Саҳро сўқмоғида бошин эгиб жим,
Бир кимса кетмоқда, билмасман у ким…
Абдулла Орипов
Биз ҳали Абсал полвонни танимас эдик.
Минг тўққиз юз саксон иккинчи йилнинг баҳорида, эрта-индин жаҳон уруши бошланар эмиш деган миш-мишлар хўб авж олган кунларнинг бирида уста Абилнинг уйида қорамағиз, тўзғин сочлари жингилтоб, қошлари қийғоч, киприклари узун-узун, кўзлари маъюс, етти-саккиз яшар қизалоқ пайдо бўлди. Жангу жадал бошланиб, атом бомбалари касофатидан дунёнинг кули кўкка соврилса, молу мулким кимга ҳам қоларди деган ўйда изтироб чекиб юрган уста Абил саҳар чоғи бисотидаги бор-йўқ икки бош ориқ қўйни бир пайтлар почтачи Тоғай тоғадан сотиб олган мотоцикли аравачасига юклаб вилоят маркази биқинидаги бозорга йўл олган ва кечга яқин кўрганларни ҳангу манг қолдириб шу қизчани олиб қайтган эди. Кимдир уни шаҳардаги ташландиқ болалар интернатидан хатлаб олибди деса, тағин биров уста қизчани бир бош совлиқ эвазига лўлилардан сотиб олгани ҳақида гап-сўз тарқатди, яъни аллакимнинг қасамлар ичиб пичирлашича, ҳарбий хизмат чоғи Абил билан дўст тутинган марилик бир туркман чавандоз қиёматлик биродари кўп йиллардан бери тирноққа зор, азият чекиб юрганига чидаёлмай ўзининг беш қизидан бирини жўрасига фарзандликка берибди. Алқисса, бундай миш-мишларнинг, шивир-шивирларнинг уч-қуйруғи йўқ эди. Кимнинг гапи чин, кимники ўтрик, биров аниқ-тиниқ билмайди. Аммо бир ҳол аниқ эдики, ўша куни Улдон чеча эри бошлаб келган қизалоқни кўз ёшу синиқ табассумлар билан бағрига олган, манглайидан ўпиб, сочларини силаган, юз-кўзида мамнунлик, миннатдорлик зоҳир бўлган.
Кенгсойликлар бу муштипар эру хотин тутган йўлни маъқуллашди, фарзанд билан қутлаб, уларнинг қувончига шерик бўлишди, бироқ Абил аканинг отаси мулла Мирзагина тўнни тескари кийиб олди. У қизалоқни илк кўргандаёқ шоша-пиша калимаи шаҳодатни тилга олиб, қўлини юзига пардалар қилиб, бунинг эни бошқа, қавми бетайин, тезроқ кўздан даф қил, бу бола эмас, бало бўлади, дея аразлаб ҳовлидан чиқиб кетди. Лекин орадан уч-тўрт кун ўтиб, фарзандли бўлганини эл-улусга билдириб қўйиш илинжида ўғли ўтказган кичкинагина маъракага ўзи бош-қош бўлди, қари-қартангларни қизалоқ ҳақига дуо қилишга бот-бот ундаб турди.
Қизчанинг исми Танзила экан! Абил ака келтирган ялтироқ жилд ичидаги ҳужжатларда айнан шундай деб ёзилган эди. Мазмун-маъноси анчагина мавҳум, аммо жарангдор, жозибали, сирлитоб бу исм, айниқса, эру хотинга ёқиб тушди, мулла Мирзанинг, ҳеч қурса, отини ўзгартирайлик, дея зорланишларига парво ҳам қилишмади.
Ўша кезлар мен тўртинчи синфда ўқир эдим. Қўриқдаги бу бефайз, бесаришта посёлкага тоғ этагидаги катта қишлоқдан атиги бир йил аввал, отамнинг вафотидан кейин, тирикчилигимиз хийла танглашиб қолгач, Қувондиқ акани қора тортиб кўчиб келган эдик. Қувондиқ ака отамнинг эски қадрдонларидан бўлиб, тоғ томонларга йўли тушган пайтлари баъзан бизникига ҳам қўниб ўтар, момоқалдироқдек гулдираб гурунгни гурунгга улар, ора-чора жўрасини ҳам чўлга кўчиб боришга даъват қилар, меҳмон кетгач, у ҳақида қизиқсиниб сўраб-суриштирган чоғимиз, отам дўстининг қўриқдаги йирик давлат хўжаликларидан бирига раҳбарлиги, эл ичида Қувондиқ қайсар номи билан машҳурлиги, мард, довюрак, танти инсон эканлиги тўғрисида мароқ билан гапирар эди.
У отам таърифлагандан ҳам ортиқ одам экан. Бизни очиқ чеҳра билан кутиб олди, қуйма бетондан қурилган тўрт хонали уй берди, акамни совхоз гаражига ишга жойлади, онда-сонда кўриниб қўйсангиз бас, невараларнинг қанд-қурсига етадиган уч-тўрт сўм олиб турасиз, деб, ҳатто онамни ҳам хизматчи сифатида ҳужжатларга тиркаб қўйди. Хуллас, мулла Мирзанинг таърифи билан айтганда, кўз очиб юмгунча ойликхўр оилага айландик.
Чор атроф бепоён дала-дашт. Экин пайкаллари узоқ-узоқларга ястаниб кетган. Нари-бери ковланган зовур ичларида, сув кўллаган сойликларда қуюқ ўсиқ қамишзорлар, юлғунзорлар дайди дашт шамолида ваҳимали шитирлаб, чайқалиб туради. Тоғ этагидаги боғ-роғлар кўзимга сингиб кетганиданми, ҳарнечук, унда-мунда ҳурпайган яккам-дуккам қандайдир дов-дарахтларни ҳисобламаганда бу ерлар анчайин юпун-яланғоч туюларди. Эллик-олтмиш хўжаликка мўлжаллаб қурилган, барчаси бир-бирига ўхшаш бетон коттежлардан иборат посёлка расмий ҳужжатларда “41-совхоз” деб юритилса-да, бир чеккаси машҳур Кенгсой кенгликларига туташиб кетгани учун ҳам кўпчилик уни Кенгсой қишлоғи деб атарди.
Кўчиб келган кунимиз уч-тўрт бош қўй-эчкимизни ўтлатиб зовур томонга бориб қолдим. Бир пайт баланд-баланд тупроқ уюмлари ортидан ўзим тенги беш-олти бола қийқиришганча отилиб чиқиб мени қуршовга олишди. Ҳаммаси ярим яланғоч, кинолардаги ҳиндуларга тақлидан афт-ангорларига, баданларига турли бўёқлар суркаб, бошларига ўралган ипга товуқ патлари қадаб олган, бири ёғоч милтиқ, бириси ўқ-ёй тутган эди. Бошқаларига қараганда бўйчан ва бақувват, чайир бола сафдан ажралиб мен томон юраркан ўнг қўлини мушт қилиб боши узра баланд кўтарди. Худди шуни кутиб тургандек қолганлари баб-баравар қичқириб юборишди.
– Қуёш ҳали ботмаган!
Мен буткул довдираб қолдим. Болаларнинг бўяб ташланган башараларига қараб бир кулгим қистаса, бир уларнинг важоҳатини кўриб кўнглимга ғулғула ораларди. Олдга чиққан бола яна ҳинду сардори каби ўнг кафтини аввал манглайига, лабига тегизди, сўнг боши узра бир айлантириб кўксига босди.
– Биз Кенгсой бургутларимиз! Сен кимсан, эй, ўғлон?
– Мен… Норсоатман, – дедим ўзимни тетик тутиб, – бу ерга бугун кўчиб келдик.
– Олишасанми ё урушасанми?
Бироз ўйланиб қолдим. Урушсам, бирор ерим жароҳатланиши мумкин, яхшиси кураш тушганим маъқул, жуда зўр бўлса, кўп чўзмай, йиқилибгина қўяман.
– Нега жимсан, Норсоат? – деди бола ўша тантанавор товушда, – ё қўрқдингми, ўғлон?
– Қўрққаним йўқ, олишаман.
У оқсоқолларга хос тарзда бош ирғаб гапимни маъқуллаган бўлди-да, тўдадаги кирчил сочлари ҳурпайган, елкасига камон осган болага им қоқди. Бола ўқ-ёйини чаққонлик билан шерикларидан бирига тутқаздию, ирғишлаб ўртага чиқди. Мен ҳам шалвираган енгларимни шимариб рақибга рўбарў бўлдим. У, афтидан, бир ҳамлада мени қулатишни мўлжаллаган шекилли, ҳануз ирғишлаган кўйи атрофимда айлана бошлади. Тоғдаги қишлоғимизда курашга қизиқмайдиган, унда-мунда даврага тушиб турмайдиган боланинг ўзи йўқ эди. Гоҳ кўча-кўйда, гоҳ тўй-ҳашамда бир-биримиз билан ёқалашиб қолардик. Ҳартугул, бўйинсаларимнинг кўписидан устун келардим. Тоғаларим ҳам полвон деб эркалашарди. Мана, овлоқ чўл қўйнидаги овлоқ бир жойда илк рақибим билан юзлашдим. У анчагина тажрибали кўринарди. Аммо мен унинг айёрона режасини пайқаб қолдим. Бола атрофимда ирғишлай туриб, чап тўпиғимнинг андак юқорисига тепки йўллади. Шу баробарида чап билагимдан чаққонлик билан ушлаб тортди. Бироқ мен у тепки йўллаган оёғимни дарҳол олиб қочдим, боланинг зарбаси ҳавога кетди. Ўзи эса мувозанатини йўқотиб ерга чалпак бўлиб тушди. Мен вақтни бой бермай рақибнинг устига ўзимни ташлаб, куракларини ерга тегиздим.
– Ҳалол. Сен ғолибсан, Норсоат ўғлон! – деди Сардор ўша-ўша баланд, тантанали товушда. (Болаларнинг гап-сўзларидан унинг исми Давронлигини билиб қолдим).
Бу ёғи тезлашиб кетди. Энг аввал Даврон, сўнг тўдадаги болалар мен билан қўл бериб кўришиб чиқишди. Танишдик, ҳалигина қийқириб, депсиниб турган жангари тўда, оддий, ювош ва шўх кенгсойлик болаларга айланди-қолди. Зовур бўйида ўтириб ўзимизча гурунглашган бўлдик.
Даврон Қувондиқ аканинг, отам айтгандай, катта бир ширкат хўжалиги раҳбарининг ўғли экан! Эртаси куни у мени мактабга бошлаб борди. Синфдош бўлдик.
Биз ҳали Абсал полвонни танимас эдик.
Кўп ўтмай унинг, яъни ҳиндулар сардорининг ўнг қўлига айландим. Чунки кейинги беллашувлар ҳам менинг шу лавозимга муносиб эканлигимни кўрсатди. Мен Даврондан бошқа барча болаларни курашда йиқитдим. Ҳатто, ёши ўзимдан катта баъзи бирлари ҳам мендан енгилди. Фақатгина Давронга кучим етмасди. У чайир ва бақувват бўлишидан ташқари, қандайдир шиддат-шижоат ва эҳтирос эгаси эди. Кураш пайти шу қадар тез усуллар қўллардики, кўз очиб-юмгунча юлдуз санай бошлаганимни билмай қолардим. Даврон фавқулодда довюрак, чапани бола эди. Гоҳо тўп бўлиб туман марказига борган кезларимиз, унинг бир ўзи ўша ерлик уч-тўрттаси билан бирваракайига муштлашиб ғолиб чиқарди. Ҳар лаҳзада қочиб қолишга шай биз “Кенгсой бургутлари” унинг жасоратидан руҳланиб, бошимизни мағрур кўтарардик.
Даврон яқину йироқда урушқоқ, безорилиги билан ном чиқарган бўлишига қарамай, ҳеч кутилмаганда, мактабнинг энг аълочи ўқувчиларидан бири ҳам эди. Унинг мук тушиб, соатлаб китоб ўқиб ўтирганини кўп кўрардик. Достонлар, ҳар хил эртагу чўпчаклар, афтидан, Давроннинг жону дили эди. Одатда, у ўқиганлари таъсирига тез берилиб, гоҳ Кенжа ботир, гоҳ Алпомиш қиёфасига киришга ошиқарди.
Биз ҳам сардорга эргашиб ўша эртагу достон қаҳрамонларига хос тарзда кийинишга, “қуролланиш”га мажбур бўлардик. Даврон қўй-қўзи ортидан яйловга чиқишимиздан аввал ҳаммамизни сафга тизиб, либосимиздан тортиб, ёғоч қиличу найзамизгача обдон кўздан кечириб чиқар, ҳол-аҳволимиздан кўнгли тўлса, одатдагидай, ўнг қўлини боши узра баланд кўтарар, биз ҳам унга жавобан баб-баравар ҳавога мушт ўқталиб, баб-баравар ҳайқирардик.
– Қуёш ҳали ботмаган!
Даврон ўта тегманозик, аразчи бола эди. Арзимаган нарсадан ҳам нафсонияти қўзғалиб қош-қобоқ уйиб олар, уни ҳовуридан тушириш учун хушомадлар қилинган сайин баттар жазаваси тутар, ўйин бўлса ўйинни, йиғин бўлса, йиғинни ташлаб қайларгадир кетиб қоларди.
Бир куни Даврон мактабга, ҳали биз тарафларда урф бўлмаган камзул, янги туфли кийиб келди. Ўша саратон Сочи деган жойда дам олиб қайтган отасининг совғаси экан. Синфдошимиз либосларини кўз-кўз қила-қила шундай деб мақтанди. Биз ҳатто қўл тегизишга ҳам ботина олмай, дўстимизга ярашиб турган камзул ва туфлини ҳавас билан томоша қилдик. Аммо тарих дарси пайти кўнгил хиралик рўй берди.
“Куёв жигит бўп кетибсиз-ку, Тиркашип”, – деб кулимсиради муаллим.
Даврон илкис бош кўтарди. Лаблари қимтилиб, қошлари чимрилди. Сўнг алам ва аччиқдан қип-қизарган кўйи ўрнидан ирғиб турди-да эшик томон шитоб билан юрди. Муаллимнинг рангида ранг қолмади. Кимсан, раис, кимсан, Қувондиқ қайсар бўлган одамнинг боласини хафа қилиш қандай оқибатларга олиб келишини у жуда яхши биларди. Ўқитувчи қўлларини қанотдай ёйиб аразчининг йўлини тўсишга уринаркан, ялинчоқ бир товушда:
“Давронжон, узр, Давронжон, ҳазиллашдим”, – дея бот-бот такрорларди.
Аммо саркаш бола унга заррача қулоқ солмай ўзи томон илтижо билан узалган қўлларни силтаб ташлаб ташқарига отилди. Биз синфдошлар ўрнимиздан дувва қўзғалдик.
“Илтимос, қайтаринглар уни, – деди устоз жонсарак типирчилаб, – Норсоат, Ғиёс, ортидан чопинглар!”
Синфимиздаги деярли барча ўғил болалар “Кенгсой бургутлари”дан эдик. Муаллим айтмаса ҳам, сардорнинг изидан боришни бурчимиз деб билардик. Шу сабабдан ҳам синфдаги тўққиз бола ташқарига ола-тасир югургилаб чиқдик.
Даврон мактаб ҳовлисида ҳануз жазава билан ғудраниб силкиниб борарди. Бора-бора аввал эгнидаги камзулни бир чеккага улоқтирди, сўнг оёқларини галма-гал силкитганича туфлисини ечиб ташлади. Дўстимнинг феъл-атвори менга хўб таниш: айни пайтда олдидан борсанг тишлайди, ортидан борсанг тепади, яхшиси, то ўзи ҳовридан тушгунича кутган маъқул. Биз шундай йўл тутдик. Менинг ишорамга кўра болалардан бири улоқтирилган камзулни, бири эса туфлини ердан олди, сардорни кўздан қочирмай изма-из боравердик. Даврон шу кетишда қишлоқ почтаси ёнидаги онда-сонда туман марказидан қатновчи автобус қайрилиб оладиган бекатга етди-да, тарвақайлаб ўсган қайрағоч тагидаги бир пайтлар уста Абил тўрт энлик тахтадан омонатгина ясаган ўриндиққа кет қўйиб, тирсагини тиззасига, кафтини иягига тираб худди маҳкам тугилган муштдек бўлиб ўтирди-қолди.
Биз почта биносининг соясига қалдирғочдай тизилиб сардорнинг жаҳлдан тушишини сабр-тоқат билан кута бошладик.
Саратон аллақачон чекинган бўлса-да, жазираманинг ҳали-ҳануз шашти баланд. Юз-кўзларга гупиллаб ҳовур урилади. Чор-атроф аллақандай оқиш, сарғиш тусда жимирлаб-жимирлаб кўзга ташланади.
Орадан қанча вақт ўтди, билмадим, бир пайт, ҳали-ҳануз ғужанак тортиб ўтирган Даврон дик этиб ўрнидан турди. Қўлларини белига тираб, қад кериб, юз-кўзи алланечук ёлқинланиб бир зум биз томон тикилиб турди ва… одатдагидек, маҳкам сиқилган муштини боши узра баланд кўтарди. Биз ҳам, одатдагидек, қўлларимизни қиличдек ҳавога сермадик.
– Қуёш ҳали ботмаган!
Баб-баравар ҳайқириғимиздан иссиқдан мудраб турган қишлоқ бир чўчиб тушгандай бўлди. Омборхона биқинида трактор тиркамасига ўғит юклаётган уч-тўрт ишчи, бекат рўпарасидаги уйда, тандирга ўт қалаётган аёл биз томонга таажжубланиб тикилиб қўйди.
Даврон ҳеч нима бўлмагандек тиржайиб ёнимизга келди. Биз ҳам ҳеч нима билмагандек, ҳеч нима кўрмагандек унинг камзулини, туфлисини қўлига тутқаздик. Завқ-шавқ билан гаплашиб, завқ-шавқ билан кулишиб мактабга қайтдик.
Биз ҳали Абсал полвонни танимас эдик.
Уста Абил вилоят марказидан Танзила билан қайтган ўша якшанба ҳам Даврон иккимиз бироз жанжаллашиб қолган эдик. Ҳаммаси арзимас бир тортишувдан бошланди. Ўша пайтлар бошқа жойларни билмадиму, лекин қишлоғимизда АҚШ ва СССР ўртасида уруш бошланар эмиш, деган миш-миш авжига чиққан, кўча-кўйда, тўй-ҳашамларда тинчгина бошланган гурунг охир-оқибат шу мавзуга келиб тақаладиган бўлиб қолган эди. Биз болалар ҳам катталардан эшитганларимизга ўзимиздан бироз қўшиб-чатиб тўпланган чоғларимиз бир-биримизга етказардик.
Ўша куни ҳам қўй-қўзиларни эрталабдан даштга ҳайдар эканмиз, гурунгимиз ўз-ўзидан уруш мавзусига кўчди.
– Барибир СССР зўр, – деб қолди Даврон кимдандир эшитганларини ўз фикридай баён қиларкан, – душман ракетасини осмонда эритиб юборадиган нур сочар қуроллари бор.
– Американинг нур ҳам етолмайдиган ракеталари жуда кўп, – деб эътироз билдирган бўлдим мен, чунки кечагина акам ва дўстлари айтган гаплар эсимда эди, – улар СССРнинг ҳамма катта шаҳарларини кўзлаб турибди, тугмачани бир босиб қўйишса, тамом, ҳаммаси култепа бўп қолади.
Даврон кескин бош чайқаб тағин нелардир деди. Мен яна рад этдим. Тортишув бошланди. Ҳарнечук, мен тўплаган маълумотлар Давронникидан кўпроқ экан. Сардорни кўз очиргани қўймадим. У мени енгиш учун керакли гапни тополмай жаҳлдан қизариб-бўзариб кетди. Атрофимиздаги “Кенгсой бургутлари” гап-сўзларимизни диққат билан тинглашар, бошланиши тусмолланаётган жаҳон урушидан кўра икковимизнинг ўртамизда тўқнашув юз беришидан хавотирга тушишгани шундоққина афт-ангорларидан сезилиб турар эди.
– Эй, сен, – деб қолди Даврон бир пайт халачўпни менга нуқиб, – молингни ажратиб ол, биз билан даштга бормайсан.
Одатда, у бундан танг пайтлари дарров яккама-якка олишувга чорлаб қоларди. Ҳозир ҳам айнан шундай бўлади деган хаёлда қўрқиб турган кезим унинг кутилмаган буйруғи жонга ора кирди. Вазиятнинг енгил тус олганидан болалар ҳам енгил тортди. Мен сурувдаги тўрт эчки, уч қўйимни ажратиб олиб сайхонлик бўйида қолдим. Даврон онда-сонда ер остидан хўмрайган кўйи мен томон қараб қўярди. Кўп ўтмай дала-дашт бўйлаб “Кенгсой бургутлари”нинг одатдаги қийқириғи жаранглади.
– Қуёш ҳали ботмаган!
Ажралиб қолганим яхши бўлган экан! Пешин пайти Абил ака “Урал” мотоцикли аравачасига ўтирғизиб келган қизчани биринчилардан бўлиб кўрдим. Баҳор ўт-ўланларидан қорни тўйган молларимни ҳайдаб уйимизга етган чоғим қизчага яна кўзим тушди. У устанинг қия очиқ дарвозасидан ташқарига қўрқа-пуса мўралаб турарди. Бир пайт у отилиб ташқарига чиқдию катта йўл томон чопиб кетди. Ажабланган кўйи унинг ортидан қараб қолдим. Шу чоғ дарвозадан Улдон чеча каловланганича чиқиб келди.
– Соатжон, югур ановининг ортидан, – дея у қизча томон имо қилди, – қочиб кетяпти, айланай сендан, югур, ушлаб кел!
Мен югурдим. Қизча анча олислаб кетган бўлса-да, унга тез яқинлашиб олдим. Аммо… айни пайтда… негадир ўзимни қувлаётган эмас, қочаётган боладек ҳис қилардим. Чунки бу ерларга кўчиб келган чоғларимиз мен ҳам қадрдон қишлоғимга худди шундай қочиб кетишни жуда-жуда истаганман. Ҳатто, машиналар серқатнов катта трасса бўйига довур яширинча бир-икки бориб келганман. Шу сабабдан бўлса керак, айни пайтда қизчага хайрихоҳ эдим. Унга икки ҳатлаб етишим мумкин бўлган пайтда ҳам атай, секинлашиб, ўзимни чарчаб қолганга солардим. Бир пайт қизча қатор тутлар панасига етгач, таққа тўхтади. Юз-кўзларини қоплаб тушган жингил сочларини ортга сидириб ташлади. Мен ҳансираган кўйи унинг қаршисида тўхтадим. Қизчанинг йирик-йирик кўзлари жиққа ёш эди.
– Нега мени қувлаб келяпсан? – деди у товуши титраб.
– Сени ушлаб олишим керак.
– Тегма менга, мен… қочиб кетяпман.
– Қаёққа?
Қизча изиллаб йиғлаб юборди.
– Билмайман…
Айни пайтда… негадир, унга қўшилиб менинг ҳам увлагим келарди. Бўғзимга нимадир тиқилиб қулт-қулт ютиндим.
– Қўй йиғлама, керакмас, – деб пичирладим аранг.
– Улар мени қиз қилиб олишди.
– Улар яхши одамлар, – дедим қизча айтган гапларнинг маъносига кўп ҳам тушунмаган эсам-да, – хафа бўлма.
– Уйлари жуда катта экан, қўрқиб кетдим.
– Қўрқма, катта уйда яшаш мазза-ку.
– Мазза-я, – деди қизча умид ва илтижо қалққан қароқлари билан менга термулиб. У сўзларини тасдиқлашимни, бу ерларда яшаш чиндан ҳам яхши эканлигига ишонтиришимни жуда-жуда истарди.
Мен ҳар икки бош бармоғимни ҳавога нуқиб, кўзларимни суздим.
– Мазза!
Қизча қиқирлаб кулди.
– Яна би-ир айт, – деди ялинчоқ товушда.
– Ма-азза-а-а!
Мен бу гал бармоқларимни ялаб ҳам қўйдим. Қизча яйраб-яйраб кулди. Кула-кула йўл чеккасига бир пайтлар тўкиб кетилган шағал устига ўтирди.
– Отинг нима? – деб сўрадим ундан.
– Танзила. Сеники-чи?
– Норсоат.
– Соат дейсанми, – қизча яна яйраб кулди, – неча бўлдинг, соат, неча бўлдинг?
Балки бошқа жойда, бошқа бола шу тарзда, исмимни масхаралаб кулса жаҳлим чиқар, боплаб таъзирини берардим. Аммо айни пайтда қишлоғимизда дабдурустдан пайдо бўлган қизчанинг қилиқлари, кулгулари негадир менга жуда-жуда ёқарди. Ҳатто унга қўшилиб баралла кулдим.
– “Норсоат” қийин экан, – деди қизча менга шўхчан боқиб, – майлими сени “Соат” десам?
– “Ака” дея қол.
– Хўп. “Акажон” дейман.
Қуёш қоқ манглайимизда тантанавор порлаб турарди. У гўё бу ерларда бесар юрган баҳорни жизғанак қилишга бел боғлагандек чор-атрофни аёвсиз қиздирарди. Баҳор эса дов-дарахтларнинг қуюқ, ям-яшил япроқлари қатидан, ариқ-сайхонликлар чеккасида кўм-кўк кўкарган чечаклар, ўт-ўланлар орасидан қўрқа-пуса мўралайди. Қалдирғочлар ҳавода чарх уриб, чумчуқ-чуғурчуқлар безовта чирқиллаб гўё уни қўриқлаган бўлади.
Танзила иккимиз шодон кайфиятда қишлоққа қайтдик. Унинг кулишларию тўсатдан маъюс тортиб қолишлари ҳам, юз-кўзини қоплаб тушган жингил сочларини қўлчалари билан тез-тез орқага тараб қўйишлари ҳам, ҳамма-ҳаммаси ўзига ярашарди. Мен унга қараб тўймасдим. Танзила гоҳ мен билан қўл ушлашиб олар, гоҳ йўл чеккасидаги майда тошчалардан териб қатор тутзор томон отар, гоҳо ўрмалаб юрган ҳашоратларни, учиб-қўнаётган қушларни узоқ томоша қилиб қоларди. Сен аслида кимсан, бу ерга қандай келиб қолдинг, ўзинг қаерликсан, деб сўрагим келардию аммо ботина олмасдим. Назаримда бундай сўровлар Танзилани қаттиқ хафа қилиб қўядигандек туюларди. Мен эса унинг хафа бўлишини, йирик-йирик кўзлари жиққа ёшга тўлишини сира-сира истамасдим.
Бир пайт қишлоқ томондан лўкиллаган кўйи чопиб келаётган уста Абилга кўзим тушиб қолди. Танзила ялт этиб менга ўгирилди. Унинг қароқларига яна хавотир соя солди. Мен жилмайдим. Бош бармоғимни ҳавога нуқиб, сўнг ялаб қўйдим. Танзила яна кулиб юборди.
– Эртага яна қочаман.
– Қачон?
– Шу пайт.
– Бўпти. Мен қувлайман.
Абил ака ҳансираганича ёнимизга етиб келди. Қоп-қора, серажин манглайидан шаррос тер қуйилар, тугмалари чала қадалган кўйлаги шалвираб осилиб турар эди.
– Болам, қизгинам! – деди у ҳовлиққан бир тарзда Танзилани даст кўтариб оларкан, – ким сени хафа қилди? Нега қочиб кетдинг, асалим?
Уста қизчани меҳр билан бағрига босиб, юзларини унинг сочларига суркар, овози ҳирқираб, титраб чиқар эди.
Ногоҳ Танзила ҳам у кишининг бўйнидан маҳкам қучиб олди. Қуча-қуча мен томон жилмайганича кўз қисди, бош бармоғини ялаб-ялаб қўйди.
Абил ака қизчанинг кутилмаганда қучиб олишидан буткул яйраб, Танзилани яна ҳам қаттиқроқ бағрига босиб, менга заррача эътибор бермай, алпанг-талпанг қадамлар билан қишлоқ томон жўнади.
Уста хонадонида қизалоқ пайдо бўлгани, унинг келган заҳотиёқ қочишга урингани, қочоқни мен ушлаб келганим ҳақидаги бўзадек кўпириб турган миш-мишлар қишлоқда жуда тез тарқалди. Фавқулодда кўрсатган жасоратим, шон-шуҳратим шарофатидан бўлса керак, Даврон эртаси куни барча араз-гиналарни унутиб мени мактабда илжайган кўйи қарши олди. Қизалоқ ҳақида, уни қандай қувлаганим тўғрисида сўраб-суриштирди. Табиийки, бундай гап-сўзлар пайти барча болалар бизни қуршаб олишади.
– Ҳувв, ҳиндча кино бор-ку, кўрганмисан, бир қизчанинг ота-онасини бандитлар ўлдиришади, кейин қизча зўр артист бўп кетади, кўрганмисан ўзи? – деди Даврон шанғиллаб.
Мен бош ирғадим.
– Ҳа, кўрганман.
– Айтишларича, уста опкелган қизча ўшанга роса ўхшар эмиш, чинми?
– Ўхшамайди.
– Ия, нега ўхшамас экан, – деб чинқирди болалардан бири, – ана, ҳамма айтяпти-ку.
– Ўхшамайди, бу ўша қизнинг ўзи.
– Йўғ-е?! – баб-баравар гувуллаб юборди болалар.
– Ҳа. Ота-онаси ўлгандан кейин… мана, Абил акага қиз бўлди.
Болалар мен тўсатдан тўқиб ташлаган ёлғонга обдон ўйлаб кўрмай чиппа-чин ишонишди. Бу менинг кулгимни қистарди.
– Тез чопар эканми? Аранг етгандирсан-а? – деб шивирлади Даврон дарс пайти, тафсилотларга қизиқиши ҳануз сўнмай.
– Ҳа, бугун яна қочади.
Бу гап беихтиёр оғзимдан чиқиб кетди. Чунки айнан бўлажак қувлашмачоқ ҳақида ширин хаёл суриб ўтирардим. Мен бу гапни шунчаки пичирлаб айтган бўлсам-да, Даврон эшитиб қолган экан.
– Нима?! – пичирлади у сергак тортиб, – қачон қочади?
– Билмадим, – деб мужмал елка қисдим.
Аммо Даврон мендан кўзларини узмаган кўйи алланималарнидир чамалай бошлади.
Мен дарсдан сўнг уйга шошилдим. Чунки Танзила билан келишган пайтимиз яқин эди. Юрагим қандайдир қувонч ва ҳаяжон билан гурс-гурс урарди. Уйга келдиму, папкамни бир чеккага улоқтириб бир бўлак нонни тик турган кўйи ғажий бошладим.
– Ҳой, орқангдан ёв қуваяптими, ўтириб, одамга ўхшаб овқатлансанг-чи, – деди онам юмушидан бош кўтариб.
– Яна мактабга қайтиб боришим керак, шошиляпман.
Шу пайт қия очиқ дарвозамиздан Улдон чеча бош суқди.
– Ҳамсоя-ю-ю…
– Кираверинг, шу ердаман, – дея онам унга пешвоз юрди.
– Норсоатжон уйдамикан? Анови қиз тушмагур яна қочиб кетди.
Мен отилиб ҳовлига чиқдим.
– Шу ердаман. Қани? Қачон қочди?
Сўрашга сўрадиму, аммо жавобини кутмасдан кўчага югурдим. Танзила аллақачон тутзорга яқинлашиб қолган экан. Унинг ортидан ўқдай учдим. Онда-сонда ортига ўгирилиб қўяётган қиз мени кўрдию қувонч билан бир-икки ирғишлаб қўйди. Узоқдан у қандайдир рангин капалакка ўхшаб кўринарди.
Мен шамолдек елиб борардим. Юз-кўзимни ялаб ўтаётган илиқ шабада завқимни оширарди. Кўп ўтмай, орамиздаги масофа қисқара бошлади. Бир пайт тутзорлар орасидан “Кенгсой бургутлари” қийқиришган кўйи отилиб чиқиб қизнинг йўлини тўсишди. Танзила тахтадай қотиб қолди.
– Эй, нима қиляпсизлар! Тегманглар унга! – жон ҳолатда қичқирдим мен.
Машҳур фильмдаги қирқ қароқчи қиёфасига кириб олган болалар менга эътибор ҳам беришмади. Улар от минган чавандозларга хос ирғишлашиб қиз теварагида айланишар, бетиним ваҳимали қийқиришар эди. Танзила қўлчаларини юзига босиб, чинқириб йиғлаганича ерга ўтириб қолди.
Мен жон ҳолатда болалар ҳалқасини ёриб ўтдиму қизнинг қўлидан тортиб ўрнидан турғиздим. Қий-чув бир зумда тинди-қолди.
Бошига момосининг оқиш рўмолини ўраб, бир кўзи устига қора латта танғиб олган Даврон ўзича виқор билан мен томон юрди.
– Қочоқни биринчи бўлиб биз тутдик! – деди ўша тантанавор товушда. – Уни эгаларига биз топширажакмиз.
– Йўқ, у мен билан кетади, – дедим Танзилани беихтиёр ўзимга яқин тортиб.
Қиз ногоҳ кўксимга бошини қўйди! Мен андак довдираб қолдим, лекин шу баробарида ўзимни тоғдек ҳайбатли, Давроннинг минг бир қаҳрамонларидан-да жасур ва қудратли ҳис қилдим.
– Ўрлик қилма, қизни қўйвор, – деди сардор қўл чўзиб.
Мен унинг қўлини қайтариб ташладим.
– Тегма дедим сенга! Агар истасанг, яккама-якка олишамиз!
Сўнгги сўзлар оғзимдан беихтиёр чиқиб кетди. Кўз қирим билан худди нажот сўрагандай бизларга анграйиб турган болаларга қарадим. Кутилмаган чорловимдан улар ҳам ҳангу манг эди. Йўқ, бир пайт Даврон, важоҳатимдан чўчидими ё бошқа сабабданми, ҳарқалай, истеҳзоли илжайганча орқага чекинди.
– Бўпти, қизни сенга топширдик, пишириб е, ўйинга чидаминг йўқ экан.
Даврон бир ишора билан болаларни бошлаб яна тутзор оралаб кетди. Мен анча пайтгача ишонқирамай уларни кузатиб турдим. Танзила андак ҳайрат, андак завқ билан менга термулиб турарди.
– Энди қочмайсан-а – дедим жилмайиб.
– Йўқ, қочмайман. Акажон, улар ким?
– Шу ерлик болалар.
– Улар ёмонми?
– Йў-ўқ, яхши… ўйнаб юришибди.
– Мен қўрқиб кетдим.
– Қўрқма, ўзим бор. Танзила…
– Лаббай, акажон.
– Агар қочиш керак бўлса… бундан кейин икковимиз бирга қочамиз, хўпми?
– Хўп, акажон, – деди қиз кўзларимга табассум билан боқиб.
Биз қишлоқ томон хуш-хандон қайтдик.
Хуллас, Танзила янги хонадонга тез сингишиб кетди. Абил акани “Дадажон”, Улдон чечани “Онажон” деб атайдиган бўлди. Эру хотин қувончдан еру кўкка сиғмайди. Кечаю кундуз қизалоққа парвона. Ўзлари емай унга едиришади, ўзлари киймай унга кийдиришади. Раисимиз Қувондиқ қайсар Танзилага атаб бир соғин сигир ҳадя қилди. Бобо бўлмиш мулла Мирзанинг ҳаяжону севинчдан ҳатто тузукроқ дуога ҳам тили айланмай қолди.
Қувондиқ ака чолнинг жиккаккина гавдасини баҳайбат қучоғига олиб хохолаб кулди. Сўнг кимдир шокосага қуйиб узатган ароқни бир кўтаришда сипқориб юборди-да, газагига бодринг чайнаб қизалоқнинг туғилган куни баҳонасида уста Абил тузаган дастурхонни тарк этди. На эру хотиннинг беадоқ миннатдорчиликларига, на элу улуснинг олқишларига эътибор берди.
Биз ҳали Абсал полвонни танимас эдик.
Ҳа, Қувондиқ қайсар шундай танти ва тўпори раис эди. Казо-казо раҳбарлар ҳам уни беҳад ҳурмат қилишар, маслаҳату насиҳатига қулоқ солишарди. Қувондиқ ака меҳрибон, ҳазилкаш инсон бўлишига қарамай, иш, интизом масаласида жуда қаттиққўл экан. Бир гал тракторларни ўз вақтида таъмирлаб шайламагани учун бу масалага масъул жиянини ўн беш суткага қаматиб юборган. Бир гал ҳашарчи талаба қизлардан бирига тажовуз қилгани учун машҳур бир бригадирни аввал ўласи қилиб калтаклаган, сўнг бутун оиласи билан бошқа ёққа кўчиртириб юборган. Қувондиқ қайсарнинг феъл-атворини жуда яхши билган кенгсойликлар ҳамиша унинг олдида ҳадиксираб туришарди. Афсуски, ҳар тўкисда бир айб деганлари чин экан.
Раис қизларини бирин-кетин узатиб қутилди, аммо ношуд ва ноқобил икки ўғилнинг касридан хўб овораю сарсон бўлди. Отасининг дасти дарозлиги шарофатидан вилоят марказидаги институтларнинг бирини амал-тақал битириб ўша жойда ишлаб қолган тўнғич ўғил ёши қирқни қоралаб қолган бўлса-да, на бирор бир илмий даражага, на тузукроқ амалга эришди. У бола-чақасини биғиллатиб ҳар ҳафта қишлоққа қатнар, уч-тўрт кунга етгулик ош-овқатини отасиникидан ғамлаб, оламшумул вазифани дўндиргандай теваракка мағрур кўз ташлаб яна шаҳарга қайтар эди.
Ароқхўрликка муккасидан кетган иккинчи ўғил эса хотинини ҳайдаб, уч болалик, аллақандай ўйинчи аёл билан туман марказида яшар, отарчилик, ўртакашлик билан кун кўрар, аммо акасидан фарқли ўлароқ, ота уйига жуда кам келар, келган чоғда ҳам ҳатто нон-туз татинмай, бирор баҳона билан марказга қайтар эди.
“Эссиз шундай йигит, душманлари бунга дуоибад едирган” – дейишарди у ҳақида баъзи бир ҳамқишлоқлар.
Қувондиқ қайсарнинг ягона умиди кенжа фарзанди Даврондан эди. Унинг тиришқоқлиги, худди ўзидай саркаш ва сардорлиги кўзини, кўнглини қувонтирарди. Бир гал раиснинг мулла Мирза билан идора биқинидаги овлоқроқ жойда гаплашиб турганини туйқус кўриб қолганман. Очиғи, ўшанда Қувондиқ акани аввал бошида таний олмадим. У гўё қисмати, ҳаёт-мамоти қўлида бўлган одам қаршисида тургандек хокисор ва ювош тарзда эгилиб-букилиб турарди.
“Қўрқаяпман, муллажон, қўрқаяпман, ўзингиз маслаҳат беринг”, – дерди у ялинчоқ бир товушда.
“Карамхон эшонга учрашиб, болага кўздан, суқдан асрайдиган бир тумор оберинг”.
“У киши ҳар кимга ҳам тумор беравермайди деб эшитган эдим… Муллажон, ўзингиз бир орага тушинг”.
“Хўп… индин ГРЭСда бир худойи бор. Учрашиб қолсак, айтаман”.
Ўша пинҳоний гурунгдан сўнг, орадан бир ҳафтача вақт ўтиб, Давроннинг бўйнида пишиқ ипга осилган, бахмал қопламали тумор пайдо бўлди. Ота-онаси қаттиқ тайинлаган бўлса керак, дўстим уни ҳеч кимга кўрсатмасликка ҳаракат қиларди. Бундай ирим-сиримлар қанчалар наф берган-бермаганини билмадиму, лекин Даврон йил-ой сайин эмас, кун сайин ўсиб-улғайиб, бўйига – бўй, кучига – куч қўшилиб борарди. У, отам таърифлагандай, йирик бир ширкат хўжалигининг иззат-обрўли, дасти дароз раҳбарининг арзанда боласига сира ўхшамас, ўзининг каттакон отаси билан ҳеч қаерда, ҳеч қачон мақтанмас, ҳаммани тенг тутиб, барча билан баравар ўйнаб-кулиб юрар, мактабда, маҳалла-кўйда баъзи бир хушомадгўйларнинг ялтоқланишига парво ҳам қилмас эди. Қувондиқ акани ўғлидаги айнан ана шундай хислатлар тўлқинлантирган, ёмон кўзлардан паноҳ излашга мажбурлаган бўлса, ажабмас.
Кези келганда оз-моз мақтаниб ҳам қўяйин: мен ҳам дўстимдан кам эмас эдим. Кундан кунга кўкракларим, билакларим қабариб, кучимга куч, ақлимга ақл қўшилиб борарди. Онам тез-тез исириқ тутатиб, бошимдан айлантириб олар, илоё, кўз тегмасин, деб бўйи-бастимга туфлаб қўйган бўлар, ортимдан кўзлари намланиб кузатиб қолар эди.
Биз Даврон иккимиз бир-биримизга хийла боғланиб қолган эдик. Биргаликда, бамаслаҳат ҳар хил шўхликлар, найранглар ўйлаб топардик. “Кенгсой бургутлари” ҳамиша хизматимизга шай туришарди. Ўша йилнинг янги ўқув мавсуми арафасида, янги дарсликлар олиш учун Даврон иккимиз мактабга борганимизда, Улдон чечга Танзилани етаклаб директор хонасидан чиқиб келаётганини кўриб қолдик. Қизалоқни учинчи синфга қабул қилишибди!
– Эй, бир гап бор, – деб қолди Даврон тўсатдан, – биринчи сентябр куни Танзилани бошқача кутиб олсак-чи.
– Қандай… – деб сўрадим қизиқсиниб.
Даврон қулоғимга шивирлаган бўлди. Унинг таклифи менга ҳам маъқул тушди.
Ниҳоят, ўша кутилган кун етиб келди. Оппоқ, оҳорли, қандайдир шаҳарча фасонда тикилган кўйлак кийиб, жингил сочларини чиройли турмаклаб олган Танзила яна онасининг етовида, бир гуруҳ қишлоқ қизалоқлари қуршовида мактаб дарвозаси ёнига етиб келишди.
Биз “Кенгсой бургутлари” панжара ёнида аскарлардек тизилиб турардик. Танзила шундоққина қаршимизга етган пайт Даврон одатдагидек мушт қилиб тугилган қўлини азот кўтарди.
– Қуёш ҳали ботмаган!
Бизнинг жаранглаган жўр овозимиздан ҳатто, мактаб деразалари ҳам зириллаб кетди. Чўчиб тушган Танзила онасининг этаги ортига яшириниб, биз томон мўралади.Сўнг жилмайди. Жилмая-жилмая жажжи қўлчаларини бизга тақлидан мушт қилиб баланд кўтариб қўйди. Назаримда, у болалар орасида мени кўриб кулгандай, мени кўриб қувониб кетгандай туюлди. Мени аллақандай сархуш ҳислар чулғаб олди. Беихтиёр сардор ўрнида қўл сермадим. Худди шуни кутиб тургандай болалар баб-баравар ҳайқиришди:
– Қуёш ҳали ботмаган!
Бу бизнинг жанговар шиоримиз эди. Бу бизнинг кучимиздан, жипслигимиздан, ишончимиздан дарак берарди. Биз ҳайқира туриб ўзимизни тоғдек маҳобатли, осмондек юксак ҳис этардик. Бу шиорни ким, қачон, қаердан топган, ҳеч била олмадим. Ўша пайтлар бир-икки сўраганимда Даврон сирли илжайиб, сирли кўз қисиб қўя қолган эди.
Бир гал ғалати воқеа рўй берди. Мактаб ҳовлисида қандайдир сиёсий тадбир бўлаётган эди. Ўқитувчилар ёнида бир неча аълочи ва фаол ўқувчилар қаторида Даврон ҳам турарди. Сиёсий таомилга кўра фаол ўқувчилардан бири “Пионер, коммунизм ишига бўл тайёр!” деб чинқириши, йиғинда жамулжам болалар эса “Доим тайёр!” дея тантанавор жавоб бериши лозим эди. Бир пайт мактаб директори Давронга им қоқди. Дўстим бир-икки қадам олдга чиқди-да, билибми-билмайми, туйқус қўлини боши узра баланд кўтарди.
– Қуёш ҳали ботмаган!
Ногоҳ жаранглаган бу ҳайқириқдан еру кўк ларзага келгандай бўлди. Энг қизиғи, нафақат “Кенгсой бургутлари”, балки бутун мактаб ўқувчилари баббаравар шиорни тилга олган эди! Ҳайқириқдан қизил мато ёпилган стол теграсида ўтирганлар сапчиб ўрниларидан туриб кетишди. Улар орасидаги туман раҳбарияти вакили мактаб директорига таҳдид билан чақчайди.
– Бу қандай майнавозчилик?
Даврон саросима ичида бир илжайиб, бир бош қашлаб турарди. Директор илдам интилиб вакилнинг қулоғига алланималарни шивирлади. Афтидан, у майнавозчилик қилган бола раиснинг ўғли эканлигини уқтирди, шекилли, вакил важоҳатидан тушиб, совуқ тиржайган кўйи жойига қайтиб ўтирди. Давроннинг ўрнига отилиб чиққан фаол қиз машъум хатони тўғирлаган бўлди.
Биз ҳали Абсал полвонни танимас эдик.
Олтинчи-еттинчи синфларда ўқиётган йилларимиз Даврон иккимиз кураш билан жиддий шуғуллана бошладик. Ҳар куни эрталаб югурамиз, мактабнинг спорт майдончасида ҳар хил машқлар бажарамиз. Бўш вақт топдик дегунча иккимиз кураш усулларини машқ қиламиз. Жисмоний тарбия бўйича сабоқ берувчи муаллим гоҳо бизни ўзининг “Москвич” машинасига ўтирғизиб қишлоқ тўйларига олиб борар, у ердаги кураш томошаларида иккимиз тенг-тўшларимиз билан беллашиб гоҳ мағлуб, гоҳ ғолиб бўлиб, завқ-шавқ билан уйга қайтар эдик. Бир куни галдаги машғулотга чоғланиб турган пайтимиз Қувондиқ ака даладан келиб қолди. Оёғида қўнжи қайрилган этик, эгнида офтобдан сарғайган кўйлак, бошида айвони кенг шляпа.
– Эй, нонхўрлар, – деб бизни тўхтатди у, – чини билан полвон бўлишни хоҳласаларинг буйтиб салтанг-салтанг юрманглар. Мен ёзги таътил пайти сенларни зўр устозга оббориб топшираман. Бир ой шуғулланиб келасизлар.
У киши қандайдир танбеҳ оҳангида гапирган бўлса-да, лекин интилишларимиздан мамнун эканлиги юз-кўзидан билиниб турарди. Раис ростданам ўша мавсум ёзги таътил бошланган кунлар иккимизни “Нива” русумли хизмат машинасига ўтқазиб бепоён қўриқ хўжаликларига қон томирларидек таралиб кетган, шағал қопламали йўлларнинг бири бўйлаб аллақаёққадир олиб кетди. Чор-атроф дала-дашт. Беҳудуд экин пайкаллари ям-яшил денгиздек мавжланади. Машина ортидан қўзғалган чанг-тўзон хийла пайт ҳавода муаллақ туриб, йўл ёқасидаги тиканзорлар устига оҳиста ёғилади. Машина ўриндиқлари ортидаги бўлажак устозимизга аталган қўзи тумшуғини биз томонга чўзиб искаланади.
– Биз ҳозир Абсал полвоннинг олдига кетяпмиз, – деди уловни нописанд бошқариб бораётган ота. – Эшитгансиларми шундай одамни?
– Йў-ўқ, – дедик баравар бош чайқаб.
– Ҳозир кўрасилар.
Биз бир ярим соатдан мўлроқ йўл босдик. Афтидан, бошқа туман чегарасида кетиб борардик. Қўриқ ҳудудлар бир-бирига жуда ўхшаш бўлганлиги боис буни дабдурустдан пайқаш қийин эди.
– Ана, келдик, – деди Қувондиқ ака “Нива”ни қуюқ толлар панасидаги шийпоннусха уй ёнида тўхтатар экан.
Аввал баҳайбат бир кўппак биз томонга вовуллаганича югуриб келди, ортидан уч-тўрт бола-бақра чопиб чиқди.
– Эй, полвон қаерда, уйдами-а? – дея гумбурлаган овозда сўради раис.
Болалар жавоб бермай, яна уй томон чопиб кетишди. Биз машина ортидан хийла семизгина ширбозни туширдик. Қувондиқ ака уст-бошининг чанг-чунгини қоқиб, томоқ қириб тупиринди. Шу пайт толлар ортидан бўйи икки қулочдан ҳам баланд, сочини тап-тақир қирдирган, яғриндор бир одам чиқиб келди.
– Э-э, раис бова, хуш кепсиз! – деди у йўғон, дўриллаган овозда.
Қувондиқ ака унга хуш-хандон пешвоз юрди.
– Чақирмасангиз ҳам шуйтиб келаберамиз-да!
Қувондиқ ака сизларни устозга топшираман деганида биз икковлон ўзимизча гавжум, сершовқин шаҳарни, кенг-мўл, ёруғ спорт мажмуасини, чеккалари қизил ҳошияли махсус кийимдаги мураббийни тасаввур қилиб, теримизга сиғмай севиниб, ҳаяжонланиб юрган эдик. “Нива” қишлоқдан чиқар-чиқмас овлоқ дала-дашт йўлга бурилдию, бизлар бир-биримизга таажжубланиб тикилдик. Қаёққа кетяпмиз, деган хаёлда кўнглимизга хавотир оралаган эди. Толлар ортидаги шийпонни, ундан чиқиб келган девқомат, бироз деҳқон, бироз чўпон сифат кимсани кўриб эса буткул ҳафсаламиз пир бўлди. Жисмоний тарбия ўқитувчисининг тинимсиз ташвиқотларидан бўлса керак, биз кураш бўйича сабоқ берадиган устоз олий маълумотли, баъзи бир расмий мусобақалар совриндори, спорт устаси деган унвонлар соҳиби бўлиши шарт деб ҳисоблардик. Аммо Қувондиқ ака билан қучоқлашиб кўришган, ўша кеч меҳмонлар шарафига тузуккина дастурхон тузаган мезбон, афтидан, бирор институт нари турсин, ўрта мактабни ҳам тўла-тўкис битиргани, кураш илмидан хабардорлиги гумон эди.
– Шуйтиб, иним, сизга икки шогирд опкелдим, – деди зиёфат чоғи Қувондиқ ака яна мақсадга кўчиб, – буларни тарбиялаб, Кенгсойнинг орини кўтарадиган полвонлар қилиб берасиз.
Мезбон кулимсираб бош ирғаб қўйди.
– Буларнинг хийла суяги қотган кўринади-ку, сал эртароқ опкемабсиз-да, раис бова.
– Э, полвонжон, ана, бугун, ана, эртан деб вақтни бой бериб қўйдик. Савил, ҳеч қўл тегмайди, денг, биласиз, хўжалигимизнинг ташвиши кўп.
– Тўғри, сизга қийин. Бизга ўхшаганлар битта рўзғорни эплаёлмайди-ю…
Афт-ангоримиздаги норизолик аломатларини пайқади шекилли, мезбон гоҳ чой, гоҳ овқат ташвишида биз ўтирган чорпоядан узоқлашган пайт Қувондиқ ака пичирлаб у кишини таърифлашга тушиб кетарди.
Асли исми Абдусалом бўлган бу киши эл-улус орасида Абсал, Абсал полвон номи билан машҳур экан. Худди Қувондиқ ака ва қўриқ туманларига кўчиб келган аксарият чўлқуварлар каби кунчиқар тарафдаги тоғу тошларда туғилиб ўсган экан.
Абдусалом ҳеч бир устоз кўрмаган, ҳеч бир машқ-машғулотда қатнашмаган, худди ўрисларнинг Ивани каби атойи полвон эмиш. У бўз болалик пайти тоғдан ўтин кесиб, эшагига юклаб келаётган маҳал, жонивор нобопроқ ердан йиқилиб, оёғи синиб, ўрнидан туролмай қолибди. Шунда у эшагини юк-муки билан елкасига олиб, қишлоққача кўтариб борган экан. Абдусаломнинг бу мўъжизасини кўрганлар ҳангу манг қотиб қолган эмиш. Нега менга анграйиб қолдинглар, нима, сизлар эшак кўтариб кўрмагансизларми деб ҳайрон сўраган экан ўшанда. Чунки бундай кўтаришлар оддий, кундалик иш, ҳар кимнинг ҳам қўлидан келади, деган хаёлда экан бу содда ва тўпори ёш полвон.
Қишлоқдошлари қизиқсиниб бир-икки давраларда кураш тушириб кўришибди. Абдусалом номдор рақибларини биринчи қафасдаёқ чалпак қилиб ерга урибди. Бу жигит билан ҳазиллашманг, ҳамиша иззатини жойига қўйинг, унга чилтон пирлар полвонликни ғойибдан юқтирган, дейишибди китоб кўрган, не бир мадраса тупроғини ялаган муллалар. Шу-шу, у Абсал полвон сифатида эл оғзига тушибди.
Қанча-қанча тўю ҳашамларда ўз элининг орини олиб, димоғдор, номдор курашчиларнинг курагини ерга босибди. Чўлга кўчиб келган кезлари унинг довруғини эшитган туман, вилоят раҳбарлари полвон билан бир кўришиб қўйиш учун атай уни излаб келишган экан. Абсал полвон беш-олти йил аввал, ёшим қирқдан қийиб ўтди, энди давраларни ёшларга бўшатай, деб эл оқсоқолларидан фотиҳа олиб, кураш билан хайрлашибди. Ўшандан бери баҳор чоғи шу шийпонга кўчиб чиқиб, кеч кузгача деҳқончилик, чорвачилик билан машғул бўлар, ҳосилни йиғиб-териб олгач яна қишлоғига кўчиб борар экан. Устоз деб ихлос қилиб келган ёш-ялангларга кураш сирларидан сабоқ ҳам берар эмиш.
Биз Абсал полвонни кўрдик, билдик.
Аммо ўша кеч Қувондиқ аканинг сирли шивир-шивирлари ҳам барибир бизни ҳайратлантира олмади. Раиснинг қаҳру ғазабидан қўрқиб, андак-андак қовоғимизни очиб ўтирардик, холос. Кўз ўнгимизда ҳали-ҳануз чароғон шаҳар, пўрим уст-бошли мураббий тумандай кезиб юрарди.
Шийпон пештоқидаги, теварагида ҳашоратлар ғужғон ўйнаётган лампа ёғдусида хира ёришиб турган чорпояда биз қўноқ бўлган ўша кеч бир ҳолни ўзимча кашф этдим. Қувондиқ ака ва Абсал полвон худди қўриқ туманлари каби бир-бирига жуда ўхшарди. Билмадим, бу балки, мулла Мирза бот-бот тилга олиб юрадиган ибора билан айтганда, барчалари Катта Ўранинг болалари бўлгани боисми, ҳарнечук, келбат-савлат, рапидадек қўллар, гулдираган овоз, имо-ишоралар, дағал гап-сўзлар, ҳамма-ҳаммаси бир-бирига монанд эди.
Дастурхонлар йиғиштирилиб, чойнакдаги чой соб бўлаётган бир пайтда Қувондиқ ака ёнидаги ёстиққа бағир бериб оёқларини узатиб юборди.
– Қани, полвон, – деди сирли бир оҳангда, – энди-и… чалинг, бир мириқайлик.
Мезбон аввал бироз тихирлик қилиб турди, сўнг интилиб, чорпоя суянчиғига ташлаб қўйган камзулининг чўнтагидан чарм ғилофли алланенидир авайлабгина чиқариб олди.
– Раис бова, меҳмоннинг амри вожиб, чалсак-чаламиз-да, – деди у.
Абсал полвон чарм ғилоф ичидан суғириб қўлига олган нарсанинг нелигини билмай анграйиб турганимизни пайқаган раис:
– Бу сибизға, – деб қўйди кулимсираб.
Сибизға деганлари бир энлик қамишдан ясалган, пуфлаб чалинадиган оддий ва жўн мусиқа асбоби экан. Абсал полвоннинг уни ихлосу эътибор билан қўлга олишини кўриб, ғоят ноёб нарса бўлса керак деб ўйлабмиз.
– Қани, иним, бошланг, – деди раис бетоқатланиб.
Абсал полвон сибизғани баҳайбат кафтлари орасига олиб қалин лабларига тегизди. Тегиздию сибизғаданми ё меҳмоннинг ичиданми бир нола отилиб чиқди. У бир зум ҳавода муаллақ туриб қолгач, майин, ҳазин мавжлар билан тун бағрини тилкалаб чор атрофга тарала бошлади. Сибизғаданми ё чолғучи бўғзиданми ўртаниб чиқаётган бу оҳанглар куй эмас, фарёд эди! Фарёд эмас, аччиқ-аччиқ бўзлов эди!
Абсал полвон таралаётган мусиқага мос тарзда тоғдек тебранар экан, назаримда, ҳозироқ у қулаб тушадигандек туюларди. Қувондиқ ака ҳам узалган кўйи кўзларини ярим юмиб мастона чайқалар, аҳён-аҳён қабоқларини керганида ёшланган қароқлари чироқ ёғдусида сарғиш шиша парчаларидек ялтираб кўринар, Даврон эса чорпоя суянчиғига орқа тираб, сиқилган пружинадай ғужанак тортиб ўтирар, шу ҳолатида қоронғулик қаърига сингиб борар эди.
Нолакор куй тобора авжланарди!
Негадир хаёлим олис тоғлар этагида қолган қадрдон қишлоғим томон учди. Жилдирабгина оқиб турувчи саёз сой, сертупроқ йўллар ва ногоҳ дераза тагидаги тўшакда сўнгги кунларини ўтаётган, вассажуфтли уй тоқига армону изтироб билан термулган, сертитроқ, озғин қўллари билан бошимни силаётган отам, отажоним кўз ўнгимда намоён бўлди. Сўнг, қароқларим қаршисида бошим узра исириқ тутатиб, кўзлари намланиб, дуо пичирлаётган ҳамиша жонсарак онам, онажоним, унинг ортидан, тутзор бўйлаб чопиб бораётган, менга умид ва ишонч билан термулиб “мазза-я” деяётган Танзила бир-бир жонланиб, гўё сибизға бағридан отилаётган фарёд, илтижо менинг бўғзимга қуйилаётгандай, томоғимга аччиқ ва қаттиқ нимадир тиқилди. Беихтиёр юзимни осмонга қаратдим. Қаратдиму ҳозиргина жимирлабгина турган юлдузлар нолакор мусиқадан гўё эрий-эрий қароқларимга томаётгандай, қароқларимдан тошиб ёноқларим томон сизаётгандай туюлди. Мен шоша-пиша ҳўлланган ёноқларимни артиб олдим.
Ниҳоят куй тинди.
– Э, яшанг! – деди Қувондиқ ака чуқур тин олиб, – қайси кун духтурга клизма қилдирганимда ҳам бунчалик ҳузурланмаган эдим.
Мезбон синиқ жилмайиб қўлини кўксига қўйди.
Қувондиқ ака саҳар пайти бизларни Абсал полвонга, Абсал полвонни Худога топшириб Кенгсойга қайтди.
Биз Абсал полвонни кўрдик, билдик.
Шундай қилиб бизнинг бир ойлик шогирдлик фаолиятимиз бошланди. Ерёнғоқ экилган пайкал биқинида беҳафсала қурилган чайла бор экан. Устоз шу ерга кўрпа-тўшак қилиб берди. Кун тартибимиз оддий: саҳар туриб беш-олти чақиримга югурамиз. Ҳар хил машқлар бажарамиз. Нонуштадан сўнг тушликкача устозга қўшилиб унинг мол-ҳолларига қараймиз, экинларини суғорамиз, ўтоқ қиламиз. Абсал полвон ҳамиша тунд ва ўйчан, онда-сонда пўнғиллаб қўйганини ҳисобламаганда биз билан деярли гаплашмайди, эгилиб-букилиб ишдан бош кўтармайди. Пешиндан асргача ором пайти: чайлага кириб чўзиламиз. Аммо уйқу қаёқда, кун шу қадар иссиқки, тўрт тарафингдан ҳовур пуркаб туради. Худди тандир ичида ётгандай типирчилаб, ғингшиб чиқамиз. Пахта пайкаллари бошланган жойда похол тўшалган майдонча бор, кун қайтиб, андак салқин тушган пайт ана ўша ерда кураш илмига шўнғиймиз.
Устознинг биздан бошқа яна уч-тўрт шогирди бор экан. Улар жазирама чекинган маҳал мотоциклларини тариллатиб, чанг-чунгга беланиб қишлоқдан келишар, ғала-ғовур билан майдонга тушишар эди. Устоз ҳам биз қатори кураш либоси кийиб, машқ-машғулот қилиб, ҳар бир хатти-ҳаракатимизни синчков кузатиб, баъзан мақтаб, баъзан танбеҳ бериб туради деган хаёлларимиз ҳам чиппакка чиқди. Биз шогирдлар бир-биримиз билан олишиб ётган пайт Абсал полвон аҳён-аҳён майдончага кўз ташлаб қўйиб аллақандай юмушлари билан андармон бўлиб юрарди. Баъзан ўша куймаланаётган жойида товуш бериб қоларди.
“Эй, Холбой, чап қўлини маҳкам тутмай, чилга уринма, ўзинг учиб тушасан”.
“Суннат-ей, бу қилиғинг ғирром, иккинчи кўрмай”.
“Тузук-тузук, Мухторбой, ана шу усулни пухта ўрган”.
Тўғриси, устознинг кўрсатма-уқтирмаларидан ажабланиб қолардим: худди ёнимизда тургандай, ҳаракатларимизни аниқ-тиниқ баҳоларди! Яна бир ҳолнинг гувоҳи бўлганман. Мен шогирдлардан бири билан кураш тушаётган пайтим Абсал полвон шундоққина биқинимизда, оғир-оғир нафас олиб турганини пайқадим! Пайқадиму ёнимга ялт этиб ўгирилдим. Шу лаҳзадаёқ оғилдан чиқиб келаётган устознинг танбеҳи жаранглади:
“Эй, кенгсойлик, хаёлингни бўлма!”
Ўшанда Абсал полвонда Худо юқтирган қандайдир хислатлар ҳам борлигига ўзимча иқрор бўлдим.
Қишлоқдан келган шогирдлар кураш машғулотларидан кейин, қуюқ толлар тагига тизилиб ўтириб, сибизға чалиш сабоғини бошлашар экан. Аммо бу маросимга Абсал полвон қандайдир мамнун қиёфада келиб астойдил бош-қош бўларди.
Қувондиқ аканинг машинаси шаҳар қолиб, чўл қўйнига йўл олгандан бери чеҳраси очилмай, тажанглашиб, ғингшиб, сўкиниб, бу ерлардан қочиб кетишга мени ҳеч кўндиролмай юрган Даврон бу ҳолдан баттар тутоқди.
– Бир-икки телевузурда кўрганман, – деди у ғижиниб, – қўлидаги халачўпни силкитиб-силкитиб кўп одамга куй чалдирадиган чоллар бўларди, шулардан бунинг фарқи йўқ экан.
Мен индамай бош ирғаб қўя қолдим. Аслида Абсал полвоннинг ўзи ҳам, сибизғаси ҳам, феъл-атворию турмуш тарзи ҳам негадир менга кун сайин ёқиб, устозга ички бир ҳурматим, эҳтиромим тобора ортиб борарди.
Шогирд тушганимизнинг учинчи ё тўртинчи куни, кечки машғулот бошланишидан андак аввал Абсал полвон иккимизни ёнига чақирди.
– Сизлар сибизға чалишни ўрганмайсизларми?
– Биз кураш тушишни ўрганишга келганмиз, – деб қўрс бир оҳангда жавоб берди Даврон.
– Куй қувватга қувват қўшади, – деб сўз бошлади устоз, бироқ ўйчан бир қиёфада яна жим қотди, ҳойнаҳой, бу гапларни бизга айтиш бефойда деган хаёлга борди, бироздан сўнг оҳиста қўшиб қўйди: – Ҳар бир полвоннинг ўз сибизғаси бўлиши керак, уни юракнинг устидаги киссада асраб-авайлаб юрган маъқул.
Очиғи, мен сибизға чалишни жуда-жуда хоҳлаётган эдим. Аммо Давроннинг кўнглига қараб, истагимни айтишга ботина олмадим. Бир пайт, устознинг ёнидан узоқлашаётган маҳалимиз, у киши туйқус мени тўхтатди.
– Иним, юрагинг буюрган ишни қилишга ўрган. Полвонликнинг энг биринчи шарти шу.
– Бунинг полвонликка нима алоқаси бор? – дея маҳмадоначилик қилди сал нарида турган Даврон, – юрак нотўғри йўлга бошласа-чи.
– Унда ё сенинг полвонлигинг, ё юрагинг борлиги ўтрик.
Даврон чимирилган кўйи майдон томон жўнади. Унга шоша-пиша етиб олганимда одатдагидек ғижиниб ғудранди.
– Нималар деяпти анови, ўлай агар, бирорта ҳам гапига тушунмадим.
Тўғриси, устознинг сўзларини мен ҳам тўла англаб ололмадим. Англаганим шу эдики, Абсал полвон кўнглимда сибизға чалишни жуда-жуда истаётганимни пайқаб қолди. Худди шу ҳол мени ажаблантирар, хаёлларимни алғов-далғов қилар, устозда чиндан ҳам илоҳий бир хислат борлигига ич-ичимдан яна бир бор ишонч қабарар эди.
Мен ўзимни ғаройиб бир оламга тушиб қолгандай ҳис қилардим.
Биз турган жойдан беш-олти чақирим нарида эни эллик қулочча келадиган катта бир канал бор экан. Ҳар эрталаб югурганимизда унинг қирғоғигача борардик. Тағин чўмила кўрманглар, сиртдан сокин кўринса ҳам, аслида тезоқар, анча чуқур, деб Абсал полвон борганимизнинг биринчи куниёқ тайинлаган эди. Аммо Даврон, ростдан ҳам кўнгли тусабми ё устозга атай терслик қилиш ниятидами, чўмиламиз деб ҳар куни мени гаранг қиларди. Мен ҳар хил баҳоналар билан тайсаллаб юрардим.
Бир куни пешин пайти, ором истаб чайлага кирган чоғимиз Даврон ирғиб ўрнидан турди-да, ҳе йўқ, бе йўқ, қайноқ тупроқ кўпчиб ётган йўл бўйлаб чопиб кетди.
Одатда, у бировдан ранжиса, кимнингдир гап-сўзи кўнглига оғир ботса шу тахлит жазавага тушарди. Аммо айни пайтда дўстгинам хафа бўлгулик ҳеч не юз бергани йўқ: афтидан, бу унинг отасига, устозга ва жамики кўргуликларига қарши исёни эди.
Кўнглим бир нохушликни сезиб, ортидан отландим. Даврон шу югуришда, йўл-йўлакай кўйлак-иштонини ечиб бир чеккага улоқтирди-да, тўппа-тўғри, канални кўзлаб бораверди.
– Эй тентак, тўхта, қаёққа? – деб икки-уч чақирдим изидан.
Бироқ у қайрилиб ҳам қарамади. Мен йўл-йўлакай тўзиб ётган кийимларини йиғиб қўлтиқладиму унга етиб олиш илинжида тезроқ чопдим. Аммо барибир улгурмадим. Мендан анча илгарилаб кетган Даврон канал қирғоғида бир зум нафас ростлаб турди-да, ўзини сувга отди.
– Эй! Эй! – дея олдим зўрға, иссиқ ва чарчоқдан ҳансираб.
Даврон қўл-оёқлари билан тез-тез молтиб нариги қирғоқ томон сузиб кетди. Унинг ҳар бир хатти-ҳаракатини жон ҳовучлаб кузатиб турардим. Кузатардиму, дўстимнинг бу қадар моҳир сузувчи эканлигини кўриб ҳайрону лол эдим. Қишлоғимиз пахта пайкалларини оралаб ўтган лоток ариқдаги лойқа сувга бир-икки шўнғиб олганимизни айтмаса, шу пайтгача Даврон билан тузук-қуруқ чўмилганимизни ҳеч эслай олмайман. Ажаб, дўстим бундай моҳирона сузишни қачон, қаерда ўрганган экан? Афтидан, жазава ва жунун шарофатидан унинг фавқулодда яна бир иқтидори очилиб кетди. Даврон гоҳ тез-тез молтиб, гоҳ сув сатҳи бўйлаб юзиб ўн-ўн беш дақиқа ичида нариги қирғоққа чиқиб олди. Чиқдию ўнг қўлини боши узра баланд кўтарди. Мен ҳам қувонч ва мамнуният билан ҳавога мушт сермадим.
– Қуёш ҳали ботмаган!
Иккимизнинг бўғзимиздан баб-баравар отилган ҳайқириқдан сув сатҳи бир мавжланиб олгандай бўлди.
Бир пайт шундоққина биқинимда Абсал полвоннинг оғир-оғир нафас олиб турганини пайқадиму ялт этиб ўгирилиб қарадим. Чиндан ҳам устоз нариги қирғоқдаги Даврон томон тунд ва ўйчан назар ташлаб турган экан.
Мен хижолатдан бир зум каловланиб қолдим.
– Чақир уни, – деди устоз кўз қири билан нариги қирғоққа ишора қилиб.
Даврон қўлларини белига тираб мағрур ва масрур қиёфада сув оқимини кузатиб турарди. Мен бир чақиримча наридаги бетон кўприк ёққа ишора қилиб қичқирдим.
– Кўприкдан ўтиб кел!
Даврон бош ирғаб ўша томон жўнади.
– Йўқ, – деб қолди Абсал полвон, – яна сузиб ўтсин! Хато қилиб, хатосини тузата билиш, қалтис қадам қўйиб, қалтис йўлидан яна ортга қайта олиш марднинг иши. Ана шундай одам полвон саналади.
Тўғриси, семиз-семиз китобларнинг иси келадиган бу гапларнинг мағзини тўла-тўкис чақа олмадим. Англаганим шу бўлдики, дўстинг мард бўлса, яна сузиб ўтсин, деяпти у киши.
– Эй! – қўлимни карнай қилиб қичқирдим, – қайтиб сузиб ўт!
Даврон ҳинду сардорларига тақлидан ўнг қўлини кўксига, лабига, манглайига тегизди-да ўзини сувга отди. Аввалгидан ҳам моҳирона, чаққон ва енгил молтиб биз томон суза бошлади. Абсал полвон ўзини тунд ва бепарво тутса-да, кўз қири билан қарашларида, бетоқат иякларини силаб қўйишларида хавотир аломатлари сезилар, офтобдан униққан кўйлагининг тугмаларини чиқариб, беихтиёр кўмакка шайланар эди. Мен дўстимнинг маҳоратидан, фавқулодда довюраклигидан ғурурланиб, қувониб турардим. Даврон молтиб, ҳавога сув сачратиб яқин келиб қолди. Устоз унинг эсон-омон қирғоққа чиқиб олишига кўнгли тўлди, шекилли, чуқур бир тин олиб уй томон қайтиб кетди. У худди елкасига оғир юк ортилгандай, қандайдир букчайиб, оғир-оғир одимлар эди.
Даврон пишқириб, энтикиб қирғоққа чиқиб келди. Мен унинг кийимларини узатдим. Даврон устоз томон бош силкиб ишора қилди.
– Анави нима деди?
Мен Абсал полвон айтган гапларни ҳижжалаб такрорладим.
– Бу мени мақтагани бўлса керак-да, а? – деди Даврон қизиқсиниб.
– Билмадим. Худди китобдан ўқиб бераётганга ўхшади.
– Топишмоқ гапларни кўп гапираркан бу, лекин қизиқ. Маъносини тушуниб олай деб кечаси билан ўйлаб чиқаман.
– Эй, – дедим Давроннинг елкасига туртиб, – сузишни қачон ўргангандинг, писмиқ?
Даврон кўзларини пирпиратиб, елка қисди.
– Ўлай агар, ўзим ҳам билмайман. Сувга сакраб бундай қарасам, сузиб кетяпман.
– Тўғриси, сенга қойил қолдим.
– Эй, – деб илжайди дўстим, – ё шаҳарга бориб сузувчи бўп кетсаммикин-а, кўрдинг-у, сувга бир тушишда сени шунча қойил қолдирдим.
– Шаҳарда қизлар ҳам яланғоч бўп чўмилишади.
– Маза-да, – деб орзуманд тиржайди Даврон. – қуйруғидан ушлаб-ушлаб оламан.
Мен уялиб кетдим. Негадир кўз олдимда Танзила жонланди. Шундай пайтда уни ўйлаганимдан баттар хижолат бўлдим.
Биз Абсал полвонни танидик, билдик.
Бир куни кечки пайт машғулотга қишлоқдан одатдаги шогирдларга қўшилиб яна бир тўп ёш-яланг келди. Келишдию ҳаммалари узук-юлуқ шивирлашиб кураш майдончаси теграсига давра қуриб ўтириб олишди. Биз уларни ажабланиб кузатиб турардик. Кўп ўтмай, эски бир “Жигули” шийпон ёнига келиб тўхтади ва ундан курашчилар либосидаги алп қомат, сочини тап-тақир қирдирган, қоп-қора, қўрс қиёфали, қирқ ёшлар чамасидаги киши тушди. У ҳеч кимга лом-мим демай айиқдек лапанглаб майдонга кирди-да, худди беллашувга шайлангандек у ён-бу ён юрина бошлади. Шу пайт ичкаридан бўзранг яктак кийиб, белига белбоғ боғлаган Абсал полвон чиқиб келди! Биз устозни шу пайтгача чинакам полвонлик кийимида кўрмаган эдик. У ҳам ҳеч гап-сўзсиз, оғир-вазмин қадамлар билан майдонга кириб борди-да, бояги барзанги билан қўл учида кўришди. Сўнг иккиси кураш туша кетди! Улар бир-бирларини худди боқилган буқалардек нари-бери сурар, ихраб-ухраб усуллар қўллашар, оёқлари остидаги похол тўшама тўзиб, қуюқ чанг-гард ҳавога кўтарилар эди. Биз, қишлоқдан келган ёш-яланг, ҳаммамиз уларнинг беллашувини диққат ва қизиқиш билан кузатар эдик. Полвонлар қарийб бир соатча вақт давомида курашдилар. Гоҳ униси, гоҳ буниси зўр келар, сўнг яна қайта беллашар, бет-бўйинларидан қоп-қора тер қуйилар эди. Бири-бирининг курагини ерга босганда биз ҳам томошабин, ҳам ҳакам сифатида қийқиришиб, ғолибни олқишлаб қўярдик. Ниҳоят, кураш поёнига етди. Полвонлар яна бир оғиз ҳам сўз айтмай биргаликда канал томонга кетишди. Кейинчалик билдикки, устозимиз билан беллашган киши машҳур Аҳмад полвон бўлиб, даврадаги томошабинларнинг ярмиси унинг шогирдлари экан. Ҳар икки устоз ҳафта-ўн кунда шу тахлит беллашиб, ўз шогирдларига амалий-намунавий сабоқ беришар экан. Бир ойлик шогирдчилигимиз даврида бундай томошага уч марта гувоҳ бўлдик.
– Қойил, – дерди Даврон кўзлари чақнаб, – ҳақиқий полвонлар экан.
Аммо мен ғалати бир ҳислар оғушида эдим. Назаримда устозлар бир-бири билан эмас, икковлашиб қандайдир кўзга кўринмас, куч-қудратли рақиб билан олишгандек туюлди. Бу ҳақда анча пайтгача ўйлаб юрдим. Кейинчалик Аҳмад полвон ҳам худди устозимиз каби одамови, хилватнишин, моҳир дўмбирачи эканлигини билдиму, таассуротларим тўғрилигига яна бир карра ишондим.
Устозлар иккинчи бор амалий-намунавий машғулот ўтказган куннинг эртасига, тушлик пайти, Абсал полвон ҳеч кутилмаганда ёнимизга келди.
– Қандай бўляпти ўзи, укалар, – деди у андак кулимсираб, – бирор нима ўргана олаяпсизларми?
– Ҳа, – деди Даврон шоша-пиша бош ирғаб.
Аммо устоз негадир менга қараб гапирарди.
– Ўйлаб ўйингга етдингми?
Мен довдираб қолдим. Устознинг пинҳона кечинмаларимни сезиб қолаётганидан ҳайрону лол эдим.
– Йўқ, – дедим зўрға пичирлаб.
– Раис бова сизларни менга ишониб топшириб кетган, шунинг учун бир-икки оғиз насиҳат қилиб қўйишим керак бўлади. Бу ҳам машқ-машғулотимизга киради. Эшитаяпсизларми?
– Хўп, устоз, эшитамиз, – дедим бош ирғаб.
– Полвон одам уч нарсага ҳоким, уч нарсага қул бўлиши керак.
– Мен биламан, – деб дабдурустдан гапга аралашди Даврон, – полвон нафсига, шуҳратпарастликка, манманликка ҳоким бўлиши керак… бир китобда ўқиганман. Калламга қуйилиб қолган.
Дўстгинамнинг маҳмадоналигидан карахт бўлиб қолдим. Мактабда ҳатто билганларини ҳам айтмай ўқитувчиларни хўп куйдирарди, аммо ҳозир… афтидан, устоз мени ўзига яқин олиб, ёнимизда бошқа ҳеч ким йўқдай, юз-кўзимга қараб гапиришига қарши исён қилган бўлди. Бу беодобликдан Абсал полвоннинг жаҳли чиқиб ҳозироқ уни жеркиб ташлайди, ҳатто қулоқ-чаккасига шапалоқ тушириб қолади, деган хаёлда қўрқиб турардим. Бироқ устоз Давронга шунчаки хаёлчан кўз ташлади. Нигоҳларида андак малол, андак таажжуб, қизиқиш қоришиб кетган эди.
– Балли, иним, балли! Хўш, кейин-чи, қолганини ҳам айт-да.
– Полвон уч нарсага қул бўлиши керак, – деди Даврон ҳеч бир тап тортмай, – ҳақиқатнинг, ор-номуснинг…
Аммо учинчи нарсанинг номини тополмай башара буриштириб, чайналиб қолди.
– Ҳа, яхши, – деб бош ирғади Абсал полвон, – шу иккови ҳам ҳозирча сизларга етади. Учинчиси…
– Сибизғанинг… – беихтиёр оғзимдан чиқиб кетди менинг.
Устоз ялт этиб ўгирилди. Унинг юз-кўзлари қандайдир ёришиб кетгандай бўлди.
– Топдинг! Сибизғанинг қули бўлиши керак!
Абсал полвон шундай дедию, кўкрак чўнтагидан чарм ғилофли сибизғасини авайлабгина қўлига олди.
– Йўқ, сибизға эмас, китобда ундай дейилмаган. Усто-о-оз, ўзингиз айтинг, илтимос, учинчиси нима эди, – деди Даврон астойдил қизиқиб.
– Учинчисини, укалар, ҳали билиб оласизлар. Унинг ўзи ўзини билдириб қўяди. Қўрқманглар, кўп кутиб қолмайсизлар. Ўша нарса ҳаёт йўлларингизда илҳақ-интизор. Эрта бир кун насиб этса, унга дуч бўласизлар. У сизларни кулдиради, куйдиради, у сизларни бор қилади, йўқ қилади. Ана шунда жуда-жуда сибизға чалгиларинг кеп қолади. Боя Норсоат тўғри топди десак ҳам бўлаверади. Полвон қули бўлиши керак бўлган учинчи нарса, бу сибизға! Келинглар, ҳозирча уни шундай деб атаб турайлик. Ҳаётда ўзига йўлиққанларингизда, нима деб ном қўйсаларинг қўяверасизлар.
Даврон иккимиз бир-биримизга анграйган кўйи бир зум қотиб қолдик. Ахир шу пайтгача Абсал полвоннинг бу қадар узун гапирганини эшитмаган эдик. Устига-устак, унинг айтганлари бизни баттар қизиқтириб, ақлимизни шошириб қўйди.
– Яна топишмоқ, – деб минғирлади Даврон надомат билан бош ирғаб.
Устоз бизга эътибор бермай сибизғасини ғилофидан чиқарди-ю, чуқур тин олиб, чалишга тутинди.
Назаримда, бутун борлиқ сукутга толиб, нафас олмай, сибизғанинг нолакор садоларига қулоқ осгандай туюлди. Гўё мусиқага ошуфта офтоб ҳам кўк тоқида тўхтаб қолгандай, оташ-олов баркаши бошимизга ағдарилиб кетгандай, унинг касридан тошу тупроқ, дов-дарахт, ўт-ўлан куйиб, тутаб ётгандай эди.
Сибизғанинг авжли-мавжли оҳу фиғони еру кўкни тутди. Хаёллару туйғуларни ортидан мастона эргаштириб, бир нажот, бир таскин, бир паноҳ излаб гирёна чарх урар, гўё излаганини тополмай, саҳро саробларига қоришиб, сарғайган дала-даштни баттар сарғайтириб, олис уфқларга сингиб кетар эди. Узоқ-яқиндаги экин пайкаллари сувсираб эмас, сибизға бўғзидан отилаётган бўзлов, дарду ҳасрат ҳовуридан қоп-қорайиб кетгандай, кунботардаги тап-тақир қир-тепаликлар бағридан кўтарилган қуюн сибизғанинг аччиқ-аччиқ нолаларидан масту мустағриқ бўлиб, жазава билан кўкка ўрлаб бораётгандай туюларди.
Ниҳоят, сибизға садолари тинди. Абсал полвон лом-мим демай манглай терларини кафтига арта-арта чайладан чиқиб кетди. Адашмасам, ана шу бизнинг устоз билан сўнгги суҳбатимиз, сибизға тилида сўнгги сирлашувимиз бўлди.
Биз Абсал полвонни танидик, билдик.
Орадан бир ҳафтача ўтиб Қувондиқ қайсар бизни олиб кетиш учун юборган машина ўша қуюқ толзор олдида қантарилди. Бир ойлик шогирдлик давомида чўл қўйнидаги бу овлоқ гўшага, Абсал полвонга, унинг тинч-тотув оиласига хийла кўникиб қолган эканман. Машина етиб келган пайт Давронга қўшилиб бир-икки шодон ирғишлаб қўйганимдан ҳатто хижолатга тушдим. Ўзимни гўё устозга хиёнат қилгандек, шу пайтгача яхши шогирд сифатида уни алдаб юргандек ҳис қилдим.
Абсал полвон машина келишидан анча аввал мени ёнига чақириб олди. Индамай қўлимга яп-янги сибизға тутқазди.
– Яқинда сен учун ясадим. Ол, мендан эсдалик.
– Раҳмат, устоз, – дедим алланечук тўлқинланиб, – кўз қорачиғидай асрайман буни.
– Асрама, тез-тез чалиб тур. Сизларга қўшни қишлоқда Сафармурод деган оти йўғу номи бор чавандоз яшайди, танийсанми?
– Танийман, кўп кўрганман у кишини. Шунқор Ҳобил деган шоир у ҳақида “Жазирама” номли асар ёзган экан, адабиёт муаллими айтган эди.
– Ана, кўп нарсани биларкансан, шу одам сибизға чалишга уста. Икки-уч кун қатнасанг, бип-бинойи ўрганиб оласан.
– Сиз айтгандай бўлади, устоз. Бизникига меҳмон бўлиб боринг.
– Хўп, иним, хўп. Ҳа, айтганча…
Эндигина қайрилиб кетаётган жойимда устозим яна тўхтатди.
– Аввал ҳам айтгандим-ов… майли, яна такрорлайман. Кураш пайти атрофингга кўп аланглама, давранинг салобати босади, суст тортиб қоласан, кучинг қочади. Икки кўзинг фақат рақибда бўлсин, тушундинг-а.
– Тушундим.
Мен Абсал полвон берган сибизғани худди устозга тақлидан кўкрак чўнтагимга авайлабгина солиб қўйдим.
Очиғи, қишлоғимизни кўп соғиниб кетгандик. Ўн беш кунча аввал Қувондиқ қайсарнинг югурдакларидан бири гўшт-ёғ, қовун-тарвуз, асалу ёнғоқдан иборат бир дунё ош-овқат келтириб бергандан бери у ёқдан ҳеч хату хабар олмадик. Тезроқ машинага ўтириб жўнаб кетишни сабрсизлик билан кутардик.
Мана, ниҳоят биз ўтирган машина оҳиста қўзғалди. Бизни Абсал полвон бола-чақалари билан толзор биқинида кузатиб қолди. Мен аҳён-аҳён машинанинг орқа ойнасидан изимизга қараб қўярдим. Қўлларини белига тираб, ҳали-ҳануз биз томон тикилиб, баланд чинордай қад кериб турган устоз тобора кичрайиб борар эди. Беихтиёр чўл қўйнига кўчиб келган кунларимиз ёдимга тушди. Ўшанда ҳам қадрдон қишлоғимдан кўнгил узолмай машинанинг орқа ойнасидан бот-бот термулганман. Термулганим сайин улкан тоғлар митти-митти тепаликларга айланиб қолганини кўриб йиғлаб юборганман. Мана, бу гал ҳам устознинг тобора узоқлашиб, тобора кичрайиб бораётганини илғаб негадир кўнглим бузилди. Даврон эса бир гапириб, ўн куларди.
– Эй, жўра, – деб қолди у бир пайт, – менинг бургутларим нима қилишяпти экан-а…
Мен индамай елка қисиб қўйдим. Орадан роппа-роса икки соат ўтиб маълум бўлдики, “Кенгсой бургутлари” қишлоққа кираверишда, тутзор бўйида бизни кутиб туришган экан. Афтидан, улар бизни тантанавор қарши олишмоқчига ўхшарди. Бир пайт танаси йўғон тут панасида ғира-шира кўриниб турган қизга кўзим тушиб қолди. У Танзила эди! Негадир юрагим гурс-гурс уриб кетди.
– Ия, ана, – деб қолди бир пайт Даврон, – Танзила ҳам мени кутиб олгани чиқибди! Кел, шу ерда тушиб қоламиз.
Давроннинг талабига биноан машина тўхтади.
– Нарсаларимизни уйга бериб қўйинг, биз бир пасдан кейин борамиз, – деди дўстим ҳайдовчига.
Биз худди узоқ сафардан қайтган сайёҳлардек, йўқ, йўқ, қаттол ёвни тор-мор этиб, юрт остонасидан ғолибона оёқ оширган ботирлардек болалар томон мағрур-масрур юрдик.
– Қуёш ҳали ботмаган!
Болаларнинг туйқус қийқириғи ҳатто аста-секин уфққа оғиб бораётган қуёшни ҳам чўчитиб юборгандай туюлди. Биз ҳам қўл сермаб уларга жўр бўлдик. Бир зумда далаю дашт қувноқ кулгулар, беозор ҳазил-ҳузуллар билан тўлиб-тошди.
Мен болалар билан кўришиб, галма-гал ҳол-аҳвол сўрашаётган бўлсам-да, аммо фикру зикрим сал нарида ҳали-ҳануз чала-ярим яшириниб турган, боя болаларнинг қийқириғига қўл силкитиб ўзича жўр бўлган Танзилада эди! Ички бир иштиёқ мени у томонга тортқилар, юрагимда ажиб бир ҳислар кезинарди. Аммо Даврон мени яна ортда қолдирди.
– Болалар, мен ҳозир, – деди у атрофини ғала-ғовур билан ўраб турган дўстлари даврасини ёриб қиз томонга юраркан, – Танзила, салом, қалайсан?
Танзила бир дона тут япроғини қўлида ғижимлаган кўйи уялинқираб панадан чиқди.
– Ассалому алайкум, акажонлар, яхши етиб келдиларингизми?
– Э, сўрама, Танзила, – деди Даврон олифталарча қўл силтаб, – роса бопландик, тинкамиз қуриди. Эссиз, шаҳарга бормадик-да, сенга зўр совға олиб келган бўлардим.
– Менга ҳеч нарса керакмас, – деди қиз баттар уялиб.
– Кутиб олишга чиққан қизга албатта совға бериш керак, нима, киноларда кўрмаганмисан?
– Мен… мен кутиб олишга чиқмадим. Сигирларни ҳайдаб келаётгандим… сизларни кўриб тўхтадим.
Қизнинг гапларига чиппа-чин ишонган Давроннинг ҳафсаласи пир бўлди.
– Сени қара-ю, – деди у болалар томон юраркан, – мени кутгани чиққансан деб қувониб ўтирибман.
– Даврон, – деб қичқирди болалардан бири, – биз зўр стадион қурдик, юр, сенга кўрсатамиз.
– Қани, юринглар!
Болалар дувва йўлнинг нариги тарафига ўтиб олишди.
– Мен ҳозир етиб оламан, бораверинглар, – дедим улар орасидан секин сирғалиб чиқарканман.
– Яхши, сен Танзилани уйига олиб бориб қўй, – деди Даврон қандайдир буйруқ оҳангида, – кечқурун қишлоқ оралаймиз. Бугун уйқу йўқ. Шу пайтгача чайлада мириқиб дам олганимиз етар.
Мен Танзиланинг ёнига келдим.
– Ассалому алайкум, ака, яхши келдингизми? – деди у қизариб-бўзариб.
– Ўзинг қалайсан?
– Яхши. Ҳозир каникул. Уй ишларига қарашиб юрибман, – Танзила гапирардию, соғинч, қувонч лиммо-лим нигоҳларини ҳар ён олиб қочарди. – Мана, сигирларни ҳайдаб келаяпман.
– Қани улар?
– Уйга етиб қолгандир.
– Эсли сигирлар экан.
Танзила қиқирлаб кулиб юборди.
Биз гаплашиб қишлоқ томонга юрдик.
– Чин полвон бўп кетибсиз, – деди Танзила менга меҳр билан кўз ташлаб.
Унинг сўзларидан, қарашларидан яйрардим.
Биз Абсал полвондан узоқлашган эдик.
Танзила ўша ёз бешинчи синфни тамомлаган, чиройига чирой, бўйига бўй қўшилиб қолган эди. Уста Абил уни еру кўкка ишонмай парваришлар, топган- тутганини унга атар, ҳар гал шаҳарга борганида, қизи учун атай нимадир олиб келар эди. Енги, этаги калта, шаҳарча фасондаги кийимларига, тилла-кумуш тақинчоқларига, шалоладек ёйилган соч турмакларига қишлоқ қизлари ҳавасу ҳасад билан қарашарди. Мулла Мирза неварасининг шаҳарча ясан-тусанини, ўз таъбири билан айтганда, шайтоний нағмаларини кўрганда одатдагидек калимаи шаҳодатни тилга олиб, қўлини юзига пардалар қилиб панага қочар, аммо Танзила бобосини учратган жойида меҳр билан бўйнига осилиб ялаб-юлқаб ташлар, ноқобил, ноақл фарзандларидан рўшнолик кўрмаган қария мумдек эриб кўзларига ёш олар, неварасини алқаб эркалар, гоҳо уни қўмсаб, соғиниб ўғлиникига излаб борар эди.
Мен Абсал полвон ҳадя этган сибизғани яшириб қўйишни қайта-қайта тайинлаб онамга топширдим ва уни қайтиб ҳеч қачон сўрамадим.
Биз Абсал полвондан узоқлашган эдик. Ҳолбуки, ўша йиллар шу устознинг таълими шарофатидан тенг-тўшларимиз орасида полвон бўлиб танилдик. Кураш давраларида номларимиз алоҳида эътибор билан тилга олинадиган бўлди. Айниқса Давроннинг шашти баланд эди. Бу орада унинг зўравонлик, жангарилик томири ҳам қабарди. Теваракдаги шаҳару қишлоқларда ўзича адолат тиклаб, ўзича кенгсойликлар ор-номусини ҳимоя қилиб юрарди. Ҳатто кимнидир калласини ёргани учун, кимнидир калтаклаб қўлини синдиргани учун вилоят марказида икки-уч марта милицияга ҳам иши тушди. Аммо отасининг кўмагида ҳаммасидан оп-осон қутилиб чиқди.
Ўз совуғидан ўзи жунжикиб қиш эндигина кириб келаётган кунларнинг бирида қишлоғимизда катта тўй, катта кураш томошаси бўлди. Унга узоғу яқиндан номдор, унвондор полвонлар ташриф буюришди. Шаҳардан машҳур бир самбо бўйича спорт устаси икки нафар, бизлар тенги шогирдини эргаштириб келгани ҳақида эшитдик.
– Биттасига сен, биттасига мен чиқаман, – деб тантанавор эълон қилди Даврон, тўйхона теварагида жанжал талаб изғиб юрган пайтимиз, – энағар шаҳарликларга би-ир кўрсатиб қўяйлик. Иккинчи бу ёқларга оёқ босмайдиган бўлишади.
Биз ризолик, ҳамфикрлик, ҳамнафаслик аломати сифатида одатдагидек қўлларимизни мушт қилиб баланд кўтардик.
– Қуёш ҳали ботмаган!
Аммо ўша кеч илк бор қуёшимиз ботгандай бўлди. Кураш давраси гувуллаб турарди. Гоҳ ғала-ғовур, гоҳ қийқириқлар осмонга ўрлайди. Қўшни қишлоқлик, тўй эгасига қандайдир қариндош бўлган, ўзининг қаттиққўллиги, адолатпарварлиги билан ном қозонган Эргаш мироб бош баковул эди. У ўзининг жез жарангидай қаттиқ ва тиниқ товуши билан гоҳ даврани тинчлантирар, гоҳ майдонга чиққан полвонларни таништириб, совринни эълон қилар, ора-чора ҳазил-ҳузул, қочирим гаплар билан томошаталабларни кулдирар эди. Биз қишлоғимизнинг атоқли полвонлари тўпида пайт пойлаб ўтирардик.
– Даврон, чиқ! – деб қолди бир пайт бизга бош-қош бўлиб турган Каримбой муаллим, – анови шаҳарликларнинг бири давра айланаяпти, жуссаси ҳам кўп катта эмасакан, тезроқ чиқ.
“Шаҳарлик Ҳусан полвонга талабгор борми? – дея учинчи бор эълон қилаётган баковул Давронга кўзи тушиб, мамнун бош ирғади.
Шаҳарлик рақиб курашчидан кўра сартарошга кўпроқ ўхшарди: ораста сочлари сип-силлиқ, ранг-рўйи оппоқ.
Аммо… баковул полвонларни эл-халққа таништириб, солимни айтиб, рақиблар бир-бирига ҳамла бошлагандан бу ёғига атиги икки ё уч дақиқа ўтди. Чалпак бўлиб тушган Давронни рақиби кўкрагидан босиб турарди! Бу қандай содир бўлди, ҳатто илғаёлмай қолдим.
– Ҳало-о-ол! – ҳайқириб юборди давра.
Бироқ Эргаш мироб мартабали меҳмонлар қаторида тоғдай тебраниб ўтирган Қувондиқ қайсарга бир қараб қўйди-да, кескин бош чайқади.
– Йўқ, бу ғирром! Қайта бошдан курашинглар, полвонжонлар!
Давра норизо гувиллаб қўйди. Ҳусан полвон рақибини қўйиб юборар экан, бир баковулга, бир тарафдорлари ёққа ажабсиниб тикилди.
– Қани, давра совуб қолмасин, полвонжонлар, олишинглар! – деб ҳеч нима кўрмагандай у ён-бу ён юринди Эргаш мироб.
– Эй!
Бу ўрнидан ирғиб турган Давроннинг қичқириғи эди.
– Эй! – деди у баковулнинг елкасига туртиб, – нима деяпсиз ўзи? Қандай ғирром, ҳалол ташлади-ку?!
Даврон шундай дедию шиддат билан даврадан чиқиб кетди. Мен унинг одатдагидек жазаваси тутганини тушундиму, болалар ушлаб турган Давроннинг қалин камзулини, ботинкасини олиб орқасидан югурдим.
Ана у! Устидаги яктакни ечиб дуч келган ёққа улоқтирдию қоронғулик қаърига ўзини урди.
Тўйхона тарафдан яллачининг баланд хонишлари жарангларди.
Отиб тош менга тондинг-ку,
Бўлар энди, бўлар энди.
Оғир кунларга солдинг-ку,
Бўлар энди, бўлар энди.
Мен Давронни кўздан қочирмаслик учун югургиладим. Ҳаво хийла совуқ, қор иси келарди. Еру кўк қоп-қора, тўрт қадам наридаги шарпани ҳам илғаб олиш қийин. Мен дўстимнинг шамоллаб қолишидан қўрқардим. Аммо ҳамишагидек жазава пайти унга яқин бориш хавфли эканлигини билардим.
Даврон кимнингдир дарвозаси ёнига тўкиб қўйилган ғўзапоя уюмига бориб ўзини ташлади. Ташладию ғужанак тортиб тек қотди. Мен бироз нарида икки-уч дақиқа уни кузатиб турдим. Тўйхона тарафдан яллачининг хонишлари, кураш майдони ёқдан томошабинларнинг қийқириғу ғала-ғовури баралла эшитилиб турарди. Ҳойнаҳой, совқотди, шекилли, андак вақтдан сўнг Даврон ётган жойидан туриб, букчайганча ўтирди.
– Ма, курткангни кийиб ол, – дедим ёнига бориб.
Дўстим мен узатган кийимларни терс бир ҳаракат билан эгнига олди.
– Шарманда бўлдим, – деб ғўлдиради у ботинкага оёқ суқаркан, – бир қўлдан қолдирмади-я?!
Мен дўстимни авайлаброқ овутишга уриндим.
– Онг кеттинг-да.
– Ҳақиқий самбочи экан. Қандай усул қўллаганини ҳам билолмай қолдим… одам нонни катта тишласаям, катта гапирмаслиги керак экан. Ўзимизча мақтаниб юрибмиз-а.
– Хафа бўлма, Даврон, курашда доим зўр келиб бўлмайди, чидаш керак.
– Мен отамдан хафаман.
– Нега?
– Ўшанда бизни қандайдир сибизғачига топширмай, шаҳарга оборганида, ҳозир зўр самбочилар бўп кетардик, ҳар хил мусобақаларда қатнашиб машҳур бўлардик.
– Ношукурлик қилма, – дедим Даврондан астойдил ранжиб, – ўзинг кўтармалик қилиб йиқилдинг, бунга устозни айблама, у кишидан кўп нарса ўргандик-ку.
Шу пайт уч-тўрт шарпанинг қадам товушлари бизга яқин келиб қолди. Улар “Кенгсой бургутлари” экан.
– Э, бу ерда ўтирибсизларми, – деди Шайхали ҳаллослаб, – изламаган жойимиз қолмади.
– Ҳамма устимдан кулиб ётган бўлса керак у ёқда, – деб пўнғиллади Даврон.
– Нега куларкан, – деб энтикди Ғиёс, мард полвон экан деб мақтаб ётишибди.
Дўстим билаги билан манглайини қашлади. Одатда, мамнун бўлса, нимадандир кўнгли тўлса шундай қилиқ қиларди.
– Енгилганини тан олиш марднинг иши, – деб қўйдим яна бир карра унга далда бўлиб.
Даврон ирғиб ўрнидан турди. Биз ҳам шуни кутиб тургандик.
– Қуёш ҳали ботмаган!
Жўшқин, тиғдай кескир ҳайқириғимиз тунд булутлар бағрини бурдалаб ўтиб, маржон-маржон юлдузларга тегиб акс-садо бергандай бўлди. Ишончу умидга, орзую иштиёққа лиммо-лим ана шу ҳайқириқ мавжларида солланиб кунлар, ойлар, йиллар ўтди. Завқли-шавқли кунларнинг бирида, ниҳоят, ўрта мактабни битириб, етуклик аттестатини қўлга олдик. Беғубор болалик, учқур хаёлот, сертупроқ йўлларнинг чанг-тўзонига қоришиб ортда қолиб кетди. Чанг-тўзонлар булути аро шижоатга, курашга, бирдамликка ундовчи баланд кўтарилган ўша қўлларгина, ўша жанговар, жарангдор ҳайқириқгина изимиздан қолмай эргашиб келар эди.
– Қуёш ҳали ботмаган!
Мактабимиз директори мустақил ҳаётга қадам қўйганлигимиз билан бизларни қутлаган, қувноқ қийқириқлар, беозор ҳазил-ҳузуллар, сирли суҳбатлар авж олган ўша битирув кечаси ҳам шонли-шукуҳли шиоримиз шу тахлит яна бир карра жаранглади. Унга ўғилу қиз, ўқитувчию ўқувчи, барча-барча баб-баравар жўр бўлди. Ҳаммаси, одатдагидек, шаҳзодалардек ясанган, бир гапириб ўн кулаётган, ҳар бир хатти-ҳаракати ўзига ярашиб турган, ҳаммадан кўркам, ҳаммадан ўктам Давроннинг биргина ишораси билан худди келишиб қўйилгандек бир лаҳзада содир бўлдию, ҳайқириқ шиддатидан еру кўк ларзага келди.
Менинг эса дилим хуфтон, кўнглим вайрон эди. Етуклик ҳужжатини эмас, шафқатсиз ҳукм нусхасини қўлига олган маҳбусдек карахт турардим. Ахир бугун биз буткул тарк этишга чоғланаётган, негадир буни тантанали нишонлаётган мана шу мактаб, унинг тош-бетон ичу таши, синфхоналари, ҳовлиси, ҳамма-ҳаммаси менга ғоят азиз ва муқаддас эди. Чечак офтоб нурига интилгандек, мен ҳам мактаб бағри сари талпинардим, топинардим. Гўё бу ерга ўқиш-ўрганиш учун эмас, яшаш-яшнаш учун келардим. Чунки… чунки томиримда қон ўрнига ишқ-муҳаббат олови оқарди.
Мен… мен бетоқат, беқарор, беҳаловат ошиқ эдим. Мактаб қучоғидагина гўзал ва оқила Танзилани кўриб, қувноқ кулгуларию ширин сўзларини эшитиб худди лабига обиҳаёт томизилган оғир бемордай жонланиб, қалбим, ўй-хаёлларим, туйғуларим таскин топарди.
Севгининг бундай ўт-оташига қачон йўлиқдим ўзи?! Ахир Танзилани қишлоғимизда эндигина пайдо бўлган дамларидан бери биламан-ку?! Йўллардаги қувлашишлар, тутзордаги учрашувлар, гоҳо бирга мол ҳайдаб, гоҳо бирга мактабга келишлар, беғубор, беозор ҳазил-ҳузуллар, содда-жўн суҳбатлар, ҳамма-ҳаммаси эсимда-ку?! Балки… балки қия очиқ дарвоза ёнида ҳуркиб, жовдираб турган қизчанинг маъюс кўзларини илк кўрганимдаёқ юрагимнинг туб-тубига севги чўғ ташлагандир? Ўйинқароқ болалик, полвон бўлиш орзуси ортидан югуриб-елиб балки буни пайқамагандирман? Шўх-шаън қийқириқлар, курашдаги кетма-кет ютуқлар завқ-шавқи ўша лағча чўғни кўмиб кетгандир? Улғайиб, бўйнимиз, билагимиз йўғонлашиб нозик қад, гулгун юз қизлар қизиқишларимизни қитиқлай бошлаган чоғлар кўз қирим билан ўша қўшни қизни зимдан излаб қолишларим недан дарак эди?
Бўйига бўй қўшилган сайин ўзини мендан олиб қоча бошлаган, ора-чора дуч келган пайт салом-аликдан нари ўтмай, қимтинибгина узоқлашадиган Танзиланинг ортидан энтикиб, ҳаяжонланиб қараб қолишларим недан хабар берарди? Бу юрагимнинг туб-тубида кўмилиб қолган, ўша лағча чўғ тобора яшнаб, ёнишга, куйдиришга шайланаётганидан муждалар эмасмиди? Ниҳоят, у ловуллаб аланга олди! Ниҳоят, у мени роҳатбахш ишқ гулханига ташлади! Бу ҳол тўққизинчи синфда ўқиётган чоғларим, борлиқ баҳор бўёғига бўяниб, ўз ясан-тусанига ўзи маҳлиё бўлиб турган кунларнинг бирида содир бўлди.
Мактаб бўйича шанбалик ўтказаётган эдик. Қай бир синф дов-дарахтларни бутоқлашга, қай бир синф кўча-кўйни тозалашга, баъзилари синфхоналарни таъмирлашга сафарбар этилганди. Устачиликка андак уқувим бўлгани учун мени физика ўқитувчимиз чақириб, директор хонасидаги бўғинлари бўшашиб қолган столни тузатиб беришимни илтимос қилди.
Раҳбарнинг кабинети узун йўлакнинг охирида, ним қоронғу бурчакда эди. Тайинланган ишни бир пасда тиндириб, директорнинг курсисига ўтириб хонани томоша қила бошладим. Орқа деворда, ихчамгина жавон тепасида калта соқол доҳий сурати, бурчакда эски бир телевизор, мен тузатган стол устида бир тахлам газета-журналлар. Негадир ичкарига очиладиган қўштабақа эшик тепасига дарз кетган. Хонадан зах ва бўёқ иси анқийди.
Бир пайт ташқарида тапир-тупир қадам товушлари, қизларнинг шўх-шаън кулгулари эшитилди. Афтидан, улар бир-бирини қувлашиб келаётганга ўхшарди. Сергакландим. Қадам товушлари директор хонаси томон яқин келиб қолди. Ҳойнаҳой, қизлардан бири узун йўлакнинг ним қоронғу бурчагига яшириниш илинжида эди. Сабрим чидамай йўлакка қарамоқчи бўлиб шашт билан эшикни тортиб очдим. Очган заҳотимоқ эшикка эндигина суянган бир қиз мувозанатини йўқотиб ичкарига, очиқроғи, тўппа-тўғри менинг кўксимга йиқилди.
– Ву-уй!
Қучоғимдаги жингилтоб сочлари тўзғин, қийиқ қошлари қоп-қора, лўппи юз, ақиқ лабли бу сулув Танзила эди! У узун-узун киприкларини пирпиратиб, юз-кўзимга бир лаҳза ҳайрону лол тикилдию бир талпиниб қад ростлади. Қад ростладию шиддат билан ташқарига отилди. Мен карахт қотиб қолган эдим. Бутун вужудимга ҳали менга нотаниш ёқимли бир титроқ инди. Алланечук ифорлардан кўзим мастона тиниб, бошим енгил айланар эди. Ўша кун директор хонасидан қачон, қандай чиққанимни, қачон, қай тарзда шанбалик якунланганини билмайман. Билганим шулки, ҳуркак нигоҳлар, қўрқув ва уятдан бир оқариб, бир қизарган гулгун чеҳра кўз ўнгимдан сира кетмай қолди. Йўлаклардан, мактаб теварагидан, тўп-тўп қизлар орасидан киши билмас Танзилани излайман. Аммо уни учрата олмадим.
Ўша кун, ўша лаҳзадан бошлаб Танзила менга тутқич бермай қўйди. Мактабда, кўча-кўйда уни зору интизор излардим. Танзила доимо дугоналари даврасида юрар, мени кўриб кўрмасликка олар, ногоҳ дуч келиб қолган чоғ, енгил бир саломлашиб, ортиқча оғиз очишга имкон бермай, олдимдан чаққонгина узоқлашар эди. Бир куни сингилчамни, акамнинг қизчасини Танзила опасини чақириб чиқишни тайинлаб уста Абилникига юрак ютиб киргизиб юбордим. Шом қоронғулиги қуйилиб келаётган пайт эди. Орадан бир соатча вақт ўтди. На қизалоқдан, на Танзиладан дарак бўлди. Тоқатим тугаб, эндигина уй томон бурилганимда чўнтак тўла конфет билан сингилжон чиқиб келиб, Танзила опаси чиқолмаслигини, иши жуда кўплигини тантанавор эълон қилди. Ели чиққан пуфакдай бўшашиб қолдим. Дарду дунём қоронғу бўлди.
Биз Абсал полвондан узоқлашган эдик.
Ишқ-муҳаббат мени беомон куйдирарди. На уйга сиғардим, на кўчага! Дардимни Давронга айтишга бир-икки оғиз жуфтлаган пайтларим ҳам бўлди. Аммо кулгуга қолишдан чўчиб унга ҳам лом-мим демадим. Шу тахлит беқарор, беҳаловат кунлар ўтиб борарди. Ўша ўқув мавсуми охирлаб қолган кезлар, тугаб бораётган баҳор яна қайта гуркираб, чор-атрофни ранг-баранг чечакларга, турфа ифорларга буркаб юборгандай бўлди! Танзила, менинг тутқич бермас Танзилам бирозгина шаштидан тушди! Мени кўрган маҳал аввалгидек ҳуркиб қочмас, ҳол-аҳвол сўрашар, узуқ-юлуқ, довдир-довдир гапларимни тоқат билан тинглар, ўзи ҳам неларнидир сўраган бўлар, гоҳо, дабдурустдан уйимизга келиб, онамнинг, янгамнинг у-бу ишларига қарашар, кўнглимни қувончу ҳаяжонга тўлдирар эди. Қиздаги бундай кутилмаган ўзгаришлар сир-асрорини баъзан ўзимча, тўғрироғи, худбинларча тушуниб бадхоҳлик билан илжаярдим.
Ўша пайтлар қизлар ўртасида “Хотира” деган дафтар тутиш кенг анъанага айланган бўлиб, уни ўзлари истаган синфдошига, таниш-билишларига тутқазар, дафтар қўлига текканлар унга ўз тилакларини, шеър ё бирор матал битиб эгасига қайтарар эди. Ажойиб кунларнинг бирида Танзила ийманибгина ана шундай “Хотира” дафтарини узатди, эсдалик ёзиб берсангиз деди. Мен олам-олам қувончу ҳаяжонга кўмилиб, қиз қўлидан дафтар эмас, мулла Мирза таъбири билан айтганда, фаришта илкидан номаи аъмолини олгандай бўлдим. Дунё кўзимга чароғон кўринарди.
“Хотира”га синфдошларидан бошқа “бегона”лар ҳали “меҳмон” бўлмаган экан! Демак, Танзила биринчилардан бўлиб менинг ёзиб беришимни истабди! Бундай ашёвий далиллар мен учун ёруғ ва фараҳли муждалар берарди. Еру кўкда беқанот учиб юрардим.
Танзила тағин такаллуф этган ўша куни тун бўйи дафтарни силаб, ўпиб, ҳидлаб чиқдим. Назаримда, ундан севги ва бахтнинг хушбўйлари анқиётгандек, кимлардир, қачонлардир саҳифаларига ёзган тилаклар, ниятлар аслида аллақачон иккимизнинг манглайимизга битилгандек туюлар эди. Аммо тез орада жиддий муаммога йўлиқдим: дафтарга нима деб ёзишни билмай бошим қотди. Билганларимнинг, ўйлаганларимнинг барчаси оддий ва жўн туюларди.
Эртаси куни бир баҳона билан мактабга бормай “Хотира”га ҳеч кимникига ўхшамаган, юрагим ҳарорати, севгим, муҳаббатим сезилиб турадиган сўзлардан териб-териб тилак ёзиш билан овора бўлдим.
Минг тиришиб уринишимга қарамай, кечгача менга ажратилган саҳифаларнинг аранг ярмисини тўлғаздим. Адабиёт муаллими қўярда-қўймай ёдлатган дарсликлардагидан бошқа бирорта ҳам шеър билмаслигим хўп панд берди. Кечки пайт велосипедга ўтирдиму Давронларникига жўнадим. Биламан, дўстимнинг уйида шеърлар, ғазаллар битилган семиз-семиз китоблар жуда кўп. Давроннинг ўзи ҳам қанчасини ёддан билади, байрам-тантаналарда айтиб юради.
Ҳовлиқиб келганимни кўриб дўстим ажабланди.
– Ҳа, нима қилиб юрибсан?
– Зўр шеърлар ёзилган китобларингдан бериб тур, керак бўп қолди.
– Ҳа, шундайми, – деди Даврон ҳафсаласи пир бўлиб, афтидан, у бирор бир жанжалли масалани ҳал қилишга иштиёқманд турарди. – Анови “Хотира” дафтарга ёзмоқчимисан?
Негадир уялиб кетдим.
– Ҳа… Биттаси илтимос қилганди. Каллага ҳеч нарса келмаяпти.
– Танзила бўлса керак-а, – деди Даврон узундан-узоқ эснаб, – қайси куни менга бермоқчи эди, олмадим дафтарини, ҳозирча ишим кўп, кейин ёзиб бераман дедим. Тумтайиб кетиб қолди. Тўғриси, қизларнинг шу “Хотира”си ҳам роса жонга тегди.
Бошимга тўқмоқ теккандай бўлди: “Демак, Танзила энг аввал Давронга узатган экан-да?! Бу нимадан дарак? Ё… йўқ, йўқ, бўлиши мумкин эмас!”
– Ҳа, нега гарангсиб қолдинг, – деди дўстим афт-ангоримга ажабланиб қараркан, – қўрқма, қизғанмайман, энг машҳур шеърий тўпламлардан бераман сенга.
Бироздан сўнг тўрхалта тўла китобларни олиб қайтарканман, бошқа бир ўйдан ичим илиб қолди: “Ахир… ахир Танзиланинг дафтарини қандай рад этиш мумкин?! Демак… дўстимдан хавотирланмасам ҳам бўлади…”
Ўша тун китоб титиб, шеърлар ўқиб, ўзимга ёққанларини “Хотира”га кўчириб чиқдим. Менинг далли-девоналарча шуғулланиб ётганимни кўриб онагинам, болам, дарсларга берилиб кетди, кўз тегмасин, деган ўйда бўлса керак, мамнун бир қиёфада олдимга гоҳ чой, гоҳ қанд-қурс келтириб қўяди. Мен… мен эса уни деярли кўрмайман. Бутун хонани, хаёлотимни Танзиланинг гўзал, жозибали сурати эгаллаб олган. Мен кичкинагина хонтахтам устига мук тушиб эмас, гўёки, Танзиланинг оёқлари остида эгилиб-букилиб ихлосу икром билан дафтар қоралайман. Лабларим шеърий сатрларни эмас, гўё юрагимдан қайнаб-тошаётган севги изҳорларини баён этади.
Ниҳоят, тонгга яқин иш битди. Эртаси куни катта танаффус пайти Танзилани бир амаллаб ёлғиз учратдим-да, гўё ёвуз девни ўлдириб, унинг кокилини васл умидида маликага келтирган ботирдай, қизнинг омонатини қўлига тутқаздим. Танзила уялганнамо “раҳмат” дедию, синфхона томон чопқиллаб кетди. Бир гал тарих фани бўйича туман олимпиадасига қатнашиб, берилган саволларга уч соатча жавоб ёзиб топширган эдим. Сўнг гўё ҳаёт-мамотим шунга боғлиқдай ҳаяжон-ҳадик оғушида натижасини роппа-роса ўн беш кун кутдим.
Ўша куни ҳам Танзилага “Хотира”сини қайтарар эканман, ўзимни худди ўша жиддий бир имтиҳон топширган, келажаги, тириклиги ҳал бўлаётган ўқувчидек ҳис этдим. Назаримда, Танзила ёзганларимни ўқиб, оҳу ноламни англаб, севгимга иқрор бўлиб, сочлари тўзғин, уст-боши юпун, яланг бош ҳолда, паришон бир тарзда қаршимга чиқиши, кўзларидан аччиқ-аччиқ ёш оқиб, бошини оҳиста кўксимга қўйиши шарт эди. Йўқ, йўқ, ундай эмас, назаримда Танзила битикларимга кўз ташлаб, қалбимни англаб, мактабдан қайтар чоғи мени зимдан кутиб туриши, тунда қочиб кетаман, қувлайсизми, дея пичирлаши, сўнг келишилгандек, ой балқиб турган кечада, у тутзор бўйлаб лайливаш-лайливаш югуриб кетиши, мени уни тутиб олиб даст кўтарган чоғ, кўксимга оҳиста бош қўйиши зарур эди. Аммо… аммо ўйлаганларим саҳро сароби бўлиб чиқди. Танзилада ҳеч бир ўзгариш сезилмади. У ҳамишагидек гулгун яшнаб, гоҳ дугоналари билан пичирлашиб, гоҳ қаҳ-қаҳ отиб кулиб ўз-ўзича, парвойи палак юрарди. Шундай бешафқат, бепарволиклар аро ўқув мавсуми ҳам битди. Сершовқин мактаб яна ҳувиллаб қолди. Менинг назаримда бутун дунё ҳувиллаб қолгандай бўлди. Чунки мен Танзилани, гўзал Танзиламни тез-тез кўриш, унинг жингил-жингил сочларини, қийиқ, қайрилма қошларини, дуркун, келишган қоматини, пана-панадан томоша қилиш имконидан айрилдим. Устига-устак, таътил бошлангач, ҳаммамиз тўзидик. Мулла Мирза Танзилани олиб тоғлар бағрига, аллақандай қариндошиникига кетди. Янгамнинг айтишича, тоғда улар бир ойча юриб, ўша пайтлар табиблик талабида юрган қариянинг амалий фаолияти учун ҳар хил гиёҳлар йиғишар экан. Эҳ, бу фитнакор режадан аввалроқ хабардор бўлганимда, бирор баҳона билан уларга қўшилиб олишим мумкин эди. Ҳартугул, мулла бова мени яхши кўради, ҳар учратган маҳали, Норсоатбой, сизда сўпилик сиёғи бор, вақт топсангиз, сизга “Ҳафтияк”дан сабоқ бераман, кейинги пайтлар, эскича биладиган одам қолмаяпти, тўй-маъракаларни ўтказибгина юрасиз, деб илтифот кўрсатарди. Майли, ҳар қандай балоларга тайёрман, ишқилиб, Танзиламнинг ёнида юрсам, йирик-йирик кўзларига тўйиб-тўйиб боқсам, бас. Бироқ тирикчилик таёғи худди кўк ранг йўл белгиси каби мени бошқа ёққа бошқариб турарди. Таътилимиз бошланган кунлар онам чўлнинг қайси бир посёлкасида истиқомат қиладиган опамникига меҳмон бўлиб бориб келган эди. Норсоат ҳам кап-катта йигит бўп қолди, ёзда бекор юрмасин, келиб, менинг дала ишларимга қарашса, уч-тўрт сўм ҳақ бераман, келгуси ўқув мавсумига уст-бошини бутлаб олади, дебди поччам. Мен ноилож рози бўлдим. Ахир, бу ерда нима ҳам қиламан. Танзила, менинг Танзилам йўқ! Даврон ҳам тез орада отаси билан аллақандай санаторийга кетишга чоғланиб юрибди.
Ўша ёз чўлу дашт жазирама қуёшдан эмас, менинг кўксимда ловуллаб турган ишқ-севги оловидан лов-лов ёнди. Узоқ-яқинда жимир-жимир кўринаётган сароблар, телбавор эсаётган гармсел менинг оҳимдан, менинг изтиробларимдан кўтарилар эди. Негадир гоҳ ҳўнграб-ҳўнграб йиғлагим, гоҳ қаҳ-қаҳ уриб кулгим, баъзан баралла маъюс ва ҳазин қўшиқлар айтгим келарди. Поччамнинг “Весна” деб номланадиган магнитофони ҳамиша ёнимда: энг машҳур ҳофизларнинг ишқ-севги, вафо-садоқат, ёр изтироблари васф этилган қўшиқларини берилиб тинглайман, ўз юрагим суратини кўргандай бўламан. Соғинч, соғинч ва яна соғинч мени беомон ўртарди. Поччамга тегишли экин далаларида, лойқа сувли канал бўйларида мажнунваш кезинардим. Ич-ичимни бир дард, бир оғриқ кундан-кунга кемириб борарди. Бу дард, бу оғриққа на Танзила териб юрган гиёҳлар, на Даврон дўстим дам олаётган жойлардаги шифобахш сувлар малҳам бўларди. Шундай дилгир, зерикарли кунларнинг бирида ногоҳ сибизға чалгим, сибизға садоларини тинглагим келаётганини пайқаб қолдим! Кўз ўнгимда Абсал полвон жонланди. Жонландию устоз айтган сўзлар хаёлимда чақмоқдай чақиб ўтди.
“Полвон қули бўлиши керак бўлган учинчи нарса бир кун ўзи сизларни топиб олади. Куйдиради, кулдиради”.
Мен экин даласи биқинидаги чайлада маҳзун ўтирарканман, хаёлимга туйқус келган фикрдан яшнаб кетдим:
“Демак, полвонни қул қила оладиган, Даврон ҳам чираниб эслай олмаган нарса – муҳаббат!”
Мен ўз кашфиётимни ҳозироқ дўстимга айтмоқчи бўлгандай атрофимга алангладим. Аммо… айни пайтда Даврон тоғу боғларга бурканган гўшада дам оларди. Теварагим олов пуркаётган офтоб остида ҳансираб, лоҳасланиб ётарди.
– Укажон, сенинг бир касалинг бор-ов ичингда, – деди бир куни опам мени тузукроқ боқолмаётганидан афсусланиб.
– Бунинг дарди маълум, – деб айёрона илжайди поччам, – боврини ерга бериб, фақат “Муножот”ни эшитишидан ҳам билмаяпсанми, менга жуда таниш аҳвол.
Неларнидир ғира-шира англаган опам аччиғланганнамо чимирилди.
– Қўйинг-е, Норсоатга ундай нарсаларга ҳали эрта.
– Айни пайти-да, – деб бўш келмади поччам.
Мен чопиқ кутиб қолганини баҳона қилиб, қизара-бўзара ўрнимдан турдим.
Биз Абсал полвондан узоқлашган эдик.
Ўша ёз икки ойлик мардикорчилик касридан, ичикиш, орзиқиш, интизорлик оқибатидан куйиб қоп-қора косовга айландим.
Устига-устак, қишлоққа қайтишимдан сал аввал, қўярда-қўймай сочларимни орасталаб қўйиш ниятида қўлига қайчи олган ширакайф поччам тепа сочимнинг тубидан тиғ солиб юборди. Оқибатда, хумдай каллани буткул қиртишлаб ташламоқдан бошқа чора қолмади. Ҳоли забунимга боқиб, ўкириб йиғлагим келарди. Ахир бу аҳволда Танзила нари турсин, ҳатто мулла Мирзага ҳам кўриниб бўлмайди. Афт-ангор – қоп-қора, калла етимқирдай тап-тақир, поччам қилмишига жарима тариқасида олиб берган ола-чипор костюм-шим, эгнимда худди полиз қўриқчисига ўралган жандадай шалвираб турибди.
Қишлоққа амал-тақал етиб келдиму ўзимни ичкарига урдим. Бу ёғи мактаб очилишига атиги ўн кунча вақт қолган. Демак, шу фурсат ичида соядан чиқмай бироз оқаришим, андак бўлса ҳам сочни ўстиришим керак. Онда-сонда бирор баҳона билан уйимизга Танзила кириб келади. Уни ҳаяжону қувончга қоришиб эшик тирқишидан ё дераза ортидан яширинча кузатаман.
Танзила! Чинакам тоғ чечагидай очилиб кетибди! Тўлишган, тип-тиниқ юзлари, дуррача қирраларидан кўпириб турган сочлари, сарғиш-қизғиш либоси сириб турган қомати мени оҳанрабодай ўзига тортарди. У гоҳ онам, гоҳ янгам билан гаплашиб тураркан, худди ниманидир, ненидир излаётгандай, атрофига киши билмас кўз югуртириб қўярди. У мени қидиряпти, мени, деган ўйдан бошим кўкка етгудек бўлади, аммо… минг афсуски, қизга кўриниш беришга, саломлашишга мавжуд талофатлар монеълик қиларди.
Ўша мавсум сентябрнинг илк куни қишлоғимизда, тўғрироғи, мактабимизда ҳинд кино юлдузи Раж Капур, йўқ, йўқ, машҳур фаранг артисти Ален Делон пайдо бўлди! Ҳа, ҳа, ўша ёз аллақандай машҳур санаторийда дам олиб қайтган Даврон дўстим ўша довруғи достон юлдузлардан сира-сира фарқ қилмас эди. Ораста, силлиқ таралган сочлари, оқариб, тўлишган юзлари, тик қоматига ярашиб тушган яп-янги, кулранг костюм-шими, чап қўлига тақиб олган аллақандай узук ҳар кимни суқланиб қарашга мажбур қиларди.
– Ия, қамалиб чиқдингми? – деди у мени илк кўргандаёқ ҳангу манг бўлиб.
Дўстим билиб-билмай яхши бир баҳона топиб берган эди.
– Ҳа, – деб бош ирғадим, – опамларнинг қишлоғида иккитасининг суробини тўғирлаб қўйгандим, бир ойга тиқиб қўйишди. Поччам аралашиб аранг қутқариб олди.
Даврон ҳам, уни қуршаб турган “Кенгсой бургутлари” ҳам гапларимга чиппа-чин ишонишди. Илжайиб-тиржайиб мени бош-адоқ кузатиб турганларнинг юз-кўзида иззат-ихлос пайдо бўлди. Аммо бу ёлғонимдан барибир ичим илимади. Ахир, дўппослашиб, қамалиб чиқиб шу аҳволга тушдим деб қизларга, айниқса, Танзилага айтиб, тушунтириб юролмайман-ку! Яхшиям Даврон ҳамманинг диққат-қизиқишида эди. Синфдошлар у билан андармон бўлиб менга, тақир калламу шалвираган кийимларимга кўп ҳам эътибор беришмади. Умумий планда қисиниб-қимтиниб юравердим.
Ўша йили ғалати воқеа бўлди. Илгари мактаб очилмасданоқ ўқувчиларни пахта йиғим-теримига ҳайдайдиган маъмурият бу гал мактабимизни тинч қўйди. Бутун мамлакат бўйича каттаконлар шундай буйруқ берганини кейин билдик. Ўзгаришдан ҳамма хурсанд эди.
Кунлар шу тахлит ўтиб борарди. Илгарилари ҳам Даврон ҳақида сирли пичирлашиб юрган қизларнинг сабр косалари тўлиб-тошиб, унга севги хатлари ёғдира бошлашди. Мен Танзиладан хавотирда эдим. Даврон бир куни уни мактаб ҳовлисида, катта танаффус пайти намойишкорона ёнига чақириб, қизга ялтироқ қопламали қути узатди.
– Эсингдами, бир маҳаллар шаҳарга борсам сенга албатта совға олиб келаман деб айтгандим, мана, ваъдамни бажардим.
Танзила бироз уялиб, андак нозланиб, бироқ ял-ял яшнаб, дугоналар қийқириғи остида совғани олди-да, ичкарига югуриб кетди.
Ўзимни қўярга жой тополмасдим.
Ўша мавсум, ўша сентябр юрагимда илк бор ҳасад шарпаси пайдо бўлди. Мен кимман-у, Даврон ким, деган саволнинг, сўроқ белгисининг илмоқли учи кўксимга қадалди. Тунлари безовта тўлғониб иккимизни қиёслаб чиқаман. Даврон бой-бадавлат, иззат-обрўли хонадон фарзанди, егани ҳам, емагани ҳам олдида, истаса, санаторийда дам олади, истаса осмондаги юлдузни юлқиб олиши мумкин. Устига устак, келишган, полвон, пўрим йигит. Мен-чи, етим ўсган бир бечора. Бировлар машҳур гўшаларда, маишат оғушида юрган пайт, чўлнинг ит топмас бир бурчагига бориб, уч-тўрт сўм илинжида ёз бўйи косовдай қорайиб ер чопаман, экин суғораман, ён-атрофда биров таниб, биров танимайди.
Мен тунларни кунларга, кунларни тунларга улаб шу тахлит таққослашга берилар эканман, Даврон мендан хийла узоқлашиб, улкан қояга айланиб бораётганини, ўзим эса кичрайгандан кичрайиб, митти ҳашоратга дўниб қолаётганимни пайқайман. Таққослашга берилганим сайин Танзила мендан олислаб, Давронга яқинлашиб бораверарди. Назаримда, уларнинг даражаси бир-бирига тенгдек туюларди.
Мен ҳам дўстимдан, ҳам севгилимдан муқаррар айрилиқни бўйнимга олиб, тушкунликка туша бошладим.
Дарду дунём қоронғу, хаёлларим паришон эди. Шундай бефайз, беҳаловат кунларнинг бирида кечки пайт дарвозамиздан отасидай гумбурлаган овоз бериб, қандайдир ялтироқ тугунчани қўлтиқлаб Даврон кириб келди. Эгнида ўша қимматбаҳо кулранг костюм-шим, оёғида учи ингичка туфли, ҳамишагидек ораста, ҳамишагидек кўркам.
– Меҳмонни кутиб олмайсанми, дўстим! – деди у тантанали товушда.
Унинг шодон қиёфасидан негадир энсам қотди. Зўраки илжайиб, истамайгина кўришдим. Ичкаридан онам отилиб чиқди. Одатдагидек Давронни қучиб, алқаб, манглайидан ўпиб қўярга жой тополмай қолди. Бу орада янгам меҳмонхонани ҳозирлашга улгурди. Онам ошхона томон шошилди.
– Бугун туғилган кунинг, – деди Даврон хонтахта ёнига ястаниб ўтираркан, – ўзинг бехабар-ов…
Мен саросималаниб қолдим. Балки ўлган кунимдир, балки кўмгани келгандирсан, дедим ичимда ғижиниб. Негадир дўстимнинг ҳар бир қувноқ гапи, кулгулари тобора асабларимни эговлаб борарди. Шу орада меҳмонхонага жонсарак онам кирди. Даврон билан яна қайта ҳол-аҳвол сўраша кетди. Ҳеч чеҳрам очилмаётганини сездими, дўстим бироз бўшашиб қолди.
– Қарасам, бугун Норсоат дўстимнинг туғилган куни экан, би-ир табриклаб келайми деб чиққандим, – деди у худди ўзини оқлаётгандай.
– Ўлай сенга болам, – деди онам хижолатланиб, – биз бунга одатланмаганмиз-да, шуйтиб ҳамишагидек ўтириб эдик. Йўқлаб келганинг учун, қуллуқ, болам. Худой сени иззат қилсин.
Даврон боя қўлтиқлаб келган тугунни ечишга уннади.
– Эна, – деди у негадир менга қарамай, – Норсоатга арзимас бир совғам бор эди. Санаторийдан опкелгандим. Туғилган куни бераман деб сақлаб юргандим.
Дўстим чаққонгина тугун ичидаги тугунни ҳам ечиб, ичидан… ичидан худди ўзиникидақа костюм-шим чиқарди!
– Ийй… овора бўпсан, болам, – деди онам баттар хижолатланиб.
– Норсоат билан худди эгиздай бир хил кийиниб юрамиз деган ниятда олгандим. Эна, илтимос, шугинани дўстим ҳозироқ кийиб ёнимга ўтирсин.
Мен беўхшов илжайганча ўрнимдан турдим. Қаҳрим, нафратим, ноумидлигим, барча-барчаси, қайноқ сув сепилган қордай эриб борарди. Онамнинг, дўстимнинг бетиним қистовига гўё аранг кўнган бўлиб уйга ўтдиму совғани кийиб чиқдим.
– Вой, болам! – деди онам кўзлари ёшланиб, – кўз тегмасин сизларга.
Кулранг, қимматбаҳо костюм-шим чиндан ҳам менга ярашиб турар, фақатгина тиканаксоч бош хуш манзарани бироз бузиб турар эди.
Ажаб, ҳамма муаммо кулранг костюм-шимда экан, шекилли, неча-неча кунлардан бери қаршимда қоядай юксалиб мени Танзиладан, келажакка бўлган умид-ишончдан тўсиб турган Даврон яна ўзим билан бўйинса, шўх-шоввоз дўстга айланди-қолди. Онам алқагандан-алқаб, дуолар кетидан дуолар қилиб, чиқиб кетгач, шу орада тузуккина тузалган дастурхон ёнида иккимиз зиёфатга ўтирдик. Акам ҳам Даврон билан кўришгали бирров кириб, ими-жимида бир шиша вино ташлаб кетган эди. Ундан ҳам ўзимизча катталарга тақлидан қадаҳ сўзлари айтиб оз-моз нўш этдик. Димоғимиз чоғ, вақтимиз хуш эди. Қизғин суҳбатимиз гоҳ кураш, полвонлар ҳақида, гоҳ… қизлар тўғрисида борарди.
– Эй, дўстим, қизлар тоза бадимга уриб кетди, – деди ичкиликдан ёноқлари бироз қизарган Даврон, – мактаб бошланганидан бери бешовидан севги хати олдим. Мана, биттаси ҳали ҳам ёнимда юрибди. – Даврон костюми чўнтагидан қат-қат букланган варақни чиқарди. – Эшит, ўқиб бераман, сен ҳам кўникавер.
Негадир унинг бу нияти менга ёқмади. Ярим тунда хонтахтага мук тушиб, минг бир хижолату умид билан қоғоз қоралаётган қиз кўз ўнгимда жонландию, озорлардан, овозалардан ҳимоя қилгим келиб кетди.
– Даврон, қўй, керакмас. Эшитгим келмаяпти.
– Нега?
– У сенга ёзилган. Ўзинг ўқи, ёқмаса, йиртиб ташла. Бу иккингизнинг ўртангизда қолиши керак.
Даврон бир зум юзимга ўйчан тикилиб, сўнг илжайди.
– Баъзан қойил қоламан сенга. Худди олимлардай гапириб юборасан. Манови айтганларинг менга ёқди. Чин, ҳеч ўйлаб кўрмабман, овоза бўп кетса… синфдош шарманда бўп қолади. Аҳмоқона қилиқларим кўп-да.
Шу пайт негадир поччамнинг даласида далли-девона юрган пайтим чала қолган жумбоқни ечганим эсимга тушиб қолди.
– Эй, Даврон, – дедим ҳовлиқиб, – эсингдами, полвон уч нарсанинг қули бўлиши керак деганди устозимиз. Сен икковини топгандинг, бирови ҳеч каллангга келмаганди. Абсал полвон ҳам айтмай куйдирганди.
– Ҳа, эсимда. Роса бўларимиз бўлган.
– Ўша учинчи нарсани топдим.
– Топдинг? Нима экан?
– Севги. Полвон ор-номуснинг, севгининг қули бўлиши керак экан. Ўзим ўйлаб топдим.
– Бундай нарсани ўйлаб топиб бўлмайди, калла – деб кинояли кулди Даврон, – китобни излаш керак. Ёз бўйи кўп асар ўқиб ташлабсанми деган хаёлга борибман.
Мен ҳам бўш келишни истамадим.
– Бу севги, аниқ севги.
– Бўпти, сен айтганча бўла қолсин. Лекин мен гапингга қўшилмайман. Мана, масалан, мен ҳам полвонликка талабгорман, лекин севгига ҳеч қачон қул бўлмайман! Керак бўлса, севгини қул қиламан! Ҳар қандай қизни севдира оламан, хоҳлаганим меники бўлади. Ишонасанми шунга?
Мен қизғин бош ирғадим. Рост, довюрак, шижоатли Даврондан ҳар бало кутса бўлади. Унинг ўз-ўзига ишончи ҳам, имкони ҳам баланд эди.
Хуллас, ўша кеч мен туғилмадим, қайта тирилдим. Дўстимнинг йўқлаб келгани, самимий суҳбати, албатта, қимматбаҳо совғаси шубҳаларимни, андуҳларимни тумандай тарқатиб юборди.
Мен спорт билан яна ҳам жиддий шуғуллана бошладим. Ўқишим, билимим ҳаминқадар, порлоқ келажагим фақат кураш давраларида, деб ўзимча хулоса ясадим. Қолаверса, Танзиланинг кўз ўнгида полвон сифатида танилиб, шон-шуҳратга белангим, унинг қалбини, ҳеч қурса, шу йўл билан забт этгим келарди. Ажаб, севги ҳам қон босимига ўхшар экан. Хуруж қилган пайтлари дарду изтиробдан ўзингни қўярга жой тополмайсан, маромида бўлган маҳаллар, ширин-ширин хаёллар оғушида ҳузурланиб юрасан.
Ўша йилнинг кузи ва қишида тўй-томошалар мўл бўлди. Кураш давралари вулқондай гувиллаб, қизиб турди. Даврон иккимиз ўзимизга яраша иззат-обрў, шон-шуҳрат топдик. Ўша мавсум полвонликка кўп берилиб кетдимми ё тантиқ туйғуларим буйруғига бўйсундимми, ҳар қалай, Танзилага зор-интизор интилишларимдан тийилдим, ҳатто баъзи пайтлар, қаршимда учраб қолган кезлар ўзимни мажбурлаб йўлимни чап солдим, у томонга қайрилиб қарамадим.
Бир куни кечки пайт қўшни қишлоқдаги тўйга тараддуд кўриб турган чоғим дарвозамиз оҳиста тақиллади. Янгам оғил тарафда мол-ҳол билан овора эди. Онам ҳам ҳовлида кўринмади. Ноилож, ўзим бориб темир эшикни очдим. Дарвоза ёнида қандайдир саросималаниб Танзила турарди.
– Вуй, кечирасиз…– деди у уялиб, – мен… Райҳон чеварга шогирд тушгандим. Ўрганишга манавини тикдим.
Қизни кўргандаёқ ҳаяжондан тилим, ақлим лол бўлиб қолган эди. Танзила анчадан бери узатиб турган тугунчани кейин кўрдим. Кўрдим-у, шоша-пиша қўлга олдим.
– Раҳмат… нима бу ўзи?
– Очиб кўрганда биласиз, – деди Танзила худди ёв қувгандай изига қайтиб кетар экан.
Мен гангиб бир тугунчага, бир чопқиллаб кетаётган қизга қараб бироз туриб қолдим.
Ўшанда Танзила менга атаб қалин, пишиқ матодан полвонлик яктаги тиккан экан! Унинг ҳар қати, ҳар чокидан маҳбубамнинг ҳаёдан лов-лов ёнган юзлари, ҳуркак, хумор кўзлари кўриниб, пинҳона пичирлашлари эшитилиб турар, ўртанган юрагимни таскинга, ёруғ умидларга тўлдириб сирли муждалар берарди. Яна тинчим, оромим йўқолди. Ниҳоят, Танзилага кўнгил ёришга, севги изҳор этишга аҳд қилдим.
Ўша йили чўл қиши қорли, бўронли келди. Ҳаммаёқ бахтиёр келинчакдай оқликка бурканган. Кўча-кўйда, мактаб теварагида узундан-узоқ давом этувчи саҳро жазирамасидан безиллаб қолган болалар қийқириб, оғиз-бурунларидан ҳовур пуркаб қорбўрон ўйнашади, шишадай ялтиллаган музликларда сирпанишади.
Мен кўчамиз муюлишида катта қайроғоч ёнида қандайдир қатъият, ишонч билан, Танзилани кутиб турардим. Ҳозироқ унга севгимни айтаман, сен менга кераксан дейман, кечқурун учрашувга чақираман, деб ўзимча шайлангандим.
Ана у! Эгнида унча-мунча чўллик қизларнинг тушига ҳам кирмайдиган мўйна ёқали пальто, бошида оппоқ тивит рўмол, оёғида… оёғида қат-қат қўнжи нақ тиззасига етадиган қизғиш этик! Очиғи бундай этикни менинг ҳам биринчи кўриб туришим эди. Қизнинг оёғига беихтиёр анграйиб қолдим.
Танзила тўғримга келиб, қадамларини секинлаштириб енгил бош ирғади.
– Ассалом…
– Бугун неча соат ўқидиларинг? – дабдурустдан берган саволим шу бўлди.
– Беш соат.
– Биз тўрт соат ўқидик, – деб илжайдим худди кўп иши тиндиргандай, – адабиёт муаллими кўпкарига кетган экан, шуйтиб эрта қайтдик.
Қиз жаврашларимни ерга тикилган кўйи эшитган бўлди-да, индамай кета бошлади.
– Танзила!
У тўхтади. Қор қўнган киприкларини пирпиратиб мен томон ҳуркибгина кўз ташлади.
– Анови… анови… – мен энг зарур, ўта зарур сўзни айтишга чоғландиму… аммо оғзимдан бошқа гап чиқди, – яктак учун сенга раҳмат, қўлинг гул экан. – Шу орада мақтаниб қўйишга ҳам улгурдим. – Сен берган яктакни кийиб бир тўйда учта полвонни териб ташладим.
Танзила енгил кулди, гўё кулгусини яширмоқчидай, ўнг қўлини лабларига тегизиб қўйди.
– Уни ўрганчикка тиккандим. Сизга ёққан бўлса хурсандман. Кучингизга куч қўшилсин, ака.
Қиз ерга тикилган кўйи яна кета бошлади.
– Танзила!
Бу гал алам-изтиробдан товушим кескинроқ чиқди, шекилли, Танзила худди нимадир кутгандай, худди ненидир илҳақ излагандай илкис бурилди. Бурилдию жовдираган кўзларига кўзим тушиб буткул довдирадим. Хаёлимда чархланиб, тилимнинг учида турган сўзлар тупугимга қўшилиб ютилиб кетди.
– Этигинг мунча чиройли, – дедим базўр, – қачон олдинг, ҳеч кўрмаган эканман.
Туйқус қизнинг юз-кўзлари яшнаб кетгандай бўлди.
– Буни Даврон акам санаторийдан опкелган экан…
Танзиланинг бошқа гапларини деярли эшитмадим. Бошим ғувиллаб, қулоқларим шанғиллаб, кўз олдим тиниб кетди. Қаҳратоннинг қаҳри энди менга етиб келгандай, ичу ташим музлай бошлади. Ҳолим забун, тилим танглайимга ёпишган эди. Ортиқ сўз демай бош эгган кўйи кетиб бораётган қиз изидан карахт қараб қолдим. Қизғиш этикнинг баланд пошналари қорга қўшиб севгимни, умиду ишончимни топтаб, тўзғитиб борарди.
“Даврон акам деди-я?! Эркаланиб, суюб айтди-я?! Ҳаммаси ҳал бўлган, аллақачон ҳал бўлган! Мен тентак, мен нотавон нималарни орзу қилиб юрибман-а. Аввали, ўрганчикка тиккан яктагини менга, меҳр билан тиккан зартўнини Давронга берган бу қиз. Йўқ, Танзилани бошқа севмайман, ишқида ортиқ куймайман.Бундай арзанда, тантиқ қизларга Давронлар керак. Мен кимман ахир?! Онам айтгандай, кўрпамга қараб оёқ узатганим маъқул. Ўзимга муносибини топаман. Бошқа чорам йўқ”.
Теграмда қор учқунлари, хаёлимда шундай тиғли ўйлар чарх урарди. Кўчада қолган дайди итдай довдир-довдир кета бошладим. Қаён бораётганимни ўзим ҳам билмасдим, билганим шулки, қайларгадир бош олиб, йўқолиб кетгим келар, қадамларим гоҳ сокин, гоҳ тезлашарди. Чор-атрофим оппоқ кўйлак-иштон кийган чолдай қалтираб ётибди. Қип-яланғоч дов-дарахтлар кўкка илтижо билан чўзилган қадоқ қўлларга ўхшайди. Ён-веримдан аёвсиз урилаётган қор учқунлари, бамисли каррак парчаларидай юз-кўзимни тимдалаб, куйдириб борарди. Билмадим, қайларга келиб қолдим, қарасам, теварагим жим-жит, кимсасиз, қаршимда қор кўрпасига бурканган пайкаллар.
Мен… ҳориб-чарчаб қалин қор устига тиз чўкдим, сўнг… юзтубан йиқилган кўйи баралла йиғлаб юбордим. Йиғладим… йиғладим… шу алфозда қанча ётганим менга қоронғу, бир пайт кимдир, нимадир, бошимни, елкаларимни эркалаб силагандай, меҳрибонларча овутгандай бўлди. Илкис қад ростладим.
Қарасам, баҳор! Чарақлаб, ярақлаб яна кўклам келибди. Қадрдон қуёш яна ҳамишагидек парвона!
Ҳа, ҳа, ўша қишни алам-изтироб, кўз ёшларга қоришиб ўтказдим. Бутун борлиқ қору музга, мен эса алдамчи дунё, алдамчи дўст, алдамчи қизларга аталган ғазаб ва нафратимга буркандим. Танзиладан буткул юз ўгирдим, уни кўриб кўрмасликка, билиб билмасликка ҳаракат қилдим. Аммо қиз беомон исёнимдан бехабар шекилли, ҳамишагидек уйимизга кириб-чиқиб юрар, дуч келган чоғлар одатдагидек қисиниб-қимтиниб саломлашар, худди тоғасидан ширинлик умидвор қизалоқдай, мен томон баъзан ҳуркибгина, жовдирабгина кўз ташлаб қўярди. Ҳатто янги йил, эркаклар байрами сифатида ҳарбийлар куни билан қутлаб “откритка” тақдим этди. Табрикномани олдиму панага ўтиб, уларни нафрат билан йиртиб ташладим.Биламан, у битта менга эмас, бутун синфдошларимга ёзиб чиққан, бу қизнинг ана шу саховати мени хўб куйдирарди.
Аммо… баҳор келдию, қор-музларга қўшилиб ғазабу нафратим ҳам эриб битди. Юрагимда баҳор бойчечаги каби яна севги кўкариб чиқди. Қир-адирларда барқ урган дашт гул-чечаклари худди кураш яктагига тикилган чироздай яна ўй-хаёлларимни ўғирлади, яна умид, ишонч ифорлари димоғимни қитиқлаб қочди. Ҳарнечук ҳаммаси хотин-қизлар байрами арафасида бошланди. Биз болалар синфдош қизларга совға-салом ҳозирлашга киришгандик.
– Эй, жўралар, – деб қолди кимдир, – пастки синфларда ўқийдиган қизларни ҳам табриклаймизми? Масалан, анови Танзилани. У ҳар байрамда бизларга откритка беради-ку.
Даврон чимирилаб, ғижиниб қўл силтади.
– Э, уми… ўзиям эринмаган қиз экан. Ёзгани ёзган, бу байрамда индамай қўя қолайлик, иккинчи табрикламайдиган бўлади.
– Э, ундай қилмайлик, – деб тумсайди синфдош, – хафа бўлишади. Бу ёғи… мана, мактабни битиряпмиз, эсдалик бўп қолади-да.
Даврон бош қашлаб оғринган кўйи бироз ўйланиб турди.
– Ҳа, майли, сен айтганча бўла қолсин. Лекин ҳар биримиз табриклаб юрмай, бутун синфимиз номидан битта духи, бир дона откритка берамиз, шу етарли. Эсам… буларнинг қай бирига совға етказамиз.
Ўша куни дўстим қанчалар чимирилиб, қанчалар ғижинса, менинг шунчалар чеҳрам очилиб, куйлаб юборгим келиб қолди.
“Демак, ораларида ҳеч гап йўқ, – деб ўйлардим тўлқинланиб. – Авзойини қара бунинг, агар севишган бўлганида, бошқача қараб, бошқача гапирарди”.
Мен яна бахтиёр ошиққа айландим-қолдим. Ўша кунлар Танзила баҳорий либосларда баҳордай барқ уриб, ҳамишагидан гўзал, ҳамишагидан жозибали бўлиб кетган эди. Гоҳо ўша узун йўлакнинг, ўша нимқоронғу бурчагига беихтиёр борганимни ўзим ҳам сезмай қоламан. Тасаввуримда Танзила тағин чопиб келиб қучоғимга йиқиладию, мен уни шартта ўпиб, қулоғига севги изҳор қиламан. Аммо бу ширин, энтиктирувчи бир хаёл эди, хаёл! Мен Танзилага севги изҳор қилишга бошқа журъат этолмадим. Уни чўчитиб юборишдан, мактабда, кўча-кўйда учрашиб туришдан ҳам маҳрум бўлиб қолишдан қўрқдим. Шундай жонсарак, беқарор кунлар кетидан кунлар шитоб билан ўтиб кетди. Ҳаш-паш дегунча мактабни ҳам тугатдик.
Назаримда, мен учун ҳаёт тугагандай бўлди. Қўлимдаги етуклик аттестати эмас, гўё айрилиқ сафарига берилган чипта эди. Ҳамма шодумон, қийқириб ўйнаётган ўша битирув оқшомида мен бир чеккага ўтириб ўз яқин келажагимни тасаввур қилишга уринардим.
Эрта-индин Даврон иккимиз бирор институтга илиниш илинжида пойтахтни кўзлаб жўнаймиз. Ўқишга киролмасак, армияга чақиришади. Ҳар иккиси ҳам мени Танзиладан узоқлаштиради. Мен эса… уни кўрмасам, сўзларини, кулгуларини эшитиб турмасам… дунё кўзимга қоронғу бўлиб қолади. Шундай эзгин, дилгир ўйлар исканжасида турган пайтим, даврани бермай, ўйнаб ётган Даврон илжайиб, мастона чайқалиб ёнимга келди. У ширакайф одамдай сузилаётган бўлса-да, биламан, дўстим ҳам худди мен каби шароб ичмайди. Ўша бизникида ўтириб, катталарга тақлидан, туғилган кунимни нишонлаб бир-бир қултум вино нўш этган оқшомимиз иккимиз ичмасликка, чекмасликка, фақат спорт билан шуғулланишга, дунёга довруғ қозонган полвонлар бўлиб етишишга аҳду паймон қилганмиз. Биз сўзимизда турдик. Синфдошларимизнинг деярли ҳаммаси гоҳ ошкора, гоҳ яширин чекишар, туғилган кун базмларида, тўй-ҳашамларда бемалол шароб шишаларига қўл чўзишар, Даврон эса дўст-ёронлар ёлвориб-ялинишганда ҳам ичишдан қатъий бош тортар эди. Ҳатто битириш оқшомида баъзи бир хушомадгўй муаллимларнинг таклифини ҳам рад этди.
– Ҳа, дўстим, – деди Даврон ёнимга ўтириб елкамга қўл ташларкан, – ўйнамайсан, кулмайсан, тинчликми?
– Мактабдан айрилиш ёқмаяпти.
– Ўзи дарсларга аранг судралиб келардинг-ку, энди мактабдан кетгинг келмай қолдими? Йўқ, сенинг бошқа дардинг бор-ов…
– Дўстлардан айрилгим келмаяпти, – дедим ўзимча хатоимни тўғирлаб.
– Бир дўстинг мен бўлсам, сендан ҳеч қачон айрилмайман, – деди Даврон елкамдан қаттиқроқ қучиб, – яқинда бирга Тошкентга кетамиз, бирга ўқишга ҳужжат топширамиз, насиб этса, бирга ўқиймиз. Иккимизнинг томиримиз туташ, жўра, ҳеч буёғидан қайғурма, қош-қобоғингни очиб, синфдошларга қўшилгин. Ҳадемай ҳаммамиз тўзиб қоламиз.
Рост, кўп ўтмай тўзиб қолдик. “Кенгсой бургутлари”нинг баъзилари институтларда ўқиш ниятида турли шаҳарлар сари юзланди, айримлари, ортиқча тихирликсиз, кетмонларини елкага ташлаб одатдагидек дала-даштга сингиб кетди.
Биз Абсал полвонни унутган эдик.
Даврон иккимиз зилдай-зилдай чемоданларимизни кўтариб Тошкентга равона бўлдик. Қувондиқ қайсарнинг ўзи бизларни поездга чиқариб, кузатиб қўйди. У ўзининг одатдаги гумбурлаган товушида бутун вокзални бошига кўтариб, гоҳ насиҳат қилиб қолар, гоҳ кўрсатма-уқтирма бериб жонимизни ҳалқумга келтирар эди.
– Довдираманглар, болажонлар, довдираманглар. Тайинлаб қўйиппан, сизларни кутиб олиб, жойлаштириб қўйишади.
Қувондиқ ака чин айтган экан. Бизларни пойтахт вокзалида олифта, димоғдор, аллақандай институтда ўқийдиган икки йигит қарши олди.
Афтидан, кимнингдир илтимосига кўра чиқишган шекилли, бизларни назар-писанд қилмай, тузук-қуруқ гаплашмай, қандайдир ўрис кампирнинг тор, исқирт ҳовлисидаги каталакдай ҳужрага жойлаштириб, эртаси куни, талаб ва истакларимизга кўра, университетнинг ҳуқуқшунослик факультетига ҳужжат топширишимизга кўмаклашишди.
– Бу ёғини энди секин ўзларинг кўраверларинг, – деди улардан бири бизларни яна ижарахонамизга тиқиб қўяркан, – бизлани вақтимиз йўқ сенлар билан эртаю кеч юришга, агар бирор проблема бўлса, кеча ёзиб берган рақамларга қўнғироқ қилларинг, ана, кампирнинг уйида телефон бор.
У ғўдайганича кўчага чиқиб кетди. Даврон унинг изидан ғижиниб, тажанглашиб қараб қоларкан, бош чайқади.
– Қайси гўрдан чиққан боди бу?! Яна бир оғиз ортиқча гапирганида тумшуғига айлантириб солардим.
Қўрс раҳнамодан қутулганимиздан енгил тортдик.
Мен вилоят марказида поездга чиққандаёқ қишлоқни, уйимни, айниқса, Танзиламни соғина бошлагандим, барча нарсадан воз кечиб, ортга қайтгим келарди.
Даврон эса бир ҳафта ичида қип-қизил шаҳарликка айланди-қолди. Уст-бош, юриш-туриш, пойтахтча шевада бемалол гапиришлар, ҳамма-ҳаммаси мени анграйтиб ташлади.
Дўстим бу ерда текканга тегиниб, тегмаганга кесак отар, кўча-кўйда уруш-жанжал излаб, болаларни атай туртиб ўтар, мени юрак ҳовучлатиб, минг бир саросимага солар эди. Билмадим, ё ҳақиқий зўрлар йўлиқмади, ё дўстимнинг юз-кўзидаги шижоат чиндан ҳам чўчитармиди, ишқилиб, туртилган-сурилган болалар ҳам Давронга ботиниб бирор сўз демай, ортидан ажабланиб, таажжубланиб қараб қўйишарди, холос. Булар майли-ку-я, калта, юбқа кийган шаҳарлик қизлар Давроннинг яна бир иқтидорини очиб юборгандай бўлди. У ён-веридан ўтиб-қайтаётган, ўзининг таъбири билан айтганда, ҳурлиқоларга ютоқиб қарар, баъзиларининг бел-билагига қўл тегизар, айримларини чўлпиллатиб ўпиб олар, эвазига қарғиш, ҳақорат эшитса-да, пинак бузмай, илжайиб, кўз қисиб кетаверарди. Мен дўстимнинг бундай қилиқларидан уялиб, қўрқиб беихтиёр дуч келган томонга қочиб қолардим.
Кунларим таҳликада ўтарди, муқаррар бир балога йўлиқишимиздан хавотирда эдим. Ниҳоят, ўша кутилган кун ҳам етиб келди.
“Салом” деган чойхонада тушлик қилиб, шўх-шаън ўйноқлаб яна ҳужрамизга қайтиб келардик. Биздан беш-олти қадам олдинда, сочлари чиройли турмакланган, оқ-пушти ранг, енг-этаклари калта кўйлаги қадди-қоматини сириб турган қиз бел-биқинларини қимирлатиб хаёлчан кетиб борарди. Унга кўзи тушдию Давроннинг кўзлари чақнаб, оғзининг таноби қочди.
– Эй, ҳаддингдан ошма, – дедим унинг қўлидан тортиб, – тинчгина юр, мазанг қочиб қолмасин тағин.
– Шу охирги марта, – деди Даврон атрофга бир аланглаб олиб, сўнг югуриб бориб ҳалиги қизнинг ёноғидан ўпиб олди.
Чўчиб кетган қиз қўллари билан юзларини тўсиб орқага тисарилди. Сўнг нафрат тўла кўзларини Давронга қадади.
– Бу нима қилганинг, жинни?! Сумкам билан бир уриб башарангни бўяб қўяман ҳозир.
Даврон ташланган қиз эмас, биздан беш-олти ёш катта жувон экан! Дўстим хижолатомуз ишшайиб қўлини кўксига қўйди.
– Кечирасиз, сизни бировга ўхшатибман.
– Қанақа бировга?! – деб баттар жазавага минди аёл. – Кўзинг кўрми? Ўзинг тенгига ҳазил қилсанг ўласанми?
– Сизни Танзила деб ўйлабман.
– Танзила?! Ким у Танзила-Панзиланг?
Мен севгилим, моҳитабонимнинг номи тилга олинганини эшитиб тошдай қотдим. Бошимга кимдир гурзи билан ургандай кўз олдим тиниб кетди.
– Шошма-шошма, – деди ҳалиги аёл бармоғини Даврон томон нуқиб, – сенлар Дуся холаникида турасанлар-а! Санлани танийман. Ана, энди мендан кўрасанла, қишлоқила. Санлани кўзларингни каттароқ очиб қўяман. Ўшанда Танзилангни яхшигина таниб оласан.
Жувон шахдам қадамлар билан олға юриб кетди.
“Даврон нега Танзилани тилга олди? – шу савол хаёлимни тинимсиз тирноқларди. – Нима, улар… ўпишиб юришганми?”
Мен тўлин ойим, қуёшим бўлган қизни Давроннинг қучоғида тасаввур қиларканман, ғазаб ва аламдан қўлларим мушт бўлиб тугиларди.
Аёл кетгач, бош қашлаган кўйи ёнимга қайтган дўстим, асабий ҳурпайиб туришимни ўзича тушуниб хижолатомуз минғиллади.
– Э, узр, жўра, шундай бўп қолди-да. Энағар, катта аёл экан. Қиз бўлганида осон қутулардик.
– Эй, – дедим ғазабимни аранг босиб, – нега… нега сен Танзилани тилга олдинг? Нима ҳаққинг бор, ифлос ишларингга покиза қизларимизни тиқиштириб?!
– Нима, Танзила демай, Жарқиной дейинми? Баҳонам сал ишончли чиқишини ўйладим-да. “Танзила”! Қара, ҳақиқий шаҳарча исм.
Дўстимнинг гаплари жўяли туюлди. Мен яна шаштимдан тушдим. У ўшанда қоқ қаншарига тушадиган муштдан қутулиб қолдию, аммо ҳалиги опадан қутулолмади. У аллақандай амалдорнинг хотини экан! Кечга яқин икки нафар милиционер бизни маҳкамага олиб кетди. Бир-икки соат у эшикдан бу эшикка судраклашгач, Давронни олиб қолиб, мени қўйиб юборишди. Тун ярмида ижара уйимни аранг топиб олдим. Эртаси куни биринчи имтиҳонга киришим керак эди! Аммо мен саҳар туриб университетга эмас, яна маҳкамага югурдим. Давронни уч суткага қамашган экан. Уч кун гоҳ туш пайти, гоҳ оқшом дўстимга овқат ташидим.
– Эй, – деб сўраб қолди у маҳкамада илк кўришган чоғимиз, – имтиҳонга кириб чиқдингми, неча баҳо олдинг?
Мен кулдим.
– Эсингда йўқми, тентак. Икковимизнинг томиримиз бир-ку, сен бу ерда бўлсанг, мен қандай қилиб имтиҳонга бораман?
Даврон бир зум менга мамнун-миннатдор тикилиб пичирлади:
– Чин дўстимсан…
Кетар чоғим Давронга қараб, ўнг қўлимни баланд кўтардим. У ҳам шундай қилди. Сўнг паст, лекин шавқли-завқли бир овозда баб-баравар такрорладик.
– Қуёш ҳали ботмаган!
Орадан бир ҳафтача ўтиб биз университетга бордик. Қабул ҳайъати бизнинг ҳеч бир баҳонамизга ишонмай ҳужжатларимизни қўлимизга тутқазди. Авваллари қишлоқни қўмсаб, қадрдон қишлоққа қанчалар ошиққан бўлсам, патталар қўлга теккач, шунчалик кетгим келмай қолди.
– Кел-е, сентябргача шу ерларда томоша қилиб юрамиз, – деб қолди кутилмаган кўнгилсизликдан ҳануз хижолат чекиб юрган Даврон, – менда пул бор, икковимизга етади.
Роппа-роса бир ой шаҳарда кезиб юрдик. Қишлоққа қайтиш онлари яқинлашган сайин бир-биримизга маъюс, саволчан қараймиз. Қанчалик ўзимизни бепарво, шодон тутсак-да, ичимизни афсус, алам ва уят кемириб борарди.
Биз Абсал полвонни унутган эдик.
Ўша йили “Кенгсой бургутлари”дан икки бола вилоят марказидаги институтга, тағин бири Самарқанддаги университетга илашибди. Танзила…менинг Танзилам, билмадим, аввалдан режалаштирганми, ё туйқус шу қарорга келганми, ишқилиб, вилоят марказидаги педагог кадрлар тайёрловчи техникумга кирибди. Кимларнинг астойдил ачинган, афсусланган, кимларнингдир истеҳзоли, кинояли нигоҳлари остида қишлоққа кириб келарканмиз, ён-атрофдан эшитган хабарларимиз ана шулар бўлди.
Биз уч кун уй-уйимиздан чиқмай ётдик. Сўраганларга мандат танловидан ўтолмадик, ҳатто ўша ердаги имтиҳон олган домлалар ҳам бизнинг омадимиз юришмаганидан куйиниб қолишди, деб қўя қолдик.
Бир ҳафтача қишлоқ бўйлаб изғиб юрдик. Ўқишга кирган дўстларни табрикладик, курашлар, кўпкарилар ҳақида гаплашдик, хуллас, ўзимизни овутган бўлдик.
Шу орада Танзилани учратдим. Вилоят марказидан келаётган экан. Шаҳарча фасондаги соч турмаклари, сарғиш кўйлаги ўзига хўб ярашиб турарди. Юз- кўзида мамнуният, табассум кезиниб юрарди.
Ҳаяжон, хижолат, қувонч бутун вужудимда қоришиб кетган эди.
– Табриклайман, ўқишга кирибсан, – дедим салом-аликдан сўнг. – Биз эса чаппа бўп йиқилдик.
Танзила афсус билан бош чайқаб, астойдил ҳамдардлик билдирди.
– Ҳуқуқшуносликка кириш қийин-да. Қаттиқ тайёрланиш керак бўлади.
– Армияга опкетмаса келгуси йил яна кўрамиз. Сизлар-чи, ўқишни бошлаб олдиларингми?
– Э, ўлсин, – деб чимрилди Танзила, – ҳаммамизни пахтага ҳайдаяпти. Душанба куни техникум ёпилиб, Ганжирга ётолоққа опкетишади. Икки кунга уйга рухсат беришди. Яхшилаб овқатланиб келинглар дейишди.
Биз кулишдик. Кулган пайт Танзиланинг кўзлари алланечук хумор-хумор сузилиб кетарди. Мен унга маҳлиё тикилиб қолдим.
– Танзила, сени кўргани бораман.
Қиз уялиб кўзларини опқочди.
– Чўлу биёбонда адашиб кетмайсизми?
– Йўқ, дунёнинг нариги чеккасига бўлсаям адашмай сени топиб бораман.
– Қаранг, – деб кулимсиради Танзила, – яна қийналиб қолманг.
У уйлари томон тез-тез юриб кетди. Мен ҳаяжондан юрагим гурс-гурс урган кўйи изидан бир зум қараб қолдим. Бу қадар дадил ва қатъий гаплашганимга ўзим ҳам ҳайрон эдим. Ҳартугул, икки ойлик Тошкент сафари бесамар кетмаганга ўхшайди.
Қишлоқдаги тенг-тўшларимиз қатори Даврон иккимизга ҳам ҳарбий хизматга чақириқ қоғози келди. Кўп ўтмай туман ҳарбий комиссариатида сочларимизни тап-тақир қириб жўнатишди. Бир-биримизга қараб мириқиб кулишдик. Қишлоққа қайтгач, гоҳ у, гоҳ бу кетарманникида хайрлашув зиёфатлари бошланиб кетди. Вақт тез ўтиб борарди. Менинг эсу ҳушим Танзилада эди. У билан туппа-тузук сочим бор пайтлар хайр-хўшлашиб олмаганимга афсусландим. Аммо… нима бўлган тақдирда ҳам уни кўришим, севишимни айтишим, ваъдасини олишим шарт. Танзилалар пахта териб юрган ўша маскан Кенгсойдан икки юз чақирим узоқликда бўлиб, менга ўхшаган пиёдаларга, айниқса, йиғим-терим қизиган, қатновлар камайган пайти у ёққа бориб келиш мушкулдан-мушкул эди. Чора излаб, бошим қотиб, каловланиб юрган кезларим Даврондан таклиф чиқиб қолди.
– Юр, эртага Танзилани кўриб келамиз. Отамдан “Жигули”ни бир кунга сўраб оламан.
Кўнглим хижил тортганча рози бўлдим. Нега ундан туйқус бундай таклиф чиқиб қолгани ичимга ғулғула соларди. Елиб бораётган машина деразаларидан намхуш шабада эмас, яна шубҳа-гумонлар ёпирилиб кира бошлади.
– Ўша совхозда холам яшайди, – деди “Жигули”ни чапдастлик билан бошқариб бораётган Даврон, – боргин, холанг билан хайрлашиб келгин, деб онам бир ҳафтадан бери гаранг қилиб юрибди. Охири, кўндим. Қайси кун Улдон чечани кўриб қолгандим, Танзила ҳам шу ёқда теримдалигини айтиб қолди. Яхши бўлди, биратўла уни ҳам кўриб қайтамиз, хурсанд бўлади.
Мен қувончдан қийқириб юбордим.
– Э, калла, дарров шундай демайсанми? Мен ҳам холангни яхши кўраман, дуосини олиб қайтаман.
Даврон ҳам мамнун илжайиб бош ирғаб қўйди.
Биз қоқ туш пайти кўзланган манзилга етдик. Давроннинг холаси билан дийдорлашдик. Меҳрибон ва ғамхўр холажон бизни товуқ гўшти солинган димлама билан меҳмон қилди. Сўнг йўл узоқлигини баҳона қилиб, хола ва унинг болалари, неваралари билан хайрлашдик.
Қуёш уфқ томон қиялаб қолган эди. Чор-атроф уч-қуйруқсиз далалар, экин пайкаллари. Ҳаммаёқдан қандайдир пишиқчилик иси анқийди. Йўллар, кўча-кўйлар кимсасиз, жим-жит. Ҳойнаҳой, барча пахта йиғим-терими билан андармон бўлса керак. Сертупроқ йўл бўйлаб тағин ярим соатлар чамаси юриб, Танзилалар пахта тераётган пайкал бошига етдик.
Зардобтус, кўз илғамас ерларгача чўзилиб кетган пайкалда оқарган, қизарган, қорайган шарпалар тўзиб юрарди. Биздан анча нарида тушликкача терилган пахта юкланган трактор тиркамаси, бир неча енгил машина баланд қайрағоч шох-шаббалари аро ғира-шира кўзга ташланади.
Бизнинг “Жигули”га кўзи тушган теримчилар қийқиришган кўйи қўл силташди. Баъзилари этакларини елкага ташлаб шу томонга юра бошлади.
– Вой-бўй, ҳаммаси қизлар экан, – деди Даврон пайкалга синчиклаб кўз ташлаб. – Чувуллашини қара-я.
Мен ариқ лабидаги тош-тупроқ устига сакраб чиқдиму қўлимни карнай қилиб қичқирдим.
– Танзила-а-а! Танзила керак бизга!
Беш-олти теримчи бирваракайига биз томон чопқиллаб кела бошлади.
– Нима бало, ҳаммаси Танзилами буларнинг, – деб пўнғиллади Даврон.
Узун-кенг кийимлар кийиб, бошларини оппоқ сурп рўмол билан ўраб олган қизлар чув-чувлашган кўйи ёнимизга етиб келишди. Келишдию, бошларидаги рўмолларини ечиб, ҳиринг-ҳиринг кулишиб, бир-бирларини сирли турткилашиб ариқ лабида туриб қолишди. Улар орасидан ажралиб чиққан Танзилани аранг танидик. Юзлари қорайиб, лаблари пўст ташлаб, қомати қандайдир тўлишиб қолибди. У қиёфаси қандайлигини яхши билса керак, уялиб, қимтиниб ёнимизга келди.
– Ассалом…
– Э-ҳе-е, – деди Даврон қиз билан қўл бериб кўришаркан, – кинолардаги хизматкор қизларга ўхшаб қолибсан-ку.
Мен унга норизо кўз ташлаб қўйдим. Чунки Танзила шу аҳволда ҳам мен учун ҳамма қизлардан гўзал ва латофатли эди.
– Сизлар ҳам жуда очилиб кетибсизлар, – деди ариқ лабидаги шўх қизлардан бири, кепка қўндириб олган тақир бошларимизга ишора қилиб.
Ҳаммалари қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборишди. Танзила ҳам қаварган лабларини қўли билан яшириб жилмайди.
– Қалайсан, Танзила? – деб мен ҳам у билан сўрашган бўлдим, – чарчамаяпсанми? Мана, сен билан хайрлашгани келдик.
– Армияга кетяпсизларми? – деб сўради қиз бошларимизга зимдан кўз ташлаб қўйиб.
– Ҳа, шанба куни жўнаймиз.
Шу пайт ўша трактор тиркамаси турган тарафдан икки милиционер резина таёқларини кўз-кўз қилиб биз томон юрди.
Мен бу ерда, бу ҳолатда кўнгил сирларимни Танзилага айта олмаслигимни, у билан аҳду паймон қила олмаслигимни ичимда сезиб, юрагим бирдан ғашланиб қолди.
– Агар… агар рози бўлсанг, хат ёзишамиз, – дедим аранг.
– Вой, албатта ёзишамиз, – деди Танзила кулимсираб, – уйларингиздан адресингизни оламан.
Аллақачон ариқдан ҳатлаб ўтиб теримчилар тўпига ўзини урган Даврон неларнидир гапириб қизларни кулдирарди.
– Эй, боллар, қани, жўнанглар бу ердан, – шу орада етиб келган милиционерлардан бири биз билан сўрашишни ҳам эп билмай, бирдан пўписага ўтди.
– Армияга кетяпмиз, сингиллар билан хайрлашгани келдик, – деди Даврон ҳам қўрс бир оҳангда. Мен унинг одатдагидек жазаваси тутиб, қўриқчилар билан ёқалашиб кетишидан қўрқиб турардим.
– Бундай баҳоналар кетмайди, салкам бир соатдан бери турибсизлар, қани, жўнанглар.
Мен шоша-пиша машина юкхонасини очдиму, Танзилага келтирган егуликларимизни тутқаздим.
– Арзимас нарсалар, е-еб бизни эслаб юрасан.
– Бекор овора бўпсизлар-да, овқат кўп бизда, – деди Танзила андак эркаланган оҳангда.
– Хатларингни кутаман, интизор кутаман, Танзила.
– Албатта, ёзаман. Ўзингизни эҳтиёт қилинг.
Қиз шивирлабгина айтган, қандайдир меҳр, айрича бир ғамхўрлик ва алланелар аралашиб кетган сўнгги сўзлар юрагимнинг туб-тубигача узоқ кутилган малҳамдай сингиб борди. Бутун вужудимда ҳарорат, ҳаловат ҳис этдим.
– Қани, қизлар, ҳамма далага, етар, шунча вақт гап сотганларинг, – деди милиция ходими Даврондан узоқлашишни истамаётган қизларга қарата.
Даврон қўриқчилар томон бир ўқрайиб қўйди-ю, барака топгур, бу гал ортиқча гап-сўз қилмай, ариқдан яна ҳатлаб ўтди. Ҳартугул, пойтахтдаги уч суткалик таълим-тарбия беҳуда кетмаганга ўхшарди.
Биз қуюқ-суюқ хайрлашиб, машинага ўтирдик.
– Хай-ир! Оқ йўл! – гувиллашиб қолишди қизлар.
Мен Танзила билан аҳду паймон қилолмаган бўлсам-да, лекин унинг ўша сўнгги сўзлари таъсирида ичу-ташим ёришиб турарди. Давроннинг ҳам кўзлари порлайди.
– Зўр қизлар экан, – дейди орзуманд бош чайқаб, – ҳали Танзиладан ҳаммасининг адресини олиб, хат ёзаман. Айниқса, анови Гули дегани менга ёқиб қолди.
Мен ўгирилиб ортга қарадим. Шағал тўкилган йўлдан кўтарилган қуюқ чанг-тўзонгина изимиздан эргашиб келарди. Бу чанг-тўзон, бу гард-ғубор, яқин йиллар ичида ҳаётимни буткул қоплаб олишини мен ҳали билмасдим.
“Ёшлик” журнали, 2015 йил, 1-сон.