Маҳмуд Йўлдошев. “Бобожон …” (ҳикоя)

Дунё ишларини унинг пойгасида чопганда билар экансан, деган иборага унчалик ишонгим келмай турипти. Ахир қадимий аксиомалардан бири тошбақани қувиб етолмасликку. Шундай экан, ҳарқалай, орқага қараб, ёмон яшамабман, дея оламан. Яъни, инсонлик маъносидан келиб чиққанда унча чопмапман, ҳамда, тошбақани ҳам жуда кўп берилиб қувмапман. Шунга қарамасдан, мен етган марралар ҳам йўқ эмас.
Бугун хаёлга ботар эканман, бунга сабаб, эрта тонгда келиб соқолимни ўйнаган ҳолда неварамнинг укаси ҳақида берган саволи бўлди.
Ота, нега Бахтиёр гуу, гуу дейдида гапирмайди, ҳамма нарсани оғзига солади (бизда даданинг отаси, бувани неваралар ота дейди) дейиши бўлди.
Бобожон, шошманг, у ҳам сизга ўхшаб тезда гапира бошлайди, дедим. У яна сабри чидамай, қачон, деб саволини давом этдирди. Бола ширин, улар билан гаплашишдан ширинроқ мулоқотнинг ўзи йўқ. Йиллар ўтиб ўз отамдан, дадамдан ўрганган одатларим ва чиқарган хулосаларимдан бири шу бўлса керак. Буни ҳаётим давомида жуда яхши тушунб етдим, дея оламан.
Шу ўринда кўпчиликнинг неваралар ҳақида баъзан айтадиган яна бир фикрига унчалик қўшилмайман, гўёки “пўчоғидан мағзи ширин” эмиш. Биринчидан, ўз боланг пўчоқ эмас. Иккинчидан, бундай фикрни ўз боласини унчалик севиб катта қилмаган кишигина айтиши мумкин. Бизнинг авлод- авлодимиз ўз болаларини севиб, оилавий сулоладаги анъаналаримизни бола руҳига сингдириб катта қилишади. Шу жумладан мен ҳам яхши маънода, шу оиланинг эркатойи бўлиб катта бўлганман.
Ҳа, невара жуда ширин, аммо “Мен болам деганда болам дер болам”, ахир унинг ҳам ўз дада, ойиси бор.
Шундай дер эканман, хаёлим қочди. Бу ҳол мени ўз отам билан етаклашиб илк бор қишлоқ кўчаларига чиққанимни эслатиб юборди. Тушунишимга қараганда менинг шундай (кейинчалик одамларнинг айтишича) шиддатли, уддабурон, билимдон, ўз-ўзини етарли ҳурмат қилиб катта бўлгишимга айнан отамнинг хизматлари катта бўлган экан.
Дадам оддий қишлоқ зиёлиси, ўқитувчи эди. Аммо отам тўғрисида у киши оддий деҳқон, оддий колхоз раиси бўлган ёки шунга ўхшаш бошқа “оддий” тасниф ва сифатларни келтириб чеклана олмайман. У одам ўз ҳаёти даврида неча бор уриниб суринган, неча бор советлар дастидан ҳаётини бошидан бошлаган. Бирда оддий колхозчилик қилган бўлса, бошқа пайти оддий “зек” – Москванинг метросини қазган, бирда олибсотарлик қилган бўлса, бошқа пайти вазирга муовинлик қилган.
Ҳа, менга ҳам ҳаётни бир неча бор бошидан бошлашга тўғри келди. У ташвишлар, йўқотиш ва топишлар мени худди отамдай чиниқтирди, иродамни тоблади, ҳаёт кураши осон кечмаслигини, ён атрофдаги одамлар “оддий” эмаслигини ўргатди.
Маълум сабабларга кўра ҳаёт ташвишларини колхоз пахтасига сув қўйишдан бошлаб, турли мавқедаги собиқ иттифоқ ва республика лавозимларида кўплаб одамларга буйруқлар беришгача етиб бориш, албатта, осон бўлмади.
Шу ҳолатларни ўйлаб кўрсам кўпчиликнинг руҳидаги, онгидаги бойлик, лавозим, бахт тушунчалари уларнинг буйруқни бажаришдан кўра буйруқ бериш анча қийинроқ эканлигини билмасликларидан, деган хулосага олиб келади мени.
Ҳает фалсафаси жуда қизиқ нарса экан. Бировга яхшилик қилиш, унинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун кўпинча аслида айнан ўша одамнинг баъзи ҳуқуқларини паймол қилишдан, бурчларини эса эслатишдан бошлашингга тўғи келар экан.
Худди шу чалкаш фалсафани тушунмаслик жуда кўпчилик иқтидорли одамларнинг катта лавозимларга эришмаслигига, ўз шахсий фаолиятида ҳатто бахт, бахтли ҳаёт тушунчаларини англаб етмасликларига сабаб бўлади, деб айта оламан, энди бу ёшга етиб.
Ҳаётнинг қувонч ва ташвишларидан чиқарган хулосаларим анчагина. Улардан биринчиси, оддий ишчи, колхозчи бўлиб ишлаб юрганларимда шу бўлганки, ўз уйим, севган оилам бўлиши шарт. Айни шу хулоса кейинчалик катта лавозимларда ишлаб шаҳарма шаҳар юрганларимда яна бир тушунча билан тўлдики, қай даражадаги имконият ва вазиятлар бўлмасин, ўз оиланг, бола чақангдан узоқ вақт айрилиб яшамаслигинг керак экан.
Бу хулосага ҳам аслида оддий, ҳаётий бир воқеа сабаб бўлган.
Собиқ иттифоқ республикаларидан бирига катта лавозимга ишга тайинландим. Бирон нарсадан камчилигим йўқ. Ёнимдаги шотирларим айтганим уёқда турсин, кўнглимга келган нарсаларни тайёрлайди. Оилам бошқа шаҳарда, нимагадир ўша пайтлари ёшлигим авжи пайтимиди, уларни ёнимга олиб келишни хоҳламадим. Кундалик иш, маишат, анча эт бойлаганман, орқага қараб қўйиш хаёлга ҳам келмайди, кўнгилга келган маъқул ва номаъқулчиликни қилиб яшаб юрар эдим.
Бир куни тўсатдан, бундай ишлар доим тўсатдан бўлади, бир кишининг таъзиясига бориш керак бўлди. Расмийлар қаторида турибман, беш-олти кишимиз, марҳумнинг ёши, ҳурмати катта бўлишига қарамасдан тобут атрофида на болалари, на қариндош уруғи, на аёли, улардан ҳеч ким йўқ. Суриштирсам у ҳам бошқа шаҳардан келган, унинг вафоти тўғрисидаги хабар барча қариндаш уруғларига юборилишига қарамасдан, ҳеч кими келмаган. Қарангки, марҳум атрофида унинг бойлиги, обрўси, кейин билсам, турли хил лавозимларда ишлаб юрган бола чақалари борлигига қарамасдан, бирон қатра кўз ёш чиқарадиган одамнинг ўзи йўқлиги менга қаттиқ таъсир қилди.
Марҳумни уч-тўрт солдат, икки-уч хизмат кишилари машинага ортиб қабристонга олиб кетишди. Биз расмийлар ҳар биримиз ўз машинамизда, вужудга келган ноқулайликни тезроқ орқада қолдириш мақсадида шошилиб-суриниб тарқалдик. Шу воқеа сабаб бўлдию, ҳаётим тўғрисида қаттиқ ўйга толдим. Болаларнинг йил давомида мактабларини алмаштирмасликни баҳона қилиб юрган одам, уларни зудлик билан Тошкентга кўчиришга буйруқ бердим ва ўзим ҳам суянчиқ ва таянчиқларимни ишга солиб янги лавозимга тайинланиб етиб келдим. Иш жойининг, лавозимнинг, оилавий шароитнинг ва бошқ бир қанча муҳитнинг, айниқса дунёқарашимнинг ўзгариши мени ён атрофимдагиларга, оила аъзоларимга, умуман инсон шаънига бошқача қарашга олиб келди. Мен учун дунё эмас, унинг моҳияти ўзгарди. Отам, дадамдан оилада олган сабоқларим ёдимга тушди, яхши маънода айтадиган бўлсам, йиллар давомида ҳар хил лавозимларда юриб унутаёзган ўзлигим ўзимга қайтди. Оиламдан иссиқроқ жой, болаларимдан яқинроқ инсонлар йўқлигини қайтадан англаб етдим.
Азалар – қайғули ҳолат, тўйлар – ҳаёт лаззатларини англатадиган пайтлар эканини кундан кн кўпроқ тушуна бошладим.
Мендаги бу ўзгариш биринчи ўринда ўзимга ижбий таъсир қилди. Ички бир руҳий хотиржамлик, ҳаётнинг ҳар бир онидан алоҳида бир лаззат оладиган бўлдим. Йиллар давомида мансабдорлик фаолиятидан шахсий хусусиятимга кириб улгурган, ўзим билмаган ҳолда олинган қўрсликларим ички асл хулқимдан ажралиб чиққандай бўлди. Ён атрофимдагиларнинг эътибори менга нисбатан ўзгарди, одамларнинг муомала ва муносабати кундан кун яхшиланиб улар янада кўпроқ менга интиладиган бўлишди. Шу пайти пенсияга чиқиш қарорим кўпчиликни ҳайратга солиб, баъзиларни шошириб қўйди. Ахир, сенинг лавозиму обрўйингдан фойдаланиб юрадиганлар ҳар доим ва ҳар жойда топиладида. Расмий лавозимдан кетган билан ижтимоий муҳитдан ажралмасдан жамоат ташкилотларидан бирида фаол ишлаб юрибман, ҳар куни оилам ва невараларим билан ҳаётнинг ёшим мавқеидаги лаззатларидан холи эмасман.
Сулоламиздагиларга ўхшаш ўзимнинг ниҳоятда болажон инсон эканлигимни фарзандларимнинг меҳридан, невараларимнинг чуғур-чуғур қилиб ёнимдан кетмаслигидан сезаман ва бу ҳаётнинг ширин мевасидай алоҳида лаззат беради. Болаларим ва невараларим билан бўлган баъзи суҳбатларимда невараларимга қарата “бобожонлар”, мени охирги йўлга кузатишда қаттиқ-қаттиқ йиғлаб тўнларингизнинг этагида қабримга тупроқ тўкишни унутманглар, деб қўяман. Бундай ҳолатларда болаларим “дада, нималар деяпсиз” деб қолишса, ёшлик гаштини сураётган невараларим ўз ўйинлари билан машғул ҳолда бу гапларга ҳали унчалик эътибор ҳам беришмайди.
Ишончим комил, оиламиз анъаналарини давом этдирадиган болаларим мен етишган ҳаёт фалсафасини кенггайтирса кенггайтиради, торайтирмайди. Невараларим ҳам болажон инсонлар, ўз оилавий бахтларини ҳамма ҳаёт лаззатларидан устун қўядиган бўлиб етшади ва мени кузатиш пайтида бутун жамоа олдида қаттиқ-қаттиқ йиғлаб, тўнлари этагида қабримга тупроқ тўкишади.