Ўз маърузалари билан аҳли Оврўпони бирқур анграйтиб ташлаб Париждан қайтган руҳшунос олим жаноб Дўланов олқишу таҳсинларга кўмилиб кетди. Турқи-таровати газета саҳифаларию, телеекранлардан нари кетмай қолди. Таниш-нотаниш дўсту ёронлар бир-биридан ўзиб қутлашгани-қутлашган.
Жаноб Дўланов деганлари ўша маълуму машҳур чўл қўйнидаги 41-посёлкада туғилиб ўсган ўзимизнинг Самад, Дўланов Самад Эргаш ўғли.
Бироқ айни чоғ уни дабдурустдан «ўзимизники», «чўллик» дейишга биров ботинолмайди; афт-ангорига, юриш-туришига шаҳар нусқи сингиб кетган, келиштириб-келиштириб пойтахт лаҳжасида сўйлашади. Баъзи бир шаҳарлик қишлоқиларга ўхшаб ижарама-ижара кўч-кўронини ортмоқлаб юргани йўқ, нақ марказдаги қўш қаватли гўшада уч хонали уйи бор. Болалари йўргакдан чиққандан бери инглизча боғчаю мактабга қатнашади. Ишқилиб, жаноб Дўланов, жаноб Самад деса дегулик.
Самад ўзини муборакбод этгали келган, юқори идоралардан бирининг масъул ходими саналмиш дўстини иззат-икром билан кузатиб қўйиб изига қайтди.
Кеч кузнинг совуқ бир оқшоми. Шаҳар аллақачон қоронғуликка қоришиб кетган. Теваракдаги баланд-паст уйларнинг деразаларидан сон-саноқсиз электр чироқлар чорлайди. Қай бир хонадондан қувноқ қийқириқлар, ола-тасир мусиқа садолари эшитилмоқда.
Самад муздек ҳаводан яйраб-яйраб керишди. Димоғи чоғ. Ҳалигина дўсти иккови ўртасида кечган сирлигина суҳбат ҳануз қулоқларини қиздириб борар эди. Дўстининг масъул ходимларга хос мужмаллик ва эҳтиёткорлик билан шипшишига қараганда, Самад илм бобида кўрсатаётган кароматлар ҳукумат раҳбарларининг ҳам диққат эътиборида экан! Худо хоҳласа, яқин кунлар ичида бирор бир унвон ё нишон жаноб Дўлановга насиб этар эмиш!
Самад учқур хаёллар қанотида қандай қилиб ўз даҳлизида пайдо бўлганини сезмай ҳам қолди. Хотини Ширина ҳалигина жўшқин кечган зиёфат асоратларини бартараф этиш билан банд. Сўлдаги чоғроқ хонада ўн икки яшар ўғли компютер ўйинига шўнғиган. Ёнида сингилчаси сақич чайнаб бетоқат кутиб турибди.
Самад залга ўтиб, юмшоқ курсилардан бирига ўтирди-да, ҳузур билан кўзларини юмди. У ўзини мукофотларга қизиқмайдиган, илму фан учун холис, фидойиларча хизмат қиладиганлар қаторига қўшиб юрса-да, айни чоғ дўсти келтирган муждалар ҳақида беихтиёр ўйларди: «Қизиқ, қанақа сайлов кутяпти мени? «Буюк хизматлари учун» орденини тақиб қўйишса-я?! Ё… ё «хизмат кўрсатган фан арбоби» унвонини беришармикан?! Эҳ, жа-а зўр бўларди-да, бунақа омад, бунақа бахт ҳар кимга ҳам насиб этавермайди…»
Самад енгил бир шарпадан сергакланиб, кўзларини пирпиратганча очди. Думалоқ стол устига чойнак-пиёла келтириб қўйган хотини унга мулойимгина термулиб турарди.
– Ухлаяпсизми, домулло? Қўйинг-э, қани, бир пиёла аччиққина чой ичиб олинг, ҳордиғингиз чиқади.
Ширинанинг юз-кўзлари тўла табассум, мамнуният. Гўёки, аҳли Оврўпани қойил қолдириб келгани эри эмас, айнан ўзгинаси, гўёки, эри энтикиб кутаётган мукофотни у аллақачон қўлга киритиб, сандиққа тиққан. Тоғни уриб талқон қилгудек бир кайфиятда дуррачасини қия-қия қўндириб, гулдор халатининг енгларини шимариб юрибди Қадду басти тўлагина бўлса-да, саъй-ҳаракатлари дадил ва чаққон.
– Чарчамадингизми, хоним? – деб сўради Самад, хотини назокат билан узатган бир пиёла чойни оларкан.
– Ву-уй, домулло, нега чарчарканман? Шунча илм қилиб қўйган сиз-у, бизларни чарчашга ҳаққимиз йўқ.
Ширина ўз сўзини исботлаб қўймоқчидек ирғиб ўрнидан турди-да, яна ошхона томон қувноқ йўрғалади. Самад унинг ортидан бош чайқаб, истеҳзоли илжайиб қўйди. Хотинига бу қадар жўшқинлик, бу қадар илмпарварлик ато этган тилсим унга жуда яхши аён: Самад, ҳув, Парижда майда-чуйда харажатлар учун берилган пулнинг хийлагинасини қисиб-қимтиб, тежаб-тергаб қайтган, бўсағадаёқ талай совға-саломлар ила хотинининг қўлига тутқазган эди. Шу-шу Ширина ял-ял яшнаб қолди. Агар, бу пуллар мўмайгина даромад бўлишидан ташқари, «домулло» олис юртларда ҳеч бир қинғир-қийшиқ йўлларга юрмай, вафодор эр сифатида, қати бузилмай уйга қайтганидан далолат ҳам эди-да!
Самад иссиқ, хуштаъм чойдан босиб-босиб ҳўплади. Шу пайт столнинг бир чеккасида ғужанак тортиб турган телефон устма-уст жиринглаб юборди. Самад эринибгина узалди-да гўшакни кўтарди.
– Ал-ё.
Нариги томондан ҳаяжонга тўла, бўғиқ бир саҳройи товуш эшитилди.
– Ол-а, ола-а! Бу ким, Самад, ўзингми?
– Ҳа, мен, – аранг сас берди навқирон олим, юраги алланечук нохушликни сезиб.
– Ола-а-а, бу мен, Улаш акангман, танимадингми-а, ола-а? Шаҳрингга би-ир кеп қолдик-да, хайрият уйда экансан…
Самаднинг таъби тирриқ бўлди. Бу вайсақи, ичкиликбоз нусха шаҳарда пайдо бўлибдими, демак муқаррар уникига дорийди! Ёлғиз ўзи эмасдир? Соғиниб кетдик сени, деб уйга уч-тўрт кун танда қўйиб олса борми?! Йўқ, бирор бир силлиқ баҳона билан бу даҳмазанинг йўлини тўсиш керак, эсам, Ширинадан балога қолиши тайин. Кейин минг бир парижнинг минг қоп пулини орқалаб келса ҳам бу гуноҳини юволмайди. Ана, чўл исини олди, шекилли, хотини ҳурпайган кўйи бир-икки ёнига келиб кетди. Самад жирканганнамо қўл силтаб уни ошхона томон ҳайдаган бўлди. Сўнг:
– Ҳа, гапираверинг, Улаш ака, қулоғим сизда, – дея телефон гўшагига тўнғиллаб қўйди.
Ҳолбуки, бусиз ҳам Улаш ака деярли нафас олмай, ҳаяжон билан гапириб ётар, гоҳ аллакимнинг саломини етказса, гоҳ чўл янгиликларига узук-юлуқ кўчар эди. Ҳамюртининг бу қадар тўлқинланиб, шоша-пиша гапириши Самадга ёқиб, кўнглида умид уйғотди: «Ҳарқалай, телефонда гаплашиб, хайр-хўш қилмоқчи-ёв…»
Бироқ лаҳза ўтмай ҳафсаласи пир бўлди.
– Ола-а-а, ол-а, – деб қолди бир пайт саҳройи сўхта. – Самад, сенинг вақтингни олиб, тилфонда гапириб ётганимни қара-я, уйингга боргач бемалол…
Самад шоша-пиша тилга кирди:
– Йў-ў, йў-ў, гапираверинг, Улаш ака, овозингизни эшитиб турганимдан жуда хурсандман, гапираверинг, бемалол. Қаердан қўнғироқ қиляпсиз ўзи?
– Билмайман, – дея шарақлаб кулди Улаш ака. – Бир тилфонхонадан-да. Ҳозир шу ерга автобус тушириб кетди.
Таъби тобора тирриқ тортиб, энсаси қотаётган Самад вайсақи, ароқхўр нусхани бир амаллаб уйига йўлатмаслик учун хаёлан баҳона изларкан, атай гапни чўзди.
– Қандай ташвишлар билан юрибсиз ўзи, Улаш ака?
– Э, ҳали кўришганда айтаман. Ташвиш эмас, ҳайрли иш, Самадбой, хайрли иш.
– Са-ал учини чиқаринг-да, ака, ичим қизиб кетяпти.
Саҳройи сўхта тағин шарақлатиб кулди, сўнг томоқ қириб-қириб тилга кирди.
– Қўймайсан-да, Самадбой. Мен тилшунослик илмида бир кашфиёт қилдим.
– Кашфиёт?!
– Ҳа, ҳали икковимиз тоза машҳур бўб кетамиз. Сен мени тил билан шуғулланадиган жойларга олиб борасан.
– Қанақа кашфиёт, Улаш ака?
– Ҳозирча сир.
– Об-бо, айта қолинг, ҳеч қурса, андак имо-ишора қилинг.
Улаш ака тағин яйраб-яйраб кулди.
– Барибир илм одамисан-да, Самадбой, кашфиёт деган нарсани эшитсанг, қулоғинг динг бўлади. Хўп, майли, сал-пал сиримни шомоллатай, хў-ўш-ш… мен «қаҳрамон» сўзининг антонимини топганман.
– Нима? «Қаҳрамон» сўзининг антоними?! Бунинг нимаси кашф…
Шу пайт алоқа туйқус узилиб, телефон гўшагидан «дут-дут»лаган қисқа-қисқа сас эшитила бошлади. Бирқур енгил тортган Самад гўшакни жойига қўйиб, ошхона ёқдан бош кўрсатган хотинига ташвишли тикилди.
– Ким экан, жа-а апоқ-чапоқ гаплашдингиз? – сўради Ширина. Эрининг биқинига қадалгудек авзойда яқинлашаркан. – Бирор чет эллик оғайнингизми, исмлари ҳам ғалати экан.
– Чет элликдай гап, чўлдан келган. /ирт алкаш, жинни одам. Агар унинг қўлига тушар бўлсам, нақ бир ҳафта тинкамни қуритади. Бир бош оғриқ билан шаҳарга келганга ўхшайди. Уйингни ҳам пайтава қўлансасига бўктириб юборади.
Ву-уй, – дея ёқа ушлади Ширина, мусичадек беозор қиёфага кириб.
– Ҳозир жирингласа сиз трубкани кўтарасиз: Мени сўраса… мени сўраса… – Самад ҳам чўлликни ранжитмайдиган, ҳам унинг олдида обрўсини бир карра кўтариб қўядиган баҳона излаб обдон бош қашлади. Кароче, чет эл элчихонасига чақиртириб қолишди, денг.
Ширина димоғида илжайди.
– Хўп, хў-ўп, домулло.
Бироқ қайта қўнғироқ бўлмади. Ширина эри ёнида беш-ўн дақиқа салланиб, ҳозиру нозир тургач, тағин уй юмушлари билан куймалана кетди. Самад эса юмшоқ курсисига бемалол ястанган куйи хаёлга толди. Ҳалигина қулоқ-чаккасига болғадай урилган дағал товуш эгасининг қоп-қора, туршакдек афт-ангори бот-бот кўз ўнгига қалқиб чиқар эди.
Ҳа, ўша Улаш деганлари чиндан ҳам Самаднинг ҳамқишлоғи. Асли касби агрономлик. Аммо қурмағурнинг кўнгли шеъриятга шайдо. Ҳув, бир замонлар бир чимдимгина ғазали туман газетасида босилган. Шу-шу ўзини аҳли қаламлардан санайди, донгдор-донгдор битикларни у-бу давраларда худди ўзиникидай ихлосу эъзоз билан ўқиб бериб, донг таратиб юради. Шу боис бировлар чиндан, бировлар масхараомуз уни агроном-шоир, деб аташади. Аллақандай Шурқор Ҳобил отлиғ ёзувчи 41-посёлкага борганида Улаш ака билан танишиб, хўб ичкиликбозликлар силсиласида бир-бирларини ялаб-юлқаб, қиёматлиғ оға-ини тутинишган экан. Оқибат шулки, оға ёзувчи кейинчалик агроном-шоир ҳақида «Жазирамадаги одам»ми, «Жазодаги одам»ми, деган асар битиб, унинг устидан сурбетларча кулган, маддоҳ, кўчирмачи сифатида таърифлаб агроном шоирни ўзича ер парчин айлаган. Аммо май шишаларига маҳкам таянган экан, шекилли… Улаш аканинг қаддини бу янглиғ таҳқирлар хуружи буколмаган.
Самад бултур баҳор адоғларида 41-посёлкага борган чоғи Улаш ака билан туйқус учрашиб қолишди. Агроном-шоир дала йўл ёқасидаги каллаклаб кесилган каттакон тут томонига орқа тираб, хомуш ўтирган экан. Эгнида жулдур камзул, оёғида йиртиқ ўн биринчи калиш, сийрак, тиканакдек соч-соқоли ўсиқ.
Улар қуюқ салом-алик қилишгач, Самад ўзича агроном-шоирга мойдек ёқар мавзуга кўчди.
«Ижодлар қалай, шоир ака, бошқасини қўйинг, шундан гапиринг»
«Ҳарна… бўляпти» – деди Улаш ака истамайгина, кулимсираб.
«Э, бўшашманг-да, ҳув, илгари достонлар ёзиб ташлайман ҳали, деб кариллаб юрардингиз, ваъдалар қани, шоир ака?»
«Самадбой, мен достон битсам, анови Шунқор Ҳобилларнинг нонини яримта қилиб ташлайман-да».
«Э, яримта қилманг, ош-нонини буткул тортиб олинг қўлидан, ҳе-ҳе-ҳе, сиз шунга арзийсиз, шоир ака».
«Самадбой, – деди Улаш ака олис-олисларга ҳорғин тикилиб.- Шу… шоир бўлиш учун шеър-достонлар ёзиш шартми?»
«Ия, афандичалиш гап қилдингиз-ку, ака, албатта, шарт-да. Сиз зинғиллатиб ёзиб ташланг, «Жаҳон адабиёти» деган журналга чиқаришга ўзим гарантия бераман. Асарни тайёр қилинг-у, дарҳол шаҳарга кўтариб боринг. Мана, сизга менинг визиткам…»
Самад уй манзили, телефон рақамлари зарҳал ҳарфлар билан битилган бежиримгина қоғоз парчасини агроном-шоирнинг қўлига тутқазди.
Ўшанда у ака Улашнинг достон тугул икки қатор ўлан тўқишига-да ишонмаган, шунчаки, ичкилик касридан чувринди чолга айланиб қолган ҳамқишлоғига ҳазил-мазах билан пишанг берган эди. Қарангки, шаҳарлик олимнинг ишонмаганини пайқагандай, агроном-шоир, ниҳоят, шеъру-достонларни тинч қўйиб, ўзини тилшунослик илмига урибди! «Қаҳрамон» сўзининг антонимини топган эмиш…
Самад беихтиёр кулиб юборди. Аллақачон юмушларини тиндириб, телевизорга лоқайд термулиб ўтирган Ширина эрига, ҳайрон кўз ташлади.
– Тинчликми, домулло? Ё ухлаб туш кўрдиларми?
Самад «Э, шунчаки», дегандай енгил қўл силтади-да, чойи совиб қолган пиёлага интилди.
Мана, тағин анчагина вақт ўтди. Бироқ телефон ҳануз жим. «Қизиқ, нега қайта қўнғироқ қилмади» – андак хавотир билан ўйлади донгдор олим, – ё, хафа бўлдимикан?»
Самад уйига саҳройи сўхтанинг келишини нечоғлик истамаётган бўлса, уни хафа қилиб қўйишдан ҳам шунчалик чўчиётган эди. Ахир, гап чувалашса ёмон-да! Эргашбойнинг шаҳарлик эркатойи бечора ҳамқишлоғини уйига киритмабди, деган шивир-шивир сассиғига чидаб бўладими?
Самад хотинига алланечук мутеълик билан термулди.
– Хоним, анови озиб-ёзиб би-ир шаҳарга кеп қолибди, уйга таклиф қилиб қўяверайлик-а, саҳар азонда бир амаллаб жўнатиб юборамиз.
– Ихтиёрингиз, – Ширина лоқайд елка учирди. – Ана, телефон қилса ўзингиз бемалол жавоб бераверинг.
Самад бир қур енгил тортиб, мамнун илжайди. Сўнг тўзғиб ётган болалар хонаси томон кўз ташлади. Қизи диван устида аллақандай газетани юзига қоплаганича мусиқа тингламоқда. Ўғли эса ҳануз компютер билан андармон.
– Эй. Болалар, – деб жеркинди Самад, – етар энди, ухлаларинг.
Гоҳ мудраб, гоҳ ҳомуза тортиб ётган Ширина ҳам телевизорни ўчирди.
– Чарчадим, мен ҳам ётаман. Қилар ишим қолмади, – шекилли.
У эринчоқлик билан ўрнидан қўзғалди-да, бироз ивирсиб тургач, ётоқ томон юринди.
– Айтганча, хоним, – деб қолди хотинига анчадан бери паришон тикилиб турган Самад, – қип-қизил дипломли филологсиз, қанақа сўзлар антоним сўзлар дейиларди, сал унутибман.
Ширина узун бир ҳомуза тортиб оларкан.
– Қарама-қарши маъноли сўзлар, антоним сўзлар, – деди билағон ўқувчилардек, – масалан, аччиқ-чучук, паст-баланд.
– «Қаҳрамон» сўзиники-чи?
– «Қаҳрамон…» – мужмал елка қисди Ширина, – «қўрқоқ», шекилли.
«Қаҳрамон-қўрқоқ» – хаёлидан ўтказди Самад, ётоққа кириб кетган хотини ортидан қараб қоларкан. Бироқ бу жавоб уни сира қониқтирмади.
Кўп ўтмай бутун хонадон чуқур сукунатга чўмди. Самад чойнакдаги яхна чойдан пиёлага қуйиб, паришон ҳўпларкан, ҳануз «қаҳрамон» сўзига антоним излар эди: «Қаҳрамон-номард», «Қаҳрамон-қочоқ», «Қаҳрамон-балойи баттар»…» Бироқ ҳеч бир топилдиққа кўнгли тўлмай, асаблари чатнай бошлади. «Йўқ, ҳеч ўхшамаяпти-да, ух, уккағар агроном-шоир, жа-а бошини қотириб қўйди-ку?!»
Телефон жимигандан жимиб кетди. Аммо арзанда антоним сўз кўйида бир ўтириб-бир туриб, гоҳ бош қашлаб, гоҳ лаб тишлаб тўлғонаётган Самад қўнғироқ кутаётганини аллақачон унутган. У бетоқатлик билан ўз иш ҳужрасига ўтди-да, баланд, кенг жавонга териб қўйилган жилд-жилд китоблар орасидан бирини суғириб олди.
– Қани, изоҳли луғатга қараб кўрайчи, – дея ўз-ўзига тўнғиллади Самад, семиз китобни шоша-пиша варақларкан. (Одатда у қизғин ижод чоғлари шундай ўз-ўзига гапириниб қолади) – Та-ак… мана… Қаҳрамон-жамиятда ёрқин фаолияти билан ажралиб турувчи шахс; жангда жасорат кўрсатган аскар…
Самад тағин анча пайт ўз-ўзига пўнғиллаб китоб титкилади. Аммо барибир зорманда антоним сўзни тополмай, қайта баттар хуноби ошди.
«Сўраб кўриш керак, бирортасидан кўриб билиш керак, – дея шитоб ўйларди навқирон олим, гоҳ у, гоҳ бу хонада бетоқат кезинаркан.-Хуш, кимдан сўрай?»
Туйқус эсига таниш бир профессор тушди. Ўз имзолари биқинига, «фил.фан док.» деб ёзишни ҳеч унутмайдиган бу серсавлат зот, у-бу йиғинларда гумбаздек қорнини қашлаб, «Тил илмини еб-ичиб юборганман» дея мақтанишни хуш кўрар эди.
Самад иш столи устидаги чарм жилдли дафтарчасини варақлай-варақлай тилшуноснинг телефон рақамларини топди-да, қўнғироқ қилишга чоғланди. Аммо телефон гўшагидан ҳануз ўша «дут-дут» -қисқа-қисқа сас эшитилмоқда эди. «Нима бало, бузуқми бу?» -хаёлидан ўтказди Самад, қизғиш аппаратнинг у ён-бу ёнига нуқилаб. Сўнг димоғида сўкинганича ошхонага ўтди. Ана, холос, худди ўйлаганидек-уй тармоғига жуфтлаб уланган телефон гўшаги ўз ўрнидан андак силжиб, қийшайибгина турарди!
«Ҳойнаҳой, Ширинанинг қилмиши бу! – аччиғланиб ўйлади Самад. – Шунинг учун анови қайта қўнғироқ қилолмаган. Ана энди чўлга бориб сасийди, Эргашбойнинг ўғли атай телефонини узиб қўйди, деб айюҳаннос солади. Эҳ, шарманда қилди-да бу хотин…»
Бироқ Самаднинг бутун қаҳру ғазаби телефон гўшагини зарда билан ўз ўрнига қўндиришга етди, холос. Одатдаги эрлардек қони қайнаб, тишлари ғижирлаб ётоқ томон чопиб кетмади, хотинини судроқлаб турғизиб, беаёв калтакламади. Ҳамма-ҳаммасига олимона мушоҳада-мулоҳазалари панд бурди, шаштини синдириб, қўлларини қайирди.
«Аввало асос керак, – хаёлидан ўтказди у, бирзум ошхонада сўнарибгина тураркан, – гўшакни атай кўтариб қўйганини исботлаш зарур, балки Ширинанинг шунчаки тирсаги тегиб кетгандир, балки сим-пими қаттиқроқ тортилган бўлса, гўшак ўз бошига қўзғолиб қолгандир? Хўп, ёлғон гапиришдан қочиб шундай қилган бўлса-чи?!
Уни алдовга ундаган ўзинг-ку?! Элчихонага чақириб қолган эмиш…»
Ниҳоят, навқирон олим ётоқда беозоргина ухлаб ётган хотинидан ҳаш-паш дегунча енгилиб залга қайтди. Айни чоғда у ўзини ёв қуршовида қолган жангчидек ҳис этарди: бир тарафда телефон машмашаси, бир ёнда Улашнинг муқаррар маломати. қоқ қаршисида эса аллақандай антоним сўз жумбоғи.
«Қаҳрамон-қўрқоқ», «қаҳрамон-қочоқ», «қаҳрамон-бўшанг» – антоним сўзлар галаси тағин хаёлига ёпирилди Самаднинг. У юмшоқ курсисига ҳорғин чўккан куйи хийла вақт бош чангаллаб ўтирди. Сўнг шашт билан таниш тилшуноснинг телефон рақамларини теришга киришди.
_ Ал-лў-ў, – эшитаман, – деди нариги тарафдан телефон гўшагини кўтарган киши.
Бир зум жим қотган Самад профессорнинг қироатли товушини таниб жонланди.
– Ассалому алайкум, домла. Узр, бевақт безовта қилдим, бу мен…
Самад ўзини танитгач, икковлон бири қўйиб-бири олиб, қайта-қайта ҳол-аҳвол сўрашишди, бир-бирини олқишлашди.
– Бир маслаҳатингизга муҳтожмиз, домла, – дея ниҳоят мақсадга кўчди Самад пайт пойлаб. – Ёрдамингиз керак.
Тилшунос дарҳол ҳушёр тортди.
– Хўш…хўш-ш…
– Бир жиянимиз аллақандай илмий иш ёзаётган эди. Кечадан бери «қаҳрамон» сўзининг антонимини тополмайди, денг. Мендан сўрагани-сўраган, охири, чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин, деб сизни безовта қилдим.
Тилшунос, пихиллаб-пихиллаб кулди.
– Самад Эргашевич, «қаҳрамон»нинг антоними бўлмайди. Масалан, сиз юрт довруғини хорижда ёйиб юрган қаҳрамон олимсиз, сизга ҳеч қанақа антоним йўқ.
– Раҳмат, домла, раҳмат, – дея минғиллади Самад, профессорнинг аскияси ёғдек ёқиб. – аммо лекин… анақа… тилшунослик илми нуқтаи назаридан…
«Фил.фан.док.»» тағин ҳазил-ҳузул билан жавобдан пайсаллади. Сўнг туйқус гап мавзусини буткул бошқа ёққа буриб юборди.
«Падарлаънати, тўнка»-ич-ичида сўкинди Самад, анча пайт профессорнинг тийиқсиз латифаларини паришон тингларкан. Ниҳоят, қуюқ-суюқ хайрлашувдан сўнг телефон гўшаклари жой-жойига қўнди.
Самад стол устидаги чойнакни шашт билан кўтариб яхна чойдан сипқорди. Бироқ ич-ичидан тошиб келаётган алланечук ташналик барибир босилмади. «Роса тинкамни қуритди-да бу бошқотирма, – деб ўйларди у, гарангсиб ошхонага кираркан. – Аммо ўша арзанда антоним сўзни топишим шарт»
Самад «ғир-ғир»лаб бир маромда ишлаб турган музлатгични очди-да, ҳув, оқшомги зиёфатда чала ичилган фаранги конъяк шишасини қўлга олди. Шу пайт телефон туйқус устма-уст жиринглаб кетди. Туйқус чинқириқдан чўчиб тушган Самад, бир зум гангиб турди-ю, сўнг илдам бўлиб гўшакни кўтарди.
-Ал-ё-ё.
– Самадбой ака сизми? – деб сўради йўғон бир товуш бетакаллуфлик билан.
– Ҳа, мен.
– Улаш деганларини танийсизми?
Самад саросимада қолди. Таҳдидли товушга қараганда, гапираётган кимса орган одамига ўхшайди. Афтидан, агроном-шоир бирор ишкал чиқаргану қўлга тушган, ўзича Самаднинг номини сотиб, қутилиб чиқмоқчи бўлган.
– Негадир ҳеч бунақа одамни эслолмаяпман, – деб мужмал минғиллади Самад. – Тинчликми? Сиз кимсиз?
– Мен учинчи касалхонада навбатчи врачман. У кишини машина туртиб юборган.
– А, нима?! – дея беихтиёр чинқириб юборди Самад, аммо бу чинқириқда ташвишдан кўра тантана, қайғудан кўра қувонч мўлроқ эди. Чунки у аллақандай алкашни деб орган одамларига чалкашиб қолганига буткул ишонган, ич-ичидан бу балодан қутулиш йўлларини излаб ётган эди-да.
– Ташвишланманг, ака. – дея юпатган бўлди навбатчи врач, навқирон олимнинг чинқириғини ўзича тушуниб. – Ҳайдовчи яхши инсон экан, дарров бизнинг касалхонага келтирибди. Улаш аканинг ёнидан визиткангиз чиқди, шунинг учун қўнғироқ қилиб сизни огоҳлантириб қўймоқчи бўлдим, узр.
Эс-ҳушини анча-мунча йиғиб олган Самад энди чинакам ташвишланиб сўради.
– Аҳволи тузукми, ишқилиб?
– Тузук-ку-я, ну…
– Нима гап, гапирсангиз-чи?!
– билмадим… эрталаб рентген қилиб кўрсак, аниқ бирор нима дейиш мумкин. Ҳозирча… назаримда Улаш аканинг мияси чайқалган…
– Мияси чайқалган?
– Менимча шундай, бир йиғлаб, бир кулади, ўзича алланималар, деб алжирайди. Кашфиёт дейдими-эй, антоним, дейдими-эй…
Самад туйқус сергак тортди. Ич-ичини тағин ўша сурбет қизиқиш қитиқлай бошлади.
– Кашфиёт қилдим, деб мақтангандир-да.
– Худди шундай, ака, – қийқириб юборди навбатчи врач. – Топдингиз. Аммо нимани кашф қилганини билмадим. Аввал ўзакка боқ, кейин ноғора қоқ, қаҳрамон-меҳрибон, меҳрибон-қаҳрамон, деб шеърлар ўқийдими-эй…
Самаднинг бутун вужуди бўйлаб ҳузурбахш ҳарорат югурди: «А, ҳа-а, қаҳрамон-меҳрибон! Рост аввал сўзнинг ўзагига қараш керак экан-ку?! Қаҳр-меҳр… А, ҳа-а, мана сенга ҳақиқий антоним сўзлар, қаҳрамон-меҳрибон, меҳрибон-қаҳрамон! Шу жўнгина жумбоқни ечолмай эсим кетди-я?!»
– Ал-ё, ал-ё, – дея навбатчи врач у ёқда ҳануз бўғилиб ётарди. – Нега жимиб қолдингиз, ака? Ал-ё, гапиринг, эй, ухлаб қолдингизми?
– А, нимани гапирай?
– Ия, сизнинг ҳам миянгизни чайқаб қўйдим, шекилли, а кўп гапириб. Ахир қаерда ишлайсиз, деб қачондан бериб сўраб ётибман.
Навбатчи врачнинг бу сўрови Самаднинг алланечук ҳамиятига тегди.
– Ўв, биродар, – деди у овозини бир парда кўтариб. – Ўзингизнинг миянгиз чайқалмаганми, ишқилиб. Ана, қўлингиздаги визиткада ҳаммаси ёзиб қўйилган-ку?
– Кечирасиз, – деб бўшашибгина минғиллади навбатчи врач, – бу қоғозга Улаш аканинг қони теккан, ёзувлари анча чапланиб кетибди.
– Газет-пазет ўқиб турасизми ўзи? – виқор билан қўшиб қўйди донгдор олим.
– Э-э, Самадбой ака, энди сизни танидим. Лекин… лекин Улаш ака кимингиз бўлади?
Самад томоқ қирганча тараддудланиб қолди.