ҳовли ўртасидаги қари тутнинг бир шохига коптокдай бўлиб қўниб олишганини кўрганман. Улар бир кечани шу ерда ғўнғир-ғўнғир қилиб ўтказдилар. Кейинги кун Норбой асалчи қоп келтириб, уларни тутиб олиб кетди. Янги қутига жойлаштирибди. Аммо арилар қаттиқ аразлаган эканми, яна момомнинг уйига қайтиб келиб, кечалари гувиллаб ғалати товушлар чиқарадиган қари тут шохига қўнишди. Ўша кеча қистаниб ҳовлига чиққанимда қари тутнинг «Момомуввв» деяётганини эшитдим. Айвондан тушмай чоптирдимда, югуриб уйга – момомнинг қучоғига отилдим.
– Момо! Момо! – дедим.
– Ҳа, жоним! – деди момом.
– Анови тутингиз гапироларкан!
Момом қаттиқ қучоқладида:
– Қўрқма, ўзим айтаман, сенга гапирмайдиган бўлади. Энди ухла! – деди.
Ўша тутнинг гапира олишини неча марта ота-онамга, акамга айтиб бердим, ҳеч қайсиси ишонмади.
Эртасига арилар пахсадеворга уя қуриб, жойлашишди. Мирҳосил ари уясига қайноқ сув қуйиб, барини йўқ қилмоқчи бўлди. Момом ўртага тушиб, бола­сини жаллоддан ҳимоя қилишга уринган онадай дод-вой қилди, йиғлади-сиқтади, ишқилиб, ариларни сақлаб қолди.
Яна қай бирини айтай, момомнинг сирли ҳаракатларию сирга тўла ҳовлиси кўз олдимга келдида, ўша завқли воқеаларни яна томоша қи­лишим мумкин, деб ўйлага­нимдан «Урреэе!» деб қичқириб юбордим.
Аммо шодлик тўла қичқириғим калта қайтди. Эрта қувонган эканман. Оғзимга келиб теккан тарсаки зарбидан кейин бир лаҳза меровсираб туриб қолдим. Нега бундай бўлганини фаҳмлашга уринарканман, икки кўзим жиққа ёшга тўлиб, катта болалар уришиб қолганда айтадиган гапларини қалаштириб такрорлаб ташладим:
– Ақли паст говкалла! Онгсиз махлуқ! Каллаварам хунди! Ўркачсиз туя! Латтачайнар атан1! Янги қўзилаган совлиққа ўхшамай ўл, ғўлинбашара!..
Бироз совигач, бояги тарсакидан яна битта келиб туши­шидан чўчиб тўрт-беш қадам нари қочдим. Жаҳлим ҳали тўла босилмага­нидан тўпир ерни пайпаслаб катта кесакни олдимда, акамга ўқталдим. Шунда акамнинг кўзида ҳам ёш айланаётганини кўриб, жимиб қолдим. Яп-янги оқ кўйлагимнинг оппоққина енгига бурнимни шўлқиллатиб артарканман, «Тарсаки еган менку, нимага ўзи йиғлаяпти бу хумбошни?» дея ҳайрон бўлдим.
Тоғам келиб, қўлимдан тутдида, кесакни олиб бедазорга отиб юборди. Сўнг тезгина акам билан момом­нинг уйига етиб боришимиз, у ерда мо­момизни чиқа­ришда қатнашишимиз, чопон кийиб, белқарс боғлаб, ҳассакашлик қилишимиз кераклигини тушунтирди. Тоғам икки елкамдан бақувват қўллари билан тутиб гапирарди. Аввалига унинг дум-думалоқ лўппи юзини онам ош сузадиган сопол лаълига ўхшатиб, кул­гим қистаган бўлса, сўнг тоғ арчанинг игналаридек кўкимтир-қора соқол қопла­ган бағбақадор юзининг ўртасидаги бурама мўйлаби ваҳима уйғотди. Мўйлаб остидан пастки лабигина кўри­ниб турган сариқ тишли оғзидан гуп этиб урилаётган нос ҳидидан кўнглим айниб, қайт қилишимга озгина қолди. Шу­нинг учун ўзимни тушунгандай кўрсатиб, тез-тез бошимни силкидим. У мени қўйиб юборди. Аслида, «чиқариш» нимаю «ҳассакашлик» нималигини зиғирчаям тушунган бўлсам, Роҳила жўги қопига солиб олиб кетсин мени!
Индамай тезгина йўлга чиқдик.
Тўппа-тўғри момомларнинг ҳовлисига кириб борарканмиз, бир туп қари тут билан икки туп хурмо яшнаётган ихчамгина эски ҳовли бу сафар юрагимга ваҳима солди. Ҳар доим сирли бир сокинлик билан бизни ўз бағрига оладиган бу ҳовлида энди аёллар доира шаклида айланишиб, ув тортиб йиғлар, эркаклар ҳалқа атрофидан ерга ҳасса уриб бир маромда айланишар, «Қишлоқни етим қилиб ташлаб кетган онамизов!» деб кўкракларига муштлаб уришар, ўкраб-ўкраб йиғлашар эди. Отам ҳам тўн кийиб олибди, белида белқарс, бошида эрталабки дўпписи. Қўлидаги рўмолчани ғижимлаганча мен томонга қараб қўйди, чуқур кўзлари янаям чуқурлашгандай кўринди. Жуда ғамгин эди. Жуда маъюс эди.
Ичкаридан катта аммам додлаб чиқиб келдида, мени қучоқлаб олди. Кифтимга, кўкрагимга юзини босиб, ҳўнг-ҳўнг йиғлади. «Момогинангни бериб қўйдикку, жоним болам!» деб йиғлади. «Онам кетиб, онасиз қолдимку!» деб йиғлади. Аммамнинг эри – Тош бува келиб уни қўлтиғидан кўтарди. Аёллар аммамни суяб ичкарига олиб кетишди. Тош бува атрофга қарадида, Норбой асалчини кўриб қолиб, уни имлаб чақириб олди. Асалчи ёнига келгач, бир нималар деб дўриллади. Норбой асалчи ҳовли пойгоҳидаги сомонхона тарафдан йўнилган таёқ кўта­риб келиб, қўлимга тутқазди. Катта аммам­нинг кенжа қизи ичкари хонадан чопонча олиб чиқиб, менга кийдириб қўйди, белимни қисиб оқ белқарс бойлади. Тош бува мен билан акамни очиқ дарвозанинг икки четида тўн, дўппи кийиб, таёқ ушлаб тикка турган одамлар қаторига олиб бориб қўшди.
Шу пайт йўлни тўлдириб бошига эски қалпоқларини бостириб олган бир гуруҳ эркак, биқинига тоғораларини қистирган хотинлар кела бошладилар. Аёллар ичкарига кириб кетди. Эркаклар дарвоза олдида бироз туриб қолишди. Сўнг улар ҳам ичкарига кирдилар.
Оқ яктакли салла ўраган серсоқол амаки таёқ ушлаб қатор турган одамларга Муҳаммад алайҳиссалом қандай қилиб осмонга чиқиб-тушгани, Исо Масиҳ деган киши қандай қилиб ўликларни тирилтиргани ҳақида ҳикоя қилиб бера бошлади. Мен Исо исмли кароматгўй кишини эслолмадим. Бу қишлоқ­дан бўлмаса керак. Балки, энди таниб оларман. Чунки момомнинг ҳовлисига шунча кўп одам йиғилгандики, у ҳам шу ерда бўлса керак, деб ўйлашим табиий эди. Эҳтимол, ўша одам ўзимнинг отамдир. Ахир унинг исмиям Исавойку. Яна дунёдаги энг кучли одам ҳам отам! Уни ҳамма «Қўли гул уста», дейди. «Иса буванинг қўли мўъжиза яратади», дегандику Ботир чавандоз. Балки, ҳозир ҳам отам момомни тирилтирар. «Зўр бўлардида лекин!» – дедим ичимда.
Жимиб қолган ҳовли тўла одамларга қараб, Тош бува дўриллаб бақириб берди:
– Оғзингга талқон солганмисан ҳамманг, йиғламайсиларми?!
Шундан сўнг яна дод-фарёду ҳўнг-ҳўнг йиғи бошланди. Янги одамлар келиб қўшилгач, ғала-ғовур баттар авжига чиқди. Ҳамма момомнинг фазилатларини айтиб, охирида «онам-ов», «холам-ов», «аммам-ов», «опам-ов», «янгам-ов» деб қўшиб қўяр, бир қўли билан ўзининг кўкрагини аямай муштлар, дод солар ва иккинчи қўлидаги рўмолчаси билан кўзларини артарди.
Тош буванинг буйруғидан кейин ҳамма йиғлай бошлаганини кўриб, мениям йиғлагим келди. Нимадир деб гапириб йиғлашаётгани учун менам бирор гап айтиб йиғлашим ке­раклигини тушундим. Қўшнимиз Омонтой ўлиб қолганида отаси дод солиб йиғлагандаги гапларини эсладимда, шуни айтиб йиғлайвердим:
– Вой ғўра кетган момом-ов! Вой ғўра кетган момом-ов!
Туйқус ҳамманинг нигоҳи менга қадалганини сезиб, кўзимни очиб қарасам, одамлар мен томонга қараб кулишяпти. Ҳозиргина ўзини уриб йиғлаётган кишилар қандай қилиб бирданига кула бошлашганига ҳайрон бўлиб, тағин авжига чиқдим:
– Вой ғўрагина кетган момом-ов!
Елкамдан бир тирсак келиб туртди. Акам экан. Энкайиб секин қулоғимга пичирлади:
– Тўқсон бирга кириб ўлган одамни ғўра кетди дейилмайди, аҳмоқ!
– Нима дей бўлмаса? – дедим акамнинг билағонлик қилганидан аччиғим чиқиб.
– Ҳеч нарса демай йиғлайвер, – дедида, сафга турди.
Маросим яна аввалгидек давом этаверди.
Акам мени чалғитгани учун энди йиғлагим келмай қолди. Нима қилишимни билмай жим турганимча, одамларни кузатиб ўтиравердим. Шунда бақираётганларнинг ҳаммасиям йиғламаётганини кўрдим. Айрим эркакларнинг қўлларидаги рўмолчалари қуп-қуруқ, шунчаки кўзини тўсиб туришибди. Менам бироз кўзимни тўсиб ўтирдим. Кейин пахсадевордаги эски ини атрофида безовта айланишиб юрган асаларилар­нинг ҳаракатларини томоша қила бошладим. Улар ҳавога кўтарилиб, доира ҳосил қилиб учишар, бир гуруҳи инига яқин бориб деворга қўнар, бошқа гуруҳи чиқиб ҳавога кўтарилар ва олдинги шерикларининг ҳаракатларини такрорларди. Деворда турганлари бир-бирларига қараб, гўё гаплашаётгандек туюларди.
Кузатавериб зерикдим.
Ёнимизда тик турган ҳассакашлардан бирови қатор бошидаги йиғидан кўзлари қиза­риб кетган Мирҳосилни боши билан кўрсатиб, акамга томон эгилиб олиб пичирлаб бир нималар ҳақида гапира бошлади. Унинг пичир-пичирларига бироз қулоқ тутиб турдим. У ўта сирли бир маълумотни етказаётган махфий айғоқчи сингари оғзини рўмолчаси билан тўсиб, танаси­нинг бутун оғирлигини қўлидаги ҳассага ташлаб шивирлар, акам эса кўзларини олайтирар, «Йўғ-э, шундай бўлдими?» дер, беш-олти қадам нарида дарвоза кесакисига белини тираб, ҳассаси учига чалиштирилган икки қўлига манглайини босганча шўлқиллаб йиғлаётган Мирҳосилга еб қўйгудек қараб-қараб оларди. Бирор қизиқроқ воқеани айтиб бераётгандир, деган умидда эътиборимни уларга қаратдим.
– Кейин Мирҳосил нимага ҳалиям келмади, биров билан уришиб-нетиб қолмадимикин, пиёнис­та жўралари боламни бир нарса қилдимикин деб, момо ярим кечаси ташқарига чиқади, – дерди акамнинг суҳбатдоши. – Шу пайт момо Толиббойларнинг уйи тарафдан Мирҳосилнинг жонҳолатда бақирганини эшитади. Ўша ёққа чопади. Кетаётиб оёғи ча­лишиб қаттиқ йиқилади. Лекин оғриқни сезмай, ирғиб ўрнидан туради. Овоз келган ёққа боради. Толиббойнинг ўғиллари Мирҳосилни олақонига ботириб ураётган экан. Момо набирасини ажратиб олади. Йўлда йиқилганида боши билан қаттиқ тушгани етмагандай, ажратаётган пайтидаям Жаббор носфурушнинг калтаги момонинг чаккасига келиб тегади. Момо шундаям оғриқ сезмайди. Мирҳосилни уйга келтириб, юзларини ювиб, жо­йига ётқизади. Ги­ёҳ қайнатиб, баданини артиб чиқади. Набираси ухлаб қолгандан кейин бомдодни ўқиб бўлиб, ўзиям жойига чўзилади. – «Айғоқчи» амаки Мирҳосил томонга қаҳр билан қараб олди. – Шу билан уйғонмади момо.
Акам ҳам ўша томонга нафрат тўла нигоҳини қададида:
– Йўғ-э! Шундай бўлдими? Охири бошига етибдида, бу атан! – деди рўмолчасини қаттиқ ғижимлаб. Кейин чуқур нафас олиб чиқарди.
Улар жимиб қолгач, яна ён-атрофни кузата бошлагандим, Тош буванинг дўрилдоқ овози чўчитиб юборди:
– Кечгача бухороликлар ҳам етиб келишади. Норбой, меҳмонларни ярми сеникига ётади. Тошканликлар эртага келолсаям – катта гап.
Тош бува нега бундай деганини биламан. Отам айтиб берган. Унинг айтишича, момом амир замонида мана шу қишлоқда туғилади. Момомнинг отаси донғи кетган полвон бўлиб, бир куни Исфаҳон деган жойда катта курашда қатнашади. У ерда тўқсон тўққизта полвонни ер тишлатади. Ўзининг кураги ер кўрмайди. Буни кўриб ўша шаҳарнинг ҳокими паҳлавон бобокалонимизга тўн кийдириб, бир товоқ тилло беради. Пешонасидан ўпиб: «Қанийди, шундай ўғлим бўлсайди!» дейди. Бобокалонимиз уйига қайтгач, елкасидан каттакон яра чиқади. Момом етти ёшга тўлганида отаси ўлиб қолади. Шундан сўнг момом табиблик қила бошлаган экан. Кўп ўтмай момомнинг номини тутиб, дардмандлар дардига дармон излаб кела бошлайдилар. У пайтлари бу жойлар амирликка қараган дейишади. Ана шу амирликнинг ба­ланд-баланд миноралари булутларга тегиб, офтобни кўтариб турадиган кўркам пойтахти бор экан. Уни Бухоро дейишаркан. Ўша ёқдан бой бобомиз кўйнакасал хотинини даволатгани келадию, момомниям кенжа хотин қилиб олиб кетади. Бухорода аммаларим ва отам туғилади. Бобомнинг катта хотинларидан туғилган ўғиллари аммаларимни, отамни ва ҳатто момомниям уриб-сўкиб азоблашади. Бунгача замон ўзгарган, бобомнинг қозоқ овулдаги минглаб қўйларини янги давлат колхозга деб тортиб олган бўлади. Етмага­нига, одамларни ер очгани узоқ-узоқларга кўчириб кета бошлашади. Ана шунда момом аммала­рим ва отамни олиб, Тошкент деган жойдаги бир қишлоқ­қа бориб қолади. Отам катта бўлиб, зўр қурувчи бўлади. Чўл томонларга келиб, қўшқават уйлар қуради. Момом туғилган жойларгаям бориб, у ердан уй олиб, опа-синглисию онасини ота юртига олиб келади. Тош бува келиб қолишларини тусмоллаётган меҳмонлар ана ўша жойларда момом даволаган дўст-биродарлари ва орттирган қариндош-уруғлари эди.
Тош бува дарвоза томон юраркан, ҳар бири рапидадай келадиган кафтларини бир-бирига қарсиллатиб урдида, қулочини кенг ёйди ва дўриллоқ овозда:
– Ие, ие! Кекчиларам келибдику! – дея кириб келган эркаклар жамоасига пешвоз чиқди. – Қайнонамни ҳамма яхши кўради-е!
– Кўрдингми, момонгни таъзиясига ўзбегам, тожигам, арабам, эрониям, мушқоқиям, кекчиям «онамиздан айрилиб қолдик» деб келяпти, – дея пичирлай кетди бояги «айғоқчи» амаки яна акам томонга бошини эгиб. – Биронта тўйдаям, азадаям буларни боши бир жойга бўлиб, бирга ўтирганини кўрмовдим. Бултурги жанжалдан хабаринг бордир? Эронилар билан арабларни можаросичи? Жуда қирпичоқ бўлишди-е! Жабр кўрган бечора кекчилар бўлди. Ажратаман деб ўртага тушган Суюнқул жувозкашни тўшига паншаха уриб ўлдириб қўйишди! Жувонмарг бўлди. Эндиям булар бир даргоҳга тўпланмайди, девдим. Мана, табиб момо ҳаммасини бошини бирлаштирди.
Ҳа, – хўрсинди амаки, – худораҳмати момо одам айирадиган одаммасиди! Одамлар ҳам уни айирмади. Ҳамма ўзбирим деб келяпти. Элни одами ўлгандаям элга яхшилик қилаверар эканда, а?! Қишлоқнинг онаси эди худораҳмати. Билинди. Мана шундай пайтда ҳамма одам бир ота-онадан тўраганига ишонар экансан…
Юзи қозоннинг тагидек қуйқаланиб, чуқур ботган кўзлари милт-милт ёшга тўлган «айғоқчи» амаки ҳали-бери гапдан тўхтамасдику, лекин оқ саллали серсоқол чол ёқимли овоз билан хиргойи қилаётгандай Мансур Ҳаллож деган кишини қандай қилиб зиндонга ташлаганлари, кечқурун зиндондан уни тополмаганлари, иккинчи кеча зиндонниям топишолмагани, учинчи кечада зиндон ҳам, Мансур Ҳаллож ҳам жойидалигини кўришгани ҳақидаги эски эртакни айтиб бера бошлаганда унинг уни ўчди. Мен бу эртакни момомдан эшитганман. Биламан. Ундан «Излаб тополмадик сени, биринчи кеча қаерда эдинг?» деб сўрашганида, у: «Биринчи кеча Оллонинг ҳузурига борувдим», дейди. «Иккинчи кечачи, сениям, зиндонниям тополмадик», дейишади. Мансур Ҳаллож: «Унда Олло шу ерда эди», дейди. Ана шунақа. Мен бу эртакни билганим учун ортиқ қулоқ солмадим.
Нега қариндошларимизнинг мен тенги болалари келишмаганини тушунолмай, тахмин-тусмолларим билан андармон бўлиб ўтир­димда, сўнг ўрнимдан туриб, ёйилиб керишдим, оғзимни ўрадай очиб эснадим. Зерикканимдан қўлимдаги ҳассани эрмак қилиб ўйнай бошладим. Уни аввалига милтиқ сифатида ишлатиб кўрдим, кейин дутор қилиб чертдим, охири отча қилиб миндимда, шаталоқ отиб ҳовли айланиб югуриб ўйнайвердим. Таъзия бўлаётганию йиғи-сиғию дод-войларга ортиқ эътибор бермай қўйибман. Шу асно ичкаридан узун ёғоч қути кўтариб чиқишганини кўриб, ўйинни тўхтатдимда, яна одамларнинг ҳаракатини зўр фильм томоша қилаётгандай кузатишга тушдим. Каравотга ўхшаш қутининг дастаклари бўлиб, одамлар икки тарафидан елкаларида тутиб кўтариб боришарди. Ҳамма эркаклар бирма-бир алмашиниб дарвозадан ташқарига чиқишаётганда ўша ёққа қараб чопқиллайман, деб тургандим, онам енгимдан ушлаб тўхтатиб қолди.
Гап-сўзлардан билдимки, тобут олиб чиқилибди. Энди буни қабристонга элтишаркан.
Бир тўп аёл орасида тобуткашларни кузатиб қолавердим.
Шу пайт ёзнинг қайноқ тафтини қийиб ма­йин шабада эса бошлади. Шамол аввалига дарвоза олдида тизилиб турган аёлларнинг этакларини учириб ўйнади, кейин тобуткашларнинг юзларини силаб ўтдида, бориб тобут устига ёпилган ҳарир матони майингина силкитди. Бу хайр дея силкинаётган улкан қўлга ўхшар эди.
Жимир-жимир ёмғир ёға бошлади. Ёмғир ёғаётгани сезиладию, ҳеч кимнинг усти ҳўл бўлмайди. Майин, ёқимли ҳаво момомнинг ўчоқбошига ёйиб қуритиб қўйган гиёҳла­рининг хушбўйларини чор атрофга сочиб юборди.
Пахсадевордаги асаларилар гувиллаб ҳавога кўтарилдида, охири ҳали дарвоза бўсағасидан узилмаган дўппили эркаклар устидан бир маромда гувиллаб учиб ўтиб, узоқлашиб кетган тобут устида тўхтаб айланишга тушди. Улар ҳавода катта шар ҳосил қилиб, тобутни қўриқлаб кетаверди. Тобут ҳам дарёдек оқиб бораётган одамлар устидан ёлғиз қайиқдек лапанг­лаб сузиб бораверди. Узоқлашаверди.
Шунда момомни соғинганимни, уни кўргим келганини ҳис қилдим.
Ҳис қилдиму, қичқириб юбордим:
– Момомга бораман! Момом қани-и?!
Кимдир қўлимдан ушлади. Катта аммам экан.
– Жоним болам, – деди у мени қаттиқ қучоқ­лаб. – Момонг энди келмайди. Энди ҳаммамизам момонгга борамиз. У бизни кутиб олади.
– Пахтапалов дамлайдилами биза учун ўша ердаям?
– Ҳа. У палов бу ердагидан минг марта ширин бўлади.
– Йўғ-э, қачон бораман момомнинг олдига?
Суҳбатимизни эшитиб турган онам шарт келиб, аммамнинг қучоғидан мени тортиб олдида:
– Ҳе, нафасингни ел учирсин сени! – деб юзимга шарақлатиб тортиб юборди.
Нима гуноҳ қилганимни билмай чинқириб йиғлаб бердим.
– Нимага урасан, ҳали болада, билмай гапираверадида, – деди аммам онамни уришиб. Сўнг мени қайтадан қучоқлаб олди. – Йиғлама, болам, уят бўлади, ўғил болага ярашмайди, – деди юз-кўзим, оғиз-бурнимни кўк кўйлагининг этаги билан артаркан.
Ўғил бола йиғламаслиги керак экан, деб тўғриси, зўрға чидадим.
Менга момомни кўрсатишмади. Чунки у ҳозиргина олиб чиқилган узун қутининг ичида кетибди. Энди уни кўмиб келишаркан. Момомнинг бир ўзи зерикмайдими, қўрқмайдими, деган хавотирли ўйлар миямга келди. Булар ҳақда аммамдан сўрардимкуя, лекин яна онамнинг жаҳли чиқиб кетадими деб қўрққанимдан тилимни тишладим.
Отам бошлиқ тумонат одам момомни қўйиб қайтишди.
Дарвоза олдида яна бир дунё одам йиғилиб қолди. Эркаклар тизилганча чўккалаб ўтирди. Оқсалла чол Ўлжавой палағда деган қўшнимизнинг Омонтой исмли мен тенги боласи ўлиб қолганида мулла Хуррам айтган қўшиқни айта бошлади:
– Аузибиллоҳи минаш шайтонир рожийм. Бисмиллоҳир роҳманир роҳийм. Алҳамдулиллаҳир роббил оламийн. Ар роҳманир роҳийм. Малики явмид-дийн…
Бу қўшиқни илгари тонг саҳарлаб уйғониб кетган пайтларимда кўп эшитганман. Момом хиргойи қиларди. Аммо у ора-орада ўтириб-туриб, чўккалаб, бошини ерга қўйиб машқ қилиб олар ва яна қўшиғини давом эттирарди. Ўшанда бу қўшиқни ёдлаб олганим учун одамларга мен ҳам буни билишимни кўрсатиб қўйгим келдида, оқ саллали серсоқол чолга қўшилиб айтавердим:
– Ийяка наъбуду ва ийяка настаъийн. Иҳдинос сиротол мустақийм. Сиротол лозийна анъамта алайҳим ғойрил мағзуби алайҳим валаззоллийн…
Айрим одамлар ҳайратланиб, қойил қолиб қараб қўйишди менга. Афтидан, шундай осон қўшиқни улар билишмасди. Бўлмаса, шуни айтишга ҳам манови оқ саллали чолни олиб келишармиди?!
Онам билан отам ўша ерда қолди.
Акам икковимиз машинага чиқиб, уйга қайтдик. Шундай қилиб, қишлоқда жўраларимдан ҳеч бирини кўрмадим, момомнинг қўлидан «пахтапалов» ҳам емадим.
Уч кундан сўнг отам билан онам уйга келишди.
Яна уч-тўрт кундан сўнг қишлоққа бориб­-келдилар. У ерда нима қилишди, билмайман.
Отам ҳам, онам ҳам камгап бўлиб қолишганди. Акам энди ҳуда-беҳуда гапиравермас, ота-онам буюрмасдан туриб, ҳамма ишларни саранжом қилиб қўяётганди. Улар айтган ишни менга буюриб, ўзи ялло қилиб юрадиган акамизга ақл кириб қолганидан хурсанд эдим. Битта момом ўлганига шунча ўзгарди, агар шаҳарлик момом ҳам ўлса, менга маза бўларканда, деб ўйлардим. Майли, у ҳам ўлиб қолар…
Куз келиши билан мактабга чиқа бошла­дим. Ўртоқларим билан андармон бўлиб, ўтган воқеалар эсимдан чиқиб кетибди.
Ота-онам анча ўзларига келишган, акам эса аллақачон аввалги ҳолига қайтганди. Ҳар-ҳар замон отам дастурхон устида момом ҳақида гапириб қолар, онам унинг тугунча тўлдириб бизни кўргани келганларини бот-бот эслар, акам қишлоқда яшаган пайтимизда момом билан бўлган ҳангомаларни айтиб бериб, ҳаммамизни кулдирарди.
Қишлоқда яшаган пайтларимизни эсласам, юрагим ҳаприқиб кетади.
Момом биз билан девор-дармиён ҳамсоя бўлиб, ўртадан ўтиб-қайтишга йўл қилинган, биз момомнинг ҳовлисига, момом бизнинг ҳовлимизга бориб-келаверардик.
Кўпинча отамнинг жўралари уйимизда тўпланишар, ўтган-кетгандан, ҳар хил жанг-жадаллардан, Борис амаки билан Билль тоға­нинг қилаётган ишларидан гаплашиб ўтиришар, қип-қизил шишаларни кетма-кет бўшатишар эди. Гап Хайём бобога келиб тақалганида отам ярим пиёла қирмизи ичимликни олдимга суриб қўйиб:
– Қани, ўғлим, кеча ёдлаган шеърингни амакиларингга айтиб берчи! – дерди елкамга енгилгина шапатилаб.
Мен аввалига уялгандай бўлиб, таниш қи­ёфаларга бир-бир қараб чиқаман, сўнг кўзим билан ер чизиб, конфет қоғозини ўйнаб ўтира­вераман.
– Агар шеър айтиб берсанг, мана шу сенга! – дейди отам пиёлани кўрсатиб.
Бу ичимликни ўтирганлар нега яхши кўриб ичишларини билмасдиму, аммо бир ичиб кўришга қизиққаним рост. Шунинг учун кўзимни ердан узмай отамнинг оғзидан эши­тиб ёдлаб олган шеъримни тез-тез айтаман:
– Кимнингки бор бўлса бир бурда нони,
Ўзига яраша уй-ошиёни,
На биров унга қул, на у бировга,
Айт, шод яшайверсин, хушдир замони!
Ўтирганлар тиззаларига шапатлаб: «Дод!» деб юборадилар.
Отам ҳалиги пиёлани қўлимга тутқазади. Мен уни худди отам каби бир кўтаришда ютиб юбораманда, томоғимни куйдириб ўтган ичимлик танамга қандай ёйилиб бораётганини ҳис қилиб тураман.
Отам яна ярим пиёла қуядида, олдимга қўйиб:
– Яна битта! – дейди.
– Яна битта бўлсин! – дейишади отамнинг жўралари ҳам.
Энди ёдимдан бироз кўтарилган шеърлар ҳам қуйилиб келаверади:
– Қазо чавгонида коптокдек нуқул
Чапу ўнг юмала, дема номаъқул.
Сени юмалашга солган ким бўлса,
У билгай, у билгай, у билгайдир, ул!
Яна ҳаммаси қийқириб юборади.
– Яна-яна! – дейишади бирваракайига.
Олдимдаги ярим пиёлани бўшатаманда, энди қийқириқлару «яна-яна»ларга қараб ўтирмай, ярим пиёламни сипқораман ва шеър айтаман:
– Бир қўлда Қуръону биттасида жом,
Баъзида ҳалолмиз, баъзида ҳаром.
Фируза гумбазли осмон остида
На чин мусулмонмиз, на кофир тамом.
Ўтирганлар чинакамига додлаб юборадилар. «етар, бас!» – дейишсаям айтавераман:
– Кекса, ёш – ҳаётга ҳар кимки етар,
Ҳаммаси изма-из, бирма-бир ўтар.
Бу дунё ҳеч кимга қолмас абадий,
Кетдилар, кетамиз, келишар, кетар.
Кап-катта эркакларнинг кўзларида ёш айланганини кўриб, завқим тошади. Зўр ишни дўндириб қўйгандек, бир четида бўш шишалар қалашиб қолган дастурхон атрофида ўтирганча қип-қизил юзларига табассум ё­йилиб, менга аллақандай меҳр ва ҳавас билан термилиб турган амакиларга бир-бир қараб ола­ман. Отамнинг айтишини кутмай пиёлани бўшатаётганимда сопол лаълида буғи чиқиб турган гўшт қовурдоқни кўтариб онам кириб келади. Лаълини отамга бераркан:
– Ўзларизку, майли, болага ичирманглар шу савил қолгурни! – дейдида, менга «Ҳозир гўш­тингни ейман!» дегандай қарайди: – Қани, тез чиқчи ташқарига!
Қўрққанимдан шап ўрнимдан туриб, ҳовлига отиламан. Шунда эшик ёнидаги эски курсида ўтирган момомга кўзим тушади. Унинг кўзларидан дув-дув ёш оқаётган бўлади.
– Нимага йиғлаяпсиз, момо? – дейман ёнига бориб, чўнқайиб ўтириб оларканман. – Ким хафа қилди сизни?
– Нималар деганингни ўзинг тушунганингда эди, – дейди момом рўмоли учи билан кўз ёшларини артиб. Сўнг мени тиззасига олиб, маҳкам қучоқлайди, кўзларимдан ўпади. – Худди бо­босининг ўзия! Қоракўзим ўзимни! – дейди икки юзимни тошдай қаттиқ кафтлари орасига олиб.
Мен куламан.
Ичкаридан онам бўш шишалар ва пи­ёз пўчоғи тўла тақсимча кўтариб чиқиб келади. Момомнинг қўйнидалигим учун индамайдида, бир ўқрайиб қараб, ошхонага ўтиб кетади. Очиқ қолган эшикдан отамнинг жўраларидан бировининг «Чуқ-чуқ! Кўз тегмасин! Зап ўғлинг борда!» дегани, отамнинг «Бобосига тортганда. Худораҳмати отам ҳам уч кечалаб «Шоҳнома»ни ёддан айтиб берардилар. Ликопча чертиб қўшиқ айтганларини бир кўрсангизлар эди!» дея чуқур нафас олиб чиқаргани эшитилади.
– Отанг ўтиб қолганида нечинчи синфда эдик? – дейди жўраларидан бирови.
– Еттинчида, – дейди отам.
– Шундай одамларам ўтди-ей! – дейди яна кимдир.
Жимиб қолишади.
Отамнинг ғамгин нигоҳларини папирос тутунидан сарғайган шифтга қадаганча, болаларни олиб Тошкентга кетиб қолган момомни кўргани келган бобом ҳақида айтган мунгли ҳикоясини эслайман. Бобом аммаларим ва отам­га бир дунё совға-саломлар бериб, ўзи туман марказига кетибди ўшанда. У ерда ҳаммомга тушибди, соч-соқолини тартибга солибди. Кейин уйга келиб, момомни ёнига ўтқизиб олганча ликопча чертиб қўшиқлар айтиб берибди. Сўнг озгина дам олайин, деб ичкари хонага кириб кетибди. Ётгани кираётиб: «Марям, болаларни хонага киритма!» дебди секин. Гилам тўқиётган момом: «Хўп», деб қўйибди бошини кўтармай. Шу билан намозшомда овқатга чақиргани кирган момом шифтнинг қийшиқ-қинғир болорларига тикилган кўйи жон берган бобомни кўрибди. Бу воқеа жума куни бўлган экан.
Бобом жонини кимга бергани ҳақида сўрайман, деб қарасам, ҳалигина овуниб, кўз ёшларини артган момом яна йиғлашга тушган бўлади. Саволга тутишга ботинмайман.
Бу воқеалар қишлоқда бўлган.
Манави ярим шаҳар, ярим қишлоқдай жойга кўчиб келганимиздан сўнг момом тез-тез бизникига келиб-кетадиган бўлди.
Дастурхон бошидаги йўқловларимиз чоғида менинг кўз олдимдан нуқул момомнинг йўлига чопиб чиққан кўчамиз болаларига ширинлик улашгани худди кинодай лип-лип ўтади. Унинг униққан пистоқи халатию истаган пайтда конфетми, парвардами, шўрдонами, ишқилиб, нимадир егулик топиладиган икки чўнтаги, учи­га пул тугиб қўядиган оппоқ рўмоли, юрганда қасир-қусур товуш чиқарадиган қоп-қора тош калишини эслайман. Унинг йўл-йўлакай учраган мен тенги болаларга ҳам «Ассаломалайкўм» деб салом бериб келишлари­ни жуда-жуда соғингандим. Тўғри, бу акамга ёқмас, «Нимага сиз кичкиналаргаям салом беруврасиз, улар сизга салом берсин!» деб ури­шиб берарди. Момом эса:
– Ие, болам, одам ажратиб салом бериладими? Ҳазрати Муҳаммади Мустафоям биринчи бўлиб ўзлари салом берган эканлар. Пайғамбар, катта-кичикни ажратмай ўзи салом берганда, мен ким бўлибманки, кибр қилсам? – дея узундан-узоқ ҳикоялар айтиб берарди.
Мен эсам бундай нарсаларни кўпам ту­шунавермас, момомнинг келганидан хурсанд бўлиб, худди қочиб кетадигандай қўлидан маҳкам ушлаб келаверардим. Чунки момом бизникига келганда менга ҳеч ким иш буюролмасди. «Мени набирамга гапирманглар, ўзларинг опкелинглар нима керак бўлса!» дерди у. Маза қилиб тиззасида ўтираверардим, ширинликка тўярдим. Ҳаммадан кўп мени эркалар, суяр, «Қоракўзим, бувасининг ўзия!» деб қучоқлаб ўпарди.
Бир ой ўтган бўлсаям, ҳалигача момом­нинг чиндан энди йўқлигига ишонмасдим. Ишонардимки: у яна бизни кўргани келади! Қўлида тугунча. Тугунчанинг ичи тўла ширинлик ва пиёзпатиру жизпатир бўлади. Ширинликнинг энг кўпи ҳар галгидек менга!..
Мана, ҳозир ҳам олдинда қўлини орқага қилиб, букчайиб кетаётган кампир уйимиз томонга қараб боряпти. Момомнинг ўзгинаси! Ишонмайсиз, эгнида ўша ёзги енги узун кўйлак, қўшкисса халат, бошида ўша учи тугик оқ рўмол, қўлида ўша тугунча. Аниқ, менинг момом бу!
Момом сари шундай тез югурдимки, зум ўтмай унга етиб олдим. Ортидан бориб, момомнинг қўлидан қаттиқ ушлаб олдим:
– Моможон!
Момом ялт этиб қаради менга.
– Ассаломалайкўм, – деди сўнг букчайган қаддини янада букиб.
Йўқ, бу кампир бошқа бировнинг момоси экан.
Нима дейишни билмай тикилиб туриб қолдим. Бу кампирнинг кўзлариям худди момомнинг кўзлари каби чуқур, киртайган. Бу кампирнинг юзлариниям момомники каби йўл-йўл ажин қоплаган. Бу кампирнинг қўллариям қавариқ, томирлари бўртиб-бўртиб турибди. Ҳайрон бўлиб кулиб туришлариям қуйиб қўйгандай бир хил. Гўё чиндан ҳам бу менинг момому, аммо негадир мени танимаётганди. Наҳотки?! Э, йўқ, аллақандай бир сезги билан унинг ҳақиқатан бегоналигини ҳис қилардим. Бироқ ўша сезги билан унинг момом эканига ишонаётгандим. У момом эмасди. Лекин у момом эди.
Кампирнинг қўлини қўйвориб, оқ кўйлагим­нинг енгига бурнимни созлаб артдим. Кейин бошимни эгиб, кўзимни ердан узмай кета бошладим. Кампирнинг ўзи гап қўшиб мени тўхтатди:
– Менга қара, сен Исавойнинг ўғлимасмисан?
– Ҳмм, – дедим сумкамни қўлимга олиб, қайтадан елкамга иларканман.
– Ҳа, болам, момонгга ўхшатдингми мени? – деди кампир жилмайиб.
Нима дейишимни билмай:
– Ассалом алекум, – дедимда, кеча Шукуфа муаллим ўргатгандай қилиб қўлимни кўксимга қўйдим.
– Адашмабсан, менам момонгманда, болам, – кампир бошимни силаб, пешонамдан ўпиб қўйдида, бир ҳовуч парварда берди. – Раҳматли Чумчуқ буванинг ўғли Ҳалимжон қўшниларингизмасми?
Кампир, ҳойнаҳой, Қуён кимлигини билмас, деган хаёлда тенгдошимнинг лақабига исмини қўшиб сўрадим:
– Ризамат қуённи дадасими?
Айтганча, Ризаматга қуёнюраклик бобосидан ўтган, дейишади. Шунинг учун ҳамма уни Қуён дейди.
– Ҳа, ўша, – деди кампир, – Ҳалимжоннинг кенжаси. Тушимга кирибди. Юрагимни ҳо­вучлаб келяпман.
Шу лаҳзада бўйи узун, қорни катта, лекин боши пиёладай кичкинагина қўшнимиз, Қуённинг отаси Ҳалимжон ака кўз олдимга келдию, уни нега Чумчуқ буванинг ўғли дейишлари эсимга тушиб, кулгим қистади. Аслида, Чумчуқ буванинг оти Чумчуқ бува бўлмаган, Арслонқул бўлган экан. Уруш бошланиб қолганда ҳамма йигитлар қатори Арс­лонқулниям поездга солиб, фронтга олиб кетишади. Қўрқувдан тиззалари дир-дир титраган Арс­лонқул боши-кети йўқ улкан саҳрога етганда ўқдай учиб кетаётган поезддан ўзини қумга отади. Буни кўрганлар фронтга етмай ўлди бечора, дея юзларига фотиҳа тортишади. Аммо Арслонқул ўлмай қолади. Қишлоғига соғ-омон қайтиб келиб, уруғ-аймоқ­ларига бўлган воқеани айтиб беради. Шунда Фармонқул чўлоқ деган кекса овчи: «Ў, чумчуқ бўлиб кет-э!» дейди. Ана шундан бери унинг оти Чумчуқ экан.
– Майли, бора қол, болам, – деди кампир қадамимни санаб жим кетаётганимни кўриб. – Мани юришимга сани сабринг етармиди!
Мен ҳалиям шу момом эмасми ё момомми, деб ишониб-ишонмай қайта-қайта кўзига қарардим. У эса мени умуман танимас, икки қўлини орқасига қилиб қовуштирганча букчайиб, Ризаматларнинг уйи томон келарди.
Кампирни ортда қолдириб жадаллаб кетдим.
Унинг момом эмаслигини билгандиму, лекин ишонгим келмаётганди. У ўзимнинг момом бўлишини жуда-жуда истардим. Бироқ бунинг иложи йўқ. Ана шу иложсизликни ҳис қилгач, томоғимга аччиқ бир нарса келиб қадалгандай бўлди. Ютиндим. Ич-ичимдан улкан бир тўфон кўтарилиб келаётгандай туюлди. Шоша-пиша уйимизга келиб, дарвозанинг дарчасини очаётганимда Ризаматларнинг уйига бояги кампир кирганини кўриб қолдим. «Ғалати, ҳалигина мендан орқада қолиб кетгандику!» – бироз ҳайрон бўлиб қараб турдимда, сўнг уйга кирасолиб кийимларимни шапир-шупур алмаштирдим. Чой ҳам ичмай, қўрадан қўйларни ҳайдаб чиқдим.
– Бирон нарса еб ол! – дея қичқириб қолди онам ортимдан.
Индамай қўйларни зовур лабига ҳайда­дим. Болаларга қўшилмадим. Учлари сарғайиб қолган қилтиқли пишагўтлар устига ўзимни таппа ташладиму, ўпкам тўлиб, йиғлаб юбордим. Ўкириб-ўкириб йиғладим. Момомнинг чинданам ўлганига энди ишонгандим. Ишондиму, чидолмадим. Чунки энди момом бизни кўргани келмайди, ширинлик бермайди, эркаламайди, биз уни кўргани борганимизда «пахтапалов» дамламайди, жиззали нон ҳам пиширмайди энди, пешонамдан ўпмайди, «Мани набирамга гапирма ҳеч қайсинг!» демайди. Шуларни ўйлаганим сари ичимда нимадир портлаб, кўзларимдан ёш бўлиб чиқиб келаверди. Йиғлайвердим. Шаҳарлик момом ҳам ўлишини хоҳлаганимни эслаб, ўзимни ўзим сўкдим:
– Ҳе, жинни, жаложин!..
Бирданига йиғлаш ўғил болага ярашмасли­гини эслаб, илкис бошимни кўтардиму, атрофга алангладим: «Худога шукр, ҳеч ким йўқ экан!» Ҳеч ким кўрмабди.
Зовурга тушиб, юзимни ювиб олдим. Кейин болалар ланка ўйнаётган тарафга қўйларни ҳайдадим…
Кечқурун чарчаб, ухлай-ухлай деб турганимда отам:
– Тур, тунги сайрга чиқамиз! – деб қолди.
Менга жон кирди. Отам билан кечки сайрга чиқиш дегани – маза қилиб шоколад ейиш, музқаймоқхўрлик қилиш деганида! Шаппа турдим. Кўчага чиқдик.
Таниш дўкончидан отам менга музқай­моқ олиб берди. Уни егунимча дўкончи амаки билан гурунглашиб ўтиришди. Кейин менга қараб:
– Хоҳлаган шикалатингни танла! – деди отам. – Фақат битта.
Танлаган шоколадимни дўкончи амаки олиб, очиб берди. Сўнг отамга қаради. Отам:
– Яна элликта қуй! – деди. – Етади.
Дўкондан чиқиб, атайин айлана кўчадан уйга йўлни солдик. Кеча ойдин. Бундай кеча­ларни момом: «Ерга игна ташласанг кўри­надиган кеча», дерди. Йўл-йўлакай отамнинг йиғлаб бораётганини пайқаб қолдим.
– Дада, сизга нима бўлди? Бирон жойиз оғрияптими? – дедим қўрқиб.
Шу пайтгача отамнинг йиғлаганини кўрмагандим.
Отам елкамга қўлини қўйди:
– Ҳеч кимга айтиш йўқ!
Бош қимирлатиб: «Хўп», дедим.
Кундузи ўзимнинг ҳам ўкириб-ўкириб йиғлаганимни отамдан сир тутдим. Мен сир ту­тишни биламан. Энди отамнинг йиғлаганиниям ҳеч кимга айтмайман.
Ўша нотаниш кампир чўнтагидан чиқариб берган парвардалардан биттасини олиб оғзимга солганимда отам бир қараб қўйдию, қаердан олганимни сўрамади. Балки, онам меҳмонга деб анвойи ширинликлар солиб қўядиган сандиқдан гум «қилган», деган гумонга боргандир.
– Момонгни тобутини кўтариб бораётганимизда, – деди отам тўғрига, бўшлиққа термилиб бораркан, – бир уя асалари тепамиздан гувиллаб айланишиб боришди, онамни қабристонгача кузатиб қўйишди жониворлар.
– Момом уларниям даволаган бўлса ке­ракда, а?
– Билмадим. Лекин онамни тупроққа бериб қайтганимизда, асаларилар деворга бир қатор бўлиб тизилишиб, асокашларни кутиб олишди.
– Уларам йиғладими кейин?
– Йўқ. Улар кўз ёшларини кўрсатмай йиғласа керак.
– Ҳмм. Менам шунча қарадим, уларнинг йиғлаганини кўрмадим лекин.
Йўлда Ризаматнинг отасини учратдик. У отам билан ҳол-аҳвол сўрашгач, мен билан қўл ташлашди.
– Ҳа, полвон! – деди Ҳалимжон ака энкайиб, катта қорнига ярашмаган кичкина бошини юзимга яқин олиб келаркан. – Бешга ўқияпсанми? Яша! Ризамат ошнанг иситмалаб қолувди бугун. Мактабгаям боролмади. – Ҳалимжон ака қаддини кўтариб отамга юз­ланди: – Қалтираб ётибди денг бола бечора. Юрагим така-пука бўп кетди. Солиҳа момони чақиртирамизми деб турувдик. Қўлида бир сири борда шу кампирнинг. Тўсатдан ўзи уйга кириб келса бўладими! Ризаматни елкасига икки қоқувди, бола беш дақиқадан кейин югуриб ўйнаб кетди. Ўзимиз билан ўзимиз овора бўлибмиз, кампир ими-жимида кетиб қолибди. Келиниз қўймади. Уйига бориб, кампирни киссасига беш-тўрт сўм солиб келсам, деб кетаётувдим.
– Шундай қилинг, – деди отам Ҳалимжон ака билан қўл олишиб хайрлашаркан. – Юрагида кўзи бор, дейишади, бу кампирнинг. Ўша билан ҳамма нарсани кўриб туради.
– Шундай денг, шундай денг! – қурутдек бошини икки ёнга ликиллатди Ҳалимжон ака. Сўнг катта қорнининг устига қўлини қўйиб хайрлашди: – Майли, Иса бува, ўтинг уйга.
У шиппагини ерга судраганча тўпир йўлни чангитиб юриб кетди.
– Онамни хурмолариям уч кунда қуриб қолди, – деди отам Ҳалимжон аканинг ортидан қараб қўяркан.
– Уларниям мозорга обориб, кўмиб кела­сизми энди? – дея сўрадим оғзимга яна битта парварда солиб.
Отам илкис бурилиб, икки букилдида, елкала­римдан қаттиқ сиқиб:
– Қора тунда қора тош остида ўрмалаган қора чумолини ҳам кўриб тургувчи зотга қасамки, мен кеча тушимда кўрган ариқларидан сув эмас, асал оқиб турган ям-яшил боғ онамни бағрига олди, – дея жилмайди. Мўйла­бига илашиб қолган қатра дурдек ялтироқ ёш томчиси қаймоқранг кўйлагининг ёқасига тушди. – У жуда чиройли боғ эди. Ҳа, жуда!
У кўзларини олиб қочди. Елкамни қўйвориб, қаддини ростлади. Яна олдинга қараб тез-тез кета бошлади.
Анқайиб қолавердим. Унинг ҳозиргина айтган гапларидан бирор нима тушунган бўлсам, Роҳила жўги қопига солиб олиб кетсин мени!
Отам илдамлаб кетаверди.
Ортидан ўйланиб боравердим.
Энди таъзияхонадаги аёлларнинг уввос тортганларини эслаб, шу ҳақда сўрайман деб қарасам, олдинда бораётган отамнинг елкалари билинар-билинмас силкиниб кетаётган экан. Индамадим. Кейин асаларилар ўзларининг тилида нималар деб момом билан хайрлашишдийкин, дея ўйладим. Ўзимча уларнинг нималар дейишганини тахмин қила бошладим. Айтганча, момомнинг уйи шифтига уя қуриб, ҳар йили тухум қўядиган, полапонларини шу уй томидан учирадиган, иссиқ ёз кунлари ҳадеб қуриллайверадиган мусичалар ҳам бор эди. Балки, улар ҳам момомни кузатгани чиқишгандир. Нега уларга эътибор бермадима? Дарахт шохларига қўнмай, доим айвонга келиб тизилишиб турадиган сомонхона каптарларичи? Наҳотки улар чиқмаган бўлса, ахир момом уларни болалардан асраб, сомонхонанинг эшигидан бизни киргани қўймас эдику! Ўчоқбошидаги чумолиларчи? Бир гал уясига сув қуйганимда момом мени уришиб берганди. Улар ҳам роса йиғлаган бўлса керак. Бугун учратган момом ҳам қўлида сири бор момо эканми? Ризамат қуённинг касал бўлиб ётганини ҳеч ким айтмасаям, ўзи билиб келган Солиҳа момони айтаман. Юрагида кўзи бор, дедими отам? Қуённинг елкасига икки марта қоқиб, тузатиб юборибдими?! Балки…
Бошимда бир дунё савол билан чопқиллаб отамга етиб олдим:
– Дада-дада!..

2019 йил, Тошкент.

«Ёшлик» журнали, 2019 йил, 11-12-сон