Маҳмудхўжа Беҳбудий. Бир вафолик заифани хусусида ҳикоя

Ушбу вақтдин 1500 йил муқаддам Шом вилоятида денгиз лабида Искалун ва ёки Жура номлиқ бир катта шаҳар бор экан. Мазкур шаҳарда бир катта савдогар ва анинг хотуни бор экан ва ўшал савдогарнинг ёши 35 ёшда ва хотуни 24 ёшда экан. Мазкур хотунни эри кемага ўлтуруб олис шаҳарларға сайёҳлик ва савдогарлик қилар экан ва ул савдогар ниҳоятда юраклик ва далер экан ва анинг хотуни ниҳоятда чиройлик ва мулойим хулқлик бўлуб, анинг эри бирлан ошно бўлган одамлар ҳеч бир вақт андин ёмон иш кўрмай ва ёмон сўз эшитмабдурлар ва тамоми шаҳар фуқаролари мазкур эр-хотунни дўстлик тутуб, аларни ­эъзоз қилиб, хусусан, мазкур хотун хусусида айтар эканларким, бул тариқа чиройлик ва мулойим кўнгуллик хотуннинг эри албатта саодатманд ва сарафроз бўлса керак деб. Мазкур хотуннинг отаси уламо бўлуб, ўз қизига ҳар хил илмларни ўргаткон экан ва яна ул хотун уй рўзгориға саранжомлик бўлуб, ўз ишларини қилмоққа яхши саъй ва тараддуд айлар экан ва мундин бошқа ул хотун хушовоз ва фаросатлик бўлуб, бир нағма илан яхши наво қилмоққа ўз табъидин табъи назм қилубдур. Ҳар ким мазкур савдогарға меҳмон бўлган вақтда анинг хотунининг муомаласини кўруб, таажжубга қолиб, ҳар хил истеҳсонни айтар эдилар.
Ул эр-хотун бир-бирлари бирлан дўстлик ва яхши робитада бўлиб турар экан. Эрининг ота-боболаридин бир катта ҳовли мерос қолиб ва ҳар хил мева ва дарахтлик яхши боғ ҳам бор экан. Ўшал боғни ичидағи дарахтларнинг соясида ишлардин форуғ бўлгандин кейин эр-хотун ўлтуруб истироҳат қилар эдилар ва алардин бир ўғул ва бир қиз фарзанд бўлуб ва алар бирлан эрининг онаси бева хотун ҳам истиқомат айлаб, мазкур икки фарзанди ўйнаган вақтда кампир аларни парвариш қилиб турар экан ва уй ичида ҳар хил қийматбаҳолик ва мунаққашлик асбоблар бўлуб, хусусан, хотуннинг ҳаракати илан тамоми иморат ниҳоятда тоза ва покиза ва чиройлик ҳолда турган экан.
Савдо учун ўшал бойнинг 15 адад катта кемаси бор эди ва мазкур кемалари бирлан ўшал бой сандал ва кофур ва жавзи ҳиндий ва бўлак қимматбаҳо нимарсаларни олиб, ҳар хил катта шаҳарларга бориб сотиб, яхши фойда кўрар экан ва ҳам ўз бойлиғини баланд даражаға кўтармакка саъй қилар экан ва хотуни бир неча мартаба хафалик илан ўз эриға айтар эканким: «Худога шукр, бизнинг молимиз кўпдур, ҳар хил ҳожатга кифоя қиладур ва нима сабабдин ул молни кўпайтирмоқни хоҳлайсан ва қаноат қилмайсан?» – деб. Лекин эри аччиғланиб жавоб берар эканким: «Ман бўлак бойлардин каттароқ бой бўлмоқни хоҳлайман ва тамоми бойлардин каттароқ бой бўлуб, ўшал вақтда бечора одамларға хайр ва эҳсон қиламан», – деб. Хотуни ўз кўнглида хафа бўлуб ҳеч нима демабдур ва анинг эри ўттуз адад кема тайёрлаб ва бўлак савдогарлардин насия­ға ҳар хил мол ва ажнос олиб денгизға тушуб жўнади, бир кунда денгизда катта шамол ва тўлқун бўлуб, йигирма-ўттуз кемаси ғарқ бўлди ва қолғон бир кемаси бузулуб қолса ҳам олис жойға бормоққа ярамай қолиб, бул важҳдин мазкур бой ноилож ўз ватаниға қайтганда ўшал шаҳарнинг яқинида бир қишлоқда ямон қароқчи одамлар бўлуб, кемаларда юрган одамларға қоронғу вақтда фонусни ёруғи илан катта тош тарафиға йўл кўрсатар эди. Ўшал бой ҳам мазкур ёруғлик фонусни кўруб тўғри ул фонусни ёруғи тарафиға борганда кемаси тошга урулуб кема ғарқ бўлуб, анинг ичидаги моллар кемадин дарбони устиға қолғон вақтда мазкур қишлоқдағи ёмон қароқчилар кичкина қайиқларға ўлтуруб дарёға кетган молларни олиб кетдилар. Мазкур бой ва анинг одамлари сувға ғарқ бўлди. Лекин бой сувға ғарқ бўлса ҳам ўлмай, бир тахтани ушлаб дарёдин халос бўлса ҳам ўлган одамдек бўлуб ўз ҳовлисиға хотунининг олдиға борубдур.
Мазкур хотун ўз эрини шул тариқа аҳволотда кўруб ниҳоятда хафа бўлуб, ҳеч бир ёмон сўз айтмай, ўз бечора эриға кўнгул бериб, саломат қолмоғига саъй ва тараддуд қилибдур. Ва эри ўз хотунини кўруб йиғлаб хафалик илан айтибдур: «Сан манга дуруст ва рост маслаҳат айтган эдинг ва лекин ман ўшал маслаҳатни қабулға олмай кўб мол тобмоқни хоҳлаб, эмди барча молимдин айрилиб бечора бўлуб қолдим, алҳосил, биз гадой ҳолатда қолиб бўлак камбағалларга ёрдам беролмай ва ўзимизга даркорлик авқотни топармизмукин?» – деб.
Ва хотун юмшоқлик илан жавоб берди: «Хафа бўлманг ва йўқолғон молларни ёдга олманг, бизнинг қўл, кўз, оёқ бор ва саломатдур, Худо хоҳласа, ўзимизга ва болаларимизга кераклик авқот ва либосни топармиз. Бизлардин бошқа қанча бўлак камбағал одам бордур», – деб.
Эрининг кўнгли кўтарилиб айттиким: «Сан дуруст айттинг ва лекин денгизга кетгон молларни ичида бўлак бойларнинг моллари кўб эди, ул бойларға анинг пулини қандай қилиб тўлайман, албатта, алар манга пулларини кечмаслар», – деб. Дарҳақиқат, ул бой тамом сиҳат бўлмасдин илгари пулдорлар анга келиб мол ва пулларини талаб қилдилар ва, хусусан, ул бойни ҳақорат қилиб айтибдурларким: «Сан дуруст одам эмассан ва бизларни молларимизни сотиб пулни ёшуруб ва беркитиб бизларга йўқ сўзларни айтасан», – деб ва лекин ўшал бой ҳар қанча ўз тозалигини айтса ҳам, алар қабул қилмай айтибдурлар: «Биз санинг уйингда қолган ҳар хил уй рўзгорингни сотиб олурмиз», – деб ва бечора бой айтти: «Ман сизларнинг ихтиёрингизда, хоҳлаганингизни бажо келтурсангиз, ҳеч нима айтмайман», – деб. Ул вақтда мазкур пулдорлар ўз хизматкор ва қулларини чақириб мазкур бечорани уйидағи рўзгорини бозорға олиб борибдур ва ул бечорани хотун, бола-чақаларини уйдин чиқариб, дарвозаға қулф солуб, калидини пул ундурғувчиға берибдурлар.
Ва мазкур пул ундурғувчи ул ҳовлини бир ўйинчиға сотиб пулни пулдорларға тақсим қилиб берибдур ва лекин ўшал ҳовлини пули тамом қарзга етмабдур. Пул важҳидин пул ундурғувчи пулдорларға айтибдур: «Сизлар манга рухсат берсангиз, ман ўшал бойни зиндонга солиб, қийнаб албатта ёшурун пулларини топшураман», – деб, пулдорлар хурсанд бўлуб рухсат бердилар. Ул вақтда пул ундурғувчи ҳокимга бориб, ижозат олиб, мазкур бечорани зиндонга солди ва мазкур зиндон ичида ҳар хил ёмон ҳашорот кўб эди ва ҳар хил гуноҳкор ва қароқчилар ҳам бор эди. Ўшал зиндонга яқин фурсатда мазкур катта бой тушуб тўшак ўрниға чириган қамишни устида ётган ва анинг хотуни кўб йиғлаб, сабр қилиб, ўз болалариға кетибдур.

Маҳмудхўжа Беҳбудий
ТВГ. 1903 йил 15 октябрь. №40

Ўшал Искалун шаҳридағи зиндон худ шаҳр ўртасида катта бозор ичида ердин ковланган чуқур эди ва анинг уст тарафиға тош қўюб ва тошни устиға туфроқ солиб ердан андак баландроқ тепадек қилиб беркитган эди ва мазкур зиндонни устида ўшал шаҳардағи фуқаролар ҳар кун бозор қилиб юрар эди. Ва ўшал жойда қарз тўламагон одамларга ҳўкуз терисидин қилинғон қайиш илан қийнаб катта жазо берар эдилар. Ва ўшал жойда нон ва сабзи, балиқ ва бўлак майда авқот сотадургон одамлар ҳар куни эшитар эдиларким, фалон-фалон қарздор одамни фалон пулдор одамларға шунча миқдор пул тўлаёлмаган(и) учун маҳбус қилинғон деб ва ўшал бечораларнинг аҳволоти хусусида хоҳ дуруст ва хоҳ беҳуда ҳар хил сўзларни сўзлашур эдилар.
Мазкур зиндон ўзи катта бўлса ҳам, ёруғи ниҳоятда кам, зероки, ерни устида икки ададғина кичкина тешук бўлуб, ўшал тешукга темир панжара қилингон эди, бул важҳдан ўшал зиндон ичи ниҳоятда зах ва совуқ ва қоронғу ва ҳам ямон бадбўйлик эди. Нечукким офтоб шуъласи ўшал икки тешук ичиға озроқғина кириб ул бадбўйлигини тозаламас эди. Шундоқ бўлуб ўшал зиндонда ҳар хил одам, чунончи, ўғри ва қароқчи ва одам ўлдурганларни кишан илан банд қилинган эди. Баъзиларининг оёқлариға катта кунда солиб ўшал одам ҳеч қимирлаб ҳаракат қилолмай ўлтурар экан ва баъзининг аъзолариға оғир занжир солиб ва ул одам ҳаракат қилғон вақтда бўлак одамнинг кўнглиға хафалик асорати тушар эди ва одам ўлдурган катта гуноҳкорнинг оёғи ва қўл ва бўйниға уч занжир бирлан банд қилиб зиндон ичида алоҳида ғордек кавланган жойға солиб ва ҳам устунга боғлаб қўйилғон эди ва ўшал ғорни ичи қоронғулиқ эди.
Бул тариқа одамлар зиндонда ўлтурган вақтда зиндонда ичиб-еб ва ҳам қазои ҳожат қилар эдилар ва баъзиларини хотунлари келиб авқот бериб, ўзи эрлари бирлан ётиб, андин ҳома бўлиб ўз вақтида вазъи ҳамл қилар эдилар. Катта гуноҳкорлар бирлан ул зиндонга мазкур бечора қарздорларни ҳам солдилар ва биз баён қиладурган бечора синган бойни мазкур зиндонга солиб, анинг аҳволоти тилга олиб бўлмайдурган қийин бўлди. Нечукким ул ўзи катта бой бўлуб, яхши иморатда ва ҳар хил қимматбаҳо асбобларни илан яхши ва тоза хўрак ва пушак қилиб ва яхши одамлар бирлан суҳбатлашуб, эмди катта гуноҳкорлар, ҳаттоки одамни ноҳақ қатл қилғувчилар бирлан биргалашиб туруб на тўшак ва на асбоб авқот топмай ва яхши суҳбатни ўрниға ҳар хил ранж тортган одамларни овозини ва ёки ёмон ва бадхулқ одамларни оғзидин чиққан ҳақорат сўзларни эшитиб ухламоққа ҳам тоқати бўлмай қолди. Хусусан, ўшал зиндоннинг паст қабатида бир катта қароқчи ва одам ўлдурғувчи одам бор эди. Ул одамдин ҳукуматдорлар ҳам доим қўрқуб ва ҳам қилган эдиларким, анинг шериклари зиндон остидин ковлаб ўз бошлуқларини зиндондин халос қилмаслик учун беш адад занжир илан, яъни икки қўл ва икки оёқ ва бўйниға занжир солиб банд қилғон эдилар ва анинг ёнида яна бир ғорни ичида бир мохов, жинни одамни банд қилиб ва ўшал ғорнинг девориға ҳеч ким қўл еткузмоққа ҳазар қилар эди.
Зиндонда ўлтурган гуноҳкорларга авқот учун баъзи хайрхоҳ одамлар садақа бериб ва агар бирор маҳбуснинг қариндоши бўлса, анга инониб зиндон бошлуғи ўшал бечораларга садақадин ҳам бермас эди.
Ва мунга ўхшаш пул тўламаган қарздорга ҳам ул зиндон бош­луғи авқот бермай айтар эканким: «Сизларни зиндонга солган одамлар авқот берсунлар», – деб ва лекин пулдорнинг вакили билкулли қаттиғкўнгул бўлуб жавоб берардиким: «Ул ёмон одам бўлак бойларни пулини ёшуруб, «ман синган» деб ёлғон айтадур ва яна анинг ёш ва чиройлик хотуни бор, ул хотун ўзи эриға кераклик авқотни топиб берсун», – деб.
Бул тариқа қаттиғ жавобни ул синган бойни бечора хотуни эшитиб, ўз эрини авқоти учун зиндонга кириб, эрини кўруб ва ул бечораға тасалли бермоққа хурсанд бўлса ҳам, худ авқотни қайдин топамиз деб ўйлаб кўб хафа бўлди. Нечукким эридин бошқа икки ёш фарзанди ва кампир қайнонаси бор эди. Шундоқ бўлса ҳам, Худодин умид қилиб сабр қилмоққа жазм қилди. Албатта, ул бечора эри бой вақтида ҳеч бир қийин иш қилмай ва ҳар хил чўри ва хизматкорлари ҳам кераклик ишни қилиб ва балки ул хотун тўшакдин турган вақтда юз ювмоққа сувни ва бошқа ўз азиматларини тайёрлаб бермоққа ҳозир турар эдилар. Ва ухлаган вақтда ўшал чўрилари ҳеч бир қаттиғ овоз қилмай, оҳисталик илан оёғини тобонини силаб уйғотар эди. Эмди онинг аҳволоти ниҳояти бошқа ва қийинликда бўлди. Нечукким, ул бечора хотун ҳар хил яхши ҳунарни билиб ҳам ул ҳунарни ким учун қиладур. Зероки, ҳар қаю бўлак бой хотун ул ҳунар учун ўз хизматкорлари бўладур ва лекин қийин иш ишламакка ул бечоранинг қуввати йўқ эди. Бул тариқа фаҳмлаб ва хафа бўлуб ул бечора хотун, аввало, шаҳарни ташқарисиға бориб, анда ҳеч кимга даркор эмас ташланди эски чодирни топиб, кампир бирлан икки болани қўюб, ўзи эриға тааллуқ ҳовлиға бориб кўрдиким, ўшал боғда бир ўюнчи чойхона қилиб, чой ичмоққа келган одамлар, хусусан, кеч вақтда ниҳоятда кўб бўлуб, аларнинг орасида боёнлар ҳам бўлар эдилар. Ул бечора чойхонанинг эгасини кўруб ўз аҳволотини айтган вақтда мазкур ўюнчи насиҳат берди: «Сан ўзинг чиройлик хотунсен ва нағмани яхши биласан ва, агар хоҳласанг, бул жойға кеч бўлганда келиб нағма қилсанг, ман ўзум ва истироҳат оладурган боёнлар ҳам санга инъом беродур, андин сан авқот топасан», – деядур. Бечора хотун аввалғи аҳволотини ёдга олиб фикр айлади: «Ким ўтган вақтда манум хурсандлиғим учун нағмагар чўрилар ҳар хил нағма чалар эдилар ва эмди ман бечора номаълум ва бегона чойхонада ўлтурган одамларни хурсанд қилмоқ учун нечук нағма қиламан?» – деб; шундоқ фаҳмлаб ва ҳеч бир бўлак илож топмай ул бечора хотун ўз эриға ва кичик ёш болалариға ва ҳам кампирға тараҳҳум қилиб, ўзини аямай ул чойхона эгасининг маслаҳатини қабул қилди.
Ул маслаҳатни қабул қилиб бечора хотун кечқурун ўз эри бирлан турган ҳовлиға боруб ва анда мевалик ва хушбўй дарахтларнинг соясида ҳар хил бегона одамларни кўруб ва уялиб бир олис­роқ жойда ўлтуруб яхши овоз бирлан ва баъзи маънолик абётни ўқуб нағма чалди. Ўшал одамларнинг орасида баъзи яхши ва баъзи ёмон одамлар бор экан ва лекин мазкур бечора хотун нағмасини ва овозини эшитиб ёмон эркаклар ҳам ҳеч бир ёмон ҳаракат қилмабдур ва бечора хотун қилғон хониш учун пул йиғиб, тонг отқунча нағма чалиб, офтоб ёруғи бирлан боғдин чиқиб, бозорга боруб, ўз болалариға ва эриға балиқни сотиб олиб, шўрпани пишируб, аввалан фарзандларини ва кампирни тўйғузиб, андин зиндонға эриға бориб анга таом бериб ва қучоғлашиб тасалли ва кўнгул берибдур. Ўшал авқот нон ва арзон балиқғина бўлса ҳам яхши кўнгул ва иштаҳа бирлан хўрак қилиб мазкур бечорани хурсанд қилубдур.

ТВГ. 1903 йил 20 октябрь. №41

Бечора хотун ҳар кечаси илгариги ўзини уйиға бориб, андағи базмнинг бир тарафида хафалик илан ўлтуруб ўз кўнглидин чиқарган абётларни хониш қилиб, самтур деган нағма асбобни чалиб, ўшал жойға роҳат учун келган одамлар, хусусан, ғайр вилоятдин кемалар бирлан келган савдогарлар ўлтуруб эшитиб ва хурсанд бўлуб ул бечора хотунга ўз ҳол-қудратинча пул берибдурлар ва мазкура хотун пул олган вақтда ўз кўнглида кўп маломат илан фикр қилардиким: «Ман ўзум тоза ва инсофлик хотун, эмди бекор ва ишсиз ва маст одамлар учун хониш қиламан», – деб ва баъзи вақтда ул хотун кўпроқ хафалик фикр айлайдурким: «Маст ва бекор одамлар, албатта, мани ёмон хотун қаторида ҳисоблайдурлар». Ва агар бирор одам анга ёмон ният этса, ул тинчлик ва оҳисталик ила жавоб берубдурким: «Ай хайр­хоҳ одам, ўзум айтадурган абётни ва нағма чолмоқниғина сизга сотаман ва бул икки ишдин бошқа ҳеч бўлак муҳаббатлик ишни қилмасликдин абёт ўқуб нағма чоламан ва манго ўзум, ўзумнинг икки фарзандим ва бечора эримни тўйғузмоқ лозим ва фарздур, сиз ҳам манга раҳм ва шафқат айлаб, манум кўб яхши абётларимни эшитиб, сиҳат ва саломат бўлғайсиз ва Худованди карим сизларни ва сизнинг ўз ватанингиз-ла қолган яқин қариндошларингиздин ҳар хил офат ва балосидин сақласун ва сизнинг завжа ва болаларингизга манга ўхшаш хафалик тушмасун», – деб.
Бул тариқа мулойимлик жавобни эшитиб мазкур ҳар хил одамлар агарчи маст бўлсалар ҳам уялиб, ул бечора хотунга ҳеч бир ёмон ният ва хаёлни этмайдурлар ва лекин мазкур боғдағи ўюнхонанинг эгаси кўб ёмон хулқлик одам бўлуб, мазкур жавобга рози бўлмай айтибдур: «Сан кўб чиройлик хотун бўлсанг ҳам, ақлинг кам, ўз фойдангни билмайсан, чунончи, бул вақтдағи кечалар қаронғу эмасму ва бул катта дарахтлар ҳеч сўзламайдир. Агар бирор эркак чақирса, нима учун анинг бирлан боғдин чиқиб денгиз лабида ирой жойға бормайсан, ул жойда иковғина суҳбат қилишиб, сан ўз хафалигингдан бўлак хурсандлик ашулани қилмайсан ва андин кейин ул эркак санга майда пул ўрниға албатта тилло берса керак, сан мундай қилмасанг ўзинг пулсиз қоласан ва манга зарар этмайсан». «Начукким ўшал одамлар берган майда пулдин ман розиман ва кўпроқ пул манга даркор эмас. Зероки, манум фарзандим ва эримни авқотиға пуллар ҳам етадур», – деб тезлик илан ўшал ёмон насиҳатни ўз кўнглидин чиқармоққа саъй қилуб кетти ва лекин ўшал ўюнчи норози бўлуб фикр айлабдурким: «Агар бул беақл хотуннинг ўрниға бўлак хонишлик хотун бўлса, кема бирлан келган ҳар хил бой одамлар кўпроқ эди ва манга кўпроқ фойда бўлар эди», – деб. Ўшал меҳмонларнинг баъзилари ўшал ўюнчига айтар экан: «Бул жойда хониш қиладурган хотун чиройлик бўлса ҳам, ўзи кўб хурсанд эмас ва бўлак денгиз лабидағи шаҳарларда қандай хотунлар бор, ҳеч эркакдин уялмас ва нима хоҳласанг ул хотун тайёрдур», – деб, ўшал ёмон ўюнчи мазкур ёмон сўзни ўшал бечора хотунга айтиб анинг кўнг­лиға кўпроқ ишни солар эди. Шундоқ бўлса (ҳам) бечора хотун Худоға таваккал қилиб сабр қилар эди.
Ул бечора хотун ҳар кунда бул тариқа илан ўз вақтини ўткарибдур, чунончи, боғдин қайтиб бозордин сотиб олган авқотни пишируб болаларини тўйғузуб ва аларнинг либосларини бир йиртиғини тикиб ва тозалаб, ўзи қайнонасиға кераклик ёрдамни бериб, қиём вақтида зиндонга бориб таом бериб ва тасалли айтиб кечғача анинг бирлан ўлтурубдур. Кеч вақтда зиндоннинг қаровули зиндон ичиға кириб ва қаттиғ овоз илан тамоми бўш одамларни тошқариға чиқоруб, зиндонда дарахт соясида ўлтуруб, кун чиқғунча хониш қилиб, меҳмонлардин йиғилган майда пулни олиб, ҳамёниға солиб, ул чодириға болаларини олдиға қайтибдур.

ТВГ. 1903 йил 12 ноябрь. №44

Баён бўлғон тариқада туруб бир неча ой мазкур бечора хотуннинг қувватлари кетиб ва анинг юзининг ҳусни сўлиб бошлади. Зероки, анинг хафалиги кўб зиёда бўлуб мазкур боғ ичинда ёриб тамоми кечаларда ҳар хил ақллик ва ақлсиз, инсофлик ва инсофсиз эркакларнинг кўнгилларини олмоқ учун нағма чолса ҳам, ул ишни ўзи хоҳиш илан яхши кўруб қилмайдур ва, билъакс, эркакларнинг талаблари кўпайиб, анинг қабул қилмаганидан аларнинг аччиғи келиб, ул боғнинг эгасига кўпроқ илтимос қилар эканларким: «Бул боғдин ушбу хотунни ҳайдаб юбориб, анинг ўрниға бошқа хотун келтурсангиз экан», – деб.
Ўшал вақтда мазкур зиндонда бир янги таажжуб воқеа бўлубдур. Чунончи, ул зиндонда ётган катта қароқчи хусусида таҳқиқ ва ҳукм қилмоқ учун Дамашқ шаҳридин бир катта тўра ўшал шаҳарға келди. Мазкур тўраға подшоҳ буйруқ қилибдурким, сиз Исқулон шаҳриға бориб ул қароқчи хусусида таҳқиқ ва ҳукмғина эмас ва балки Исқулон шаҳрини бошлуғуға топшурулган ишларни қандай қарайдурганин кўруб ва фаҳмлаб манга хабар берасиз деб. Бул важҳдин мазкур тўра зиндонга бориб, анда ётган ҳар хил гуноҳкорларни кўруб, зиндон бошлуғи чироғ илан мазкур қароқчи юзини кўрсатган вақтда ул тўра кўп таажжуб қилубдур. Нечукким ул қароқчининг юзи ва кўзи ёввойи даррандага ўхшаш экан ва тўра кўруб беихтиёр баланд овоз билан айтган эканким: «Бул одамни юзини кўрмакка қандай табиат хоҳлайдур?» – деб. «Валлоҳи, ман умид қиламанким, бул тариқа қаттиғкўнгул одамни ман ҳеч кўрганим йўқ, хусусан, анинг кўзи ғилай ва қоши узун ва қабоғи солиғдур. Ман умид қиламанким, бул тариқа қаттиғкўнгул одамни йўқ қилиб ва оёғини ерга бос­турмай қолдуруб ва анинг ёмон жасадини ер ютмоққа кутуб ва шошиб турадур ва лекин ман ўзим бул катта ишни тезлик илан жо­йиға келтурмакка тараддуд қиламан», – дебдур.
Бул сўзни мазкур қароқчи эшитиб кўп аччиғланиб, беш адад занжир илан бойланган жойда сакраб ва ўшал занжирни шилдиратиб баланд овоз илан тўрага қараб айтти: «Сан мани бадбашара деб айтасан ва манум юзимни кўрмоқни хоҳламайсан ва лекин манум гумоним борки, сан мандин ёмон эмасмукин? Сан, эй ёмон одам, манга масхара қилмоқ санинг ишинг эмас, илгарироқ ва бўлак жойда сани кўрмаганимга кўб хафа бўлдим. Зероки, сан ул жойда ўз ихтиёрингда турубсан ва ман беш занжир билан боғлануб туруб, қўл илан ҳаракат қилмоққа қодир эмасман. Мундай бўлганда ман кўрар эдимки, санинг қонинг қизилму ва ёки қонингга либосинг қизил рангроқ бўлур эдиму ва эмди лаънат», – деб қичқируб ўз занжири бирлан деворга шул тариқа урунубдурким, тамоми бўлак гуноҳкорлар кўб қўрқуб, жойларида биқиниб турдилар ва зиндоннинг қоровули мазкур тўранинг йигитлари ўз қўлларида машъала тутуб, тезлик илан ул тўрани атрофида туруб ул қароқчи бадбашарани кўрмасун деб аларни ўртасиға туруб хайл бўлдилар. Ул йигитлар қўрқуб титраганидин қўлидағи машъаланинг ёруғи юқорида зикр бўлинган синган бойнинг юзиға тушти ва, хусусан, бечора хотун ўз эрини қучоғлаб беркитиб турган аҳволни тўра кўруб дафъатан ниҳоят даражада ҳайрон бўлди. Зероки, ул тўра чиройлик хотунни яхши кўруб ва кўнглида ёмон ният қилиб, ўз хизматкориға оҳиста айтти: «Санинг қўлингдаги ҳамённи очиб ул бечора хотунга садақа бергил», – деб. Ул хизматкор ҳамённи очиб тайёр бўлганда тўра мазкур хотунга ружу айлаб, ширин сўз илан оҳиста айтти: «Эй бечора чироғим, манга яқинроқ келиб тезлик илан манга жавоб берасан. Сан нима учун зиндонга тушдинг, манум умидим борким, санда ҳеч бир гуноҳ бўлмаса керак ва санинг бул зиндонга тушурган одам ўзи ҳам бул жойға тушмоққа мустаҳиқдур», – деб. Ул бечора хотун айтти: «Эй тақсир, хато ўйлайсиз, манум гуноҳим йўқ, ман ўз бечора эримни кўнглини олмоқ учун мунда келдим», – деди. Ул вақтда тўра айтти: «Шундоқ бўлса ҳам, ман санга садақа бермайман», – деб ва бечора хотун айтти: «Нега садақа бермайсиз ва агар манга бермасангиз, бул манум бечора эримга ва шаҳар атрофидағи чодирда ётган икки оч бола ва оч кампир учун садақа бермайсизму?» – деб. Ул тўра мазкур хотун юзиға яна қараб ўз кўнглиға тушган таъсирни билиб айтти: «Ўзинг мунда келиб ҳамёндин ўз қўлинг илан ҳар қаю бола ва бошқалари учун йирикроқ пул оласан», – деб ва бечора хотун айтти: «Тақсир, ўз қўлум илан ҳамёндин пул олмоғим ярамайдур ва сиз ўзингиз саховат илан хизматкорингизга буюрасиз», – деб. Ул вақтда тўра ўз хизматкориға буюриб беш адад кумуш ақча олдируб хотунга берди ва яна сўради: «Сан нечук ёмон иш қилдинг?» Ва бечора хотун айтти: «Дуруст айтаман, ҳеч бир законға мухолиф иш қилмадим». Тўра айтти: «Шундоқ бўлса, нима сабабдин сан беихтиёр бўлуб, бул ёмон ва хавфлик зиндонда турасан?» «Йўқ, тақсир, ман банди эмасман ва ўз ихтиёрим бирлан мунда келиб кетаман ва агар сиз мани зиндон ичида кўрдингиз, сабаб шулки, маним эрим катта бой эди, эмди синди ва қарзларни тўлай олмоққа илож бўлмади ва ман ўз эримни парвариш қилиб, анинг кўнглини кўтармак учун ҳар кун келиб кечағача анинг бирлан зиндонда тураман». Тўра яна сўради: «Қаю вақтда эрингни озод қилмоқни хоҳлайсан?» Бечора хотун айтти: «Ул марғуб аҳволотга маним ҳеч умидим йўқ, зероки, ман анинг авқоти учунғина баъзи ишни қилиб, ҳар куни келиб, Худодин умид тутмоққа ва сабр қилмоққа саъй қиламан», – деди ва тўра айтти: «Сан ўзинг учун бироз фойдаликроқ ишни қилмоққа қодирсан», – деб. «Эй тақсир, марҳамат қилиб мани эримни озод қилмоқ учун нима иш керак манга, маслаҳат берасиз. Сиз берган маслаҳатни бажо келтурмакка манум хоҳишим ва тоқатим битубдур». Ул тўра айтти: «Сенинг ихтиёрингдадур». Хотун айтти: «Манга азоб бермай тезлик илан айтинг, агар манум эрим ва болаларимни хурсанд қилмоқ учун жонимни бермак керак бўлса, аямайман», – деди. Тўра айтти: «Йўқ, бул эмас». Хотун айтти: «Нима керак, мани азоб­га қўйманг, дафъатан айтинг». Тўра сўради: «Санинг эрингни қарзлари кўбму?» – деб. Бечора хотунга кўзи бирлан ширин муомала қилди. Хо­тун айтти: «Манум эримнинг қарзи кўбдур», – деб.
Мазкур тўра зиқна ва хасис экан, бул важҳдин катта бой бўлса ҳам ул хотунга қараб айтти: «Афсус бўламанким, санинг эрингнинг қарзи ниҳоятда кўп экан», – деб. Ул хотундин ажралиб зиндон эши­гига борганда бечора хотун аввалғидек хафалик ҳолда қолди.

ТВГ. 1903 йил 18 ноябрь. №45

Ул бечора синган бойнинг пулдорларини вакили ўзи кўб айёр бўлуб, ул бечорадин пул ундурмоқ учун ҳар хил ёмон хаёл ва андишаларни қилар экан. Мазкура хотун зиндонга борганини билиб ул вакил тўғри зиндонга борганда мазкур тўра ул синган бойнинг хотуни илан қилғон муомаласини кўруб, эшитиб, ўз кўнг­лида хурсанд бўлуб, бир ёмон хаёлни ўйлаб ўшал тўраға яқин келиб ва анинг қулоғига оҳиста айтти: «Мазкур чиройлик хотуннинг эри кўб қарздор бўлса ҳам, лекин ул ишга ман вакил бўлуб, фаҳмлайманким, ул қарзнинг нисфини камайтурса бўладур ва ҳам сиз тақсир нима хоҳласангиз ул хоҳишингизға ёрдам бераман», – деб. Ўшал тўранинг юзиға қараб ўз кўзи бирлан бирор ҳийланинг ишоратини қилди. Бул сўзни эшитиб мазкур тўра таажжуб бўлиб, тўхтаб сўради: «Яна нима айтасан?» – деб. «Эй тақсир, ман сизга нима айтсам ҳам, ул сўз дуруст ва рост бўлса керак ва ҳам сизнинг бирлан сўзлашган бечора хотундин бошқа чиройлик ва мулойим хотун йўқдур, албатта, муни кўруб фаҳмлайсиз», – дебдур. Бул сўзни эшитиб, ул тўра баланд мартабалик бўлса ҳам ул сўзга норози бўлмай ва ўшал вақтда ул хотуннинг чиройликин фаҳмлаб ва ёдиға олиб анинг тарафиға қайтиб қараб турубдур ва ҳийлагар вакил ул ҳолни кўруб, шармсиз бўлуб, янадин оҳисталик илан айттиким: «Сиз, тақсир, ниҳоятда чиройлик ва ошно бирор хотуннинг ёдға олиб қиёс қилиб фаҳмламайсизмиким, бўлак бул тариқада чиройлик хотун йўқдир, сиз яна мулоҳаза солиб кўринг: анинг юзи қандай ва тамом аъзоси қандай ва тишлари ва лаби қандайдур ва лекин ул бечора хафалик аҳволда турадур ва агар ул хафаликдин халос бўлса ул вақтда бундан ҳам яхшироқ бўлса керак», – деб. Ул вақтда тўра сўради: «Анинг эрининг қарзидан неча ҳиссани кечасан?» – деб. Вакил айтти: «Санинг учун уч ҳиссадин бир ҳиссани кечмоққа аямайман ва агар хоҳласангиз, ман ул бечоранинг пулдорларидин илтимос қиламан, алар сизнинг учун яна бир ҳиссани кечсалар керак. Ўйламанг, вақтни ўткарманг, мани айтган ва ваъдамни бажо келтурмакка амр қилинг. Ўшал бечора хотун ҳам билсунким, анинг эрининг халослиги ва анинг хурсандлиги сиз тўрадиндур. Мундоқ фаҳмлаб ул бечора албатта сиздин кўб миннатдор бўлуб, сизни хурсанд қилса керак», – дебдур. Тўра айтти: «Хўш, санинг маслаҳатингни қабулға оламан, зероки, анинг хурсандлиғига ман ҳам хурсанд бўламан ва лекин ҳеч бир зулм ва тааддини хоҳламайман, бул важҳдан сан бир тарафга бориб ул чиройлик хотунни манга чақириб берсанг, ман анинг бирлан бир неча калима сўзлашаман», – дебдур.
Бечора хотун мазкур тўранинг таклифини хизматкордин эшитиб, ўз жойидан туруб, тўрани олдиға бориб турди ва тўра табассум қилиб ва бир тилло бериб айтти: «Сан ниҳояти чиройлик хотун экансан, санинг чиройингни ҳар ким кўруб фаҳмласа керак ва ман сани кўруб кўнглимга кўб таъсир тушди. Агар сан манум хоҳишимни қабул қилсанг, ман кўб катта ионат бермакка қодирман. Бул тариқа бўлуб кўб, кўб илтимосим шулдурким, ушбу кун кечқурун ман ётатурган уйга келиб эртағача маним бирлан ётсанг, қанча пул сўрасанг ул пулни санга бераман», – деди. Бечора хотун бул ёмон сўзни эшитган вақтда уятдин анинг юзи қизариб ва кўб хафа бўлса ҳам ўз аҳволотини фаҳмлаб оҳисталик илан айтти: «Манга ҳеч нима керак эмас», – деб. Тўра ул жавобнинг маъносини фаҳмламай айтти: «Беш юз тилло бераман», – деб. Хотун айтти: «Сан манга тилло ваъда қилсанг ҳам, ул ваъдани қабулға олмайман». Тўра айтти: «Икки минг тилло бераман», – деб. Хотун айтти: «Барибир ман санинг уйингга бормайман». Тўра анга қизиқиб янадин тезлик илан: «Беш минг тилло бераман», – деди. Хотун айтти: «Ўн минг тилло берсанг ҳам, хоҳламайман». Тўра яна кўпроқ қизиқиб айтти: «Йигирма минг тилло бераман», – деб. Ул вақтда бечора хотун кўзларини тубан қилиб хафалик ила айтти: «Эй тўра, бул тариқа савдо илан сан мани кўб масхара ва беҳуда ранжитасан, манум иззатлик эрим ёмон ҳодисага тушгандин сўнгра бул тариқа сўзни кўб-кўб эшитиб тинч бўлуб тураман, зероки, камбағал бечора одамларни бой ва қутлик одамлар кечурмакка лозимдур, лекин сан бой ва қутлик одам бўлсанг ҳам, ман ишқимни савдо қилмайман, манум ишқим ёлғуз ўз эримга тааллуқлидур ва бўлак ҳар қандай одам бўлсун, ул ишқимни бермайман», – деди. Ва тўра: «Хўш, ўз эринг­га ишқингни маҳкам тутасан ва лекин манум кўнглумни қабулға олиб, андин сўнгра каффорат ва қурбонлиқ қилсанг, санга гуноҳ бўлмас, зероки, сан ўз муҳаббатлик эрингни озод қилмоқ учун шул тариқа иш қиласан», – деб. Ва лекин хотун айтти: «Тўра, сан айтган сўзларни маънисини яхши фаҳмлайсанму, йўқму, ман ўз заковатим билан манум эрим зиндонга тушган важҳдин андин талоқ хат олмоққа қодирман. Агар хоҳласам, ман ани ташлайман ва бўлак эркакка тегмоққа манум ихтиёрим бор бўлса ҳам, ман ўз эримни ташламайман. Зероки, ул эрим бирлан қанча йил яхши аҳволотда туруб, эмди ул бечора синиб, зиндонға тушганда нечук ман ани ташласам ва ман яна қандай бўлак одам анга парвариш қиладур, ул иш яхши эмас ва ман шундоқ қилолмайман, шунинг учун сан манга садақа берган тиллони қайтиб ол, манум бир неча майда пулим бор, анга нон ва балиқни бозордин олиб бирор овқат қилмоқ учун кифоя қиладур», – деди.

ТВГ. 1903 йил 25 ноябрь. №46

Ва мазкур тўра бул тариқа ақллик ва оҳисталик жавобга кўб рози ва таажжуб бўлса ҳам, анинг ёмон нафси ғолиб бўлуб ва қизиқиб айтти: «Бул тиллони манга қайтариб берма ва бир тилло олиб мандин қарздор бўлдим деб ўйлама ва лекин уйингға бориб, анда ўйлаб ўз аҳволотингни билиб манга келарсан деган умидим бор, сан маъқул қилсанг, ман тамом пулимни санга бераман ва сан ул пулни олиб эрингни пулдорлариға бериб, ани озод қиласан, яна санга маслаҳат бераман, яхши ўйлаб кўруб, андин кейин манга жавоб берасан», – деди.
Бечора хотун айтти: «Сан, тўра, кўп саховатпеша одам экансан, манинг чиройлигимни шул тариқа баланд даражаға кўтардингким, маним эримни озод қилмоқ учун ул баҳо дурустдур ва лекин ман санга бир жавоб айтаманким, ман санинг сўзларинг­ни ўз эримга айтаман ва эрим нечук жавоб берса, ман мундоқ қиламан», – деди.
Бул жавобни тўра беақллик жавоб қаторида кўрди ва лекин юқорида зикр бўлғон ҳийлалик ва ёмон хулқлик вакил тўраға айтти: «Майли ва ихтиёри, эркакларнинг ақли бор, албатта, ўз чиройлик хотуниға санга марғуб жавобни берса керак ва андин кейин хотун ўз ихтиёри бирлан сенинг уйингга келадур», – деб. Тўра бул сўзни эшитиб хафалик илан зиндондин чиқиб ўз турадурган жойи­ға борди ва мазкур ҳийлалик вакил ул бечора синган ва чилбир ила бойланган одамға оҳисталик илан келуб тўранинг ваъдасини ширин сўз илан баён қилди.
Бечора маҳбус синган бой ўз хотуниға мазкур тўра айтган сўзларни эшитиб, ҳеч бир жавоб бермай кўб йиғлади ва эртаси хотуни анга келган вақтда қучоқлаб, йиғлаб вафо қилғон учун хотуниға кўб миннатдорлик айтти ва хотун сўради: «Мазкур сўз хусусида сан начук ўйлайсан?» – деб. Эри: «Агар манга яна кўб йил бул ёмон зиндондин ортуқ ёмон жойда ўлтурмоққа тақдир бўлса ва агар ўшал жойда умримни охириғача ётиб, ҳеч бир вақт денгизни ва офтобни ва фарзандларимни кўрмасам ҳам, агар сан вафолик бўлуб, ёмон ва уят йўлға юрмасанг, ман тинчликда тураман ва лекин ихтиёр сандадур. Начук хоҳласанг ўзингдадур, аммо ман ўзум бул чуқур зиндонда умр ўткариб вафот тобсам ҳам, манум озод қилмоқ учун ўз тозалиғингни булғотма. Зероки, сани тозалиғинг энг катта ҳусн ва латофатингдур ва ман ул тозалиғингдин хурсанд бўлуб қувват топаман», – деб айтти. Бул тариқа жавобни эшитиб бечора хотун кўб хурсанд бўлубди. Зероки, хотун ҳам фикр айлаб ва ҳам кўб рози ва миннатдорман деб. Яна айтти: «Манинг саб­римни зиёда қилдинг, эмди манум кўнг­лумдағи махфий хаёлимни санга айтаман. Чунончи, агар сан мазкур тўранинг таклифини қабул қилсанг, бўлак ёмон ниятлик одамлардин кўпроқ сан мани ранжитиб хафа қилар эдинг ва ман бул уят аҳволотимни кўтармакка қодир эмас эдим». Эри сўради: «Шундоқ бўлса, сан нима иш қилар эдинг?» – деб. Хотун айтти: «Агар сан мани мазкур тўранинг уйиға юборғудек бўлсанг, ман бориб, андин кўб пул олиб, санинг қарзларингни тўлаб ва сани халос қилиб, ўзим санинг ёнингға келмай денгизға бориб ўзумни сувга ташлар эдим», – деб. «Албатта, ман ҳам шундоқ ўйладим», – деб эри жавоб айтти ва хотун яна айтти: «Сан манум кўнглум ва жасадимни тоза аҳволда сақлаганинг учун ман кўб миннатдорман ва эмди ўз фарзандларимиз бирлан турмоққа қодирдурман», – деди.
Бул тариқа сўзлашиб ўлтуриб ул бечора эр-хотун ўз афсуслик­ларини фаромуш айлаб, дафъатан янги ва қайта саодатмандлик бўлган одамларға ўхшабдурлар ва аларнинг яқинида юқорида зикр бўлғон катта қароқчи ва бўлак ўғрилар ул бечораларнинг сўзларини эшитиб, баъзилари ўзларининг ёмон хулқиға қарағанда мазкур бечораларни тоза хулқлариға кулуб масхара қилдилар ва лекин катта қароқчи ҳеч сўз айтмай ўз фикрини кўнглида сақлади ва қарз сўрайдурган вакил бул аҳволотни билиб аччиғи келиб, мазкур бечора хотунға ҳар хил зулм ва таадди қила бошлади. Чунончи, ул бечора кечқурун ўюн қиладурган боққа борган вақтда ул вакил хотун олдиға бориб оҳисталик илан айтти: «Эй беақл хотун, нега сан тўранинг таклифиға яхши қарамайсан, зероки, ул тўра кўб бой ва кўб қудратликдур». Ва бечора хотун жавоб бермай боши ишорати илан ман қилди ва вакил уялмай яна айтти: «Сан билмайсанми, ул тўра санинг учунғина бул шаҳарда тўхтаб турадур, санинг бирлан ошно бўлмоққа хоҳламаса, мазкур катта қароқчини иши хусусида тезлик илан ҳукм қилиб ўз шаҳриға қайтар эди. Анинг таклифини яхши фаҳмламоқ керакким, сан анинг бирлан қисқа вақт бир хонада бўлгандин сўнгра ул кетадур ва сан жойингда туриб қолуб, мазкур тўрани ҳеч бир вақт кўролмайсан ва ҳеч ким санинг ул тўра илан қилғон ошнолиғинг хусусида ҳеч сўз айтмассан ҳам ўз эринг бирлан ошиқлик қаторида туруб, ул тўра тўғрисида ҳеч нима айтмайсан ва эринг ҳар кун сани ўз уйида кўруб қучоқлаб кўб хурсанд бўлуб турса керак. Сан манга инонгил, ман бул ишни кўб эҳтиёт илан қиламан. Чунончи, ҳар кеча ман ул тўрага ҳар хил овқат еткураман ва сан маъқул кўрсанг, кечқурун балиқчи либосини кийиб балиқ сотмоқ бўлуб анинг уйиға борасан ва андин ўшал либос илан ўз жойингға қайтасан ва ўз чодиринг олдида янадин ўз либосингни кийиб уйингга келасан ва қайнона ва фарзандларинг ул махфий иш хусусида ҳеч бир хаёл қилмас», – деб. Бечора хотун қаттиғ аччиғланиб сўз илан айтти: «Эмди асло манга бу сўзни айтма», – деб ва вакил ҳам аччиғланиб айтти: «Сан маъқул қилмасанг, билгилким, ман санинг фарзандларингни ҳам нобуд қиламан», – деб.
Шундоқ қаттиғ ва хавфлик сўзни эшитиб бечора хотун кўнг­ли бузулмай сабр қилиб, ўз афсуслик аҳволотиға чидаб, ҳар кеча ўюн боғиға бориб ва пул топиб, бозордин овқат олиб, кундуз куни фарзандлари бирлан ва бечора эри бирлан вақт ўткарибдур ва мазкур ёмон қаттиғкўнгул вакилдин ҳеч қўрқмай хурсандлик илан танбур чалиб, қиладурган ишни қилиб турди ва мазкур ўюн боғнинг эгаси бечора хотунни вафолиғи учун кўб ақллик деб айт­маса ҳам анга раҳм қилар эди ва ул боғда ўлтурган одамларға мазкур хотунга ҳеч ранжиш сўз айтмас, пулни кўпроқ берар эдилар, бул тариқа илан ул бечора хотун кечалари ухламай айри фарзандлари хусусида хаёл қилар эди ва ёмон вакил ҳам кечаси ухламай мазкур бечора хотунга янги зулм ва ёмонлиқ қилмоқни ўйлар эди.

ТВГ. 1903 йил 1 декабрь. №47

Мазкур ёмон кўнгуллик вакилнинг маслаҳатини бечора хотун қабул қилмаган учун кўб қаҳри келиб, шул тариқа ёмон ният қилибдурким, «бир кечаси ул хотунни зўрлиқ илан кема елканига ўраб ўшал тўраға еткураман», – деб ва лекин ул тўра зўрлиқ илан келтургон хотунни хоҳламас экан. Ул вақтда вакил тамоми пулдорларға бориб айтибдурким: «Ул хотунни эрини озод қилмоқ учун тўра тамоми пулни бермоқчи бўлуб эди ва лекин хотун ўшал тўраға бир кеча бормоқ хоҳламади ва сизлар ҳам бул важҳдан пулсиз қоладурган бўлдингиз», – деб. Пулдорлар бул сўзни эшитиб, турмаға бориб, ўшал синган бечора бойға ҳар хил ҳақорат сўзлар айтибдурларким: «Сан ўзинг ва санинг хотунингда ҳеч инсоф йўқдур, зероки, бизнинг молларни нобуд қилиб, ўзинг ҳам мундай ёмон аҳволотга тушдинг, ҳам санинг хотунинг тўраға бормоққа хоҳламади, бизни пулсиз қолдурадурсан, нечук эрдурсанким, ўз хотунингға яхши маслаҳат бермайсан ва сан Иброҳим ва Исҳоқ пайғамбарлардек эмассан, шунинг учун бир соат муддатда бул зиндоннинг девориға қараб ётсанг, ҳеч бир зарар кўрмайсан ва ўшал вақтда санинг хотунинг тўраға бориб, анинг пулларини олиб, бизни хурсанд қилиб ва ўзинг ҳам бул зиндондан халос бўлиб, ўз уйинг­ға қайтиб фароғатда бўласан. Бул тариқа фаҳмлаб тезлик илан беақл хотунингни мазкур тўраға юборасан», – дедилар.
Бечора: «Йўқ! Бул тариқа ёмон маслаҳатни хотунимга бермайман ва сизларнинг молларингни қасд илан нобуд қилғоним йўқ ва ўзимнинг хотунимни зино ишқа саъй қилмайин, зероки, мундай ёмон иш бирлан ман ўзум хурсанд бўлолмайман ва тоза хотунимни нажасга булғамайман. Агар хоҳласангиз, умрим борича зиндонда туруб вафот қилсам ҳам, манум кўнглум тозалик илан кетадир».
Ул вақтда савдогарлар аччиғланиб баланд овоз бирлан айттилар: «Сан ноинсоф ва ёмон одам эканлиғингни эмди равшан фаҳмладук. Зероки, сан ўзингни ва хотунингни биласан ва бизларга ҳеч бир раҳм-шафқат қилмайсан ва бул важҳдан ўшал вакил санга қаттиғроқ жазо берадур», – деб. Бечора айтти: «Сизларнинг хоҳишингизча бўлсун ва лекин манга хотунумнинг тозалиғидин ҳеч бир бўлак қийматбаҳо нарса йўқдур», – деб.
Андин сўнгра ёмон вакил зиндоннинг қоровулиға буйруғ берди: «Сан бул хотунни эриға юбормагил», – деб. Ва мазкур ўюнбоғнинг эгасиға бориб айтти: «Сан тезлик илан Мисрдан бир неча чиройлик фоҳишаларни ёллаб бул боққа келтуриб, ўшал синган бойнинг хотунини ҳайдаб юборасан», – деб. Бул тариқа бўлиб, бечора хотун зиндонга борган вақтда зиндонни қоровули ани эриға юбормай, ҳар хил ҳақорат сўзлар илан айтибдур: «Санинг афсуслик ишларинг ўз феълингдиндур, нима учун сан ўз тозалиғингни маҳкам тутасан ва сан ўзинг хусусингдағина фикр қиласан ва эрингни ҳеч аямайсан», – деди. Хотун айтти: «Сан нодуруст айтасан, ман гуноҳ илан эримни хурсанд қилмайман ва умримни охириға ва ўзумни бетинч ва хафа қилиб ўз болаларимни ҳам уятқа қолдурмайман», – деди.
Мундан сўнгра ул бечора хотуннинг аҳволоти ёмонроқ бўлди. Зероки, зиндон қоровули анинг эриға икки қабат занжир боғлаб ва ҳар куни эрта-кеч вақтларда даррага ўхшаш қуруқ қайиш илан уруб жазо берар эди. Анинг бечора хотуни бул аҳволотни фаҳмлаб кўп афсус бўлди ва мазкур ўйинбоғнинг эгаси ўттуз адад чиройлик фоҳиша ёллаб, еткуруб, мазкур хотунни боғдин чиқарубдур. Ул вақтда вакил зиндон қоровулиға айтибдур: «Сан бул кунда ул хотунни эриға кирмакка рухсат бериб ва хотун зиндонга кирган вақтда қаю бандда ётган бандиларға яхшилаб нон бериб айтасан, бул садақани бизларга Дамашқдин келган тўра берди, ул тўра ўзи бир ҳодисадин бетоброқ бўлиб хафалик илан ўз уйида ётадур», – деб. Бандилар ул нонни олиб тўранинг ҳаққиға дуо қилиб сўрадилар: «Нима ҳодисадин бетоброқ бўлди?» – деб, вакил айтти: «Ул шафқатлик тўранинг бетоблиғи бул хотундиндур. Зероки, бул ўз эрининг аҳволиға қарамай, ўзи хусусидағина ўйлаб, ул катта тўрани хурсанд қилмоққа хоҳламабдур», – деб. Бул сўзни эшитиб тамоми бандиларға овоз бирлан қичқиришубдурким: «Шафқатлик тўра саломат бўлсун ва бул беақл хотун ҳар хил балоға дучор бўлсун», – дедилар. Мундин сўнгра зиндонда ётган тамоми бандилар ул бечора хотунни кўб ёмон кўрубдурлар ва шаҳар ичидағи фуқаролар, хусусан, мол йўқотган одамлар зиндонга келиб синган бойни кўруб бир овоздек анга айттилар: «Эй синган бой, беақл бўлма, бетоброқ бўлган катта тўраға ўз хотунингни юбориб, ўзингни халос қилиб, бизларни ҳам хурсанд қиласан», – дедилар ва лекин ул бечора хотунни эри бул тариқа сўзлардин кўпроқ афсуслик бўлди, чунки анга хотуни келган вақтда тамоми бандилар аларға қараб ҳар хил ҳақорат сўзларни айтар эдилар, ҳаттоки ўшал бечора ўз хотунини зиндонға келмоқдин ман қилди.
Муни билиб ёмон вакил янадин бир ёмонроқ ният қилди, чунончи, ул хотуннинг қайнонаси кампирга бориб айтти: «Сан, кампир, кўб ёшга кирдинг, албатта, фаҳмлайсанким, бирор хотун ўз эрини қўюб бўлак бир эрга борса, албатта, ёмон гуноҳ бўладур ва агар ўзи эрининг халослиги учун санга ва ҳам ёш болаларға овқат топмоқ учун бўлак бегона эркакка бирор мартаба борса, ул вақтда ҳеч бир гуноҳ бўлмаса керак ва бул сўзни яхши фаҳмлағилким, санинг ёлғуз ўғлинг зиндонда ётиб кўб азоб кўрадур ва сан набираларинг бирлан бул тариқа камбағалликда турасан ва лекин санинг келининг Дамашқ шаҳридин келган тўрани бирор хурсанд қилса, ул шафқатлик тўра анга кўб пул бериб, ўғлунгни озод қилиб ва сизларға илгариги ул молларинг­ни қайтариб, сизларни тамом фароғатда қиладур», – деб. Бул сўзни эшитиб кампир очлиғи ва кам­ақллигидин сўради: «Дуруст ва рост айтасанму?» – деб анинг кўзидин ёш чиқиб, яна кампир сўради: «Манга батафсил ўшал ишни баён қил ва нима қилмоқ керак, манга тушунтурасан», – деди. Вакил юқорида зикр бўлган ҳикояларни баён қилди ва кампир кўб таажжуб айлаб ва афсусликидин қарсак уруб йиғлаб айтти: «Эй, нечук бечорамиз, агар манум келиним махфийлик илан ул тўраға борган бўлса эди, эмди маним ўғлум ва набираларим ва ҳам ўзум аввалғи уйларимизда тинчлик ва осойишталикда турар эдук», – деб. Ул вақтда ёмон вакил айтти: «Мана ақллик кампирни кўраман, сан умрнинг қадрини биласан ва мунинг учун сандин илтимосим шулким, келинингга яхши маслаҳат берасан. Агар вақт ўткариб ул тўра Дамашқ шаҳриға қайтиб кетса, ул вақтда сан ва беақл ёш келин афсус ва бефойдалик қоларсиз». Кампир бироз вақт индамай туруб йиғлай бошлади. Ул вақтда вакил анинг қўлини ушлаб айтти: «Сани йиғлағонингни кўрмоқ кўб қийиндур, албатта, сан мазкур ишни маънисини яхши фаҳмлаб кераклик ҳаракатни қиласан», – деб. Кампир «оҳ» деб айтти: «Санинг сўзинг кўб равшандур ва лекин манга маъқул бўлди ва ман ўз келиним бирлан сўзлашаман», – деди. Вакил ҳам хурсанд бўлуб ўйинбоққа қараб жўнади.

ТВГ. 1903 йил 11 декабрь. №48

…Қарзхоҳларнинг вакили ул хотундин ўзиға кераклик жавобни ололмай, анинг кампир қайнонасиға бориб ул кампирни мазкур ёмон ишға ёрдамчи қилибдур. Ва бечора хотун ўз аҳволотида ва ниятларида мустаҳкам бўлуб, аввалғи кунларидек кечқурун овқат учун кераклик пул топмоққа ўйин боғиға борибдур ва мазкур ёмон вакил ул бечора хотунга янгидин қийинлик аҳволотни қилмоқ учун Миср атрофидин ҳар хил чиройлик ва ёмон хулқлик базм қиладурган хотун-қизларни ёллаб ул боққа келтирубдур ва бул ёмон хулқлик хотунлар ўшал боққа келганини эшитиб Исқолон шаҳридағи бойлар, хусусан, ўрта ва кўброқ ёшга келган одамлар мазкур боққа бориб ўлтуруб, ҳар хил қийматбаҳо ичкуликлар ичиб, ўшал ёмон хотун ва қизларға қараб, алар бирлан ишқибозлик қилишиб ва сўзлашиб қийматбаҳо ичкуликка қалампирмунчоқ қўшиб, ул ичкуликни ниҳоятда хушбўй қилиб, базми жамшиддек суҳбат қилубдур. Мазкур синган бойнинг бечора хотуни ўшал боғдин кетиб ниҳояти хафа бўлуб ва пулсиз қолиб ўз чодириға қайтибдур. Анинг онаси – кампир ул бечорани хафалиқ аҳволотини кўруб, аҳволотни сўраган вақтда бечора хотун ҳеч сўз айтолмай, кампирнинг тиззасиға бошини қўюб йиғлаб, афсуслик ила айтти: «Ўтган кунларда ман ўшал боғда яхши мазмунлик хониш қилиб кераклик овқат учун пул топар эдим ва эмди мазкур боғда ёмон хотун ва қизлар ҳозир бўлубдур. Ман ўзум ҳам анда бориб хониш қилмоқни хоҳламайман ва боғ эгаси ҳам сан эмди керак эмассан деб айтти. Бул аҳволотда нима қиламиз ва нечук овқат топармиз?» – деди. Ул кампир сўзни эшитиб афсуслик билан айтти: «Овқатсиз одамзод туролмайдур ва биз мундай аҳволотга чидолмаймиз, шунинг учун ман сандин айланаман, ўз эрингға ва болаларингға ва ман – кампирға раҳм ва шафқат айлаб нечук бўлса ҳам пул топмоққа саъй ва ҳаракат қиласан», – деди. Бечора хотун хафалик илан сўради: «Эй она, сан мандин нима қилмоққа хоҳлайсан?» – деб. Ва кампир оғзини бечора хотунни қулоғиға яқин қилиб оҳисталик илан айтти: «Мазкур кўп пуллик тўраға бор», – деб.
Ўз эрининг онасидин бул тариқа сўзни эшитиб, мазкур бечора хотун дафъатан хавф илан титраб сўради: «Сандек онамдин мундай сўзни эшитаманму, сан манум эримнинг онасисан ва манум вафолиқ ва тозалиғимни маҳкам қилмасдин, бошқа ўзунг манум тоза қўлимға пичоқни бериб ўзумни ўлдуртмоққа хоҳлайсан, албатта, мани мазкур тўраға юбориб тамом уятимни ва вафолиғимни барҳам бериб, йўқ қиласан ва ман бул сўздин кейин санинг бирлан сўзлашмай ва сандин ҳеч бир маслаҳатни олмайман», – деди ва кампир айтти: «Сан айтган сўзлар кўп яхшидур ва лекин бизнинг аҳволотимиз шул даражада эканким, анга чидамоққа илож йўқ. Агар бизнинг аҳволимиз илгаригидек бўлса, ман санга мундай сўз айтмас эдим ва лекин ҳалокат даражасида турамиз ва сан бул ҳалокатдин халос қилмоқға қодирсан», – деб тавозеъ илан сажда қилиб, бечора келинни оёғиға оқ сочини ўраб ушлаб йиғлаб: «Эй келин, бизни қаттиғ ҳалокатдин қутқарғил», – деб ялиниб турди. Бечора хотун кўброқ хафа бўлуб айтти: «Сан шундоқ айтасанму ва лекин ман ўз эримни кўб яхши кўраман ва анго вафолиқ аҳволда турмоқни хоҳлайман ва умид қиламанким, ул маним вафолиғимни бўлак аҳволотдин баланд даражада фаҳмлаб турадур». Кампир айтти: «Ўз эрингни яхши кўрма деб ман ҳам айтмайман ва лекин ўзингни кичик болаларинг учун санго айттим, зероки, санга тўраға бормоқға қийин эмас ва агар сан шундоқ қилмасанг, бул бечора ва бегуноҳ кичик болаларинг гадой қаторида туруб бўлак одамлардин доим хорлик кўрадурлар, муни фаҳмлаб ўзинг хафа бўлмайсанму?» – деганда айтти: «Эй онам, ўшал ишни қийин эмас деб манга айтасан. Эй Худо, начук сўзни маним қулоғим эшитадур?» – деди. Кампир айтти: «Эй келин, ман ҳам шунинг учун бул тариқа ишни уят кўруб ва лекин керак бўлғонда ўз уятини қувиб ул ишни қилар эдилар».
ТВГ. 1904 йил 21 январь. №3
Ва яна ул кампир оҳисталик овоз илан: «Ўшал хотунлар хусусида эшитганман, уялмаслик учун бир алайҳида ақлни йўқ қиладургон ичкулик ичиб, андин кейин ҳар нима қилган ишларини билмай қолар эди. Ул ичкулик бир қўзиқоринға ўхшаш нимарсани сувға солиб ва қайнатиб ани ичган ҳолда кўкнори одамдек хушхаёл бўлуб, хаёл илан ҳар нима қилганни билмай қоладур. Сан ҳам бул тариқа ичкулик тайёр қилиб, ичиб, тўраға бориб, анда эртасиғача ётасан ва субҳ вақтида ман ўзум анинг ҳовлисиға борганда санга тўра берган пулни манга берасан ва ман хурсандлик илан турмахонаға югуруб бориб, анинг қарзини тўлаб мани ўғлум – санинг эрингни озод қилиб, ўз уйингға биргалашиб олиб қайтаман ва сан ўзунг ўшал вақтда қоронғуда ҳеч бир одам йўқ вақтда денгиз лабиға бориб сувға тушуб ғусл қилиб покиза ва озода бўлуб, ўтган кечадаги ишни унутуб, илгариги ҳовлиға қайтиб, анда ўз эрингни ва болаларингни кўруб ниҳояти хурсанд бўлуб ва андин кейин илгариги аҳволдағидек беташвиш умр ўткарасан», – деб. Бечора хотун кўб таажжуб бўлуб, қўрқунч илан айтти: «Нима айтасан ва сан айтганингдек иш бўладурму?» – деди. Кампир боши илан ишорат қилиб: «Албатта бўладур», – деб. «Мазкур ичкуликнинг шундай қуввати ва хосияти бордурким, ҳеч вақтда қилғон гуноҳингдин хафа ва пушаймон бўлмайсан ва ўз эринг илан чин кўнгулдин тоза дўстлик аҳволда турасан, эрингни кўнглида ҳеч шубҳа ва гумон бўлмайдур». Бечора хотун яна айтти: «Оҳ, ман нечук бечораман, ёмон насиҳатлар мани начук аҳволотга соладур, манум ақлим бошимдин кетардек бўлди, ман ҳеч нимани фаҳмламайман. Ва лекин уятим кўнглимда бордур ва маним эримға тааллуқ ишқим мани жазб қилиб тортадур». Кампир айтти: «Ўшал ичкуликни ичиб уятни унутасан». Ва бечора хотун титраб айтти: «Сан айтган насиҳатни тезроқ унутмоқ учун билотавфиқ мазкур ичкуликни манга беринг». Кампир айтти: «Агар сан ўзингни яхши кўруб ва эринг ва болаларингни аҳволотини осон қилмоққа хоҳишинг ва ихтиё­рингча турғил ва лекин ман санга янадин айтаман, оғирлиғингни ташлаб ўшал ичкуликни ичкил», – деди. Хотун айтти: «Ман эримни кўб яхши кўраман ва шунинг учун тоза турмоққа хоҳлайман ва сан, онам, ўз ўғлунгни яхши кўрсанг ҳам манга ёмон насиҳат берасан, ман нима қилай, ман фаҳмламоққа ақлим етмайдур». Кампир айтти: «Ҳар қаю одам санга жавоб берадур завжанинг ишқи онанинг ишқидин камроқ бўлса керак деб, мунинг бирлан ман ўз ўғлумни аҳволотини енгилроқ қилмоқ учун санга шундоқ маслаҳат бердим», – деди. Бечора хотун ул «камроқ» деган сўзни эшитиб кўб хафа бўлуб ва баланд овоз илан айтти: «Йўқ-йўқ, дуруст айтмайсан». Хотун ўз эриға ниҳоятда кўб ошиқ бўладур деб ўз сочини бўйниға ўраб, тортиб, ўз жойидин туруб танбурини қўлиға олиб овқат қилмоққа кераклик пул топмоқ учун юқорида зикр бўлган боққа борди ва лекин мазкур боғда бечора хотунға янгидин хафалик аҳволот пайдо бўлди.

ТВГ. 1904 йил 21 январь. №3

Бечора ёш хотун ўз чодиридин кетгандин сўнгра анинг кампир қайнонасиға ўшал синган бойнинг қарзини талаб қиладурган вакил келиб сўради: «Сан келинни мазкур тўраға бормоққа кўндирдингму?» – деб ва мазкур кампир айтти: «Йўқ, маним келиним ҳеч бир вақт бормайман деб жавоб бериб кетти», – деб ва лекин вакил бул хабарни эшитиб хафа бўлмай ва озғина табассум қилиб айтти: «Эй ҳурматлик кампир, сан унуттингмуким, ишқға мубтало бўлғон одамлар албатта беақл бўладур ва сан мунга қарама, ўз фикрингни дема, кўнгулда тутуб турғил, албатта санга бир томчи сув ўзи енгил бўлса ҳам доимо тушуб турса тошни тешадур ва қадимги вақтда бир донишманд одам бор экан, бир мартаба ул донишманд бирлан бир нодон мунозара қилиб, кўнглида мулоҳаза қилмай, ҳеч бир вақт деган сўзни айтар экан ва донишманд анга айтти: «Ҳеч бир вақт деган сўз не маъно сўздур ва ман санга маслаҳат берайинким, «ҳеч бир вақт» деган сўзни ҳеч қачон айт­ма», – дебдур. Ва сан, ҳурматлик кампир, мунга тафаккур айлаб, ўз ниятингни маҳкам ушласанг мақсудингға етарсан», – деди. Кампир айтти: «Манум умидим йўқ, зероки, манум келинимнинг кўнгли тоза ва мусаффодур». Вакил айтти: «Тоза ва мусаффо тош бўлса ва ўшал тошга кўб узоқ вақт оҳисталик илан уруб турса, ул вақтда ўшал тош қаро рангда бўлмасму, кейин сенинг келининг сан айтадурган сўзни ҳам доим эшитиб турадур ва бул яхши далилдур, зероки, ҳар вақт тоза ва мусаффо тош тадбир илан, аввало, озроқ қора ранг бўлуб ва андин кўк ва андин сориғ ранг ва охири қора ранг ҳам бўлса керак. Ва сан мазкур донишмандни маслаҳатини унутма, яъни «ҳеч бир вақт» деган сўзни ҳеч қачон айтма ва яна ман санга бир маслаҳат берайин, чунончи, ўшал тўраға кўб вақт кутуб турмоққа тоқати кетгундек бўлмаслик учун тезлик илан ҳаракат қилмоқ керак ва агар ул тўранинг тоқати қолмаса, ул тўра қароқчини устиға ҳукм қилиб Дамашқ шаҳриға қайтиб кетадур», – деб. Кампир ўшал маслаҳатни қабул қилиб айтти: «Хўш, ман ўз ниятимни эътимомиға еткураман, сўзумни дурустлиғи учун ўз умрим ва ўзумни икки набирамни умри бирлан», – деб қасам ичди. Мазкур вакил бул тариқа маҳкам ниятни билиб ва фаҳмлаб хурсанд бўлуб юқорида зикр бўлғон Мисрдан келган фоҳиша хотунларнинг базмини кўрмакка жўнаб кетти ва анинг ҳамёнида тиллолар ва кўнгулни хурсанд қилмоқ учун хушбўй қалампирмунчоқ бор эди.
Ва бечора хотун ҳам юқорида зикр бўлғон қайнонасининг ёмон сўзларидин кўб хафа бўлуб ва ўз кўнглини жароҳат бўлгандек фаҳмлаб, танбурини олиб, ўшал боққа борар эди. Танбур оғирлиқ қилиб ва кўнгли хафалик ва аъзоси беқувватликдин ул бечорани қадди эгилиб, хам бўлуб ва оёғи тойилиб ва кўзидин ўт чиқиб, ўз борадурган йўлини кўролмай хафалик илан фикр айлар эдиким, «Бул тариқа хафа ва беқувват бўлуб қандай хониш қиламан ва манум овозим қандай чиқадур», – деб юрар эди ва лекин мазкур базм боққа кирганда ул бечора тўғри кўрдиким, ўшал боғда ниҳоятда кўб мўйсафид ва ёш йигит ва инобатлик одамлар жам бўлубдур. Аларнинг баъзилари уятсиз базм жойиға яқин туруб ва баъзилари уялиб четга бориб дарахт шохларини аросидин қараб турар экан. Базм жойида бир неча чиройлик хотун ва қиз атрофлаб ўлтурган экан ва аларнинг энг ўртасида бир ниҳояти чиройлик қиз турубдур, ўшал қиз ва хотунларнинг қошлари қайрилган ва кўзлариға сурма қўйуб ва киприкларини ҳам қаро қилган ва кўкраклари очуқ ва бўйнуға таққан маржонлари қимирлаб ва шолдираб турган ва қўлларининг кафи ва оёғ тобониға қизил ранг қилғон ўшал жамиятга қараганда фикр қилинадурким, ўшал қиз ва хотунларнинг атрофларида қараб, кўруб турган одамнинг кўнгуллариға электричество шуъласиға ўхшаш шуъла таъсир қилғон, ўшал қиз ва хотун турган ер ҳам қизиқ ва иссиқ экан… Албатта, бул тариқа ёмон жамиятга ўшал бечора тоза кўнгиллик хотун керак эмас ва анинг инсофлик сўзиға ва хонишиға жой ва ўрун йўқ экан ва анинг танбур овозиға ҳеч ким қулоқ солмаса керак ва мазкур ерға ётган уятсиз қиз ва хотун оҳиста-оҳиста овоз илан хониш қилса ҳам маъниси йўқ экан ва лекин аларнинг овози ари овозиға ўхшаш экан ва мазкур базм­нинг бошлағувчи рубоб ушлаб оҳиста-оҳиста чалди ва ўртада турган бир чиройлик қиз ҳар тарафга қараб, усул қилиб ари чақмасун деб эҳтиёт қилиб, сесканган одамдек ҳаракат қилур эди. Ўшал тариқа оҳисталик хониш овозлар даража-бедаража баланд бўлуб ва ўшал қиз бир жойда туриб, қўлини ҳар тарафга айлантируб, рақс уруб ўйнар экан ва кўрган одам хаёл қилар эканким, арилар мазкур қизга яқинроқ келиб баъзи юпқа либосиға ёпишдиму деб ва қиз қўрққандек баландга сакраб, тамом аъзоси илан ҳаракат қилган вақтда ўшал ерда ётган тамоми бўлак хотун ва қизлар ҳам тик туруб, қайроқбозни тошидек қўллариға тош ушлаб, қўлларини қимирлатиб ва тошни ҳам қимирлатар экан. Ўшал қиз-хотунлар ари биридин-бириға учуб ўтиб, бизни чақмасун деган хаёл ва ҳаракат қилғондек ҳаракат илан айланиб, ўз либосларини тезлик илан ташлаб тамомлари яланғоч бўлди ва ўшал вақтда боғда ёқилган фонуслар ҳам ўчурулиб ва боғда жам бўлғон мўйсафид ва ёш йигитларнинг уятлари кетибдур. Найрангбоз бошлуғи бечора хотунни кўруб қўл илан орқасиға уруб ва «кет» деб итариб, анинг танбурини қўлидин олиб ерга уруб синдирди.
ТВГ. 1904 йил 28 январь. №4
Бечора хотунни ўйин боғидин ҳайдаб чиқаргандин сўнгра ўз эриға ва икки боласиға ва қайнонасиға кераклик вазифаларини топ­моққа илож тобмай, бир кун ўшал бечоралар эртадин то кечғача таом емай оч қолубдурлар ва ул куни ҳам бечора хотун ўз эриға раҳми келиб, қуруқ қўл илан зиндонға бориб эри бирлан кўб хафалиқ аҳволотда ўлтурубдур ва ўшал вақтда зиндонда ётган бандилар мазкур хотунга ҳар хил ҳақорат сўз айтибдур. Анинг эри бул ҳақорат сўзни эшитиб хотунга айтти: «Ман санинг аҳволингни кўб яхши биламан, Худо хоҳласа, ўлмакка етдим, эмди сан ўзингни ихтиёрингда тураман деб ва ман санга бир маслаҳатни айтаман, бизнинг нурчашмларимизни гадойдек қилиб кўчага юборинг, ул бечоралар хайрхоҳ одамлардин садақа сўрасун, албатта, ул икки кичкина ёш болалар манум кампир онам илан пул устида ўлтуруб хайр сўраган вақтда ҳар қаю одамларни кўруб ва аяб аларға хоҳ ғалла ва хоҳ ёмон балиқ берсалар керак», – деб ва хотун айтти: «Йўқ, ман болаларимни кўчаға юбориб эдим ва лекин бу кун ҳеч ким ҳеч нима берган йўқ. Зероки, Дамашқдин келган тўрадин қўрқуб манум қизимға масхара қилиб айтубдурлар: «Онанг сизларга раҳм қилмайдур, мунинг учун сизларнинг ва болаларингиз онангизни гарданиғадур ва кампир мани қуруқ қайт­ганимни кўруб манга ҳар хил ҳақорат сўз айтиб, мазкур тўраға нима учун бормайсан деб айтадур», – деди. Ул вақтда бечора синган бой кўб хафалиқдин ўзининг йиртиқ ва ёмон қилинган либосини йиртиб айтти: «Ҳеч бир мунга ўхшаш сўзни эшитмоққа қодир эмасман, нима хоҳласанг ани қил», – деди.
Ўшал вақтда қаровул зиндонни келиб қаради, бечора хотун зиндондин чиқмоғни фаҳмлаб, оёғ узасиға туруб дафъатан қўрқуб титради. Зероки, ўшал вақтда юқорида зикр бўлғон катта қароқчи тамоми беш занжир илан титраб, занжирларини шилдиратиб, бечора хотунни оёғига бир нарсани ташлабдур. Хотун энкайиб қараса, икки кичкина нонни кўруб кўтариб олиб оҳисталиқ овоз илан сўрадиким: «Бул тариқа раҳмлик ишни қилғон одам кимдурсан, албатта, ўзинг кўб бечорасан, икки кун ичида санга берилган нонни ўзинг емай, ман бечора хотунга берасан, сан қайси диндасан, манга жавоб айт, ман санинг Худойингни билиб, санинг хусусингда дуо қилайин», – деди. Ул қароқчи айтти: «Эй хотун, маним исмимни ва маним Худойимни сўрама, сан ўз эрингға келиб, бечоралик аҳволотларингни сўзлашган вақтда тамоми сўзларингни эшитиб санга бўлғон катта авболни фаҳмладим ва санинг хафалиқ аҳволинг маним қаттиғ кўнглимға кўб таъсир қилди, эмди бул икки нонни олиб икки кичкина болаларингға бергин, ул бечоралар йиғламасунлар», – деб. Бечора хотун ул нонни олғон вақтда анинг эри очлиқидин бўридек бўлуб тишларини шақирлатиб, ул икки нонни олиб тезлик илан ёввойи ҳайвондек ебдур. Бечора хотун муни кўруб йиғлаб, кўзини қўли илан беркитиб, тезлик илан зиндондин қочиб чиқиб ўйладиким, манум эрим бул тариқа қийин аҳволот илан манга тўрага боринг деб айтмасун деди.
Кечқурун бечора хотун зиндондин чиқиб, зиндон олдида тўхтаб фикр айлади: «Эмди қаю ерға бораман, агар болаларимға борсам, ул болалар маним қуруқ қўл кўруб янадин кўброқ йиғласа керак ва агар кампир қайнонамни кўрсам, ул ҳам кўб ҳақорат сўзларни айтса керак». Бир марта ул кампир ачиғлиғдин ақли кетиб шундоқ деган эди: «Маним илгариги чиройлигим қайда, нима сабабдин манингдек кампирни чиройим йўқ бўлди, агар денгизда турадурган аждарҳо мани ўз тўшокиға чақирган бўлса, ўз ўғлимни ва набираларимни очлиқдин халос қилмоқ учун борар эдим ва манум келиним шул тариқа ёмон ва қаттиғкўнгиллиғидин, албатта, лаънатга мустаҳиқдур», – деб. Бул оғир хаёлни ўйлаб бечора хотунни кўнглиға гумон тушди. Агар маним кампир қайнонам шундоқ деганда бўлак одамлар манга ишонмайдур, маним тўраға бормоққа хоҳламаслиғим дурустму ё нодурустму, эмди маним ёш болаларим яланғоч ва оч ўлтуруб ва кампир ўлукка ўхшаш турадур, алар ётадурган чодирға бормоққа тоқатим йўқ ва кечаси совуқ ва шаҳар ичида бетинчлик, эмди нима қиламан деб ўйлади.
Ва ул бетинчлиқнинг сабаби шул эканким, ўшал қароқчининг шериклари ҳар тарафдин келиб жам бўлуб, мазкур шаҳарнинг баъзи жойларида ўғурлиқ қилиб ва одам ўлдуруб ўз бошлиқини ажратиб кетмоқ қасдида. Чунончи, ул қароқчилар расмий одамларнинг либосини кийиб, кеч вақтда шаҳар ичиға зиндон эшикини очиб олиб кетмоқчи эди. Ва зиндон қаровули ҳам бул хабарни узун қулоқдан эшитиб қўрқар эканким: «Ўғрилар бул кечаси келмасмукин», – деб. Мазкур тўра кўб узоқ вақт ул бечора хотунга умид­вор бўлуб туруб, эмди охири пушаймон бўлиб амр қилди, шаҳар ичида ва зиндон атрофида навбат-банавбат қаровул юриб, ҳар қаю нодуруст ва бекор одамларни ушлаб маҳбус қилсун деб ва бечора хотун бул аҳволотни фаҳмлаб фикр қилди: «Ким манга икки хил ташвиш бўлди, чунончи, шаҳар ичида юрсам, қоровул ушлайдур ва ўз чодиримға бормоққа қодир эмасман», – деб. Ул хотун тезлик илан шаҳар дарвозасидин чиқиб, бир қабристонға бориб, анда очуқ қабрлар ва қалин дарахтлар орасида кечани ўтказмоққа ният қилди ва мазкур қабристонда бир таажжублик қабр бор эдиким, бир дафн бўлинган одамнинг боши қабрнинг ичидин ташқарида қолиб, баъзи одамлар қилғон саволлариға жавоб берар экан ва мазкур хотуннинг кўнглиға бир қиёс тушдиким: «Бир чуқурда йиғилиб турган сув яхшиму ёки чуқурдан ҳар тарафга оқадурган ва ҳар хил одамларға фойда келтурадургон сув яхшиму?» – деб. «Манга шул тариқа хаёлни кўб одам айттилар, ушбуни тезлик илан қабристонға бориб, мазкур таажжублик бошдин савол қилиб, анинг жавобиға мувофиқ иш қиламан», – деб қабрис­тон тарафиға равона бўлди.

ТВГ. 1904 йил 3 февраль. №5
______________________
Усмонли туркчадан баёний таржима.