Гулбаҳор Таваккалова. Илон муҳаббати (ҳикоя)

Ғор оғзи мағрибга қараганлиги учун уфққа чўкаётган қуёшнинг сўнгги нурлари кираверишда ғоят бир сирли ойдинлик кашф этганди, гўё ёруғлик қоронғилик билан бўлган жангда қонга бўялиб йиқилгандек туюларди. Ғира-ширада бир четдаги харсанг устида ярим кулча бўлиб олган илонни писта дарахтининг ғорга кириб турган шохига ўралиб олган яна бир илон томон узун бўйнини чўзиб вишилламаса, сезиш қийин эди. Илонлар навбат билан бафуржа сўзларди.
– Йўқ, ўлиш озод бўлиш эмас. Қалбингдаги изтироблар бу билан ечим топмайди. Азобланаяпсан, кечинманг узуқ-юлуқ. Ҳаммасини батафсил гапирсанг, таскин топасан.
– Бир одам онамни ўлдирган эди. Отам билан қасос олиш мақсадида керакли уйни излаб топдик. У минган қора от ҳовлида боғлиқ турарди. Бизни кўриб безовта пишқирди. Қотил чорпояда ухлаб ётарди. Отам уни чақиб ўлдирди. Ҳеч нарсадан бехабар ўғли айвонда аллақандай иш билан банд ўтирар, ниҳоятда чиройли эди. Ичимда нимадир титраб, қўрқув ва ҳаёжон билан англамсиз бир туйғу қўшилиб кетди.
Бу воқеадан кейин орадан узоқ кунлар ўтиб, баҳор келди. Лекин ўшанда уйғонган қизғин туйғу ҳануз кўксимни тарк этмаганди. Уни, яъни ўша ўғлонни яна бир марта кўриш истаги борлиғимни худди куйдириб юбораётгандек эди. Бора-бора бутун вужудим истакка айланди. Мен яна ўша қишлоққа йўл олдим. У айвонда ёғоч йўниб ўтирар, ишига берилиб кетганидан гулзор ичидан чиқиб боқаётганимни сезмас эди. Нотаниш қувончдан довдираб қолдим. Ҳаммаси ғалати туюларди. Ахир бу… Қандай қилиб… Бўлиши мумкин эмас!.. Лекин ақлимга қарши кучли истак бутунлай ғолиб эди ва ўзимда тийиқсиз бир куч туйдим.
Кўктош тўдасидаги Кай менга негадир ўзини душман тутиб юрарди. Бунга парво қилмасам-да, рости, ундаги нафрат қаршисида ожиз эдим. Бир кун қишлоқдан чиқиб, Оқғор томон бораётиб ўша Кай билан тўқнашиб қолдим. Негадир у кўзимга ғалати – кичкина, бечора кўринди. Унга ҳатто раҳмим келиб, ёнидан жимгина ўтиб кетаётган эдим, туйқусдан ташланди. Унинг аламзада типирчилашидан менга ҳеч зарар етмасди. Ўзимни ниҳоятда баҳайбат махлуқдай сезардим. Вазмин бир ҳаракат билан бўйнидан тишлаб аста улоқтирдим, натижада у ҳавода чирпирак айланиб наридаги арча шохига осилиб қолди. Йўлимда гўё ўқдай учардим-да, бу ғалати ҳолатимдан ҳайратланиб, ҳеч нарсага тушунмасдим. Тобора тўлиб-тошиб ҳайқиргим келар, энг кучли ғанимларимни олишувда енгишимга ишонардим. Ўлжамни шундай тез тутардимки, бунга ҳайрон бўлардим. Лекин луқма таъмидан аввалгидай лаззат сезмай қўйгандим. Баъзан телбаликка берилиб, ўзимни сойга ташлаб, тошдан тошга урилиб, узоқ-узоқларга оқиб бораман.
Қишлоққа ҳар куни шомда йўл олардим. Чунки У бу пайтда севимли ишига берилиб тер тўкарди. Бир кун аста ёнига бордим ва зимдан кузата бошладим. У оддий ёғочга гуллар шаклини шундай чиройли қилиб ўярдики, улар чинакам мў‘жизага ўхшарди. Завқдан ичимдаги ўт баландроқ ёнди. Унинг нозик уйилган қошлари, сал қисилган чиройли кўзларига қараб… ичимда тағин ғалати тўполон бошланди.
Бир оздан сўнг ҳушим йиғилганида сўнгсиз азобда қийналардим. Илк марта У мендан қанчалар узоқлигини алам билан ўйладим. Орамиздаги тубсиз жарликда тўлғаниб парчаланар эканман, бу чидаб бўлмас бахтсизлик мени ақлдан оздирди.
Оқғор томон йўлга чиққанимда ҳали тонг ёришмаган эди. Энди ўзимда енгиллик эмас, руҳсиз паришонлик сезиб илгарилардим. Аммо юрагимдаги олов минг ҳисса ортиқроқ алангаланар эди. Отам аҳволимни кўриб қўрқиб кетди. Атрофимда парвона бўлди. Узоқ вақт уямда танҳо қолдим ва ҳароратим аста-секин пасайди. Уни қаттиқ соғинган эдим. Бир бора кўрсам яна тенгсиз кучга тўладигандай, шомда қандайдир безовталик билан яна қишлоққа жўнадим.
Уйида негадир одам кўп эди. Аллақандай шовқин-суронли овозлар эндигина дарддан турганим учун тез толиқтирди. Жавдираб изларканман, У бир тўп кишилар билан уйга кириб кетаётганини кўриб ҳапқириб кетдим. Анча таскин топиб, ҳовли охиридаги ўрик дарахтига чиқиб одамларни томоша қила бошладим.
Анча вақт ўтгач, ҳовли сув сепгандай тинчиб қолди. Бир оздан кейин дарахтдан тушиб айвонга келдим. Айвонда ҳам, уйда ҳам чироқлар ёниқ, деразалар берк эди. Ҳеч нимага тушунмай, соғинч танимни эритиб юбораётгандай уй ичига сабрсиз шошилдим. Охири узун устунга ўралиб чиқиб, кўндаланг ёғочлар орасидан ичкарига йўл топиб қувондим.
Хона аввалгидан бошқача: безатилган эди. У мен томонга орқасини ўгириб турар, ёлғиз эмасди. Қиз болани қучоқлаб ва суйиб эркаларди. Мен азоб ичра тўлғандим. Кўзларим олди қоронғилашиб, бошим ғувуллаб айланди.
Улар эса… улар бахтли эдилар.

* * *

Кунларнинг бирида сени эсладим. Кўришгим, суҳбатлашгим келди. Лекин сен сари олиб борувчи йўлларим ҳам берк эди. Бироқ сен билан учрашиш ва ҳасратлашиш истаги кўнглимга ҳеч тинчлик бермасди. Отам сени Улуғ одам ғорида яшашингни айтганини эсладим. Бу ерга биринчи марта келганимда мана шу шохга осилиб, бошингни қуйи солинтирганча зикр айтаётган экансан.
Мен аллақачон ёлғизланиб қолибман. Буни сени топганимдан кейин ҳис қилдим ва охири яна йигитнинг ҳовлисига ошиқдим. Аёл киши ҳовли супуриб юрарди. Узоқ тикилиб туриб, юрагимда унга нисбатан заррача ғараз йўқлигини сездим. Лекин мен Уни соғинган эдим. Ҳозир У қаэрда? Бир марта кўрсам эди. Секин уйга кирдим. Лекин энди ўзимни аввалгидай эркин сезмасдим, худди ўғрига ўхшардим. Уйда эса… бешикда гўдак бола ётарди… Оҳ, кўзлари, юзларидаги нафислик менга Уни эслатди. Беихтиёр йиғлай бошладим. Негалигини билмасдан йиғлайвердим…
Отамнинг айтишича, одамлар бизларни басир деб билишаркан. Лекин улар кўришни фақат ўз кўзлари имконияти даражасида тасаввур қилсалар керак. Кўриш ҳам ҳис этиш ва сезиш каби кўп қиррали мў‘жиза эканлигини тушунмасалар керак. Лекин биз ҳам кўрамиз, ҳис этамиз, йиғлаб, қувонамиз, севиб, нафратланамиз, соғинамиз, виждон азобида қийналамиз…
Гўдак муқаддас маъбуда сингари маъсум эди. Уни шунчалар кўнглимга яқин олдимки, ҳатто унга худди бутпарастлар каби сиғингим келди.
Болага яқин бордим. У менга қараб момиқ қўлларини узатди. Завқим тошди-да, бешикка ўралиб чиқдим ва рўпарасига думимни туширдим. Бола думимни ушлаб олишга ҳарчанд уринмасин, тутолмай қийқирарди.
Бирдан аёл кишининг қичқириғидан чўчиб ўзимни ортга ташладим. Аёл менга томон шахдам келарди. Қўрқмасди. Бу қандай журъат? Онам ёдимга тушди. Болалигимда қандайдир махлуқ уямизга ҳужум қилиб, оға-иниларимни нобуд этди. Ёлғиз мен қолганимда қайдандир онам пайдо бўлди ва ўзидан бир неча баробар катта махлуқ билан олишиб, уни енгди. Бу даҳшатли манзара ҳеч ёдимдан чиқмайди.
Энди ўзим она қаршисида сўзсиз ожиз эдим, шу туфайли тезда жўнаб қолдим. Боладан узоқлашдим ва бу ерга яна қайтишимни билардим.

* * *

Атиргул тиканининг заҳри ёмон эканини ўйлаб, танам тирнала-тирнала айвонга яқинлашдим. У жуфти билан уйдан чиқиб келиб шундоқ рўпарамда суҳбатлашди. Негадир кўзлари ҳорғин, нигоҳлари аввалгидек чақнамас, назаримда одамлар қавмига хос тирикчилик етишмовчиликлари чарчатганди. Ундаги ташвиш энди менга кўчганди.
Шу пайт ичкаридан боланинг хаста йиғиси эшитилди ва тўдамизнинг муқаддас хазинасини хотирладим. Миямга келган даҳшатли фикрдан қўрқиб кетдим, аммо ўйлаб ёки ҳадиксираб ўтиришнинг вақти эмасди. Тезлик билан йўлга тушдим.
Ғорнинг тор йўлаги тугаб кенгликка чиқишим билан қўриқчи илон учради. Унинг олдида худди чувалчангдек эдим. Мени танигач, қайта ўрнига чўзилиб, кўзларини юмди. Тошлар орасида тахланиб ётган улкан хазина худди ялмоғизнинг совуқ кўзларидек ёлғон жилва қиларди. Беихтиёр руҳим сесканиб кетди. Илонлар қандай қилиб шу совуқ нарсадан қувват оларкин? Нега одам бу ялтироқ матоҳни севаркин?
Мен муқаддас хазинадан ўғирлик қилдим!
Бу менинг яна бир гуноҳим эди.
Ўша куни Уникига қоронғида бордим. Тонг отишини кутдим. Уфқ ёриша бошлаганида уйга кирдим. У жуфтига тескари – эшик томонга қараб ётар, ҳатто уйқусида ҳам ғамгин кўринар эди. Шу лаҳзада унга узоқ тикилиб тургим келди. Лекин бунинг иложи йўқ, бирпасдан кейин тонг отади. Аста бориб оғзимдаги узукни ёстиғи устига қўйдим-да, секин ортимга бурилдим.

* * *

Йигит дийдори қалбим ва вужудимга қайта куч беришини ҳис этиб, яна қишлоққа бордим. Яширинча уйга кирдим. Бешикда ухлаб ётган фариштага термилиб тўймасдим. Бир пайт миёвлаб чағир мушук пайдо бўлди. Мени кўрмади шекилли, нарироқдан ўтиб кетди. Кузатиб турдим: тахмонга йиғиб қўйилган кўрпа-тўшаклар устига чиқишга шайланарди. Бола ухлаётган бешик эса тахмон биқинида эди. Мушукка ташлансам у фаросатсиз махлуқ қочиб тепага интилишини ўйлаб, тезлик билан ҳовлига чиқдим-да, ўчоқ бошида куйманаётган аёл рўпарасида вишилладим. У сапчиб ўзини орқага ташлади. Мен эса кўз олдида уйга томон ўрмаладим. Аёл ҳам ортимдан югурди. Ўйлаганимдай, мушук кўрпаларни бешик устига йиқитиб юборган, ўзи эса юқорида бемалол панжаларини ялаб ўтирар, бўғиқ ингалаш эшитиларди. Аёл мени ҳам унутиб кўрпаларни ирғита бошлади. Нафаси қайтаёзган боласини ечиб олди-да, бағрига босиб титраб йиғлади. Кўнглим таскин топиб уйдан чиқиб кетдим.
Бир неча кундан сўнг келсамки, кечки пайт бўлишига қарамай, аёл боласини кўтариб қаёққадир жўнаётган эди. У жуфтини ташқарига кузатиб чиқди. Болани ўпиб эркалади ва тезда изига қайтди. Анча ўзгарган, дадил ва шод эди. Шундан кейингина атрофдаги ўзгаришларни пайқаб севиндим. Лекин қоронғи қуюқлашгани сайин кўнглимга ғашлик чўка бошлади. Юрагим сиқилиб томга кўтарилдим. Тун яримлаб қолса ҳамки, безовталигим тарқамас, қандайдир катта бахтсизлик рўй берадигандай туюларди. Хавотирланиб пастга тушдим. Уйга яқинлашганим сари жоним бўғзимга тиқиларди. Бешик гўё бурчакка қисилганча қўрқувдан зир-зир титраётганга ўхшарди. Ажабланарлиси, шивир-шивир овозлар, ингроқ товушлар эшитиларди. Аста яқин борсам… У… У… аёл билан… лекин… оҳ, бу бегона аёл эди!.. Ўша ондаги ҳолатимни айтиб беролмайман. Юрагим муздай совиди. Аввалгидай Уни суйиб қизғанмадим. Фақат чексиз нафрат кўзларимни қонга тўлдирди. Тилим ўрнида гўё алам ўйнарди. Бўғилганча олға отилдим. Ҳали бўйнига тишларим чуқур ботиб улгурмай бирдан аёл чинқириб юборди (назаримда у мени кўрмади), ақлдан озган кўйи бир хил сўзни такрорлаб шошиб кийинди ва йиқилиб-туртиниб жўнади.
Мен эса ҳамон қотиб турардим. Қанча вақт ўтганини билмайман. Уй ичи ёриша бошлагач, нафис чеҳра элас-элас кўринди. Ичимда яна нимадир аланга олди. Ёнига бориб хўрсиндим. Ахир тузукроқ чақмасимдан нега ногоҳ жони узилди? Нега?!
– Ҳа, сен неча йиллар тўлиб яшадинг. Сен ютган азоблар заҳрининг кучи бунга қодир эди.
– Гуноҳим шуки, мен инсонни севдим. Уни муқаддас, мукаммал деб ҳис этдим. Аммо бу гўзаллик ва улуғлик маъбудаси кўз ўнгимда парчаланди, қулади…
Илонлар суҳбат қурган Улуғ одам ғоридан ажиб нур тўлқини коинот кенглик­лари томон ёйилиб борарди…