Луқмон Бўрихон. Кутилган кун (ҳикоя)

Бир ёруғлик излаймиз ҳамон
Рауф ПАРФИ

…Бойхон бу кунни илҳақ кутган эди. Узоқ даштда улоқиб қолган, ирор ўткинчи улов шарпасига умидвор кўз тиккан йўловчидан у ҳам шу кунга муштоқ эди.
Бойхон танаси тарам-тарам бўлиб кетган дарахтга беҳол суяниб, чуқур-чуқур нафас олди. Кулранг қоронғуликка чўмиб бораётган катта-кичик дарахтлар, баланд-у паст иморатлар, кенг йўлда ғиз-ғиз  ўтиб қайтаётган машиналар кўз ўнгида бетиним чайқаларди. Оёқлари остида бўш-бўш ароқ шишалари, колбаса бурдалари-ю ғижимланган қоғоз парчалари сочилиб ётарди.
Бойхоннинг юраги увушди. Барча қилмишлари кўз олдидан  айқаш-уйқаш бўлиб ўтди-ю кўнгли ғашланди. «Энди ҳеч ўнгарилмаслигим, тайин, охирги умидим ҳам кул бўлди, тамом», деб ўйлади у руҳсизланиб.
…Бойхон бу кунни ихлос билан кутганди. Гўё бу кун у бир юмалаб бошқа хил одамга айланиб қоладигандай, жиккак, тажанг Бойхоннинг ўрнида этли- сўлли, келишган Бойхон талтайиб турадигандай эди… Эҳ, бу кун, бу кун…
У бир қучоқ совға келтириб, хотинини туғилган куни билан қутламоқчи, унинг лабларида ширин бир табассум кўрмоқчи, сўнгра эса ўзи орзу қилган ўша ўрик гуллари ифорига бурканиб, ҳамма-ҳаммасини – ўз ҳаётини, турмушини қайтадан бошламоқчи эди. Шу боисдан тонг бўзармасданоқ шошилиб, аммо тетик ва алланечук хуш кайфиятда кўчага отилган, хотини – икки ойлик келинчак орқасидан ажабланиб қараб қолганди.
Бойхоннинг касби бетайин эди. У бир вақтлар мотор заводида хизмат қилар, ишга ширакайф келса-да, берилган топшириқларни тузуккина дўндирар эди. Бироқ орада ароқхўрликка қарши кураш бошланиб кетдию, намунам сифатида унинг ковушини тўғрилаб қўйишди. Бойхон шу-шу ҳеч жойдан иш тополмади. Охири мардикорликка куни қолди.
У лаънати шу ичкиликбозликни ташлашга неча марта сўз берар, лекин уч-тўрт кун ўтмасданоқ, «ўзи билмай» яна эчки қасамга айланиб – уйига одатдагидек чайқалганича кириб келар, бошини хам қилган кўйи кекса онасининг беозоргина нолишларини тинглар эди.
Бойхон яқинда уйланди. Тўғрироғи, уни уйлантиришди. Ака-опалари –ўлни-қўлга бериб, оналари билан обдон маслаҳатлашиб келин топдилар. Келин – Янги даҳа томонда яшовчи аммасининг қизи бўлди. Аммаси тўйдан сўнг уларникига тез-тез келиб турар, бироқ ҳар ташрифида куёвини таънаю танбеҳлар тошбўронида эзиб ташлар эди: «Ҳой, жиян, соқол-поқолни мундоғ қиртишлаб юрсангиз бўлмайдими?.. Ҳой, йигит, қачон сиз ҳам мундоғ одамга ўхшаб уйга ойлик кўтариб келасиз?.. Раҳматли аканинг арвоҳлари ҳурмати, гулдай қизимни бир ялангоёққа қўшдим, эсам…»
Амманинг узундан-узоқ оҳ-войини Бойхон тоқат билан эшитарди-ю, бироқ келин, «Ойи, бўлди, бас!» дегандай овозсиз илтижо қиларди.
Аммасининг қизи Сарғишдан келган, юзлари чўзинчоқ, қошлари сийрак, қўнғиртоб кўзлари ўйчан бўлиб, ишқилиб, гулдай эмасди. Лекин, тилло экан. У келин бўлиб келди-ю, ҳаробгина ҳовличага файз кириб қолди. Аммо Бойхонда ҳче бир ўзгариш сезилмасди. У ҳар эрта бир ёқЛарга гумм бўлар, аллакимларгадир ёлланиб,  ишлаб топган ва беш-олти сўмини кечқурун хотинининг олдига  уялиб, авайлабгина қўяр эди. Бироқ аҳр уч-тўрт кунда гандираклаганича ғўддайиб бўсағада пайдо бўлишини ҳам ташламасди.
Бойхон маст чоғлари, негадир, кўпроқ ийманар, хотинининг  аюҳаннос солишини, «кетаман», дея пўписа қилишини, уввос тортиб йиғлашини жуда-жуда истар эди. Хотини эса ҳеч бир жирканмай, ҳайиқмай, эрининг ифлос кийимларини ечар, ювинтирарди.
Бойхон кўпинча кечки емакдан сўнг муздай дераза ойнасига танглай тираб, маҳзун қоронғуликка чўмган торгина ҳовлидаги совуқ урган ўрик дарахтига сўзсиз тикиларди. Неча-неча баҳорлардан бери гулламайдиган, ғуж-ғуж япроқлари кузнинг оловли дами етмасданоқ Сарғайиб, қовжираб битадиган бу дарахт, сертомир қадоқ қўллардек шохларини кўкка чўзиб, неларнидир фалакдан сўраётгандай совуқ шамолда дийдираб, чайқалиб турар эди.
«Барибир мени ташлаб кетади», деб ўйларди у хотини ҳақида, деразадан ҳорғин кўзларини узмай.
Лекин хотинида кетиб қолиш нияти йўққа ўхшарди. У эртаю кеч ҳовлида ктсймаланар – супириб-сидирар, ювиб-тарар, кекса қайнонасига гирдикапалак бўлар эди. У ғимир-ғимирлари, Айниқса Бойхон уйда пайтлари авжига чиқар, ҳойнаҳой, Эри билан юзма-юз, бекорчи ўтиришдан, гап тополмай қийналишдан бениҳоя чўчир эди. Шу сабабли ҳарқалай Бойхон хотинига тик қарамоққа ботинолмасди. Баъзан Бойхоннинг ўз-ўзидан завқи жўшар, келинчакни эркалагиси, меҳрибонликлар кўрсатгиси келар, лекин бунга журъат этолмас, тўғрироғи бу хил яқинликда ўзини мутлақо ҳақсиз, деб ҳисоблар, бутун бор-йўғи, юриш-туриши билан хотини олдида ўзини муттаҳамдай ҳис этарди!
Аммо кунлар кетидан кунлар ўтаркан, юрак бағрида тош бўлиб ётган куз қатламлари Аллақандай англаб бўлмас олов тафтидан аста-секин эриб кетаётганни Бойхон пайқаб борарди. Мардикорликдан қайтишда уй томон ихтиёрсиз катта-катта қАдам ташлаши, тез орада рўй берадиган кўзлар тўқнашувини ҳис қилиб энтикиши, уйида – юмшоқ ўринга сўзсиз чўзилишаркан, саҳарнинг яна уч-тўрт баробар узаймоғини исташи, худди шу антиқа қилиқларидан далолат бериб турарди. Лекин  жамики ноумид ва ношукур бандалар каби Бойхон ҳам кўнглига алангаланиб келаётган оромбахш оловга шубҳаю гумонлар сувини пуркар, ўзини-ўзи тушнкунлик, руҳсизлик тиғига тутиб берар эди.
«У барибир мен билан яшамайди, – деб ўйларди Бойхон. – Яна беш-олти кундан сўнг онасиникига жўнаворади…»
Бироқ уч кунча бурунги бир ҳодиса уни буткул бошқа ўзанга буриб юборди.
Ўша куни омади юришмаган Бойхон тушдан сўнг шалвирабгина уйига қайтганди. У ҳовли эшигидан оёғини оширди-ю, ажойиб манзаранинг гувоҳи бўлди.
Сочини чиройли турмаклаб, дурача билан танғиб олган хотини ўша ўрик дарахтининг шохларига кир ёймоқда эди. Дуррачаси тегидан чиқиб турган, шамолда ҳилпираётган узун-узун соч толаларига дарахтнинг нурдек ингичка бир шохи гўё ўпмоқчидай оҳиста-оҳиста силанар, келинчак эса ширин-шакар хаёллар оғушида завқланиб бетиним илжаярди.
Бойхон бу  хушманзарани тўрт-беш дақиқа – то унга хотинининг кўзи тушгунича томоша қилиб тураркан, ногоҳ, димоғига гуп этиб ўрик гулларининг ифори урилгандек туюлди. Боши айланиб кетди.
Хотини у томон илкис назар ташлади-ю, икковлари баравар илжайдилар. Бу уларнинг бир-бировига биринчи самимий табассуми эди.
Ўша куни кечки таомдан сўнг Бойхон одатдагидек деразанинг совуқ ойнасига юзма-юз бўларкан хаёлга чулғанди. «Йўқ, бундай яшаб бўлмайди. Одамсифат бўлишим керак, одам…»
У дераза ёнида узоқ турмади. Бир пайт миясига келган ажойиб фикрдан севиниб, қалқиб кетди. Алланималарни тикиб-бичиб ўтирган хотини бу ҳолни сезмади.
«Наҳотки, уч кундан сўнг унинг туғилган куни?! Балки адашаётгандирман?»
Бойхон зўр диққат билан хотирасини титкилаб чиқдив а адашмаганига яна бир бор амин бўлди.
Ўша чошгоҳ –ҳукумат нигоҳидан ўтказувчи танноз ходима ўз қалин дафтарига ёш келин-куёвларнинг исм-шарифларию туғилган йил, ойларини қайд этаётган чоғи у ўз қаллиғининг таваллуд кунига негадир, қизиқсиниб қараган ва яхшигина эслаб қолганди.
…Бойхон бу кунни энтикиб кутган эди. Миясига ажойиб фикр урилган ўша оқшомдан бошлаб уч кун бетиним ўзича турли-туман режалар тузди. Ҳаяжонланди. Ҳовлиқди.
Ниҳоят, ўша арзанда кун ҳам етиб келди-ю тонг қронғусида икки ойлик келинчакни саросимада қолдириб кўчага  отилди. Аммо кўча эшиги орқасида хотини ювиб-дазмолланган шимни обдон ғижимлашни унутмади, унда-мунда учраб қоладиган ўзига ўхшаш бетайин оғайниларининг «пўрим куёв бола» дея масхара қилишидан уялди.
…Бойхон бу кунни ширин хаёллар оғушида кутган эди. Шунинг учун ҳам нақ тушга довур қора терга ботиб сувоқ қиларкан, чарчаш ўрнига тобора ғайрати қайнаб, юз-кўзидан табассум аримади. Ниҳоят, мардикорининг антиқа ҳатти-ҳаракатларидан лол бўлган тепакал хўжайин қайта-қайта санаб узатган пулни чангаллаганича ҳовлиқиб кўчага отилди.
У хотинига қандай совға олишини ҳув ўша оқшомдаёқ дилига тугиб қўйган, ҳар эслаганда тўлқинланиб-талқинланиб юрганди. Кўз остидаги бу тортиб – сопол кўзача эди. Бойхон уни илк марта, бир ойча аввал, ароқ қаҳатчилиги сабаб арзон атир илинжида машҳур дўкон бўйлаб ҳўб изғиб юраркан, тепасига «Подарки» деб ёзилган бўлинма сотувчиси иддао билан кўргазмага қўяётган пайт кўриб қолганди. Ўшанда у сопол кўзачанинг бежирим ва ялтироқлигига, шунчаки қизиқсиниб қараб турган, сўнгра баданига Сарғиш бўёқ билан тасиврланган бир жуфт қушга сийрак  киприкларини пирпирата-пирпирата узоқ вақт анграйганди.
Унинг назарида қушлар қоп-қора тун аро ҳорғин учиб боришар, митти кўзларида шубҳа-ю ҳадик, умидсизлик ва аламзадалик қалқиб турар, чор-атрофда ҳеч бир қўналға белгиси кўринмас эди.
Бойхон ўшанда сопол кўзачага тикилиб тураркан тиззаларига, бармоқ учларига титроқ инаётганини, юраги алғов-далғов бўлиб кетаётганини сезди. Беихтиёр қушларнинг оёқчалари тагига оппоқ гуллаган ўрик шохи тасвирини туширгиси ва қушларни шу ерга қўндириб чек-чегарасиз парвозни буткул тугатгиси келиб кетганди.
Шу-шу бўлдию, у бу мўъжаз дўконга тез-тез келиб турадиган, ғоят антиқа туюлган ўша сопол кўзачага ҳийла вақт ҳайратланиб тикиладиган ташвиш орттирди. Бироқ унинг дайдиларча ивирсиши дўкончиларни шубҳалантириб қўйди шекилли, куни кеча Бойхон пештахта ёнида пайдо бўлиши биланоқ, «хизмат, укагинам» деб сўради сотувчи аёл пардоз-андоздан андак тўхтаб.
– Анави кўзачангиз… – ғўлдиради Бойхон, – жуда зўр экан.
У, негадир сотувчининг «ҳа, жудаям ажойиб, менга ҳам ёқади», дейишини, сўнгра ўзи тасвирдаги учиб бораётган қушлар ҳақида тўлиб-тошиб гапиришини, хотинига шу кўзачани совға қилмоқчи эканлигини айтиб маслаҳатлашишни жуда-жуда истаган, ҳатто, шундай бўлишига қаттиқ ишонган эди.
Аммо сотувчи аёл аллақандай ғашланган қиёфада ҳеч гап-сўзсиз у ишора қилган матоҳни олиб узатмоққа шайланди.
– Йўқ-йўқ, ҳозирмас, – деб юборди шоша-пиша Бойхон, худди қўққис ширин уйқудан уйғонгандек. – эртага оламан.
Сотувчи аёл елка учирди:
– Ихтиёрингиз, лекин шу охиргиси…
…Бойхон бу кунни интиқ кутган эди. Шунинг учун ҳам хотинининг кечқурун қувонч ва меҳрдан лов-лов қизаришини хаёлида жонлантира-жонлантира энтикканча кетиб борарди. Аммо…
Аммо катта чорраҳа биқинидаги ҳар бир тош-кесагигача ўзига таниш бўлган ичимликлар дўкончаси ёнидан ўтаётганида қадамлари беихтиёр секинлашди. Ахир у ерда бақалоқ сотувчи турли ичимликларга лиммо-лим ёғоч қутиларни ғайрат билан ичкарига таширди-да.
«Об-бо, зап устидан чиқибман-у, деб юборганини Бойхоннинг ўзи ҳам сезмай қолди. Лекин даров сергак тортди. Қайга, не сабабдан кетаётганини эслади.
Ичимликлар дўкончаси ёнида одамлар дақиқа сайин кўпайиб, ғала-ғовур билан навбат талашардилар.
Бойхон чўнтагидаги пулларни кафтида сиққанча йўлида давом этди. «Кўпроқ пулим бўлганда, икковига олиб қўйсам яхши эдида», деб ўйлади у пулларини янада маҳкамроқ сиқимлаб.
«Озгина ютиб олганимда чарчоқларим тарқаб бир ҳузурланардима», деб ўйлади Бойхон негадир асабийлашиб. Унинг қадамлари ўз-ўзидан сусая-сусая, ниҳоят, ҳаракатдан тўхтади. Уч-тўрт шиша ароқ қучоқлаб шодон кетаётган ур-тўполон билан навбат талашаётган кишиларга саросималаниб термулди.
«Бир шишага-ку қурбим етар-ов», деб ўйлади Бойхон оломон томон беихтиёр уч-тўрт қАдам ташлаб. – Бир донагина атиргул олсам ҳам бўлади-ку, ахир совғанинг катта-кичичи, яхши-ёмони йўқ».
Бойхон чўнтагига қўл солди. Лекин, шу лаҳзаёқ, хотинининг ҳувв, ўша ўрик тагидаги табассуми «лоп» этиб кўз олдига келди-ю, шаштидан қайтди.
«Йўқ, бугунча ичмайман», деб ўйлади у қўлларини мушт қилиб. Бойхон изига қайрилди-да, йўлига равона бўлишга чоғланди. Шу пайт оломон орасидан сирғалиб чиқаётган икки саёқ оғайнисига кўзи тушди-ю кўнгли равшан тортиб кетди.
Бойхон дарҳол гумм бўлиш ўрнига беихтиёр одимлаши сусайди, анавиларнинг назарига тушиш учун пинҳона ҳужум бошлади.
«Дўстлардан қочиш яхшимас», дея ўйлади у ўз-ўзини алдаб. Ниҳоят, орқадан таниш ҳуштак овози янгради. Шусиз ҳам тоқати тоқ бўлиб турган Бойхон «ялт» этиб ўгирилди.
Уч-тўполонда терлаб кетган, соч-соқоли ўсиқ, кўзлари қизарган оғайнилар етиб келишди. ҚисқАгина ҳол-аҳвол сўрашдилар.
– Бу, дейман, томоқлар қуриб битибди-ёв, а, – деди шериклардан бири Бойхонга қарата.
Бойхон айбдорона илжайди.
– Юр, биз билан, – сирли кўз қисишди оғайнилар.
Бойхон ботинолмайгина минғиллади:
– Йўғ-э, Ишим бор-да…
Икковлон баробарига хохолашди.
– Ҳа, энди, – деди ароқ қўлтиқлагани. – уйлангандан сўнг қийин-да…
Шериги ЛуқмА ташлади:
– Айниқса, хотинидан қўрқадиганга.
– Мен ҳеч кимдан қўрқмайман, – деди Бойхон қўрслик билан. Шу тобда барии ширин ўй-хаёлларию, совға олиш кўйида ҳаллослаб юришлари ўзига эриш туюлиб кетди.
– Қўрқмаслигингни ҳали исботлаган эмассан, – деди оғайнилар олдин-куетин.
Бойхон бу қочириқни деярли эшитмади, чунки у Айни пайтда ғоят паришон туриб, хотинидан қўрқар-қўрқмаслигини ўзича, ростакамига ўйлаб кўрмоқда эди.
оғайнилар бетоқатланди:
– Юарсанми, йўқми?!
Бойхон бир чўчиб тушди-да, индамай уларга эргашди. «Озроқ ичсам ўлмасман», деб ўйлади у ўз-ўзидан ғазабланиб. «Хотинни табриклаш қочмас…»
Улар ўзларига қадрдон дарахтзорга йўл олишди.
Бойхон бошқа ҳеч вақони рўйирост эслаёлмайди. Агар адашмаса, у боши сал қизигач, одатдагидай саҳийлиги тутиб чўнтагидаги бор пулни ўртага ташлаган, оғайнилардан чаққонроғи шартта олиб,яна дўконга югурган…
…Бойхон бу кунни зор-зор кутган эди. Энди эса кўнгли айниб,  қақшаб-титраб, дарахтга мадорсиз суяниб турар, кимгадир тинмай алжирагиси, ҳўнг-ҳўнг йиғлагиси келар, боягина нафрат ва масхарага лиммо-лим юраги яна қуриб-қовжираб, ҳалим тортиб борар эди.
«Кетгин, мени ташлаб кетақолгин. Шунча хорлик, шунча зорлик сенга зарилми? Юзимга мириқиб туфла, дунёни бошингга кўтариб қарға, лекин мени ташлаб кет».
Бойхон хотинига хаёлан мурожаат қиларкан, ўша ўрик дарахти ёнидаги меҳрли табассум, ҳовли бўйлаб сассиз куймаланишлар кўз олдидан лоп-лоп ўтди-ю ўз-ўзидан ўпкаси тўлиб, хўрлиги келди. Лекин ҳўнграб юбормаслик учун гандираклаганича юриб кетди.
Кеч кузнинг эрта қоронғулиги қуйилиб келар, бироқ, кўча-кўйда одамлар ҳали гавжум, машиналар вағиллаб ўтиб қайтар эди. Ёғин-сочиндан дарак бўлмаса-да, ҳаво хийла совуқ.
«Йўқ, мен барибир ўшани оббораман, – деб ўйлади Бойхон гандираклаб юриб бораркан, – совға қиламан, совға…»
У қулаб тушмасликка тиришиб, бир тўхтаб, бир юриб борар, унда-мунда учраб қолувчилар шоша-пиша ўзларини четга олишар, баъзилари ғижиниб, сўкиниб қолишар эди…
Бойхон бир амаллаб ўша дўконга етиб келди. Ичкари кирди. Дўконнинг чароғонлигидан кўзлари қамашиб, бир зум нафас ростлаш дардида четроққа тисарилди.
Ичкарида одам гавжум. Сотувчиларнинг қўли-қўлига тегмайди. /ала-ғовур авжида.
Бойхон бир амаллаб пештахтага яқинлашди. Юраги нечундир, ўз-ўзидан Гурс-гурс ура кетди.
«Ҳов, қушлар, – деди хаёлан у. – шошманг, биз сизларга қўналға чизиб берамиз. Биз ҳам…»
Бойхон сотувчи хотин ва харидорларнинг ўзига ажабланиб-ажабланиб тикилаётганини кўриб сал сергак тортди. Афтидан, у хаёлида эмас, ташида ғулдираганди.
Бойхон беўхшов ишшайиб яна тасвирга суқланиб тикила бошлади.
– Хизмат, укагинам. – деб сўради сотувчи Хотин, шекилли, у «укагинасини» таниган эди.
Бойхон илжая-илжая:
– Опа, анови… – деди зўрға.
Сотувчи у гапини тугатмасданоқ ўша сопол кўзачани дўқиллатиб пуштахтага қўйди.
Бойхон ишшайиб уни ўзига имлади:
– Опа, қулоғингизга бир гапим бор эди.
Сотувчининг энсаси қотди:
– Айтаверинг.
– шу.. илтимос, – деб ғўлдиради Бойхон кўзачани қўли билан силай туриб, – шунингизни насияга бериб туринг, жо-он опа, эртан пул опкеламан, хўп.
Сотувчи Бойхонга қайрилиб ҳам қарамай, кўзачани кўтарди-ю, жойига қўйди.
Шу чоғ бошқа бир харидор энтикиб турган Бойхонни туртиб юборгудек бўлиб ўтди-да:
– Ие, кўзачани бу ёққа узатинг, – деди сотувчига қарата, – кўрайлик-чи…
Бойхон сергакланиб ёнига қаради.
– Ўв, бу… меники…
Харидор ҳеч вақога тушунмай бир Бойхонга, бир сотувчига ҳайрон тикилди.
– Сал кайфи тароқ, эътибор берманг, – деди сотувчи қўл силтаб. – харидор оқилона бош чайқаб пул санаркан, Бойхон пештахта устида ётган кўзачага чанг солди.
– Бу меники… меники…
Харидор одоб билан ёпишқоқни орқага суриб қўйди.
– Қандай тузсиз одамсиз, – деди у Бойхоннинг тирсаги теккан костюмини қоқа туриб.
Бойхон шаштидан қайтмади.
– Меники… Совға қиламан…
Унинг ёшдан хира тортган кўзлари сопол кўзачадан бошқа ҳеч нимани кўрмас, қулоқлари ҳеч қандай ҳай-ҳайлашни эшитмас, Айни чоғда тинмай алжирашни, жанжал-тўполон кўтаришни жуда-жуда истар эди.
Бўлинма олдида томоша талаблар тўплана бошладилар.
Шу пайт аллақаердан айиқдай бақувват эркак сотувчи пайдо бўлди-да, Бойхонни осонгина қўлтиқлаб ташқарии томон судраб кетди. Бойхон жон аччиғида типирлаб қаршилик қилишга уринди. Аммо зум ўтмай ўзини ойнабанд эшик орасида кўрди. Совуқ ҳавода эти жунжикди.
– Йўқол! – деди сотувчи оёғи билан ерни тапиллатиб, гўё ёш болани ҳайдагандай. – Йўқолмасанг ҳозир мелиса чақираман…
Барзанги мушти билан яна бир бор пўписа қилди-ю ўзини ичкари олди.
Бойхон қаёққа юрарини билмай анча вақт эшик олдида гарангсиб туриб қолди. Унинг қулаб тушгдай чайқалаётганини, ғулдураб, тушунуксиз сўкинаётганини кўрган ўтиб-қайтувчилар ўзларини дарҳол четга тортишарди.
Қоронғулик тобора қуюқлашарди…