– Қадим-қадимдан удум шу, элга бирор дард дориса, оти айтилмайди, лонг оралади, деб қўйишади. Чунки у отини эшитса, баттар кучаяр экан.
Уч кун аввал хотини айтган шу гап Сафармурод оқсоқолнинг туйқус хаёлидан кечди.
“Жуда топиб гапирди-да, – деб ўйлади у мийиғида кулиб, – айтганлари чин”.
Тошбиби чеча ҳорғин ва эзгин аҳволда эшикдан кириб келган, бир пайтлар довруқли чавандоз бўлгани бўйи-бастидан, лапанглаб қадам ташлашларидан билиниб турган эрига пешвоз юрди.
– Кўп югуряпсиз, чарчаяпсиз, боваси, – деди у безовталаниб.
Оқсоқол худди ўзига ўзи гапиргандай минғирлади.
– Лонг кучайиб бораяпти. Бугундан ҳамма қатновлар тўхтатилди. Ҳеч ким ҳеч ёққа чиқмайди. Лонг ёмон, момоси, лонг ёмон.
– Зарурат бўлганки, шундай чора қўллашган.
– Ночор оилалар бор, улар қандай кун кўради энди?
– Давлат қарашар-да.
– Қарашади, – деди Сафармурод иштаҳасиз нон чайнаркан, – лекин қишлоғингга қачон сон тегади, Худо билади. Бу ёғи, ҳокимиятдан бизга ёрдам қани деб сўрай олмайман, то ўзларидан бирор гап чиққунича. Чунки, кўриб турибсан, аҳвол анча оғир, бундай пайтда ҳукуматни безовта қилишга ҳам бетим чидамайди. Лекин ночор рўзғорларнинг ҳолига бепарво қарашга ҳам ҳақим йўқ. Эҳ, лонг ёмон, момоси, лонг ёмон.
– Нима қилмоқчисиз унда?
– Билмадим, бошим қотиб қолди.
– Қишлоқдаги жонлироқ одамларни ҳимматга чақирсангиз-чи.
– Бунинг учун аввал ўзим ибрат кўрсатишим керак, – деди Сафармурод овқатдан бўшаган косани нари суриб. – Кейин биров-яримни ҳимматга чақирсам бўлади.
– Сизнинг қўлингиз калталик қилади.
– Мен… бир хаёлга бориб туриппан.
Тошбиби чеча сергакланди.
– Хай, гапиринг-чи.
– Кенжанинг тўйига деб йиғиб қўйганимиздан оз-моз эҳсон қилсак, – деди Сафармурод минг бир истиҳола билан, – барибир энди кузгача келин ололмайсан.
Тошбиби чеча дастурхон попугини хаёлчан ўйнаганича минғирлади.
– Йиғлаганга қўшилиб йиғлашингиз ҳеч қолмади-да, боваси. Уч-тўрт чақангиз қанчага ҳам етарди.
– Э-э, – дадил қўл силтади эр, хотини осонгина бўшашганидан қувониб, – ҳаммасига эмас, энг ночор бир-икки хонадонга ёрдам бериб турамиз. Эҳ, лонг ёмон, момоси, лонг ёмон.
Оқсоқол хотини яна айниб қолишидан қўрққандай шоша-пиша ўрнидан турди.
* * *
Бир қоп ун, бир идиш ёғ, тағин аллақанча майда-чуйда маҳсулотлар ташлаб кетганини кўрган домла Хуррамович ўғри мушукдай пойлаб мулла Мирзанинг ҳовлисига кирди.
– Ассалўўм, яхшилар!
Келтирилган нарсаларни мамнун кўздан кечираётан жиккаккина чол бўсағада темир тишларини кўрсатиб иржайиб турган, бутун туману вилоятда аризабозлиги билан ном қозонган қўшнисини кўриб энсаси қотди.
– Келинг, ҳамсоя.
– Вақтинча қўл бериб кўришмаймиз, ҳозир тартиб-қоида шундай, – деди домла ўзининг интизомли фуқаро эканини таъкидламоқчидай, – хапа бўмайсиз, мулла бува.
– Яхши қиласиз, эсам, яна қўл ювишим керак бўлади, – деди қария ҳам бўш келмай.
Домла Хуррамович маҳсулотларга ишора қилди.
– Булар нима-ей…?
– Ночорларга ёрдам экан, барака топсин, Сапарбой ташлаб кетди, тувриси, сал қийналиб тургандик ўзи.
– Буни қаёқдан олибди оқсоқол?
– Билмадим, суриштирмадим, юртбошимизнинг, халқнинг ҳақига дуо қилиб қўйинг, балолар тезроқ арисин деди.
– Демак, бу давлатнинг ёрдами, – дея Хуррамович ўзича мулоҳаза юритди. – Ҳукумат танг пайтда ночорлар учун катта маблағ ажратган, кеча ҳокимият жойларга тарқатган, Сапарбой ҳам улуш олган.
– Хай, бўлса бордир, юртбошимизга, ҳукуматимизга минг раҳмат!
Домла Хуррамович пихиллаб кулди.
– Жуда гўлсиз-да, мулла бува, гўлсиз. Сизни лақиллатиб кетибдию, Сапарингиз.
– Бу нима деганингиз?
– Сизга бундан уч карра кўп нарса бериши керак эди. Алдабди. Ҳаммага шунчагинадан тарқатиб чиқиб, қолганини ўзи ўзлаштирмоқчи у.
Мулла Мирза гўнг пашшани ҳайдагандай қўл силтади.
– Қўйинг бу гапларни, сизга ярашмайди, ҳамсоя. Берганига, етказганига шукр!
– Хай, ўзингиз биласиз, лекин биз бу масала билан шуғулланамиз, ҳақиқатни жойига қўямиз.
Домла Хуррамович димоғида пишқирган кўйи чиқиб кетди.
* * *
Кечга яқин уйига қайтган оқсоқолни Тошбиби чеча андак зарда билан кутиб олди.
– Ашир билан Сайпига ҳам айтганингиздай қилиб бериб юбордим, – деди у даҳлизга кўрпача тўшар экан.
Оқсоқол ўзини оқлай бошлади.
– Лоп этиб иккови олдимдан чиқиб қолди, ноилож жўнатдим.
– Нега ноилож бўласиз? Отангиздан қолган хазина борми бу ерда, – дея баттар тутоқди аёл. – Мулла Мирзага ўзим эҳсон қилдим, деп туврисини айтсангиз бўлмасмиди?
– Туврасини айтсам, эҳсон риёга айланиб қолади деб қўрқдим. Кейин, барибир улар гапимга ишонишмасди, раҳбарларга арз қилишарди.
– Арз қилса, қилаверишсин, раҳбарлар ҳам тўғри тушунар.
– Момоси, – Сафармурод хотинига илтижоли тикилди, – ҳозир ҳукуматни ҳар хил шикоятлар билан чалғитмаслик керак, қўлдан келганича оғир вазиятни енгил қилайлик, лонг ёмон, момоси, лонг ёмон.
Тошбиби чечанинг барибир чеҳраси ёришмади.
– Ўзингиздан кўринг, энди қутула олмайсиз булардан, тўп-тўп бўлиб келишаверади. Қолқонип муаллимга, Эргаш акага деб атаб қўйганларингизни ановиларга бериб юбордим. Энди бу ёғига нима қиласиз, ўзингиз биласиз.
Худди шу гапни кутиб тургандай дарвоза ёнида домла Хуррамович кўринди.
– Ассалўўўм, яхшилар! Ким бор?
Сафармурод истар-истамас унга пешвоз чиқди.
– Нима гап, домилла, уйда ўтирмай, нима қилиб юрибсиз? Лонг ёмон.
Хуррамович оғиз-бурнига тутган ниқобни иягига тушириб қўйди.
– Мен ҳам улуш олгани келдим. Жўжабирдай жонмиз.
– Сизга улуш йўқ.
– Нега?
– Бир қўра молингиз бор, катта томорқангиз бор, уялмайсизми, кўмак сўрашга?
– Раис, – дея хезланди домла, – мен сиздан бирор нима тиланиб келганим йўқ, ҳукуматимизнинг қонуний ёрдамини сўраяпман.
– Кимга нима берган бўлсам, ўз ҳисобимдан чиқим қилдим, – деб дангалига кўчиб қўя қолди оқсоқол.
Хуррамович унга бир зум синовчан – саволчан қараб турди.
– Тушунарли, демак, ҳукумат маблағларига ҳам эгасиз, яхши, буни бир суриштириб кўрамиз.
– Домилла, уйингизга боринг, бу ерда кўп турманг, лонг ёмон.
Хуррамович нописанд тиржайиб ташқарига чиқиб кетди.
Сафармурод унинг ортидан хомуш қараб қоларкан, қорачиқлари бир зум хира тортганини, юрагида, орқа кураги остларида қандайдир санчиқ турганини сезди. Шу оғриқ, беҳоллик кечки таом пайти ҳам, кейин телевизорга паришон тикилиб ўтирган чоғи ҳам тарк этмади.
– Момоси, бугун сал эртароқ чўзилай, – деди у ичкари хона томон жўнаркан.
Шу пайт қўл телефони жиринглаб қолди. Оқсоқол истар-истамас телефон экранига кўз ташлади. Ташладию туман ҳокими ўринбосарининг исм-шарифига кўзи тушиб шоша-пиша қулоғига тутди.
– Алё, ассалому…
Сафармуроднинг саломи ҳам оғзида қолди.
– Эй раис, қанақа одамсиз ўзи, – ногоҳ қаҳру ғазаб сочилди нариги тарафдан, – нега халқ орасида ваҳима қўзғаб юрибсиз?! Тафсилотларни саҳарлаб бориб аниқлаштираман! Лекин сиз эгаллаб турган жойингизга нолойиқсиз.
– Мен ҳалиги…
Сафармурод гапиришга улгурмади. Алоқа узилди. Даҳлиз ўртасида қаққайиб турган оқсоқолнинг қўлидан телефон аппарати тушиб кетди. Ўзи кўксини чангаллаган кўйи деворга аранг суяниб қолди. Сўнг сирғалганича кўрпача устига қулади.
* * *
У ғира-шира ҳушига келди. Юмшоқ тўшак устида ётганини, қўлига томчи дори мосламаси уланганини сезди. Аммо қабоқлари шу қадар оғир эдики, ҳарчанд уринса ҳам кўзларини очолмади. Қулоғига элас-элас товушлар эшитилди.
“Оқсоқолнинг тоби қочиб қолганини айтдим, тушунтирдим”. Бу овоз аёлиники эди.
“Бўлди, қишлоққа ажратилган ёрдамни ўзим опкеламан”. Бу участка милиция нозирининг товуши эди.
Яна аёлининг шикаста саси эшитилди:
“Анови дарвоза ортида турган ҳамқишлоқларни уй-уйига жўнатиб юборинг, илтимос, касал кўрамиз деб эртадан бери туришибди, менинг гапимга кўнишмаяпти”.
“Бўлди, ҳозир ҳал қиламан”.
Қадам товушларига қараганда участкавой чиқиб кетди.
Сафармурод билагига қадалган игнани кимдир суғуриб олганини сезди. Бир амаллаб қовоқларини кўтарди. Оқ қалпоқ, оқ либос кийган шифокорни ғира-шира илғади. Шифокор ҳам беморнинг кўз очганини пайқади.
– Э-э, раис бува, – деди у жилмайиб, – шундай қилинг-е, жуда қўрқитиб юбордингиз одамни.
Тошбиби чеча илкис интилиб эрининг тепасига энгашди. Кўзларида ғилт-ғилт ёш айланарди.
– Боваси… – деди аранг.
– Қаердаман, – пичирлади Сафармурод қуруқшоқ лабларини ялаб.
– Уйдасиз, боваси, уйдасиз. Марказдан дўхтир келган, Нормурод дўхтир. Кечадан бери бошингизда дори бериб ўтирибди.
– Мен ҳам анови… лонгга чалиндимми?
– Э-э, Худо сақласин, – деди Нормурод дўхтир беморнинг бошига энгашиб. – Куну тун тинмайсиз, бироз толиқибсиз, инсультни оёқда ўтказиб юборибсиз.
– Инсульт дейсизми?
Тошбиби чеча шоша-пиша шифокорни қўллаб-қувватлади:
– Ҳа, шундай, боваси, оёқда ўтказиб юборибсиз, дам олинг десак гапга кирмайсиз.
– Инсульт бўлса, яхши, Худога шукр, – мамнун пичирлади Сафармурод оқсоқол. – Лонг ёмон, момоси, лонг ёмон.
Унинг юзларига ранг, лабларига табассум югургандай бўлди.
“ЎзАС”дан олинди.