Лобархон Рустамова. Дўст (ҳикоя)

— Акмалвой, ҳой, Акмалвой. Дўстим, бормисан?
Ҳали жавоб қилиб улгурмай, дарвозахонадан ҳатлаб улгурган Машрабжонни кўриб, Каримахоннинг энсаси қотди. Ичида: “Тавба, кутиб турса бўлмасмикан?”— дея ранжиди.
— Келин, яхшимисизлар? Соғ-саломат юрибсизларми? Болалар қалай? Қачондан бери кўз тутаман, дўстим эшигимдан кириб келар деб. Йўқ, ниҳоят сабрим чидамай, келавердим… Мана буларни олиб қўйинг.
Каримахоннинг юзлари буришди ва пакетларни олар экан:
— Яхши қилибсиз. Қани, сўрига ўтинг. Ўтиринг, — деди.
— Ўзи қаерда? —сўради яна дуодан сўнг.
— Ҳа… бир юмуш билан чиқиб кетгандилар…
— Азонлаб-а?
— Зарур шекилли-да. Ҳозир… чой олиб келай…
— Йўқ, келин. Овора бўлманг. Дўстимни жуда соғиндим. Тўғри гап кўп эмас, икки оғиз гаплашиб, дийдорлашиб, кетмоқчи эдим. Афсус…
Майли, қани омин, шу хонадондан файз-барака, давлат аримасин. Қўша қаринглар. Болаларнинг орзу-ҳавасини кўриб юринглар.
Мен борай. Айтинг унга, лоақал қўнғироқ қилсин.
— Айтаман, албатта айтаман.
— Яна айтинг. Қўрқмай бораверсин, машинасига бензин олиб қўйганман. Қўшним сотувди…
— Яхши…
“Оббо, роса кўргум келувди-я, дўстим. Сени соғингандим. Афсус, йўқ экансан. Аттанг. Бир мириқиб ўтирамиз дегандим, ёшликни эслаб”,— дея маъюс тортиб қайтар экан, Каримахон дарвозани ёпиб:
— Уфф, кутаман, деб ўтириб оладими, деб қўрққандим, ҳайрият, кўча қолди, — деди.
Ичкаридан эрининг:
— Ким экан? — деган овозини эшитиб:
— Яхши ҳамки, чиқиб қолмадингиз, шарманда қилар эдингиз одамни, — деди. —Ҳалиги, бору қишлоқдаги дўстингиз — Машраб ака. Ўша келувди. Сизни роса соғинганмиш. Ҳатто боришингизга бензин ҳам олиб қўйибди.
— Ростданми?! Шунақа дедими?
— Ҳа-да!
— Бечора дўстим, мени йўқлаб, шунча йўл босиб келса-ю сен қайтариб юборсанг. Оббо… Жа… ғалати бўлди-да.
— Нимаси ғалати. Бугун қаергадир бораман, дегандингиз. Гапга тушиб кетсангиз, ўша иш ҳам тахини ейди.
— Тўғри айтасан. Худо хоҳласа, бирор куни қишлоққа ўтиб кўриб келарман. Лекин дўстларимнинг ичида битта шу мени йўқлаб туради. Буни унутма.
— Хўп.
Акмалжон нонушта қилгач, машинани юргизди. У бугун бино қурилиши учун ажратилган ерни бориб кўрмоқчи эди. Йўл-йўлакай Машрабжон, у билан боғлиқ воқеалар ёдига тушаверди.
Ажабо, вақтнинг ўтишини. Уни ўтган йили ёзда кўргандим. Дўстим қишлоққа келибди, деб уйга чопиб келган экан. Қўярда-қўймай уйига олиб кетди. Келсанг деб атаб қўйгандим, дея оёғимнинг тагига қўй сўйди. Ошналаримизни чақирди. Лекин роса яйрагандик. Ўшанга ҳам бир йил бўлибди-я. Онаси, яқинлари тез-тез келиб туришганигами, қишлоққа бориш ҳам хаёлидан кўтарилибди.
Дўсти эса уни излаб келибди. У эса…
Аслида шу Машраб дўсти ажойиб инсон. Кўнглида кин сақламайди. Қўнғироқ қилмаса ҳам, йўқламаса ҳам, у қўнғироқ қилади, йўқлайверади. Баъзан қандай вақт топаркин, дея ўйлайди. Ахир турмуш икир-чикирлари, иш, йўриқ-йўсинлар дегандай… тузуккина дам олгани имкон топмайди-ю у бўлса.
Лекин нима бўлганда ҳам дўсти ўз оёғи билан эшигидан кириб келганида кутиб олиши керак эди. Яхши иш қилмади аслида.
Шу тобда болалик хотиралари ёдга тушиб кетди. Қишлоқ ён бағридаги тоғларда болалар билан чиқиб қўй боққанлари… ажойиб дамлар эди-да ўзиям. Қўй-қўзиларни яйловга қўйиб, ғир-ғир эсган шабадага бағирни бериб, майсалар устида ўй-хаёл суриб ётишлар… Оқшом тушгач, подани ҳайдаб катта сойда мазза қилиб чўмилишлари… Бундай катта ташвишлар хаёлга ҳам келмасди. Ҳамма қувончу шодлик тоғу тошлар, яйловлару сойлар, шу гўзал қишлоқ табиати бағрига жойлангандай…
Эсида, бир гал бошқалардан ажралиб орқада қолган қўйини ҳайдаб келаётиб катта тошга қоқилиб, юмалаб кетган. Ўзини тутиб қололмаган. Юз-кўзлари шилинган, боши ёрилган дўстини Машрабжон елкасида жиққа терга ботиб, шифохонага етказган…
Энди эса хоҳ кундуз, хоҳ тун демай хизматга шай шундай дўстига пешвоз чиқмади.
Акмалжон чуқур уҳ тортди. Катта йўл бошига етиб қолибди. Машинани чапга бурди.
Ҳозир бориб кўрадиган жойи асли унга тегишли катта боғ. Унинг нияти боғ ёнида бўш ётган, унумсиз яна уч гектарли жойни олиш ва унинг ўрнида мева шарбатлари ишлаб чиқарадиган тсех қуриш. Агар кўзлаган режаси амалга ошиб қолгандами, зўр иш бўларди-да! Ахир беҳудага технология соҳасига ўқидими?
Ҳамма қўлидан келган соҳа бўйича тадбиркорлик қиляпти. Акмалнинг ҳам бунга ақли етади. Тўғри, бошлаб олгунча қийин. Лекин буни албатта уддалайди. Асосийси, бинонинг битиши, дастгоҳларнинг ўрнатилиши, кейин малакали мутахассисларни топиш. Боғидан чиққан меваларнинг ўзи ҳам ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг анчагина қисмини қоплайди.
У шу куни боғи атрофидаги ер майдонини кўриб қайтгач, қурилишни бошлаш ҳаракатига тушди. Жамғариб қўйган пуллари бино пойдеворигагина етгач, кредит олишга киришди. Ҳали жиҳозлар ҳам керак.
Туни билан ўйланиб чиққан Акмалжоннинг дардига хотини малҳам қўйгандай бўлди.
— Дарвоқе, — деди у, — дўстингизнинг бир эмас, икки катта ҳовлиси, қўрасида моллари бор. Айтинг, ҳовлисидан бирини гаровга берсин. Ҳеч ким яшамаганидан кейин. Машинангизни қўйинг десам, ўзингизга керак.
— Тўғри айтасан. Афсус, тунов куни келганида яхшироқ кутиб олсам бўлар экан. Аҳмоқ хотин, сени сўзингга кириб, дўстимга ёлғон тўқидик, энди қайси юз билан бораман унинг олдига, нима дейман?
— Қизиқсиз-а, дадаси. Дўстингиз сизни кўриши билан ҳаммасини унутади. Ахир, уйда йўқ эдингиз-ку…
— Ҳа-я. Зарур юмуш билан юргандим. Майли бўлмаса, мен йўлга чиқаман. Борайин-чи, нима дер экан?
— Яхши.
Машрабжон томорқасида экан. Кенжатойининг:
— Дада, Акмал амаким келдилар, — деган гапини эшитибоқ, этиклари лой, қўлига бир боғ ўтни кўтариб олганича, шошиб чиқиб келди.
— Ие, ие, қайси шамоллар учирди. Сени ҳам кўрадиган кун бор экан-а, дўстим. Излаб бориб тополмасам. Қаерларда юрибсан? —деди Машрабжон қўлларини ювиб келиб, дўсти билан сўрашар экан. — Қани, қани ичкарига кирайлик. Самадтой, ҳо, ўғлим, онангга айт. Дастурхон ёзсин, дарров овқатга уннасин.
— Дўстим, намунча, ҳаммани шоширмасанг. Аввал ўтирайлик. Ҳозиргина чойдан турдим. Овқатга ҳали эрта.
— Келиб юрибмидинг. Тунов куни телевизор кўриб ётиб, бирдан ёдимга тушиб қолдинг. Тавба дедим. Бирор марта қўнғироқ ҳам қилмайсан. Ё қишлоққа келмайсан. Онангни ҳам кўргинг келмайди. Шаҳарда яшайди дегани тамоман шаҳарлик, дегани эмас-ку. Киндик қонинг томган тупроқни унутиб юборасанми?
— Гапиравер, ичингда аламинг қолмасин.
Шу пайт дастурхон, чой-нон кўтариб, Саидахон кириб келди.
— Хуш келибсиз, яхши юрибсизми? Каримахон, жиянларим соғ-саломатми? Ҳеч бўлмаса, ёз пайтлари бирров чиқайлик, демайсизлар-а…
— Келин, узр энди. Дўстим боядан бери роса таъзиримни берди. Худо хоҳласа, болаларни олиб бир чиқаман. Зерикиб, кетинглар энди, демагунларингча юраверамиз.
— Дўстим, бу уй сенинг ҳам уйинг. Мен одамдан зерикмайман. Одам ғанимат. Бугун бор эртага йўқ. Ўлим қош билан қовоқ орасида.
— Нима гап? Тинчликми? — сўради Акмалжон. — Бирортаси…
— Топдинг…
— Синфимиздаги Икромжонни эслайсанми? Вазмин, камгап йигит. Э, ёдингдан ҳам чиқиб кетган.
— Гапиравер-чи.
— Нимасини гапираман. Кеча маъракаси ўтди.
— Нима?!
— Шунга айтаман-да, одам ғанимат. Воқеа юз беришидан олдин бозорда учрашиб қолгандик. Раҳимжон бор-ку бақалоқ, охирги партада ўтирадиган. Шу ойнинг охирида ўғлига тўй қиляпти. Синфдошлар юз-юздан йиғамиз.
Икромжон билан шу ҳақда гаплашиб, якшанба куни барча синфдошлар Абсаломларникида учрашишга келишгандик. Кўрганларга хабар берадиган бўлгандик.
Кечда таъзияга чақириб қолишди. Қотиб қолдим, нима хаёлда бўлган, йўл ўртасига чиқиб қолибди. Тракторга урилибди. Икромжонни рул қисиб қолибди-да.
Зарб юрагига бўлган экан. Одамлар то ажратиб олгунларича жони узилибди.
— Эссиз, ҳали қирққа ҳам етмадик ахир.
— Шуни айтаман-да. Таъзия билдириб келишинг керак, дўстим. Синфдошлардан фақат сен қатнашмадинг, холос.
— Демак, сафимиз биттага камайибди-да, — деди Акмалжон ғамгин оҳангда. —Насима, Соиплар ҳам энди бу дунёда йўқ.
— Йўғ-э…
— Ҳа, Насима тузалмас касалдан ўлди. Соип кўп ичарди, жигари тсерроз бўлган экан.
— Худо раҳмат қилсин! —Акмалжон юзига фотиҳа тортди.
— Қани тур, ош пишгунча, ўтиб келамиз… Ота-онасининг қадди букилиб қолди. Оила рўзғорини тебратаётган Икром эди-да.
Акмалжон шошилинч келганини айтмоқчи бўлди-ю, таъзия учун важ-карсон кўрсатиш яхши эмаслигини, дўстининг кўнгли оғриб қолиши мумкинлигини ўйлаб тилини тийди.
Азадор ҳовлидан қайтишганда Саидахон дастурхон тузаб қўйганди.
— Ўлим ёмон нарса-да, — деди Акмалжон пиёладаги чойдан хўплар экан. —Бир куни бу дунёдан кетишимни ўйласам, шу югур-югур, шу ташвишлар беҳуда эканини англайман-да, ҳамма ишдан кўнглим совуб кетади.
— Лекин тирик жон, қимирламасак бўлмайди, оила, бола-чақа дегандай.
Саидахон чинни товоқда ош кўтариб кирди.
— Қани, олинглар.
— Яна бир оз ўтирсам, хамир солдирасан. Келин бугун кечгача ўчоқ бошидан кетмайди.
— Сен меҳмонсан, ҳар куни келиб юрибмидинг. Бир гаплашиб ёзилиб келаман десам, ўша куни йўқ экансан. Кутиб ўтирай десам, ҳайрон бўлдим. Келавердим. Бир қадам узоғи — узоқ экан.
— Лекин сендан миннатдорман, дўстим. Доимо аҳволимдан хабар оласан, йўқлайсан. Мен бўлсам лоақал қўнғироқ қилгани ҳам фурсатни баҳона қиламан. Аслида, одамгарчилигим йўқ мени. Ҳар қанча уришсанг, сўксанг, ҳатто мушт туширсанг ҳам ҳақлисан.
— Йўғ-э, унчалик эмас. Қани, ол. Фирманинг ишини юргизиш осонмас. Энди бизникига келсак, дала. Болалар қарашади. Мен бир-бир назорат қилиб тураман холос. Бўш вақтим кўп. Хижолат бўлма. Сени дўстим деганман. Қачон вақт топсанг, эшигим сен учун очиқ. Имкон топмасанг, ўзим сени йўқлаб тураман.
— Раҳмат, дўстим. Бағрикенглигинг, қалбинг мусаффо эканлигини биламан.
— Қани, ошдан ол. Кейин сенга далаларимни кўрсатаман. Унгача Саида кулчатой қилиб туради. Сен яхши кўрадиган овқат. Шундайми?
Акмалжон бир муддат тараддудланди ва:
— Дўстим, яна атай шу иш учун келибди, деб ўйлама. Лекин…
— Айт, айтавер. Менга айтмасанг, кимга айтасан. Бирор муаммоинг борми?
— Биласанми? Ҳозирча ишларим ёмон эмас. Лекин фирмамни кенгайтирмоқчи эдим. Яъни кичикроқ бўлса ҳам тсех қурмоқчиман, меваларни қайта ишлайдиган…
— Мендан қандай ёрдам керак бўлса, тортинма.
— Кредит олмоқчиман. Ўзинг биласан. Кредит учун гаров керак. Дўконни қуришда уйимни гаровга қўйгандим. Энди у пайтлар ўтиб кетди. Шунинг учун. Яна бир ҳовлинг борлигини биламан. Менга ёрдаминг керак. Маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб олсам, қарзлар узилади. Сени ҳеч қачон оғир аҳволга солиб қўймайман.
— Биламан… — Машрабжон ўйланиб қолди. Бундан Акмалжоннинг хаёлига: “Рози бўлгиси келмаяпти”. “Мана, сен учун ҳамма нарсага тайёрман, деган дўстимнинг оқибати”,— деган ўй келди.
— Тўғри, катта ўғлим учун яхши ниятда ҳовли қилиб қўйганман. Лекин опамнинг бир ўғли ҳозирча ўша ерда яшаяпти. Агар у ҳовлини сотсам опамнинг кўнглига келади. “Бир оз вақт ўтириб туришсин, десам, шуниям кўп кўрди”, — деган хаёлга боради. Майли дўстим, ҳечқиси йўқ. Мана шу ҳовлимни гаровга қўйиб, бир пулдордан қарз олиб бераман. Шундоқ қилсак, бўладими? Лекин гап уни кўндиришда қолди. Сирасига кўчада қолдирмассан.
— Қизиқ гапирасан-а. Худо хоҳласа, бу яхшилигингни ўн баровар қилиб қайтараман.
— Ундай дема, менга ишларинг бароридан келса, бас, етади. Кўнглим хотиржам тортади.
Чой олиб кираётган Саидахоннинг қулоғига “уй, гаров” деган сўзлар чалинди-ю Акмалжоннинг нима мақсадда келганини англагач, пешонаси тиришди: “Ахир, бу ҳовли катталар ўтган жой бўлса. Худо кўрсатмасин, иши юришмай қолса-чи, биз қаерга борамиз? Бошимизга қандай кунлар тушади?”.
Ҳовлининг ҳужжатларини олган Машрабжонни хотини ичкарига имлади.
— Ҳой, эсингизни еганмисиз? Ўртада туриб, қарзни-ку олиб берарсиз, лекин муддати келганда, дўстингиз у пулни тўлолмаса, уйни беришга тўғри келса нима қиласиз? Қаерга борасиз, ўйлаб иш қилсангиз-чи. Бунинг устига ота-онангизнинг арвоҳи чирқирайди.
— Ахир, тушун, дўстим шунга муҳтож. Иш бошлаб олса, ҳаммаси ўрнига тушади.
— Шундайку-я… Лекин юрагим негадир ғаш. Сарсон-саргардон бўладигандай.
— Оғзингдан шамол учирсин. Яхши ният қил.
— Барибир нотўғри қиляпсиз. Тагида машинаси турибди, нега уни гаровга қўймайди. Уй-жойи бор… Сотсин.
— Қўй энди…
— Ота-онасиники-чи? Нега сизга осилади?
— Мен кетдим. Шу ҳам муаммо бўлибдими? Умрида бир марта ёрдам сўраб келибди. Йўқ дейинми? У ҳолда дўстлигим қаерда қолади?
— Билганингизни қилинг. Лекин мен рози эмасман. Ҳеч қачон!
Дўстининг ҳаяллаганидан:
“Фикридан қайтиб қолдимикан?” — деган ҳавотирга тушган Акмалжон дўстини қўлида қоғоз билан чиқиб келаётганини кўриб, хотиржам тортди.
— Тинчликми? Саидахон хафа бўлган кўринади, — деди.
— Хотинларни биласан-ку! Доимо шубҳа-гумонлар билан яшашади.
— Дўстим, сени уялтириб қўймайман.
— Ишонаман, қани кетдик.

* * *

Орадан икки йил ўтди. Машрабжон бу муддат ичида дўстини тез-тез йўқлаб турди. Цех қурилиши якунланиб, дастгоҳлар ўрнатилганини ҳам, “Акмал—К” хусусий фирмаси ёрлиғи билан чиройли қутилар ва идишларда турли мева шарбатлари ишлаб чиқарилганини ҳам ўз кўзи билан кўрди. Ҳар гал борганида дўстининг ютуқларидан қувониб қайтди.
— Саида, қара, сен ишонмагандинг, Акмалжон ишлаб чиқарган мана бу маҳсулотларни кўргин. Қадоқланиши ҳам жуда чиройли-а? Чет элникидан қолишмайди. Мана, хоҳлаганингни — олма, олча, шафтоли, анор — ичиб кўр, зўр. Табиий маҳсулот. Саломатликка ҳам фойда.
— Яхши. Мен ҳам ҳурсандман. Фақат, ҳалиги одамингиз яна келди “Менга пул керак. Шунча пайт кутдим. Мени тўғри тушунинглар. Ҳовлингизни сотишдан бошқа чорам қолмаяпти”, деди. Шу гапни дўстингизга эслатиб қўйинг.
— Шундай де…
Машрабжон эрта-индин шаҳарга тушиб, бу ҳақда дўстига маълум қилишни режалаштириб қўйди.
Лекин борган куни уни тополмади. Фирма иши билан қаергадир кетган экан. Учинчи бор келганида Акмалжонни тсех ёнидаги ошхонадан топди.
— Сени кўп овора қилиб қўйдим-а, — дея қучоқ очиб кўришгач, дўстига ҳам овқат буюрди.
Бир оз у ёқ, бу ёқдан гаплашиб ўтиришди ва ниҳоят Машрабжон:
— Дўстим, ишларинг изига тушиб олганидан ҳурсандман. Имконият топиб, уй билан боғлиқ муаммони ҳал қилсанг, деб келгандим. Олов устида ўтиргандай бўлмайин. Бугун-эрта келин тушираман, қиз узатаман. Бир ишкал чиқмасин. Қани энди, қўлимда бўлса-ю сенсиз ҳам бу муаммони ҳал қилар эдим-ку! Афсус, даладан чиққани оиламиздан, болаларнинг қорни, уст-боши, ўқишидан ортмайди. Йиғиб-терганимиз тўйга керак.
— Дўстим, бундан хавотир олма. Сен тўй қилсанг, қараб турармидим. Бир томонини кўтараман, албатта. Лекин шу бугуноқ ўша ҳожи ака билан гаплашаман. Сени ортиқ безовта қилмайди.
Тавба, одамларга ҳам ҳайронсан. Ўша ҳожининг пуллари ачиб ётгани аниқ. Нега хасислик қилади-а? Берамиз ўша пулларини, қочиб кетармидик. Фойдани яна бир айлантирсам дегандим-да.
— У ҳолда биз тинч ўтираоламизми? — сўради Машрабжон.
— Албатта. Хавотир олма. Ҳаммаси яхши бўлади.
— Сенга ишонаман. Катта ўғиллари “тушиб қолибди”. Бунинг устига хотинлари оғир бетоб, тузалмас дардга чалинган. Шунинг учун миллион ўзига ҳам керак.
— Бундан кейин сенга гап бўлмайди. Ўзим ҳал қилиб қўяман.
— Яхши. Мен кетдим бўлмаса. Ишларинг бароридан келаверсин, дўстим. Уйга бор. Бир ёзилишиб ўтирайлик.
— Ўтаман, албатта. Ишларнинг кўпайганини кўрмайсанми? Цехни яна кенгайтириш ниятидаман. Чет элга бориб, тажриба ўрганиб қайтмоқчиман.
— О, жуда зўр-ку! —Машрабжон қувониб кетди. — Бизлардан ҳам машҳур тадбиркор чиқса, ёмонми?
— Жуда ошириб юбординг. Лекин маҳсулотимизни четга ҳам экспорт қиляпмиз.
— Ҳурсандман, дўстим. Жуда ҳурсандман.
Машрабжон ўша куни уйга оғзи қулоғида қайтди.
— Ҳа, ҳа, дадаси, тинчликми? Тилла топиб олдингизми? Ҳурсандсиз, — сўради Саидахон эрининг қўлига сув қуяётиб.
— Асти сўрама. Сенга айтмаганмидим, дўстим албатта мақсадини амалга оширади, деб. Мен ёрдам қилмаганимда ҳам барибир бошқа биров ёрдам берарди. Кейин мен уялиб қолардим. Ҳозирги мавқеини қара. Аллақанча гектарли ерда тсех, ишчилар, тракторлар, машиналар, кетма-кет ортилаётган маҳсулотлар. Ҳаммасининг бошида дўстим турибди. Бунинг учун билим, салоҳият, иш юритишни билиш керак. Дўстим қобилиятли, ўқимишли. Калласи ҳар балога етади.
— Сиз ҳам, фермерсиз, иш юритяпсиз-ку!
— Ҳа, энди бизники — дала. Ер билан тиллашамиз. У эса ҳатто чет элликлар билан тил топишяпти. Мактаб маълумотидан бўлак нима бор менда. Русчадан беш-олти сўз тушунсам.
— Бўлди энди. Ўртоғингизни жуда осмонга чиқариб қўйманг. Қишлоқда ўзингизга яраша ҳурмат-эътиборингиз бор. Болаларингиз ёнингизга киришди. Бировдан кам жойимиз йўқ. Худо берибди, пешонаси ярқираган экан. Кўп куюнаверманг. Омборда донимиз, қўрада мол-қўйларимиз бор. Бу йилги ҳосилдан машина олмоқчи эдик. Уни ҳам олармиз. Нима бало, ҳасад қиляпсизми?
— Йўғ-э, ҳасад эмас, ҳавас қиляпман. У билан фахрланаман. Унинг ютуғи — менинг ҳам ютуғим, хотин.
— Яхши. Уй масаласи нима бўлди. Шундан гапиринг, — деди Саидахон дастурхон ёзар экан.
— Хотин, қизиқ гапларни гапирасан-а. Уй ҳожи номида бўлди нимаю, мени номимда бўлди нима. Тортиб олармиди? Акмалжон ишларини бир ёғлиқ қилиб олсин, буни ҳал қилади.
— Қачон ҳал қилади. Эрталаб сиздан кейин яна келиб кетишди.
— У бугун гаплашади. Бизни бошқа безовта қилишмайди. Кел, бу мавзуга чек қўяйлик.
Даладаги ҳосил йиғиштирилиши билан ўғлини уйлаш тараддудида юрган Машрабжон ташқарига келиб тўхтаган машина овозини эшитиб, сергак тортди: “Оббо, яна келибди, шекилли. Акмалжон ҳал қиламан деганди-ку! Ёдидан кўтарилдимикан?”
У нима қиларини билмай, оёқларига титроқ кириб, ҳожи акани кутиб олиш учун пешвоз чиқди.
— Машрабжон, яхши юрибсизми? Қани ўтирайлик!
— Хуш келибсиз.
Ҳожи ака сўрига ўтди. Дуога қўл очди. Сўнг:
— Нуқул сизларни безовта қилавериш ўзимга ҳам ёқмаяпти. Лекин наилож. Дўстингиз лафзида турмайдиган йигит экан-ку! Сиз мардлик қилдингиз, дўстингиз учун молингиздан кечдингиз. Лекин у сизни, оилангизни оғир аҳволга солиб қўйганини заррача хаёлига ҳам келтирмаяпти.
— Узр, ҳожи ака, — деди Машрабжон. —Дўстим сиз билан учрашаман, деганди.
— Қорасини ҳам кўрганим йўқ. Бу ерга келишдан аввал шаҳарга тушдим. Дўстингиз билан юзма-юз гаплашиб олмоқчи эдим. Афсус, уйда эмас экан.
— Ишда бўлса керак.
— Чет элга кетибди.
— Айтгандай, тажриба ўргангани бораман, деганди.
— Бу ёғини нима қилдик энди?
— Ҳайронман. —Машрабжоннинг боши эгилди.
— Тушунаман. Шунча йил яшаган уйни ташлаб чиқиш осон эмас. Лекин ҳозир менга ҳам оғир. Қўлимда пулим бўлса, уйингизга муҳтожлигим бўлмасди. Сизларга ишониб бор пулимни бериб қўйдим. Хабарингиз бор ўғлимни қутқаришим керак. Бунинг устига опангизни даволатгани чет элга олиб бормоқчиман…
Машрабжон нима десин, нима қилсин? Дўстига ишонганди. Ҳал қиламан, деганди. Лекин бирор марта ҳам ҳожи ака билан учрашмай, хотиржам чет элга кетгани нимаси?
Ҳар ҳолда яхши иш бўлмади-да!
— Ука, мен борай энди.
— Сизга дастурхон ҳам ёзмадик, бироз ўтиринг.
— Ҳечқиси йўқ. Бугун-эрта бир қарорга келиб, хабарини берарсиз. Кутаман.
— Албатта.
Туни билан тикон устида ётгандай тўлғониб чиқди. Боши ғовлаб кетди. Нима қилиш керак?
Эрининг бу аҳволидан Саидахон ташвишга тушди:
— Нима гап? Мени ўйлаганларим бўлдими дейман? Ичингиздаги гапни мундоқ айтинг-чи?
— Кеча ҳожи ака келди. Ҳовлини сотишдан бошқа чорамиз қолмаяпти.
— Нима?! Дўстингиз қаерда? Топинг уни.
— У йўқ. Чет элда. Бир ойдан кейин келармиш. Уйларига тушиб чиқдим. Қўнғироқ қилмоқчи эдим, телефони ўчиқ экан.
— Яна телефон қилинг. Топинг. Шу ишни ҳал қилинг. Айбингиз дўстингизнинг ишини юришишига ёрдам берганингизми? Яхшиликка жавоб шуми?
Машрабжон эрталаб нонуштасини қилгач, шаҳарга тушди. Халқаро сўзлашувдан қўнғироқ қилди.
— Ие, Машрабжон, дўстим. Сенми? Рақамимни қаердан олдинг? — деди Акмалжон қўнғироққа жавобан.
— Яхши юрибсанми? Дарагинг бўлмай кетгани учун безовта қилишимга тўғри келди. Қачон қайтасан?
— Ҳали бор. Икки йигитни олиб келганман. Ўрганишяпти.
— Унда ҳожи ака ҳовлини сотаман, деяпти. Унга пул керак экан.
— Намунча қурумсоқ бўлмаса-я…
— Ўтган гал учрашиб қўймабсан-да…
— Вақт бўлмади. Олади-да ўша пулини. Эътибор қилма. Яна келса, эшикдан киритма.
— Ие, бу нима деганинг. Ҳужжат унда бўлса, қонунни талаб қиладиган бўлса, уйдан биз чиқиб кетишимиз керак.
— Хотинингга айт. Келганида бир тўпалон кўтарсин, қайтиб келмайди.
— Дўстим, ўзингмисан? Нималар деяпсан. Ўртада мени ноқулай вазиятга солиб қўйдинг-ку! Уйдан кетишдан бошқа чора қолдирмаяпсан? Ваъданг бошқача эди!
— Ваъда — ваъда. Лекин ҳозир менга яна озгина вақт керак. Дўстим, ўзинг бир йўлини қилиб тур. Қайтсам, бафуржа гаплашамиз. Майли, уйдагиларга салом айт. Мени чақиришяпти. Хайр.
Машрабжон қўлида гўшакни ушлаганича туриб қолди. “Ким ўзи бу? Дўстимми, бегонами? Нега ҳеч нарса бўлмагандай йўл тутяпти? Ахир мен оилам билан кўчада қоляпман-ку, нега ташвишланмаяпти? Дўсти шу қадар тез ўзгардими? Нега сезмабди? Болаларга нима дейман. Қаерга борамиз?”
Уйга келиши билан хотин дийдиёни бошлайди, деб ўйлаганди. Ундай бўлмади. Эрининг тушкун руҳини, ўтган икки йил ичида қартайиб, чўкиб қолганини ва ҳозир ҳам аянчли аҳволдалигини кўриб, бир сўз демади.
Дастурхон ёзди. Овқат келтирди. Пиёлада чой узатар экан,
— Кўп сиқилаверманг, худо ҳал қилар, — деди.
— Сени сўзингга юрмай қаттиқ янглишдим. Ўз билганимча иш тутдим. Мана оқибати. Дўст деб юрганим душманнинг ишини қилди.
— Ана энди ҳар бир ишга ўйлаб киришиш кераклигини тушунгандирсиз.
— Тушундим. Лекин кеч тушундим. Болаларимнинг кўзларига қандай қарайман. Қаерда, қандай тўй қиламан? Одамлар нима дейди? Уйини сотишга бориб етган экан, Машрабда бир гап бор, деган хаёлга боришмайдими? Азизлар, мен киндик қоним томган ватанимни ўз аҳмоқлигим туфайли, бировга алданиб қолиб, ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлдим, десам тўғри тушунишармикан? Беватан бўлиб қаерда изғиймиз энди.
— Нариги ҳовлида яшаб турсак-чи!
— Опамнинг ўғлини қандай қилиб, уйдан чиқ, дейман. Қиш келяпти. Биласан, ҳовлилари тор, уйлари оз. Шундоқ ҳам яна икки келин уйда бўлса. Бошим қотди.
Дўст деб ишонганим юрагимга пичоқ урди-я. Ахир йўқ жойда эмас, ўша пулларни топибди, нега бериб қўяқолмади-я…
— Менга қаранг, кўп куюнманг. Фойдаси йўқ. Тобингиз қочади, — деди Саидахон. —Чойингизни ичинг. Овқатланинг. Ётиб бир оз дам олинг. Мен ўйлаб қўйганман. Нариги маҳаллада Маҳфират момо бир ўзи яшайди. Боласи йўқ, бечора. Тўғри, уйлари таъмирталаб. Лекин бир ой ичида буни ҳам эпақага келтирса бўлади.
— Сен нега ўзингча? У кампир кўнадими-йўқми?
— Қизиқ гапирасиз-а. Суриштириб келмай сизга бир гап айтармидим. Момо одамга зор. Қаровчиси йўқ. Бир қиз боқиб олганди. Анча бўлди, кетиб қолган. Қўни-қўшнилар хабар олиб туришади.
Мана шу гап чиққанида ўша жойга бориб келдим. Момо рози. Мени ташлаб қўймасанглар бўлди, деди.
—    Сен иккинчи бор мени ҳайрон қолдирдинг. Кечир, хотин.
— Майли, энди бўлиб ўтган ишларни унутинг. Болаларингизга ўзим тушунтираман. Эртага ҳожининг олдига боринг. Икки кун муҳлат берсин. Момонинг уйларини бир қур тозалаб, кўчиб ўтамиз.
— Яхши. Сен нима десанг — шу. Тавба қилдим.Бемаслаҳат иш тутиш оқибатини кўрдим, — Машрабжоннинг кўзларида ёш йилтиради.
— Менга қаранг, дадаси. Сиз шу аҳволда турсангиз, болаларнинг аҳволи нима кечади? Ўзингизни қўлга олинг. Уйни тезроқ таъмирлашимиз керак. Тўй кунига ҳам оз вақт қолди. Унутдингизми?
— Дарвоқе…
Туғилиб ўсган уйдан кетиш Машрабжонга осон бўлмади. Лекин наилож. Машинага сўнгги юклар юклангач, мунғайиб қолаётган ҳовлига, дов—дарахтлар, қишга деб, токнинг ўзида ўраб асраб қўйилган узум бошларига боқиб, юраги ўртаниб кетди. Шу тобда ҳовлидаги ҳар бир гиёҳ унга нақадар азиз, қадрли эканлигини ҳис қилдию, ота-онаси доимо ўтирадиган супачани қучоқлаб йиғлаб юборди.: “Мени кечиринглар! Мени кечиринглар!”.
Машрабжонни машинага катта ўғил — Муроджон етаклаб олиб чиқди.
— Дада, ундай қилманг, худо хоҳласа ҳаммаси яхши бўлади.
— Кечир, ўғлим, хато қилдим. Тўйинг арафасида кўчада қолдирдим.
— Кўчада қолдик, деманг. Маҳби буви ҳам ўз бувимиздай.
Чоллари йўқ. Ёлғизгина ўғиллари Афғонда ҳалок бўлган экан. Ёнларига кирсак, бағирлари тўлади. Сиз ўғилдай, биз набирадай бўламиз, дада. Куюнманг, тобингиз қочади.
Ҳақиқатан ҳам Машрабжон бир ойгача ўрнидан туролмай ётди. Ишонган тоғда кийик унмас, деб шунга айтсалар керак-да, дўстидан кутмаган бу алдовга у чидолмади. Аксига олиб, қудалар ҳам, ўз уйи бўлмаган жойга қиз бермаймиз, деб оқликни қайтариб ташлаб кетишди.
— Ўғлим, — Саидахон бир сўз демай туриб қолган ўғлининг елкасини силади. —Хафа бўлма.
— Йўқ, ойи, хафа эмасман. Қайтанга яхши бўлди. Оғир кунда ташлаб кетган одамларга ишониб бўлмайди. Бизга бойлигимизда ҳам, йўқчиллик пайтимизда ҳам доимо ёнимизда турадиган қариндош керак.
— Тўғри айтдинг, ўғлим. Аҳволи бу қандай тўй қилади, дейишяпти шекилли.
— Ойи, бу йил машина олмасак олмабмиз-да. Мана, ҳовлини ҳам бинойидек тартибга келтириб қўйдик. Ўшаларнинг шу қилган ишлари учун ҳам албатта тўй қиламиз.
— Совуқ ҳам тушиб қолди, ўғлим, яна кимни топамиз, — Саидахон уҳ тортди.
— Ойи, дадамнинг фермер ошналари бор. Карим амаки. Қизлари — Мафтуна — исми жисмига мос қиз бўлган. Ўшанга борсангиз-чи. Менимча йўқ дейишмайди.
Муроджон онасининг қўлларидан тутди:
— Яна ўғлим уйланишни шунчалар хоҳлаяпти, деб ўйламанг. Мен дадамнинг яна руҳан чўкиб қолишларини истамайман. Шунинг учун. Жуда оғир ҳолатда эмаслигимизни ҳамма кўриб қўйсин, деяпман.
— Ўғлим, ҳамма гапларинг тўғри. Мен бугуноқ Карим амакингникига бораман..

* * *

Тўй бўлди. Ҳовлига келин келди. Машрабжон ҳам оёққа турди. Бу орада дўстидан бирор марта на хат, на хабар бўлди.
Кунларнинг бирида эса уни телевизорда кўрсатиб қолишди. Чет эл технологияларини олиб келиб, тсехни катта корхонага айлантиргани, ҳозирги кунда бу ерда мингдан зиёд ишчи меҳнат қилаётгани, даромад ортиб бораётганини алоҳида таъкидлаб ўтган мухбир йигит корхона раҳбарига ҳам сўз берди.
Машрабжон дўстини мутлақо танимай қолди, ўшами, бошқами? Ё телевизор шунақа кўрсатяптими? Акмалжон семириб кетганди.
— Шу ишни бошлаганимда ният қилгандим. Инсонларга ҳамиша ёрдам бераман, хайр-саҳоват кўрсатаман, деб. Худога шукур, ниятимга етяпман. Даромадимнинг учдан бир қисмини хайрли ишларга сарфлаяпман.
— Қара-я, худони билар экан, — деди Машрабжон аламини ичига ютиб.
— Дада, куюнманг. Корхона раҳбари бўлибди, ишлари “беш” экан. Ойим иккимиз олдига тушиб чиқсак-чи? — деди Муроджон дадасини босиш учун. —Бошида минг хил ташвиш. Балки ёдидан кўтарилгандир.
— Уч йил бўляпти, ўғлим. Виждони бўлса, дўстимнинг аҳволи нима кечдийкан демасмиди.
— Ҳовлидан кетганимизни билмасмикан? — деди Муроджон.
— Қаёқдан билсин? Ота-онасини кўришга ҳам келмайди-ку. Билган тақдирда ҳам танаси бошқа дард билармиди.
— Дада, сиз нима десангиз, денг. Барибир тушиб чиқаман. Бу йил укамни уйлаш керак. Бу ерда тиқилишиб қоламиз. Аслида бизни шу аҳволга солгани учун ўн баровар қилиб тўлаши керак.
— Майли, ўғлим, уддалай олсанг, туш. Лекин унга рўпаро бўлишни хоҳламайман.
— Хўп дада, хавотир олманг. Ҳаммаси яхши бўлади.
Муроджон ўша куни, ундан кейин ҳам шаҳарга, дадасининг дўсти билан учрашиш учун тушди. Лекин котибадан нарига ўтолмади. “Директорга айтинг, мен Машраб исмли дўстларининг ўғлиман. Зарур иш билан келдим”, — дея қайта-қайта такрорлашига қарамай, ҳар гал котиба: “Мени унақа дўстим йўқ, танимайман”, — деяптилар дерди.
Бу гапни эшитиб, Машрабжоннинг тепа сочи тикка бўлди:
— Тавба, одам ҳам шунчалик ўзгарадими? Бундайларга яхшилик қилиш хайф. Майли, ўғлим, сиқилма. Бизга худо берсин. Бошқа чорамиз йўқ. Укангни ёнингга ол. Бу йил астойдил бўлсак, ҳосилларимиз бўлиб берса, йўқотганларимизни тиклаб оламиз. Бандасидан қайтмаса, худодан қайтади.
— Хўп, дада.
Мева, буғдой, картошка йиғиштириб олингач, гектар ёнидаги олти сотихли жойга рухсат олиб, уй тиклашди. Қўрғон қилишди. Ўғлини кўчирди.
Маъруфжонни уйлаш, биринчи набира тўйини қилишга тараддуд кўрилаётган кунларда момо Машрабжон ва Саидахонни ёнига чақириб:
— Болаларим, тиригим ҳам, ўлигим ҳам сизларники, ҳовлини ҳатлаб бераман, — деб қолди.
— Момо, бундай қилмасангиз ҳам энди сиз бизнинг онамизсиз, токи тирик эканмиз, ташлаб қўймаймиз, — деди Машрабжон.
— Илоҳим, кам бўлманглар. Бошингизга тушган ташвишни яқиндагина эшитдим. Бир оғиз айтмадинглар ҳам. Сендай софдил, бағрикенг, олижаноб инсонлар кам болам.
Мени ҳеч кимим қолмаганди, болаларим. Мана энди сизлар билан бағрим тўлди. Кўзимнинг тириклигида ўтказиб берай, дегандим.
— Момо, ундай деманг, ҳали кўп яшайсиз. Оналаримиздан эрта ажралиб, ёшимиз улғайса ҳам, она меҳрини қўмсаб яшардик. Сиз туфайли яна қаддимизни тикладик, меҳрибонимизни топдик. Сизни ҳеч қачон ёлғиз қўймаймиз. Бизга кераксиз, онажон.
Саидахон шундай дея момони қучоқлаб олди, кўз ёшлари юзларини ювди.
— Йиғлама, қизим. Бу кунлар ҳам унут бўлади. Кўрмагандай бўлиб кетасизлар. Лекин бугун мени албатта ҳалиги жойга олиб бор. Қўл қўйиб келай.
— Майли, моможон, сиз нима десангиз шу.
Машрабжон машина олиб келиш учун ўрнидан турди.
Орадан бир ой вақт ўтди.
Айни кузда Маъруфжонни уйлашди, унга набира тўйини ҳам қўшишди.
Тўйдан бир ҳафта ўтгач,
— Машрабжоннинг уйи шуми? — дея ҳожи ота чақириб келиб қолди.
— Ие, ие, келинг. Хуш келибсиз. Марҳамат. Бу ёққа.
Машрабжон ёши етмишларга яқинлашиб қолган ҳожи отани ичкарига, уйга бошлади. Янги келин тавозе билан бош эгиб, саломлашгач, аввалдан тузоғлиқ дастурхонга нон, чой келтирди.
— Овқатга уннаб юборинглар, — деди Машрабжон чойни қайтарар экан.
— Хўп, дада.
— Йўқ, қизим, мен тураман, бирровгинага кирдим.
— Ундай, деманг. Тез пишадиганига урининглар.
— Хўп.
— Қани чойдан ичинг. Нонга қаранг. Яхши юрибсизми? Келинойим соғайиб кетдиларми? Ўғлингизнинг ишлари нима бўлди? Биз ҳам ўзимиз билан бўлиб, сизлардан хабар ололмадик. Узр, ҳожи ота.
— Ҳечқиси йўқ. Сиз ҳақингизда ҳаммасини эшитиб, билиб юрдим. Лекин имкон тополмадим. Ёрдам беришга чоғландим. Бўлмади. Келинойингиз дуруст. Укол-дорилар билан умри узайиб турибди. Ўғлим ҳам йўлини топиб олди. Ишни унга топширдим.
— Қандай иш? — сўради Машрабжон ҳожи отанинг қандай тадбиркорлиги борлигини билиш учун.
— Автомобил устахонамиз бор. Ёнида бензин қуйиш шаҳобчаси. Уни бошқаришни ўша катта ўғлимга топширдим. Ўзи яхши бола. Лекин кўнгилчанлиги туфайли “қоқилди”. Кичиги ерни яхши кўради. Ўн гектарли боғ билан чорва унда. Кичигим анча уддабуррон чиққан. Юз бош сигири, яна қанча бузоқ, қўй, отлари бор. Жуда пишиқ. Сутни қайта ишлаб, сариёғ, пишлоқ тайёрлайдиган тсех лойиҳасини тасдиқлатиб бўлиб, кейин мендан дуо олишга келибди.
— Дада, бинонинг биринчи ғиштини қўйиб берсангиз, қор тушгунча тсехни ишга тушириш керак, — дейди денг. Лол бўлиб қолдим.
Энди бизга ҳовлининг юмушлари қолди. Шуни уддалаб турсак ҳам катта гап. Тўғрими?
— Албатта.
— Айтгандай, тунов куни дўстингиз билан кўришиб қолдим. Анча тўлишиб, савлатли бўлиб кетибди. Аввал танимади. Кимлигимни эслатдим. Ёдидан кўтарилганмиш. Тавба, дедим. Ука, кўзингни оч, шира босиб қолибди. Бу пуллар биздан қолган. Сенга ҳам вафо қилмайди. Аввало одамлигингни унутма. Қарз ёмон нарса, қиёматга қолса ёмон бўлади, дедим. Кўзимга бақрайиб туриб, тилхатингиз борми, дейди. Қаттиқ хафа бўлдим.
— Ҳожи ота, қўяверинг. Мен бу ҳақда ўйламай ҳам қўйдим, — деди Машрабжон келини товоқда келтирган гўшт қовурдоқни дастурхонга олиб қўяр экан. — Қани, олинг, шошилдингиз-да. Аслида ош қилишимиз керак эди.
— Овора бўлдинглар. Майли, туз-насибадан юз ўгириб бўлмайди.
Таом еб бўлингач, ҳожи ота узун дуо қилди ва “Тўйга ҳам айтмадингиз, лекин эшитдим. Кеч бўлса ҳам, мана бу тўёнани олиб қўйинг. Ўз боламдай бўлиб қолдингиз”, дея қоғозга ўроғлиқ пулни узатди.
— Ундай қилманг, ҳожи ота. Ҳамма нарса етарли. Мендан кўра бу пуллар ўзингизга керак.
— Оғир ҳолатда қолганимда мардлик қилдингиз. Биров қазиган чуқурга тушдингиз. Худога шукур, ўнгланиб олдик. Ҳаммаси яхши. Сизни кўрдим. Кўнглим хотиржам бўлди. Борди-келди қилиб турайлик. Тортинманг. Сиз учун бир отангиздай одамман-да.
— Раҳмат. Мендай оддий одамни шунчалар кўкка кўтариб, иззат қиляпсиз. Асло камлик кўрманг. Умрингиз зиёда бўлсин.
— Айтганингиз келсин. Мен борай энди.
Машрабжон машинасини кўча бошида қолдириб, шу ергача пиёда келган ҳожи отага ҳурмати янада ортди. Бирга бориб, машина кўздан узоқлашгунча қараб турди.
Орадан йиллар ўтди. Акмалжоннинг онаси, сўнгра отаси ўтди. Машрабжон ҳамма қатори маърака-маросимларига борди. Хизматда турди. Лекин салом-аликдан нарига ўтмади.
Яқинда эшитиб қолди. Акмалжон оғир бетоб экан. Нафас қисиши дейишяпти. Нима бўлган тақдирда ҳам у бир пайтлар дўсти бўлган. Машрабжон мактабдош дўстларидан бирини ёнига олиб, кўргани борди.
Чўғдай гилам тўшалган каттагина уй тўрида диванда Акмалжон ётар, озиб, кўзлари ичига ботган, ҳансираб нафас олар, лаблари кўкимтир товланиб кетганди.
Машрабжон дўстига яқин борди ва:
— Тузукмисан, — деди секингина.
Акмалжон базўр кўзларини очди ва бир муддат тикилиб қолди.
— Ммашрабб… ккелдингми? Ммени кечир…
— Сен ҳеч нарсани ўйлама. Тезроқ соғай. Ҳали қиладиган ишларинг кўп. Ўтган воқеаларни эслама. Мен унутиб ҳам, кечириб ҳам юборганман.
У бирга келган дўстини имлади.
— Сени кўргани Адҳамбой ҳам келган. Эсладингми? “Б” синфда ўқирди. Кўпинча бирга юрардик. Акмалжон кўз қири билан, ҳа, ишорасини қилди. Икки томчи ёш кўз мижжаларидан сизиб тушди.
— Ммен…
— Сен ҳеч нарса дема. Камчилик бўлса айт. Дўхтирга бориш керак бўлса, олиб борамиз.
— Раҳмат.
Шу пайт боягина кутиб олган ёшгина йигит чой кўтариб кирди.
— Овора бўлманг. Турамиз. Сиз ўғилларимисиз? — сўради Машрабжон.
— Ҳа.
— Яхши. Отангизга қараганингиз яхши. Кам бўлмайсиз.
Сўнгра йигитнинг елкасидан тутиб ташқарига бошлади:
— Дўхтирлар нима дейишяпти? Ёрдам керак бўлса.
— Ҳамма даволар қилинди. Хоҳлаган овқатини бериб, кўнглига қаранглар, дейишди.
— Эссиз… Корхонани ким бошқаряпти.
— Акам.
— Яхши. Майли, унда бизга рухсат.
Машрабжон қайтиб кириб дўсти билан хайрлашди. Пешонасига қўлини қўйиб:
— Худодан тила. Албатта соғайиб кетасан, — деди.
Йигит уларни ташқарига кузатиб чиқди:
— Раҳмат. Келиб туринглар.
— Отангизга яхшилаб қаранглар, ўғлим. Хайр.
— Албатта.
Минг қилса ҳам дўсти эди, Машрабжоннинг юраги туздай ачишди. Негадир хўрлиги келди. “Чорасиз ётибди, бояқиш…”
Бир неча кундан сўнг яна дўстини кўриб келиш учун отланган Машрабжон совуқ хабарни эшитиб, ўзини тутолмади, йиғлаб юборди.
— Дадаси, нима гап? — сўради Саидахон хавотир билан.
— Дўстим, Акмалжон қазо қилибди.
— Нима?! Вой, бечора.. Ҳали ёш эди…
— Шуни айтаман-да. Ҳали мақсадлари кўп эди. Югур, чопон, дўппимни олиб чиқ.
Машрабжон синфдош дўстларга хабар қилиб, шаҳарга етиб тушди. “Вой, дўстим”лаб йиғлади. Тобутни биринчи бўлиб елкасига олди. Қабрга ўзи қўйди.