Каравот мунгли ғичирлади. Она бирпаслик уйқусидан уйғониб кетган, лекин кўзини очолмай ётарди. Кўрпачада тиззасини қучоқлаганча мудраб қолган Қамариддин шошиб кўзини очди-да, онаси томонга сурилиб, унинг юзига тикилди. “Чақирсам уйғонармикан?”, дея хаёлидан ўтказди, кейин бир лаҳзада кўнглидан кечган ваҳималарга берилиб, ярим мушт бўлиб турган ўнг қўлини лабига босди. Она кўзларини хиёл очиб, яна юмди. Қамариддин дадилланиб, енгил томоқ қирди.
– Ойи, тузукмисиз? Кўзингизни очинг, жон ойи. Яхшисиз-а, энди? Чой ичасизми?
Онанинг лаблари қимтилди. Тошдек оғир қовоқларини аранг бўйсундириб, нурсиз кўзларини ўғли томонга оғдирди. Унинг лаб қимирлатишга ҳам ҳоли йўқ, борди-ю бутун кучини тўплаб оғиз жуфтлаганида ҳам, тилига сўз келмасди. Демоқчи бўлганлари хаёлида айланарди. Хаёлни эса энг яқин одамингга ҳам сўзсиз билдиролмайсан. Одамнинг хаёлигина ўзиники бўлар экан. Ахир, кўнглингни бировга берасан, умрингни − болангга. Хаёлни эса бировга бериб бўлмайди. Кимдир дейдики, фикрнинг таржимони тил бўлади. Бекор. Бир фикратни таржима қилиш учун юзта тил керак. Одам ўйига келганларининг юздан биринигина тилига чиқаради. Аммо она бугун болаларига айтадиганлари кўплигини англаб, баттар қийналиб ётарди.
“Ўғлим, сени азобга қўйдим. Яхшиям ўзинг борсан. Худо хоҳласа, тузалганимдан кейин ҳаммасини эсингдан чиқараман”.
Қамариддин ҳамон онасининг сарғимтил юзига илтижоли тикилиб ўтирар, унинг бирор ишора қилишини: сув бер ёки келинимни чақир дейишини кутар эди. Шунинг баробарида онасининг сочларини қулоғи орқасига ўтказиб, бироз қийшайиб қолган рўмолини тўғрилади. Онанинг кўзларидан чаккаси томонга думалаётган кўзёшлари бир лаҳзада ўғилнинг ҳам кўнглини бўшатган, кўзига ёш чақирган эди.
Эшик очилиб, остонада Басида кўринди. Қамариддин кўзларини енгига босиб-босиб олди-да, хотинига қаради. Басида қўлидаги дазмол урилган кийимларни токчага жойлаштирар экан, Қамариддинга “Нима гап, нима қилай?“ дегандек имо қилди. Яна ҳар доимгидек жавоб ололмагач, каравот чойшабини тўғрилаб қўйиб, жимгина ташқарига йўналди. Қамариддин: “Ҳой, қаёққа?” деди паст овозда.
– Овқатга қарай-чи. Ҳозир болалар ҳам келиб қолишади.
– Овқатингнинг сувидан олиб кел, – деди Қамариддин.
Басида бош ирғаб эшикни ёпди.
Она бирдан ингради. Кейин бирпас қош чимириб турди-да, бир муддатни ўтказиб кўзларини очди. Қамариддиннинг чеҳраси ёришиб кетди. Онаcининг юзини бир қўли билан ушлаганича, энтикиб деди:
– Ойи! Хайрият. Яхшисиз-а энди? – Қамариддин хурсандлигидан пойма-пой гапирар эди. – Чой олиб келайми ё овқатнинг сувини ичасизми?
“Ўғлим, борингга шукр. Қизларингни соғиндим. Нега нариги уйга киритиб юборяпсан? Олдимда кўп-кўп ўтиришса, дийдорларига тўйсам. Тўполон қилишади, дейсанми? Менга ўшаларнинг тўполони малҳам-ку. Уларни кўриб турмасам, сиқилиб кетаман, болам”.
Қамариддин онасининг ориқ қўлларини уқалар экан, энди нима қилишни ўйлар эди. Шокиржон акани яна айтиб чиқай деса, ҳали ишдан қайтмаган; ҳамширанинг уколига ҳам анча вақт бор.
“Қўлларингдан айланай, болам. Орқаларимни бир силаб қўйсанг-чи. Жуда оғриб кетди”.
Ўғил сочиқ билан онда-сонда учраган пашшаларни ҳайдар эди. Остонада бир қўлида коса, бир қўлида кичик чойнак ушлаган Басида пайдо бўлди. Қайнонасининг кўзини хиёл очганича ўзига қараб турганини кўриб, синиқ жилмайди. Мастава билан чойни хонтахтага қўйиб, каравотга яқин келди.
Қамариддинга “гапираверайми”, дегандек бир қараб олди-да, паст овозда:
– Ойи, тузукмисиз? Озгина мастава ичасизми? – деди.
“Йўқ, раҳмат, болам. Негадир иштаҳам йўқ. Худо хоҳласа тузалганимдан кейин ичарман. Қамаржонимга қуйиб беринг. Менга қарайман деб, туз тотгани йўқ. Илоҳим, ширин-ширин қизларингиздан қайтсин”.
Она болаларига ўз оғзи билан бир қошиқ ҳам овқат ўтмаслигини билдиролмай, бошини билинар-билинмас чайқатар эди.
Қамариддин косани қўлига олди. Басида онанинг бошини салгина кўтариб яна бир ёстиқ қўйди. Она бир қошиқдан кейиноқ кўзини юмиб бошқа ичмаслигини билдирди. Фарзандлари унинг ёнида нима қилишни билмай каловланишар, бунга сари онанинг кўнглига бир хаёллар келар эдики, бу хаёллар орасида дил-дилидан Худога ўтинарди: “Ишқилиб тезроқ тузалиб кетайин. Бўлмаса, бу соддагина болаларим эл ичида уялиб қолишади”.
Бироз ўтказиб Басида Қамариддинга овқат олиб кирди, аммо эри қош чимириб рад қилди-да, бош эгганча ўтираверди. Ўғлининг ўзига олиб келинган овқатни қайтарганини кўриб тилига бориб етган сўзларни айта олмай қийналаётган она инграб юборди. Бошининг орқасига кириб ўрнашиб олган товоқдек бир нарса янада оғирлашгандек, катталашгандек бўлди. У билади: тез кунда соғаяди. Ахир кечагидан кўра анча яхши. Кўзлари ҳам хира тортган эди. Мана, равшанлашди. Кеча мана бу қотмагина келинини анчагина қараб туриб кейин таниган эди, бугун юзини аниқ-тиниқ кўряпти.
Бечора келин. Бу ҳам қарибди. Қандай ёқимтой эди. Келин бўлибдики, камгап. Ўзи ҳам шу камгаплиги учун келин қилган. Тўрт ҳовли нарида турадиган қўшниси Манзуранинг қизи. Олти қизнинг олтинчиси. Онаси ўтган йили қазо қилди. Басида баттар камгап бўлиб кетди. Дард-дарди ичида. Ўзи ҳам беш марта қизли бўлди. Худо ўғил бермади. Ҳар гал туғруқхонадан келган Қамариддин йўлига чиқиб, кўзига жавдираган онасига мулзам тортибгина: “Яна қиз-ку, ойи”, дер эди. Аслида у шу хабарни етказгани заҳоти онаси ҳар гал айтадиган бир дунё овутмачоқ гапларини эшитиш учун ҳам уйга шошарди, қолаверса, унинг ота бўлганидан чинакам хурсанд бўладиган одам онаси эди. У ҳар гал:
– Боланинг яхшиси – қиз, Қамаржон. Акангдан кейин қизли ҳам бўлувдик. Жуда чиройли қиз бўладиган эди. Худо ўзига яратган экан. Бир кечада олди-қўйди. Мана энди қизимнинг йўқлиги ҳам билинмайди. Улар сеники эмас, меники. Менга қолса еттита қизинг бўлса. Турмушга берсанг-у, ҳафтада бир мартадан келишса, ҳар куни уйимиз тўлади, болам. Сен шошилма, қиз берган Худо ўғилниям беради… – дерди.
Қамариддин учинчи, тўртинчи, бешинчи марта қизли бўлганини биргина акасига айтишга жуда қийналганди. Акасида бир эмас, уч ўғил. Сайфиддин бу янгиликни телефонда эшитадими, укасининг ўз оғзиданми, ишқилиб, Қамариддинни мазах қилмай қўймасди.
– Қамар, ўзинг ҳам қиз боладай юмшоқсан, – дерди у.
Гап Қамариддиннинг хотини тўғрисида айланишиб қолса:
– Хотининг ҳам қиз кўпайтиришда онасидан таълим олган экан-да, – деб писанда қилар эди.
У акасининг гапларидан сира ранжимаган. Негаки акаси ўзидан етти ёш катта бўлганидан эсини таниган вақтларда ҳам, унинг елкасида ўтириб эркаланганлари кўз олдидан кетмайди, қичқириб кулганлари ўз қулоғига эшитилаверади. Қамариддинга, онасининг сўзи билан айтганда, “кичик ўғлининг дунёга келганини ҳам кўролмай кетган” отасининг йўқлиги у қадар сезилмаган.
Тошкентда ўқиб, ўша ерда ишлаб қолган Сайфиддин чирчиқлик курсдошига уйланди. Ишлари юришиб, катта ташкилотга раҳбар бўлиб кетди. Онаси Қамариддин янги уйланган вақтларда бу йигирма сотихли, илон тилидай узун ҳовлининг этагига ўзлари ўтирган уйга қаратиб Сайфиддин учун бир уй солиш кераклигини бот-бот такрорларди. Кейинги йилларда негадир шу гапини айтмай қўйди.
Қамариддин девордаги соатга тез-тез қарар, ҳамшира бу гал ҳам кечикмаса эди, деб асабийлашар эди. Бирдан дарвоза олдига қандайдир машина шитоб билан келиб тўхтади-ю, тахмон пардаларини тўғрилаётган Басида, онасининг оёғини уқалашга ўтган Қамариддин бир-бирларига шошиб қарашди.
– Акам шекилли, – Қамариддиннинг кўзида ғалати бир қувонч учқунлади.
Иккиси ҳовлига отилишди. Сайфиддин икки, икки ярим ойда бир келади. Ишлари кўп, ахир. Оиласи билан келган вақтлари жуда кам бўлган. Келганда ҳам онасининг соғлиги, аҳволини суриштиради, тезгина мактабга хабар юборилиб чақиртирилган Қамариддин билан сўзлашиб, унинг ишлари ҳақида сўрайди, соатлаб дарс ўтишга қандай тоқат қилишига ҳайрон бўлиб, ҳар гал бошини сарак-сарак қилади, қизларининг ўқишларини сўрайди, ҳовлининг боғ томонини айланиб мевали дарахтлар, сабзавотларни томоша қилади. Кейин шундайгина кўчалари бошидаги гузарга чиқиб кетади. Бу ерда қишлоқнинг катта ёшли кишилари шом маҳалигача гаплашиб ўтиришади. Сайфиддиннинг келганини унинг машинаси мотори совумасданоқ билишади. Кўчадаги суҳбат ҳам жонига тегиб, уйига кириб кетганлар Сайфиддин келган бўлса зерикмаймиз, деб ёки янгиликлардан қолиб кетмайлик деб, бир-бирларини хабарлаб чиқиб келади. Уларнинг кўпи дадасининг ошналари бўлганидан Сайфиддинни ўз ўғилларидек кўрадилар. Яна унинг кам келиши танишлар орасида бир қадар қадрини оширади.
Сайфиддин уларнинг ҳаммасидан ҳол-аҳвол сўрайди. Шаҳардаги ишлари, энг муҳим янгиликлар, ўғилларининг ақлли экани, онасини олиб кетай, деса кўнмаётгани, укасига ҳам яхши иш топиб бериши мумкинлиги-ю, унинг эса шу ерда ҳам яхши, ака, дейишдан нарига ўтмагани, уларнинг яшашни билмаётганларигача гапиради. Маҳалладагиларга, айниқса, Тошкентнинг кундан-кунга ўзгараётгани, янги ихтиролар ва шунга ўхшашлар тўғрисидаги хабарлар жуда ёқиб тушади.
Сайфиддин қўлидаги нон, қанд-қурсни Басидага тутқазиб, Қамариддин билан қучоқлашаётганда хавотир билан “Нима гап?” деди-ю, жавобини ҳам кутмай, уйга югурди. Каравот ёнига тиз чўкканча, онасининг қўлидан тутиб, юзига тикилиб анча вақт жим қолиб кетди. Кейин орқасида бўйнини қисиб турган Қамариддинга “Хўш”, дегандек қаради.
– Тўрт кун бўлди: боғда у-бу ишлар билан айланиб юрувдик, бирдан “Сал мазам бўлмаяпти”, дедилар. Уйга етаклаб олиб келдим. Жой қилиб ётқизиб Шокиржон акани айтиб чиққунимча, шунақа бўлиб қолдилар.
Сайфиддин жаҳл билан қараб нимадир демоқчи бўлган эди, она томоқ қиришга ўхшаш бир овоз чиқарди.
– Ойи, мени эшитяпсизми? Ойи, уйғоқмисиз?
Қамариддиннинг кўзига ёш қуйилди. Ахир акаси онасининг овозини эшитолмайди. Ишқилиб, Худо тезроқ шифо берсин.
– Нега гапирмаяптилар? Нима бўлди ўзи? Яхши юрган эдилар-ку, – Сайфиддин укасининг қўлидан тортиб ёнига ўтирғизди. – Дўхтирга кўрсатдингми? Нима дейишди? Сендан сўраяпман, Қамар!
Қамариддин ёш боладай бурнини торта-торта:
– Аввал сал-сал гапириб тушунтираётгандилар. Икки кундан бери… – Қамариддин ҳиқиллаб тўхтаб қолди.
– Нима “икки кундан бери”?
Уканинг қолган гапи йиғи аралаш бўғиқ чиқди:
– Гапирмаяптилар.
Сайфиддин онасининг юзига тикилди. Пешонасини силади. Салобатига ярашмаган илтижоли товушда:
– Ойи, эшитяпсизми, мен келдим, – деди.
Қамариддин ўрнидан туриб деразага яқинлашганча, тинмай кўзига рўмолча босар эди.
“Сайфижоним, ўзингмисан? Келдингми, болам? Хайрият. Жуда соғинган эдим. Сени бағримга босолмайман, ҳолим йўқ, ўғлим. Ҳидларингни соғиндим. Ана, уйга ҳидларинг тўлиб кетди. Чақалоқлигингда ҳам худди шу ҳидни уйимизга олиб келгандинг. Яқинроқ кел. Юзимга юзингни қўй, елкаларимдан тутиб кўтаргин, қучоқлашиб кўришаман девдим-а”.
Она ғамгин ингради. Сайфиддин даст ўрнидан туриб кетди. Ушоққина гавдаси кейинги кунларда яна-да кичиклашиб қолган укасига яқин келди.
– Менга қара, қайси дўхтир кўрди ўзи?
– Шокиржон акани чақирувдим, “Энг тўғри йўл – шу: қимирлатмайсиз, безовта қилмайсиз. Худо шифо берса, секин-секин яхши бўлиб кетадилар”, деди.
– Топган одамини-чи бунинг. Худо деб ўтиравергин, дейишга ўқиган эканми касофат? Укол қилмадими? Нимага касалхонага ётқизмади?
– Укол оляптилар, ака. Бирпасдан кейин Феруза чиқиб укол қилиб кетади.
– Эй, сен нима деяпсан ўзи-а? Нима қилиб қўйганингни биласанми? Тамом қилибсан-ку онамни.
Она эса бошини сарак-сарак қилар эди:
“Ўғлим, ундай дема. Мен яхшиман. Кечагидан анча яхшиман-ку. Қўй, уришма укангни. Неча кундан бери кечаси ҳам уйқу йўқ боламда. Ундан кўра кўнглини кўтарсанг-чи. Сенга қўнғироқ қилдирганига ҳам уч кун бўлди. Шу уч кун менга уч йил бўлиб кетди, болам. Мен тузалиб қоламан, ҳеч қаерим оғриётгани йўқ. Сен қўлимни ушлаб ўтиргин. Иккаланг ёнимда бўлсанг энг яхши даво – шу”.
Сайфиддин укасини деярли итариб юбориб, вайсаганича, кўчага юрди. Она унинг муддаосини тушуниб турарди. Аллақанақа одамларга кўрсатмоқчи.
“Сайфижон, жон болам, керакмас. Мени бегоналарга рўпара қилма. Уканг қаратяпти. Тузукман ахир”.
Она яна юракни эзадиган овозда инграй бошлади.
Сайфиддин олдин келганда ҳам уйда кўп туролмас, онасининг сўроқлари тугаганда кўчага отланарди. Она эса келинига айтиб энг тансиқ овқатларни тайёрлатар, у кўчадан киргунча дастурхонни туршак, қанд-қурсга тўлдириб юборарди. Сайфиддин чарчаганидан бўлса керак, тез ухлаб қоларди. Онаси туни билан унинг юзига тикилиб ўтирарди. Эрталаб она келинини шошириб дастурхон тузаттирар, лекин ўғли тура солиб жўнаб қолар, онасининг ҳай-ҳайлашига ҳам қарамасди. Она куни бўйи ўғлининг наҳор кетганидан келинига, Қамариддинга, набираларига шикоят қилиб юрар, шаҳардаги катта келинини, болаларини олиб келмагани учун яниб қўярди.
Сайфиддин туман марказидан бир шифокорни олиб келди. У ҳам “Энди беморни қимирлатмаган маъқул”, – деди-ю, Сайфиддиннинг “Нима керак бўлса топиб келаман”, – деган гапидан сўнг қоғозни тўлдириб нималарнидир ёзди.
Сайфиддин у билан чиққанича, бир халта дори-дармон кўтариб келди. Она тинмай инграр, укол-дориларсиз тезроқ тузалишига ишониб турганини айтолмай баттар азоб чекарди.
Кечки пайтга бориб она бирмунча тинчланди. Қамариддин деярли товуш чиқармас, Сайфиддин эса баланд овозда гапириб ўрганган, у гапирганида онасининг қовоқлари бироз кўтарилар, лекин кўзлари очилмасди. Сайфиддин токчадаги ўзи олиб келган елимхалтани очиб, ичидан юмшоқ нон олди-да, онасига яқин келди. Ҳозир лабини қимирлатишга ҳам ҳоли бўлмаган онага нон ейиш ҳақида гапириш жуда ноўрин бўлса-да, бошқа гап тополмай:
– Ойи, ейсизми, сиз яхши кўрган нондан олиб келувдим, – деди.
“Ўғлим, бошимда бир оғир нарса бор-да. Шундан қутулсам отдек бўлиб кетаман. Укангнинг туғилган кунига келасанми, деб роса кўз тутдим. Ўзинг-ку, майли, лоақал Санжарбекни юбормайсан. Ахир катта йигит бўлиб қолди. Ўтган гал борганимда менга бир қизнинг расмини кўрсатувди. Яхши кўрар эмиш. Сизларга айтгани уялармиш. Кейинги гал келганимда бир йўла ойинг билан совчиликка борамиз, деган эдим. Тағин бошқа дарвозани очиб қўймагин, демоқчийдим. Сен келганингда гапиролмай ўтирганимни қара. Эсингдами, уйингга яқин жойдаги кабобпаздан кабоб олиб бергандинг. Хотининг мақтаганича бор экан. Мазаси оғзимда қолувди. Қайси куни бирам егим келди. Тўрттагина кўтариб келиб қолса-я, деб кечгача эшикка қарабман. Одам ёши улғайгани сари гўдак бўлиб қоларкан-да. Бу сафар келса, бирга кетиб Тошкентларни айланиб икки-уч кун туриб келаман, деб турувдим. Майли, яхши бўлиб қоларман. Болаларингни нега олиб келмадинг-а? Шунақа соғиндимки. Айтган билан тушунармидинг. Ҳали ўзинг ҳам набирали бўларсан. Билсанг, сенга айтадиган гапларим кўп эди”.
Беморни кўришга чиққан икки қўшнини Басида уйга бошлаб кирди. Улар овоз чиқармай имо-ишора билан салом-алик қилишиб, бош чайқашар, шундай ажойиб қўшниларининг бирдан бундай бўлиб қолганига ачинишарди. Сайфиддин ҳовлига чиқди. Сўри ёнида турган Қамариддинни яна айблай кетди:
– Одам ҳам шунақа бепарво бўладими? Бундоқ яхшироқ яшашниям ўйлаш керак-да. Қачон қарама, ойим ё жўякнинг орасида, ё молхонада. Боқолмасанг айтгин эди, ўзим мажбурлаб бўлса ҳам олиб кетардим.
Йўғон ток зангига қўл тираб турган Қамариддин деди:
– Қўйинг, ўзимиз қиламиз десам, ҳеч кўнмайдилар, зерикиб қоламан, дейдилар.
Сайфиддиннинг жовлишлари қўшнилар чиқиб кетиб, ака-ука уйга киришганида ҳам тинмади. Бу вақтда она енгил хуррак тортиб ухламоқда эди.
– Ўзинг ҳам жуда бўшанг бўлдинг-да. Иккита китоб қўлтиқлаб мактабингга бориб келган билан бўлди-кетдими? Шунча уддасизлигинг устига яна мол кўпайтирганингга одамнинг ғаши келади. Ҳадеб хотиннинг измига йўрғалагунча, ўз каллангни ҳам ишга солсанг бўлмайдими?
Қамариддин акасининг олдинги гапини эшитиб, сут-қатиғи қизларидан ортмайдиган сигирини кўз олдига келтираётган эди, кейинги гапидан сўнг ер остидан дастурхонга нон келтириб қўяётган Басидага қаради. Басиданинг юзи хиёл оқариб тушди-ю, ўзи тезгина ҳовлига чиқиб кетди. Қамариддин билди: акаси атайин шундай қилди. Басида ўзи ҳақидаги фикримни эшитсин, деди. Бўлмаса, йўқлигида ҳам айтаверарди. Қамариддин барибир акасининг келганига хурсанд эди. Кеча маҳалла раиси кириб онасини кўриб чиқар экан, Қамариддинга ачиниб қараганида, у ўзини жуда ёлғиз, ожиз сезган эди. Ким билсин, чиндан ҳам, Шокиржон ака яхши дўхтир эмасдир. Акаси ҳам бир нарсани билса керак-да, ўзи ҳаракат қиляпти. Шояд онаси тезроқ тузалса. Акаси нима деса ҳам майли. Мана, ҳалиям бир нарсалар деяпти.
Чиндан ҳам, Сайфиддин тинмай жаврар, шунча ишлаб уйини замонавий таъмир қилмагани учун укасини зиқналикда айбларди. Эртага эл-халқ келса, ўзига кулиб кетиши ҳақида ҳам гапирар, Қамариддин эса эл-халқнинг қачон келиб, қачон кулиб кетишини англаб етмас, фикри-ёди онасининг тезроқ кўзини очиб, тезроқ гапириши, соғинган ўғлини кўриши, жуда хурсанд бўлиб кетиши ҳақидаги хаёллар билан банд эди. У гап топиб жавоб қилишни ўйламасди. Хаёллари бетартиб эди.
Бирдан она қўли билан ўз пешонасини силаб, устидаги енгил тўшак четини қайирди. Ўғиллари шошиб унга қарашди. Қамариддин онасининг хурраги қачон тинганини сезмай қолганидан ажабланиб, хаёлида: “Акам тўғри айтади: ўзим ҳам онамга бепарвоман”, – деб ўйлади. Икки ўғил каравотга яқин келиб, оналарининг юзига тикилишар, она эса буни сезиб турарди.
“Сайфижон, ўғлим, сен укангдан бекор хафа бўляпсан. Хотиниям, ўзиям қачон бир нарса десам, хўп деб бош эгиб туради. Келиним ҳам тиллага бергисиз чиқди. Ҳали укангга тик қараб гапирган эмас. Биттагина уканг, аҳил бўлинглар, дейман. Сен ҳам ўша ёқларда қолиб кетмассан. Қайтиб ҳам келарсан. Олдинлари ҳовлини икковингизга бўлиб бераман, деб юрардим. Кейин ўйласам, мана укангнинг рўзғори ҳам катта бўлиб кетди. Яхшиси, сенга қишлоқнинг чиқаверишидан участка олсак. Балки бирор боғ сотилиб қолар. Уканг ҳам қараб турмайди: боғдаги деҳқончилиги, қўй-пўйи дегандек, сотиб, пулини беради. Яхши бўлиб қолишим билан ўзим ҳам пенсиямни жамғаришга киришаман. Ўғил уйлашингдан аввал шу ишни битирамиз, болам”.
Сайфиддин ҳомуза тортди – йўлда чарчаган эди. Қамариддин ҳушёрлик билан буни илғаб, Басидани жой солдириш учун чақирди.
Кечки пайт Сайфиддин телефонда ким биландир қаттиқ овозда гаплашди. Онасининг оғир бетоблигини, уч-тўрт кун боролмаслигини, у ёғига ҳам бир нима деб бўлмаслигини айтди. Она безовта бўлди. Қамариддин шунча оғиз жуфтлади-ю, лекин акасига: “Ташқарида гаплашинг, ойим эшитмасинлар”, – дея олмади. Шу куни онанинг инграшлари кўпайди. Ҳамшира ҳам укол қилишга қийналиб кетди. Уялганиданми ё чинданми, “Томирларида укол юрмаяпти”, – деб қўйди. Сайфиддин ўша шифокорни олиб келди. У узоқ эшитиб, текширди. Хонадан индамай чиқди. Дарвоза олдидагина Сайфиддинга нималардир деди.
Шу кеча тун йил бўлиб кетди. Эрталаб Сайфиддин негадир бесаранжом бўлди. Саҳарда Мингбулоқда яшайдиган якка-ягона тоғалари, қишлоқнинг Ёнғоқзор деб аталган бир бурчида деҳқончилик қиладиган кичик амакилари қаердандир эшитиб етиб келишди. Қамариддин ғалати алфозга тушди. Келганлар жуда ғамгин эди. Қўшни хола ҳаммани сўрига чиқарди. Дам соладиган одамни топтириб келди. Катталарнинг гапи билан кўргани келаётганлар ҳам бошқа уйдан кузатиладиган бўлди, онанинг ёнига ўғилларидан бошқа ҳеч кимни киритмай қўйишди. Бу вақтда онанинг кўзлари қовоқ ичида айланар, баъзида енгил хуррак билан ухлар эди. Ҳамшира бу гал уколларни қийналмай томирдан юборди. У чиқиб кетгач, она бир амаллаб кўзини очди. Ўғилларининг ташвишли кўзлари унга оғир ботди.
“Болаларим, мен тузалиб кетаман. Сизлар ҳам Худодан сўранглар. Ҳозирданоқ иккингиз намоз бошланг. Менинг ҳали қиладиган ишларим кўп”.
Шу вақтда Сайфиддин томдан тараша тушгандек:
– Ойи, мени кўряпсизми? – деди. Она “Ҳа”, деган ишора билан кўзини бир юмиб очди. Шунда Сайфиддин Қамариддиннинг ҳам асабига қаттиқ ботадиган бир саволни берди:
– Мен кимман?
Она кўзини чирт юмди, аввалгидан ҳам дардлироқ ингради. Шундан кейин қайтиб кўз очмади, эрталабгача жим ётди. Хуррак ҳам тортмади. Тонгдаёқ беморни кўргани келганлар сўрини тўлдирди. Сайфиддин ўзини шаҳардан туриб йўқлаётган ишхонасидагилар билан телефонда сўзлашар экан, ташқарига – кўпчилик олдига чиқишдан кўра шу ерда жавоб қилишни маъқул топди. Карахт ҳолдаги Қамариддин ўз онасининг ўлимини у қадар куюнмай кутиб турган акасининг юзига ажабланиб қарар, онасининг бирдан ётиб қолгани, акасининг ҳар галгидек, эрта туриб кетолмай, зарур ишларини телефонда кимларгадир тайинлаётгани, қариндошлар, қўшниларнинг маъюсланиб ҳовлида юришлари – ҳамма-ҳаммаси бир узун тушдек туюларди. Чошгоҳда Сайфиддин соатга қараб безовта бўлди. Узоқ жимликдан сўнг укаси ва тоғасига:
– Мен уйга бориб болаларни олиб келай. Бунақада кечасига борадилар шекилли, – деди.
Қамариддин чидолмади. Акасига бурилар экан, қатъий, лекин паст овозда хитоб қилди:
– Бас қилинг!
Сайфиддин ёнида турган тоғасига:
– Буни қаранг, ўзи пишириб ҳаққа етказиб бўлди. Яна дўқ уриши ортиқча, – деди. Кейин онасининг қўлини ушлаб ранги оқариб турган Қамариддинга яқин келди-да, пишқириб кетди. – Сен тузук одам бўлганингда онамни касал бўлган заҳоти марказга етказиб бормасмидинг. Мана, онам, сенинг болаларингни опичлаб катта қилиб, рўзғорингни бутлайман, деб охири тугаб бўлди. Сен ҳам эркакмисан? Мактабингга эрталаб кетганингча, кечқурун келасан. Ўзинг эплаб қарамагандан кейин нима қиласан боғ экиб?
Тоға ўртага тушмаса, яна қанча гаплар Сайфиддиннинг ичида қолиб кетмай чиқиб келар эди. Қамариддин онасидан кўз узмай турар, юзи, жаҳлданми, бўтакадай қизарган эди. У фақат онасининг бу гапларни эшитмаётганига умид қиларди. Негаки, онаси бақир-чақир, уруш-жанжални ёмон кўрар, бирор қўшнининг уйидан қаттиқ овоз, йиғи-сиғи эшитилса, руҳи чўкарди.
…Она жим ётар, энди киприклари ҳам қимирламас, фақат кўнгли уйғоқ, хотири бут эди. Жон кўнгил билан бир бўлар экан. Ким билсин, кўнгил жоннинг ичидами ё жон кўнгил деганими. Кўнгилни дунёсидан узиш нечоғлиқ қийин. Танангдаги бирор узвинг панд бериб, ўз ишини бажармай қўйса, ноилож, кетишга тўғри келади. Бироқ фикрингдан нималардир ўтиб турар экан, ўша фикрларнинг ўзи дунёсида қолмоқ учун бир илинж. Энг охири таслим бўлувчи ҳам шу илинж, шу умид.
Онанинг кейинги сўзлари, тўғрироғи, ўйлари жонидан ортиқ билгани, кам кўришиб кўп соғингани Сайфиддинга қаратилган эди:
“Сайфи, сен нега келгандинг ўзи? Қани энди касалимни эшитмаган, келмаган бўлсанг. Сени шу умидда ўстирганмидим? Мени ўз оғзинг билан кечаси ўлади, деб турибсан-а? Онангман-ку. Даданг бетоб бўлганида, сен гўдак эдинг, лекин даданг менга: “Шаҳодат, мен ўғлимга ишонаман. Сени кафтида тутади, сира йиғлатмайди”, – деган эди. Келмаганингда уканг мени оёққа турғизиб оларди”. Онанинг юзида нимгина жилмайиш кўрингандек бўлди. “Қамаржоним, мени кечир, тўйларингда ёнингда туролмас эканман. Кўзимга бувинг билан бобонг кўриняпти, ана, даданг ҳам. Қизларингни эҳтиёт қил. Аканг ҳали сени кўп ранжитади. Барибир алоқангни узма. Одамлар нима дейди? Мен ҳам отангга нима дейман? Шу гапларимни ўзингга айтсам қанийди. Мендан рози…”
Онанинг бошида нимадир қайноқ симдек “чирс” этди…
Таъзияда одам кўп бўлди. Онанинг шаҳардаги келини, набираларини Сайфиддиннинг ҳайдовчиси ташлаб кетди. Хотинлар чуввос солишди. Қамариддиннинг қизлари йиғидан кўзлари қизариб “бувим”лаб юришар, бувисини жуда яхши кўрадиган Санжар овоз чиқармаса ҳам, тинмай йиғлар, икки укаси эса ҳайрон бўлганча, йиғламсираб четда туришар, Басидани латта-путта ё бошқа юмуш билан ҳар томонга чақиришар, Қамариддин эса кўраётганлари ўнги эканига ҳали ҳам ишонмас, ўзи суратга айлангандек аҳволда катталар нима деса сўзсиз бажарар, тилига бир калима сўз, кўзига бир томчи ёш келмасди. Орада хотинларнинг йиғисини Сайфиддиннинг “Онам-ов”лаб йиғлагани босиб тушар, шунда бошқаларнинг ҳам йиғиси томоғидан отилиб келар эди.
Тупроққа қўйиб келишганидан сўнг ҳолсиз, икки букилган Қамариддинни узоқроқ қариндошлари Раим ака холи жойга чақириб:
– Ўзингни тут, ўлим ҳақ. Ҳаммамизнинг бошимизда бор. Энди мана бу узоқдан келган меҳмонларга қара. Улар – Шаҳодатнинг меҳмонлари. Яхши кузатсанг, онангнинг руҳи шод бўлади, – деди.
Қамариддин қўшниси Азамат ака жой ҳозирлаш учун тахта сўрагани сабаб ертўлага тушди. Тахталардан бирини тортаётганда тепадан аёлларнинг гаплари эшитилди:
– Сайфиддин ёмон куйиб кетди, бечора. Онасига жуда меҳрибон эди-да. Шаҳодат опам ҳам уни яхши кўрарди, – деди улардан бири. Бошқаси гапга аралашди:
– Рост айтасиз. Уйдаги ўғилнинг овози ҳам чиқмади.
– Тўғри, йиғламаса ҳам, жуда ғалати бўлар экан, – деди яна бошқаси.
Қамариддин битта тахтани олиб чиқиб ташқарига қўйди-ю, бир нуқтага тикилганича, қолиб кетди. Бошқалар чақириб бирор ишга буюрмасалар, ўзига келиши гумон эди.
Бу кеча энг қора кеча бўлди. Осмонда ой ҳам йўқ. Сайфиддин ётган заҳоти уйқуга кетди. Қамариддин онасининг каравотига термилганича, кўзига бир чимдим уйқу келмай тонг оттирди.
Сайфиддин бир ҳафтадан сўнг ишларимни битириб келарман, деб кетди. Шу билан қирққа бир кун қолганда келди. Хотини ҳам бир тоғора қатлама пишириб келди. Маросимнинг эртасига нонуштадан сўнг боғ томонга ўтиб ҳаяллаган акасининг кетидан кирган Қамариддин унинг теракларнинг бўйига қараб айланиб юрганини кўриб ажабланди. Акам дов-дарахтга қизиқяпти, шекилли. Зора қишлоққа қайтиб келса, дея кўнглидан ўтказди у. Акаси Тошкентга қайтиб кетганидан то шу кунгача у онасисиз ўзини жуда ғариб, ёлғиз сезиб ҳар куни Сайфиддиннинг кириб келишини кутган, келган заҳоти қучоқлаб: “Энди кетманг, шу ерда қолинг”, – дейишни дилига туккан эди. Акаси келганда эса бундай қилолмади.
Сайфиддиннинг нега боғ айлангани кейин маълум бўлди. Бир ойдан сўнг у қўшни маҳалладаги теракфурушлар билан кириб келди. Марзадан пастдаги ҳамма теракларни баҳолатди. Укаси-ку, изоҳ сўролмасди, лекин ҳайрон бўлиб турганини кўриб яқинига келди-да тушунтирди:
– Ойим ҳов бир гал келганимда боғ сеники. Борлигимда тенг бўлиб ўлчаб ол, мева-чевасиям сенга, девдилар.
Қамариддин гапнинг ёлғонлигини билди, чунки онаси ҳеч қачон тириклигимда ундай қилинглар, демасди. Ана, Гулшан хола, тўқсон етти ёшга кирди. Жуда тетик бўлмасаям, болаларининг давлати бўлиб ўтирибди. Онаси эса энди олтмиш икки ёш бўлганди. Бирор марта соғлиғидан шикоят қилмасди. Акаси уни бепарволикда айблаганида, ўзи ҳам ўзини айбдор деб билиб ич-этини еб юрганди. Бунинг устига аканинг қайтиб келиб шу ерда яшаши ҳақидаги умидлари ҳам бирпасда чиппакка чиқди.
Эртасига ўнга яқин одам келиб, теракларни кесишга тушишди. Қамариддин узун арқон топиб берди-ю, неча йилдан бери бўйига ҳавас қилиб қараб юргани – теракларнинг кесилишига қараб туролмаслигини англаб, уйга кириб кетди. Тераклар ҳар гал гурсиллаб тушганида, кўксида нимадир узилар, кўнглига оғир-оғир тошлар қулаган каби бўлар эди. Деразанинг энг юқори ойнасидан унга сўнгги марта қўл силкиётган адл теракларнинг учларига қараганча, ориқ юзини икки қўли орасига олиб ўтирган Қамариддин елкасига келиб теккан қўлни сезиб ортига қайрилди: катта қизи чойнак-пиёла ушлаб турарди:
– Дада, сиқилманг, мана, ойим қайноқ чой олиб кир, дегандилар. Ичинг.
Қамариддин қизини бағрига босди. Хўрлиги келди, лекин кўзёшини амаллаб ичига ютди.У ҳамиша қизлари олдида ночор кўринмасликка тиришарди.
– Боғдагиларга ҳам чой бердингларми? – сўради ундан. Қизи бош силкиди. Икки соатча вақт ўтиб, боғдан Мурод теракфуруш чиқиб келди:
– Ука, энди “Ҳа” деб юборсангиз, теракларни ташқарига чиқариб олсак.
Қамариддин боғ томонга ўтди-ю, ҳанг-манг бўлиб қолди. Бор экинлар бетартиб қулатилган теракларнинг йўғон таналарию қуюқ шох-шаббалари остида пайҳон бўлиб ётарди. Энг ёмони – онаси ўз қўли билан кўтариб боғлаган помидор пояларидан бирортаси ҳам тик қолмаган эди. Унинг кўзидан ўт чиқиб кетди. Онаси истакларни шундай текис боғлар эдики, ҳамма қўшнилар ҳавас қиларди.
Ишини тугатиб кетаётган теракфуруш раҳмат айтиш учун Қамариддинга яқин келди.
– Шуни кузда кесса бўлмасмиди? – деди Қамариддин.
– Экинлар пайҳон бўлганига айтасиз-да, – деди Мурод теракчи бироз ўнғайсизланиб, – Сайфиддин акам кесаверинглар, экинининг пулини бераман, дегандилар.
– Чеккадаям жой бор эди-ю… – Қамариддин гапининг давомини айтолмай кириб кетди.
Ёз охирларида Сайфиддин бир неча киши билан келди. Қамариддин ҳали ишда эди. Ҳаммалари боғ томонга ўтиб кетишди. Басида ҳайрон бўлиб, қизларидан бирини дадасини чақириб келишга жўнатди.
Сайфиддин укаси билан яхшигина саломлашгач, уни ўзи билан келган қориндор кишининг ёнига бошлаб борди:
– Бу киши менинг жойимга харидор. Ўзинг биласан, дача қиляпман. Ойим айтганларидек, ўлчаб иккига бўлайлик, деб марказдан Мақсуд аканиям олиб келдим, – деди у нарида турганларга ишора қилиб. – Боғ томонни нархласак, пулини дачага ишлатардим.
Тахтадек қотган Қамариддин, ўзи сезмаган ҳолда, бошини сарак-сарак қилар эди. Бироздан сўнг у, ҳамманинг ҳайрон қараб турганини кўриб, шошиб қолди-да:
– Яхши, ака, – деди. Унинг сўзидан дадилланган акаси яна бағритошлик билан:
– Энди иккаламизнинг ҳам ўз улушимиз бор-да. Ундан кейин сенинг болаларинг ҳаммаси – қиз. Чиқариб юборганингдан кейин сенга жойнинг ҳам кераги бўлмайди, – деди.
Қамариддиннинг бошида бир оғриқ турди, кўкси ачишди. Терс бурилиб, уйига кириб кетди.
Нархлар ҳар икки томонда икки хил бўлиб, секин-секин икки томон бир-бирига яқин бўлувидан белги топди. Бироқ харидор яна бир нарса деди-ю, тортишув бошланди. Сайфиддин хит бўлиб Қамариддиннинг олдига кирди. Акасининг бу тарзда шошилинч қарор беришлари, ҳамма нарсада ўз фикрини тўғри деб ўйлашлари, укасини бир оғиз огоҳлантириб қўйишни ҳам лозим топмай, бир вақтлар чопқиллашиб катта бўлган ҳовлиларини ҳеч кўнгли бузилмай сотиш фикрига тушишларидан лол бўлиб, бутунлай гарангсиб қолган Қамариддин акасининг яна бир марта томдан тараша ташлашига амин бўлиб даст ўрнидан турди. Ҳозиргина оёқларида жон йўқ эди, аммо аллақандай куч гўё уни туртиб, турғазиб юборди. Сайфиддин укасига бирпас тикилиб турди-да:
– Ё ўзинг олиб қўя қоласанми ? – деди.
Ака чиндан ҳам у сира кутмаган таклифни бермоқда эди. Буни қара-я. Шу нарса хаёлига келмабди. Балки, кейинроқ келарди, аммо унда кеч бўларди. Акаси барибир ақлли. Энди нима қилиш керак? Ахир бу – ўзининг боғи. Тўғри, ичида деярли экини қолмади. Ҳатто мевали дарахтлар ҳам терак кесилганда халақит бергани учун кесилди ё синиб кетди.
Қамариддин боғнинг нархини эшитиб, бир чўчиб тушди, лекин бугун олмаса, кейин афсус қилади.
Бироздан сўнг у маҳалласидаги синфдош оғайнисининг уйига шошиб борарди. Умарнинг пули бор. Кейин бераман, деса, йўқ демас. Сира бировдан қарз сўрамаган эди. Умарга нима дейди? Ўзимнинг боғимни сотиб оляпман, демайди-ку.
Синфдоши жуда ҳайрон бўлди:
– Жуда катта пул-ку, нима қиласан шунча пулни?
– Керак бўлиб қолди. Менга эмас, акамга. Уч кунда ярмини бераман. Сенга зарур бўлмаса, қолганини сал кейинроқ, Умар.
– Нима бўлди ўзи? Ҳовлингдаги теракларниям кесиб сотиб бўлганмишсизлар? Тинчликми ишқилиб?
– Тинчлик, акамга жуда зарур экан-да.
Умар яна бирпас ўйланиб турди. Кейин кириб кетиб, анча вақтдан сўнг машинасини ҳайдаб чиқди. Қамариддин каловланиб Умар очган эшикдан машинага ўтирди.
– Олдим пулни, лекин келаси ой катта товар келадиган жойи бор. Ундан кейин, тўғрисини айтсам, укамга машина оламиз, деб йиғиб тургандик. Иложи бўлса, шу йил олишимиз керак-да. Сайфиддин акамгаям тайинлаб қўяйин, уйингдамилар ҳозир?
Қамариддин шошиб қолди. Кўзларини катта-катта очганча, ошнасининг елкасидан ушлади.
– Умар, менга ишонмайсанми? Бераман. Сенга зарур бўлиб қолса бошқадан олиб бўлса ҳам бераман. Ҳозир уйимга бормагин. Бошқа куни борарсан. Тўхтатгин машинангни.
Умарнинг ҳайронлиги яна ортди. Машинани тўхтатмай туриб деди:
– Шунча пул оғир бўларкан-да. Қандай кўтарасан? Ташлаб қўяверай.
Қамариддин рулга ёпишди:
– Кўтариб кетавераман. Овора бўлма. Пул берганингнинг ўзиям катта гап.
Умар машинани четга олди. Орқа ўриндиқдан катта бозор сумкани тортиб чиқарди. Кейин ошнасининг қўлидан ушлаб тўхтатди:
– Қамариддин, ўзингни жуда олдирибсан. Нима бўляпти? Менга айтарсан ахир. Яқин орада рангингга бир қарадингми ўзи?
Қамариддин лаблари титраётганини сездирмаслик учун оғзини қаттиқ юмиб бирпас турди-да:
– Ҳеч нарса бўлгани йўқ, – деди ва сумкани ортмоқлаб тузук раҳмат ҳам айтолмай тез-тез юриб узоқлашди…
Сайфиддин шу кетганича, негадир жимжит бўлиб кетди. Авваллари Қамариддин ўзида телефон бўлмаганидан кўчадан ё бирор ўртоғиникидан қўнғироқ қилиб турарди. Энди эса, мана акасининг кетганига икки ой бўлдики, уканинг ҳам акадан ҳол сўрагулик кайфияти йўқ .
Бир ҳафта аввал Қамариддин ойлик маошини эртароқ олиш учун ариза ёзган эди. Мана, бугун олди. Уйда бирор улоқчаси ҳам қолмади. Ҳаммаси сотилди. Бугунги маошиниям Умарга берса, анча енгиллайди. Гарчи Умар “Ўзингни қийнама, қолганини келаси йил берсанг ҳам майли”, – деган бўлса-да, барибир қарз – қарз. Қанча тез тўласа, шунча яхши.
Кейинги ойларда кайфияти бугунгидек яхши бўлмаганди. Ҳозир бозорчадан қизларига бирор нарса харид қилади. Шу хаёлда уч-тўрт қадам ташлаган эди, катта дорихона олдида турган сотувчи Қамариддинни кўриб унга яқинлашди:
– Домла, яхши юрибсизми? Жуда хижолатли-ку, лекин бизники ҳам ҳисобли иш-да. Агар ҳозир иложингиз бўлса, ўшанда холам учун олинган уколларнинг пулини ташлаб кетсангиз. Сайфиддин акам уйдагилардан бериб юбораман, дегандилар.
Қамариддиннинг ранги қум ўчди. Қанча вақт сотувчининг олдида тургани-ю, сотувчи нималар деганини ҳам билмайди. Ўзига келганида, сотувчи юринг деган бўлса керакки, дорихона ичида турарди. У пулни тўлади. Бунақа тўлашлар нима экан. Бир умр тўлайсан. Гоҳо пул, гоҳо товон. Фақат… пулни тўлаётганда ич-ичидан бир қалтироқ келиб, пуллар қўлидан тушиб сочилиб кетишига оз қолди. Буни сотувчи ўзича тушунди.
Қамариддин дорихонадан чиқиб уйига томон кетаркан, ҳеч кимни кўрмас, шунинг учунми, унга қараб бош ирғаб саломлашмоқчи бўлганларни ҳам лол қилиб, жим кетиб борар, назарида бутун дунё бемаъни, совуқ ва ёқимсиз эди. Инсон дунё эртага янада рангли бўлади, дея ишонади. Кўрган яхши кунлари ҳали кўрмаганлари олдида ҳеч нарса эмасдек туюлади. Ҳатто кексаликда ҳам шундай.
Унинг шуурига бирор маъноли фикр келмас, ҳеч нарсани англамас, шунда ҳам оёқлари ўзи ҳар куни юриб ўрганганидан бўлса керак, қадрдон ҳовлиси томонга тўғри юриб борарди. Дарвозасига юз қадам қолгандагина, эсини йиғиб атрофига қаради. Бир дам тўхтаб қолди. Теварак унинг назарида оқ ва қора ранглардангина иборатдек, тезроқ уйига кириб кетмаса, шу ранглардан ҳам фақат биттаси қоладигандек эди.
Ой янги бўлди. Яхши ҳам иш бор, тили бир-биридан ширин қизлари, ҳангоматалаб дўстлари, ҳар бурчаги қадрдон ҳовлиси, ёмғир-қордан сақлайдиган уйи бор. Буларнинг бариси кўзёшини жилмайишга, кўнгил доғини малҳамга, азиятни марҳаматга, аразни кечиримга алмаштиришга қодир.
Қамариддин мактаб биносида эшигига “Тарих хонаси” деб ёзилган ёруғ хонада қоғозларга кўмилиб ўтирарди. Узун йўлакдан эшитилаётган “тақ-туқ” оёқ товушларига ҳайрон бўлиб турган эди, остонада ишга янги келган қиз Заҳро пайдо бўлди.
– Кечирасиз, устоз, сизни кўчада келинойим чақиряптилар.
Қамариддин даст ўрнидан турди. Басида ҳеч қачон мактабга унинг ортидан келмаган. Нима бўлди экан? Ўзи анчадан бери паришонхотир бўлиб юрувди. Ие, ёнидаги катта опаси-ку. Қизларнинг бирортаси… Йўғ-е! Қайси куни опам билан дўхтирга бориб бир кўриниб келай, тобим йўқ деганмиди? Бугун ҳамма ўқитувчилар ҳовлига чиқиб олишганми? Акам келдимикан? Басиданинг боши нега эгик?
Қамариддин оёқлари чалишиб-чалишиб, ўйлари чалкашиб-чалкашиб дарвозадан чиқиб, ўзини кутиб турганларга яқинлашди. Салом берган бўлди.
– Тинчликми, нима гап?
– Ҳа, домлажон, тинчлик, − деди Басиданинг опаси шошиб. − Уйга кетсангиз бирга гаплашиб кетармиз, деб мен чақиртирувдим. Дўхтирга борувдик. Ҳаммаси жойида экан, қизларингизнинг онаси соғ-саломат экан. Шунга хурсанд бўлиб сизга етказай дедим эртароқ.
Басида эса савол назари билан ўзига тикилиб турган эрининг нигоҳига дош беролмай, яна ерга қаради, лекин паст овозда тушунтира бошлади:
– Ҳалиги, опам яна қиз бўлса, ўзингни қийнаб ўтирма, девдилар, кейин… унақа эмас экан.
Қамариддин гапни тушуниб етгунича йўл четидан таниш хотинлар келиб қолишди-ю, Басида билан опаси аёллар билан кўриша кетишди. Қамариддин хўшлашишни ҳам унутиб хотинлар ёнидан ўтиб мактаб ҳовлисига кириб кетди.
Чошгоҳ маҳали у уйга юрмади − онасини йўқлади. Қабр тепасида узоқ ўтирди. Қанча аламлари, ҳасратларининг, кўнгил дардлари-ю андуҳларининг, санаб юрган бахтларию кейинги шодлигининг беҳисоб ёшларини тўкди. Онаси ҳаётлигида айтмаган, лекин ҳозир тирик бўлганида ҳам унинг ўзига барибир ҳеч қачон айтолмайдиган гапларини айтди, айтаверди:
– Ойи… биламан сиз ҳали ҳам тепамизда туриб… бизга тилак тилайсиз. Акамни ҳам, мени ҳам кечирган бўлсангиз керак, ойи. Мана, насиб этса, ўғилли бўларканман. Бир нарса сўрасам… майли дейсизми? Ўғлимнинг отини Сайфиддин қўяман. Чунки… чунки… акамни яхши кўраман. Сизга ваъда бераман. Уни сизнинг кўнглингиздагидек қилиб тарбиялайман. У бизнинг − мен билан акамнинг хатоларини такрорламайди. Мен унга… ҳам дада, ҳам ака бўламан. У менга ҳам ўғил, ҳам ука бўлади, ойи… Мен уни ёлғизлатмайман. У эса бизни бошида кўтаради, кексарганимизда авайлайди. Ваъда бераман, ойижон. Биламан, сиз ўшанда осмонларда туриб биздан жуда хурсанд бўласиз…
Қамариддин айтиб-айтиб йиғлар, кўзёшлари ҳеч тўхтамас, юрак-юрагининг тугунларини бўшатиб, кўнгил ғуборларини ювиб турганида, яхшики, қабристонда ҳеч ким йўқ эди.
“Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 12-сон