Уч кунлар бўлдики ҳаво дим. Йўқ, балки бир ҳафта бўлгандир, балки бир ойдир, балки… аниғини билмайману, хуллас анчадан буён ҳаво исиб-исимайди, совуб-совимайди. Эринчоқ баҳор булутлари устимизга ёқар-ёқмас сузиб келади-да, ёғишга шайланади-ю, негадир шаштларидан қайтиб ўз йўлида давом этаверадилар. Булутлар кетидан булутлар келади. Бири-биридан зерикарли булутлар. Ҳаммалари ёғмоқчи бўлиб кўради, аммо ёғмайди. Бунақа ҳавода бўғилиб ўласан киши. Қани энди момогулдирак еру кўкни титратиб бир гумбурласаю ёмғир шаррос қуйиб берса. Шамолга тўшингни тутиб тоза ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олсанг. Афсус, қовоқ-тумшуғини осилтириб олган булутлар мангуга ёғмайдигандек.
Тоза ҳавони жуда соғиндим. Нега десангиз шу кунларда худди шалоғи чиққан автобусда диққинафас бўлиб олис сафарга кетаётган одамдек карахтман. Ҳозир ана шу шалоғи чиққан автобусга чиқишим керак, аммо чиққим йўқ. Бекатда ўттиз-қирқ чоғли одам ва мен автобус кутардик. Улар автобуснинг ногаҳон келмай қўйишидан, мен эсам унинг келиб қолишидан хавотирда эдик.
Аммо у келди. Пешонамга ёзилгани шу экан. Ноилож чиқдим. Уловнинг бу турини жиним суймасди. Автобусда ўтган умримнинг энг кўп қисми талабалик йилларимга тўғри келади. Катталарга жой бериш мажбурияти ўша пайтлардан мерос. Ўша йиллари қайси ёшдагиларга жой беришим кераклиги миямга қаттиқ ўрнашиб қолганлигидан ҳозир бундай ёшдагилар мендан кичиклигини ақлимга сиғдира олмасдим. Ҳар гал “катталар” ўрнашиб олишига ўзим йўл қўйиб берардим. Менинг сусткашлигим уларга ёқарди. Бу гал ўтириб кетишни қанчалик истаган бўлсам ҳам эски одатим менга содиқ қолди.
Офтобда қизиб кетган бу темир уйчага бир-бирларини итариб-турткилаб ёпирилиб кирган одамлар шундоғам сиқиқ, дим ҳавони биттар айнитиб юбордилар. Булутлар орасидан мўралаган қуёш автобуснинг чап қатор ўриндиқларини роса қиздириб қўйган экан. Баъзи аёллар ўнг ўриндиқлар томон типирчилаб қолишди. Ўрнашиб олишгач, елпиниб ўтирган чапдагиларни ҳазил-мазах қилишди. Наъра тортиб ўрнидан қўзғалган автобус чайқала-чайқала олдинга интилди. Бир неча дақиқадан кейин эса автобус йўналишини ўзгартирди-ю, қуёш чапдан ўнг томонга ўтиб олди. Чап ўриндиқдагилар бошларига келган соядан анча сергак тортишди. Ҳамма чакагига эрк бериб юборган, айниқса чап қулоғим тагидаги бир хотиннинг жағига баракат берган экан:
– Бой ҳам бойга, Худой ҳам бойга дейди. Пули борлар ҳамма ерларни сотиб олиб қўйса, бизга ўхшаганлар зор қақшаб қолаверадими? Ҳозир фермерларнинг ошиғи олчи. Қоплондай икки ўғлим ва бир қизим бор. Ҳаммаси ишсиз. Ҳали ўғил уйлантирганим йўқ.
– Колхўзда ишлатинг! – деди шериги.
– Колхўз пул берадими? Ҳали ўзимнинг ололмай юрган қанча пулим бор. Ундан кейин колхўзнинг иши оғир. Шунча йил менинг ишлаганим етар. Энди болаларим енгилроқ, мойлироқ иш топса дейман. Сўлоқмондай йигит бел кўтариб юришга ор қилади.
– Менинг ўғлим беш йилдан бери бел кўтариб бели қайишгани йўқ. Ишдан ҳориб келдинг, дамингни ол десам, “Бе-ээ, бригадир ишга бормади, челда ўтириб карта ўйнаб қайтдик” дейди.
Кимдир гапга аралашди.
– Колхўз пул бермаса фермерга юборинг.
– Сиз ҳам менинг тилимни қичитасиз. Ўтган йили фермер қариндошимиз (қариндош бўлмай кетсин) кичик ўғлимни сўраб келди. Муғомбир. “Уйда молларга қараб юрса, ойига ўн беш минг бераман” деди. “Ҳой, оғзингга қараб гапир. Кўҳна жойнинг ўрнини ўзингники қилиб олдинг, индамадим. Энди ўғлим сенга хизматкор бўлиб, молларингнинг тагини тозалайдими”, дедим. Ит терисини бошига қоплаб, уйдан ҳайдадим.
– Ўғлингиз бирон нарсага қизиқадими ўзи?
– Фудбўл деса жонини беради. Пискултура бор кунларигина мактабга боради. Ёшлигида кўп касал бўлди, эркароқ ўсди. Биринчи синфга борганида ҳар куни партасида бирга ўтириб қайтардим…
Ёши элликларга борган зиёлинамо киши ўзига ўзи гапира бошлади.
– Илгарилари ота-оналар болаларини мактабга бераётиб ўқитувчига: “Мана шуни одам қилинг, яхши ўқисин, ўқишдан бўйин товласа ҳоҳлаганигизча уриб-сўкаверинг” дейишарди. Энг болажон аёллар ҳам икки-уч шапалоққа рухсат берарди. Ҳозирги хотинларнинг оғзидан фақат бир хил гап эшитасан: “Менинг боламга қаттиқ гапирманг, шайтонлаб қолади. Хушомадини етирмасангиз, гапингизга кирмайди. Юқори баҳо қўймасангиз, мактабга боришдан бош тортади. Сиздан илтимос, боламни биров хафа қилиб қўймасин, унга кўз-қулоқ бўлиб турсангиз, “папка зиёфати” биздан.”
– Э, қўйинг ўша замонни. Хотинлар итдай туғиб кетаверган-да. Боласига қайғурмаган, ҳукумат қайғурсин, деб. Мана мен кеча-кундуз шу болаларим учун югураман. Бировдан кам бўлмасин дейман. Ҳозир сал паст кетсанг одамлар устингга чиқиб олишади. Ҳали бировга ялинганим йўқ. Қизимнинг туғилган кунида ўша фермер қариндошимизнинг қизи қиммат баҳо кўйлак кийиб келган эди. Қизим сал ўксингандай бўлди. “Хафа бўлма, қарз этсам ҳам сенга ундан яхшисини олиб бераман”, дедим. Кейин билсам, у ҳам бировникини кийиб келган экан. Худога шукур, мен қизимга “ойроти” кийдирмадим. Қийналсам ҳам ўзим югуриб-элиб олди-сотди қилиб бир амаллаб етказиб турибман. Бироқ пул топиш кун-кундан қийинлашиб кетаяпти.
– Туғилган кунга пул топибсиз-ку!?
– Аа-ай, сўраманг! Ҳаммасини насия олдим. Уйда гуруч қолмабди. Дарров хорозга бориб икки қоп гуруч чиқартирдим. Бир қопини қўшнилардан олган гуручларнинг ўрнига тарқатишни мўлжаллаб, иккинчи қопдан туғилган кунга етгудай гуруч қолдириб, қолганини сотдим. Қизим туғилган кунида бир қувонсин деб насияга олиб яшириб қўйган рўмолнинг пулини тўлашим керак эди. Гуручнинг пули рўмолнинг қарзидан қутқармаслигини билиб, хорозчига “Хороз ҳақини қарз дафтарингга ёзиб тур, Худо ҳоҳласа келгуси сафар шоли келтирганимда аввалгиларини ҳам қўшиб, ҳаммасини бир этиб тўлаб кетаман. Агар “йўқ” десанг, қайтиб сенинг хорозингга келмайман, “Оқ кўйлагим лалангир, сен бўлмасанг енам бир” – бошқа хороз кўп, деб пўписа қилдим. Хорозчи иложсиз рози бўлди.
Мана икки ой бўлдики, майда-чуйда харажатларнинг қарзидан қутулдим. Фақат ароқнинг пули қолди.
– Қизингизнинг чиқонлари ароқ ҳам ичишадими?
– Йўқ, ароқни менинг чиқонларим билан эримнинг жўралари ичишди.
– Асосан, эримнинг жўралари денг!
– Ҳозирги эркаклар ароқ ича оладими ўзи? Икки пиёла берсанг ағдарилиб тушади. Кейин меҳмонларга туни билан хотинлар хизмат қилаверади. Ароқни менинг чиқонларим сувдай симиришди.
– Қизингиз баҳонасида ўзларингиз бир мириқибсизлар-да, а?!
– Авваллари бундай нарсаларни мен ҳам ёқтирмасдим. Кейин билсак туғилган кунлар дам олиш учун тайёр баҳона экан. Иш-иш деб бир куни ўлиб кетасан. Қолаверса, туғилган кунлар бўлмаса қариндош-ошнони йўқлаб боришга фурсат тополмайсан.
– Ярим қоп гуручнинг ҳаммаси кетдими? – сўради кимдир. Афтидан шаҳарлик бўлса керак.
– Етмай қолди.
– Тўйдай қилиб юборгандирсиз-да.
– Қайда, охирида келган уч одамга палов етмади, фақат шўрва билан кетмасин деб гўшт қовуртирдим. Улар бошқа бир ердан тўйиб келган эканлар, овқатга қўл ҳам урмадилар. Лекин эртасига кўрса-ак, товоқларда қолган паловга молларнинг ем қозони тўлибди.
Автобус бир маромда ийланиб кетиб борарди.Жиззаки хотин олдидаги каттакон сумкалардан бирини титкилаб, эскириб қолган кўк дафтарини топди.
– Мана шу дафтарда уч йилдан бери қарзини узолмай юрганлар бор. Шулар вақтида тўлаганда мен ҳозир сенга ўхшаб бу ярим-ёрти автобусда чанг ютиб ўтирмасдим.
– Чиқон, сал ўзингни бос. Бундай қарз дафтар ҳаммамизда ҳам бор. Қарзга бермасанг ҳеч ким сендан нарса олмай қўяди.
– Қўйинглар-эй, уят бўлади.
– Бошқа гапдан гаплашинглар! – Ҳар ким ҳар томондан вазиятни юмшатишга ҳаракат қилди.
Ҳайдовчи гоҳ йўлга, гоҳ пешойна орқали йўловчиларга қараб қўярди. Автобус ичини бензин ҳиди тобора қамраб борар, кимдир туйнукни очиб ташқаридан кираётган ҳавога тумшуғини тутса, кимдир “Боламни докторга олиб кетаяпман, шамоллаб қолади, туйнукни ёп!” деб бақирарди. Туйнук олдидаги узун бўйли йигитга қийин бўлди. Очдим деганда ёпади, ёпдим деганда очади. Бир неча кишини тушира солиб энди тезликни ошира бошлаган автобусни йўлда турган кимдир қўл кўтариб тўхтатади. Уни миндириб газни босдим деганда ҳайдовчини яна кимдир тушиб қолиш учун безовта қилади. Хуллас автобус бир юриб, бир тўхтайди.
– Автобусми бу, ё эшакаравами? Қачон етамиз Урганчга? Бу боришда бугунги кунимиз автобусда ўтадими дейман? – нолий бошлади зерикиб кетган бир йўловчи.
Кашандаларни бир неча марта сиқувга олишди. “Бизга ўхшаб нос чекинглар, тутуни чиқмайди”. “Тутуни ичингга қараб кетади”. “Мен шароитга қараб икковиниям чекавераман”. “Икковиям соғлиққа зарар, ундан кўра семичка чақинглар, овқатни яхши ҳазм қилдиради”. “Қўйсанг-а, ўзи қорним оч, овқатни яхши ҳазм қилдирмайдиган хилидан йўқми?” деган гаплар билан автобусдаги беш-олти дудкаш, ўн-ўн беш носкаш ва йигирматача семичка чақувчи тараф-тараф бўлиб баҳслашарди. Бир йигитга ҳозиргина сигарет сотган хотин уч яшар қизчаси димоғи олдида сузиб юрган тутунларни қўли билан ҳайдаётиб, босиб-босиб чекаётган йигитга қараб: “Майли, зарари йўқ-зарари йўқ” деб қўйди ва баҳсга аралашди: “Менинг отам ҳозир салкам тўқсонга борди. Умр бўйи оғзидан сигарет тушмаган. Ким кимдан олдин кетиши ёлғиз Худога аён.”
Семичканинг “чирт-чирт” этган овозлари тинмасди. Оёқ остлари семичка қобиғига тўлиб кетди. Бир неча бор огоҳлантириши ҳеч кимга таъсир қилмагач, ҳайдовчи автобусни шартта тўхтатиб:
– Яхши гапга тушунмас экансизлар, чақманглар дегандан сўнг чақманглар-да! – деб бор овози билан бақирган заҳоти ҳамма жим-жит бўлди. Автобус тўхташи билан баробар тўхтаган жағлар, автобус юриши билан яна ишга тушдилар. Қўллар билан оғизлар бир-бирларига мутаносиб равишда яширин харакат қилар, кўз билан қулоқ эса ҳайдовчининг хатти-ҳаракатларидан кўз-қулоқ бўлиб турарди. Фақат кўзойнакли пакана киши пинагини бузмай семичка чақарди. Ҳайдовчи унга ўгирилиб: “Сен ўзбекчага тушунасанми ўзи?” деган эди, ҳалиги пакана ҳайрон бўлиб: “Чего?” деди. Шундагина ҳамма унинг корейс миллатига мансуб эканини пайқади. Ҳайдовчининг бирдан попуги пасайиб қолди. Эсанкираганидан зўрға “не надо… чимичка чақмоқ” дея олди холос. У гапининг русча жумласини баланд, ўзбекчасини эса пастгина оҳангда айтди. Пакана гап нимадалигини пайқаб: “Меники кагазга чакади” деди бамайлихотир.
Шляпа кийган зиёлинамо киши дардини ёрди:
– Мен Германия шаҳарларини автобусда айланганимда ёнимда ўтирган ўзбек ҳамроҳим конфет қоғозини ғижимлаб автобус деразасидан отиб юборганида, буни кўриб қолган ҳайдовчи автобусни шартта тўхтатиб ҳалиги қоғозни олди ва манзилга етгач, ахлат қутига ташлади. Бу бизга катта сабоқ эди. Биз қачон шундай маданиятга эришамиз?
– Ким бўлиб ишлагансиз? – сўради ундан ҳамроҳи.
– Кў-ўп ишларда ишладим. Охири мактабга директор бўлдим. Кўпчилик касбдошларим ўзларини савдога уриб кетишди. Бозорда нарса сотишга менинг ғурурим йўл қўймади. Ишлайвердим. Ишлаб-ишлаб пенсияга бир йил қолганда ишдан бўшаб кетдим.
– Бўшатишдими?
– Ўзим бўшадим.
– Нега?
– А-ай, бир сабаблар билан.(Бир хўрсиниб қўйиб секин гап бошлади.) Кеча-кундуз мактаб деб югуриб-йўртаман, сира бирим икки бўлавермади. Эрта кетиб кеч қайтаман, уй ишларига фойдам тегмайди. Олган маошим мажлисга қатнаш, дафтар-қоғоз олиш ва комиссияларни меҳмон қилиш билан кетиб қолади. Жўраларим зиёфатларда “номи улуғ, супраси қуруқ” деб менга теккизиб гап айтадилар. Аламимдан шартта ариза ёздим. Қўл қўйишмади.
– Бизга қолса колхўз яхши эди, – дея тўсатдан гап бошлади малла телпак кийган киши.
– Колхўзнинг нимаси яхши? Шунча йил бизни қийнагани етар. Энди уни тугатиш керак! – фикр билдирди янги суҳбатдош.
– Яна қадимгидай бой-камбағал бўлайликми?
– Улар инсофсиз бой бўлишган, биз инсофли бой бўламиз. Хўш, колхўзнинг нимасини ёқтириб қолдингиз?
– Авваллари мен ҳам худди сендай фикрлар эдим. Колхўзни тугатиб ерларни хусусийлаштириб олсак бойиб кетамиз деб ўйлаб юрардим. Ўтган йили бир гектар ерни ижарага олиб шоли экдим. Олган ҳосилим чиқарган харажатимга етмади. Яна шунча меҳнатим зоэ кетди. Колхўзда бўлса хўжакўрсинга ишлаб юраверасан. Ерни ўзлари суради, ўзлари экади. Уруғликни, ўғитни, ёқилғини ўзлари топиб келтиради. Пахтага техника билан ўзлари ишлов беради. Биз бўлсак қовун-тарвуздан тортиб сабзигача пахтанинг ичига экиб олаверамиз.
– Бригадирлар индамайдими?
– Бригадирларнинг яширин ерлари бор. Шунинг учун индай олишмайди.
– Раис-чи, у ҳам индамайдими?
– Колхўзчиларга иш ҳақи топиб бера олмагандан кейин раис нима дея олади. Далага бориб қуруқ бўйингни бир кўрсатиб келсанг бўлди, ишлаган ҳисобланасан. Кузда молларни пахтанинг четига – тап-тақир ерга арқонлаб қўйсанг ҳам семириб кетаверади.
Бўйинбоғ таққан мухбир йигит чидаб туролмади:
– Бўлди, бас. Колхўз сенга ўхшаган ишёқмаслар учун яхши эди. Энди ҳар ким ўзи учун ўзи югурадиган замон келди. Ҳамма сенга ўхшаб фикрласа аллақачон охирзамон бўларди. Шундай латифа бор: “Ўтган асрда ғарблик бир сиёсатчи қайсидир оролга бориб абгор бир қабилани демократик йўл билан фаровонликка олиб чиқмоқчи бўлибди. Сайлов ҳақида тушунча бериб ўз юртига қайтибди. Бир йилдан сўнг бориб қараса, ҳамма аввалгидан беш баттар оч-яланғоч, тўс-тўполон бўлиб ётган экан. Маълум бўлишича, улар ҳамма ишларини овоз бериш йўли билан ҳал қилишибди. Содда, юввош яхши бир одамни кўрсатиб: “Шу кишини бошлиқ қилиб сайласак, нима дейсизлар?” – деб сўрашган экан, ҳамма бир овоздан маъқуллабди. “Ким ишлайди?” деб сўраса, ҳеч ким қўл кўтармасмиш. “Ким нон ейди?” деса, ҳамма қўл кўтарармиш. Натижа эса юқорида айтгандай бўлибди. Мана шунақа, жўражон. Афтидан сенга ўхшаганларни ўша оролга сургун қилишса керак.
– Ўзингни намунча тоза қилиб кўрсатмасанг. Мен ҳам бир вақтлар ҳалолликда сендан зўрроқ эдим. Комсўрг бўлганман. Афғонга юборинг деб ариза берганман. Одамлар мени масхаралаб “коммунист” деб чақирар, мен эса бундан фахрланардим. Нақ фариштанинг ўзи эдим. Комсомўллик кўкрак нишонини тақмай юргани учун энг яқин дўстларимни ҳам кўчада кўриб уришардим. Ҳукумат бир тийин берса, шу бир тийин ҳалол, бошқаси ҳаром деб билардим. Аҳмоқ эканман. Энди кўзим очилди. “Мен ҳам эдим сендек, сен ҳам бўларсан мендек!”
Ҳамма “гур” этиб кулди. Собиқ “комсомўл” тобора қизишиб борар, отдан тушса ҳам эгардан тушмасди. Чунки у минган қизил от давлатники, эгар эса ўзиники эди. Рақиби гапирмоқчи бўлиб оғиз жуфтлар, қизиққон йигит эса сира гап бермасди:
– Мен сен билан баҳс бойлашаман. Ҳозирги даврда пора олмайдиган ёки пора бермайдиган бирон-бир одамни топиб бероласанми менга? Ҳамма нарса фақат пул билан ўлчанади. “Нима қилиб бўлса ҳам пул топ!” деган замон ҳозир. Ҳатто ўз ота-онанг ҳам қанча кўп пул топсанг, шунча яхши кўради. Пул тополмасанг ўқрайиб қарашади. Камбағалнинг арзи ҳеч қаэрда тингланмайди. Мен бунга юзлаб мисоллар келтираман. Қани сен биргина мисол билан сўзингни исботлаб бер-чи! Мана мени ҳайдовчиликка ўқиганимда имтиҳондан жўрттага йиқитишди. Кейин битта мелиса жўрамни орага солиб бир қоп гуруч билан тўғирлаб олдим. Ўша танишим бўлмаганда мен умрбод гувоҳномасиз қолардим. Сен жўра, фақат газета ўқийвериб ҳаётдан узилиб қолгансан. Қани шу гапларни бирон жойга ёзиб кўр, ўзингни қамоққа тиқади. Сен ўзинг мухбир бўлиб ҳақиқатни ёзолмайсан!…
– Шошма-шошма! Биринчидан имтиҳондан ўтиш даражасида яхши ўқимагансан. Мана мен шундай гувоҳномани бир тийинсиз олдим…
– Биринчидан бир тийинсиз олганингга ким ишонади. Иккинчидан сен мухбирсан. Хоҳласанг уларни мақтаб ёзишинг мумкин, хоҳласанг, танқидлаб ёзолмасанг ҳам “ёзаман” деб хиралик қила оласан. Сенинг имкониятинг олдида менинг билимим бир пул.
– Билимингга ишонасанми, мен сенга ҳам бир тийинсиз гувоҳнома олиб бераман.
– Йўғ-э, иккита гувоҳномани нима қиламан?
– Ҳозиргина мендан мисол сўраётган эдинг-ку. Ўзингга ўзинг мисол бўлиб юрасан!
– …
– Энди менга қара! Бир қоп гуручни кимга берганингни ёзиб бера оласанми? Мен сенга шу гуручингни ҳам қайтариб бераман.
– Қўйинг-эй! – собиқ комсомўл сизлашга ўтди. – Мелиса дўстимга гап тегиб қолса мендан хафа бўлади. Кейин мен яхшиликка ёмонлик қилган бўламан. Тўғриси, биз гуручни тўйга қаъда сифатида олиб борганмиз. Тўй эгаси бизни зўр сийлади. Умримда бунақанги ҳашаматли тўйни кўрмагандим. Бир мириқиб дам олдим шу кун. Бир кун ош еган жойингга қирқ йил салом бер деган.
– Демак ёзиб беролмайсан, шундайми?
– Ҳа… энди ўзбекчилик, юз-хотир дегандай…
– “Мухбирлар ҳақиқатни ёзолмайди” деган гапингда жон бор. Чунки сенга ўхшаганлар бу гапга ҳамиша жон ато этиб турадилар. Кўрдингми биз нима учун ҳақиқатни ёзолмаймиз. Чунки ҳамма сенга ўхшаб гапидан тонади. Сенга қолса ерингни колхўз суриб берса, уйингни мелиса қўриқлаб ётса, касаллансанг дўхтирлар ўзидан-ўзи даволайверса, магазинларда жонингга не керак бўлса ҳаммаси муҳайё ва арзон нархда турса. Сен бўлсанг салгина ишладим деб оёғингни узатиб ётаверсанг! Энди бунақаси кетмайди, дўстим…
Автобус эшигининг “часс…-чусс…” қилаверишидан безор бўлиб кетдим. Тик туришга мадорим қолмади. Ўтириб олиш илинжида “ким тушар экан” дея ҳар бир ўриндиқ эгасига олазарак бўлиб қарайман. Лекин бунинг учун менга ўхшаб бўш жой пойлаётган йўловчилардан чаққонроқ чиқишим керак. Янгибозоргача иккинчи ўриндиқда ўтирган чол ёнидан жилмадим. Чунки унинг Янгибозорда тушиб қолишини билардим. Қарасам чол ҳали-бери тушадиганга ўхшамади. Тағин бир ўриндиқдаги аёл сумкаларини йиғиштираётганини кўриб, дарҳол унинг ёнига борган заҳотим чол ўрнидан турди ва бўшаган ўрнига ёшгина бир қиз ўтириб олди. Тик турганида чиройли кўринган қиз, ўтирганидан сўнг кўз ўнгимда анча хунук тортди. Аламимдан энди шу жойимни ўзгартирмасликка қарор қилдим. Бу орада қанча ўриндиқлар неча марта бўшаб, неча марта тўлишди, Худо билади. Бир соатлик вақт назаримда бир йилга чўзилди. Алюмин қувурдан ясалиб, узундан-узоқ мустаҳкам қилиб ўрнатилган тутқичга маҳкам ёпишиб олган талаба йигитнинг қўлидаги соат нақ пешонамга рўбарў бўлиб қолди. Соатга қанча тез қарасанг вақт шунча секин ўтаркан. Кўзим илиниб уйқуга кетаман. Сесканиб уйғонаман. “Ярим соатча ухладим” деб ўйлаб қарасам, бир дақиқа, баъзан уч дақиқа ўтган бўлади. Қулоғим шанғиллай бошлади.
Буни бир неча кунлардан бери ухламаганимнинг оқибати деб ўйладим. Шу кунларда негадир уйқусизлик касалига дучор бўлганман. Ҳар хил нарсалар кўзимга кўринади. Худди ҳаётимнинг сўнгги лаҳзаларини яшаётгандекман. Ҳеч кимни хафа қилгим йўқ. Яхши сўзлар айтиб ҳамманинг кўнглини олсам дейман. Одамови бўлиб қолганман. Дуч келган одамга яхшилик қилавераман. Ахир инсон ҳаётининг сўнгги дақиқалари одамлар онггида қаттиқ муҳрланиб қолишини ўйлаб, мен ҳақимда яхши сўзлар айтилишини жуда-жуда истайман. Энг яқин кишиларимнинг бир нечтаси ёруғ оламни кетма-кет тарк этганидан сўнг мен шундай ҳолатга тушиб қолганман. Энди бу ҳолатдан сира чиқа олмаяпман. Кунлар кетидан кунлар, ойлар кетидан ойлар ўтиб бораяпти. “Сўнгги дақиқалар”нинг сира поёни кўринмайди. “Сўнгги дақиқалар”ни яшайвериб чарчадим. Одамларга сохта яхши инсон бўлиб кўринишдан тўйиб кетдим. Қилган яхшиликларим эвазига улар мени ёлғондакам мақташарди. Мен ўлгандан кейин мен ҳақимда қайғуришга уларнинг вақтлари бўлмаслигини, ҳамма турмуш ташвишлари ичига шўнғиб кетишини ўйлаб баттар сиқиламан. Наҳотки юз йиллардан сўнг ҳеч ким сени эсламаса. Дунёга келиб кетганингни ҳеч ким билмаса. Тубсиз бир қўрқув вужудимни кемиради.
…Бир пайт қўлимга чивин келиб қўнди. Диққатим бўлинди. Аста ўзимга кела бошладим. Нега мен ўзимни бунча ночор ҳис қилишим керак? Чивинлар ҳам яшаяпти-ку биз билан бирга. Чивиннинг хатти-ҳаракатини кўриб қойил қолдим унга. Ўлимга чап бериш санъатини пухта эгаллаган шу митти жонивордан нега сабоқ олмаймиз? Ўлим билан бошқаларнинг раҳмини келтириш лўлилик ва худбинлик эканини ўйлаб ўзимдан ўзим уялиб кетдим. Ногирон ва ўксик одамга ўхшаб бировдан марҳамат сўрашга мойиллик менинг табиатимда борлигини ва бунинг иллат эканини ҳозир пайқадим. Ҳар бир одамнинг мукаммал инсондан бир жойи кам бўлиши эҳтимол. Буни аниқлашнинг ҳеч қийин жойи йўқ – “бировдан кам жойим борми?” дейишнинг ўзи кифоя.
Йўловчиларнинг гап-сўзларига менинг қулоғим муҳтож бўлмаса-да, гап-сўзлар қандайдир қулоқларга муҳтож эди. Кўзни юмиш мумкин бўлса-да, қулоқни юмиш мумкин эмаслигидан кўз юмиб бўлмайди. Товушлар лашкарини миядан ҳайдаб чиқаришнинг иложи йўқ.
Шундоққина олдимда семиз хотин билан озғин жувон суҳбатлашарди. Жувон ҳасратини тўкиб-солди:
– Қайнонам ўлмади, мен қутулмадим. Эрим онасининг чизиғидан чиқолмайди. Она-бола икковлари бир бўлиб алланималарни тез-тез гаплашади. Бир неча марта пойлоқчилик қилиб кўрдим, фойдаси бўлмади. Қаёқданам тушиб қолдим шу оилага. Бир вақтлар ҳамма мени келин қиламан деб ҳоли-жонимга қўймасди. Не-не ерлардан совчилар келишмади. Ҳаммасини қайтардим. Дилшодга тегишимни эшитган танишларим менга насиҳат қилишди: “Ўзи яхши йигит-у, онаси сал чатоқроқ, сени чиқиштирмайди” деганларида ҳам мен: “Ўғли яхши бўлса бўлди, онасини менга қўйиб беринглар” деганман. Мен ўзимга қаттиқ ишонардим. Чунки мен ҳар қандай ёмон одам билан ҳам иноқлаша олардим. Пазандаликми, тикувчиликми, гул ўстиришдан тортиб жўжа боқишгача ҳамма ишларда ёши катталар ҳам мендан маслаҳат олишарди. Онамнинг ҳам мендан кўнгли тўқ эди. “Борган жойингни бўстон қиласан сен, қандай оилага тушсанг ҳам тил топиша оласан” дерди. Осмонларда юрган эканман. Мана энди ўтирибман банди зиндон бўлиб. Бу оилада ҳамма қарғаб-сўкиб гаплашар экан. Ҳамма нарса кир-чир. Идиш-товоқ дегани сира ювилмас экан. Беш ўғил ва бир эркатой қиз ҳар хил вақтда овқатланади. Ким ишдан келса дарҳол овқат қолдиғидан ҳидланиб кетган лаганлардан яхшироғини совуқ сувда чала-чулпа чайиб, шунга овқат солиб берилади. Рўзғорда дастаси синган бир пичоқ, тешилган элак, дастанинг ўрнига ўқлов тиқилган эски болта, кажкардга айланган бир неча ўроқ ва шунга ўхшаганларни ҳисобга олмаганда деярли ҳеч нима йўқ. Иложи борича ҳеч нима сотиб олинмайди, қўшнилардан сўралади. Кеча-кундуз тиним йўқ. Куни билан далада ишлаймиз. Кечқурун овқатланиб, яна далага эшакаравада кетамиз.
– Кечаси далада нима қиласизлар?
– Колхўз ҳосилини йиғиб олган ерлардан маккажўхорими, қовун-туйнакми, лавлагими, помидорми, хуллас, нима тўғри келса шуни йиғиб келамиз-да, айвончага босаверамиз. Кечаси билан ишлаб чарчаганимдан баъзан тонгда ухлаб қоламан. Шунда қайнонам бақириб-чақириб эшикни тепа бошлайди: “Тур, кунўрта бўлиб кетди. Сасиб ётаверсанг, ҳамма югурганда югурмасанг, шу кунларда у-бу нарса йиғиб қолмасанг, қиши билан тувакдаги гулларингни ейсанми?”
Ёрилиб кетган қўлларим тикувчиликни ҳам унутиб юборди. Ўстирган гулларим “кўзга куюк” бўлиб турибди.
– Йиққан нарсаларингизнинг ҳаммасини қишда еб улгурасизларми ёки бозорда сотасизларми?
– Қайнонам зиқна, баҳорда ейсизлар деб ўлчабгина беради. Баҳор келиши билан босилиб ётган нарсалар ириб-чириб кетади. Ҳаммасини ўзимиз йиғиб олган даланинг шундоқ ёнгинасидан ўтган заҳкаш ёқасига чиқариб ташлаймиз. Бузоғи ўсмай қолади деб сигирниям соғдирмайди қайнонам.Товуқнинг тухумини едирмай, бозорга соттиради.
Эрим онасининг олдида гердайиб менга дўқ уришни яхши кўради. Буни ўзи учун эмас, қайнонам учун қилишини мен яхши биламан. Куни билан менга “дўқ урган” эрим бечора туни билан оёқ-қўлларимни уқалаб чиқади.
…Оёғим оғриб кетганидан бир қадам нарига силжидим. Автобусдаги ҳар бир сўз миямга ўқдай санчилади. Бошимни қаёққа тиқишни билмайман. Қани энди бу ғилдиракли баҳайбат темир сандиқдан бир сакраб тушиб қолсам. Бошим лўқиллаб шунақанги қаттиқ оғрияптики, автобуснинг ҳар бир силкинишидан юрагим зириллайди. Миям ўрнига худди қўрғошин қуюлгандек. Ҳеч ким менга ёқадиган гап гапирмайди. Ялтироқ ва ёлғон бўлса ҳам мияга таскин бўладиган сўзларни соғиндим. Аммо бу ерда ҳеч ким ёлғон тўқимасди. Шу пайт ҳайдовчи олдидаги радиодан ёқимли бир қўшиқ янгради. Бунчалар оромбахш бўлмаса бу қўшиқ. Дарвоқе, қўшиқдаги барча сўзлар ёлғон эди. Мен истаган ёқимли ёлғон мужассам эди бу қўшиқда. Биз қўшиқларни ёлғон бўлгани учун ҳам ёқтирамизми ё… Нега ҳаётда ёлғонлар бунча кўп? Менга ўхшаган ёлғонга ўчларнинг кўплигиданми?
Автобусдаги ҳар бир башара менга таниш бўлиб қолди. Қачонлардир худди шу автобусда айнан шу вазият аниқ такрорланаётганга ўхшарди. Ҳар бир воқеа иккинчи марта такрор юз бераётгандек эди. Ҳа-ҳа! Ҳамма нарса таниш. Ана ҳозир нимадир секин сурилиб келиб бирдан тушиб кетади. Олдин ҳам шундай бўлган эди. Эслагандай бўлаяпман. Ростдан ҳам автобус шифтидан бир қарич пастроққа ўрнатилган юк қўйгичдаги плёнкадан ишланган оқ сумка “пот” этиб оёқ остига тушди. Қўрқиб кетдим. Вужудимни ваҳима босди. Аллақандай тушуниксиз ваҳима. Ҳар бир воқеа менга бўйсунмай юз берарди. Воқеалар қаршисида мен бутунлай ожиз эдим. Ожиз ҳам гапми, умуман “нол” эдим. Қўлимни, бармоқларимни қимирлатиб кўрмоқчи бўлдим. Тутқичга ёпишиб қотиб қолган ва оқариб кетган панжаларимга қарадим. Бармоқларим секин қимирлади. Уларни асло мен қимирлатганим йўқ. Мен бармоқларимнинг қимирлашини истадим, халос ва улар ўз-ўзидан қимирлади. Вужудимнинг ҳеч бир аъзоси менга бўйсунмас, ҳар бири алоҳида мустақил ҳаракат қилар, менинг эса томоша қилишдан бошқа чорам қолмаганди. Шундагина мен, менинг ичимда яна битта мен борлигини, қўл-оёғим менга тегишли эмаслигини сезиб қолдим. Шундагина мен “ўзимдан ўзим хафа бўлдим”, “ўзимдан ўзим қувондим”, “ўзим билан ўзим қолдим”. Шундагина мен “ўзимдан кетиб ўзимга келдим”. Шундагина мен ҳар бир вужудда иккита одам яшашини англагандай бўлдим. Дунёдаги ҳамма нарса: ҳар бир одам, ҳар бир буюм, ҳар бир воқеа менга таниш ва қадрдон бўлиб қолди. Мен учун нотаниш ёки бегона нарсанинг ўзи қолмади.
Қулоғимга эшитилаётган хилма-хил товушлар аста-секин ўз шамойилларини йўқотиб ҳаммалари умумий бир тусдаги тутунсимон шамолга айланиб, қулоқларим остидан шувиллаб ўтиб турарди. Ҳатто ана шу шувиллаш ҳам менга жуда таниш эди.
…Автобус манзилга етиб келганида, ҳамма лаш-лушларини йиғиштириб, ўрнидан тура бошлади. Қоидага биноан, йўловчилар фақат олдинги эшикдан патталарини кўрсатиб тушишлари талаб этилди. Очиқ қолган орқа эшикдан автобусга чиққан бўйдор йигит: “Пулларингизга эҳтиёт бўлинглар, ўғрилар бор!” – деди-да, кимлар қайси чўнтагини хавотирланиб ушлаб қўяётганини кўзлари хонасидан чиқиб кузатди. Шу пайтда унинг шериги олдинги эшик ёнида атайлаб тушириб юборган тийинини энкайганича ўриндиқлар тагидан ахтариб, йўловчиларнинг тушишларига халақит берарди. Ҳамма бир-бирларини итариб бор кучи билан олдинга интилар, орқадаги йигит эса: “Нимага силжимаяпсизлар, тезроқ тушайлик. Қани, сурилдик!” – дея қисилиб қолган йўловчиларни баттар сиқиб келарди. Автобус ичида энди ғала-ғовур ўрнини қий-чув эгаллаб олган, ҳамма бир-бирини айблаб бақирар эди…