Кэтрин Мэнсфилд. Сариқчақа (ҳикоя)

Болалар жудаям шўх, қақажон, митти мавжудотлардир. Диккидек ақлли, зийрак, меҳрибон, содда, ёшига нисбатан анчайин теран фикрловчи болакай даб-дурустдан, сингиллари­нинг таъбирига кўра, ўзини қайсар эшакдек тутсаю, наҳот унинг шўхликларига чора топиш шунчалар имконсиз?
– Дикки болажоним, келақол! Дарҳол олдимга келчи! Онанг сени чақираётганини эшитма­япсанми? Дикки!
Аммо Дикки келмади. Ҳа, у онасининг овозини яхшигина эшитди. Жарангдор, қўнғи­роқдек кулги унинг жавоби бўлди. Шу йўсин у қочиб кетди. Ўрилмаган пичанлар устидан кичик ўрмонча томон югуриб беркинаркан, олма шохлари орасидан, ортда қолиб, ғира-шира кўринаётган онасига қараб қўярди. Айёрлик билан қочаркан, худди ёввойи ҳиндудек шохдан шохга сакрарди.
Аслида, ҳаммаси дастурхон атрофида бошланганди. Диккининг онаси ва тушни бирга ўтказиш учун чиққан Спирз хоним биргаликда меҳмонхонада хотиржам тикиш-бичиш билан банд эдилар, шунда оқсоч қиз келиб бўлган воқеани оқизмай-томизмай айтиб берди. Болалар зўр иштаҳа билан нонга сариёғ суриб ейишни эндигина бошлашган, оқсоч қиз эса ширчой қуяётганда, Дикки тўсатдан нон ликопча­сини олиб, боши узра қўйиб, камига нонпичоқни ҳам бошида айлантирарди.
– Менга қаранглар, – қичқирди у.
Сингиллари саросима билан тикилишди, оқсоч қиз келиб ликопчани олиб улгурмасдан, идиш полга тушиб, чилпарчин синиб, майда бўлакларга бўлиниб кетди. Буни кутмаган қизалоқлар бор овоз билан қичқиришди.
– Ойижон, келиб у нима қилганини бир кўринг!
– Дикки катта чиройли идишни синдирди!
– Ойи, келиб унинг таъзирини беринг!
Онанинг қанот чиқариб учиб келишини тасаввур қилаётгандирсиз. Бироқ у кеч қолганди. Дикки курсидан ирғиб туриб, ланг очиқ деразадан айвонга сакраб тушди, она эса қўлидаги ангишвонани бармоғида ўйнатганча тош қотиб турарди. Нима қилсин она шўрлик? Боласининг орқасидан қувиб етолмаса. Диккини тиканзору олмазорлар орасидан қидирсинми? Бу бефойда эди. Бу ҳолат ғазабланишдан ҳам кўра кўпроқ андиша­ли эди. Айниқса, болалари ўзининг хулқи билан барчага ўрнак бўлган Спирз хонимнинг олдида, сўнг уни ёлғиз қолдириб келгани ёдига тушди.
– Жуда соз, Дикки, – бақирди у. – Сени жазолашнинг бирор йўлини ўйлаб топаман, албатта.
– Менга фарқи йўқ, – жаранглади митти овоз, ва яна ўша қўнғироқдек кулги эшитилди узоқдан.
– Спирз хоним, сизни ёлғиз қолдириб кетганимдан жуда хижолатдаман – деди она.
– Ҳаммаси жойида, Бендал хоним, – деди Спирз хоним муло­йим ширали овозда, одатига кўра қошларини бироз чимириб. Латта-путталарни йиғаркан истеҳзоли жилмайди. – Баъзан бу каби ҳолатлар бўлиб туради. Ҳеч қандай жиддий ҳодиса рўй бермади – деб ўйлайман, – деди у.
– Диккининг қилиғи – деди Бендал хоним, қўлидаги ягона энг чиройли игнага тикилиб. У бўлган ҳодисани Спирз хонимга сўзлаб берди. – Энг ачинарлиси шуки, мен уни қандай қилиб тўғри йўлга солишни билмаяпман. Диккининг бунақа шўхлиги тутганда ҳеч нарса кор қилмайди унга.
Спирз хоним уйқусираган кўзларини катта очиб, «Калтаклаш ҳамми», деб сўради.
Бендал хоним, игнадан ипни ўтказаркан, лабларини тишлади.
– Биз ҳеч қачон болаларни урмаганмиз, деди у. – Қизлар жуда тарбияли, уларга бунинг кераги йўқ. Дикки шундай болаки… ҳам биттаю битта ўғлимиз…
– О, азизим, – тикишни тўхтатди Спирз хоним. – Энди мен ажабланмайман Диккининг бунақа ўйинқароқ­лигига. Мендан хафа бўлмангу, болаларни урмасдан катта қиламан, деб жуда катта хатога йўл қўйяпсиз. Калтаклаб ту­ришнинг ўрнини ҳеч нима босолмайди. Ўзимнинг тажрибамдан келиб чиқадиган бўлсам, қўшнижон, мен кўпинча енгилроқ жазоларни қўллардим, – деди бироз шивирлаб: – Болаларнинг тилига совун суртиш, масалан, кир ювиш совуни ёки ҳар шанба куни бўйи стол кўтариб туришга мажбурлардим. Лекин ишона­веринг менга, уларни отасига жазолатишнинг ўрнини ҳеч нима босолмайди.
Бендал хонимнинг кир ювиш совуни ҳақидаги жазони эшитиб эти жимирлаб кетди. Спирз хонимнинг ишонч билан гапирганидан, бу усулни бир неча маротаба қўллагани сезилиб турарди.
– Уларнинг отаси, – сўради Бендал хоним.– Унда сиз ўзингиз урмагансиз болаларни?
– Ҳеч қачон, – деди бироз ўнғайсизланиб. – Болаларни уриш онанинг вазифаси деб ўй­ламайман. Бу отанинг бўйнида бўлиши ке­рак. Чунки оталар кўпроқ таъсир қила олишадида.
– Ҳа, буни кўз олдимга келтиряпман,– деди Бендал хоним ҳолсизланиб.
– Ҳозир менинг ўғилларим, – деди тўлқинланиб Спирз хоним қўшнисига қарата, – худди Диккидек тутишарди ўзларини агарда жазоланишдан қўрқишмаганда…
– Сизнинг ўғилларингиз намунали хулқ-атворга эга болалар,– пичирлади Бендал хоним.
Баъзан шундай эди. Катталарнинг олдида бирам ювош, одобли болалар эди. Кўпинча, Спирз хонимнинг меҳмонлари айтишига қараганда, уйда бола борлиги ҳечам сезилмас экан. Ҳа, кўпинча шундай эди.
Залда семиз, кайфи чоғ роҳибларнинг денгиз бўйида балиқ тутаётган ҳолати тасвирланган катта расмнинг тагида жаноб Спирзнинг отасига тегишли қалин, қора рангли от қамчи турарди. Одатда, йигитлар бунинг олдига яқин келишмасди, аксинча, итнинг кулбаси ёки омборхона, ҳаттоки ахлатхона яқинида ўйнашни афзал кўришарди.
– Бу катта хато, – хўрсинди Спирз хоним, енгил нафас олиб, тикишини давом эттираркан, – кичиклигида болаларни эркалатиш. Болани ўз измимизга солмаслик жуда катта айбимиз. Буни унутмаслик лозим. Диккининг бояги қилиғи эса худди у буни атайлаб қилгандек туюляпти менга. Бундай ҳолатда болани калтаклаш керак.
– Сиз чиндан шундай деб ўйлайсизми? – сўради Бендал хоним, табиатан у жуда кўнгилчан эди ва бу ҳолат унга янада таъсир қилганди.
– Албатта, бунга имоним комил. Фақат шу гапим доим қулоғингизда бўлсин, – давом этди Спирз хоним. Отаси болаларга қаттиққўллик қилса, келажакда анча кўнглингиз осойиш бўлади. Менга ишонаверинг, дугонажон.
У қуруқ, дағал қўли билан Бендал хонимнинг қўлини сиқиб қўйди.
– Эдвард келиши биланоқ бу ҳақида гаплашаман, – деди Диккининг онаси қатъий.
Болалар отаси келмасидан олдин уйқуга ётишди, Диккининг отаси велосипедини судраб келаркан, бетон тўсиққа қоқилиб кетди. Ишхонасида жуда оғир кун бўлганди. У терлаб кетган, чарчаб, бироз ҳолдан тойганди.
Бунгача Бендал хоним ўзининг янги режасидан мамнун бўлиб ўтирганди ва эрига эшикни очди.
– Эдвард, азизим, ва ниҳоят келдингиз! – деди у.
– Нима бўлди? – сўради Эдвард велосипедини қўяркан, шляпасини ечди. Пешонасидаги қатор ажинли чизиқлар унинг ғазабини намоён этарди. – Нима гап?
– Келинг, меҳмонхонага киринг, – деди Бендал хоним шошиб-пишиб гапираркан, – Диккининг маҳмадоналигини сўз билан таърифлаб беролмайман сизга. Сиз буни тасаввур ҳам қилолмайсиз. Кун бўйи офисдасиз. Бу ёшдаги боланинг ўзини тутиши ҳақида билмайсиз. У жудаям ёввойи бўлиб кетяпти. Мен уни умуман назорат қилолмаяпман. Уни тарбиялашга интилдим, аммо уринишларим беҳуда кетди. Охирги чорамиз қолди, – деди чуқур хўрсиниб, – уни калтаклаш керак. Сиз уни уришингиз керак, Эдвард.
Меҳмонхонанинг бурчагида катта жавон турарди, жавоннинг энг юқорисида чиннидан ясалган тили бўялган қўнғир айиқ бор эди. У Диккининг отасига худди масхара қилгандек, ажаб бўпти, мана шунинг учун уйга келган­динг, деётгандек туюларди.
– Аммо нега биз уни уришни бошлашимиз керак? – сўради Эдвард айиққа тикилганча. – Илгари ҳатто уни чертмаган бўлсак.
– Чунки, – жавоб берди хотини, – кўрмаяпсизми унинг хулқини, мен уни назорат қилолма­япман. Бундан бошқа чорамиз йўқ… – Аёл яна алланималар деди. Эрининг чарчаган боши эса баттар оғрирди. – Энага ёллашга қурбимиз етмайди ҳозир. Оқсоч қизнинг юмуши етарли. Диккининг қилиқлари эса чегарасиз. Сиз кун бўйи офисдасиз, Эдвард, буни қандайлигини сизга тушунтириб беролмайман.
Айиқ тилини чиқариб масхара қилиб устидан кулаётгандек, камида ўша ҳақоратли овоз яна эшитилгандек бўлди. Эдвард стулга чўкди.
– Майлию, лекин нима билан ураман? – сўради ожизлик билан.
– Албатта, камарингиз билан – деди хотини. Сўнг эрининг чанг бўлган оёқ кийимини артиш учун чўккалади.
– Эдвард, азизим, – ялинганнамо деди у, – ботинкангиз билан меҳмонхонагача кириб келибсиз. Ростанам…
– Бўлди, етар, бас. – Сал қолди хотинини итариб юборишига. – Қани, берчи ўша камарни менга. У тепа қаватга кўтарилди. Айни дам унинг ҳуши ўзида эмасди. У Диккини уришни хоҳларди, у нимадандир аламини олишни истарди. Бу қандай ҳаёт. Кўзларини ғазаб эгаллаб олганди, қўллари ўзига бўйсунмай қўйганди.
У шошилиб Диккининг хонаси эшигини очди. Дикки тунги кийимида хона ўртасида бедор турганди. Унинг бу ҳолати Эдварднинг ғазабини сал босгандек бўлди.
– Дикки, нима учун хонангга чиққанимни биласана? – сўради Эдвард.
Дикки жавоб бермади.
– Мен сени уриш учун келдим.
Сукунат.
– Пижамангни еч.
Ана энди Дикки бошини кўтарди. У қизариб кетди. – Шартмикан? – пичирлади у.
– Қани, олдимга кел, тезроқ бўлақол, – деди Эдвард. Сўнг камари билан Диккига уч марта кучли зарба берди.
– Энди онангга муносиб фарзанд бўлишни ўрганасан.
Дикки бошини маҳкам ушлаганча, ҳалиям жойида қотиб турарди.
– Ўзингни тузатвол, тез ўрнингга ёт, – буюрди отаси.
У ҳалиям қўзғалмасди. Титроқ овоз билан, – мен ҳали тишимни ювмадим, дадажон, – деди.
– Бу нимаси?
Дикки отасига қаради. Унинг лаблари қалтирарди, бироқ кўзларида ёш кўринмасди. У кўз ёши қилмади, йиғламади. Секин ютиниб, мен тишимни ювганим йўқ, деёлди, холос.
Аммо мурғак нигоҳ Эдвардни тинч қўймади, у хонадан бу хонага, залдан боққа чиқаркан ҳаловат тополмади. Эй Худойим, у нима қилиб қўйди? Нок дарахтининг сояси тушиб турган девор олдига борди. Диккини урди, қўлидаги камар билан кичкинтой Диккисини урди, нима қилиб қўйди? Югурганча ўғлининг хонасига чиқди. Эдвард алам билан ўкирди, деворга суяниб қолди, ўғли йиғламади. Ҳатто кўзида томчи ёш йўқ эди. Қанийди, ўғли ҳеч бўлмаса йиғлаганда ёки хафа бўлганда. Фақат унинг «Дадажон», деган титроқ овозини эшитди. Ҳеч сўзсиз отасини кечирди. Лекин Эдвард ўзини кечиролмайди – ҳеч қачон кечиролмайди. Қўрқоқ! Аҳмоқ! Нотавон! Сўнг улар бирга ўйнашаётганда тасодифан Дикки тиззаси билан йиқилиб, қўли чиққанини эслади. Ўшандаям у йиғламаганди. Эдвард ҳозир ўша митти қаҳрамонни урган эди.
Эдвард нимадир қилиши кераклигини тушунди. У уйга қайтиб кирди, яна Диккининг хонасига кўтарилди. Миттивой каравотида ётганди. Хира тушган ёруғликдан бошини ёстиққа қўйиб ётгани, қора сочлари, жингалак кокили кўриниб турарди. Унинг овози эшитилмасди, ҳатто ҳозирам у йиғламасди. Эдвард эшикни ёпди, ўғли­нинг қаршисига келди. У ҳозир Диккининг олдига чўккалаб, кечиришини сўраб, ялиниб-ёлво­ришни истарди. Аммо аниқки бу унинг қўлидан келмасди. Юраги типирчиларди.
– Ухламадингми, ўғлим? – сўради мулойимлик билан.
– Йўқ, дадажон.
У ўғлининг каравотига яқин келиб ўтирди, Дикки унга узун-узун киприкларини қоқиб қараб турарди.
– Ҳеч нима содир бўлмади ҳозир, тўғрими, оғайни? – шивирлаб сўради Эдвард.
– Йўқ, дадажон, – жавоб қилди Дикки.
Эдвард эҳтиёткорлик билан Диккининг бармоқчаларини силади.
– Сен ҳозир бўлган воқеа ҳақида ҳечам ўйлама, хўпми, оғайни, – деди шошилиб. – Мана, ҳаммаси тугади. Бу унутилди. Бу ҳолат ҳечам такрорланмайди. Шундайми?
– Хўп, дадажон.
– Энди эса ётиб ухла, оғайни, – деди Эдвард, – ва албатта, жилмайиб қўй. – Бу табассумдан у ўзини авф этилгандек туярди. – Ҳаммасини унутамиз… Оғайни… кичкинтойим…
Дикки ўрнига ётди. Бу жуда аянчли эди. Диккининг отаси дераза олдига яқин келди. Боқ­қа анча қоронғулик тушиб қолганди. Оқсоч қиз югуриб чиқди ва буталар устига тушган оқ кийимларни йиғиб ола бошлади. Бепоён осмонда биттагина юлдуз ярқирарди, катта елим дарахти эса нур сочиб турган бўлсада, қора кўринган барглари шамолда енгил силкинарди. Буларни кузатиб тураркан, шимининг чўнтагида пул борлигини сезди. Пулни оларкан, янги олти тийинни танлаб олди, сўнг пулни Диккига узатди.
– Бу сенга, оғайни. Ўзингга ёққан нарсани сотиб ол, – деди Эдвард, Диккининг ёстиғи устига оҳиста пулни қўяркан.
Аммо наиложки, шу олти тийин – бўлиб ўтган шунча дилхираликнинг ўрнини тўлдира олармиди?

Инглиз тилидан Муслима Хидирова таржимаси

«Ёшлик» журнали, 2019 йил, 11-12-сон