Сўзбоши ўрнида
Ожиз қаламим ва ноқис иқтидорим, аммо буюк муҳаббатим билан битилган ушбу камтарона қиссамни руҳлари шод бўлсин деган умидда ҳурмат ва чуқур эҳтиром билан юртимизни озод ва мустаққил кўришни орзу қилган, аммо бу кунларни кўролмаган, «Босмачи» номини олиб, отилиб кетган, қамалиб кетган, сургун бўлиб кетган асл ўзбек йигитларига бағишлайман.
Ёв оёғи юртимизга етмасин деб,
Юртимизни кофир талаб кетмасин деб,
Динимизни оёқ ости этмасин деб,
Кўкрагини кериб чиққан босмачилар!
Элим дея элда номи қаро бўлган,
Маконлари тоғу тошлар аро бўлган,
Эл дардидан юраклари яро бўлган,
Дардга малҳам бериб чиққан босмачилар!
Улар боис кофир паймонаси тўлган,
Бошларига ёвлар тилло ваъда қилган,
Ҳар бирининг боши бугун тилло бўлган,
Тарихга дур териб чиққан босмачилар!
Мустақиллик шиори-ю, ори бўлган,
Озодлик деб бошларида дори бўлган,
Чин ҳуррият йўғи бўлган, бори бўлган,
Эрк деб гўрда юриб чиққан босмачилар!
Ёв оёғи юртимизга етмасин деб,
Юртимизни кофир талаб кетмасин деб,
Динимизни оёқ ости этмасин деб,
Кўкрагини кериб чиққан босмачилар!
Биринчи боб.
«Ўрис Самарқандни олибди».
1.
Ёзнинг охири. Пишиқчилик даври. Юз-қўлини белбоғига арта-арта боғдан чиқиб келган Хушназар бир зум ўйга ботиб, қибла тарафга термулиб қолди. Уфқ қонталаш эди. Қора булутлар ботаётган қуёш юзини тўсиб келмоқда эди.
Шом пайти. Қишлоққа тун чўкаяпти.
Кимдир подадан қайтган молини ҳовлисига киритаяпти. Кимдир елкасида кетмони, даладан қайтаяпти. Икки-уч бола ўт ортилган эшак миниб ўтишди.
Жаласойнинг ўн саккиз-йигирма ёшли полвон йигитлари якка-якка, айримлари жуфт-жуфт бўлишиб, бирин-кетин Хушназарнинг уйига кириб келишди.
Меҳмонхонада ўн беш-йигирма чоғли йигит Шом намозини ўқишди. Имомлик қилган Хушназар дуо қилиб, юзига фотиҳа тортди. Ҳаммалари фотиҳа қилишиб, ўринларидан туришди ва жойнамозларни йиғиштириб олишди. Ёшроқ йигитлар икки қатор қилиб кўрпачаларни солишди. Икки йигит дастурхон тўшаб, нон, чой, мева-чева олиб келишди.
Йигитлар бироз чой ичган бўлишди, аммо ҳеч бирлари бир сўз демасди. Ҳамманинг кўзи Хушназарда, унинг оғзини пойлашарди.
Ниҳоят, безовталаниб, бир қўзғалиб олган Ботир сўз бошлади:
– Ўрис Самарқандни олибди. Эрта-индин Ургутга ҳам келармиш. Нима қиламиз?
Хушназар Ботирга бироз ўйчан тикилиб турди. Унинг авзойидан бирор сўз айтишга рағбати йўқ эди. Унинг ёшликдан бирга курашиб ўсган, тенгқурларининг ичида ҳадди сиғиб кўнглидагини айта ола оладиган ўртоғи Раббим полвон бир Ботирга, бир Хушназарга қараб олиб, секин гапирди:
– Бек бирон чора ўйлагандир?
Хушназар унга ҳам бироз тикилиб туриб, секин, дона-дона қилиб сўзлади:
– Бек кўрган чора шу бўлибди-ки, навкарларини олиб, Китобга суриб юборибди. Бориб, қайноғасининг пинжига суқилибди.
Йигитлар «Ана бўлмаса», дегандек бир-бирларига қараб олишди. Орага яна жимлик чўкди. Бу жимликни бир қўзғалиб олган Иззатулло бузди:
– Ўзимизнинг Раҳматуллобек йигитларни тўплаётган эмиш. Ён-атрофдан уч юзга яқин йигит бекнинг йигитларига қўшилибди.
Хушназар унга ва бошқа йигитларга қараб олгач, афсус билан бош чайқади:
– Уч юз-тўрт юз йигит билан иш битмайди. Эшитдим, ярмининг милтиғи ҳам йўқ эмиш. Эртага ўрис келиб, замбарагини бир гумбурлатса, Раҳматуллобекнинг уч юз йигити уч юз томонга қараб тирақайлаб қочиб кетади. Энди дудама-ю, ўроқ билан урушадиган замон эмас, болалар.
Норбой деган камгап, аммо чўрткесар йигит гапга аралашди:
– Нима қил дейсан, бўлмаса? Сенинг меҳмонхонангда кутиб олмасмиз ўрисни?
Хушназар унга қараб, ўйчан гапирди:
– Йўқ. Ўрис келса меҳмонхонам ҳам қолмайди, уй-жойим ҳам, боғ-роғим ҳам қолмайди. Барини олади ўрис. Ерларимизни олиб Зиё калга ўхшаган насли-насабини билмайдиган, кети иштонга ёлчимаганларга беради. Уларнинг оти калхўз бўлар эмиш. Хотинлар ерга чиқиб, эркаклар билан бирга кетмон чопиб, ўроқ ўрармиш. Хотинларимиз номаҳрамдан юзини бекитмас эмишлар. Охир замон бўлса шунча бўлар-да?
Хушназар ўрнидан туриб, токчада турган чироқнинг пилигини кўтарди, чироқ ёруғида йигирмадан энди ошган, тўйларда курашиб улғайган, елкаси ер кўрмаган, қўрқув намалигини билмайдиган жўрабоши йигитнинг тик қараганда ҳар қандай кишини шошириб қўядиган кўзлари чақнаб кетди.
Хушназар йигитларга кескин ўгирилди ва қатъий гапирди:
– Бекка бориб қўшиламиз! Раҳматуллобек ўктам йигит. Олдин олишган экан. «Ғирромни билмайди», дейди отам. Палагиям тоза. Амирнинг қўшинида бўлган экан, демак, ҳарбу-зарбдан ҳам хабари бор.
– Йигитларни қачонга йиғай? – деди ғайрати жўш уриб кетган Раббим полвон.
– Шошма-чи, аввал Нор иккаламиз бекнинг олдига ўтиб келамиз, авзойини билайлик, – деди Хушназар. – Сен ўзимизнинг йигитларга айт, милтиғи йўғи ҳаракатини қилсин! Полвон болаларни айт, майда-чуйдаси қолаверсин, қишлоқдаям кимдир қолиши керак-ку?
– От-анжоми ҳам дурустлари чиқсин! – деди Иззатулло. – Ишкали йўғини айтамиз-да, шундайми, Хушназар?
– Шундай қилинглар!
Юртга омонлик, ёвга қирон тилаб, дуо қилишди.
2.
Отларини чоптириб келишаётган Хушназар ва Норбойнинг истиқболига чиққан Раҳматуллобекнинг икки йигити отларнинг жиловидан тутишди. Хушназар ва Норбой отларни йигитларда қолдириб, азим қайрағоч сари юришди.
Раҳматуллобекнинг ўзи буларга қараб пешвоз чиқиб келди.
Раҳматуллобек Ургут бекларидан бўлиб, ёши қирқдан энди ошган, қош-кўзи қоп-қора, калтагина соқоли ҳам ўзига ярашган йигит эди. Қўрбошиларнинг ичида ҳақиқий марди бўлган Раҳматуллобек чайир, довюрак, ўктам, оғир, босиқ киши эди.
– Шу бугун келмасанг одам юбормоқчи эдим, – деб Раҳматуллобек Хушназарни, кейин Норбойни бағрига босиб кўришди. Хушназарга таънали боқди. – Ким айтади сени полвон деб, Тўра полвоннинг боласи деб? Эл бошига иш тушганда «Нима бўлар экан?» деб пусиб ётган полвонам полвонми?
– Пусиб ётганимиз йўқ, – деди Хушназар бироз хижолат тортиб. – «Бек нав¬карликка чақириб қолар», деб кутаётувдик, бунақа қилиб кетибди.
– Ҳа, бек қўрқди! – Раҳматуллобек қамчиси билан этиги қўнжига урди. – У билан кетишни истамаган йигирма-ўттиз навкари менга келиб қўшилди. Қани, ўтиринглар!
Қайрағоч соясидаги сўрига ўтиришди. Бек дуо қилди. Бир йигит чой, иккита нон, парварда олиб келди.
Норбой дарров чойни қайтарди, нонни ушатди.
– Йигитларим тўрт юздан ошди, – деди чой ҳўплаган Раҳматуллобек. – Буёғи Каттанайману Бешкападан тортиб, нарёғи Тераку, Мўминободдан ҳам йигитлар келиб қўшилишаяпти. Сен қанча йигит билан келасан?
– Қишлоқдан эллик-олтмиш, балки юз йигит чиқар, аммо мен ўзим ишонадиган, от-анжоми яхши, милтиғи бор йигирматача ўзим қатори курашиб юрган болаларни олиб келаман.
– Нима демоқчи бўлаётганингни фаҳмладим. Тўғри, йигитларимизнинг ҳаммасида ҳам от-улов, қурол яроқ йўқ, аммо яқинда ҳаммаси бўлади. Энг яхши милтиқларни оламиз. Инглиз милтиқлари, тўппончалари, ўқ-дорилар ортилган карвон йўлда. Худо хоҳласа, ҳафтанинг охиригача етиб келади. Сен йигитларингни олиб келавер. Жанг кўрган йигитлар бу ерда отиш, чопишдан сабоқ беришаяпти, кўзлари пишсин! Қурол берамиз.
– Дўстларимнинг ҳаммасида «Бешотар» бор. Камини, Худо хоҳласа, ўриснинг ўзидан оламиз.
– Баракалла! – деди Раҳматуллобек Хушназарнинг елкасига қоқиб. – Мана бу гапинг менга маъқул. Бўлмаса жума куни сизларни кутаман. Жума номозини бирга ўқиймиз.
Дастурхонга фотиҳа ўқилди.
– Энди юринглар, йигитларим қандай машқ қилаётганини кўрсатаман!
Хушназар ва Норбой Раҳматуллобек билан йигитлар машқ қилаётган майдонга ўтишди. Улар майдонда милтиқ тутиш, қилич чопишни машқ қилаётган йигитларнинг ишини бироз кузатишди. Ўзлари таниган бир-икки йигитлар билан салом-алик қилишди. Азон айтилиб, барча йигитлар номоз ўқиш учун тезгина саф олишганда Раҳматуллобек меҳмонларини олиб, олдинги сафга ўтди.
Аср номозини ўқишди. Қуръон тиловатидан сўнг Раҳматуллобекнинг раҳнамоси Исмоил қори дуо қилди:
– Илоё юртимизга кофирнинг қадами етмасин! Ватанимиз фарзандларига фатҳу зафар ёр бўлсин!
Майдонни йигитларнинг мардонавор овозлари тутди:
– Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар!
Раҳматуллобек йигитларига мурожаат қилди:
– Йигитлар! Жаласойлик елкаси ер кўрмаган Хушназар полвонни ҳаммангиз танийсиз-а?
– Таниймиз! Яхши таниймиз! – дейишди йигитлар.
– Ана шу Хушназар бошлиқ полвон йигитлар жума куни сафимизга келиб қўшиладиган, кучимизга куч қўшиладиган бўлди. Худо хоҳласа, юрт кофирлар оёғи остида топталмайди! Иншааллоҳ!
Яна йигитлар ҳайқиришди:
– Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар!
Йигитлар яна майдонда машқ учун саф олишгандан сўнг, Раҳматуллобек Хушназар ва Норбойни бағрига босиб, хайрлашди.
Икки йигит уларнинг отларини олиб келишди. Хушназар ва Норбой отларига сакраб минишди.
– Насиб бўлса, жума куни сафларингизга қўшиламиз! – деди деди бектоқат бўлаётган отининг тизгинини тортган Хушназар. – Алоҳу акбар!
Хушназар ва Норбой отларини елдириб кетишди.
3.
Хушназар отини эгарлаб, жиҳозларини кўздан кечирди. Елкасига бешотарини осиб, ўқдонини белига боғлади. Ҳовлида ўйнаб юрган икки яшар қизчасини чақириб, пешонасидан ўпди. Бирпас уни бағрига босиб тургач, кўзлари ёшланган аёли Муслимага қизини олишини имо қилди.
Хушназарнинг онаси, полвонбитиш, қорувли кампир Малла момо хуржунга нон, бир тугунда у-бу солди:
– Йўлда еб кетарсизлар, болам.
– Бўлди, йигитлар кутиб қолишди, – деди Хушназар. – Энди чиқайлик!
Малла момо ўғлини бағрига босди:
– Ўзингни эҳтиёт қил, болам!
– Хўп, энажон. Сиз ҳам эҳтиёт бўлинг! Ўрис қишлоққа келадиган бўлса, келинингизни олиб, аммамникига кетингизлар. Тоғда ҳар ҳолда бехавотир бўласизлар!
– Майли, болам, айтганингдек қиламиз.
Бир умр курашиб ўтган, бунақа меҳрибончиликлардан энсаси қотадиган, «Айланиб-ўргилишлар эркак кишининг чақмоқлигини ўлдиради, аёлсифат қилиб қўяди», деб ҳисоблайдиган Тўра полвон бобо Хушназарнинг билагидан тортди:
– Энди юра қол, жўраларинг бетоқат бўлаётгандир?
– Эна, дуо қилинг!
Эрининг сўкиб қолишидан қўрққан Малла момо кўзларини рўмолининг учи билан артиб, ўзини тетик тутишга уриниб, овозига ўктамлик бериб, дуо қилди:
– Сени Худога топширдим, болам, душманни енгиб, соғ-саломат қайтгин!
– Яхши ўтиринг, эна!
Хушназар хотинига юзланиб, бор-йўғи икки оғиз гапирди:
– Яхши қол! Қизимизни эҳтиёт қил!
– Эҳтиёт бўлинг, дадаси, – деган Муслима кўз ёшларини кўрсатмаслик учун қайнонаси кўксига юзини босди.
– Болани қўрқитасан! – деди бундай пайтларда эрига тақлид қилиб, салмоқлаб гапирадиган Малла момо. – Ундан кўра Рўзигулни кўтар, отасига қўл силкисин!
Онаси кўтариб олган Рўзигул ҳеч нарсага тушунаётган бўлмаса-да, момосига ўхшаб, отасига «Хайр, хайр» қилди.
Хушназар ва Тўра полвон бобо отни етаклаб, ҳовлидан чиқиб кетишди.
Ҳали тонг пайти бўлишига қарамасдан гўзарнинг чойхонаси олдида отларининг жиловидан тутган, елкаларига милтиқ таққан ўттизтача йигит тўпланган эди. Атрофда йигитларнинг оталари, укалари, олисроқда юзларини беркитиб оналари, опа-сингиллари туришарди.
Хушназар сафларни кўздан кечириб, еттита ўсмирни ажратди.
– Сизлар еттовингиз қишлоқда қоласизлар!
– Нега? Биз ҳам бирга борамиз, – деди бир ўспирин. – Нима, биз милтиқ отолмаймизми? Ёки отда ўтиролмаймизми?
– Хушназар ака, мени ёш бола деманг, шарманда қилиб ташлаб кетманг! – деди бошқа бири йиғламоқдан бери бўлиб. – Мен милтиқни ҳаммадан яхши отаман!
Хушназар унинг елкасидан қучди:
– Ана шунинг учун ҳам сизларни қолдираман-да. Жаласойдаям эркак зоти қолиши керак-ку, ахир?
Ўсмирлар хушламайгина бошқалардан ажралиб, четга ўтишди. «Шарманда қилиб ташлаб кетманг!» деган Акбар исмли йигитча ажралмади. Раббим полвон бориб, унинг елкасини силаб, отининг жиловидан етаклаб, тенгдошларига қўшиб қўйди.
– Барибир қочиб кетаман! – деб бақирди Акбар. – Мен қишлоқда қолмайман!
Йигирма уч йигит саф тортди.
Хушназар йигитларни яна бир бора кўздан кечиргач, қишлоқнинг оқсоқолларига юзланди:
– Қани, оталар, бир дуо беринглар!
Ҳамма Тўра полвонга тикилди. Тўра бобо бир томоқ қириб олгач, дуо қилди:
– Илоё ой бориб, омон қайтинглар! Юртимиз кофирларнинг қўлига ўтиб кетмасин! Унутманглар, болаларим, бу жангда ғолиб бўлсангизлар абадий шон-шарафга эга бўласизлар, ким душман ўқига учса, шаҳид мақомини олади! Қўрқоқлик қилиб, қочганлар эса авлодларимизнинг қарғишига қолади! Ундайлар қишлоққа қайтмайди! Ё ғолиб бўлиб ё шаҳид бўлиб, юзимизни ёруғ қилинглар! Аллоҳу акбар!
Ҳамма дуога қўшилди:
– Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар!
Йигитлар йўлга тушишди. Бир қирдан ўтганларида уларнинг ортидан от чоптириб, Акбар етиб олди. Тўғри Хушназарнинг олдига келди. Хушназар қовоғини уйди:
– Нега келдинг? Мен сенга нима деган эдим?
– Хушназар ака, мен барибир қолмайман. Майли, сўкинг, майли, уринг. Ўлдирсангиз ҳам қолмайман.
– Ураман ҳам!
Хушназар қамчисини ўқталган эди, Раббим полвон келиб орага тушди:
– Хушназар, майли, индама! Бораверсин, илиги тўла полвон бола. Уялтириб қўймайди.
Хушназар Ботирга қаради. Хушназарнинг аввалдан одати шу, бирор масалада иккиланса, кам гапирадиган, аммо доимо энг ақлли гапни айтадиган Ботирга қараб, унинг фикр билдиришини кутади. Йигитлар ўзларининг жўрабошисига бир ишни маъқуллаттиргилари келса, олдиндан Ботирга тайинлаб қўйган пайтлари ҳам бўлган.
– Буни ташлаб кетганинг билан фойдаси йўққа ўхшайди, – деди Ботир. – Барибир қочиб бориб, йигитларга қўшилади.
Хушназар шундан кейин ҳам бир қарорга келиши қийин бўлди. Норбойга қаради. Норбой «Мен билмайман, ўзинг ҳал қил», дегандай елкасини қисди.
– Бўпти, юравер-чи, – деди Хушназар Акбарга. – Аммо билиб қўй, лабингга учуқ тошган куни қайтиб келасан!
– Менинг лабимга учуқ тошмайди!
Кўзларида севинч ёшлари милтиллаган Акбар отини буриб, йигитларнинг сафига ўтди.
Бирпасда отлиқлар Жаласойдан анча узоқлашиб кетишди.
4.
Хушназарнинг йигитлари Раҳматуллобекнинг йигитларига келиб қўшилди. Раҳматуллобекнинг йигитлари Хушназар бошчилигидаги йигирма тўрт йигитни катта хурсандчилик, шовқин-сурон билан кутиб олишди. Раҳматуллобек Хушназарни бағрига босиб, миннатдорчилик билдирди. Шу пайт бир йигитнинг «Карвон кўринаяпти!» деган овози эшитилди. Ҳамма карвон келар томонга қаради ва ўша тарафга юра бошлашди.
Туяларга қурол-яроқ сандиқлари юкланган карвон булар турган ерга келди. Карвонбоши инглиз тилида гапирди. Ёнидаги таржимон сўзларини ўзбекчага ўгиради:
– Англия давлати сиз, муҳтарам Раҳматуллобекни қўллаб-қувватлаш мақсадида мингта бешотар милтиқ, замонавий туппончалар ва ўқ-дориларни совға қилади.
Бунақа зодагонлар билан гаплашиб ўрганмаган Раҳматуллобек бироз ўнғайсизланди, аммо ўзини тез ўнглаб олиб, бир таржимонга, бир карвонбошига қараб сўзлади:
– Давлатингиз раҳбарларига миннатдорлигимизни изҳор қиламиз! Насиб бўлса, бу қуроллар билан ғалабани қўлга киритсак, сизлардан қарздор бўлиб қолмаймиз, албатта қайтарамиз!
Раҳматуллобек йигитларига ўгирилди:
– Барча йигитларга милтиқ ва тўппончаларни, керакли миқдорда ўқ-дориларни беринглар!
Йигитлар қурол-яроқларни туя ва отлардан туширишиб, тарқата бошладилар. Раҳматуллобек битта бешотарни ва бир «Наган»ни олиб, Хушназарнинг олдига келди.
– Мана булар сенга, Хушназар!
– Бек, менинг ўз милтиғим бор, – деди Хушназар. – Буни бошқаларга беринг!
– Бошқаларгаям етади. Сен олавер, бу милтиқ жуда тез отар экан. Манави «Наган»ниям олиб қўй, еттита ўқ кетар экан, керак бўлиб қолади!
Хушназар милтиқ ва «Наган»ни олди. Ўқдонни елкасига ташлади. «Наган»ни ғилофи билан белбоғига қистирди. Кейин Раҳматуллобекка қараб гапирди:
– Кўрайликчи, йигитларимиз нима қилишаяпти экан?
– Улар машқларни бошлаб юборишди, – деди Раҳматуллобек. – Юр, кўрамиз!
Раҳматуллобек ва Хушназар йигитларнинг янги милтиқ, тўппончалардан отишни машқ қилишаётганини бирпас кузатиб туришди. Сўнгра Раҳматуллобек Хушназар ва бир-икки йигитлар билан ўз чодирига кириб кетди.
Раҳматуллобек Хушназар ва бошқа ишончли йигитлари билан гаплашиб ўтирганди, бир йигит рухсат сўраб, чодирга кириб келди.
– Бек ака, душманлар Ургутга келишаяпти экан. Пешинда етиб келишармиш.
Ҳаммалари бир-бирига қараб олишди.
– Йигитларга айтинглар, ҳамма тайёрлансин! – деди Раҳматуллобек. – Юқорисойда кутиб оламиз душманни. Насиб бўлса, уларни Ёмонжардан нарига ўтказмаймиз!
Ҳаммалари тараддудланиб, ўринларидан туришди ва чодирдан чиқиб кетишди.
Тирамоҳнинг боши. Дарахтларнинг барглари олтин рангига кирган. Боғларда узумлар пишган. Раҳматуллобекнинг беш юз кишидан ортиқ қўшини сойнинг ўнг қирғоғи бўйлаб саф тортган. Ҳамма шижоат билан жанг бошланишини бетоқат кутмоқда.
Ўрислар сойнинг чап томонида кўринишди. Улар саф тортиб, сойга тушиб кела бошладилар.
Иккинчи боб.
«Ўрис деганини ҳам кўрдик».
1.
Икки юзтача келадиган ўрисларнинг кичик қўшини сойга тушиб бўлганда, уларга сойнинг ўнг тарафидан ўқлар отила бошланди. Ўрис солдатлари дарҳол олдинга тўпларини олиб ўтишди ва «Бричка» деб аталувчи араваларида ўрнатилган пулемётларни Раҳматуллобекнинг йигитлари томонга тўғрилаб, отишга шайлашди.
Душманнинг ўзларидан анчагина кам эканидан руҳланган Раҳматуллобекнинг йигитлари «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар!» деб ҳайқирганларича сойга ёпирилдилар. Улар ўрисларга яқин келганда ўриснинг тўпи бир гумбурлаши билан бунақа овозни ҳали эшитмаган юздан зиёд от қўрқиб, устидаги одамини йиқитиб, ҳар ёққа қоча бошлади. Ўзини ўнглаб олиб, душман сари от солган бир гуруҳ йигитни эса ўрислар «Максимка» деб атайдиган пулемётдан тариллаб отилган саноқсиз ўқлар буғдойни чалғи ўргандай қириб ташлади.
Икки юз ўрис солдатига беш юз кишилик Раҳматуллобекнинг «қўшини» дош беролмай, тутдек тўкилди. Сойликдаги майдонни «вой-вой»лаган-у, сўкинган аянчли овозлар тутиб кетди. Раҳматуллобек йигитларга тоққа қараб чекинишни буюрди. Раҳматуллобекнинг йигитлари чекина бошлади. Ўрис бир-икки чақирим қувиб келди-ю, ортига қайтди. Шу бир-икки чақиримда ҳам беш-ўн йигит ўққа учди.
Қоратепада Раҳматуллобек йигитларнинг орқа-олдини йиғди.
Йигитларнинг тенг ярми сафда кўринмади. Икки юз қирқ-икки юз элликтача йигит тирик қолган эди.
Раҳматуллобек руҳсиз бўлиб қайтган, «Энди нима бўлади?» дегандек ўзига беун тикилиб турган йигитларга қараб юрак-бағри эзилди. Йигитларига қараб туриб «Мана, ўрис деганини ҳам кўрдик», деб ўйлади. Бир кўнгли «Урушишнинг уддасидан чиқолмас эканман, йиғиштирсаммикан?» ҳам деди. Аммо томирида полвонлик қони гупурди. Орияти қўзиди. «Бир йиқилиш билан билан майдондан қочадиган полвон полвонми? Юрт эрки учун жонимни тикканман, ё уларни даф қиламан ё шу йўлда ҳалок бўламан». Шу ўйлар билан йигитларига юзланди:
– Биз ўрис билан юзма-юз уриша олмас эканмиз. Тажрибасизлик қилдик. Кўп йигитлар жувонмарг бўлди. Йигитларимизнинг тенг ярми нобуд бўлди. Аммо улар шаҳидлик мақомига эришдилар. Қори ака, шаҳид кетган ўғлонларимиз ҳақига Қуръон тиловат қилинг!
Исмоил қори «Таборак» сурасини ўқиди. Шаҳид бўлган йигитларнинг ҳаққига узоқ дуо қилди.
Юзига фотиҳа тортган Раҳматуллобек ўрнидан турди:
– Томчи қоним қолгунча йигитларнинг қасосини олишга қасам ичаман! Энди дам олинглар! Хушназар, сен йигитларинг билан бориб, ўрис кечаси қаерда тўхташини билиб кел! Оқшом босамиз!
– Хўп бўлади! – деган Хушназар ўзининг йигитлари тўпланиб турган ерга келди. – Иззатулло, ҳамма борми?
Иззатуллонинг ўрнига Норбой жавоб берди:
– Бешта йигитимиз шаҳид бўлди.
– Кимлар?
Раббим полвон Хушназарга яқин келиб, йигитларнинг исмларини айтди:
– Искандар, Ўктам, Исмат полвон, Турди. Яна Ашурнинг укаси Холмамат.
Хушназар бирпас жим қолди. Кўзларида икки томчи ёш кўринди.
– Бари зўр йигитлар эди. Исмат полвон шерюрак эди. Сойда ҳам ўриснинг ичига ёриб кириб, бир-иккитасини қилич билан чопиб ташлади. Шаҳидларимизни Аллоҳ раҳмат қилсин! Уларнинг қасосини оламиз! Раббимқул, сен мен билан борасан. Қолганинг дамингни олавер. Норбой, Ботирнинг оёғига ўқ тегибди, қаранглар!
Хушназар Раббимқул билан пастга тушиб кетишди.
2.
Раҳматуллобек Хушназардан хабар кутиб, ўз чодирида икки йигити билан ўйчан ўтирган эди, пойлоқда турган йигитлардан бири кирди.
– Бек ака, Хушназар келди!
– Тез кирсин!
Хушназар Раббим полвон билан кириб келди.
– Ўрислар Каттақишлоққа тушишибди. Салим мингбоши нон-туз билан кутиб олибди уларни. Масковда ўқиб, болшавой бўлган ўғли ўшаларга қўшилган экан. Ўша бошлаб кепти ўрисларни. Мардон ўрис эмиш оти.
Раҳматуллобек ўрнидан туриб кетди.
– Капасига ўт қўяман Салимнинг. Ургутда, Жума намозида «Бек, ҳаракатингизни қилаверинг, биз ҳам ёрдамга тайёрмиз», деган эди. Йигитларини юбормоқчи эди. Шуми итнинг ёрдами?
– Ўша йигитлари ўғли Мардон билан бирга ўрисларга қўшилибди.
Асабийлашганидан бўйин томирлари бўртиб кетган Раҳматуллобек ғазабини зўрға босиб, қўлини Хушназарнинг елкасига қўйди.
– Чой-пой ичиб олинглар, Хуфтонни ўқиб, йўлга тушамиз. Салим билан ҳисоб-китоб қиламиз!
Бомдодга яқин Салим мингбошининг уйидан кўтарилган олов бир терак бўйи бўлди. Ўрисларнинг отлари боғлаб қўйилган бостирма ҳам гувиллаб ёнар, отларнинг аччиқ кишнаши, олатасир отилаётган милтиқ овозлари юракларга ваҳима соларди. Ўрислар, Салим мингбошининг болалари ваҳимада ҳар томонга қараб чопардилар. Аскарлар қўрқувдан ҳар томонга мўлжалга олмасдан ўқ отишарди.
Тонг отганда Салим мингбошининг мол-мулкидан ҳеч нарса қолмагани аён бўлди.
Жиғибийрони чиққан Мардон ўрис асабий бақирди:
– Уларга кўрсатиб қўяман! Ҳаммасини Сибир қиламан!
Бу пайтда қиладиган ишини қилиб бўлган Раҳматуллобекнинг йигитлари бу ердан анча олислаб кетган, Мирзақишлоқ қишлоғига кириб борган эди. Чошгоҳга яқин қишлоқ масжиди олдида Мирзақишлоқнинг каттаю кичиги жам бўлди. Ҳамма Раҳматуллобекнинг йигитлари отга ўнгариб келган икки ўрисни томоша қилишарди.
Раҳматуллобек қўл-оёғи боғланган икки ўрис аскарнинг олдига келди.
– Хушназар, буларни қандай ушлаб олдинг?
– Кечаси Салим мингбошининг уйи олдида қоровулликда туриб, ухлаб қолишибди, – деди Хушназар. – Раббим полвон отига ўнгариб келаверди.
Раҳматуллобек ўрис аскарларини бир айланди.
– Қани, сўраб кўрингларчи, нима учун келишибди? Ургутда пишириб қўйган эканми уларга?
– Бек, мен буларнинг тилини билмайман, – деди Хушназар.
– Мен билан эканманми, тилингга куйдурги чиққурларнинг тилини? – деди Раҳматуллобек ва қамчисининг дастаси билан ўрис аскарларнинг ияги тагидан кўтариб сўради: – Нега келдиларинг? Нега йигитларимизни отдиларинг?
– Не понимаю вас, – деди ўрис.
Раҳматуллобек йигитларига қаради:
– Нима дейди?
– Ким билади, нима дейди? – деди Хушназар.
Раҳматуллобек ўрислардан нари кетди.
– Булар билан гаплашиш бефойда. Дорни тайёрланглар!
Икки йигит қайрағочга чиқиб, арқонларни боғлашиб, дор қилишди. Дорнинг сиртмоғини қайрағоч остига судраб келинган иккала ўриснинг бўйнига солишди.
– Торт! – деди қаҳр билан Раҳматуллобек.
Йигитлар арқонни тортишди. Иккала ўрис аскар типирчилаб-типирчилаб дорда осилиб қолди.
Уларга бир зум тикилиб турган Раҳматуллобек кескин ҳаракт билан сакраб отига минди.
– Кетдик!
Ҳаммалари отларга минишиб, қишлоқдан чиқиб кетдилар.
Иззатулло отини чоптириб, Хушназарга яқин келди.
– Одамнинг ичи ачийди-я, Хушназар? Иккаласиям укам қатори ўспиринлар экан.
Хушназар қаҳр билан тишлари орасидан сўзлади:
– Бу сариқ машакларга ҳеч ҳам ичинг ачимасин, Иззат! Унутма, улар ҳечам ичи ачимай Искандарни отишди, Ўктамни, Исмат полвонни, Турдини отишди. Ашурнинг укасини отишди. У булардан ҳам ёш эди. Асли шу болани бекор олиб чиқдик. «Қолсин», десам акаси хафа бўлди. «Уям полвонман деб юрибди», деди. Мана, энди ўзидан ўтганини ўзи билиб юрибди. Укасининг ўлигиям Ёмонжарда қолиб кетди.
– Сойликлар олиб, қишлоққа жўнатишибди, суриштирдик, – деди Норбой. – Бугун ҳаммасига жаноза ўқиб, кўмишади.
– Бўлмаса сен Ашур билан қишлоққа туш! – деди Хушназар. – Асрдан кейин чиқаришсин! Жанозага борамиз.
– Хўп!
Раҳматуллобекнинг йигитлари тоққа қараб йўл олишди. Норбой ва Ашур йигитлардан ажралиб, паст тарафга кетишди.
3.
Раҳматуллобекнинг йигитлари Омон-қўтон қишлоғи этагида тўхташди. Отларини ўтлашга қўйишди. Ким милтиғини, ким тўппончасини, ким қиличини тозалаш билан овора бўлди. Раҳматуллобек Хушназар билан бир тош устида ўтириб, эндиги ишлар тўғрисида суҳбатлашарди. Уларнинг олдига Норбой яқинлашиб келди. Унинг тез қайтганидан хавотири ошган Хушназар унга пешвоз чиқди:
– Дарров қайтибсизлар, тинчликми?
– Тинчлик эмас, – деди Норбой. – Жанозага боролмайдиган бўлдик.
– Нима бўлди, тезроқ айта қолсангчи!
– Ўрисларга ҳужум қилганимиз Самарқандга маълум бўлиб, қишлоққа элликтача қизил аскар юборишибди. Қишлоқни аскарлар ўраб олишган. Сенинг уйингни алоҳида қўриқлашаяпти. Яна бир гуруҳ отлиқ аскарни Бешкапага юборишибди. Ургутга кираверишларида Мирзаполвоннинг йигитлари ўрисларнинг ўндан ортиқ йигитини отиб ўлдиришган экан. Қўрбошининг қариндошларини гаровга олиб, «Мирзаполвонни топиб берасизлар», деб ўтиришганмиш.
– Қизил аскарлар ҳақида яна нима гаплар бор? – сўради Хушназар.
– Тошкентдан ёрдам сўрашибди, Прунза деган саркарданинг ўзи бош бўлиб келаётган эмиш.
– Хушназар, йигитларга айт, балодан ҳазар, деганлар, тоққа чиқиб кетамиз, – деди Раҳматуллобек. – Қизил аскарлар чиқолмайдиган жойларни макон қиламиз. Кечалари ҳужум қиламиз уларга.
Орадан бироз вақт ўтиб, Раҳматуллобекнинг йигитлари тизилишиб, тоққа чиқиб кетишди.
Учинчи боб.
«Уйимни куйдирма, ўрис!»
1.
Хушназар онасига «Ўрис қишлоққа келадиган бўлса, келинингизни олиб, тоққа, аммамникига кетингизлар», деб тайинлагани билан Тўра полвон ва Малла момолар ғафлатда қолишди. Ўрис ҳеч ким кутмаган маҳалда, кечаси, хуфтон намозидан кейин қишлоқни босди. Меҳмонга келгандай қишлоқ гўзарига келиб тушди. Катталари чойхонага кўрпачаларни қалин солиб ётиб олди. Қолгани хоҳлаган одамникига кириб, озиқ-овқат, отларига ем, емиш олиб чиқиб кетаверди. Эрталаб қишлоқнинг ҳар ер-ҳар ерига соқчиларни қўйиб чиқишди. Ҳеч кимнинг қишлоқдан чиқиб кетмаслиги, ҳамма ўз уйида тинчгина ўтириши тайинланди. Кўчада фақат ўрис аскарларигина юришар, уларнинг гап-сўзларидан ваҳимага тушган одамлар бола-чақасини кўчага чиқармай, пусибгина ўтиришарди.
Хушназарларнинг ҳовлиси атрофига ҳам иккита ўрис солдати қоровулликка қўйилди. Улар ҳовлидан узоқ кетмай, нари-бери бориб-келиб туришарди. Ҳар замон-ҳар замонда ичкарига ҳам бўйлаб қўйишарди.
Ҳовлидаги чорпояда Тўра полвон бўлаётган ишларни мушоҳада қилганча тасбеҳ ўгириб ўтирганди, ичкаридан Малла момо чиқиб келди.
– Келиннинг хамири ачиб кетди, бу ўрис қачон кетар экан, бобой?
Тўра полвон ҳовли ташқарисига бир қараб олиб, жавоб берди:
– Қуёш ботмасдан кетмас-ов, ўзинг тандирни қиздиравер-чи? Кетишса, келининг ёпар нонни, кетишмаса ўзинг ёпасан-да, нима қиласан?
– Қариганимда бу кунлар ҳам бор экан-да бошимда.
– Келинниям эртароқ жўнатиб юборишинг керак эди, – деди Тўра полвон. – Ғафлатда қолдик, кампир, ғафлатда қолдик.
– Ўрис бўлсаям аёлларга тегмас, бобой?
– Тегмайди-я, тегмайди. Пастқишлоқлик Жўрақул устанинг келинини қайнота-қайнонасининг олдида зўрлашибди, ифлослар. Уста бобо ҳассаси билан биттасини урган экан, шартта қиличи билан чопиб ташлабди.
– Э, Худойим, ўзинг бу кофирларнинг зулмидан қутқар! – кўзлари намланди момонинг. – Хушназарнинг ҳоли нима бўлди экан, бобой?
Йиғи-сиғини жини суймайдиган Тўра полвон аёлига қаттиқроқ гапирди:
– Тандирга олов ёқ, кўп гапирма ҳар хил гапни!
Малла момо бир нималар деб нари кетди ва бориб тандирга олов ёқди. Шоха билан тандир ёнида турган ўн-ўн беш боғ янтоқлардан бир боғини тандирга тиқди ва эрининг олдига келиб ўтирди. Ҳар замон ташқарида ўтиб-қайтиб турган қизил аскарларга хавотир билан қараб-қараб қўяверди. Ҳар замонда бориб, тандирга бир боғ янтоқни тиқиб, яна шохани бошқа бир боғ янтоққа санчиб келаверди.
– Тандир қизиди. Ўрислар ҳам кетди, шекилли? – деди кўча тарафга яна бир қараб олган Малла момо. – Келин чиқиб, нонни ёпиб олса ҳам бўлар, бобой?
Тўра бобо бориб, дарча оша у ёқ-бу ёққа бир-икки қараб олгач, хотинига қараб гапирди:
– Кетишибди, чоғи. Келинга айт, чиқиб, нонини ёпаверсин!
Малла момо ичкарига кириб кетди ва ичкаридан бир сават нон хамирини кўтариб келини, ортидан неварасини етаклаб, Малла момо чиқиб келишди. Муслима хамирларни тандирга ёпди. Малла момо неварасини олиб келиб, бобосининг олдига чиқарди. Тили энди чиққан қизчани гапга солди:
– Рўзигул, бобонг қани, болам, бобонг қани?
Рўзигул «Ан-на, ан-на» , деб бобосини кўрсатди.
– Момонг қани, болам?
Рўзигул «Ан-на, ан-на» , деб момосини кўрсатди.
– Отаси қаерда экан боламни, айт-чи?
Муслима энди нонларни узиб олган эдики, дарчани тарақлатиб тепиб очиб, бир ўрис солдати ичкарига кирди. Тўра полвонга, Малла момога бир-бир қараб олгач, нон ёпаётган Муслима тарафга юрди. Саватдаги нонларни кўриб, кўзлари ёниб кетди.
– Ой, хлеб, горячий хлеб! – деб ўрис солдати тўғри тандир олдига келди.
Ўрис битта нонни саватдан олиб, катта-катта тишлаб, ея бошлади. Унинг ортидан эргашиб борган Малла момо анграйиб қолган келинига гапирди:
– Қоч, Муслима! Уйга кир!
Муслима саватни кўтариб, уйга қараб кета бошлади. Аммо унинг олдини ўрис тўсди:
– Куда?
Ўрис орқасидаги қопини олиб, нонларнинг ҳаммасини қопига солиб олди ва яна Муслимага қараб юра бошлади:
– Ой, ты моя хорошая, ой, ты моя сладкая. Я же забыл когда последный раз был с женшиной.
У Муслимага яқинлашар экан, кийимларини бир-бир еча бошлади. Муслима қочиб уйга кирди. Унинг ортидан эргашган ўрис хурсанд бўлди:
– Даже очень хорошо!
Ўрис ҳам уйга кирмоқчи бўлганди, Тўра полвон унинг йўлини тўсди:
– Тўхта, ўрис, иймонсиз, қаерга кираяпсан?
Ўрис Тўра полвонга ўдағайлади:
– Стоять!
Ўрис қиличини чиқариб, чол-кампирни бошқа уйга итариб киритди. Эшик тутқичига қиличини тиқиб қўйди.
Бу орада уйда қолиши хатарли эканини англаган Муслима қочиб ҳовлига чиқди, аммо ҳовлидан чиқиб кетолмади. Ички кийимда қолган ўрис уни тутиб олиш пайида бўлди. Муслима ҳовлини айланиб қоча-қоча, тандир олдига келиб қолди ва тандир ёнидаги бир боғ янтоққа қадалиб турган паншахани аччиқ билан суғуриб олди. Уни ўрисга ўқталди:
– Ўрис, чиқиб кет! Эрим «Ўрисдан эҳтиёт бўл», деган. Эрим «Ўрис сенга тегинса, бир кун ҳам хотин қилмайман», деган. Жон, ўрис, чиқиб кет, уйимни куйдирма!
Ўрис ўз оти билан ўрис-да. Тўхта десанг тўхтармади, тегма десанг тегмасмиди? Ўрис тўхтамади. Бир чалғитувчи ҳаракат қилиб, Муслимага отилди. Муслима ҳам паншахани ўрисга тўғрилаб, ҳамла қилди.
Бирданига иккаласи ҳам таққа тўхтади. Ўриснинг кўзлари катта-катта бўлди. Лабининг бир четидан қон сизиб чиқа бошлади. Паншаханинг битта шохаси ўриснинг нақд кекирдагидан кириб, бўйниинг орқасидан чиққан эди.
Шу пайт ҳовлига бошқа ўрислар кириб қолди ва ерда ўлиб ётган шерикларини ва қўлидаги шохани ҳалиям ўриснинг томоғига тиқиб, қўрқувдан қалт-қалт титраб турган Муслимани кўриб, нима воқеа бўлганини тушунишди.
Иккита солдат ўлган шеригининг жасдини олиб чиқиб кетди. Яна иккита солдат бир нималар деб, Муслимани олиб кета бошлашди. Деразани очиб, ҳовлига чиққан Тўра полвон уларга қаршилик қилмоқчи бўлди. Ўрислар Тўра полвонни ҳам судраб олиб чиқиб кетишди. Малла момо зор йиғлаб, ўрисларни қарғаб қолаверди.
2.
Ўрислар ҳаммани қишлоқ гўзарига йиғишди. Бир татар йигит олдинга чиқиб, сўзлади:
– Қизил аскарни ўлдиришга журъат қилган мана бу аёл Шўро ҳукумати номидан олий жазога ҳукм қилинди. Рус аскарига нисбатан ҳурматсизлик кўрсатган ҳар бир киши ана шундай отиб ўлдирилади.
Солдатлар Муслимани масжид девори остига олиб боришди. Саф бўлиб туришиб, милтиқларини Муслимага ўқталишди ва ўрисларнинг каттаси берган буйруқ билан бирваракайига унга ўқ узишди.
Муслима «Вой, онажон!» деб йиқилди.
Тўра полвон «Вой, болам!» деб унга қараб югурди.
– Нельзя!
Ўрис зобитининг бу буйруғидан кейин солдатлар Тўра полвонни ушлаб қолишди. Татар йигит тушунтирган бўлди:
– Мумкин эмас! Бу ярамас аёл кўмилмайди, у шу ерда ётади. Уни итлар еб кетади.
Кейин татар йигит халққа қараб мурожаат қилди:
– Шўро аскарига қўл кўтаргани учун бу одамлар уйидан чиқариладилар ва бу уй маҳаллий шўро ҳокимияти ихтиёрига олиб берилади. Энди тарқалинглар!
Одамлар саросимада тарқала бошлашди.
– Сен бизнинг тилда гапирар экансан, мусулмонмисан? – сўради ундан Тўра полвон.
– Мен большевикман, – деди татар йигит. – Мен коммунистик партияга, Ленинга хизмат қиламан.
– Кимга хизмат қилсанг қилавер, – деди Тўра полвон. – Аммо ўликни жаноза ўқиб кўмиш керак, ўриснинг ўлигини ит ер, аммо бизда ўликларни хор қилишмайди.
– Тилингга эҳтиёт бўлмасанг ўзингнинг ҳам ўлигинг итларга ем бўлади, – деб татар йигит нари кетди.
Муслиманинг ўлиги итларга ем бўлмади. «Каттанг билан гаплаштир», деб туриб олган Тўра полвонга келинининг ўлигини олиб кетишга рухсат беришди.
Ўрислар ҳар қанча дағдаға қилишмасин, жаноза намозига бутун қишлоқ чиқди. Муслимани ювмасдан, кафанламасдан, ўз кийимлари билан дафн этишди.
3.
Раҳматуллобекнинг йигитлари ҳали ҳам тоғда юришарди. Раҳматуллобек Хушназар билан суҳбатлашиб келаётган ерида Раббим полвон уларга яқин бориб, салом берди.
– Яхши бориб келдиларингми, полвон, қишлоқда нима гап экан? – сўради Хушназар. – Прунза кептими?
– Яхши бориб келдик, – деди Раббим полвон. – Прунза келмапти, аммо Холбеков деган ўзбек йигити бошлиқ юзга яқин қизил аскар келиб, қишлоққа тушибди. «Раҳматуллобек босмачи», деб эълон қилибди. «Босмачиликни тугатамиз», дебди. «Ким босмачига ёрдам берса, сўзсиз отилади», дебди. Ҳамма ёқдан бекни, бизларни суриштириб юрганмиш.
– Юртни босиб олганлар юртга эга бўлиб, бизлар ўз юртимизда ўзимиз босмачи бўлибмиз-да? – деди Хушназар алам билан.
– Қўявер, Хушназар, қизишма! – деди Раҳматуллобек. – Эл билади ким босмачилигини. Бошқасига парво қилма!
– Хушназар, яна битта нохуш гап бор, – деди Раббим полвон сал пастроқ овозда.
Энди нари кета бошлаган Хушназар тўхтаб «Нима гап?» дегандек Раббим полвонга қаради. Раҳматуллобек ҳам нима гаплигига қизиқиб, тўхтади.
Раббим полвон бироз Хушназарга тикилиб тургач, гапирди:
– Уйларингга кирган ўрис аёлингга тажовуз қилмоқчи бўпти. Аёлинг нон ёпаяпти экан, қўлидаги шоха билан ўрисни ўлдириб қўйибди. Ўрислар кўпчиликнинг олдида уни отиб ташлашибди.
Хушназар бир қалқиб тушди. Унинг кўзларида олов учқунлади.
– Қачон?
– Уч кун бурун. Бутун қишлоқ жанозасини ўқиб, шаҳид мақомида дафн қилишибди.
– Аблаҳлар! – деб қамчиси билан этиги қўнжига бир урган Хушназар яна Раббим полвонга юзланди: – Ота-онам, қизим соғмикан? Уларга тегишмаптими?
– Уйларингни тортиб олишиб, шўро идораси қилишибди. Ота-онанг қизинг билан тоғангникида туришибди экан, ҳаммалари соғ.
– Аёл кишига ҳам шафқат қилмас экан-да, бу ўрис дегани, – деган Раҳматуллобек Хушназарни бағрига босди. – Бардам бўл, Хушназар, бандачилик!
Ҳаммалари юзларига фотиҳа тортишди.
Хушназарнинг кўзида икки томчи ёш қалқиди:
– Аллоҳ раҳматига олган бўлсин!
– Ҳаммаси учун қасос оламиз, Хушназар! – деди Раҳматуллобек. – Қасос оламиз!
– Албатта қасос оламиз! – деди Хушназар ғазаб билан. – Шу бугуноқ қасос оламиз!
Тўртинчи боб.
«Маконинг бўлибдир тоғлар ораси».
1.
Қоронғу тун. Томида қизил байроқ ҳилпираб турган Хушназарларнинг уйи олдида қизил аскарлар соқчиликда айланиб юришибди. Шу пайт Раҳматуллобекнинг отлиқлари «қий-чув» билан қуюндай бостириб келишди. Қизил аскарлар ваҳимада ҳар тарафга ўқ ота бошлашди. Раҳматуллобекнинг йигитлари қизил аскарларни битта қолдирмай отиб ташлашди. Бир йигит томга тирмашиб чиқиб, қизил байроқни ерга ташлади. Йигитлар байроқни ёқиб юборишди.
Ичкарига кирган Хушназар ўз уйларига стол-стул киритилиб, бошқача бўлиб кетганини кўриб ажабланди. Аммо ҳеч ким йўқлигидан фиғони чиқди. Чиқиб, Ботирга буюрди:
– Ботир, шўросининг раисини топинглар!
– Идорасида йўқ, уйида бекиниб ўтиргандир? – деди Ботир.
Хушназар сакраб отига минди:
– Уйига кетдик!
Ҳаммалари от қўйиб кетишди.
Бу пайтда қишлоқда бўлган ола-тасирни эшитган шўро раиси Деҳқонов ўз уйида қўрқувдан қалтираб ўтирар, унинг қалтираши ёнидаги хотини ва болаларига ҳам ўтганди.
– Уйинг куйди, хотин! Хушназар идорага ўт қўйибди, – деди Деҳқонов. – Ҳозир мени қидириб келади!
– Сизга тегмас, ўрисларни ўлдирар эмиш-ку? – деди Деҳқоновнинг хотини ўзи ҳам ишонқирамай.
– Нечта шўро идорасига ҳужум қилган бўлса, ҳамма шўро раисларини осиб кетаяпти эмиш!
Шу пайт дарвоза таққиллади.
– Раис бобо, ҳов, раис!
Деҳқонов тахмон ортига бекинди. Хотини унинг устига кўрпа-тўшакларни йиғиб ташлади. Кейин икки боласини эргаштириб бориб, дарвозани очди.
– Раис бобода озгина ишимиз бор эди, янга! – деди унга Ботир.
– Районга кетувдилар, – деди ерга қараб Деҳқоновнинг хотини. – Йиғилишлари бор экан.
Унинг ёлғон гапираётганини сезган Хушназар отдан тушиб аёлга яқин келди ва паст, аммо ўктамона оҳангда деди:
– Уйингга кирсак, эрингни бузоқдек судраб чиқаман, аёл. Биз мусулмонмиз, уйингга кирмаймиз, аммо эрингга айтиб қўй, шўроларга хизмат қилишини бас қилсин! Айтганимни қилмаса, кейинги келишимда эрингни ернинг тагидан бўлса ҳам топиб, дарвозангга осиб кетаман! Тушундингми?
Аёл «тушундим» ишорасини қилиб, бош силкиди.
Хушназар отига минди:
– Кетдик!
Раҳматуллобекнинг йигитлари қандай тез келган бўлса, шундай тез ғойиб бўлишди.
2.
Ўрис Раҳматуллобекни қувиб, Раҳматуллобек ўрисни қувиб, орадан бир йил ўтди. Бу пайтга келиб Раҳматуллобекка ўхшаган йигитларнинг исмига босмачи деган ёрлиқ тиркалган, шўро деб ном олган янги ҳукумат раҳбарлари бу йигитларнинг ўзларини тополмагач, уларнинг ота-оналари, қариндош-уруғларини сиқувга олиб, шу йўл билан айрим қўрбошиларнинг бош эгиб келишига умид тутган эди.
Ургут мелисасига бошлиқ қилиб тайинланган Мардон ўрис ўз мелисалари билан Раҳматуллобекнинг қишлоғига кириб келди. Қишлоқ одамларини гўзарга йиғди. Аёлу эркак, ёшу қари қўрқув билан тизилиб туришди. Қизил аскарлар атрофни ўраб олишди.
Ниҳоят, Мардон ўрис олдинга чиқиб, баланд овозда нутқ сўзлади:
– Халойиқ! Ишчи-деҳқон Революцияси шўролар мамлакатида бутунлай ғалаба қозонди. Ҳадемай у бутун дунёда ғалаба қилажак! Бутун ер, сув оддий халқники бўлди. Ҳокимият бир ҳовуч бойлар, тўралар қўлидан олиниб, сиз, оддий халқнинг қўлига топширилди. Аммо оддий халқ мамлакатни бошқаришига кўнмаган айрим беклар, тўралар ҳали ҳам пана-пастларда ёш Шўролар давлатига душманлик қилиб, тинч халқ устига, маҳаллий ҳукумат идораларига босқинчиликлар қилишда давом этмоқда. Аммо энди уларнинг куни битди. Шонли милициямиз қизил аскарлар бўлинмалари ёрдамида Фарғона вилоятида босмачилик ҳаракатига бутунлай чек қўйди. Бухорою Хоразмда ҳам босмачилик бутунлай тугатилди. Самарқандда ҳам босмачилик ҳаракати йўқ бўлди ҳисоби. Аммо айрим босмачи тўдалари ҳали ҳам ўғриларга ўхшаб эл тинчлигини бузмоқда. Сизларнинг Раҳматуллобегингиз жуда ҳаддидан ошди. У айрим милиция бўлинмаларига ҳам, ҳатто қизил аскарлар гарнизонларига ҳам ҳужум уюштирмоқда. Биз Раҳматуллобекнинг отаси ва ака-укаларини бир неча марта огоҳлантирган бўлишимизга қарамай улар Раҳматуллобекни тартибга чақиришмади. Ҳатто ака-укаларини гаровга ушлаб турган чоғимизда ҳам Раҳматуллобек кечирим сўраб, менинг олдимга келмади. Энди жиддий чора кўришга мажбурман. Раҳматуллобекнинг отаси, ака-укалари Сибирга сургун қилинади. Олиб чиқинг уларни!
Беш-олти милиционер, қизил аскарлар билан бирга Раҳматуллобекнинг отасини, ака-укаларини турткилашиб, олдинга олиб чиқишди.
– Мардон ўрис, ўғлим икки дунёда сендан кечирим сўраб келмайди. Келса бошингни олгани келиши мумкин, – деди Раҳматуллобекнинг отаси. – Ўрис, майли, қама, Сибир қил! Хоҳласанг от! Аммо бизнинг наслимиздан сенга ўхшаган ўрисга сотилган маразлар чиқмайди! Лаънат сендай болани туққан онага! Лаънат сендай болани ўстирган отага!
– Олиб кетинг! – бақирди Мардон ўрис.
Раҳматуллобекнинг отаси ва ака-укаларини олиб кетишди. Ҳамма афсус ва надоматлар билан сўзлашиб қолишди. Кетар экан, Раҳматуллобекнинг отаси ўгирилиб, Мардонни қарғади:
– Илоё уруғинг қирилиб битсин сен Мардон ўриснинг!
Ҳар-ҳар жойдан овозлар эшитилди:
– Кекса бобойга жавр қилдинг, Мардон ўрис!
– Сен қарғишдан қўрқмайсанми, Мардон ўрис?
– Мен ҳеч нарсадан қўрқмайман! – деди Мардон ўрис виқор билан. – Менинг кўксимда партбилетим бор, мени партиям ҳимоя қилади.
3.
Шўро идорасига аҳволни ўргангани вилоят ЧКси бошлиғи Холбековнинг шахсан ўзи келди. Ҳамма ёқдаги тартибсизликни кўриб, аччиғи чиқди. Орқасидан изма-из юрган шўро раиси Деҳқоновга савол берди:
– Нима бўлди, ҳовлиқмай тушунтиринг-чи?
– Кечаси Раҳматуллобекнинг йигитлари ҳужум қилишди, – деди Деҳқонов. – Ўн иккита қизил аскар ҳалок бўлди. Қизил байроқни ёқиб юборишди.
– Ҳа, Раҳматуллобек ҳаддидан ошаяпти, – деди Холбеков. – Тунов куни «Қизил кетмон» колхозига ҳужум қилиб, соқчиликда қолдирилган қизил аскарларни отиб ташлабди. Раис Қулмуродовни идора дарвозасига осиб кетибди.
– Ўтган куни Каттамингга кепти, – деди Деҳқонов. – Қишлоқ шўросининг раиси Гадойқуловни ҳамманинг олдида отиб ташлабди. Қизил аскарларга ёрдам берган кишиларни ҳам чойхонга чиқариб, ўзи ҳукм қилиб, ўзи осдириб кетибди. Мен ҳам ишни ташламоқчиман, ўртоқ Холбеков. Биласиз, мен бир деҳқон одамман, тинчгина деҳқончилигимни қилиб юрай.
– Қўрқдингизми? Юракдан ҳам бор экан-ку? Бу ерга ўтиринг! – Холбеков ўзи ҳам ўтириб, Деҳқоновга ҳам бир стулни кўрсатди. – Қўрқманг, Раҳматуллобекнинг қаерга бекинганини аниқладик. Бир-икки кунда уни яширинган уясида янчиб ташлаймиз. Босмачиликка нуқта қўямиз ҳадемай. Фақат сиз ўзингизга топширилган вазифани бажаришга ҳаракат қилинг. Одамларга босмачиликнинг умри ўтганини, энди Шўро ҳокимияти ҳамма ерда тўлиқ ўрнатилганини тушунтиринг. Келажак албатта Шўро ҳокимиятиники эканини халқ тушуниши керак. Одамларнинг босмачилардан юз ўгиришига эришишимиз керак, Деҳқонов. Шундай қилингки, одамлар босмачиларга ёрдам бермасин! Уларга озиқ-овқат, кийим-бош беришмасин! Кўрпа-тўшак беришмаса, ҳадемай бошланадиган қишнинг изғиринига чидай олмаган босмачилар мулла минган эшакдай бўлиб, бўйинларини эгиб келишади. Ана шунда битта-биттадан итдек отиб ташлаймиз уларни, тушундингизими?
– Тушундим, ўртоқ Холбеков, тушундим, – деди Деҳқонов. – Ҳаммасини айтганингиздек қиламан!
4.
Тоғларга қалин қор тушди. Раҳматуллобекнинг йигитлари ҳар-ҳар ерда гулхан ёқишди. Гулхан атрофида суҳбатни бошлашди.
– Ўртақишлоққа борсак, саккизтагина қизил аскар Шўронинг идорасини қўриқлаяпти экан, – деди бир йигит. – Ухлаб ётганларида таппа босдик. Аввалига қўл-оёғини боғлаб, отга ўнгариб, олиб келсакмикан, дедик. Аммо бек акамнинг «Бирорта ўрис асирга олинмасин, улар билан гаплашилмасин!» деган гапларига амал қилиб, ҳаммасини Шўронинг идорасига қамаб, идорасига ўт қўйиб юбордик. Идора-пидораси билан қўшилиб, кулга айланди ҳаммаси.
– Камангаронда нима қилганимизни айтинг, ана шуниси қизиқ, – деди иккинчи йигит.
– Камангаронликларга болшавойлар сайлаб қўйган раислари кўп азоб берар экан, – деб ҳикоя қила бошлади биринчи йигит. – Ўзини энг катта бошлиқ санаб, ҳеч кимга кун бермай қўйибди. Бир йигитнинг ёшгина хотинини тортиб олган экан, келиб, бизга хабар берди. Борсак, ҳақиқатдан камбағал йигитнинг хотинини уйига олиб бориб, қучоқлаб ётган экан. Иштончанг ҳолида судраб чиқдик. Икки оёғидан икки отга боғлаб, қишлоқни айлантириб судрадик. Иймонсизнинг жазоси шундай бўлади. Гўшти бурда-бурда бўлиб кетгунча отларга судратдик ўзиям. Бекафан, бежаназа кетди, гўрингда тўнғиз қўпгур.
Шу пайт чодирдан Раҳматуллобек Хушназар, Раббим полвон ва яна икки йигит билан чиқиб келди. Ҳамма йигитлар сафга тизилишди. Раҳматуллобек ҳамма йигитларга бирма-бир тикилиб чиқди. Ниҳоят, оғир сўз бошлади:
– Деҳнавга кетамиз. Баҳорда қайтамиз. Қишда ўрис билан урушолмаймиз. Ўрис қорда уришишга уста. Отларимиз ҳам тоғда қор кўплигидан азоб еяпти. Кимга кетиш малол келса, қишлоғига қайтсин! Маломат қилиш йўқ. Ҳаммаларингдан розиман.
– Бек ака, бирга кетамиз. Биз сиз билан охиригача бирга бўлишга қасам ичганмиз, – деди ҳали йигитларга гапириб турган йигит.
Раҳматуллобек бир сўз демай хийла вақт турди. Кейин ўша йигитнинг олдига бориб гапирди:
– Мен ҳам қасам ичганман, йигит. Аммо кўра-била туриб сизларга азоб беришга ҳам ҳаққим йўқ.
Раҳматуллобек ўгирилиб, беш-олти қадам юриб, тўхтади. Йигитларга қараб ўктам овозда деди:
– Эрталаб Қори акамга жавоб берамиз. Деҳнавга кетишга иккиланган, урушдан чарчаган йигитлар Қори акам билан пастга, қишлоққа қайтиб кетишсин! Ҳеч кимдан хафа бўлмаймиз. Баҳоргача дам олишади. Баҳорда келсак, насиб қилган бўлса, яна сафимизга келиб қўшилаверишади.
Эртасига тонг маҳали, қуёш энди чиққанда Исмоил қори бошлиқ йигирма чоғли йигит Раҳматуллобек ва бошқа йигитлар билан хайрлашиб, қурол-аслаҳасиз қишлоққа қараб йўл олишди. Раҳматуллобекнинг юз эллик йигити эса қорлари кўзни қамаштирган Тахтиқорача довонидан ошиб, Деҳнав сари йўл олди.
5.
Ўттизинчи йилларга келиб, ҳақиқатдан ҳам бутун юртда шўроларнинг айтгани-айтган бўлиб қолди. Бойларнинг ерлари тортиб олиниб, колхозлар ташкил қилинди. Бу колхозларга бир умр кети иштонга ёлчимаган йўқсиллар, шўрога қўшилиб олиб, тўрт-беш кун уларнинг хизматини қилган, босмачиларни сотиб, ўзини яхши кўрсатиб олган авбошлар раис қилиб қўйилган эди. Бу раисларда на савод, на раҳбарлик лаёқати, на дину диёнат бор эди. Болшавой дегани нима кўрсатма берса, сўзсиз бажарадиган бир манқурт эди улар. Жаласой аҳли ҳам бир колхозга жамланиб, уларга бир умр масжид нималигини, намоз, рўза нималигини билмаган Нурмат кофир деган қирқдан сал ошган кишини раис қилиб қўйишди. Китель, галифе шим кийиб, камарига бир эмас, иккита туппонча тақиб юрдиган бу раис раис бўлиб, кўпларнинг бошида тегирмон тошини юргизди. Айтганини қилмаганларга дарров тўппонча чиқариб, «Нақд отиб ташлайман-а!» деб дағдаға қиладиган бўлди. Ўрисларга тақлид қилиб, папирос чекишни одат қилган Нурмат кофир папирос чекишда ҳам ўрисдан ўтди, ўрис лабига битта папирос қистирса, Нурмат кофир иккитадан папирос қистириб юришни одат қилди. Ана шу раис Нурмат кофир Хушназарнинг тоғаси Ҳамроқул бобонинг ҳовлисига кириб келибоқ бақирди:
– Тирик жон борми?
Ҳамроқул бобо ичкаридан чиқиб келди.
– Нимага бақирасан, Нурмат? Бу ердагиларни битта-яримта кар дедими сенга?
– Жиянингдан хабар борми йўқми?
– Хушназардан хабар бўлса, мендан олдин сен билардинг, Нурмат.
– Отасини чақир бу ёққа!
Ичкаридан Тўра полвоннинг ўзи чиқиб келди.
– Нурмат, исминг энди жисмингга мос бўпти, – деди Тўра полвон. – Ўриснинг оғзида битта папирос кўрувдик, сен иккита қистирибсан. Кофирликда ўрисдан ўтибсан, Нурмат кофир!
Нурмат кофир папиросларини туфлаб ташлаб, шартта ғилофидан «Наган»ини чиқарди.
– Отиб ташлайман, итдай отиб ташлайман лекин, босмачининг отаси!
– Ўғлимга кучинг етмагандан кейин мени отасан-да, кофир, – деди Тўра полвон бепарво. – Қўлингдан яна нима келади?
– Қўлимдан нима келишини ҳадемай кўрасан, – деди барибир Тўра полвондан ҳайиққан Нурмат кофир тўппончасини ғилофига соларкан. – Шундай қиламанки, ўғлинг ўзи мени излаб келади.
– Ҳаддингдан ошма, Нурмат кофир, – деди Ҳамроқул бобо. – Буларнинг уйини тортиб олиб, идора қилиб ўтирганинг етмаяптими? Ўрисларинг келинларини отиб ташлади. Яна нима каминг қолди?
Тўра полвон «Сиз шошманг», дегандек Ҳамроқул бобонинг енгидан тортиб, уни тўхтатди ва ўзи бир қадам Нурмат кофир томонга юриб, унга гапирди:
– Отанг менинг эшигимда хизмат қилиб, сен итваччаларининг қорнини тўйғизган эди. Ит семириб эгасини тишлаши шу экан-да, Нурмат кофир?
Нурмат кофир яна тўппонча суғурди:
– Отаман! Ўлай агар отиб ташлайман, Тўра карвон! Отам эшикларингда ишлаб кун кўрмай ўтиб кетди. Сен бойларнинг кунинг тугади. Энди Тўра бойлар бир ҳовуч ун сўраб идорамга боришади, кўрасан ҳамманг!
– Қўлингндан келганини қил, Нурмат кофир! Аммо билиб қўй, икки дунёда сендан нон сўрамайман. Менга сенларнинг бердиган нонинг ҳаром!
Тўра полвон ўгирилиб, ичкарига кириб кетди.
Нурмат кофир бироз тўппончаси билан чаккасини қашлаб турди. Сўнг яна тўппончасини ғилофига жойлаб, иккита папиросни тутатиб, лабига қистирганча ташқарига йўл олди. Дарвоза олдига етганда ўгирилиб, ўдағайлади:
– Ҳадемай ҳамманг тавбангга таянасан! Сенларга Нурмат раис кимлигини кўрсатиб қўяман!
Бешинчи боб.
«Мендан рози бўлинг, ака!»
1.
Эрта баҳорда Сурхон тоғларини кўклам қоплади. Икки-уч минг кишилик Иброҳимбекнинг лашкари тоғда макон қилган. Қишда буларга келиб қўшилган Раҳматуллобекнинг йигитлари ҳам икки ойдирки, булар билан бирга юришибди.
Лақай уруғининг сардори бўлган, элликни қоралаб қолган, қорувли ва келишган бек Иброҳимбек каттакон чодирида хос кишилари билан суҳбатлашиб ўтирарди.
– Раҳматуллобек, сизга катта раҳмат, бизнинг сафимизга келиб қўшилиб, кучимизга куч қўшдингиз. Йигитларингиз шердек олишар экан. Музаффарият қўлга кирса, йигитларингиз муносиб тақдирланажак!
– Бизга мукофот шарт эмас, Бек ака, элимиз озод бўлса, юртимиз кофирнинг оёғи остида топталмаса, бизларга энг катта мукофот шу, – деди Раҳматуллобек.
– Баракалла! Ҳаммамизнинг орзуимиз ҳам шу. Эртага Термизга юриш қилмоқчимиз. Хуррамбек билан Қобил қўрбошига одам жўнатдим. Улар ҳам бизга мададга келишмоқчи. Ҳаммамиз муштни бир қилсак, Термизда шўрони ағдарамиз. Термиз шўроси, у ердаги қизил аскарларнинг қўшини бутун Сурхондарё шўроларининг ишонгани. Термизда шўрони ағдарсак, қолгани ин-инига пусиб кетди. Қолганини бир ойда тугатамиз, иншааллоҳ!
– Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! – деб такбир айтишди йигитлар.
Эртаси куни тонгда Иброҳимбекнинг қўшини Термиз қалъси сари от қўйди. Бу пайтда уларнинг ҳужум қилиши ҳақида хуфияларидан аниқ маълумот олган, жангга тайёр турган қизил аскарларнинг командирлари безовта бўлиб, душманларини кутишар, қалъа деворларида тўплар ҳам шай турарди.
Узоқдан Иброҳимбекнинг қўшини ёпирилб келаётгани кўринди. Иброҳимбекнинг қўшини қалъага яқин келганда тўплар гумбурлади. Қўшин ичида тўп ўқлари портлаб, чор тараф тутун билан қопланди. Отлар аянчли кишнаб йиқилар, йигитлар ҳавога кўтарилиб тушиб, ҳалок бўлишарди. Иброҳимбекнинг қўшиини барибир қалъага яқин борди. Қалъа деворидаги душман пулемётлари ишга тушди. Ана шунда Иброҳимбек қўшинининг орқа тарафидан икки мингга яқин отлиқ қизил аскар кутилмаганда уларнинг устига ҳужум қилди.
Раҳматуллобек Иброҳимбекнинг ёнига от чоптириб келди:
– Бек ака, душман режамиздан хабардор экан, пистирмага тушдик! Орқадан ўрислар келаяпти!
– Айтинг, ҳамма орқага қайтсин, – деди ўзини йўқотмаган Иброҳимбек. – Аввал орқадан келаётган кофирларнинг ҳужумини даф қиламиз!
Раҳматуллобек от чоптириб кетди.
Лашкар ортга бурилиб, орқадан келаётган қизил аскарлар билан отишишга киришди. Бир-бирларига яқинлашишгач, қиличбозлик бошланиб кетди. Шу пайт Термиз қалъасидан ҳам тахминан икки минг кишилик қизил аскарлар бўлинмаси жанг майдони сари от солди. Энди Иброҳимбекнинг ёнига Хушназар от чоптириб келди:
– Бек ака, қалъадан ҳам ўрислар чиқиб, устимизга келишаяпти.
Қизил аскарлар билан қиличбозлик қилаётган Иброҳимбек унга қарамай сўради:
– Хуррамбек билан Қобил қўрбошидан дарак борми?
– Улар келишмапти, бек ака! Хуррамбек умуман истамапти. Қўрбоши келаётган экан, Хуррамбекнинг келмаслигини эшитиб, у ҳам йўлдан қайтибди.
– Ўзи мусулмонман дегани бирлашмади, бирлашмади-да, ука! – Ўзига яқин келиб қолган қизил аскарни отиб ташлаган Иброҳимбек, Хушназарга ўгирилди: – Ҳаммага айтинг, дарёга қараб чекинамиз!
Хушназар от чоптириб кетди. У йигитларнинг олдига етиб борганида ўн чоғли қизил аскарларнинг ўртасига тушиб қолди. Қилич билан уларнинг ҳамлаларини қайтара бошлади. Хушназарнинг ёнига Акбар етиб келди ва унга ёрдам берди. Акбар шердек олишди. Акбар Хушназарга қилич урмоқчи бўлаётган кофирнинг қиличига ўзини тутиб, Хушназарни ўлимдан сақлаб қолди, аммо ўзи оғир яраланди. Шу пайт уларга ёрдамга Ботир ва Раббим полвон етиб келди. Қизил аскарлаб билан қилич солишаётган Хушназар Раббим полвонга бақирди:
– Раббим, Акбарни олиб кет!
Раббим полвон отдан қулай бошлаган Акбарни жанг майдонидан олиб чиқиб кетди. Хушназар ва Ботир ўрисларни ўлдиришди, қолган бир-иккитаси қоча бошлади. Хушназар уларнинг кетидан от солар экан, Ботирга буюрди:
– Ботир, йигитларга етказ, дарёга қараб чекинишсин! Бу Иброҳимбекнинг буйруғи!
Ботир от чоптириб кетди. Хушназар қочаётган кофирларнинг ортидан от қўйди.
Иброҳимбекнинг лашкари жанг майдонини катта талофатлар билан ташлаб чиқиб, Амударё тарафга чекинди. Қизиллар уларнинг ортидан анча қувиб келишиб, ниҳоят, таъқибни тўхтатишди.
Раббим полвон ва Ботирлар яраланган Акбарни арчазор ичига, панароқ жойга олиб киришди. Сал ўтгач, Хушназар уларнинг олдига етиб келди. Дарров Акбарнинг бошини тиззасига олди. Акбар зўрға кўзини очди. Хушназарни таниб, сўради:
– Хушназар ака, келдингизми? Шукр, омон экансиз!
– Сен туфайли омон қолдим, ука! Раҳмат сенга!
– Ўрислар даф бўлдими? – деди қийналиб гапираётган Акбар.
– Уларни албатта даф қиламиз, Акбар! – деди Хушназар.
– Кейин қишлоғимизга қайтамиз-а, Хушназар ака?
– Албатта қайтамиз, Акбар, сен… сен дадил бўл ука!
Акбар атрофидаги йигитларга бирма-бир қараб чиқди:
– Мени олиб кетганингиздан хафа эмасмисизлар, акалар?
– Сен ҳақиқий йигитсан, Акбар! – деди Ботир. – Сен мардона олишдинг!
– Хушназар ака, мени кечиринг, сизга кўп ёрдам беролмадим! – деди ҳолсизланиб қолган Акбар.
– Ундай дема, йигит, – деди Хушназар. – Биз сен билан фахрланамиз.
– Мендан рози бўлинг, ака! – деди сўнгги нафасларини олаётган Акбар.
– Розиман, ука. Сен ҳам рози бўл!
Хушназар Акбарни маҳкам қучоқлаб олди. Унинг кўзларидан ёш сизиб чиқди.
– Онажон, мени кечиринг!
Бу Акбарнинг охирги сўзлари бўлди.
– Ботир, Иззатуллони, Норбойни, қолган йигитларимизни чақиринглар! – деди Хушназар. – Акбарни шаҳид мақомида дафн этамиз!
Ботир ва Раббим полвон кўзларида ёш билан йигитларни қидириб кетишди.
2.
Иброҳимбекнинг қўшини дарё бўйида йиғилди. Қўшин сафи анча камайган эди.
– Кофирларга кучимиз етмай қолди, – деди Иброҳимбек. – Фақат ўрис бўлса кучимиз етарди, ўрисга ўзимизнинг одамларимиз ёрдам бераяпти. Уларнинг тарафдорлари кўпайди. Алданган ўзбекларнинг ҳисобига уларнинг қўшини ортди. Хуррамбек билан Қобил қўрбошига ўхшаганлар хиёнат қилди. Оғир дамда келиб бизга қўшилишмади. Энди битта йўли қолди, Афғонга кетамиз. Куч тўплаб, қурол-аслаҳамизни янгилаб, катта қўшин билан қайтиб келамиз.
Иброҳимбек билан ёлғиз қолишгач, Раҳматуллобек ўз узрини изҳор қилди:
– Бек ака, узр, бизнинг ўз еримизда қиладиган ишимиз бор эди. Хўп десангиз, биз шу ердан қайтсак.
Иброҳимбек пича ўйланиб турди. Бир кўнгли Раҳматуллобекни ўзи билан кетишга кўндирмоқчи ҳам бўлди. Аммо «Уям бек, ўзининг режалари бор», деб рози бўлди:
– Майли, бек, хизматларингизга рози бўлинг! Биз сиздан розимиз! Омон бўлсак, кўришамиз.
– Хайр, Бек ака, ўзларингизни эҳтиёт қилингизлар!
– Хайр, Раҳматуллобек, сиз ҳам ўзингизни эҳтиёт қилинг, йигитларингизни ҳам.
Иброҳимбек Раҳматуллобек билан қучоқлашиб хайрлашди.
Иброҳимбекнинг йигитлари тизилиб, дарёдан ўтиб кета бошлашди. Раҳматуллобекнинг йигитлари эса ортга қайрилиб кета бошлашди.
Энди уларнинг сафи юзга ҳам етмас эди.
3.
Раҳматуллобек йигитлари билан бир неча марта пистирмаларни четлаб ўтишиб, бир неча марта қизил аскарлар билан отишиб, ниҳоят, эсон-омон Ургутга қайтиб келиб, яна Қоратепа тоғларини макон тутишди. Бу пайтда тоғлар ям-яшил майса билан қопланган, бир-иккита лолалар эндигина лаб ёрган маҳал эди.
Икки кун ўтиб, Раҳматуллобекнинг қайтишини интиқ кутиб юрган Исмоил қори яна элликка яқин йигитни олиб, тоққа етиб келди. Ҳаммалари қучоқлашиб кўришдилар. Кенг бир майдонда ўтиришиб, сафларда кўринмаётган, шаҳид бўлган йигитлар ҳақига Қуръон тиловат қилишди. Дуо қилишди.
– Хуш келибсиз, Қори ака, қалай, қишлоқлар тинчми? – сўради Раҳматуллобек.
– Тинч эмас, бек, – деди Исмоил қори. – Холбеков яна юзта ўрис аскар олиб келган. Келганингизни эшитиб, изингизга тушган. Халқни сизга қарши қайраб юрипти. Сизни бек эмас, қўрбоши деб, босмачи деб, одамларга ёмон кўрсатишга ҳаракат қилаяпти. Дўнгсойга ким билади кимнинг йигитлари келган, аммо оддий одамларни ҳам талаб, бир-иккита қизни олиб қочиб кетишибди. Балки, ўзлари уюштирган бўлишлари ҳам мумкин, ахир жиҳодга чиққан йигитлар бундай ишни қилишмайди-ку? Ана шу пасткашликни ҳам сизга ағдариб, қадами етган ерда сизни ёмонлаб юрибди.
– Бу кофирлардан ҳар балони кутса бўлди, Қори ака.
– Халқ ҳам қизиқ-да, ким келиб бир нима деса ишониб кетаверади. Шўроларнинг қутқусига учиб, ўз йигитларимизни босмачига чиқариб, яна босмачини лаънатлаб юрганлар ҳам борлигига нима дейсиз?
– Халқимиз содда-да, Қори ака, кофирлар ана шундан фойдаланишади.
– Аммо кўпчилик барибир сизларга нажот кўзини тиккан. Мана, шунча гапдан кейин ҳам элликка яқин йигитларни ҳузурингизга жўнатишди. Ҳадемай яна қирқтача йигит келиб, сафингизга қўшилмоқчи.
– Келаверишсин! Бизнинг ҳам сафимиз икки-уч мингга етиб қолса, Ургутда Ислом байроғини қайта ўрнатамиз, насиб бўлса!
– Илоҳи, ниятингизга етинг, Бек!
– Насиб бўлса, бирга-бирга етамиз, Қори ака.
Йигитлар дастурхон ёзишди. У-бу тановвул қилганларидан кейин Раҳматуллобек йигитларига қараб сўз бошлади:
– Раббим полвон, йигитларга қурол беринглар! Йигитларга айт, уларга отиш, чопишни ўргатишсин! Хушназар, сен қол, гап бор!
– Хўп бўлади! – деб ўрнидан қўзғалган Раббим полвон Иззатулло ва Норбой ҳамда Ботирлар билан янги келган йигитларни бошлаб кетишди.
Раҳматуллобек Хушназарга қараб гапини давом эттирди:
– Хушназар, сени Мирзаполвоннинг олдига жўнатмоқчиман. Эллик-олтмишта йигити билан ўзлари томонда ўрисларга ҳужум қилиб юрибди экан. Бориб айт, бизга қўшилсин! Бирлашмасак, ўрис ҳаммамизни битта-биттадан қийратадиганга ўхшайди.
– Қачон йўлга чиқай?
– Шу бугуноқ. Кўплашиб юрманглар, бирорта йигитингни олиб кетсанг етади.
– Хўп, мен кетдим бўлмаса,
– Яхши бориб келинг! – қўларини дуога очди Исмоил қори. – Илоҳи бекларимиз бирлашиб, кофирларнинг зулмидан халос бўлишни Аллоҳ таоло тезроқ насиб этсин, Аллоҳу акбар!
Хушназар Ботир билан отларига минишиб, пастга тушиб кетишди.
Олтинчи боб.
«Кунимиз битди, шекилли?»
1.
Ургутнинг таниқли бекларидан бўлган Мирзаполвон ёши элликларга борган, ўн пуд тош босадиган, ҳозирги ҳисоб билан айтсак, оғирлиги бир юзу олтмиш кило келадиган, улкан гавдали, ҳақиқий полвон киши эди. Бошқа отлардан иккита келдиган улкан қорабайир оти билан кўпкарига кирса, ундан улоқни оладиган полвон топилмас эди. Қорабайири ҳам шундай улкан одамни устига олиб, қуюндай учар эди.
Мирзаполвон уч-тўрт йигити билан гаплашиб турганди, уларнинг олдига бир йигити от чоптириб келди.
– Полвон ака, Раҳматуллобекнинг олдидан иккита йигит кепти. Сиз билан кўришмоқчи.
– Раҳматуллобекнинг йигитларидан бўлса бирданига бошлаб келавермайсанми, барака топгур? Чақир!
Йигит кетди ва сал ўтиб, Хушназар ва Ботирларни бошлаб келди. Улар отдан тушиб, салом беришди. Мирзаполвон йигитлар билан қучоқлашиб кўришди.
– Яхши келдиларингми? Раҳматуллобек соғ-саломат юрибдими?
– Аллоҳга шукур, эсон-омон юрибдилар, – жавоб берди Хушназар. Сизга салом ва дуо юбордилар.
– Биз ҳам дуодамиз. Иброҳимбекка қўшилиб кетди, деб эшитувдим?
– Эрта баҳорда қайтиб келдик, Полвон ака.
– Эшитдим, Иброҳимбек Амир Олимхоннинг ҳузурида эмиш. Ёзда Амирнинг ўзи бош бўлиб, катта лашкар билан Амударёдан ўтиб, шўролар билан уруш бошлармиш.
– Биз ҳам шунақа деб эшитдик.
– Ҳозир шошиб турувдик, Шуллуклига қизил аскар тушганмиш. Бориб би-ир додини бериб келайлик! Хоҳласангизлар бирга юринглар, йигитларим қандай уришишини кўриб келасизлар!
– Албатта борамиз! – деди Хушназар.
– Отландик бўлмаса!
Ҳаммалари отларга минишиб, йўлга тушишди.
2.
Мирзаполвон бошлиқ қирққа яқин йигит Шуллукли қишлоғига Шомдан кейин кириб келишди. Уларга шу қишлоқлик деҳқон Алимқул пешвоз чиқиб, салом берди:
– Ассалому алайкум, Полвон ака, хуш келибсизлар!
– Кофирлар қишлоқдами? – алик олганданоқ сўради Мирзаполвон.
– Кетишди, Полвон ака, – деди Алимқул. – Босмачига ёрдам берганингни отамиз, чопамиз, деб пўписа қилиб кетишди.
– Борган йигитларинг бугун ётиб қолишар экан, деганди-ку?
– Билмадим, Полвон ака, ҳар гал бир-икки кун туриб кетишарди, бу сафар тез кетишди.
– Бўпти, масжидларингга ўтиб, Хуфтонни ўқийлик, кейин биз қайтамиз.
Ҳаммалари масжидга қараб кетишди. Мирзаполвоннинг йигитлари қишлоқ одамлари билан бирга Хуфтонни ўқиб чиқишди.
– Полвон ака, бир пиёла чойимиз бор, – деди Алимқул Мирзаполвон кетишга шайлана бошлаганда. – Меҳмон бўлиб кетинг!
– Ўзимиз ҳам оч қолдик, аммо йигитларим ҳовлингга сиғадими? – сўради Мирзаполвон. – Ҳаммани тўйғизоласанми?
– Ҳовлим катта, Полвон ака, сиғишади, – деди Алимқул. – Тўйғизишга келсак, етса молим, етмаса жоним. Бир қўйни сўйиб, ошни ўзим дамлаб бераман, бўладими?
– Борамизми, йигитлар? – деди Мирзаполвон йигитларига қараб. – Бир ошхўрлик қиламизми?
– Сиз нима десангиз шу, Полвон ака! – деди Мирзаполвоннинг ёнидаги йигит.
– Унда бошла, – деди Мирзаполвон Алимқулга қараб. – Меҳмонинг бўлсак бўлибмиз-да!
Алимқул йигитларни уйига бошлаб кетди.
Мирзаполвоннинг йигитлари Алимқулнинг ҳовлисини тўлдиришди. Мирзаполвон ўзининг, Хушназар ва Ботирларнинг отини уйнинг орқа томонидаги сайисхонага ўтказиб боғлатди ва отларнинг тўрвасига мўл қилиб арпа солдирди.
Алимқул ва унинг хотини Зайнаб елиб-югуриб йигитларнинг хизматини қилишар, дастурхонга гоҳ чой, гоҳ мева-чева ташишар эди. Ҳовлида икки йигит қўйни сўйиб бўлишганидан Алимқулнинг ўзи ўчоққа ўт қалаб, ошга уннади.
Ичкарида Мирзаполвон, ёнида Хушназар, Ботир ва бир қанча йигитлар суҳбатни бошлашди.
– Тузукроқ суриштиролмадим ҳам, исминг нима, йигит? – сўради Мирзаполвон Хушназардан. – Кимлардансан?
– Исмим Хушназар. Жаласойлик Тўра полвоннинг ўғлиман.
– Шунақа демайсанми, полвон? Ўзимиздан экансан-ку? Отангни танимаган полвон бор эканми? Тўра полвон кураги ер кўрмаган полвонлардан, аммо от чопмаган-да. Ўзинг-чи? Полвонмисан сен ҳам?
– Мен ҳам курашаман, ёнимдаги дўстим Ботир полвон ҳам курашади, – деди Хушназар. – Аммо кўпкари чопмаганмиз.
– Ҳа, яхши, полвон халқини ҳурмат қиламан, аммо от чопмаганларинг чакки экан. Полвоннинг зўри от чопди-да, йигит.
– Бизда ҳам сизникига ўхшаган от бўлса, чопардик, Полвон ака, – деди Ботир.
– Отимга ҳавасинг кепти-я? Туркманлардан бешта туянинг пулига сотиб олганман. Мени бошқа от кўтаролмайдиям-да, ука. Улоқни олсам бўлди, бирорта отни яқинига йўлатмайдиям, бирорта от унга етолмайдиям.
Бир йигит суҳбатга қўшилди:
– Полвон ака, етган билан сиздан улоқни олиб бўлармиди?
– Ай, уккағар, олган улоғини олдирган полвон ҳам полвонми? Билиб олинглар, мен улоқни ушлаганимдан кейин қўлимни елкамдан суғуриб олишларинг мумкин, аммо қўлимдан улоқни ҳеч ким ололмайди.
– Жамолиддин бойнинг кўпкарисидаги воқеани айтиб беринг, Полвон ака! – деди бояги йигит.
– Ҳа, энди у бир бўлиб қолувди-да, – деди Мирзаполвон. – Қўй, меҳмонлар Мирзаполвон мақтанчоқ экан дейишади.
– Майли, айтиб беринг, Полвон ака, биз ҳам қизиқиб қолдик – деди Хушназар.
– Бўлмаса эшитинглар! – деб Мирзаполвон кўпкарида бўлган ҳангомалардан сўзлашга тушди.
3.
Ош пишираётган Алимқулнинг олдига хотини Зайнаб келди. Бир косани эрига узатди.
– Ман буни тез ошга қўшинг, битта-яримтаси кўриб қолмасин!
– Зайнаб, билиб қолишса, уруғимизни қуритади бу босмачилар!
Зайнабнинг ўзи косадаги нарсани ошга солиб юборди.
– Яхшилаб аралаштиринг! Билмайди ҳеч ким. Қўрбошингиз асфалософилинга кетди, деяверинг шу бугун.
– Ишқилиб, охири бахайр бўлсин-да, – деди Алимқул чор тарафга олазарак қараб.
– Мен кетдим, Холбековга хабар қиламан, – деди Зайнаб тараддудланиб.
– Эҳтиёт бўл, – деди эри. – Биров сезмасин!
– Хўп!
Зайнаб шипиллаганча қоронғулик қўйнига сингиб, ғойиб бўлди.
Алимқул сал ўтиб, лаганларда буғи чиқиб турган ошни сузиб йигитларга узатди. Ҳаммалари иштаҳа билан ош ея бошлашди.
– Ҳаммага етдими, ишқилиб? – сўради Мирзаполвон.
– Алимқул аканинг тайёргарлиги зўр экан, Полвон ака, ҳаммага етди, – деди йигитлардан бири. – Қозонда ҳали яна ош бор.
– Баракалла, қани олдик бўлмаса, – деб Мирзаполвон меҳмонларига ҳам манзират қилди: – Ол, Хушназар! Ол, йигит!
– Биз келаётиб овқатланган эдик, бизга узр, – деди Хушназар. – Аммо чой ичамиз.
Хушназар ош емади. Чой сузиб, пиёлаларнинг бирини Мирзаполвонга узатиб, бирини ўзи олиб, чой ичди.
– Бўлмаса гапириб тур, полвон, – деди Мирзаполвон. – Қани, Раҳматуллобек нима дейди? Нияти нима? Режалари қандай?
Мирзаполвоннинг авзойини бироз кузатган Хушназар секин сўз бошлади:
– Раҳматуллобек сизга, Қодирбойваччага, Фазлиддинбекка ўхшаб якка-якка курашиб юрган бекларни бирлаштириб, муштни бир қилиб, кофирларга қарши бирга уришсак дейди. Сизни ҳам бизга қўшилсин, деяпти.
– Ҳм-м, – деди Мирзаполвон ош ея туриб. – Бирлашган яхши, аммо бирлашсак қўшинга ким бош бўлади? Менми Раҳматуллобекми?
– Менимча, бунинг аҳамияти йўқ, – деди Хушназар. Тажрибалироқ десангиз Раҳматуллобек бош бўлсин. Ёшим улуғроқ десангиз сиз бош бўлинг. Муҳими кофирларни йўқотсак бўлди-да.
– Кўрдингми, Раҳматуллобек бош бўлсин дейсан. Ким бош бўлиши ҳам муҳим. Икки йил олдин Раҳматуллобек бош бўлса, мен рози бўлардим. Раҳматуллобекнинг мингта йигити бор эди. Ҳозир йигити юзта ё чиқади ё чиқмайди. Мен йигитларимни йиғсам уникидан кўп бўлади. Раҳматуллобек келиб, менга қўшилса тўғри бўлади.
– Биз мусулмон бекларнинг бир-бирига қўшилмай нима кунларга қолишганини Сурхондарё тарафларда кўриб келдик, Полвон ака, – деди Хушназар. – Хуррамбек ва бошқа қўрбошилар қўшилмагани, айримлари келиб, жанг майдонидан қайтиб кетгани боис Иброҳимбек Термиз қалъаси ёнида мағлуб бўлди. Бундан хулоса чиқариш керак.
– Мен қўшилганим билан Қодирбойвачча қўшилмайди, – деди Мирзаполвон қўлини артиб. – У ўрисга қарши уришиб юргани билан барибир бизни менсимайди. У кимсан Назар бойнинг боласи. Фазлиддинбекнинг эса йигитлари қирилиб битди. Еттита ёки саккизта йигити билан йўлтўсарлик қилишдан бошқага ярамайди.
– Полвон ака, гап билан ошни яхши емадингиз, – деди Алимқул безовталаниб. – Олинг, қолмасин!
– Яхши ош бўпти, Алимқул, зўр едим, – деди Мирзаполвон. – Нима қўшдинг, ошинг бунча ширин бўпти?
Алимқул саросимага тушиб, томоқ қирди. Аммо дарров ўзини ўнглаб олди:
– Қўй гўшти, думба ёғи-да, Полвон ака.
– Ҳа, яша, – деди Мирзаполвон бир эснаб олиб. – Аммо уйқу босаяпти. Икки соатгина ухлаб олсак нима дейсизлар?
– Икки кечадан бери ухлаганимз йўқ, – деди йигитларидан бири. – Икки-уч соат ухлаб олсак яхши бўларди.
– Бўлмаса ташқарида тўрт-беш йигит қоровулликда турсин! – деди Мирзаполвон. – Қолганинг дамингни ол!
Дастурхонга дуо қилишди. Алимқул ва икки йигит дастурхонни йиғиштириб олишди. Алимқул Мирзаполвоннинг ёнига ёстиқ қўйди. Мирзаполвон ёнбошлагач, устига кўрпа ёпди. Бошқа йигитлар ҳам ёнбошлаб, тезда ухлаб қолишди.
Хушназар Ботир билан пича суҳбатлашиб ўтирди. Аммо Ботир ҳам ухлаб қолгач, Хушназар ҳам ёнбошлади.
4.
Тонг энди бўзара бошлаган маҳалда Зайнаб Холбеков бошчилигидаги юзтача қизил аскарларни бошлаб келди. Қизил аскарлар Алимқулнинг уйининг атрофини ўраб олишди. Холбеков дарвоза олдида ухлаб қолган йигитнинг бошига милтиқ қўндоғи билан қаттиқ урди. Боши ёрилган йигит қонига беланиб, шилқ этиб йиқилди. Зайнаб Холбеков билан пусиб ичкарига киришди. Орқаларидан уч-тўртта қизил аскарлар ҳам киришди.
Зайнаб унга пешвоз чиққан Алимқулнинг қўлидаги болтани олиб, ҳовлида ухлаб ётган йигитларнинг бирини зарб билан урди. Йигит ихраб, жон берди.
Кимнингдир ихраганини эшитган Хушназар деразадан ташқарига қаради ва ҳовлида юрган қизил аскарларга кўзи тушди. Дарров Ботирни уйғотди. Хушназар ва Ботир бешотарларини қизил аскарларга тўғрилаб, баравар ўқ отишни бошадилар. Бир неча қизил аскар ўқ тегиб ўлди. Холбеков тўппончасидан ичкарига ўқ уза бошлади. Қолган қизил аскарлар ҳовлида ётган йигитларни отишни бошладилар. Қизил аскарлар ҳовлида ухлаётган, шунча олатасир билан уйғонолмаётган, уйғонганда ҳам нима бўлаётганини англаб етмаётган йигитларни отиб ташладилар.
Ичкарида ётган Мирзаполвон ва унинг хос йигитларининг ҳам уйқудан уйғонишлари қийин бўлди. Аммо улар уйғонишиб, қизил аскарларга қаратиб ўқ ота бошладилар.
Бироз отишмадан сўнг Холбеков қизил аскарларга отишни тўхтатишни буюрди. Бир муддат ўқ овозлари тинди. Холбеков баланд овозда ичкаридагиларга мурожааат қилди:
– Мирзаполвон! Ўқ отишни бас қил! Ҳовлида бирорта йигитинг тирик қолмади. Ичкаридагиларни ҳам жувонмарг қилма! Яхшиликча чиқиб, таслим бўл!
Мирзаполвон бунга жавобан милтиғидаги беш ўқни бирваракайига унга қаратиб отди. Қолганлар ҳам ичкаридан қизил аскарларга қаратиб ўқ ота бошлашди. Бир-иккита қизил аскар ўқ тегиб ўлди. Қолганлари ичкарига ўқ ота бошлашди. Бир-иккита Мирзаполвоннинг йигитлари ҳам ҳалок бўлди. Отишма анча вақт давом этди.
– Кунимиз битди, шекилли, йигитлар? – деди Мирзаполвон Хушназарга қараб. – Алимқулнинг қанжиғи ошга наша солибди. Айтдим-а, ҳали еб бўлмасимиздан уйқу босди, деб. Улмай чиқсам, бутини йиртаман, ит эмганнинг!
Мирзаполвон югуриб бориб, елкаси билан уйнинг орқа деворига урди. Учинчи уришида девор ўпирилиб, отлар турган томонга туйнук очилди. Мирзаполвон туйнук аторофини тепиб катталаштирди ва у ердан ташқарига чиқди. Бошқа йигитлар ҳам шу ёққа чиқа бошлашди. Аммо бу томондан ҳам қизил аскарлар буларни ўққа тутди. Мирзаполвонга ўқ тегиб йиқилди. Хушназар уни олиб чиқиб кетишга уринди.
– Мени қўявер, полвон, отимни эҳтиёт қил! – деди Хушназарни тезроқ қочишга ундаган Мирзаполвон. – Отимни қутқарсанг, у сени ҳам қутқарди.
Хушназар бориб, Мирзаполвоннинг қорабайирига минди. Ботир ва беш-олти йигит отларга минишиб, Хушназарга эргашди. Ҳовлидан чиқаётган ерларида рўпарадан чиқиб қолган қизил аскар Ботирга ўқ узди. Ботир отдан учиб кетди. Хушназар қизил аскарни қиличи билан чопиб ташлади ва ҳалок бўлган Ботирга бир қараб, отга қамчи босди. Қорабайир ҳовли деворидан ошиб ўтиб кетди.
Хушназарнинг ортидан биргина йигит етиб келди. Қолганлари ҳалок бўлишди ё отлари ўққа учди.
– Қаёққа қараб борсак қутуламиз, йигит? – деди бу ерларни яхши билмайдиган Хушназар.
– Ҳамма ёқни кофирлар ўраб олган, биргина дарё тараф очиқ, – деди йигит. – Аммо дарёда сув кўп, дарё отларимизни ҳам оқизиб кетади.
– Дарёга ташлаймиз бўлмаса, – бақирди Хушназар. – Аллоҳга таваккал!
Хушназар отини тўғри дарёга бошқарди. Қорабайир иккиланмай дарёга сакради. Хушназарнинг ортидан ҳалиги йигит ҳам оти билан сувга сакради.
Еттинчи боб.
«Тирик қолишга ҳаққи йўқ!»
1.
Дарёнинг нариги бетига ўтиб олган Хушназар ҳалиги йигитни ҳам отнинг арқонини ташлаб, тортиб олди. Унинг отини дарё оқизиб кетган эди.
– Исминг нима, йигит? – сўради Хушназар.
– Абдулла, – деди йигит. – Сизга раҳмат, мени нақд ўлимдан сақлаб қолдингиз!
– Икковимиз ҳам ўлимдан қолдик. Полвоннинг оти бўлмаса, дарёдан ўтолмасдик.
– Бу от жонивор Полвон акамни неча марта ўлимдан олиб чиққан эди, афсус, бугун Полвон акамнинг омади келмади.
– Ҳа, сотқинлик бўлибди, – деди алам билан Хушназар. – Уйинг куйгур Алимқул деганларинг ўрисга сотилган экан-да?
– Ошгаям бир бало қўшилган экан, билмабмиз-да, Хушназар ака. Қаранг, ҳеч ухламайдиган қоровул йигитлар ҳам ухлаб қолишибди.
– Энди нима қиламиз? Қаёққа борамиз, Абдулла?
– Очил Довга хабар беришимиз керак. У киши Полвон акамнинг устозлари. Эшитсалар, албатта қасос олмай қўймайдилар.
– Кетдик бўлмаса!
Йигитлар шалаббо бўлган кийимларини сиқиб кийишгач, иккови битта отга мингашиб, йўлга тушишди.
2.
Аср намози пайти шуллуклига олтмиштача йигити билан Очил Дов кириб келди. Ораларида Хушназар ва Абдулла ҳам бор эди. Ҳамма қўрқув билан эшикларини тамбалаб олишди. Аёллар болаларини беркитишди.Очил Дов тўғри Алимқулникига йўл олди.
Йигитлар Алимқулни ҳовлига судраб чиқишди.
– Нима қилдинг, ит? – отдан тушмай туриб сўради Очил Дов.
– Мени кечиринг, тақсирим, шайтон йўлдан урди, – деди титраб-қақшаётган Алимқул.
– Ким йўлдан урганини кейин аниқлаймиз, – деди отдан тушган Очил Дов қаҳр билан. – Сенга нима қилдинг, дедим, ҳайвон?
– Хотинимнинг гапи билан шўроларга хабар қилиб қўйдик, тақсир, бизни кечиринг!
– Мирзаполвон қани?
Алимқул бир сўз демай ерга қараб тураверди. Уларга яқин келган қишлоқнинг мулласи Абдураҳим бобо гапга аралашди:
– Мирзаполвонниям, қолган йигитлариниям битта қўймай отиб ташлашди қизил аскарлар.
Очил Дов Алимқулнинг елкасига қамчи билан солди.
– Ўлиги қани?
Яна Абдураҳим бобо жавоб қилди:
– Ҳаммасига жаноза ўқиб, шаҳидларнинг мақомида қабристонга кўмдик. Аммо Холбеков деганлари қабристонниям хор қилди. Ўлган ўн иккита ўрисни ҳам қабристонга битта катта қабр қаздириб, кўмдирди. Чиқариб ташланглар, десангиз, ўрисларнинг ўлигини қабристондан чиқариб, жарга ташлаб юборамиз.
Очил Дов пича ўйланиб туриб, жавоб берди:
– Индаманглар! Улар ҳам Аллоҳ таолонинг бандалари. Фақат адашиб кофир бўлиб қолишган. Уларда айб йўқ. Улар аскар, буйруқни бажаришган. Аммо мана бу, мусулмон бўла туриб, ўз биродарини кофирга боғлаб берган муртадга шафқат йўқ! Дорни тайёрланглар!
Алимқул Очил Довнинг оёғига ўзини ташлаб йиғлади:
– Мени кечиринг, илтимос! Аёлимнинг гапига кириб, шу ишни қилиб қўйдим, пирим.
– Аёли ошга ухлатадиган дори қўшган экан, – деди Абдукарим бобо. – Холбеков унга раҳмат айтиб, мукофот ваъда қилиб кетди.
– Тақсир, Муҳаммад алайҳисаломга душманлик қилган амакиси Абу Лаҳаб ва унга ёрдам берган хотинига дўзахда қанақа мукофот тайин қилинган? – деди Очил Дов Абдукарим бобога қараб.
– Абу Лаҳаб ўтда куйиши ва хотини унинг остига ўтин қалаб туриши тайин қилинган.
– Бу итни ҳовлисидаги тутга оёғидан осинглар! – деди ғазаб билан Очил Дов. – Тагига ўтинни хотини олиб келиб уйсин! Оловни ҳам айнан хотини ёқсин!
Уч-тўрт йигит Алимқулни оёғидан тутга осдилар. Бошқа йигитлар Зайнабни мажбулаб ўтин олиб келтиришди. Ўтин осилиб турган Алимқулнинг бошига етгандан сўнг бир машъалани Зайнабнинг қўлига беришди. Зайнаб ўктамона юриб бориб, машъалани ўтинларнинг устига иккиланмай ташлади. Олов бирпасда гулханга айланди ва хотинини ҳам, босмачиларни ҳам, шўрони ҳам лаънатлаб дод солаётган Алимқул гулханда тириклай қовурилиб, бирпасда куйиндига айланиб қолди.
Очил Дов отига миниб, бурилиб кета бошлади. Унга бир йигити яқин келди.
– Устоз, сотқиннинг хотинини нима қилайлик?
– То шу бугунгача нима бўлганда ҳам аёл кишига қўл кўтарганимиз йўқ эди, – деди Очил Дов. – Аммо бу аёл шафқат қилишимизга муносиб эмас. Эрини йўлдан урганини ҳам кечирардим, шўроларнинг қутқусига учиб, Мирзаполвонни уларга тутиб берганини ҳам кечирардим, аммо ўз эрининг остидаги ўтинни соғ аёл ёқмас эди. Мен синаш учунгина айтувдим, аммо бу аёл иккиланмай эрига ўт қўйди. Бу аёл руҳини шайтонга сотиб бўлган экан. Унинг тирик қолишга ҳаққи йўқ!
Беш-олти йигит Зайнабни жар томонга олиб кетишди.
Очил Дов, орқасидан йигитлари йўлга тушишди. Жар тарафдан бир неча милтиқдан бирданига ўқ узилгани эшитилди. Дарахтлардаги қарғалар чўчиб, осмонга кўтарилишди.
3.
Шуллуклига кириб келган Холбеков бошчилигидаги отряд тўғри қабристонга қараб йўл олди. Улар қабристонга етишгач, отларини ташқарида қолдиришиб, ўзлари қабристон ичкарисига киришди.
Иккита қабр устига беш юлдузли темир пирамида ўрнатилган. Улардан бирида «Босмачиларга қарши курашда ҳалок бўлган Алимқул Қобиловга миннатдор Совет ҳукуматидан», иккинчисига «Халқ қаҳрамони Зайнаб Қобиловага миннатдор Совет ҳукуматидан» деган ёзувли лавҳалар ўрнатилган. Қабрлардан сал нарида каттакон қабр ва қабр устига қўйилган беш юлдузли ёдгорлик ва ундаги ўн иккита ўрисча фамилиялар кўринади: Иванов И.И, Сидоров И,В, Петров А.М, Николаев К.М, …
Қабрлар олдида қизил аскарлар саф тортишди. Орқароқда қишлоқ шўроси раиси йиғиб келган қишлоқ одамлари, ёш болалар нима бўлар экан, деб қизиқсиниб туришди.
– Босмачиларга қарши курашда қаҳрамонлик кўрсатган Зайнаб Қобилова ва Алимқул Қобиловларнинг номи қалбимизда абдий сақланажак! – деди Холбеков тантанавор қилиб. – Уларнинг хизматини шўро ҳукумати унутмайди. Уларга шон-шарафлар бўлсин!
Қизил аскарлар милтиқларини осмонга қаратиб, бирваракайига уч мартадан ўқ узишди.
Яна қарғалар учди.
4.
Хушназар Раҳматуллобекнинг қароргоҳига етиб борганида ҳаммалари бетоқат бўлиб уни кутиб ўтиришар, Мирзаполвоннинг фожеасидан хабар топишган, Хушназардан ҳам хавотирлари катта эди. Хушназарнинг ҳикояси ҳаммаларининг қалбларини ларзага солди. Мирзаполвон, Ботир ҳамда Шуллуклида шаҳид бўлган бошқа йигитларнинг руҳи покларига атаб Қуръон тиловат қилинди.
– Илоҳи, уларга шаҳидлик мақомини бериб, жаннати наиминг билан сийлагин! – дуо қилди Исмоил қори. – Тезроқ кофирларни даф қилиб, Мирзаполвон ва юрт озодлиги учун шаҳид бўлган бошқа биродарларимизнинг ҳам руҳини шод қилишни бизларга насиб этгин!
Ҳаммалари юзларига фотиҳа тортишди.
– Энди оғир бўлади, Қори ака, жуда оғир бўлади, – деди ўйчан бўлиб Раҳматуллобек. – Ўрис ҳамма бекларни битта-биттадан қилиб, Мирзаполвон сингари қириб битиради. Не-не полвон йигитлар, мард ўспиринлар бу жангларда шаҳид бўлишди. Ўрисни битта қўймай қириб ташлар эдик, ахир улар келишганда нечтагина эдилар? Аммо уларнинг сафига ўзбек йигитларининг, қишлоқ болаларининг кўплаб қўшилиши ишни мушкуллаштирди. Айниқса, бу бекларнинг бирлашмаслиги ўрисларга қўл келди. Устига-устак оддий одамлар ҳам ўриснинг, кофирнинг ташвиқотига учиб, бизни босмачи деб, биздан нафратлана бошлагани, бизга кўмак бермай қўйгани дард устига чипқон бўлди. Бизни уйларига киритмай қўяётган, озиқ-овқат беришдан бош тортаётган оддий қишлоқ одамлари қизил аскарларга бизларни тутиб бериш пайига тушган. Билмайман, ўрис уларга нимани ваъда қилган, аммо бизни кўрган одам борки, бориб, қаердалигимизни тезроқ ўрисга сотсам дейди.
– Кўп фиғон чекманг, Бек, халқ сиздан юз ўгиргани йўқ барибир, – деди Исмоил қори.
– Сиз халқни билмайсиз, Қори ака. Масжидга келиб турган одамларни халқ деб ўйлайсиз. Масжидни танимайдиган, Аллоҳдан қўрқмайдиган, Мирзаполвонни кофирга тутиб берган Алимқуллар ҳам сиз айтган шу халқнинг ичидан чиқди, Қори ака. Энди Алимқуллар кўпаядиган замон келди. Ҳамма бир-бирин сотади энди.
– Ё охир замон келдимикан, Бек?
– Охирзамон келгани бундан авло эди, Қори ака, – деди Хушназар.
Раҳматуллобек ўрнидан туриб кетди. Хушназарга ўгирилиб гапирди:
– Хушназар, эртага бомдоддан кейин йигитларни йиғ. Ҳаммасига жавоб бераман.
– Урушни бас қиламиз, демоқчимисиз? – ҳайрон бўлди Хушназар.
– Мен бас қиламан. Мен чарчадим, биродарлар.
– Шайтонга ҳай беринг, Раҳматуллобек! – деди Исмоил қори. – Сиз билан биз муқаддас жиҳодга чиққанмиз. Бу йўлда ё зафар қозонамиз ё шаҳид бўламиз. Бошқа йўл йўқ!
– Уруш кофирнинг фойдасига ҳал бўлиб бўлди, Қори ака. Энди шўро оёққа турди. Оёққа турмай уни янчиш мумкин эди. Шўронинг тиззаси қалтирамайдиган бўлди энди. Энди шўрога қарши туриб бўлмайди.
– Руҳингизни туширманг, Бек! – деди Исмоил қори. – Ҳали шўро бешикдаги бола мисоли.
– Шўро Питербургдалигида бешикда эди, Қори ака, энди уни тўхтатиб бўлмайди, – деди Раҳматуллобек. – Ёш йигитларга жабр қилган бўламан энди урушни давом эттирсам.
– Чарчабсиз, Бек, – деди Исмоил қори. – Ётиб ухланг, эрталаб гаплашамиз.
Ҳаммалари омин қилиб, чиқиб кетишди.
5.
Эртаси куни Бомдод намозидан сўнг Хушназар ҳамма йигитларни сафга тизди. Раҳматуллобек чодирдан чиқиб келиб, сафни айланиб, йигитларни бирма-бир кўздан кечириб чиқди. Шундан снг оғир сўз бошлади:
– Йигитлар! Бу юришдан энди фойда йўқ. Шўро юртни эгаллаб бўлди. Энг ёмони халқ, эл уларга ишонди. Отам раҳматли «Камбағалнинг вафоси бўлмайди», дердилар, ҳақ гапни айтган эканлар. Кеча йигит берган, от-улов, емак берган, ўрисга қарши отлантирган эл бугун на кийим-бош, на кўрпа-тўшак бераяпти. Қайтанга ўрисга қўшилиб, бизни босмачи деб маломат қилмоқда. Ким босмачилигини ажратолмайдиган авом халқ ўрисга ёрдам бериб, мард йигитларини кофирга ушлаб бермоқда. Шуллуклида Мирзаполвонниям тутиб беришибди. Шундай йигит шаҳид кетди- я? Ҳай, аттанг, садқаи полвон кетсин бу эл! – Раҳматуллобек бироз тўхтаб, кейин қатъият билан қарорини эълон қилди: – Энди гап бундай, укалар. Мен урушни бас қилдим. Баримиз қирилиб кетадиганга ўхшаймиз. Ундан кўра эсимиз борида этагимизни ёпайлик.
– Бек, яна бир марта ўйлаб кўринг! Бекор қилаяпсиз! – уни қароридан қайтаришга уринди Исмоил қори.
– Бекорга ёш йигитлар жувонмарг бўлиб кетаяпти, қиёматда нима деб жавоб бераман? – деди Раҳматуллобек. – Қори ака, дуо қилинг, бу йўлда шаҳид кетган йигитларимизни Аллоҳ раҳмат қилсин, тирикларимизни ўз паноҳида сақласин!
Исмоил қори Хушназар ва бошқа йигитларга қаради. Ҳамма жим. Қори ноилож қолиб, тиз чўкди. Бошқа йигитлар ҳам тиз чўкишди. Исмоил қори «Ёсин» сурасини тиловат қилди.
– Ҳаммангиздан сизларни сарсон-саргардон қилганим учун, бесамар урушда умрингизни бекорга ўтказганим учун узр сўрайман, – деди Раҳматуллобек. – Ҳаммангиз мендан рози бўлинглар! Мен ҳаммадан розиман! Қуролларни қолдириб кетинглар. Қуролсиз тавба қилиб борганларни шўро кечирар эмиш. Ер-сув берар эмиш. Деҳқончилик қилиб, бола-чақа орттириб, тинч яшайсизлар! Илоҳи, жаннатда юз кўришиш барчамизга насиб бўлсин! Алвидо дўстларим!
Раҳматуллобек кўз ёшларини кўрсатмаслик учун шарт бурилиб, чодирига кириб кетди.
Йигитларнинг ичида ғала-ғовур бошланди.
– Э, кетмасак бўлар эди! – деди бир йигит. – Нима деб борамиз энди қишлоққа?
– Кофирни йўқ қилиб кел, деган ота-онамизга нима деймиз? – деди бошқаси.
– Охиригача курашмоқчи эдик, шунга қасам ичган эдик-ку? – деди яна бир йигит.
– Бўлди, Раҳматуллобек икки марта гапирмайди – деди Хушназар. – Қуролларни ташлаб, кетишга тайёрланинглар!
Йигитлар истар-истамас кетиш тадоригини кўришди. Бир ерга милтиқларни, қиличларни, ўқ-дориларни йиғишди. Отларини эгарлашиб, отларга минишди. Хушназар ўзи билан бирга келган йигитларнинг олдига борди.
– Раббим полвон, қишлоқдан чиққанимизда неча киши эдик?
– Йигирма тўртта эдик, – деди Раббим полвон. – Ўн битта қолибмиз, ярмимиздан кўпимиз қайтмаяпти.
– Эссиз йигитлар, бари полвон болалар эдилар, – деди Хушназар. – Жойлари жаннатда бўлсин!
Ҳаммалари пастга тушиб кета бошлашди. Хушназар Раҳматуллобекнинг чодирига кирди.
– Йигитлар отланишдими? – сўради ўйчан ўтирган Раҳматуллобек.
– Пастга тушиб кетишаяпти, – деди Хушназар.
– Сен нега ҳаракат қилмаяпсан?
– Мен сиз билан қоламан! – деди Хушназар Раҳматуллобекка тик қараб. – Охиригача!
– Мени бу ерда қолади, деб ким айтди сенга?
– Ўзим биламан. Сиз қаергаям қайтасиз? Ким кутиб ўтирибди сизни? Мол-мулкингизни калхоз олган бўлса, ака-укаларингизни, ҳатто қари отангизни ҳам аямай Мардон ўрис Сибир қилган бўлса, ёлғиз онангиз ҳам айрилиқни кўтаролмай бандаликни бажо келтирган бўлса. Сиз икки дунёда қайтмайсиз. Мен ҳам қайтмайман. Менинг ҳам бор-йўғимни Нурмат кофир калхозга олдирибди. Отамнинг туялариниям, мол-ҳолиниям. Қари отам ва онам тоғамнинг меҳмонхонасига кўчиб ўтишибди. Ҳовлимиз калхознинг идораси эмиш. Қайтсам идорага бораманми?
Раҳматуллобек ўрнидан турди.
– Аммо қолиб нима қиламиз, Хушназар?
– Худонинг айтгани бўлди, Бек ака.
Раҳматуллобек Хушназарни бағрига босди. Икки томчи ёш Хушназарнинг елкасига томди.
Хушназар ташқарига чиққанида ҳамма кетган, фақатгина Раббимқул, Иззатулло, Норбойлар қолишган эди. Сал нарида Раҳматуллобекнинг содиқ йигитларидан ҳам беш йигит чордона қуриб ўтиришар эди.
– Сизлар нега кетмадинглар? – сўради Хушназар.
– Ким айтди сенга бизларни кетади деб? – деди Раббим полвон.
– Биз сен билан Қиёматгача биргамиз, Хушназар! – деди Норбой.
– Ҳа, биз қоламиз, – деди Хушназар. – Анови йигитларчи?
– Улар Раҳматуллобекнинг хос йигитлари, – деди Раббим полвон. – Қабрга бирга киришса киришадики, Бекдан ажралишмайди.
– Сизлар ҳам менинг шундай дўстларимсиз! – деди Хушназар Раббим полвоннинг елкасига қўл ташлаб. – Ҳаммангиздан Аллоҳ рози бўлсин!
– Хушназар, мен кетаман, – деди Иззатулло. – Аммо бутунлай кетади, деб ўйлама. Бир-икки кун туриб, қишлоқдаги аҳволни билай-чи? Ҳали ўрис йигитларимизга қанақа муомала қилади. Шуларни билиб, кейин қайтиб келаман.
– Тўғри ўйлабсан, яхши бор, – деди Хушназар. – Ҳаммамизнинг уйимиздагилардан хабар ол. Кўп куттирмай кел!
– Яхши қолинглар! Эҳтиёт бўлинглар! – деб Иззатулло ҳам пастга тушиб кетди.
Хушназар тизилиб, пастга тушиб кетаётган олисдаги йигитларнинг ортидан анча маҳал маҳзун термилиб қолди.
Саккизинчи боб.
«Мен ўғлингга ваъда бердим»
1.
Қуролсиз кириб келишаётган Исмоил қори бошлиқ йигитларни қишлоққа кираверишда уларни пойлаб турган Холбеков бошчилигидаги бир гуруҳ қизил аскарлар ўраб олишди. Ҳаммаларини отлардан туширишди. Холбеков олдиндаги Исмоил қори ва Иззатуллога яқин келди.
– Қани, ёт унсурлар, бир қуролларингни топширинглар-чи?
– Бизда қурол йўқ, – деди Иззатулло.
– Жуда яхши, бекларинг қани? Хушназар аканг кўринмайди?
– Раҳматуллобек Афғонга ўтиб кетдилар. Хушназар ва бошқа йигитлар ҳам.
– Сиз нега Афғонга бирга кетмадингиз, Қори ака? Сиз Раҳматуллобекнинг пири эдингиз-ку? Уларга Афғонда намозни ким ўқиб беради энди? Ўлганларига ким жаноза ўқийди?
– Йигитларнинг ҳаммаси намозхон, Аллоҳни танишади, Қуръонни ўқишади, – деди Исмоил қори кесатиқ билан. – Улар иймонсиз эмас!
– Тилингизни тийинг, Қори ака. Ҳали терговда кўп нарсани гапириб беришингизга тўғри келади.
– «Қуролсиз келганларни кечирамиз», деган сенинг шўронг, сенинг катталаринг эмасмиди? – деди аччиқ билан Исмоил қори.
– У муҳлат ўтди, Қори ака. Эртароқ ақлни ишлатганингизда шундай бўларди. Энди кеч. Энди ҳаммангизни суд қилишади. Раҳматуллобекнинг диний раҳнамосини менимча, отишга ҳукм қилишса керак.
– Кофирларга ишониб бўлмайди деб бошидан айтувдим-а? – деди Исмоил қори йигитларга қараб. – Йигитлар, сол кофирни!
Исмоил қори маҳсиси қўнжидан пичоғини чиқариб, унга яқин турган қизил аскарнинг кўксига урди. Бошқа йигитлар ҳам қизил аскарларга ташланишди. Иккинчи қизил аскарга ташланган Исмоил қорини Холбеков отиб ташлади. Буни кўрган йигитлар тўхташди. Иззатулло Исмоил қорини қучоқлаб олди.
– Қори ака!
– Худога шукр, шаҳид бўладиганга ўхшайман, – деди Исмоил қори ихраб. – Болам, … қасосимни олинглар!
Исмоил қорининг жони узилди. Иззатулло Исмоил қорининг жасдини кўтариб олди.
– Унга тегманглар, қолганларининг қўлларини боғланглар! Ҳаммасини милицияга топширинглар!
Қизил аскарлар йигитларнинг қўлларини боғлашди. Ҳаммасини ҳайдаб кетишди.
2.
Раҳматуллобекнинг қароргоҳини ҳушёр пойлаб турган йигитлар узоқдан даралар оралаб бир ўсмир йигит от чоптириб келаётганини кўришди. Икки йигит унинг йўлини тўсиб чиқишиб, отини тўхтатишди.
– Тўхта, кимсан? – сўради биринчи йигит. – Қаёққа бораяпсан?
– Хушназар акамни қидириб келаяпман, Жаласойданман, – деди ҳансираётган ўспирин.
– Хушназар акада нима ишинг бор? – деди иккинчи йигит.
– Иззатулло полвоннинг укасиман. Акам ва шерикларини Холбеков тутиб олди. Шуни айтгани келдим.
– Қани, биз билан юр-чи? – деди шошиб биринчи йигит ва йигитлар ўсмирни эргаштириб кетишди.
Иззатуллонинг укаси кўрган-билганларини Раҳматуллобекка гапириб берди:
– Исмоил қорини қишлоғимизнинг одамлари жаноза ўқиб кўмишди. Акамларнинг қўлларини боғлаб, Ургутга олиб кетишди. Отам бориб келди. Мардон ўрис ҳаммасини сўроқ қилибди. Ҳаммалари Қори ака айтган «Бек Афғонга ўтиб кетди», деган гапни айтиб тураверишибди. Пайшанба куни ҳаммаларини Самарқандга жўнатишар экан.
– Демак, индинга экан-да? – деди Раҳматуллобек, сўнг ўйланиб туриб, фикрини айтди: – Эрта кечаси бориб, Жумабозорда Мардон кофирнинг йўлига пистирма қўямиз. Хушназар, сен бугун тунда жўнайсан. Олим пансодни топасан. Менинг саломимни айтиб, режамиздан хабардор қил. Ёрдам бермаса биз, ўн кишининг қўлимиздан келмай қолиши мумкин.
– Хўп! – деди Хушназар.
– Бу болани ҳам ўзинг билан олиб кет!
– Мен сизлар билан қолсам майлими? – деди Иззатуллонинг укаси.
– Йўқ, сен бу ишларга ҳали ёшлик қиласан, – деди Раҳматуллобек. – Хушназар аканг билан кетасан, тамом, вассалом!
Хушназар ўрнидан турди. Ноилож ўрнидан турган Иззатуллонинг укасини эргаштириб чиқиб кетди.
3.
Ярим кечаси бўлишига қарамасдан ички ишлар бўлими бошлиғи Мардон ўрис кабинетида қоғоз титкилаб ўтирибди. У босмачилар унинг режасидан хабар топганларига ишонар, шунинг учун бир ҳийла ишлатмоқчи бўлди. Навбатчи милиционерни чақирди.
– Раҳматуллобекнинг йигитларини қўл-оёқларини боғлаб, иккита аравага чиқаринглар! Улар менинг қўлимда эканини эшитган бўлса, Раҳматуллобек барибир йигитларини озод қилишга уриниб кўради! У мени маҳбусларни кундузи Самарқандга олиб боради, деб ўйлайди. Биз эса ғанимларимизни ғафлатда қолдириб, тонг бўзармасдан жўнаймиз! Ўн киши отланиб, қуролланиб чиқсин, бизга ҳамроҳлик қилиб боришади. Боринг, айтганларимни бажаринг!
– Хўп бўлади, ўртоқ бошлиқ! – деди милиционер.
Машриқ томон эндигина оқариб кела бошлади. Қўл-оёқлари боғлиқ Раҳматуллобекнинг йигитларини аравага ортган милиционерлар эса аллақачон Ургутдан чиқиб, ўн чақиримча йўл босиб қўйишган эди. Мардон ўрис бошчилигидаги бу карвон Дарғомнинг кўпригига етган жойда тўхтаб қолди.
– Кимдир кўприкни бузибди. Аравалар ўтолмайди, – деди олдинда бораётган милиционер йигит.
– Кўприкни тузатамиз, – деди Мардон ўрис. – Тез бўлинглар!
Шу пайт Олим пансод бошчилигидаги ўттизтача йигит осмондан тушгандек тўсатдан пайдо бўлди. Ҳатто бирорта милиционер милтиғини елкасидан олишга ё тўппончасини қинидан чиқаришга ҳам улгурмай қолишди. Бирпасда йигитларни озод қилиб, ўрнига милиционерларнинг қўл-оёқларини боғлаб, аравага ётқизишди. Мардон ўриснинг қўлларини боғлаб, тиз чўктиришди. Иккала аравани ҳам Дарғомга итариб юборишди. Дарғомнинг шовуллаб оқаётган сувларида милиционерлар бир-икки кўриниб-кўринмай, чўкиб кетишди. Хушназар Иззатулло билан, бошқа йигитлар билан қучоқлашиб кўришди.
– Кечир, дўстим, Қори акамни авайлай олмадим, – деди Иззатулло.
– Ҳаммаси Аллоҳдан, – деди Хушназар. – Сизларни қайтариб юбориб, биз хато қилган эканмиз аслида.
Олим пансод билан Раҳматуллобек Мардон ўриснинг олдига келишди.
– Мени йўқлатибсанми, Мардон ўрис? – деди Раҳматуллобек Мардон ўриснинг иягидан қамчиси билан кўтариб – Бирор гапинг бормиди? Мана, соғинган бўлсанг, қаршингдаман. Гапир!
– Мени ўлдирасан, биламан, – деди Мардон ўрис тишлари орасидан сўзлаб. – Аммо сенларнинг кунинг битди. Кунинг битди, Бек, билдингми?
– Мардон ўрис, Масковда ўқибсан-у, ақлинг кирмапти. Отамни, ака-укаларимни Сибир қилганинг бу менинг куним битди деганимас, ошна. Майли, онам ҳам ўлибди, Аллоҳ раҳмат қилсин! Хотиним билан ёш болаларимни ўриснинг ерига сургун қилиб чакки қилибсан, энди мен сенинг уруғ-аймоғинг билан қиличдан ўтказаман! Унутма, уруғ-аймоғинг билан! Сенга салгина қариндошчилиги бўлган одам борки, тирик қолдирмайман. Энг охирида отангни сўяман. Шунгача ўлдирмайман. Ҳеч киминг қолмагач, «Кўрдингми, битта мараз ўғлинг туфайли ер юзидан уруғинг қуриди», дейман ва униям калласини оламан. Худди сенинг каллангни олгандек!
Раҳматуллобек қиличини чиқариб, шундай зарб билан урди-ки, Мардон ўрис бирор сўз дейишга улгурмади. Унинг боши пастга қараб ғилдираб кетди. Олим пансод унинг бошсиз танасини ҳам Дарғомга қаратиб тепиб юборди.
Раҳматуллобек бир йигити жиловини тутган отига сакраб минди. Ҳаммалари отларига минишди.
– Ёрдамингиз учун катта раҳмат, Пансод! – деди Раҳматуллобек. – Аллоҳ сиздан рози бўлсин!
– Қолинг, бек, кофирларнинг додини бирга берайлик! – деди Олим пансод.
– Менинг бошқа ишларим бор, – деди Раҳматуллобек. – Мардон ўрисга ваъда бериб қўйдим. Қиёмат куни «Вадангга вафонг қани?» демасин.
– Майли, бек, ўзингиз биласиз. Омон бўлсак кўришармиз.
– Ўзингизни эҳтиёт қилинг, пансод!
– Аллоҳ паноҳида асрасин сизларни, Бек!
Раҳматуллобек ва Олим пасоднинг йигитлари иккига ажралиб кетишди.
4.
Ярим кечаси Раҳматуллобек йигитлари билан Салим мингбошиникига кириб келишди. Йигитлар Салим мингбошини ва барча оила аъзоларини ҳовлига ҳайдаб чиқишди.
– Мингбошининг қўлларини боғланглар! – деди Раҳматуллобек.
Йигитлар Салим мингбошининг қўлларини боғлашди.
– Мингбоши, мени алдадингиз, – деди Раҳматуллобек. – Мени кофирларга қарши энг аввал оёқлантирган сиз эмасмидингиз? Йигитларимни бераман, қурол-яроғ бераман, деган сиз эмасмидингиз? Битта ўғлингизни кофирликдан қайтаролмадингизми? Отамни Сибир қилганида «Қўй, болам, саксонга борган бобойга тегма», деёлмадингизми? Ёш болаларимни , аёлимни Сибир қилганида «Болам, кучинг аёл кишига етдими? Кучинг муштдай норасида гўдакка етдими?» демадингизми? «Раҳматуллобек ўлган эмас, бир куни келади, уруғимизни қиличдан ўтказади», демадингизми? Гапиринг, ахир, Мингбоши!
– Замон ўзгарди, Бек, – деди Салим мингбоши. – Замон шўроники бўлди. Шўро халққа ер берди, сув берди. Бошида биз ҳам адашган эканмиз. Шўро… Шўро биз ўйлагандек эмас экан. Сиз ҳам тезроқ шўро томонга ўтинг, Бек!
– Нима дедингиз, Мингбоши? Мени шўрога хизмат қил, дедингизми? Мен ҳам иймонимни сотайми? Мен ҳам Худосиз бўлайми? Уйинг куйибди-ку, мингбоши? – деди Раҳматуллобек мингбошига яқин келиб ва асабий бақирди: – Хушназа-ар!
– Лаббай, Бек ака! – деди Хушназар.
– Чоп! Сўй! Мингбошидан бошқа биттасини ҳам тирик қолдирманглар!
Раҳматуллобекнинг йигитлари Салим мингбошининг барча оила аъзоларини чопиб ташлашди.
– Бек, инсоф қолмапти сизда! – деди Салим Мингбоши йиғлаб. – Лаънат сизга!
– Қўлимга бир мартагина олиб ўйнатмаган қизчамни онасига қўшиб, Сибирга жўнатганида ўғлингга шу гапни нега айтмадинг, мингбоши? Мен ўғлингга ваъда бердим. «Уруғингдан бирор кишини тирик қолдирмайман», дедим. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Кўз олдингда сенга қариндошчилиги бўлган каттаю кичигингни қўйдай сўяман, мингбоши! – деди Раҳматуллобек қаҳр билан ва йигитларига буюрди: – Отга ортинглар буни!
Йигитлар Салим мингбошини отга миндириб, отни етаклаб чиқиб кетишди.
Раҳматуллобекнинг йигитлари уйма-уй юриб, қирғин ўтказди. Салим мингбошига қариндошчилиги бўлганларни отиб, чопиб ташлашди. Тонг маҳали қишлоқдан чиқиб кетар эканлар, Раҳматуллобек йигитларини тўхтатди. Раҳматуллобек орқада, отнинг устида эгарга бурни теккудек бўлиб, изтиробда келаётган Салим мингбошининг олдига келди.
– Мингбоши, сизни ўлдирмайман! Ўғил-қизларидан, яқинларидан айрилиб яшаш қанақа бўлишини бир кўринг! – деди Раҳматуллобек ва йигитларига деди: – Мингбошининг қўлини ечиб, қўйиб юборинглар! Маза қилиб яшайверсин!
Йигитлар Салим мингбошининг қўлларини бўшатишиб, отини қишлоққа ўнглаб, қамчи уришди. Салим мингбоши эгарни чангаллаб, қалқиб-қалқиб, йиғлаб-йиғлаб кетаверди.
Раҳматуллобек унинг ортидан бироз қараб тургач, отини тоққа қараб бурди. Раҳматуллобек жаҳл устида унга ачинмади, аммо кейин, уйига қайтиб борган Салим мингбоши ўзини осиб қўйганини эшитганда ачинди. Мусулмон бўлиб, бошқа мусулмонга зулм қилиб қўйганидан афсусланди.
Тўққизинчи боб.
«Қарғалар учса қарайлик»
1.
ЧК бошлиғи Холбеков Раҳматуллобекнинг фаолиятига чек қўйишга қаттиқ киришди. У деярли ҳар бир қишлоқда хуфиялар тайин қилиб, уларга Раҳматуллобек ёки унинг йигитлари ҳақида ҳар қанақа маълумот бўлса, шошилинч унга етказишларини тайинлади. Ҳовлида машқ қилаётган юзтача қизил аскарга кўрсатма бериб турган эди, бир милиционер от чоптириб келди.
– Ўртоқ Холбеков, бизга маълумот тушди, Раҳматуллобек бугун тунда Бешкапага, собиқ бойлардан бўлган ошнаси Шомурод тўраникига келар экан, – деди милиционер отдан туша солиб.
– Маълумот ишончлими? Текширдиларингми? – сўради Холбеков.
– Ишончли. Бешкапага қўйган одамимиз хабар қилди. Шахсан ўзим кузатдим, Шомурод тўраникида уни кутиб олишга тайёргарлик бўлаяпти. Тўра қассоб чақиртириб, иккита қўй сўйдирган. Тўрт тандир нон, патир ёптирибди.
Холбеков аскарларга қараб буюрди:
– Васья! Тревога!
Битта қизил аскар карнай чалди. Қизил аскарлар саф тортди.
– Отларга! – буюрди Холбеков. – Бешкапага жўнаймиз! Раҳматуллобекни шу бугун қўлга оламиз!
2.
Бу вақтда ёзнинг узун кечасида бешкапалик Шомурод тўранинг ҳовлисида зиёфат бошланган эди. Зиёфат тўрида Шомурод тўра, Раҳматуллобек, Хушназар, қишлоқ оқсоқоллари. Дастурхонга шўрвадан кейин тандиркабоб келтирилди. Анчадан бери тўкин дастурхон атрофида ўтириб, роҳат, фароғатда дўсту улфатлар билан суҳбатлашмаган Раҳматуллобек Шомурод тўрага деди:
– Тўрам, ҳофиз чақирганман, дегандингиз, келдими?
– Ҳофиз шу ерда, Бек, – деди Шомурод тўра. – Бошласинми?
– Тоғу тошда юравериб, қўшиқларни ҳам соғиниб кетдик-ку, тўрам, – деди кулиб Раҳматуллобек. – Бирорта биз соғинган қўшиқни айтиб берсин!
Шомурод тўра маҳтал турган ҳофизга имо қилди. Ҳофиз дуторини олиб, аввал ғамгин куй чалди, сўнгра хаста овозда қўшиқ бошлади:
– Оға соғ борсангиз аввал отамларга салом айтинг,
Йўлимда зор бўлган мушфиқ онамларга салом айтинг…
Аввалига паст овозда куйлашни бошлаган ҳофиз секин-аста баланд пардаларда нола қилар экан, қўшиқдаги дард-изтироб йигитларнинг қалбига кўчди. Неча йиллардан бери шўролар билан олишиб, тоғма-тоғ юрган йигитларнинг қалбларидаги соғинч ҳислари чандон ортди. Ҳамма ғамгин бўлиб, бошлари эгилиб кетди. Раҳматуллобек ҳам хомуш бўлиб қолди. Хотираларга берилди. Унинг кўз ўнгидан отаси, онаси, хотини, ўғил-қизлари ўтди. Қизчасини чақалоқлигида қўлга олгани кўз олдидан ўтиб, кўзларига ёш тўлди. Буни кўрган Шомурод тўра ҳофизга «Тўхтат!» ишорасини қилди. Ҳофиз тўхтади. Ҳамма бир муддат жим қолди. Раҳматуллобек қўшиқ тўхтаганини ҳам билмай, ўйчан ўтираверди. Бир маҳал ўзига келган Раҳматуллобек ҳамма унга қараб турганини кўриб, хижолат бўлди.
– Юракни эзиб юбордингиз-ку, ҳофиз? – деди ўз ҳолидан ўзи хижолат бўлиб. – Э, шўхроғидан олинг-е!
– Хўп бўлди, Бек ака! – деди ҳофиз ва шўх куй чалиб, қўшиқ бошлади:
– Қарғалар учса қарайлик Марғилоннинг йўлига,
Ҳиди келса маст бўлайлик ҳандалакнинг бўйига.
– Ҳа, яшанг! – деди Раҳматуллобек ва йигитларига қаради. – Қани, бир ўйинга тушинглар-чи!
Иккита йигит чиқиб, чопонлари этагини қайириб, белбоғларига қистиришди ва эркакчасига рақсга туша бошлашди. Қолганлар қарсак чалиб, «Яшавор!» «Э, ўлма!» деган ҳайқириқлар билан олқишлаб туришди.
Кейинги қўшиқ айтилаётган маҳал бир йигит келиб, Шомурод тўранинг қулоғига бир нима деди. Шомурод тўра безовта бўлди.
– Тинчликми, тўрам? – сўради буни сезган Раҳматуллобек.
– Қизил аскарлар қишлоқни ўраб олаётганмиш, Бек! – деди Шомурод тўра овозини пастлатиб.
– Биламан, тўрам, парво қилманг! – деди Раҳматуллобек кулиб.
– Биламан, дейсизми, Бек?
– Ўзимиз тайинлаган одамимиз бориб, биз ҳақимизда хабар берган. Бу Холбеков деганлари жуда шошқалоқ-да. Сал барвақтроқ келиб, зиёфатнинг белига тепкани чакки бўлди.
– Энди нима қиламиз, Бек?
– Кабобнинг қолганини хуржунларга солиб беринг, тоғда қолганларга олиб боришади.
– Хуржунларга солиб, тайёрлаб қўйибман, Бек. Отларингизга ем, ўзларингизга озроқ ўқ-дориларни отларга ортиб қўйганман. Ўнта яхши отни инимиз Бердимурод сизларга тортиқ қилиб олиб келибди.
– Яшанг, тўрам! Аллоҳ сиздан ҳам, укангиздан ҳам рози бўлсин! Биз энди турдик, дуо қилинг!
– Аллоҳ сизларни паноҳида асрасин! Аллоҳу акбар!
– Сизлар ўйин-кулгуни тўхтатмайсизлар! – деди Раҳматуллобек Шомурод тўрага. – Холбеков келганда ақиқа қилаётувдик, дерсиз.
– Хўп бўлди, Бек. Яхши боринглар!
Йигитлар зудлик билан отланиб, чиқиб кетишди.
– Дарров қўни-қўшниларни чақиринглар! – деди Шомурод тўра ўғилларига, сўнгра ҳофизга юзланди: – Қани, ҳофиз, шўхидан олинг!
Ҳофиз шўх қўшиқ бошлади. Шомурод тўра бир-икки кишини рақсга чиқарди.
Холбековнинг аскарлари Шомурод тўранинг уйини ўраб келаётган бу вақтда Раҳматуллобекнинг йигитлари ўнтача аскар қолган қизил аскарларнинг гарнизонига қуюндай бостириб келишди. Қоровулликдаги йигитларни отиб ташлашди. Ичкаридан чопиб чиқаётган қизил аскарларни қилич билан чопиб ташлашди. Эшикларни бузишиб, қурол-яроқ, ўқ-дориларни олишди. Казармага ўт қўйишди ва яна қуюндай тун бағрига сингиб кетишди.
3.
Шомурод тўранинг ҳовлиси яна меҳмон билан тўлди. Қўшиқ, рақс давом этди. Ҳовлига бир гуруҳ қизил аскарлари билан Холбеков кириб келди. Шомурод тўра унга пешвоз чиқди.
– Хуш келибсиз, командир, марҳамат! – илтифот қилди Шомурод тўра.
– Нима бўлаяпти бу ерда? – сўради Холбеков.
– Аллоҳ бизга невара берди, – деди Шомурод тўра. – Шукронасига ақиқа қилаяпмиз. Келинглар, овқатимиз тайёр!
– Биз овқат егани келганимиз йўқ, – деди зарда билан Холбеков. – Ёт унсурларнинг овқатини емаймиз ҳам, тўра.
– Қўйинг, шу гапларни, командир, – деди аччиғини ичига ютган Шомурод тўра. – Қачонгача ёт унсур дейсиз энди?
– Тўғри, бор мол-мулкингизни биринчилардан бўлиб шўрога топширганингиз учун сизни қамамадик, қулоқ ҳам қилмадик, тўра. Аммо қадамингизни билиб босинг. Раҳматуллобек қани? Сизникига келганини биламиз.
– Хафа қилаяпсиз, командир. Биз ўзбекмиз, мусулмонмиз. Эшикдан келган меҳмонни кирма, кет, демаймиз. Дарвозамиз ҳамма учун, ҳамиша очиқ. Раҳматуллобек кирсам майлими, деб сўраб ҳам ўтирмайди, командир. Ҳа, Раҳматуллобек келди. Еди, ичди, кетди. Сиз ҳам киринг, ўтиринг, еб-ичинг, командир.
– Ҳаммасини аниқлаймиз, тўра. Бизни лаққиллатаётган бўлсангиз, бу сафар аяб ўтирмайман.
Шу пайт қонига беланган бир қизил аскар кириб келиб, Холбековга маълумот берди:
– Босмачилар! Казармага ҳужум қилишди!
– Отларга! – буюрди шошиб Холбеков. – Тез!
Қизил аскарлар шошилинч чиқиб кетишди.
– Энг шўхини энди олинг-да, ҳофиз! – деди Шомурод тўра Раҳматуллобекнинг нега хотиржам «Биламан, тўрам, парво қилманг», деганида нима қилмоқчи бўлганини энди фаҳмлаб, хурсанд бўлиб.
Шўх қўшиқ бошланди. Қулочини ёйиб, виқор билан, маза қилиб Шомурод тўра рақсга туша бошлади.
4.
Бу вақтда қизил аскарлар казармаларига етиб келишган, аммо казармадан ҳеч вақо қолмаган, ҳамма ёқ тутаб ётар, ҳар жойда чопиб ташланган, отиб ташланган қизил аскарларнинг жасадлари ётарди.
Холбеков аламдан буғриқиб кетди. Кўзида икки томчи ёш кўринди. Аччиқ билан бақирди:
– Энди ўзингдан кўр, Раҳматуллобек!
Холбеков сакраб отига минди ва аскарларга буюрди:
– Кетдик!
Ҳаммалари от чоптириб кетишди.
Бу вақтга келиб душман тугул дўстдан ҳам хавфсираб қолган Раҳматуллобекнинг йигитлари маконларини тез-тез ўзгартиришар, бир жойда муқим туришмасди. Холбековнинг хуфиялари қанча тезкор ишлашса, Раҳматуллобекнинг хуфиялари ҳам ундан суст ишлашмас, Холбековнинг қачон қаерга бораётгани ҳақидага маълумотлар пешма-пеш етказилиб туриларди. «Сени топмасам қўймайман», деган Холбеков уч кун тоғма-тоғ изғиб, Раҳматуллобекнинг изини ҳам тополмай, қайтиб келди.
Холбековни Республика чекистларининг бошлиғи Иванов пойтахтга чақиртириб олди.
– Суст ишлаяпсиз, ўртоқ Холбеков, суст, – деди Иванов. – Ҳалигача ўша Раҳматуллобекнинг изига тушолмадингиз.
– Олти ойдан бери у билан изма-из юрибман, Иван Иванович, – деди Холбеков айбдорона. – Аммо жуда пихини ёрган экан. Ҳар сафар тутдим деганимда қўлимдан чиқиб кетаяпти. Тоғу тошларни титиб чиқдим. Кундузи изини ҳам кўрсатмайди. Кечаси қаердан келади, билмайман, аммо раисларимизни, шўро раҳбарларини ўлдириб кетаяпти.
– Биз Самарқандда босмачилик тугатилди, деб ҳисобот берганмиз. Бундан хабарингиз борми?
– Хабарим бор, Иван Иванович. Ўзи ҳақиқатдан ҳам Раҳматуллобекдан бошқа босмачи қолгани йўқ.
– Биттагина бўлса ҳам қолибди-ку, Холбеков? – ўрнидан туриб, хона бўйлаб юра бошлади Иванов. – Тугатинг! Топинг ва қўлини боғлаб, менинг олдимга олиб келинг! Мен шахсан ўзим кўрмоқчиман уни. Қани, қанақа одам экан Раҳматуллобек деганлари. Одамми у девми?
–Тутиб келаман, Иван Иванович, – Холбеков ҳам ўрнидан турди. – Албатта тутиб келаман.
– Яна элликта қизил аскарни олиб кетинг. Ҳаммаси шахсан Фрунзенинг қўл остида урушган тажрибали рус аскарлари. Боринг!
– Хўп, Иван Иванович.
Холбеков Иванов айтган аскарларни олиб, Ургутга қайтар экан, Раҳматуллобекни энди топмаса бўлмаслигини тушунди. Отда келар экан, Раҳматуллобекнинг изига тушишнинг минг хил йўлини излар эди.
Ўнинчи боб.
«Қўлли-оёқли бола»
1.
Раҳматуллобекнинг йигитлари гоҳ жангу-жадалларда камайиб кетар, гоҳ турли қишлоқлардан келиб қўшилаётган орияти қўзиган йигитлар ҳисобига яна кўпайиб қоларди. Жумабозорлик Олим пансод қўлга тушгач, унинг омон қолган саккиз йигити ҳам келиб, Раҳматуллобекка қўшилди. Раҳматуллобекнинг йигитлари яна ўттиз бештага етиб қолди.
Қуюқ ўрмон ичида дам олиб ётган йигитларни кузатар экан, Раҳматуллобекнинг бошидан минг хил ўй ўтар эди. «Энди ўрисга қарши курашиш қийин бўлиб қолди. Бу шўро дегани ҳамма итини менинг изимдан қўяди энди. Олим пансод ҳам, Худойберди қассоб ҳам, мулла Пирмуҳаммад ҳам йўқ бўлиб кетишди. Мусулмон мусулмонга қўшилмади қўшилмади-да. Агар ҳаммамиз бирлашсак, бу ерга келган ўрисни тор-мор этиш тугул, бориб ўриснинг юртини ҳам босиб олишга кучимиз етмасмиди? Ахир тарихда шундай бўлганку? Ўша ўрислар уч юз йил Темурийларга ўлпон тўлаб туришганку? Бугун ўриснинг озгинаси бу парокандалигимиз туфайли бутун юртимизни эгаллаб олди. Энди бу юрт ўриснинг оёғи остида топталмасмикан? Энди юртдан ислом, иймон кўтарилмасмикан? Энди юртдан хайру барака кўтарилмасмикан? Ислом байроғини кўтариб, жиҳодга чиққанлардан биргина мен қолдим. Бир ўзим нима қила олардим? Амиримиздан ҳам умид йўқ. Неча марта Амударёдан ўтиб ҳужум қилди, аммо бирортасида ҳам музаффарият бўлмади. Иброҳимбекдан умидим катта эди. Қайтиб келса, бориб унга қўшиламан деб юрган эдим, афсус, унинг уруғини гаровда ушлаб туришганини, келиб таслим бўлмаса ҳаммасини отиб ташлашларини эшитиб, ўзи келиб таслим бўлибди. Бекни Сибирга сургун қилишибди. Ҳа, кетадиган жой ҳам қолмади, шекилли? Парвона шам атрофида айлана-айлана охири ўзини шамга уриб, ёниб кетганидек, шу шўро билан уришиб ўлиш пешонамга ёзилганга ўхшайди. Майли, бандаси пешонасига ёзганидан қочиб қутула олмас экан, пешонада борини ҳам мардона кутиб олиш керак. Бир бошга бир ўлим. Шу юртни деб, Исломни деб бир эмас, юз бора ўлсам арзийди». Келган хулосасидан ғайрати жўш урган Раҳматуллобек Раббим полвон, Иззатулло ва Норбойлар билан суҳбатлашиб ўтирган Хушназарнинг ёнига борди. Улар ўринларидан туришмоқчи эди, «ўтираверинглар», ишорасини қилиб, ўзи ҳам уларнинг ёнига чўккаллади. Боя ўйлаганларини йигитларга айтиб бермоқчи бўлган эди, аммо соқчиликдаги йигитлар бир кишини олиб келишиб, бунга имкон бўлмади.
– Бек ака, бу киши Қоратепадан келибди, – деди соқчи йигит. – Сизга гапи бор эмиш.
Раҳматуллобек ўрнидан турди. Бошқа йигитлар ҳам туришиб, келган одамга яқин келишди.
– Кимсиз? – сўради Раҳматуллобек. – Бизга нима гапингиз бор?
– Қоратепалик Сафар подачиман, – деди келган киши. – Қишлоққа ўнтача мелиса келган. Ўтган сафар мен билан бирга сизларга озиқ-овқат олиб келган Ойнақул деган укамизни тутиб олишиб, азоб беришаяпти. Мен қочиб, тўғри бу ёққа келдим.
– Ўнта мелиса дедингизми? Қизил аскарлар йўқми?
– Қизил аскарлар йўқ. Бор-йўғи ўнта мелиса.
– Кетдик! – деди Раҳматуллобек Хушназарга қараб. – Йигитларни уйғотинглар!
Раҳматуллобекнинг йигитлари Қоратепага қараб, от қўйиб кетишди.
2.
Ҳовлилари ўртасидаги ёнғоққа қонга беланган Ойнани арқон билан боғлаган милиционерлар уни қамчи билан уришар, унга талпинган Ойнанинг ота-онаси, укаси ва синглисини икки-учта милиционер тўсиб, Ойнага яқин боргани қўймай туришарди. Яна икки-уч милицеонер ҳовли атрофида қоровуллик қилиб туришарди.
– Айт, озиқ-овқатларни Раҳматуллобекнинг йигитларига қаерда бердинг? – бақириб сўради милиционерларнинг каттаси.
– Билмайман. Раҳматуллобекни танимайман, – ингради Ойна. – Босмачиларни кўрганим йўқ.
Милиционер Ойнани яна қамчи билан урди. Ойна дод солиб бақирди:
– А-а! Урманг! Босмачиларни кўрганим йўқ, дедим-ку-у…
Ташқаридан соқчиликдаги милиционерлар ҳовлиқиб киришди:
– Босмачилар келишаяпти!
Милиционерлар отларига миниб, қочиб кетишди.
Раҳматуллобекнинг йигитлари Қоратепага киришлари билан Ойналарнинг ҳовлисидан чиқиб қочиб кетаётган отлиқ милиционерларни кўришди ва Хушназар бошлиқ ўнтача йигит уларни таъқиб эта бошлашди. Ҳадемай бир-бирларига ўқ уза-уза қочаётганлар ҳам, қуваётганлар ҳам қирнинг орқасига ўтиб, кўздан ғойиб бўлишди. Раҳматуллобек қолган йигитлар билан Сафар подачи кўрсатган ҳовлига, Ойнанинг ҳовлисига кириб келишди.
Икки йигит дарров Ойнани дарахтдан ечиб олишди. Отаси ва укаси бир пақирда сув олиб келишиб, Ойнанинг қўл-бетларини ювдиришди. Норбой унинг яраларини боғлаб қўйди.
– Нима бўлди? – ундан сўради Раҳматуллобек. – Нега сени бунча азоблашди мелисалар?
– Йигитларингизга озиқ-овқат, кийим-бош олиб бориб бергандим. Кимдир шуни сотибди, – деди Ойна. – «Раҳматуллобекнинг қаерда яширингани айтасан», деб азоб беришди.
– Қаердалигимизни айтиб қўя қолсанг бўлмасмиди?
– Ростдан билмайман-ку қаердалигингизни? Озиқ-овқатларни эса Терсакка олиб бориб берганман.
Шу пайт милиционерларни қувиб кетган йигитлар қайтиб келишди.
– Нима бўлди, қочиб кетишмадими? – сўради Раҳматуллобек.
– Биласиз-ку, ҳали биронта мелиса қочиб қутулмаган, – жавоб берди Хушназар. – Отлари эшакдан ҳам хароб экан.
Раҳматуллобек отига минди. Қолганлар ҳам отларига минишди.
– Бўпти, йигит, биз туфайли азоб ебсан, узр, – деди Раҳматуллобек Ойнага. – Энди эҳтиёт бўл!
– Мени ўзларингиз билан олиб кетингизлар. Мелисалар барибир мени тинч қўймайди. Мен улардан қасосимни олишим керак, – деди Ойна ялинган овозда. – Бек ака, мени сафингизга қўшиб олинг!
– Бизга фақат сени урган мелисалардан қасос олиш учунгина сафимизга қўшиладиган кишилар керак эмас, – деди Раҳматуллобек. – Қолаверса, қасосинг ҳам олинди, ука.
Ойна Раҳматуллобекнинг узангисига ёпишди:
– Жон, ака, мени олиб кетинг, бирор нафим тегиб қолар. Ўзим тоғларда қўй боқиб ўсганман, ҳар бир сўқмоғини, ғорини, чўққисини беш қўлимдай биламан. Яшириниш учун шундай жойларни биламан-ки, қизил аскарларнинг етти ухлаб, тушигаям кирмайди.
Раҳматуллобек Хушназарга қаради. Хушназар елка қисди.
– Ўзимиз ҳам билиб олмаган бирор дара-ю, сўқмоқ қолмади беш йилдан бери, – деди у.
– Бек ака, ўғлимни олиб кета қолинг! – деди Ойнанинг отаси ҳам Раҳматуллобекка яқин келиб. – Аввалдан сизларга қўшилмоқчи бўлиб юрарди ўзи.
– Майли, ичимизда шу ернинг йигитларидан бўлганиям дуруст, – деди Раҳматуллобек. – Тайлон, отингга миндириб ол!
Бир йигит Ойнани отига мингаштириб олди ва ҳаммалари ҳовлидан чиқиб кетишди.
3.
Ойна чаққон чиқиб қолди. У нима иш бўлса қилиб кетаверар, айниқса, овқат пиширишга уста эди. У ошни ҳам боплар, йигитлар овлаб келадиган қуён, каклик, тустовуқлардан ажойиб димламалар, шўрвалар пиширарди. У ҳаммага ака деб мурожааат қилар, ҳамманинг кўнглини олишга тиришарди.
Бугун ҳам эрталаб Раҳматуллобек йигитлари билан нонушта қилишаётган эди, Ойна бир лаганда буғи чиқиб турган тандир кабобни олиб келди.
– Менинг тандир кабобни яхши кўришимни билиб олибсан-да, Ойна? – деди Раҳматуллобек.
– Касбим шунақа, Бек ака. Улуғларга хизмат қилиб суягим қотган.
– Баракалла! Қачон қўй топиб, қачон сўйиб, қачон тандир кабоб қилишга улгурдинг, Ойна?
– Узумини енг-у, боғини сўраманг, Бек ака. Тушликка арча кабоб қилиб бераман, – дея Ойна ўчоқ бошига қараб кетди.
– Жуда қўлли-оёқли бола эканми, Хушназар? – деди Раҳматуллобек.
– Ҳа, қўлли-оёқли экан, – деди Хушназар сўнг сал ўйланиб туриб, қўшиб қўйди: – Тилли-жағли ҳам. Йигитларни ўзига ром қилиб олди.
– Нима иш буюрсанг қилиб кетаверишини айтмайсанми? – деди Раббим полвон.
– Ҳа, ҳамма билан ака-укадек бўлиб кетган бўлса жуда яхши. Аммо Тароқлига борганимизда у ерда пистирма борлигини аниқ билганига қойил қолдим, – деди Раҳматуллобек. – Қизил аскарнинг ҳидини биладиган бола эканми дейман?
– Ровотга борганимизда ҳам у туфайли қизил аскарларнинг пистирмасига тушмай қолдик, – деди Хушназар.
Ойна чой дамлар экан, бу гапларни қулоғи динг бўлиб эшитиб турди.
Нонушта тугагач, дуо қилиб, ҳаммалари туришди.
– Ҳамма дамини олсин! – деди Раҳматуллобек. – Кечқурун Холбековни бир қитиқлагани борамиз.
Ҳаммалари тарқалишди. Хушназар Раббим полвонни чеккага тортди.
– Раббимқул, шу йигитга кўз-қулоқ бўлиб юр! – деди Хушназар овозини пасайтириб. – Қадам олиши бежо шу боланинг.
– Нимаси ёқмаяпти сенга? – деди Раббим полвон. – Дуппа-дуруст хизматимизни қилиб юрибди-ку?
– Ҳид билиши ноёблиги ёқмаяпти. Ўзимиз қатори қароргоҳдан чиқмаса, қаердан билди экан кеча Тегирмонбошига қизил аскар келганини?
– Айтгани яхши бўлди-да, ҳақиқатдан қизиллар келган экан-ку?
– Аммо у қаердан билди деяпман? Қолаверса, борганимизда қизил аскаринг кетиб бўлган экан. Билган одам улар кетмасдан олдин айтмайдими?
– Ҳа, бу гапингда жон бор, – деди Раббим полвон. – Майли, ўзига сездирмай пойлайман.
4.
Машқ қилишаётган қизил аскарларга кўрсатмалар бериб турган Холбековнинг олдига подачи Сафар югуриб келди.
– Нима бўлди? – уни кўрибоқ сўради Холбеков.
– Ҳаммаси режадагидек бўлди, – деди Сафар. – Раҳматуллобек Ойнани ўзи билан олиб кетди.
– Яхши, – деди Холбеков. – Милиционерлар нима бўлди?
– Босмачилар ҳаммасини отиб ташлашди.
– Вақтида хабар бермаганмидинг? – Қаҳр билан сўради Холбеков.
– Вақтида хабар бердим, аммо қочиб қутулишолмаса мен нима қилай? – деди Сафар бошини қашлаб. – Бекнинг отлари шамолдай учқур демаганмидим?
– Бошлиқларидан балога қолдиган бўлибман-да, – деди Холбеков ва бироз ўйланиб туриб, қўшиб қўйди: – Майли, Ойна билан жуда эҳтиёт бўлиб алоқа боғлаб тур. У Раҳматуллобекнинг ишончига кириб олиши зарур. Боравер! Ҳа, айт, Ойнанинг укаси бир келиб кетсин!
– Хўп! – деб Сафар чиқиб кетди.
Эртаси куни Ойнинг укаси Мурод Холбековни излаб келди.
– Келганингни ҳеч ким сезмадими? – деди Холбеков уни хонасига олиб киргач.
– Йўқ, ҳеч ким билмайди, – деди Мурод.
Холбеков Муродга букланган қоғоз узатди.
– Яхши. Мана буни Ойнага етказгин! Аммо эҳтиёт бўл, бировнинг қўлига тушмасин! Мана буни отангга бер! – деб Холбеков Муродга бир даста пул берди. – Ҳа, Ойнага айтиб қўй, биз эртага пешин вақти Илонлига борамиз.
Мурод чиқиб кетди. Холбеков унинг ортидан тикилиб қолди.
5.
Хушназар тўппончасини тозалаб ўтирган эди, олдига Раббим полвон келди.
– Ойнанинг олдига ўн тўрт-ўн беш ёшли бир бола келиб кетди, – деди Раббим полвон. – Укаси эмиш. У-бу егулик олиб келибди.
– Зотини суриштирдингми бунинг?
– Қулқишлоқлик Эшназар танир экан, тўй-пўйларнинг ошу-овқатини пишириб юрар экан. Йўқсиллардан эмиш. Иш ахтариб, бир-икки йил Самарқандга кетган экан. Олти ойча бўлибди қайтганига.
– Шунақа дегин, – деган Хушназар ўйланиб қолди. – Самарқандга кетган экан, дегин. Икки йил, дегин.
Бу сўзларни худди ўз-ўзига гапиргандек бўлган Хушназар «Ҳм-м», деб қўйди-ю, Раҳматуллобекнинг чодирига кириб кетди.
Раҳматуллобек ёстиқ устига қўйилган Қуръонни ўқиб ўтирган экан, Хушназарни кўриб, китобни ёпди.
– Кел, Хушназар! Тинчликми?
– Ойнага жавоб бериш керак, – деди Хушназар қуруққина қилиб.
– Унинг нимаси сенга ёқмаяпти? – бир қўзғалиб олди Раҳматуллобек. – Яхши хизмат қилаяпти-ку?
– Қадам олиши шубҳали. Менинг йигитларим билмаган гапларни дарадан чиқмай туриб, Ойна қаердан билади? Укаси келган экан. У бу ерни қаердан топиб келди?
– Сен ундан бекорга шубҳа қилма! Укасининг топиб келишигаям шубҳаланма, бир ҳафта олдин Ойна онасидан хабар олгани борувди. Ўшанда укасига керак бўлса қаердан топишлари мумкинлигини айтган чиқар.
– Укаси топиб келибдими, бошқалар ҳам топиб келади. Жойимизни тезда алмаштириш керак.
– Ана бу гапинг жўяли. Майли, йигитларга айт, кўчамиз!
Хушназар чиқиб кетди.
Раҳматуллобекнинг ўттиз чоғли йигитлари бир соат ўтмасдан жойларини янгилаш мақсадида довон ошиб кетишди. Улар узоқ йўл босишиб, қорли чўққилар орасидаги бир ғорга етиб боришди. Отларни ғорга кирган жойда қолдиришиб, ўттиз қадамча ичкарига машъала ёруғида кириб боришди. Кўм-кўк тиниқ сувли ҳовузга дуч келишди. Ҳовузни айланиб ўтиб, яна ўн-ўн беш қадам юришди. Каттароқ меҳмонхонадек жойда ғор тугади.
Раҳматуллобек бу ғорнинг топилганидан, унинг қулайлигидан хурсанд бўлиб, ҳайратини ошкор қилди:
– Табиатнинг ўзи бизга шоҳона меҳмонхона тайёрлаб қўйган экан-ку?
– Бу ғор қишнинг чилласида ҳам мана шундай, бир хил ҳароратда туради, – деди уларни бу ерга бошлаб келган Ойна. – Отам биларди, мен билардим бу ғорни. Мана, энди сизлар билдингиз. Ўйлайманки, ҳаммамиз бемалол сиғамиз.
– Сиғамиз, ғам ема, – деди Раҳматуллобек. – Бу ерга думалаб ётгани келганимиз йўқ. Қор эригандан тушиб кетамиз.
Йигитлар кўрпа-тўшакларни олиб келишиб, жой ҳозирлашди. Ҳаммалари ўтиришганда Иззатулло гапирди:
– Бек ака, менга жавоб берсангиз, бодим қўзиб қолди. Қишлоққа қайтсам, девдим. Касалим тузалса, баҳорга чиқиб қайтарман. Кўришмасак, рози бўлинг!
– Майли, майли, олдин ҳам айтганман, ҳеч кимни куч билан ушлаб турмайман, – деди Раҳматуллобек. – Яхши боринг, сиз ҳам рози бўлинг!
– Мен бирга борсам майлими? – Изн сўради Норбой. – Иззатуллога ҳамроҳ бўлардим, ҳам қишлоқдан бир хабар олиб келардим.
– Жуда яхши. Эҳтиёт бўлинглар! Бу ердалигимизни биров сезмасин!
– Эҳтиёт бўламиз, – деди Иззатулло. – Майли, яхши қолинглар!
– Мен сизларни кузатиб қўяман! – деб Хушназар ҳам уларга эргашди.
6.
Норбой қишлоққа ярим тунда кириб келди. Ота-онаси билан кўришди.
– Ҳамма соғ-саломатми? Яхши ўтирибсизларми?
– Шукур, соғмиз. Ўзларинг яхшимисизлар? – деди Норбойнинг отаси. – Хушназар, Иззатулло, Раббимлар ҳам яхшими?
– Ҳаммамиз соғ-саломатмиз. Нима янгиликлар бор?
– Э, болам, бу Нурмат кофир дегани ўрисдан ҳам ёмон чиқди. Ўрис лабига битта папирос қистирса бу иккита қистирди. Ўрис белига битта тўппонча тақса Нурмат кофир иккита тўппонча тақиб юради. Салга тўппонча чиқариб, «Отаман», «Тухумингни қуритаман», деб ўдағайлайди.
– Бизникиларга тегмаяптими?
– Тўра полвонни олиб бориб, ўзларининг молхонаси, ҳозирги калхознинг отхонасига қамабди. «Ўғлингни топиб берасан», деб азоб бераётган эмиш.
Норбой туриб, кетишга чоғланди.
– Бир ўзинг борма, болам. Нурмат кофирнинг қуроли бор. Қоровуллари ҳам бор.
– Мен унга кўрсатиб қўяман азоб беришни!
Норбой чиқиб кетди. Ота-онаси бош чайқаб қолишди.
– Бекор айтдингиз, отаси, энди бир балони бошлайди бунингиз, – деди онаси.
7.
Ярим тун. Ғордан секин чиқиб келган Хушназар бирор чақирим пастга тушиб келиб, қушларча овоз чиқарди. Болаликларидан таниш бўлган бойўғлиниг «ҳу-ҳу»сидан Хушназар ва Иззатулло бир-бирини тез топишди.
– Сенга овқат, нон олиб келдим, – деди пичирлаб Хушназар. – Қаерга жойлашдинг?
– Анави катта арчанинг остида кузатув жойи қилиб олдим, – деди улкан арча томонга ишора қилган Иззатулло ҳам пичирлаб. – Шох-шабба билан тўсилган, билинмайди.
– Ҳамма кетганингга ишонди. Аммо ҳушёр бўл. Келганлардан ҳушёр бўласан-ку, аммо ғордан ким чиқди, қаерга борди, бунгаям ҳушёр бўл!
– Изимдан топиб келишмасин, деб икки қир айланиб, эски жойимиздан хабар олиб келдим. Яхшиям кўчибмиз. Биз кетибмизам, жойимизни ўрис босибди.
– Мен сенга нима дегандим? Бир балоси бор, демаганмидим? Эҳтиёт бўл, кечаси ухлама! Биз сенга ишондик. Кундузи ухлаб оларсан. Кундузи сендан ҳам пастроққа йигитларни соқчиликка қўяман. Аммо кечаси сендан бош¬қа ҳеч кимга ишонмайман. Ўзим ҳам баъзан ухлаб қоламан.
– Кўнглинг тўқ бўлсин, биласан-ку, сичқон шитирласа уйғонаман.
– Майли, яхши қол, мен кетдим, – деб Хушназар ғор сари кетди.
Эртаси куни пешиндан кейин Норбой етиб келди. Ҳамма билан сўрашиб, Хушназарнинг олдида тўхтади.
– Нурмат кофир ҳаддидан ошибди, – деди Норбой. – Отангни олиб келиб, қўл-оёғини боғлаб, молхоналарингга қамабди. «Ўғлингни топиб берасан», дебди. Онанг келган экан, туртиб-суртиб ҳайдаб юборибди.
– Шунча гапни эшитиб, индамай келавердингми, полвон? – полвон сўзини кесатиб, зарда билан айтди Хушназар.
– Отангни тоғангникига олиб бориб қўйдим. Нурмат кофирнинг шотирлари «миқ» этолмади, – деди Норбой. – Аммо кофирнинг ўзи Самарқандга кетган экан, тополмадим. Топсам тирик қолмасди.
– Мен топаман! – деди Хушназар аччиқ билан ва ёнидан «Наган»ини олиб, ўқдонидаги ўқларини текшириб кўрди. – Шу бугуноқ топаман!
– Ҳаммамиз борамиз, – деди Раҳматуллобек Хушназарнинг чиқиб кетаётганини кўриб. – Бир қўлларнинг чигалини ёзиб келайлик!
– Ўзим, бир ўзим бораман, – деди Норбойга бир қараб олган Хушназар. – Нурмат менинг отамни қамаган, менинг онамни урган.
– Бўлди-да энди, Хушназар, – ранжиди Норбой. – Мен ҳам бораман. Уни ўзим ўлдираман.
Хушназар кетишга чоғланди. Норбой унга эргашди. Яна уч-тўрт йигит ўрнидан турди. Хушназар уларни қайтарди.
– Кўплашиб юрмайлик! Иккаламиз борсак бас!
Иккаласи ғордан чиқиб кетишди.
Ўн биринчи боб.
«Амакимга айтинг, укамни топсин»
1.
Хушназар ва Норбой кечаси билан йўл босишиб, қишлоққа эрталабга яқин етиб келишди. Хушназар тоғасиникига тушиб, ота-онаси билан кўришди.
– Мени деб азият чекибсизлар, кечиринг, ота! – деди Хушназар гуноҳкорона оҳанда. – Аммо Нурмат кофир бугун ўлади.
– Эҳтиёт бўл, болам, камарида, икки ёнида иккита тўппонча тақиб юради, доимо отишга тайёр туради – деди Тўра полвон.
Бироз ўтиб, Норбой кириб келди.
– Жияним бориб келди, идорасида эмиш. Кечир, уйларингда эмиш.
– Биров хабар топмайдиган бўлиши керак, – деди Хушназар. – Бу ерда бир режа керак.
Хушназар билан Норбой бироз муддат «ими-жимида» ишни битириш режасини туздилар. Норбой чиқиб кетди ва сал ўтиб, идорада қоровул бўлиб ишлайдиган Ҳайдарали бўласини бошлаб келди.
– Нурмат кофир тўппончаларини қачон камаридан ечади? – кўришиб бўлишгач, Ҳайдаралидан сўради Хушназар.
– Э, у тўппончаларини умуман белидан ечмайди. Ухлаганда ҳам қўли тўппончасида ухлайди, – деди Ҳайдарали, кейин бироз ўйланиб туриб, қўшимча қилди: – Аммо, айтишга одам уялади-ю, шу-у… ҳожатга кирганидагина ечиб, ёнига қўяди, шекилли.
– Нимасидан уяласиз, айтганингиз яхши бўлди, – деди Хушназар. – Энди бундай қиламиз. Биз бир жойда пойлаб ўтирамиз. Сиз Нурмат кофир ҳожатхонага кирганда йўталиб қўясиз. Итга ит ўлими, уни ҳожатхонада босамиз. Энди бораверинг! Йўталиб қўйсангиз бўлди, бизни қидирманг! Ҳа, айтганча, тез-тез чойини янгилаб туринг!
Ҳайдарали «Хўп, тушундим», деб чиқиб кетди. Отасининг кийимларини кийиб олган Хушназар, отаси билан қучоқлашиб хайрлашди.
– Ота, … кўришолмай қолсак, … рози бўлинг!
Ўғлининг бу гапидан унинг анча улғайиб қолганини англаган Тўра полвоннинг кўнгли бузилди, аммо ўзини тез қўлга олди:
– Дадил бўл, ўғлим! Одамнинг кўнглини буздиган бунақа гапларни айтма! Сендан мингдан-минг розиман! Сен ҳам биздан рози бўл! Мен элини, юртини дейдиган сендай фарзандим борлигидан фахрланаман, болам! Кофирлар билан курашадиган фақат сизлар қолдингизлар, ўрис ва уларга сотилган йўқсиллар мард бекларнинг барини битта-битта тутиб, йўқ қилди. Энди иймон аҳлининг умиди сизлардан, эҳтиёт бўлинглар, болам!
Хушназар онасини ҳам қучоқлаб хайрлашди ва Норбой билан секин чиқиб кетишди.
Хушназар ўзларининг ровотлари девори ортида нари-бери бориб-келиб турди. Норбой Хушназарга имо қилиб, рўпарадаги уйнинг томидаги каптар учираётган бир болани кўрсатди.
– Ҳайдарали мабодо ишора бермай қолса, шу болани ҳам тайинлаб қўйган эдим. Нурмат кофир ҳожатхонага кирса, бу бола каптарларига ҳуштак чалади.
Хушназар маъқуллаб бош ирғади.
Сал ўтиб, бола каптарларига ҳуштак чала бошлади. Худди шу пайт секингина йўталган товуш ҳам эшитилди. Хушназар девордан мушукдек сакраб ўтди.
Хушназар ҳожатхона эшигини бир тепиб, ичкарига кирди. Нурмат кофир бақадек бақрайиб қолди. Эсини йиғиб, ечиб қўйган камаридаги тўппончага қўл узатмоқчи бўлганди, Хушназарнинг тўппончаси икки қошининг ўртасига тегди.
– Сен мард йигитнинг ишини қилмадинг! – деди Нурмат кофир папиросларини туфлаб. – Ғафлатда қолдирдинг!
– Сен онамни уриб, мардлик қилдингми? – деди Хушназар ва тепкини босди.
Нурмат кофир ўтирган жойида қолди. Пешонасидан қон сизиб чиқди.
2.
Тунда Хушназар ғордан чиқиб, Иззатулло яширинган жойга келди. Хушназарни кутиб турган Иззатулло арча ортидан чиқиб, унинг ёнига келиб, жимгина кўришишди.
– Йигитларнинг бари соғ-саломатми, Хушназар? – сўради Иззатулло.
– Бугун Ашур билан Раҳматуллобекнинг жияни Мустафо шаҳид бўлди, Иззатулло, – деди Хушназар афсус билан.
– Қаерда?
– Жумабозорда. Олим пансодни тутиб берган сотқинларни жазолагани борувдик, қуршовга тушиб қолдик. Зўрға ёриб чиқиб, қутулдик, аммо иккаласи ўққа учди.
Иззатулло юзига фотиҳа тортди.
– Жойлари жаннатда бўлсин! Хушназар, манавини қара, мен ҳеч нимани тушунмадим, – деб Иззатулло Хушназарга битта буклоғлиқ хат узатди. – Ойнанинг укаси келувди. Қўйнидан чиқди.
– Қачон келди? – ажабланди Хушназар.
– Пешинда. Қандай топиб келди экан? Ойна отам билади-ю, мен биламан, деганди-я?
– Шунга ишонувдингми, Иззатулло? Полвон зоти ишонувчан бўлади-да. Майли, укасини қайтариб юбордингми?
– Уни қайтариб юборолмадим, – деди Иззатулло бироз чайналиб. – Бошқа иложим йўқ эди, сўкма. Уни… ҳов, ёнғоқнинг остига кўмиб қўйдим.
– Галварс, жавр қилибсан ёш болага. Боғлаб қўйиб, мени кутсанг бўларди.
– Иложини қилолмадим, Хушназар.
– Бўпти, ҳушёр бўл!
Хушназар ғорга қараб кетди.
Эрталаб йигитлар нонушта қилишаётганда Хушназар Раҳматуллобекка Норбой берган хатни узатди. Хатни бир-икки ағдариб кўрган Раҳматуллобек ҳеч нарсани тушунмай, савол назари билан Хушназарга қаради.
– Буни Ойнадан бошқа ҳеч ким ўқий олмайди, – деди Хушназар. – Йигитлар арабчадан бошқасини ўқий олишмайди.
– Мен ўриснинг ҳарфини биламан, Хушназар, – деди Раҳматуллобек ажабланиб. – Аммо бу ўрисчага ҳам ўхшамайди.
– Ойнани чақирайми?
– Барибир унда ёзилганини бизга айтмас,– деди Раҳматуллобек. – Кутайлик-чи?
Шу пайт уларнинг ёнига Ойнанинг ўзи келди.
– Бек ака, озиқ-овқатимиз тугаяпти, – деди Ойна Раҳматуллобек ва Хушназарга синовчан тикилиб. – Бориб гўшт, ёғ олиб келсам, девдим?
– Майли, йигитлардан бир-иккитасини ҳамроҳ қилиб ол!
– Йўқ, бир ўзим борганим тузук, – деди Ойна шошиб. – Бировда шубҳа уйғотмайман.
– Мен сен билан бирга бораман, – деди Раббим полвон. – Бир ўзингни юбориш хавфли.
– Раббим полвон тўғри айтаяпти, – деди Хушназар. – Бир ўзинг бориб, бирор кор-ҳол бўлмасин!
– Майли, сизлар нима десангизлар шу, – деди Ойна ноилож қолиб.
– Кўз-қулоқ бўл! – деди Хушназар Ойна улардан узоқлашгач Раббим полвонга. – Биров билан холи гаплашмасин!
Сал ўтиб, Раббим полвон Ойна билан ғордан чиқиб кетишди.
Отларини етаклаб боришар экан, Ойна улкан арча остидаги шох-шаббаларга бир-икки зимдан қараб қўйди. Олдин бу шох-шаббалар бу ерда бўлмаганини Ойна сезди. Сўнг ёнғоқ остига ҳам синчков нигоҳ қадади. Бу ерларни ҳақиқатдан ҳам яхши билган Ойна ҳар бир дарахт ё бутадаги кичик ўзгаришни ҳам назардан қочирмас, зеро у ёнғоқнинг тагидаги бўлган ўзгаришни ҳам дарров сезган эди. Унинг бу шубҳали қарашларини Раббим¬қул сезмай кетаверди. Ойна арча ва ёнғоқ тарафга кейин ҳам бир-икки ўгирилиб, қараб қўйди.
3.
Раббим полвон Ойна билан бирга қишлоққа кириб келишар экан, подачи Сафарникига киришиб, ундан Ойна иккита қўй сотиб олди. Ойна Раббим полвонга сездирмай Сафарга пул билан бирга бир қоғоз ҳам узатди. Раббим полвон ва Ойна қўйларни отга ўнгариб, эҳтиётлик билан Ойналарнинг ҳовлисига кириб боришди.
Ота-онаси билан кўришиб-сўрашган Ойна чаққонлик билан қўй сўйиб, тозалар экан, отаси билан ҳам суҳбатлашар, уларнинг суҳбатини Раббим полвон диққат билан тинглаб турарди.
– Мурод кўринмайдими? – сўради суҳбат орасида Ойна.
– Кеча ўтин териб келаман, деб тоққа чиқиб кетгани. Ҳалиям қайтиб келмади, – деди отаси. – Энанг ҳам хавотирда ўтирибди, ўғлим.
Ойна бу гапни эшитиб, жонсарак бўлиб қолди. Аммо дарров ўзини қўлга олди:
– Амакимга айтинг, шу бугуноқ укамни излаб топсин!
– Майли, болам, дарров бориб айтаман.
Бу орада қўйларни сўйиб бўлган Ойна қўй гўштларини хуржунга жойлади ва хуржунларни отларнинг эгарига ортди. Яна бир хуржунга нон ва бошқа нарсаларни жойлаб, уларни ҳам отларнинг устига ортди.
Раббим полвон билан Ойна отларига миниб, чиқиб кетишар экан, Ойна ота-онаси билан хайрлашаётиб, отасига яна бир бора амакиси ҳақида тайинлади:
– Ҳозироқ амакимга бориб айтинг, Муроднинг орқасидан бориб, албатта шу бугуноқ топсин!
– Хўп, ўғлим, айтаман, ҳозироқ бориб айтаман.
Раббим полвон билан Ойна қайтиб келишар экан, Ойна Раббим полвонга сездирмай Иззатулло ётган улкан арча остига, энди шох-шаббалари эрталабкидан бошқача ётган пистирмага ўғринча қараб олди.
Улар ғорга кириб, йигитлар билан саломлашишгач, Ойна олиб келинган нарсаларни жойлаштириш билан банд бўлди. Раббим полвон дарҳол унга қараб турган Хушназарнинг олдига келди.
– Яхши бориб келдиларингми? – сўради Хушназар. – Мелиса ёки қизил аскар йўлиқмадими?
– Яхши. Мелисаниям, қизил аскарниям кўрмадик, – жавоб берди Раббим полвон. – Боғларни оралаб, паналаб бориб келдик.
– Ойна кимлар билан гаплашди? Биронтага бир нима бермадими?
– Фақат ота-онаси билан гаплашди.
– Нималар деди, ҳаммасини айтиб бер-чи?
– Айтарли ҳеч нима. Ойна укасини сўради. Отаси ўтин теришга чиқиб кетувди, кечадан бери қайтгани йўқ, деди. Ойнаям хавотир олди. «Амакимга айтинг, шу бугуноқ укамни қидириб топсин», деди.
– Айтарли ҳеч нима демади, дейсан-а? Роса муҳим гапни айтибди-ку? Яна ким билан гаплашди?
– Подачидан иккита қўй сотиб олди. У билан ҳам деярли гаплашмади.
– Пулини ким берди?
– Ойна берди, нима эди?
– Сен берсанг бўлмасмиди? Шуни тайинламабман-да, – пешонасига шаппатилади Хушназар. – Пул билан хат берган бўлиши ҳам мумкин.
– Ҳа, буни ўйламабман, – деди Раббим полвон. – Пулига ҳам синчиклаб қараганим йўқ.
– Бўлар иш бўлибди, – деди Хушназар. – Бу кеча ҳушёр бўлиш керак. Эртага бу ерни ҳам алмаштирамиз, шекилли.
Хушназар Раҳматуллобекнинг олдига борди:
– Бек ака, бу қўналғани ҳам алмаштириш керак.
– Яна нима бўлди? – сўради Раҳматуллобек салгина норози оҳангда.
– Менинг билишимча, агар Ойна сотқин бўлса, бу ер ҳақида хабар беришга улгурган.
– Нимага асосланиб бундай деяпсан?
– Ойнанинг укаси бу ерни топиб кепти. Демак, бу жойни Ойнанинг уйидагилар билади. Кеча қайтиб бормаганини эшитган Ойна отасига «Амаким шу бугуноқ укамни топсин», депти. Амакиси ким ва Ойнанинг укасини қаердан излашни биладими? Ана шу гаплар гумонимни орттираяпти. Амакиси Холбеков бўлмасин тағин?
Раҳматуллобек ўйланиб қолди ва зимдан Ойнани бироз кузатди. Ойна доимгидек чаққон ва хушмуомала эди. Раҳматуллобек унинг ҳаракатларида бирон шубҳали нарса сезмади.
– Жуда кўп гумон ва шубҳаларга берилаяпсан, Хушназар, – деди Раҳматуллобек. – Майли, бугун дамингни ол-чи. Эртага бошқа ерга кўчармиз. Балки яна қишни Бойсун ёки Душанба тарафларда ўтказиб келармиз.
4.
Йигитлар овқатланиб бўлишгач, ўринларини солиб, чўзилишди. Бирпасдан кейин паст-баданд хуррак овозлари ҳам эшитила бошланди. Ойна эса ҳадик тўла кўзларини юммай ётди. Хушназар «Таҳоратимни ушатиб келаман», деб ташқарига чиққанда эса у ҳам секингина унинг ортидан эргашди.
Хушназар Иззатуллони топиб, у билан пичирлаб гаплашди.
– Иззат, бугун жуда ҳам эҳтиёт бўл! Шу бугундан хавотирим катта. Негадир юрагим жуда безовта. Бугун ўлмай тонг оттирсак, эртага бу ерлардан узоқроққа кетамиз. Ойнанинг соқинлиги рост бўлса, у бу ернинг хабарини берган бўлиши керак.
– Кўп хавотир олма, Хушназар, – деди Иззатулло. – Кундузи тўйиб ухлаб олганман, эрталабгача ухламайман. Ҳушёр тураман.
– Майли, мен борай.
Хушназар ғорга қараб кета бошлади. Икки-уч дарахт нарида уларнинг суҳбатини пойлаб турган Ойна мушукдек чаққонлик билан Хушназардан аввал ғорга кириб кетди.
Оҳиста ғорга кирган Хушназар ўз жойида «пишиллабгина ухлаб ётган» Ойнага диққат билан тикилиб, жойига ўтиб кетди ва бориб, Раҳматуллобекнинг ёнидаги ўз ўрнига кириб, чўзилди. Хушназар негадир шу топда болалигини эслади. Кейин кўз олдида ота-онаси, Муслима ва икки-уч ёшли қизи гавдаланди. Муслимага уйланган кезлари, унинг ҳар нарсадан уялиб, тортиниб туришларини, қизи туғилганида ҳам уялиб юрганликларини эслаб, кўзи илинди.
Ҳеч ким, Хушназар ҳам Ойнанинг ғордан секин чиқиб кетганини билмай қолди.
Ўн иккинчи боб.
«Лаънат сендай йигитга!»
1.
Тонгга яқин «Ойнанинг укасини излаб» Ойнанинг «амакиси»-Холбеков ўттиз нафар қизил аскар билан Раҳматуллобекнинг қароргоҳи сари мушукдек пусиб кела бошлади. Иззатулла Холбековнинг йигитларини кўриб, секин пана жойдан чиқди. Иззатулло ортида уни пойлаб турган Ойнани сезмай қолди. Биринчи келаётган қизил аскарни мўлжалга олиб, бешотарнинг тепкисини босмоқчи бўлганда унинг орқасида турган Ойна қўштиғли ханжарин кўтариб, зарб билан Иззатуллонинг орқасидан урди. Иззатулло бирорта ўқ ҳам отолмай, иҳраб, жон берди. Холбеков билан тезгина сўрашиб олган Ойна уларни шошилтириб, ғор сари бошлаб кетди.
Бегона одамлар шарпасидан безовта бўлган отлар оёқларини асабий дукурлатиб, пишқира бошладилар. Отининг кишнаган овозидан уйғониб кетган Хушназар тура солиб, Ойнани қидирди. Уни ўрнидан тополмагач, шошиб отлар томон юрди ва ғор оғзида ичкарига кираётган одам шарпасини кўриб, унга қарата ўқ узди. Ўқ овози, сўнгра ўқ теккан аскарнинг «вой-вой»лаб бақирганидан ғорнинг ичи шовқинга тўлди. Уйғониб кетган йигитлар ҳам милтиқ ва тўппончалардан олатасир ўқ уза бошладилар. Ичкарига киришга улгурган икки-уч қизил аскар ер тишлади. Бир-иккитаси қочиб чиқди. Бир маҳал ташқаридагилар юмалоқ тошга ўхшаган икки-учта нарса ташлашди. Бир неча сония «вишиллаб» турган бу нарсалар шунақа гумбурлаб портлади-ки, қулоқлар батанг битди. Портлаш зарбидан икки-учта от титилиб кетди. Яна икки-учтаси кўтарилиб, шифтга урилди. Портлаш улоқтириб юборган бир от Хушназарнинг олдига келиб тушди. Отларнинг аянчли кишнашлари юракка баттар ваҳима соларди.
Ташқаридан Холбековнинг бақирган овози эшитилди:
– Кейинги бомбаларни сизларнинг устингизга ташлаймиз. Отлардек бурда-бурда бўлиб кетасизлар. Яхшиликча қуролларни ташлаб чиқиб, таслим бўлинглар!
Хушназар Раҳматуллобекнинг ёнига келди.
– Тўрга ўтамиз. У ёққа бомбасиям етиб бормайди, ўқиям.
Улар ғор тўрига чекинишди. Ҳақиқатдан қизил аскарларнинг кейин отган ўқлари ғор деворларига урилиб, турли томонга қараб «чингилла»б учар, аммо Раҳматуллобекнинг йигитларигача етиб келмасди. Йигитлар бекиниб бориб, ғор оғзига қарата ўқ отишди. Ташқаридагилар «вой-вой»лаб, ўрисчаю ўзбекчалаб сўкиниб қолишди.
Гоҳ улар, гоҳ булар отиб, тонг ҳам отди.
Қизиллар уч-тўрт бомба, яъни граната отиб кўришди. Ғорни гумбурлатган, зириллатган бу гранаталар ҳам Раҳматуллобекнинг йигитларига зиён етказмади. Яна бир-икки от ўлди.
– Отларга жавр бўлди, Бек ака, нима қиламиз? – деди Хушназар.
– Отларни олиб чиқиб кетинглар! – деб бақирди Раҳматуллобек ташқарига қарата. – Отга ичларинг ачисин! Кириб соғ қолганларини олиб чиқинглар, шунгача отмаймиз!
– Алдамайсизларми? – сўради Холбеков.
– Алдаш кофирларда бўлади, – Раҳматуллобек аччиқ билан. – Биз, Худога шукур, мусулмонмиз.
– Менам мусулмонман, – деди Холбеков. – Сизга ишондим, Бек.
Раҳматуллобекнинг йигитлари тирик қолган отларнинг тушовини ечиб, ғор оғзига қараб ҳайдашди. Икки қизил аскар кириб, отларни ҳайдаб чиқди. Раббимқулнинг оти чиқмади. Оёғи бўшагандан ўзини тўрга урди. Келиб, Раббимқулнинг елкаларини ҳидлаб кўриб, кейин тинчланди.
– Энди ўзларингиз ҳам чиқинглар, Бек, – деди Холбеков ғор оғзига яқин келиб. – Бўлмаса шох-шабба олиб келиб, ўт қўямиз. Тутунга чидолмай чиқасизлар. Аммо тулкини шундай чиқаришади. Сизлар тулки эмассизлар. Иззатингизни билиб, мард йигитлардай чиқинглар. Жонингизни сақлаб қолишга ваъда бераман. Сизлар ваъдангизда турдингизлар, мен ҳам тураман.
Раҳматуллобек йигитларга қаради. Хушназар ночор бош ирғайди.
– Ҳақиқатдан тутундан қочиб чиққан тулкидай бўлиб шарманда бўлмайлик, чиқиб таслим бўламиз, – деди Раҳматуллобек афсус билан. – Ажалимиз етибди, йигитлар. Униям эркакдек қарши олайлик!
Раҳматуллобек ғор оғзига яқин бориб, гапирди:
– Биз розимиз. Фақат битта шартимиз бор. Ичимизда битта йигитимиз кўринмаяпти. Ташқарига чиққан экан, шекилли. Ўшани қайтариб юборсангизлар. Унда икки оғиз гапимиз бор. Кейин бирга чиқардик.
– Ойна сизнинг йигитингиз эмас, – деди Холбеков Раҳматуллобек ким ҳақида гапираётганини дарров англаб. – У қизил аскар. Болшевиклар партиясининг аъзоси. ЧК ходими. У махсус топшириқ билан сизнинг сафингизга қўшилган эди. Энди у ўз дўстлари сафида. Шарт қўймай таслим бўлаверинглар! Бошқа иложингиз йўқ.
Шунда Ойна ҳам ғор оғзига яқин келди.
– Ташқарида бир йигитингиз борлиги рост, – деди Ойна. – У «Қишлоғимга кетдим», деб арча остида қоровуллик қилиб ётган Иззат эди. Аммо энди у укамнинг ёнидан жой олди. Ундан укамнинг хунини олдим.
– Ў, ифлос! – Хушназар варанглатиб ўқ узди.
Ойна ўзини четга олишга улгурди.
Шундан сўнг ҳар иккала томондан яна анча ўқлар отилди. Аммо энди бу ўқлар фақатгина тошларнигина яралаётган эдилар.
– Қаршилик кўрсатишингиз бефойда, Бек, – деди Холбеков яна Раҳматуллобекка мурожаат қилиб. – Таслим бўлинглар!
– Бўпти, таслим бўламиз, – деди Раҳматуллобек. Мусулмонлигингга ишонмасам ҳам сўзингга ишондим, Холбеков. Сўз бердинг, йигитларимни отмайсан!
– Ҳеч ким ўқ отмайди, – деди Холбеков. – Қуролларни ташлаб, битта-биттадан чиқинглар!
2.
Раҳматуллобекнинг қуролсиз йигитлари битта-битта чиқа бошлашди. Қизиллар йигитларнинг чиққанини чиққандай дарров қўлларини орқага қилиб боғлайвердилар. Охирида отини етаклаб Раббим полвон, кейин Хушназар ва, ниҳоят, Раҳматуллобек чиқди. Қолганларнинг қўли боғланаётганини кўрган Раҳматуллобек кўзлари билан Холбековни қидириб топди.
– Каттаси сен-а, буларнинг? – деди унга қараб Раҳматуллобек. – Айт, менинг қўлимни боғламасин! Қочиб кетдиган жойим йўқ. Йигитларни қолдириб қочадиган одам эмасман.
Унга бироз синчиклаб тикилиб турган Холбеков аскарларга буюрди:
– Бекка тегманглар!
Раҳматуллобек Холбековга яқин келди.
– Мусулмонман дединг, қаерликсан?
– Тошкентликман, Холбековман. Исмим Ҳабибуллахон.
– Ҳабибуллахон? – Раҳматуллобек ажабланди ва беихтиёр «сиз»лаб давом этди: – Сайидларданмисиз?
– Оталаримиз сайидлардан бўлишган, – деди Холбеков.
– Эссиз, эссиз, аждодларингиз қабрларида қақшайдиган бўлишибди-да? – деди Раҳматуллобек бошини сарак-сарак қилиб. – Исмингиз ҳам гўзал экан, Ҳабибуллахон. Аллоҳнинг дўсти. Сиз ўзингизга кимни дўст тутиб юрибсиз? Ўрисними? Кофирними? Ёки – Раҳматуллобек Ойнага ишора қилди: – Манави элини, юртини, диндошини сотган маразними? Ҳай, аттанг. Сиз ўзингизга дўст тутган бу ўрис сизнинг қўлингиз билан бизни ейди. Кейин албатта сизниям ейди, унутманг!
Раҳматуллобек қизил аскарларга бир-бир егудек бўлиб қараб чиқди. Нигоҳлари уч-тўрт қадам нарида турган Ойнада тўхтади. Унга қаҳр билан тикилди.
– Лаънат сендай йигитга! Лаънат сендай ўзбекка!
Раҳматуллобек шу сўзларни айтиб, Ойнага қараб икки қадам қўйди ва белбоғи тугунини ечди. Белбоғ ичидан эгилувчан қилич нозик овоз чиқариб, тўғриланди. Бек зарб билан қилични Ойнанинг бошига солди. Аммо Ойна чаққонлик қилиб, ортига тисарилди. Қиличнинг учи Ойнанинг пешонасидан иягигача чуқур из қолдириб, тилиб ўтди. Ойнанинг орқасида турган аскар эса тез эсини йиғиб олиб, тўппончасидан уч-тўрт марта ўқ узди. Раҳматуллобек мункиб кетди. Кўкраги ва қорнидан қон оқиб, тиззалаб қолди.
Холбеков ўқ узган аскарнинг қўлига уриб, тўппончасини тушириб юборди. Аччиқ билан унга бақирди:
– Ким айтди сенга Раҳматуллобекни от деб, ярамас?!
Қизил аскар довдираб, ортига чеккинди.
Холбеков Раҳматуллобекни суямоқчи бўлди. Раҳматуллобек унга суянишни истамади. Хушназар энгашиб, елкасини Раҳматуллобекка тутди. Раҳматуллобек унинг елкаларини қучди, сўнгра унинг тиззасига бошини қўйди. Раҳматуллобекнинг оғзидан қон сизиб чиқди.
– Бек ака! Ўзини тутолмади Хушназар. – Бек!
– Хушназар, мендан рози бўлинглар! – деди Раҳматуллобек инграб. – Мени кечиринглар! Сизларни жувонмарг қилдим. Қар¬ғаманглар! Ла илоҳа иллаллоҳу…
Раҳматуллобекнинг жони узилди.
Қизиллар ўлган, яраланган аскарларини отларга ортишди.
Хушназар Холбековга мурожаат қилди:
– Холбеков, айтинг, қўлимни ечишсин! Бекнинг жанозасини ўқиб, кўмайлик!
– Сизнинг ишингиз эмас бу, – деди Холбеков. – Бекни кўмадиган одамлар бор.
– Ўрисдай қилибми? – деди Хушназар кесатиб. – Холбеков, мусулмонман дегандингиз, шуми мусулмонлигингиз?
Холбеков пича ўйланиб турди ва аскарларга буюрди:
– Ҳаммасининг қўлларини ечинглар!
Қизиллар Раҳматуллобекнинг йигитларининг қўлларини ечишди.
Йигитлар Раҳматуллобек ва Иззатуллонинг жанозасини ўқиб, шаҳид мақомида кўмдилар. Қабр устида тиловат қилиб бўлишгач, ўрислар яна Хушназар ва бошқа йигитларнинг қўлларини орқага қилиб боғладилар.
– Кетдик! – буюрди Холбеков.
Ўрислар қизил аскарларни ҳайдаб, тушиб кета бошладилар. Раббим полвонга эргашган унинг отини ўрислар тутмоқчи бўлдилар. От уларга тутқич бермай қочаверди. У олдидан келганни тишлар, ортидан келганни тепарди. Улардан қочиб, Раббим полвоннинг олдига келиб, унга эргашди.
Ўн учинчи боб.
«Бекорга Сибир дейишмас экан-да»
1.
Қоратепа кўчалари одамга тўлиб кетди. Эркагу аёл, ёшу қари кўчага чиқди. Одамлар тўп-тўп бўлиб, тоғдан ушлаб тушилаётган босмачиларни томошалагани чиқишди. Тоғ томондан эшак чоптирган болалар қийқиришиб келишди:
– Босмачиларни олиб келишаяпти-и!
– Қўрбошини олиб келишаяпти-и!
Қизил аскарлар қўллари боғланган йигитларни олдиларига солиб кела бошлашди. Кўпчилик йигитларга ачинишди. Бир аёлнинг йиғлагани эшитилди:
– Эссиз, шундай полвон йигитлар, жувонмарг бўлдиган бўпти.
– Сизларни Аллоҳ паноҳида асрасин! – деди кимдир.
– Оми-ин!
Бир неча кишининг йиғлагани эшитилди.
Элчилик экан-да. Кўпнинг ичидан бир-икки авбош ҳам чиқар экан-да.
– Мана, қўлга тушибсизлар-ку? – деди ана шундайлардан биттаси.
– Энди тинчийдиган бўлибмиз, хайрият! – деди бошқаси.
– Баттар бўлинглар, босмачилар! – деди бир киши.
Шу гапни айтган кишининг олдига паранжили бир аёл яқин келди.
– Сиз ҳам эркакмисиз? Сиз ҳам мусулмонмисиз? – деди аёл ҳалиги эркакка. – Ҳайф сиздай малъунга!
Эркак аёлга қўл кўтармоқчи бўлганда унинг йўлини бир отахон тўсди. Унга эмас, аёлга гапирди:
– Элчилик-да, синглим, ранжиманг. Айтишади-ку, «Бир подани битта ширроқ тана бузади», деб.
Аёл бурилиб кетди. Сўкинган эркак мулзам бўлиб қолди.
– Босмачиларни қаерга олиб кетаяпсизлар? – бақирди кимдир.
– Уларни Самарқандга олиб борамиз, – деди Холбеков. – Уларни халқ суд қилади.
Ўрислар Раҳматуллобекнинг йигитларини ҳайдаб ўтиб кетишди.
Кўпчилик уларнинг ортидан Тешиктошгача эргашиб боришди. Эшак минган болалар эса томошага чиққан Кенагас қишлоғининг болаларига келиб қўшилишди.
2.
Икки ой тергов қилинган Раҳматуллобекнинг йигитларини Самарқандда суд қилишди. Ўрис судья айбловларни узоқ санагач, ниҳоят, суд ҳукмини ўқиди:
– Суд юқоридагиларга асосан, ҳибсга олинганларнинг барчасини айбдор деб эълон қилди ва уларга узоқ муддатли қамоқ жазоларини тайин қилди. Тўраев Хушназарни йигирма йилга, Нуримов Раббимқулни ўн саккиз йилга, Қобилов Норбойни ўн саккиз йилга, Ўтанов Фармонни ўн саккиз йилга…
– Раҳматуллобекнинг “Ажалимизниям эркакдек қарши олайлик!», деганини унутманглар, – деди Хушназар йигитларга. – биронтанг бутингга қараб, мунғайиб ўтирма!
Йигитлар тик туриб, ҳукмни мағрур эшитишди.
– … ўн саккиз йилга қамоқ жазосига ҳукм қилди. Ҳукм қатъий, шикоятга ўрин йўқ! Барчалари жазони Сибирда, кучайтирилган режимдаги жазо колонияларда ўташади.
3.
Юк поезди ўриснинг бепоён ўрмонларидан тўхтовсиз ўтиб бормоқда. Бу поездда ҳақоратлар билан «сийланиб», баъзан тепки билан «мукофотланиб», Хушназар ва бошқа йигитлар уларнинг тушларига ҳам кирмаган совуқлар, изғиринлар, аёзлар юртига олиб кетилаяпти.
Қайсидир шаҳарда уларни уриб-туртиб, поезддан туширишиб, кемага, кейин юк машиналарига чиқаришди. Машинада чайқалиб кетиб боришаркан, маҳбусларнинг «шоҳона» либосидаги Хушназар йигитларга гапирди:
– Пешонада бор экан, поездни ҳам, кемани ҳам кўрдик. Икки ойдан бери йўл юрамиз, етолмаймиз-а? Дунёнинг чеккасига борамиз, шекилли?
– Бекорга Сибир дейишмас экан-да, қорни қара, – деди Раббим полвон. – Ўзимизда Наврўз келиб, ҳамма ёқ кўм-кўк бўлиб кетгандир?
– Энди Наврўзни тушингда кўр, Раббим полвон! – деди Норбой.
– Ниятни яхши қилинглар! – деди Хушназар. – Қирқ йил қирғин келса ажали етган ўлади. Йигирма йил, ўн саккиз йил нима деган гап, ўтади-кетади. Насиб бўлса, ҳаммамиз соғ-саломат қайтамиз!
– Аммо отим бечоранинг мендан айрилиб, ҳоли нима бўлди экан? – деди Раббим полвон. – Туғилганидан бери мендан айрилмаган эди.
– Битта отнинг азасини тутиб ўтирма-да энди, полвон, – деди Норбой. – Ўрис минади энди уни маза қилиб. Нима қила олардик?
– Ҳа, қайтганимизда от топармиз-у, кўпкари чополмаймиз-да, Раббим полвон. – Бобой бўлиб борамиз-да баримиз.
– Насиб бўлса, отларимизни ҳам қайтариб оламиз, кўпкариниям чопамиз, – деди Хушназар кўзлари ёниб.
4.
Тиконли сим билан ўралган лагерда маҳбуслар саф тортишди. Лагерь бошлиғи ит етаклаган солдатлар кузатувида маҳбусларнинг сафларини айланди.
– Қани, янги келганлар бир қадам олдинга чиқсин!
Хушназар ва бошқа йигитлар олдинга чиқишди.
– Жаноб босмачилар, сизларни Магадан диёрида, унча қулайликларга эга бўлмаган 974-сонли лагеримизда хуш кўрдик, – деди лагерь бошлиғи истеҳзо билан. – «Дальний» олтин конида олтин кавлаш билан машғул бўласизлар. Ўн тўрт соат ишлайсизлар, саккиз соат дам оласизлар. Яхши ишлаганларга бир ойда бир кун дам берилди. Ўзининг меҳнатсеварлиги ва намунали хулқини ҳам кўрсата олган, тишини кўрсатмаган маҳбуслар эса икки ҳафтада бир кун дам олиши ҳам мумкин бўлади. Марҳамат, энди ишга!
Бир қанча қуролли соқчилар итлар ҳамроҳлигида маҳбусларни саф қилиб, олиб чиқиб кетишди.
Маҳбусларни оғир ишларга қўйишди. Уларнинг бир қисми ер кавласа, бошқалари бу тупроқларни замбил-ғалтаклар билан ташқарига ташишар, айримлар орқалаб кўтариб ҳам чиқишарди.
Норбой билан Хушназар тупроқ ортилган замбилни ташқарига чиқариб боришаркан, Норбой сўзлаб қолди:
– Хушназар, олтин кавлаб олиндиган бир оролга кемада беш юз ўзбекни олиб келишди. Ҳаммамизнинг тамғамиз бир хил – «Басмач». Бир оролга беш юз босмачи сургун қилинган бўлса-ю, бунақа оролдан қанча-ю, Магаданга ўхшаган вилоят қанчалигини ҳисоб-китоб қилсанг, босмачи ҳам роса кўп бўлган эканда-а?
– Яна «қама-қама»лар неча йил давом этганини ҳам қўшсанг, ҳисобдан адашасан, Норбой. Демак, Ўзбекистон деганинг босмачига тўлиб кетган экан.
– Анови турма бошлиғи айтди-ку, Ўзбекистонликнинг ҳаммаси басмач, деб.
– Ўша «басмач»лар бирикмади-да, Норбой. Бирикканда бизлар юмронқозиққа ўхшаб тупроқ кавламасдик, аттанг-аттанг.
– Кетдик, назоратчи биз томонга келаяпти.
Ит етаклаган назоратчи буларга яқин келди. Улар назортачидан узоқлашишди.
5.
Ўзбек ишдан ўлмайди. Турмадаги ҳар қандай ишга, ҳар қандай азобли меҳнатга чидашлари мумкин эди ўзбек йигитлари. Аммо турма деганлари фақат оғир меҳнатдангина иборат эмас-да. Ўн тўрт соатлик оғир меҳнатдан кейин ундан ҳам оғир, ундан ҳам таҳликали саккиз соатлик «дам олиш соатлари», яъни тун бор-ки, бу тундан кўплар кейинги кунга етмайди, «дам олиш»и абадий уйқуга айланади. Турмадагилар «Барак» деб атайдиган бу «хобхона»да кечаси ҳаёт қайнайди. Кечаси турманинг ичидаги «ҳокимият» раҳбарлари йиғилиш ўтказади, айримларнинг масаласи кўрилади. Айримлар жазога ҳукм қилинади, айримларнинг жазоси ижро қилинади. Аксарият ҳолларда турма бошлиқларининг хоҳиши билан бундай «ички раҳбарлик» ҳам ўрисларга насиб қилган. Улар хоҳласа ишга ҳам чиқмайди. Улар овқатнинг аввалини ейди. Улар бошқаларнинг овқатини ҳам ейди. Улар кийимини ўзлари тикишмайди, ўзлари ювишмайди, бу ишларни бошқаларга қилдиришади. «Нима учун?» деб қўйганлар тунги муҳокамага чақирилади. Ана шундайларнинг кўпчилиги муҳокамадан қайтиб келмайди.
Ана шундай раҳбарлардан бири бўлган каттакон бир ўрис кўйлагини ямаб ўтирган Хушназарнинг олдига келди. Унинг олдига ўз ботинкасини ташлади.
– Басмач, ботинкамни тозалаб қўй, – деди ўрис ўрисчалаб. – Фақат тезроқ!
– Тилингни тушунмайман! – деди Хушназар келганидан бери ўриснинг тилини анча-мунча ўрганиб олган бўлса-да, ўзини билмасликка солиб.
Ўрис Хушназарнинг қўлидаги куйлагини олиб, ботинкасини артиб кўрсатди.
– Тозала! Ботинка, тозала!
– Энди тушундим, – деди Хушназар. – Понимай.
Хушназар индамай туриб, кўйлагини кийди ва ботинкани олиб, ўриснинг калласига солди. Буни кутмаган ўрис бироз каловланиб турди, кейин аламидан бақириб, сўкинганича Хушназарга ташланди. Аммо Хушназарга кучи етмади. Ҳар ғазаб билан ташланганида Хушназардан бир муштни еб ағдарилаверди.
Бирпасда ўрислар кўпайишди. Улар Хушназарни ўртага олишди. Буни кўрган Раббим полвон ҳайқириб, уларнинг халқасини ёриб кирди ва икковлари бўлиб, беш-олти ўриснинг дабдаласини чиқариб уришди.
Инқиллаб ўрнидан турган жанжални бошлаган ўрис «Ҳали кўрасизлар», деб тўнғиллаганини эшитган Раббим полвон бориб, унинг орқасига келиштириб тепди. Ўрислар минғирлаб-минғирлаб, инқиллаб-синқиллаб, бир-бирларини суяб нари кетишди.
Кечаси ҳамма ухлаб ётганида Раббим полвонни «Хўжайин» чақиртирди.
Хушназарнинг ёнига Норбой келди:
– Хушназар, Раббимқулни «Хўжайин»нинг олдига чақириб кетишди.
– Кўрдим, аммо нима қила оламиз? Ўзбеклар шу ерда ҳам бирлашмаяпти. «Хўжайин»нинг одамлари кўп. Ҳатто турма бошлиғи ҳам ундан ҳайиқар экан.
– Ҳа, кутишдан бошқа иложимиз йўқ.
Уларнинг кўзлари эшикда бўлиб, хавотир олиб ўтиришди.
Анча кейин Раббим полвонни беҳуш ҳолда, қонга ботган кўйи олиб келиб ташлашди.
– Раббимқул, кўзингни оч! – Унинг бошини бағрига олди Хушназар. – Аблаҳлар нима қилишди сени?!
Норбой Раббим полвоннинг юз-кўзидан қонларини артар экан, кўзлари ёшга тўлди:
– Ҳайвонлар, бир кишига шунча азоб бериш мумкинми, ахир?
6.
Эрталаб иккита солдат билан машинада келган врач Раббим полвоннинг кўзларини очиб кўрди ва солдатларга ишора қилди:
– Олиб кетаверинглар, тамом бўлибди.
Солдатлар Раббим полвоннинг атрофида парвона бўлаётган Хушназар ва Норбойларни «Мумкин эмас!» дея ҳайдаб юборишди ва Раббим полвонни машинага ортишди. Машина Раббим полвонни, врач ва солдатларни олиб, чиқиб кетди.
Хушназар ва Норбой машина ортидан термилиб қолишди.
– Норбой, қишлоқдошлардан энди фақат иккаламиз қолдик, – деди Хушназар. – Энди жуда эҳтиёт бўл, дўстим!
Ўн тўртинчи боб.
«Қарғанинг кўзини ўйган қарғалар»
1.
ЧК бошлиғи Иван Иванов Холбеков ва Ойнани ўз ҳузурига чақиртирди.
– Холбеков, Раҳматуллобекнинг йигитларини отиш керак деганимда унамаган эдинг. Ўн саккиз-йигирма йил ҳам барибир ўлим дегани. Улар бунча йил бизнинг Рус совуғига, турма ҳаётига бардош беришолмайди, – деди Иванов. – Мана, биттаси бир йилга ҳам бормапти.
Иванов қўлидаги қоғозни Холбековга узатди. Холбеков уни ўқиди:
– «Ўпкаси шамоллаб вафот этди». Ишониш қийин.
– Ҳа, Раббимқул деганлари жуда чиниққан полвон эди, – деди Ойна ҳам Холбековнинг гапини маъқуллаб. – У шамоллаб ўлfдиган йигит эмас эди.
– «Турмада уриб ўлдиришди», деб ёзишмайди-ку, Холбеков? – кулди Иванов. – Бўйсунмасингиз ўша ёқда ҳам бўйсунмагандир, кучини кўрсатгандир?
– Балки, аммо нега у меники бўларкан? Нега бўйсунмасингиз, деяпсиз?
– Энди, у ўзбек бўлгани учун шундай деяпман-да, Холбеков, – айёрона кулди Иванов. – Ёки сиз ўзбек эмасмисиз?
– Мен ўзбеклигимдан тонаётганим йўқ, аммо босмачиларни сизники деманг-да, Иван Иванович.
– Майли, хафа бўлманг, бу қорахатни босмачининг уйидагиларга юборишни ташкиллаштиринг. Уни кўпчиликнинг ўртасида беришсин! Токи босмачиларнинг ота-оналари ўзларининг бебош ўғилларини бекорга кутиб юрмасин! Ҳаммасидан эртами кечми ана шундай қорахатлар келади.
– Менга беринг, Иван Иванович! – деди Ойна ғайрати жўшиб. – Ўзим ташкиллаштираман ҳаммасини.
– Майли, ола қол!
Ойна хатни олди ва улар Холбеков билан бирга Ивановнинг хонасидан чиқиб кетишди.
2.
Ойна ўша куниёқ Жаласойга шошилди. Қишлоқ аҳлини қизил алвонларга ёзилган шиорлар билан ясатилган гўзарга йиғди. Қишлоқнинг каттасию кичиги йиғилиб бўлгач, оташин бир нутқ ирод қилди:
– Ўртоқ колхозчи, ишчи-деҳқонлар! Коммунистик партиямиз ва шонли Совет давлатимиз раҳнамоси, буюк йўлбошчимиз Иосиф Виссарионович Сталин бошчилигида синфий душманларимиздан батамомом қутулдик. Компартиямиз ўз олдига қўйган программа минимумни шараф билан уддалади. Ишчи-деҳқон ҳукумати, Совет Социалистик Республикалири Иттифоқи бунёд бўлди. Энди навбат программа максимумга, яъни коммунизм қуришга. Албатта, яқин йиллар ичида отамиз Сталин бошчилигида коммунизмни ҳам қурамиз. Бизга энди ҳеч қандай ички ва ташқи душманлар тўсқинлик қилолмайди. Душманларимиз маҳв бўлди. Мана, қўлимда Сибирнинг Магадан областидан келган иккита қорахат турибди. Унда иккита синфий душманимизнинг, халқ душмани, яъни сизларнинг душманингиз бўлган Тўраев Хушназар ва Нуримов Раббимқулларнинг Сибирдаги совуққа чидай олмай, шамоллаб ўлганлиги ёзилган. Бошқа халқ душманлари ҳам шу каби, итдай ўлиб кетишади. Қолган босмачиларнинг ота-оналари ҳам уларни кутиб, хомтама бўлмасинлар! Мана, бу қорахатларни эгаларига беринглар!
Ойна хатларни колхоз раисига бериб, ўзи нарироқда турган машинага чиқиб, жўнаб кетди. Колхоз раиси хатларни олиб, хомуш туриб қолди. Бир хатни олиб, Тўра полвоннинг олдига борди:
– Полвон бова! Бандачилик-да.
Тўра полвон хатни олиб, кўзи ёшланиб, йиғиндан бир-бир босиб чиқиб кетди. Колхоз раиси иккинчи хатни Раббим полвоннинг отасига олиб бориб берди.
– Нурим бова, бандачилик! Аллоҳ сабр берсин!
Раббим полвоннинг отаси «Вой болам!» деб оҳ тортганча нари кетди.
– Ҳов, биродарлар! – халққа юзланди раис. – Бу катталар ҳар нима деб кетаверади. Хушназар ҳам, Раббим полвон ҳам ўзимизнинг фарзандларимиз. Биров келиб босмачи деса босмачи бўлиб кетавермайди. Қишлоғимизнинг ор-номус эди улар. Одамларни айтинглар, Пешин намозидан кейин Хушназарга ҳам, Раббим полвонга ҳам жаноза ўқиймиз.
– Яшанг, раис! Отангизга раҳмат! – деди кимдир оломон орасидан.
– Раис дегани бундай бўпти-да! – деди бошқа биров. – Барака топинг!
Одамлар тарқала бошлашди.
3.
Супада Малла момо беш-олтига кириб қолган невараси Рўзигулни ўйнатиб ўтирган эди, Тўра полвон қўлида қорахат билан ҳовлига кириб келди. Келиб, момонинг ёнига ҳорғин ўтирди.
– Ҳа, бова, машқингиз паст? – деди бобойининг қадам олишиданоқ кайфиятини биладиган Малла момо. – Нима бўлди, тинчликми?
– Тинчлик эмас-да, кампир, тинчлик эмас, – деди Тўра полвон кўзлари ёшланиб. – Хушназардан… ўғлингдан қорахат кепти, кампир.
– Хушназардан? – Малла момо бобойнинг қўлидан хатни шошиб олди. У ёқ-бу ёғини ағдариб кўрди. Кошки уни тушунса. – Қорахати нима, бова, тушунтириб гапиринг, мундай!
– Сибирда шамоллаб… ўлибди ўғлимиз, энаси?
– Вой болам! Энди мен нима қиламан?
Малла момо ўрнидан туриб, уйга кирди. Бир зумда ташқарига чиқди. Бобойининг олдига келди.
– Энди нима қиламиз, отаси?
– Пешонамизда борини кўрамиз-да, кампир. Ўғлингнинг жасади ҳам Сибирда қоладиган бўлди. Майли, ўзингни кўп юлиб ема! Аллоҳнинг иродаси шу экан, нима қила олардик? Тоғамнинг олдига борай-чи?
Тўра полвон ҳовлидан бир-бир босиб чиқиб кетди. Малла момо уйга кирди. Сандиғини очиб, Хушназарнинг чопонини, дўпписини олиб сийпалади, уларни ҳидлади. Момосига эргашиб кирган Рўзигул ҳеч нарсага тушунмай анграйиб тураверди. Малла момо ўғлининг нарсаларини атрофига ёйиб қўйди ва доирасини олиб, айтиб-айтиб йиғлай бошлади:
Қандай ўғлим бор эди-ей, бор эди,
Қаторларда нор эди-ей, нор эди.
Энасининг кўзларига нур эди,
Отасига номус эди-ей, ор эди.
Элу юрт деб босмачи бўлган болам,
Босқинчининг қўлида ўлган болам.
Кўзларимга суртай десам ҳоки йўқ,
Босқинчининг юртида қолган болам.
Ўғлим эди йигитларнинг султони,
Ўғлим эди йигитларнинг полвони.
Ўлгунимча отин айтиб йиғлайман,
Айтган билан тугармиди армони?
Йўлга чиқсам келмасмиди Хушназар,
Соғинганим билмасмиди Хушназар?
Ёлғиз ўғлим, кўрар кўзим ўлгунча
Энанг ўлса бўлмасмиди, Хушназар?
4.
Ота-онаси ўзларининг маракаларини ўтказгани, оналари кўк кийганидан бехабар Хушназар ва Норбой қамоқ муддатининг ҳам тўрт йилини ўтказиб қўйишди.
Бир мингу тўққиз юз қирқ биринчи йилнинг йигирма учинчи июни тонгида турма бошлиғи маҳбусларни одатдагидан барвақтроқ сафга тизди. Уларнинг олдига чиқиб, бир нутқ сўзлади:
– Ярамас Гитлер доно йўлбошчимиз ўртоқ Сталин билан тузган ҳужум қилмаслик тўғрисидаги аҳдини номардларча бузди. Фашистлар Германияси куни кеча СССР чегараларини бузиб кирди. Уруш бошланди. Ёш Совет давлатига энди кўплаб танклар, самолётлар, қурол-яроқ, ўқ-дори керак. Буларнинг ҳаммаси пулга келади. Демак, янада кўпроқ олтин кавлаб олишимиз керак. Бугундан бошлаб, уруш тугагунча суткасига ўн тўрт эмас, ўн олти соатдан ишлайсизлар. Дам олиш кунлари, байрамлар бекор қилинади. Ким норози бўлса, шу бугуноқ урушга жўнатаман. Ҳамма ишга!
Маҳбуслар саф бўлиб, ишга чиқиб кетишди.
Ўша куни кечки пайт назортчилар қонига ботган бир маҳбусни судраб келиб, эшикдан кирган жойга ташлаб кетишди.
– Қабул қилиб олинглар, яна битта басмач! – деди назоратчи.
«Басмач» сўзини эшитган ўзбеклар маҳбусга яқин боришди. Уни бир жойга олиб бориб, ётқизишди.
Норбой Хушназарнинг олдига келди.
– Хушназар, айтсам ишонмайсан, – деди Норбой. – Олиб келинган маҳбус Холбеков.
– Опқоч-е, баччағар, – деди кулиб Хушназар. – Сталин бовани опкелишипти демадинг ҳалиям.
– Ўлай агар, Холбеков у, – қасам ичди Норбой. – Унинг турқини яхши эслаб қолганман.
– Юр-чи?
Улар янги келган маҳбуснинг ёнига боришди. Хушназар маҳбуснинг юзига бироз тикилиб турди.
– Бу ўша, – деди Хушназар ва баланд овозда эълон қилди: – Бу ЧК бошлиғи Холбеков! Унга ҳеч ким қарамасин! Ҳеч ким унга ёрдам бермасин!
– Бирданига ўлдириб қўя қолсак-чи, Хушназар? – деди Норбой.
– Ўзини Худо уриб қўйибди-ку? – деди Хушназар. – Нима қиласан қўлингни булғаб? Қўй, тегма! Ҳеч ким тегмасин!
Холбеков зўрға кўзини очиб, Хушназарга қаради. Унга нимадир демоқчи бўлди, аммо Хушназар нари кетди.
5.
Вилоят халқ таълими бошқармасига янги раҳбар тайинланаётгани муносабати билан бошқарма ходимлари ва туманларнинг халқ таълими бўлимлари бошлиқларини мажлислар залига йиғишди. Обкомнинг масъул котиби Ойна билан бирга залга кириб келишди. Ҳамма ўрнидан туриб, уларни қарсаклар билан кутиб олишди.
– Ҳурматли халқ таълими ходимлари, сизларга янги раҳбар тайинланди, – деди масъул котиб гапни индаллосидан бошлаб. – Танишиб олинглар, Ойна Аннақулов! Ойна Аннақулович партия фаолларидан ва, энг муҳими, синалган чекистларимиздан. Илмли йигит.
Масъул котиб Ойнанинг қўлини сиқди ва «Ишингизга омад!» деб чиқиб кетди.
Ойна бироз йиғилганларни кузатиб турди ва улар унинг нимадир дейишини кутиб туришганини англаб, ўзини таништирган бўлди:
– Салом ўртоқлар! Мен асли ўқитувчи бўлишни орзу қилганман, аммо ёшлигимиз бундай шиддатли даврга тўғри келиб қолиб, вақтида ўқий олмадик, синфий душманлар билан курашда улғайдик. Умид қиламанки, бир-биримизни тушуниб, ҳамжиҳатликда ишлаймиз. Билмаганимизни ўргатасизлар.
6.
Кечқурун ишдан келган Хушназар Холбековни ўрнида кўрмади. «Бошқа жойга олиб кетишибди, шекилли?» деб қўя қолди. Холбековни бошқа жойга олиб кетишмаган, яна сўроққа чақиришган эди. Сал ўтиб, назоратчилар қонига ботган Холбековни судраб келиб, ташлаб кетишди. Унга ҳеч ким қарамади ҳам яқинига ҳам бормади. Холбековнинг ўзи зўрға судралиб, Хушназар ва Норбой ётган ерга келди. Улар тескари қарашди.
– Хушназар, илтимос, менга бунақа муомала қилманглар! – деди Холбеков. – Сизга икки оғиз гапим бор.
– Менинг сиз билан гаплашадиган гапим йўқ, – деди Хушназар у томонга сал ўгирилиб.
– Майли, – деб кетишга чоғланди Холбеков, кейин пича ўйланиб туриб, зўрға сўзлади: – Аммо бекларинг, яъни Раҳматуллобек авлиё экан. «Сиз ўзингизга дўст тутган бу ўрис сизнинг қўлингиз билан бизни ейди. Кейин албатта сизниям ейди, унутманг!» деган эди, худди айтганидек бўлди. Босмачиликни тугатамиз, деб асл ўзбек йигитларни биз тутиб бердик. Кейин битта-битта бизга ўхшаган адашганларни ҳам «Халқ душмани» деб турмаларга тиқишди. Биз қаттиқ адашибмиз. Энди буни тўғрилаб бўлармикан? Миллат бизларни кечирармикан? Ҳай, аттанг! Мени кечиринглар, йигитлар!
– Бандаси кечирган билан бўлармикан? – деди аччиқ билан Хушназар. – Аллоҳ таолога тавба қилинг, Ҳабибуллахон!
Холбеков бир-бир босиб, жойига кетар экан, ўгирилиб деди:
– Ҳа, айтганча, мени Ойнанинг кўрсатмаси билан қамашди, афсус, қўйнимда чаён сақлаган эканман…
Эрталаб ҳамма баракдан чиқаётиб, Холбековнинг қимирламётгани кўришди. Ҳамма ҳовлида саф тортиб турганда икки назоратчи Холбековнинг жасадини оёғидан судраб олиб бориб, юк машинасига ортишди. Хушназар «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун», деб дуо ўқиб, юзига фотиҳа тортди. Қолган ўзбеклар ҳам юзларига фотиҳа тортишди.
Ўн бешинчи боб.
«Хоинга жаноза ўқилмайди»
1.
Ўша машъум уруш йилларининг, урушдан кейинги очарчилик, қимматчилик, йўқчилик йилларининг азобларини, халқимизнинг бу йилларда қандай қийналганликларини таъриф қилсак, бу алоҳида бир китоб, бир эмас, бир неча китоб бўлади. Бу йилларда ёшлиги ўриснинг аёзли ўлкаларида, минглаб эмас, миллионлаб одамнинг умрига зомин бўлган биз юмшоқ қилиб турмахона деб атаётган ўлимхоналарида ўтган Хушназар ва Норбойларнинг, улар билан бирга қамалган бошқа ўзбекларнинг тортган азобларини тавсиф қилсак, бу ҳам алоҳида бир китоб, бир эмас, бир неча китоб бўлади. Шунинг учун ҳикоямизни ўн беш-йигирма йил беридан, олтмишинчи йилларнинг воқеаларидан давом эттирамиз.
Бу даврга келиб қаҳрамонларимиздан бири, биз айтган қийинчилик йилларини қийинчиликсиз, мансаб ва лавозимларда ўтказган, доимо от устида бўлган, эллик ёшларга бориб қолган, кўкси орден, медалларга тўлган, қорин солиб, семирган киши энди Ойна эмас, Ойна Аннақулович эди. Ойна Аннақулович ёғ босган юзидан ҳали ҳам кетмаган Раҳматуллобекнинг қиличидан қолган из – пешонасидан иягигача ўтган чуқур чандиқни сийпалаб, ҳашаматли кабинетида чой ҳўплаб ўтираркан, нимадир эсига тушгандек бўлиб, стол четидаги тугмани босди. Дарров котиба қиз кирди:
– Лаббай, Ойна Аннақулович?
– Ёрдамчим, Музаффар Усмоновни чақиринг!
– Хўп бўлди, Ойна Аннақулович!
Котиба чиқиб кетди. Бироз вақт ўтиб, хонага салом бериб, қўли кўксида Музаффар кириб келди.
– Келинг, Музаффарбек! – қўл тутиб кўришди Ойна Аннақулович. – Ишларимиз яхшими?
Музаффар Ойна имлаган курсига ўтирди. Ойна узатган чойни олиб, жавоб берди:
– Ишларимиз яхши, акажон. Ҳаммаси ўзингиз кўрсатма берганингиздек кетаяпти.
– Яшанг! Бугун янгангиз ош қилмоқчи экан. Хўп десангиз, эртароқ ишни тугатиб, бизникига бирга ўтсак, ошни водийча қилиб, ўзингиз дамлаб берсангиз, дегандим.
– Ў, зўр-ку, акажон! – деди Музаффар қўлларини бир-бирига ишқалаб. – Гап бўлиши мумкин эмас. Икки килогина девзирани уйга бориб келганимдан бери асраб-авайлаб юрган эдим, хонамда турибди. Қачон акам ош қилиб бер, дер эканлар деб, кутиб юрибман, акажон. Ўша гуручни олволаман-а?
– Э, қойил, укам. Кўнглимдагини айтмасимдан биласиз-а? – деди Ойна яйраб. – Шунинг учун яхши кўраман-да сизни.
– Акажон, бўлмаса ишнинг тугашини кутиб ўтирмайлик, кетдик. Котибангизга биз мажлисга кетдик, деб қўя қоламиз.
– Э, яшанг, ука! Калласи бутун йигитсиз-да. Кетдик!
Улар чиқиб кетишди.
Ойнанинг ҳовлисига келгандан Музаффар ошга уннади. Дарров ўчоққа ўт ёқиб, қозонни қиздирди. Думбани майдалаб, қозонга солди. Бирпасда ялпайиб ўтириб, чой ичаётган Ойнанинг олдига бир товоқда жизза олиб келди.
– Қани, акажон, жиззадан олинг! – деди Музаффар унга ва дастурхон безатаётган Ойнинг хотинини ҳам таклиф қилди: – Кеннойи, сиз ҳам олинг! – Ўзи ҳам икки дона жиззани олиб, оғзига солди. – Оҳ, оҳ, оҳ!
Музаффар яна ўчоқ тарафга кетди.
– Шу болани жуда яхши кўраман-да, хотин, – деди Ойна унинг ортидан ҳавас билан тикилиб. – Худди укамдай бўлиб қолди.
– Тили ҳам ширин-да, қаерлик дегандингиз? – Сўради хотини.
– Асли Марғилонда туғилган. Тошкентда ўқиган. Бултур менга ёрдамчи қилиб юборишувди. Бирор йил ишлаб кетаман, деганди. Мен қўймадим. Олиб қолдим. Жонимнинг роҳати-ку, бу бола. Мен қилишим керак бўлган ҳамма ишларни ҳам ўзи қилиб қўяди. Ишларни айтиб ҳам ўтирмайман, имо қилсам бўлди, кўнглимдагидай қилиб бажаради.
– Ўзиям ўл десангиз ўлади, тирил десангиз тирилади-я? Ошниям роса боплайди-да.
– Ўрган-да, хотин, ўрган! – деди Ойна оғзига жизза солиб. – Ҳали Музаффарнинг ошидай ошни бошқа ерда емадим.
Ош пишди. Музаффар ошни сузиб келди. Бирга ош ейишди. Ойнанинг хотини ширинликлар олиб келди.
– Э, ўлманг, ука! – Музаффарнинг елкасига қоқди Ойна. – Роса маза қилдик-да.
– Ош бўлсин, акажон! – деди Музаффар. – Аммо Марғилонга борсангиз ошнинг бошқачасини ейсиз. Мен тоғамдан ўрганганман ош қилишни, аммо ҳалигача тоғамдай пиширолмайман. Борсангиз тоғамга ош дамлатамиз.
– Борамиз, ука, борамиз. Албатта борамиз, энди сиз билан ака-укамиз, албатта борди-келди қиламиз! Тоғангиз билан ҳам танишамиз ҳали.
– Укангизни Ургутга, ўзимизнинг Омонқўтонга олиб чиқинг! – деди Ойнанинг хотини. – Тоғларимизни кўриб келсинлар!
– Э, яшанг, кеннойи, бормисиз? – деди Музаффар хурсанд бўлиб. – Тоғлар жону дилим. Баланд-баланд чўққиларни яхши кўраман. Қори эримайдиган чўққиларга чиқишни орзу қиламан.
– Ана шундай чўққилар бизда-да, ука, – керилди Ойна. – Бирор кун сизни Ургутга олиб бораман. Ўша, сиз айтган қори эримайдиган чўққиларга чиқамиз. Шу йил баҳорда олиб бораман. Лолалар терасиз, равочлар терасиз.
– Бир ғор ҳам бор дегандингиз-а, ака? – сўради Музаффар. – Ўша ғор ҳақида ҳам озгина гапириб беринг!
– У ғорнинг тарихи узун, укам, – ёстиққа ёнбошлади Ойна. – Ўша ғорда Ойна акангиз босмачилик ҳаракатига чек қўйган. Ўша ғорда сўнгги қўрбоши Раҳматуллобекни ер тишлатганман.
Ойнанинг оғзи қизиб кетди. Барча кўрган-билганига қўшиб-чатиб, узоқ гапирди. Унинг ҳикоясини ҳайрат ва ажабланиш билан тинглаётган Музаффар шундай одамга, халқ қаҳрамонига ёрдамчи бўлиб ишлаётганидан фахрланиб ўтирди.
– Ака, қойил, худди ёзувчилардай батафсил ва равон сўзлаб бердингиз, – деди Музаффар Ойна ҳикоясини тугатганидан сўнг. – Ўзи бошингиздан ўтганларни бир китоб қилиб ёзсангиз бўлар экан, акажон.
– Ёзамиз, укам, ёзамиз, ҳадемай нафақага чиқиб олайин, ўтириб, мемуар ёзаман, деган ниятим бор ўзи. Михаил Васильевич Фрунзе билан шахсан кўришганларимни ёзаман, босмачиларни қандай йўқ қилганларимизни ёзаман. Устоз деб юрганим – Холбековнинг ичимиздаги душманимиз эканини ҳам, уни қандай маҳв этганимизни ҳам ёзаман. Сиз айтган ғор ҳақида эса алоҳида ёзаман.
– Акажон, шундай таърифлаб бердингизки, ўша ғорни кўрмасам туролмайдиган бўлиб қолдим. Қани, имкон бўлса-ю, ҳозироқ ўша ғорга қараб жўнасам.
– Бўлди, ука, ҳадемай май байрами. Биринчи майни шаҳарда ўтказиб, учинчи май куни сизни Ургутга олиб бораман, ўша ғорни ҳам кўрсатаман.
– Ваъда берасиз-а, акажон?
– Бўпти, ваъда бераман!
2.
Ниҳоят, Музаффар орзиқиб кутган биринчи май байрами ҳам етиб келди. Шаҳар қизил алвонларга тўлиб кетди. Ҳамма ёққа «Май, тинчлик, меҳнат», «Ленин тирик, у биз билан», «КПССга шон-шарафлар», деган ва яна шунга ўхшаш кўплаб шиорлар, Карл Маркс, Фридрих Энгельс, Владимир Ильич Лениннинг, КПСС Бош котиби ва марказий комитет аъзоларининг улкан портретлари осиб чиқилди. Бир ой тайёргарлик кўрилган меҳнаткашларнинг паради бошланди. Ҳар бир корхона ва ташкилот ишчи-хизматчилари, илғор колхозчи деҳқонлар қўлларида қизил байроқчалар ва алвон гуллар билан Ленин ҳайкали остида турган обком бобога ва у кишининг сафдошларига салом бериб ўтаверди. Бизнинг Ойна Аннақулович ҳам ана шу ерда турди. Бизнинг Ойна Аннақулович ҳам халқнинг саломига алик олиб турди.
– Яшасин Совет Иттифоқи коммунистик партияси! – деди микрофонга обком бобо.
– Урра-а! Урра-а! Урра-а! – деб ҳайқирди оломон.
– Яшасин Ленин! – деди обком бобо яна.
– Урра-а! Урра-а! Урра-а! – деди оломон яна.
– Яшасин доно отамиз Леонид Ильич Брежнев! – деди обком бобо яна.

Меҳнаткашлар параддан ўтиб бўлгач, майдонга ҳарбийлар кириб келди. Еру-кўкни титратиб танклар, самолётлар, ракеталар ва уларнинг ортидан саф-саф бўлиб, обком бобога ва унинг ёнидаги генерал бобога салом бериб, солдатлар ўтишди. Генерал обком бобо халққа айтган гапларнинг ўрисчасини айтиб турди.
– Урра-а! Урра-а! Урра-а! – деб ўтаверди ҳарбийлар ҳам.
Байрамдан сўнг хотини, болалари ва Музаффарни ресторанда зиёфат қилган Ойна парад тепадан, катталар турган жойдан зўр кўринишини анча вақт гапиргач, болаларидан сўради:
– Байрам зўр бўлди-я, болалар?
– Зўр бўлди, маза қилдик! – чувиллашди болалари.
– Акажон, ваъдангиз эсингизда-я? – деди Музаффар Ойнанинг май байрамидан кейин Ургутга олиб боришга ваъда берганини эслатиб.
– Ойна акангиз битта гапиради, Музаффаржон! – деди Ойна. – Эртагаёқ Ургутга жўнаймиз!
– Урре, тоққа чиқамиз! – қийқиришди болалари.
3.
Эртасига Ойна ваъдасини бажариб, Музаффарни ва болаларини Ургутга, Қоратепага олиб борди. Музаффар кўришга ошиқаётган ғорга анча юриш керак бўлганидан ўша куни Ойнанинг ҳовлисида ётиб қолишди. Кейинги куни тонг саҳардан ўша ғорни мўлжаллаб, йўлга чиқишди.
– Тоғ ҳавоси салқин бўлади, – деди йўл бошлаб кетаётган Ойна. – Кечаси совқотмадингизми?
– Салгина совқотдим, акажон, – деди Музаффар. – Аммо қалбимдан кечаётган ҳаяжонлар совуқни босиб кетди.
– Ҳа, бизнинг табиатимиз ана шунақа гўзал, одамни ром қилди.
– Вой, ака, ҳавони қаранг, ҳавони! Ўпкам бу тоза ҳаводан ёрилиб кетай деяпти-я? Тоғларнинг гўзаллигини қаранг! – деди Музаффар ҳаяжон билан чор тарафга қараб. – Ўт-ўланларнинг ҳидини қаранг, жаннат-ку бу жойлар-а, ака, жаннат-ку?
– Ҳали тепага чиқаверайлик, гўзалликни кўрасиз! – деди Ойна.
Музаффар қушларнинг «вижир-вижир» сайрашига тўхтаб-тўхтаб қулоқ солар, ўқтин-ўқтин «Ака, мана бу овоз қайси қушники?» деб сўраб қоларди. Бир маҳал каклик сайраб қолди.
– Бу каклик, – деди унинг сайрашига бироз қулоқ тутган Ойна. – Бизнинг тоғларда каклик сероб. Ҳозир роса буларнинг маст бўлган пайти-да. Хавф-хатарни ҳам унутиб, ҳеч нарсага қулоқ солмай «какар-какар» қилгани-қилган.
– Қойил, ака, булбулларнинг сайрашига кечаси билан маза қилувдим, какликнинг овози ҳам зўр экан! Аммо мастликдан хавф-хатарни ҳам унутиб сайраши қизиқ экан, одамзот ҳам шунақа, ака, ўзини кутиб турган хавфни кўпда сезмайди.
Пешиндан ўтиб, ғор пойига етиб боришди. Ойна Музаффарни аввал қари ёнғоқ остига олиб борди.
– Шу ерда босмачилар билан мардона курашиб, қаҳрамонларча ҳалок бўлган укам ётибди, – деди Ойна бош кийимини олиб. – Зўр чекист бўларди. Ёш бўлишига қарамай кечалари мана шу ерларга бир ўзи келарди. Менинг босмачилар ҳақидаги маълумотларимни ЧКга етказарди. Афсус, ёш кетди. Босмачилар бошига етди.
– Қасос олдингизми? – деди Музаффар ғазабланиб.
– Ҳа, ҳов анави қари арчанинг остида ётибди укамни ўлдирган босмачи. Ўзим ўлдирганман. Ҳа, айтганча, мен сизга айтган Раҳматуллобек қўрбоши ҳам шу арчанинг остида ётибди.
Музаффар юзига фотиҳа тортиб қўйди.
– Юринг, энди мен сизни ўша, сиз кўп сўраган ғорга олиб кираман, – деб Ойна Музаффарни ғорга бошлади.
Ғорга киришаркан, Музаффар у ердаги ҳар бир тошга, ғор деворларига ҳайрат билан тикиларди. Ғор ҳали ҳам ўша-ўша, сокин ва залворли эди.
– Ўша воқеалардан кейин бу ерларга одамлар деярли қадам босмайдилар, – деди Ойна. – Мол боқиб келиб қолган болалар ҳам ғорнинг олд қисмида ётган отларнинг суякларини кўрибоқ, ундан уёғига ўтишга юраклари бетламайди.
Ойна Музаффарни ғор тўрига олиб ўтди. Моғорлаган бўлса-да, от эгарлари, бир замонлар Раҳматуллобекнинг йигитларига асқотган кўрпа-тўшакларнинг ҳали ҳам сочилиб ётиши Ойнани ҳам ажаблантирди.
– Манави ерда мен ётардим, – деди Ойна ўз ўрнини таниб. – Ёнимда Раббим полвон дегани ётарди. Бошига отининг эгарини қўйиб ётишни яхши кўрарди. Кечалари туриб, отидан хабар оларди. Ўзиям хотинидан кўра отини кўпроқ яхши кўрарди. Чавандоз йигит эди. Отиям қувса етмай қўймайдиган, қочса етказмайдиган от эди. Раббимқул қамалгач, бизникилар минмоқчи бўлишди. Аммо отни ҳар қанча мажбур қилмайлик, инсоннинг боласини устига миндирмади. Оч қолдириб ҳам кўрдик, буйсунмади. Кейин Ивановнинг буйруғи билан отиб ташлагандик.
Ойна ғорнинг энг охирига борди.
– Мана бу ерда Хушназар ётарди. Раҳматуллобекнинг ўнг қўли, ишонган одами эди. Раҳматуллобек отасига ишонмаслиги мумкин эди, аммо Хушназарга ишонарди. Уни қаттиқ яхши кўрарди.
– Турмада ўлган экан-а, Хушназар деганлариям, Ойна ака? Қорахат келган экан.
– Ким билади, ўлиб кетгандир? Барибир ўлиб кетади, деб қорахатни мен ёзувдим. Аммо шу қорахатдан кейин Хушназарнинг отаси Тўра полвон деган собиқ бой икки ойга етмай ғамдан адо бўлиб, ўлиб кетувди.
– Раҳматуллобек қаерда ётарди? – қизиқди Музаффар.
– Энг тўрда, шу ерда, манави бахмал кўрпада қўрбоши ётарди. Уям отининг эгарини бошига қўйиб ётарди.
Ойна шу гапларни айтди-ю, худди тўшаклар орасидан Раҳматуллобек чиқиб келадигандай ғордан чиқиб кетишга шошилиб қолди.
– Юринг, ташқарига чиқайлик, – деди ёқасининг тугмаларини ечиб. – Негадир нафасим сиқилди.
Ташқарига чиқишди.
4.
Ойна билан Музаффар ташқарига чиқиб, ғор оғзидаги майдончада бироз туришди. Ойна бир тошга бориб ўтирди.
– Худди мана шу ерда Ургутдаги босмачилик ҳаракатига нуқта қўйганмиз. Ўзим ҳам шу ерда ўлишимга сал қолган. Қўрбошининг белбоғида белбоққа ўхшаб тақиладиган қиличи бор экан. Шу қиличини олиб, чопиб ташлашига озгина қолган. Тисарилиб қолганман, қиличи юзимни яралаган, – деди Ойна юзидаги қилич изини сийпалаб кўрсатиб. – Қўрбоши мўлжални сал аниқ олса, бошимни нақд икки бўлакка бўлиб ташларди.
Шу пайт унинг орқасидан овоз эшитилди:
– Раҳматуллобекнинг ўша салгина хатосини бугун тўғрилаймиз-да, Ойна.
Ойна шартта ўгирилиб орқасига қаради. Овоз эгасини бирданига таний олмади. Унинг ортида ёши олтмишга бориб қолган, соқол қўйган Хушназар турарди.
– Ҳа, сотқин, юртфуруш, танимадингми? – деди Хушназар қаҳр билан.
Ойна энди уни овозидан таниди. Овози титраб, сўрашган бўлди:
– Танидим, танидим… Ас-ассалому алайкум, Хушназар ака.
Бошқа тарафдан Норбой чиқиб келди. Унинг ҳам соқоли оқарган, кексайган эди.
– Сенга алик ҳайф! – деди Норбой.
– Сиз, сиз… – Ойна унга қараб бақрайиб қолди.
– Ҳа, мен, Норбой акангман, Ойна. Ичинг ўтиб кетдими? Шу ерда ҳаммамизнинг қўлимизни боғлаганингда овозинг ўктам эди, ботир эдинг-а? Бекнинг бошини еганингда зўр эдинг-а? Энди нимага бунча қилпиллайсан? Нимага овозинг бунча палағда?
– Раҳматуллобекни-ку жаноза ўқиб кўмган эдик-а, сен хоинга жанозаям ўқилмайдиган бўлди-да, – деди Хушназар.
Ойна ерга ўтириб қолди. Қуролсиз чиққани учун ўзини сўкиб, ерни муштлай бошлади. Бирдан тўхтаб, Хушназарга савол берди:
– Менинг бу ерда эканимни қаердан билдингиз?
– Сени бу ерга биз олиб келдик. Сенинг айнан шу ерда итдай ўлишингни, Бек шаҳид бўлган жойда ўлишингни истдик. Сени бу ерга олиб келиш учун озмунча ҳаракат қилдикми? Музаффарбек озмунча тиришдими? Бечора ҳар қанча ёмон кўрсаям сени ака деди, акажон деди. Хизматингни қилди, кўнглингни олди. Бу ёққа олиб келишга кўндирди. Сен ўзингни жуда уста чекист дейсан. Аммо бир жойда хато қилдинг. Ёрдамчинг биз билан бирга йигирма йил бирга турмада ўтириб чиққан, Мадаминбекнинг ўнг қўли бўлган Ҳожи Махсумнинг жияни эканини билмай қолдинг.
Ойна Хушназарнинг гапини тинглаш баробарида сездирмай қўлига каттагина бир тошни олди. Тош билан Хушназарнинг бошига уришни мўлжаллаб, сакраб туриб, қўлини кўтарди. Аммо Ойнанинг қўли ҳавода муаллақ қолди. Хушназар қўлидаги тўппончасини чопони бари билан беркитиб турган эди. Хушназар шошиб ҳам қолмади. Совуққонлик билан Ойнага қаратиб икки-уч марта ўқ узди. Ойна «шилқ» этиб, ерга қулади. Жон аччиғида гиёҳларни ғажий бошлади. Энди Норбой ҳам тўппончасини чиқариб, ўқ узди. Ойна бутунлай тинчиди.
– Ўтларга ичим ачиди, – деди Норбой. – Қараб турсам анча-мунча ўтни ғажиб ташлайдиган.
Хушназар, кейин Норбой Музаффарни бағрларига босишиб, миннатдорчилик билдиришди. Кейин учовлари пастга, азим арча дарахти тарафга, Раҳматуллобек ва Иззатуллоларнинг қабри тарафга қараб кетишди.
Сўнгсўз ўрнида
Қиссамизни мухтасар қилдик. Агар у сизга озгина манзур бўлган бўлса, уни ўқиб, томирларингизда мард ва жасур оталаримизнинг қони салгина жунбушга келган бўлса, ҳокимият талашмаган, мансаб, лавозим учун курашмаган, бойлик деб урушга кирмаган, юрт кофирнинг оёғи остида топталмасин деган, эрк деб, мустақиллик деб жон берган, озодликни умридан азиз билган, «босмачи»номи билан тарихларда қолган азиз оталаримизниг пок руҳларига атаб, уч оятгина Қуръон тиловат қилиб қўйишингизни ўтинаман.
Ёв оёғи юртимизга етмасин деб,
Юртимизни кофир талаб кетмасин деб,
Динимизни оёқ ости этмасин деб,
Кўкрагини кериб чиққан босмачилар!
Элим дея элда номи қаро бўлган,
Маконлари тоғу тошлар аро бўлган,
Эл дардидан юраклари яро бўлган,
Дардга малҳам бериб чиққан босмачилар!
Улар боис кофир паймонаси тўлган,
Бошларига ёвлар тилло ваъда қилган,
Ҳар бирининг боши бугун тилло бўлган,
Тарихга дур териб чиққан босмачилар!
Мустақиллик шиори-ю, ори бўлган,
Озодлик деб бошларида дори бўлган,
Чин ҳуррият йўғи бўлган, бори бўлган,
Эрк деб гўрда юриб чиққан босмачилар!
Ёв оёғи юртимизга етмасин деб,
Юртимизни кофир талаб кетмасин деб,
Динимизни оёқ ости этмасин деб,
Кўкрагини кериб чиққан босмачилар!
Тамом.
Сўзбоши ўрнида
Ожиз қаламим ва ноқис иқтидорим, аммо буюк муҳаббатим билан битилган ушбу камтарона қиссамни руҳлари шод бўлсин деган умидда ҳурмат ва чуқур эҳтиром билан юртимизни озод ва мустаққил кўришни орзу қилган, аммо бу кунларни кўролмаган, «Босмачи» номини олиб, отилиб кетган, қамалиб кетган, сургун бўлиб кетган асл ўзбек йигитларига бағишлайман.
Ёв оёғи юртимизга етмасин деб,
Юртимизни кофир талаб кетмасин деб,
Динимизни оёқ ости этмасин деб,
Кўкрагини кериб чиққан босмачилар!
Элим дея элда номи қаро бўлган,
Маконлари тоғу тошлар аро бўлган,
Эл дардидан юраклари яро бўлган,
Дардга малҳам бериб чиққан босмачилар!
Улар боис кофир паймонаси тўлган,
Бошларига ёвлар тилло ваъда қилган,
Ҳар бирининг боши бугун тилло бўлган,
Тарихга дур териб чиққан босмачилар!
Мустақиллик шиори-ю, ори бўлган,
Озодлик деб бошларида дори бўлган,
Чин ҳуррият йўғи бўлган, бори бўлган,
Эрк деб гўрда юриб чиққан босмачилар!
Ёв оёғи юртимизга етмасин деб,
Юртимизни кофир талаб кетмасин деб,
Динимизни оёқ ости этмасин деб,
Кўкрагини кериб чиққан босмачилар!
Биринчи боб.
«Ўрис Самарқандни олибди».
1.
Ёзнинг охири. Пишиқчилик даври. Юз-қўлини белбоғига арта-арта боғдан чиқиб келган Хушназар бир зум ўйга ботиб, қибла тарафга термулиб қолди. Уфқ қонталаш эди. Қора булутлар ботаётган қуёш юзини тўсиб келмоқда эди.
Шом пайти. Қишлоққа тун чўкаяпти.
Кимдир подадан қайтган молини ҳовлисига киритаяпти. Кимдир елкасида кетмони, даладан қайтаяпти. Икки-уч бола ўт ортилган эшак миниб ўтишди.
Жаласойнинг ўн саккиз-йигирма ёшли полвон йигитлари якка-якка, айримлари жуфт-жуфт бўлишиб, бирин-кетин Хушназарнинг уйига кириб келишди.
Меҳмонхонада ўн беш-йигирма чоғли йигит Шом намозини ўқишди. Имомлик қилган Хушназар дуо қилиб, юзига фотиҳа тортди. Ҳаммалари фотиҳа қилишиб, ўринларидан туришди ва жойнамозларни йиғиштириб олишди. Ёшроқ йигитлар икки қатор қилиб кўрпачаларни солишди. Икки йигит дастурхон тўшаб, нон, чой, мева-чева олиб келишди.
Йигитлар бироз чой ичган бўлишди, аммо ҳеч бирлари бир сўз демасди. Ҳамманинг кўзи Хушназарда, унинг оғзини пойлашарди.
Ниҳоят, безовталаниб, бир қўзғалиб олган Ботир сўз бошлади:
– Ўрис Самарқандни олибди. Эрта-индин Ургутга ҳам келармиш. Нима қиламиз?
Хушназар Ботирга бироз ўйчан тикилиб турди. Унинг авзойидан бирор сўз айтишга рағбати йўқ эди. Унинг ёшликдан бирга курашиб ўсган, тенгқурларининг ичида ҳадди сиғиб кўнглидагини айта ола оладиган ўртоғи Раббим полвон бир Ботирга, бир Хушназарга қараб олиб, секин гапирди:
– Бек бирон чора ўйлагандир?
Хушназар унга ҳам бироз тикилиб туриб, секин, дона-дона қилиб сўзлади:
– Бек кўрган чора шу бўлибди-ки, навкарларини олиб, Китобга суриб юборибди. Бориб, қайноғасининг пинжига суқилибди.
Йигитлар «Ана бўлмаса», дегандек бир-бирларига қараб олишди. Орага яна жимлик чўкди. Бу жимликни бир қўзғалиб олган Иззатулло бузди:
– Ўзимизнинг Раҳматуллобек йигитларни тўплаётган эмиш. Ён-атрофдан уч юзга яқин йигит бекнинг йигитларига қўшилибди.
Хушназар унга ва бошқа йигитларга қараб олгач, афсус билан бош чайқади:
– Уч юз-тўрт юз йигит билан иш битмайди. Эшитдим, ярмининг милтиғи ҳам йўқ эмиш. Эртага ўрис келиб, замбарагини бир гумбурлатса, Раҳматуллобекнинг уч юз йигити уч юз томонга қараб тирақайлаб қочиб кетади. Энди дудама-ю, ўроқ билан урушадиган замон эмас, болалар.
Норбой деган камгап, аммо чўрткесар йигит гапга аралашди:
– Нима қил дейсан, бўлмаса? Сенинг меҳмонхонангда кутиб олмасмиз ўрисни?
Хушназар унга қараб, ўйчан гапирди:
– Йўқ. Ўрис келса меҳмонхонам ҳам қолмайди, уй-жойим ҳам, боғ-роғим ҳам қолмайди. Барини олади ўрис. Ерларимизни олиб Зиё калга ўхшаган насли-насабини билмайдиган, кети иштонга ёлчимаганларга беради. Уларнинг оти калхўз бўлар эмиш. Хотинлар ерга чиқиб, эркаклар билан бирга кетмон чопиб, ўроқ ўрармиш. Хотинларимиз номаҳрамдан юзини бекитмас эмишлар. Охир замон бўлса шунча бўлар-да?
Хушназар ўрнидан туриб, токчада турган чироқнинг пилигини кўтарди, чироқ ёруғида йигирмадан энди ошган, тўйларда курашиб улғайган, елкаси ер кўрмаган, қўрқув намалигини билмайдиган жўрабоши йигитнинг тик қараганда ҳар қандай кишини шошириб қўядиган кўзлари чақнаб кетди.
Хушназар йигитларга кескин ўгирилди ва қатъий гапирди:
– Бекка бориб қўшиламиз! Раҳматуллобек ўктам йигит. Олдин олишган экан. «Ғирромни билмайди», дейди отам. Палагиям тоза. Амирнинг қўшинида бўлган экан, демак, ҳарбу-зарбдан ҳам хабари бор.
– Йигитларни қачонга йиғай? – деди ғайрати жўш уриб кетган Раббим полвон.
– Шошма-чи, аввал Нор иккаламиз бекнинг олдига ўтиб келамиз, авзойини билайлик, – деди Хушназар. – Сен ўзимизнинг йигитларга айт, милтиғи йўғи ҳаракатини қилсин! Полвон болаларни айт, майда-чуйдаси қолаверсин, қишлоқдаям кимдир қолиши керак-ку?
– От-анжоми ҳам дурустлари чиқсин! – деди Иззатулло. – Ишкали йўғини айтамиз-да, шундайми, Хушназар?
– Шундай қилинглар!
Юртга омонлик, ёвга қирон тилаб, дуо қилишди.
2.
Отларини чоптириб келишаётган Хушназар ва Норбойнинг истиқболига чиққан Раҳматуллобекнинг икки йигити отларнинг жиловидан тутишди. Хушназар ва Норбой отларни йигитларда қолдириб, азим қайрағоч сари юришди.
Раҳматуллобекнинг ўзи буларга қараб пешвоз чиқиб келди.
Раҳматуллобек Ургут бекларидан бўлиб, ёши қирқдан энди ошган, қош-кўзи қоп-қора, калтагина соқоли ҳам ўзига ярашган йигит эди. Қўрбошиларнинг ичида ҳақиқий марди бўлган Раҳматуллобек чайир, довюрак, ўктам, оғир, босиқ киши эди.
– Шу бугун келмасанг одам юбормоқчи эдим, – деб Раҳматуллобек Хушназарни, кейин Норбойни бағрига босиб кўришди. Хушназарга таънали боқди. – Ким айтади сени полвон деб, Тўра полвоннинг боласи деб? Эл бошига иш тушганда «Нима бўлар экан?» деб пусиб ётган полвонам полвонми?
– Пусиб ётганимиз йўқ, – деди Хушназар бироз хижолат тортиб. – «Бек навкарликка чақириб қолар», деб кутаётувдик, бунақа қилиб кетибди.
– Ҳа, бек қўрқди! – Раҳматуллобек қамчиси билан этиги қўнжига урди. – У билан кетишни истамаган йигирма-ўттиз навкари менга келиб қўшилди. Қани, ўтиринглар!
Қайрағоч соясидаги сўрига ўтиришди. Бек дуо қилди. Бир йигит чой, иккита нон, парварда олиб келди.
Норбой дарров чойни қайтарди, нонни ушатди.
– Йигитларим тўрт юздан ошди, – деди чой ҳўплаган Раҳматуллобек. – Буёғи Каттанайману Бешкападан тортиб, нарёғи Тераку, Мўминободдан ҳам йигитлар келиб қўшилишаяпти. Сен қанча йигит билан келасан?
– Қишлоқдан эллик–олтмиш, балки юз йигит чиқар, аммо мен ўзим ишонадиган, от–анжоми яхши, милтиғи бор йигирматача ўзим қатори курашиб юрган болаларни олиб келаман.

– Мен сенга нима дегандим? Бир балоси бор, демаганмидим? Эҳтиёт бўл, кечаси ухлама! Биз сенга ишондик. Кундузи ухлаб оларсан. Кундузи сендан ҳам пастроққа йигитларни соқчиликка қўяман. Аммо кечаси сендан бошқа ҳеч кимга ишонмайман. Ўзим ҳам баъзан ухлаб қоламан.
– Кўнглинг тўқ бўлсин, биласан-ку, сичқон шитирласа уйғонаман.
– Майли, яхши қол, мен кетдим, – деб Хушназар ғор сари кетди.
Эртаси куни пешиндан кейин Норбой етиб келди. Ҳамма билан сўрашиб, Хушназарнинг олдида тўхтади.
– Нурмат кофир ҳаддидан ошибди, – деди Норбой. – Отангни олиб келиб, қўл-оёғини боғлаб, молхоналарингга қамабди. «Ўғлингни топиб берасан», дебди. Онанг келган экан, туртиб-суртиб ҳайдаб юборибди.
– Шунча гапни эшитиб, индамай келавердингми, полвон? – полвон сўзини кесатиб, зарда билан айтди Хушназар.
– Отангни тоғангникига олиб бориб қўйдим. Нурмат кофирнинг шотирлари «миқ» этолмади, – деди Норбой. – Аммо кофирнинг ўзи Самарқандга кетган экан, тополмадим. Топсам тирик қолмасди.
– Мен топаман! – деди Хушназар аччиқ билан ва ёнидан «Наган»ини олиб, ўқдонидаги ўқларини текшириб кўрди. – Шу бугуноқ топаман!
– Ҳаммамиз борамиз, – деди Раҳматуллобек Хушназарнинг чиқиб кетаётганини кўриб. – Бир қўлларнинг чигалини ёзиб келайлик!
– Ўзим, бир ўзим бораман, – деди Норбойга бир қараб олган Хушназар. – Нурмат менинг отамни қамаган, менинг онамни урган.
– Бўлди-да энди, Хушназар, – ранжиди Норбой. – Мен ҳам бораман. Уни ўзим ўлдираман.
Хушназар кетишга чоғланди. Норбой унга эргашди. Яна уч-тўрт йигит ўрнидан турди. Хушназар уларни қайтарди.
– Кўплашиб юрмайлик! Иккаламиз борсак бас!
Иккаласи ғордан чиқиб кетишди.
Ўн биринчи боб.
«Амакимга айтинг, укамни топсин»
1.
Хушназар ва Норбой кечаси билан йўл босишиб, қишлоққа эрталабга яқин етиб келишди. Хушназар тоғасиникига тушиб, ота-онаси билан кўришди.
– Мени деб азият чекибсизлар, кечиринг, ота! – деди Хушназар гуноҳкорона оҳанда. – Аммо Нурмат кофир бугун ўлади.
– Эҳтиёт бўл, болам, камарида, икки ёнида иккита тўппонча тақиб юради, доимо отишга тайёр туради – деди Тўра полвон.
Бироз ўтиб, Норбой кириб келди.
– Жияним бориб келди, идорасида эмиш. Кечир, уйларингда эмиш.
– Биров хабар топмайдиган бўлиши керак, – деди Хушназар. – Бу ерда бир режа керак.
Хушназар билан Норбой бироз муддат «ими-жимида» ишни битириш режасини туздилар. Норбой чиқиб кетди ва сал ўтиб, идорада қоровул бўлиб ишлайдиган Ҳайдарали бўласини бошлаб келди.
– Нурмат кофир тўппончаларини қачон камаридан ечади? – кўришиб бўлишгач, Ҳайдаралидан сўради Хушназар.
– Э, у тўппончаларини умуман белидан ечмайди. Ухлаганда ҳам қўли тўппончасида ухлайди, – деди Ҳайдарали, кейин бироз ўйланиб туриб, қўшимча қилди: – Аммо, айтишга одам уялади-ю, шу-у… ҳожатга кирганидагина ечиб, ёнига қўяди, шекилли.
– Нимасидан уяласиз, айтганингиз яхши бўлди, – деди Хушназар. – Энди бундай қиламиз. Биз бир жойда пойлаб ўтирамиз. Сиз Нурмат кофир ҳожатхонага кирганда йўталиб қўясиз. Итга ит ўлими, уни ҳожатхонада босамиз. Энди бораверинг! Йўталиб қўйсангиз бўлди, бизни қидирманг! Ҳа, айтганча, тез-тез чойини янгилаб туринг!
Ҳайдарали «Хўп, тушундим», деб чиқиб кетди. Отасининг кийимларини кийиб олган Хушназар, отаси билан қучоқлашиб хайрлашди.
– Ота, … кўришолмай қолсак, … рози бўлинг!
Ўғлининг бу гапидан унинг анча улғайиб қолганини англаган Тўра полвоннинг кўнгли бузилди, аммо ўзини тез қўлга олди:
– Дадил бўл, ўғлим! Одамнинг кўнглини буздиган бунақа гапларни айтма! Сендан мингдан-минг розиман! Сен ҳам биздан рози бўл! Мен элини, юртини дейдиган сендай фарзандим борлигидан фахрланаман, болам! Кофирлар билан курашадиган фақат сизлар қолдингизлар, ўрис ва уларга сотилган йўқсиллар мард бекларнинг барини битта-битта тутиб, йўқ қилди. Энди иймон аҳлининг умиди сизлардан, эҳтиёт бўлинглар, болам!
Хушназар онасини ҳам қучоқлаб хайрлашди ва Норбой билан секин чиқиб кетишди.
Хушназар ўзларининг ровотлари девори ортида нари-бери бориб-келиб турди. Норбой Хушназарга имо қилиб, рўпарадаги уйнинг томидаги каптар учираётган бир болани кўрсатди.
– Ҳайдарали мабодо ишора бермай қолса, шу болани ҳам тайинлаб қўйган эдим. Нурмат кофир ҳожатхонага кирса, бу бола каптарларига ҳуштак чалади.
Хушназар маъқуллаб бош ирғади.
Сал ўтиб, бола каптарларига ҳуштак чала бошлади. Худди шу пайт секингина йўталган товуш ҳам эшитилди. Хушназар девордан мушукдек сакраб ўтди.
Хушназар ҳожатхона эшигини бир тепиб, ичкарига кирди. Нурмат кофир бақадек бақрайиб қолди. Эсини йиғиб, ечиб қўйган камаридаги тўппончага қўл узатмоқчи бўлганди, Хушназарнинг тўппончаси икки қошининг ўртасига тегди.
– Сен мард йигитнинг ишини қилмадинг! – деди Нурмат кофир папиросларини туфлаб. – Ғафлатда қолдирдинг!
– Сен онамни уриб, мардлик қилдингми? – деди Хушназар ва тепкини босди.
Нурмат кофир ўтирган жойида қолди. Пешонасидан қон сизиб чиқди.
2.
Тунда Хушназар ғордан чиқиб, Иззатулло яширинган жойга келди. Хушназарни кутиб турган Иззатулло арча ортидан чиқиб, унинг ёнига келиб, жимгина кўришишди.
– Йигитларнинг бари соғ-саломатми, Хушназар? – сўради Иззатулло.
– Бугун Ашур билан Раҳматуллобекнинг жияни Мустафо шаҳид бўлди, Иззатулло, – деди Хушназар афсус билан.
– Қаерда?
– Жумабозорда. Олим пансодни тутиб берган сотқинларни жазолагани борувдик, қуршовга тушиб қолдик. Зўрға ёриб чиқиб, қутулдик, аммо иккаласи ўққа учди.
Иззатулло юзига фотиҳа тортди.
– Жойлари жаннатда бўлсин! Хушназар, манавини қара, мен ҳеч нимани тушунмадим, – деб Иззатулло Хушназарга битта буклоғлиқ хат узатди. – Ойнанинг укаси келувди. Қўйнидан чиқди.
– Қачон келди? – ажабланди Хушназар.
– Пешинда. Қандай топиб келди экан? Ойна отам билади-ю, мен биламан, деганди-я?
– Шунга ишонувдингми, Иззатулло? Полвон зоти ишонувчан бўлади-да. Майли, укасини қайтариб юбордингми?
– Уни қайтариб юборолмадим, – деди Иззатулло бироз чайналиб. – Бошқа иложим йўқ эди, сўкма. Уни… ҳов, ёнғоқнинг остига кўмиб қўйдим.
– Галварс, жавр қилибсан ёш болага. Боғлаб қўйиб, мени кутсанг бўларди.
– Иложини қилолмадим, Хушназар.
– Бўпти, ҳушёр бўл!
Хушназар ғорга қараб кетди.
Эрталаб йигитлар нонушта қилишаётганда Хушназар Раҳматуллобекка Норбой берган хатни узатди. Хатни бир-икки ағдариб кўрган Раҳматуллобек ҳеч нарсани тушунмай, савол назари билан Хушназарга қаради.
– Буни Ойнадан бошқа ҳеч ким ўқий олмайди, – деди Хушназар. – Йигитлар арабчадан бошқасини ўқий олишмайди.
– Мен ўриснинг ҳарфини биламан, Хушназар, – деди Раҳматуллобек ажабланиб. – Аммо бу ўрисчага ҳам ўхшамайди.
– Ойнани чақирайми?
– Барибир унда ёзилганини бизга айтмас,– деди Раҳматуллобек. – Кутайлик-чи?
Шу пайт уларнинг ёнига Ойнанинг ўзи келди.
– Бек ака, озиқ-овқатимиз тугаяпти, – деди Ойна Раҳматуллобек ва Хушназарга синовчан тикилиб. – Бориб гўшт, ёғ олиб келсам, девдим?
– Майли, йигитлардан бир-иккитасини ҳамроҳ қилиб ол!
– Йўқ, бир ўзим борганим тузук, – деди Ойна шошиб. – Бировда шубҳа уйғотмайман.
– Мен сен билан бирга бораман, – деди Раббим полвон. – Бир ўзингни юбориш хавфли.
– Раббим полвон тўғри айтаяпти, – деди Хушназар. – Бир ўзинг бориб, бирор кор-ҳол бўлмасин!
– Майли, сизлар нима десангизлар шу, – деди Ойна ноилож қолиб.
– Кўз-қулоқ бўл! – деди Хушназар Ойна улардан узоқлашгач Раббим полвонга. – Биров билан холи гаплашмасин!
Сал ўтиб, Раббим полвон Ойна билан ғордан чиқиб кетишди.
Отларини етаклаб боришар экан, Ойна улкан арча остидаги шох-шаббаларга бир-икки зимдан қараб қўйди. Олдин бу шох-шаббалар бу ерда бўлмаганини Ойна сезди. Сўнг ёнғоқ остига ҳам синчков нигоҳ қадади. Бу ерларни ҳақиқатдан ҳам яхши билган Ойна ҳар бир дарахт ё бутадаги кичик ўзгаришни ҳам назардан қочирмас, зеро у ёнғоқнинг тагидаги бўлган ўзгаришни ҳам дарров сезган эди. Унинг бу шубҳали қарашларини Раббимқул сезмай кетаверди. Ойна арча ва ёнғоқ тарафга кейин ҳам бир-икки ўгирилиб, қараб қўйди.
3.
Раббим полвон Ойна билан бирга қишлоққа кириб келишар экан, подачи Сафарникига киришиб, ундан Ойна иккита қўй сотиб олди. Ойна Раббим полвонга сездирмай Сафарга пул билан бирга бир қоғоз ҳам узатди. Раббим полвон ва Ойна қўйларни отга ўнгариб, эҳтиётлик билан Ойналарнинг ҳовлисига кириб боришди.
Ота-онаси билан кўришиб-сўрашган Ойна чаққонлик билан қўй сўйиб, тозалар экан, отаси билан ҳам суҳбатлашар, уларнинг суҳбатини Раббим полвон диққат билан тинглаб турарди.
– Мурод кўринмайдими? – сўради суҳбат орасида Ойна.
– Кеча ўтин териб келаман, деб тоққа чиқиб кетгани. Ҳалиям қайтиб келмади, – деди отаси. – Энанг ҳам хавотирда ўтирибди, ўғлим.
Ойна бу гапни эшитиб, жонсарак бўлиб қолди. Аммо дарров ўзини қўлга олди:
– Амакимга айтинг, шу бугуноқ укамни излаб топсин!
– Майли, болам, дарров бориб айтаман.
Бу орада қўйларни сўйиб бўлган Ойна қўй гўштларини хуржунга жойлади ва хуржунларни отларнинг эгарига ортди. Яна бир хуржунга нон ва бошқа нарсаларни жойлаб, уларни ҳам отларнинг устига ортди.
Раббим полвон билан Ойна отларига миниб, чиқиб кетишар экан, Ойна ота-онаси билан хайрлашаётиб, отасига яна бир бора амакиси ҳақида тайинлади:
– Ҳозироқ амакимга бориб айтинг, Муроднинг орқасидан бориб, албатта шу бугуноқ топсин!
– Хўп, ўғлим, айтаман, ҳозироқ бориб айтаман.
Раббим полвон билан Ойна қайтиб келишар экан, Ойна Раббим полвонга сездирмай Иззатулло ётган улкан арча остига, энди шох-шаббалари эрталабкидан бошқача ётган пистирмага ўғринча қараб олди.
Улар ғорга кириб, йигитлар билан саломлашишгач, Ойна олиб келинган нарсаларни жойлаштириш билан банд бўлди. Раббим полвон дарҳол унга қараб турган Хушназарнинг олдига келди.
– Яхши бориб келдиларингми? – сўради Хушназар. – Мелиса ёки қизил аскар йўлиқмадими?
– Яхши. Мелисаниям, қизил аскарниям кўрмадик, – жавоб берди Раббим полвон. – Боғларни оралаб, паналаб бориб келдик.
– Ойна кимлар билан гаплашди? Биронтага бир нима бермадими?
– Фақат ота-онаси билан гаплашди.
– Нималар деди, ҳаммасини айтиб бер-чи?
– Айтарли ҳеч нима. Ойна укасини сўради. Отаси ўтин теришга чиқиб кетувди, кечадан бери қайтгани йўқ, деди. Ойнаям хавотир олди. «Амакимга айтинг, шу бугуноқ укамни қидириб топсин», деди.
– Айтарли ҳеч нима демади, дейсан-а? Роса муҳим гапни айтибди-ку? Яна ким билан гаплашди?
– Подачидан иккита қўй сотиб олди. У билан ҳам деярли гаплашмади.
– Пулини ким берди?
– Ойна берди, нима эди?
– Сен берсанг бўлмасмиди? Шуни тайинламабман-да, – пешонасига шаппатилади Хушназар. – Пул билан хат берган бўлиши ҳам мумкин.
– Ҳа, буни ўйламабман, – деди Раббим полвон. – Пулига ҳам синчиклаб қараганим йўқ.
– Бўлар иш бўлибди, – деди Хушназар. – Бу кеча ҳушёр бўлиш керак. Эртага бу ерни ҳам алмаштирамиз, шекилли.
Хушназар Раҳматуллобекнинг олдига борди:
– Бек ака, бу қўналғани ҳам алмаштириш керак.
– Яна нима бўлди? – сўради Раҳматуллобек салгина норози оҳангда.
– Менинг билишимча, агар Ойна сотқин бўлса, бу ер ҳақида хабар беришга улгурган.
– Нимага асосланиб бундай деяпсан?
– Ойнанинг укаси бу ерни топиб кепти. Демак, бу жойни Ойнанинг уйидагилар билади. Кеча қайтиб бормаганини эшитган Ойна отасига «Амаким шу бугуноқ укамни топсин», депти. Амакиси ким ва Ойнанинг укасини қаердан излашни биладими? Ана шу гаплар гумонимни орттираяпти. Амакиси Холбеков бўлмасин тағин?
Раҳматуллобек ўйланиб қолди ва зимдан Ойнани бироз кузатди. Ойна доимгидек чаққон ва хушмуомала эди. Раҳматуллобек унинг ҳаракатларида бирон шубҳали нарса сезмади.
– Жуда кўп гумон ва шубҳаларга берилаяпсан, Хушназар, – деди Раҳматуллобек. – Майли, бугун дамингни ол-чи. Эртага бошқа ерга кўчармиз. Балки яна қишни Бойсун ёки Душанба тарафларда ўтказиб келармиз.
4.
Йигитлар овқатланиб бўлишгач, ўринларини солиб, чўзилишди. Бирпасдан кейин паст-баданд хуррак овозлари ҳам эшитила бошланди. Ойна эса ҳадик тўла кўзларини юммай ётди. Хушназар «Таҳоратимни ушатиб келаман», деб ташқарига чиққанда эса у ҳам секингина унинг ортидан эргашди.
Хушназар Иззатуллони топиб, у билан пичирлаб гаплашди.
– Иззат, бугун жуда ҳам эҳтиёт бўл! Шу бугундан хавотирим катта. Негадир юрагим жуда безовта. Бугун ўлмай тонг оттирсак, эртага бу ерлардан узоқроққа кетамиз. Ойнанинг соқинлиги рост бўлса, у бу ернинг хабарини берган бўлиши керак.
– Кўп хавотир олма, Хушназар, – деди Иззатулло. – Кундузи тўйиб ухлаб олганман, эрталабгача ухламайман. Ҳушёр тураман.
– Майли, мен борай.
Хушназар ғорга қараб кета бошлади. Икки-уч дарахт нарида уларнинг суҳбатини пойлаб турган Ойна мушукдек чаққонлик билан Хушназардан аввал ғорга кириб кетди.
Оҳиста ғорга кирган Хушназар ўз жойида «пишиллабгина ухлаб ётган» Ойнага диққат билан тикилиб, жойига ўтиб кетди ва бориб, Раҳматуллобекнинг ёнидаги ўз ўрнига кириб, чўзилди. Хушназар негадир шу топда болалигини эслади. Кейин кўз олдида ота-онаси, Муслима ва икки-уч ёшли қизи гавдаланди. Муслимага уйланган кезлари, унинг ҳар нарсадан уялиб, тортиниб туришларини, қизи туғилганида ҳам уялиб юрганликларини эслаб, кўзи илинди.
Ҳеч ким, Хушназар ҳам Ойнанинг ғордан секин чиқиб кетганини билмай қолди.
Ўн иккинчи боб.
«Лаънат сендай йигитга!»
1.
Тонгга яқин «Ойнанинг укасини излаб» Ойнанинг «амакиси»-Холбеков ўттиз нафар қизил аскар билан Раҳматуллобекнинг қароргоҳи сари мушукдек пусиб кела бошлади. Иззатулла Холбековнинг йигитларини кўриб, секин пана жойдан чиқди. Иззатулло ортида уни пойлаб турган Ойнани сезмай қолди. Биринчи келаётган қизил аскарни мўлжалга олиб, бешотарнинг тепкисини босмоқчи бўлганда унинг орқасида турган Ойна қўштиғли ханжарин кўтариб, зарб билан Иззатуллонинг орқасидан урди. Иззатулло бирорта ўқ ҳам отолмай, иҳраб, жон берди. Холбеков билан тезгина сўрашиб олган Ойна уларни шошилтириб, ғор сари бошлаб кетди.
Бегона одамлар шарпасидан безовта бўлган отлар оёқларини асабий дукурлатиб, пишқира бошладилар. Отининг кишнаган овозидан уйғониб кетган Хушназар тура солиб, Ойнани қидирди. Уни ўрнидан тополмагач, шошиб отлар томон юрди ва ғор оғзида ичкарига кираётган одам шарпасини кўриб, унга қарата ўқ узди. Ўқ овози, сўнгра ўқ теккан аскарнинг «вой-вой»лаб бақирганидан ғорнинг ичи шовқинга тўлди. Уйғониб кетган йигитлар ҳам милтиқ ва тўппончалардан олатасир ўқ уза бошладилар. Ичкарига киришга улгурган икки-уч қизил аскар ер тишлади. Бир-иккитаси қочиб чиқди. Бир маҳал ташқаридагилар юмалоқ тошга ўхшаган икки-учта нарса ташлашди. Бир неча сония «вишиллаб» турган бу нарсалар шунақа гумбурлаб портлади-ки, қулоқлар батанг битди. Портлаш зарбидан икки-учта от титилиб кетди. Яна икки-учтаси кўтарилиб, шифтга урилди. Портлаш улоқтириб юборган бир от Хушназарнинг олдига келиб тушди. Отларнинг аянчли кишнашлари юракка баттар ваҳима соларди.
Ташқаридан Холбековнинг бақирган овози эшитилди:
– Кейинги бомбаларни сизларнинг устингизга ташлаймиз. Отлардек бурда-бурда бўлиб кетасизлар. Яхшиликча қуролларни ташлаб чиқиб, таслим бўлинглар!
Хушназар Раҳматуллобекнинг ёнига келди.
– Тўрга ўтамиз. У ёққа бомбасиям етиб бормайди, ўқиям.
Улар ғор тўрига чекинишди. Ҳақиқатдан қизил аскарларнинг кейин отган ўқлари ғор деворларига урилиб, турли томонга қараб «чингилла»б учар, аммо Раҳматуллобекнинг йигитларигача етиб келмасди. Йигитлар бекиниб бориб, ғор оғзига қарата ўқ отишди. Ташқаридагилар «вой-вой»лаб, ўрисчаю ўзбекчалаб сўкиниб қолишди.
Гоҳ улар, гоҳ булар отиб, тонг ҳам отди.
Қизиллар уч-тўрт бомба, яъни граната отиб кўришди. Ғорни гумбурлатган, зириллатган бу гранаталар ҳам Раҳматуллобекнинг йигитларига зиён етказмади. Яна бир-икки от ўлди.
– Отларга жавр бўлди, Бек ака, нима қиламиз? – деди Хушназар.
– Отларни олиб чиқиб кетинглар! – деб бақирди Раҳматуллобек ташқарига қарата. – Отга ичларинг ачисин! Кириб соғ қолганларини олиб чиқинглар, шунгача отмаймиз!
– Алдамайсизларми? – сўради Холбеков.
– Алдаш кофирларда бўлади, – Раҳматуллобек аччиқ билан. – Биз, Худога шукур, мусулмонмиз.
– Менам мусулмонман, – деди Холбеков. – Сизга ишондим, Бек.
Раҳматуллобекнинг йигитлари тирик қолган отларнинг тушовини ечиб, ғор оғзига қараб ҳайдашди. Икки қизил аскар кириб, отларни ҳайдаб чиқди. Раббимқулнинг оти чиқмади. Оёғи бўшагандан ўзини тўрга урди. Келиб, Раббимқулнинг елкаларини ҳидлаб кўриб, кейин тинчланди.
– Энди ўзларингиз ҳам чиқинглар, Бек, – деди Холбеков ғор оғзига яқин келиб. – Бўлмаса шох-шабба олиб келиб, ўт қўямиз. Тутунга чидолмай чиқасизлар. Аммо тулкини шундай чиқаришади. Сизлар тулки эмассизлар. Иззатингизни билиб, мард йигитлардай чиқинглар. Жонингизни сақлаб қолишга ваъда бераман. Сизлар ваъдангизда турдингизлар, мен ҳам тураман.
Раҳматуллобек йигитларга қаради. Хушназар ночор бош ирғайди.
– Ҳақиқатдан тутундан қочиб чиққан тулкидай бўлиб шарманда бўлмайлик, чиқиб таслим бўламиз, – деди Раҳматуллобек афсус билан. – Ажалимиз етибди, йигитлар. Униям эркакдек қарши олайлик!
Раҳматуллобек ғор оғзига яқин бориб, гапирди:
– Биз розимиз. Фақат битта шартимиз бор. Ичимизда битта йигитимиз кўринмаяпти. Ташқарига чиққан экан, шекилли. Ўшани қайтариб юборсангизлар. Унда икки оғиз гапимиз бор. Кейин бирга чиқардик.
– Ойна сизнинг йигитингиз эмас, – деди Холбеков Раҳматуллобек ким ҳақида гапираётганини дарров англаб. – У қизил аскар. Болшевиклар партиясининг аъзоси. ЧК ходими. У махсус топшириқ билан сизнинг сафингизга қўшилган эди. Энди у ўз дўстлари сафида. Шарт қўймай таслим бўлаверинглар! Бошқа иложингиз йўқ.
Шунда Ойна ҳам ғор оғзига яқин келди.
– Ташқарида бир йигитингиз борлиги рост, – деди Ойна. – У «Қишлоғимга кетдим», деб арча остида қоровуллик қилиб ётган Иззат эди. Аммо энди у укамнинг ёнидан жой олди. Ундан укамнинг хунини олдим.
– Ў, ифлос! – Хушназар варанглатиб ўқ узди.
Ойна ўзини четга олишга улгурди.
Шундан сўнг ҳар иккала томондан яна анча ўқлар отилди. Аммо энди бу ўқлар фақатгина тошларнигина яралаётган эдилар.
– Қаршилик кўрсатишингиз бефойда, Бек, – деди Холбеков яна Раҳматуллобекка мурожаат қилиб. – Таслим бўлинглар!
– Бўпти, таслим бўламиз, – деди Раҳматуллобек. Мусулмонлигингга ишонмасам ҳам сўзингга ишондим, Холбеков. Сўз бердинг, йигитларимни отмайсан!
– Ҳеч ким ўқ отмайди, – деди Холбеков. – Қуролларни ташлаб, битта-биттадан чиқинглар!
2.
Раҳматуллобекнинг қуролсиз йигитлари битта-битта чиқа бошлашди. Қизиллар йигитларнинг чиққанини чиққандай дарров қўлларини орқага қилиб боғлайвердилар. Охирида отини етаклаб Раббим полвон, кейин Хушназар ва, ниҳоят, Раҳматуллобек чиқди. Қолганларнинг қўли боғланаётганини кўрган Раҳматуллобек кўзлари билан Холбековни қидириб топди.
– Каттаси сен-а, буларнинг? – деди унга қараб Раҳматуллобек. – Айт, менинг қўлимни боғламасин! Қочиб кетдиган жойим йўқ. Йигитларни қолдириб қочадиган одам эмасман.
Унга бироз синчиклаб тикилиб турган Холбеков аскарларга буюрди:
– Бекка тегманглар!
Раҳматуллобек Холбековга яқин келди.
– Мусулмонман дединг, қаерликсан?
– Тошкентликман, Холбековман. Исмим Ҳабибуллахон.
– Ҳабибуллахон? – Раҳматуллобек ажабланди ва беихтиёр «сиз»лаб давом этди: – Сайидларданмисиз?
– Оталаримиз сайидлардан бўлишган, – деди Холбеков.
– Эссиз, эссиз, аждодларингиз қабрларида қақшайдиган бўлишибди-да? – деди Раҳматуллобек бошини сарак-сарак қилиб. – Исмингиз ҳам гўзал экан, Ҳабибуллахон. Аллоҳнинг дўсти. Сиз ўзингизга кимни дўст тутиб юрибсиз? Ўрисними? Кофирними? Ёки – Раҳматуллобек Ойнага ишора қилди: – Манави элини, юртини, диндошини сотган маразними? Ҳай, аттанг. Сиз ўзингизга дўст тутган бу ўрис сизнинг қўлингиз билан бизни ейди. Кейин албатта сизниям ейди, унутманг!
Раҳматуллобек қизил аскарларга бир-бир егудек бўлиб қараб чиқди. Нигоҳлари уч-тўрт қадам нарида турган Ойнада тўхтади. Унга қаҳр билан тикилди.
– Лаънат сендай йигитга! Лаънат сендай ўзбекка!
Раҳматуллобек шу сўзларни айтиб, Ойнага қараб икки қадам қўйди ва белбоғи тугунини ечди. Белбоғ ичидан эгилувчан қилич нозик овоз чиқариб, тўғриланди. Бек зарб билан қилични Ойнанинг бошига солди. Аммо Ойна чаққонлик қилиб, ортига тисарилди. Қиличнинг учи Ойнанинг пешонасидан иягигача чуқур из қолдириб, тилиб ўтди. Ойнанинг орқасида турган аскар эса тез эсини йиғиб олиб, тўппончасидан уч-тўрт марта ўқ узди. Раҳматуллобек мункиб кетди. Кўкраги ва қорнидан қон оқиб, тиззалаб қолди.
Холбеков ўқ узган аскарнинг қўлига уриб, тўппончасини тушириб юборди. Аччиқ билан унга бақирди:
– Ким айтди сенга Раҳматуллобекни от деб, ярамас?!
Қизил аскар довдираб, ортига чеккинди.
Холбеков Раҳматуллобекни суямоқчи бўлди. Раҳматуллобек унга суянишни истамади. Хушназар энгашиб, елкасини Раҳматуллобекка тутди. Раҳматуллобек унинг елкаларини қучди, сўнгра унинг тиззасига бошини қўйди. Раҳматуллобекнинг оғзидан қон сизиб чиқди.
– Бек ака! Ўзини тутолмади Хушназар. – Бек!
– Хушназар, мендан рози бўлинглар! – деди Раҳматуллобек инграб. – Мени кечиринглар! Сизларни жувонмарг қилдим. Қарғаманглар! Ла илоҳа иллаллоҳу…
Раҳматуллобекнинг жони узилди.
Қизиллар ўлган, яраланган аскарларини отларга ортишди.
Хушназар Холбековга мурожаат қилди:
– Холбеков, айтинг, қўлимни ечишсин! Бекнинг жанозасини ўқиб, кўмайлик!
– Сизнинг ишингиз эмас бу, – деди Холбеков. – Бекни кўмадиган одамлар бор.
– Ўрисдай қилибми? – деди Хушназар кесатиб. – Холбеков, мусулмонман дегандингиз, шуми мусулмонлигингиз?
Холбеков пича ўйланиб турди ва аскарларга буюрди:
– Ҳаммасининг қўлларини ечинглар!
Қизиллар Раҳматуллобекнинг йигитларининг қўлларини ечишди.
Йигитлар Раҳматуллобек ва Иззатуллонинг жанозасини ўқиб, шаҳид мақомида кўмдилар. Қабр устида тиловат қилиб бўлишгач, ўрислар яна Хушназар ва бошқа йигитларнинг қўлларини орқага қилиб боғладилар.
– Кетдик! – буюрди Холбеков.
Ўрислар қизил аскарларни ҳайдаб, тушиб кета бошладилар. Раббим полвонга эргашган унинг отини ўрислар тутмоқчи бўлдилар. От уларга тутқич бермай қочаверди. У олдидан келганни тишлар, ортидан келганни тепарди. Улардан қочиб, Раббим полвоннинг олдига келиб, унга эргашди.
Ўн учинчи боб.
«Бекорга Сибир дейишмас экан-да»
1.
Қоратепа кўчалари одамга тўлиб кетди. Эркагу аёл, ёшу қари кўчага чиқди. Одамлар тўп-тўп бўлиб, тоғдан ушлаб тушилаётган босмачиларни томошалагани чиқишди. Тоғ томондан эшак чоптирган болалар қийқиришиб келишди:
– Босмачиларни олиб келишаяпти-и!
– Қўрбошини олиб келишаяпти-и!
Қизил аскарлар қўллари боғланган йигитларни олдиларига солиб кела бошлашди. Кўпчилик йигитларга ачинишди. Бир аёлнинг йиғлагани эшитилди:
– Эссиз, шундай полвон йигитлар, жувонмарг бўлдиган бўпти.
– Сизларни Аллоҳ паноҳида асрасин! – деди кимдир.
– Оми-ин!
Бир неча кишининг йиғлагани эшитилди.
Элчилик экан-да. Кўпнинг ичидан бир-икки авбош ҳам чиқар экан-да.
– Мана, қўлга тушибсизлар-ку? – деди ана шундайлардан биттаси.
– Энди тинчийдиган бўлибмиз, хайрият! – деди бошқаси.
– Баттар бўлинглар, босмачилар! – деди бир киши.
Шу гапни айтган кишининг олдига паранжили бир аёл яқин келди.
– Сиз ҳам эркакмисиз? Сиз ҳам мусулмонмисиз? – деди аёл ҳалиги эркакка. – Ҳайф сиздай малъунга!
Эркак аёлга қўл кўтармоқчи бўлганда унинг йўлини бир отахон тўсди. Унга эмас, аёлга гапирди:
– Элчилик-да, синглим, ранжиманг. Айтишади-ку, «Бир подани битта ширроқ тана бузади», деб.
Аёл бурилиб кетди. Сўкинган эркак мулзам бўлиб қолди.
– Босмачиларни қаерга олиб кетаяпсизлар? – бақирди кимдир.
– Уларни Самарқандга олиб борамиз, – деди Холбеков. – Уларни халқ суд қилади.
Ўрислар Раҳматуллобекнинг йигитларини ҳайдаб ўтиб кетишди.
Кўпчилик уларнинг ортидан Тешиктошгача эргашиб боришди. Эшак минган болалар эса томошага чиққан Кенагас қишлоғининг болаларига келиб қўшилишди.
2.
Икки ой тергов қилинган Раҳматуллобекнинг йигитларини Самарқандда суд қилишди. Ўрис судья айбловларни узоқ санагач, ниҳоят, суд ҳукмини ўқиди:
– Суд юқоридагиларга асосан, ҳибсга олинганларнинг барчасини айбдор деб эълон қилди ва уларга узоқ муддатли қамоқ жазоларини тайин қилди. Тўраев Хушназарни йигирма йилга, Нуримов Раббимқулни ўн саккиз йилга, Қобилов Норбойни ўн саккиз йилга, Ўтанов Фармонни ўн саккиз йилга…
– Раҳматуллобекнинг “Ажалимизниям эркакдек қарши олайлик!», деганини унутманглар, – деди Хушназар йигитларга. – биронтанг бутингга қараб, мунғайиб ўтирма!
Йигитлар тик туриб, ҳукмни мағрур эшитишди.
– … ўн саккиз йилга қамоқ жазосига ҳукм қилди. Ҳукм қатъий, шикоятга ўрин йўқ! Барчалари жазони Сибирда, кучайтирилган режимдаги жазо колонияларда ўташади.
3.
Юк поезди ўриснинг бепоён ўрмонларидан тўхтовсиз ўтиб бормоқда. Бу поездда ҳақоратлар билан «сийланиб», баъзан тепки билан «мукофотланиб», Хушназар ва бошқа йигитлар уларнинг тушларига ҳам кирмаган совуқлар, изғиринлар, аёзлар юртига олиб кетилаяпти.
Қайсидир шаҳарда уларни уриб-туртиб, поезддан туширишиб, кемага, кейин юк машиналарига чиқаришди. Машинада чайқалиб кетиб боришаркан, маҳбусларнинг «шоҳона» либосидаги Хушназар йигитларга гапирди:
– Пешонада бор экан, поездни ҳам, кемани ҳам кўрдик. Икки ойдан бери йўл юрамиз, етолмаймиз-а? Дунёнинг чеккасига борамиз, шекилли?
– Бекорга Сибир дейишмас экан-да, қорни қара, – деди Раббим полвон. – Ўзимизда Наврўз келиб, ҳамма ёқ кўм-кўк бўлиб кетгандир?
– Энди Наврўзни тушингда кўр, Раббим полвон! – деди Норбой.
– Ниятни яхши қилинглар! – деди Хушназар. – Қирқ йил қирғин келса ажали етган ўлади. Йигирма йил, ўн саккиз йил нима деган гап, ўтади-кетади. Насиб бўлса, ҳаммамиз соғ-саломат қайтамиз!
– Аммо отим бечоранинг мендан айрилиб, ҳоли нима бўлди экан? – деди Раббим полвон. – Туғилганидан бери мендан айрилмаган эди.
– Битта отнинг азасини тутиб ўтирма-да энди, полвон, – деди Норбой. – Ўрис минади энди уни маза қилиб. Нима қила олардик?
– Ҳа, қайтганимизда от топармиз-у, кўпкари чополмаймиз-да, Раббим полвон. – Бобой бўлиб борамиз-да баримиз.
– Насиб бўлса, отларимизни ҳам қайтариб оламиз, кўпкариниям чопамиз, – деди Хушназар кўзлари ёниб.
4.
Тиконли сим билан ўралган лагерда маҳбуслар саф тортишди. Лагерь бошлиғи ит етаклаган солдатлар кузатувида маҳбусларнинг сафларини айланди.
– Қани, янги келганлар бир қадам олдинга чиқсин!
Хушназар ва бошқа йигитлар олдинга чиқишди.
– Жаноб босмачилар, сизларни Магадан диёрида, унча қулайликларга эга бўлмаган 974-сонли лагеримизда хуш кўрдик, – деди лагерь бошлиғи истеҳзо билан. – «Дальний» олтин конида олтин кавлаш билан машғул бўласизлар. Ўн тўрт соат ишлайсизлар, саккиз соат дам оласизлар. Яхши ишлаганларга бир ойда бир кун дам берилди. Ўзининг меҳнатсеварлиги ва намунали хулқини ҳам кўрсата олган, тишини кўрсатмаган маҳбуслар эса икки ҳафтада бир кун дам олиши ҳам мумкин бўлади. Марҳамат, энди ишга!
Бир қанча қуролли соқчилар итлар ҳамроҳлигида маҳбусларни саф қилиб, олиб чиқиб кетишди.
Маҳбусларни оғир ишларга қўйишди. Уларнинг бир қисми ер кавласа, бошқалари бу тупроқларни замбил-ғалтаклар билан ташқарига ташишар, айримлар орқалаб кўтариб ҳам чиқишарди.
Норбой билан Хушназар тупроқ ортилган замбилни ташқарига чиқариб боришаркан, Норбой сўзлаб қолди:
– Хушназар, олтин кавлаб олиндиган бир оролга кемада беш юз ўзбекни олиб келишди. Ҳаммамизнинг тамғамиз бир хил – «Басмач». Бир оролга беш юз босмачи сургун қилинган бўлса-ю, бунақа оролдан қанча-ю, Магаданга ўхшаган вилоят қанчалигини ҳисоб-китоб қилсанг, босмачи ҳам роса кўп бўлган эканда-а?
– Яна «қама-қама»лар неча йил давом этганини ҳам қўшсанг, ҳисобдан адашасан, Норбой. Демак, Ўзбекистон деганинг босмачига тўлиб кетган экан.
– Анови турма бошлиғи айтди-ку, Ўзбекистонликнинг ҳаммаси басмач, деб.
– Ўша «басмач»лар бирикмади-да, Норбой. Бирикканда бизлар юмронқозиққа ўхшаб тупроқ кавламасдик, аттанг-аттанг.
– Кетдик, назоратчи биз томонга келаяпти.
Ит етаклаган назоратчи буларга яқин келди. Улар назортачидан узоқлашишди.
5.
Ўзбек ишдан ўлмайди. Турмадаги ҳар қандай ишга, ҳар қандай азобли меҳнатга чидашлари мумкин эди ўзбек йигитлари. Аммо турма деганлари фақат оғир меҳнатдангина иборат эмас-да. Ўн тўрт соатлик оғир меҳнатдан кейин ундан ҳам оғир, ундан ҳам таҳликали саккиз соатлик «дам олиш соатлари», яъни тун бор-ки, бу тундан кўплар кейинги кунга етмайди, «дам олиш»и абадий уйқуга айланади. Турмадагилар «Барак» деб атайдиган бу «хобхона»да кечаси ҳаёт қайнайди. Кечаси турманинг ичидаги «ҳокимият» раҳбарлари йиғилиш ўтказади, айримларнинг масаласи кўрилади. Айримлар жазога ҳукм қилинади, айримларнинг жазоси ижро қилинади. Аксарият ҳолларда турма бошлиқларининг хоҳиши билан бундай «ички раҳбарлик» ҳам ўрисларга насиб қилган. Улар хоҳласа ишга ҳам чиқмайди. Улар овқатнинг аввалини ейди. Улар бошқаларнинг овқатини ҳам ейди. Улар кийимини ўзлари тикишмайди, ўзлари ювишмайди, бу ишларни бошқаларга қилдиришади. «Нима учун?» деб қўйганлар тунги муҳокамага чақирилади. Ана шундайларнинг кўпчилиги муҳокамадан қайтиб келмайди.
Ана шундай раҳбарлардан бири бўлган каттакон бир ўрис кўйлагини ямаб ўтирган Хушназарнинг олдига келди. Унинг олдига ўз ботинкасини ташлади.
– Басмач, ботинкамни тозалаб қўй, – деди ўрис ўрисчалаб. – Фақат тезроқ!
– Тилингни тушунмайман! – деди Хушназар келганидан бери ўриснинг тилини анча-мунча ўрганиб олган бўлса-да, ўзини билмасликка солиб.
Ўрис Хушназарнинг қўлидаги куйлагини олиб, ботинкасини артиб кўрсатди.
– Тозала! Ботинка, тозала!
– Энди тушундим, – деди Хушназар. – Понимай.
Хушназар индамай туриб, кўйлагини кийди ва ботинкани олиб, ўриснинг калласига солди. Буни кутмаган ўрис бироз каловланиб турди, кейин аламидан бақириб, сўкинганича Хушназарга ташланди. Аммо Хушназарга кучи етмади. Ҳар ғазаб билан ташланганида Хушназардан бир муштни еб ағдарилаверди.
Бирпасда ўрислар кўпайишди. Улар Хушназарни ўртага олишди. Буни кўрган Раббим полвон ҳайқириб, уларнинг халқасини ёриб кирди ва икковлари бўлиб, беш-олти ўриснинг дабдаласини чиқариб уришди.
Инқиллаб ўрнидан турган жанжални бошлаган ўрис «Ҳали кўрасизлар», деб тўнғиллаганини эшитган Раббим полвон бориб, унинг орқасига келиштириб тепди. Ўрислар минғирлаб-минғирлаб, инқиллаб-синқиллаб, бир-бирларини суяб нари кетишди.
Кечаси ҳамма ухлаб ётганида Раббим полвонни «Хўжайин» чақиртирди.
Хушназарнинг ёнига Норбой келди:
– Хушназар, Раббимқулни «Хўжайин»нинг олдига чақириб кетишди.
– Кўрдим, аммо нима қила оламиз? Ўзбеклар шу ерда ҳам бирлашмаяпти. «Хўжайин»нинг одамлари кўп. Ҳатто турма бошлиғи ҳам ундан ҳайиқар экан.
– Ҳа, кутишдан бошқа иложимиз йўқ.
Уларнинг кўзлари эшикда бўлиб, хавотир олиб ўтиришди.
Анча кейин Раббим полвонни беҳуш ҳолда, қонга ботган кўйи олиб келиб ташлашди.
– Раббимқул, кўзингни оч! – Унинг бошини бағрига олди Хушназар. – Аблаҳлар нима қилишди сени?!
Норбой Раббим полвоннинг юз-кўзидан қонларини артар экан, кўзлари ёшга тўлди:
– Ҳайвонлар, бир кишига шунча азоб бериш мумкинми, ахир?
6.
Эрталаб иккита солдат билан машинада келган врач Раббим полвоннинг кўзларини очиб кўрди ва солдатларга ишора қилди:
– Олиб кетаверинглар, тамом бўлибди.
Солдатлар Раббим полвоннинг атрофида парвона бўлаётган Хушназар ва Норбойларни «Мумкин эмас!» дея ҳайдаб юборишди ва Раббим полвонни машинага ортишди. Машина Раббим полвонни, врач ва солдатларни олиб, чиқиб кетди.
Хушназар ва Норбой машина ортидан термилиб қолишди.
– Норбой, қишлоқдошлардан энди фақат иккаламиз қолдик, – деди Хушназар. – Энди жуда эҳтиёт бўл, дўстим!
Ўн тўртинчи боб.
«Қарғанинг кўзини ўйган қарғалар»
1.
ЧК бошлиғи Иван Иванов Холбеков ва Ойнани ўз ҳузурига чақиртирди.
– Холбеков, Раҳматуллобекнинг йигитларини отиш керак деганимда унамаган эдинг. Ўн саккиз-йигирма йил ҳам барибир ўлим дегани. Улар бунча йил бизнинг Рус совуғига, турма ҳаётига бардош беришолмайди, – деди Иванов. – Мана, биттаси бир йилга ҳам бормапти.
Иванов қўлидаги қоғозни Холбековга узатди. Холбеков уни ўқиди:
– «Ўпкаси шамоллаб вафот этди». Ишониш қийин.
– Ҳа, Раббимқул деганлари жуда чиниққан полвон эди, – деди Ойна ҳам Холбековнинг гапини маъқуллаб. – У шамоллаб ўлfдиган йигит эмас эди.
– «Турмада уриб ўлдиришди», деб ёзишмайди-ку, Холбеков? – кулди Иванов. – Бўйсунмасингиз ўша ёқда ҳам бўйсунмагандир, кучини кўрсатгандир?
– Балки, аммо нега у меники бўларкан? Нега бўйсунмасингиз, деяпсиз?
– Энди, у ўзбек бўлгани учун шундай деяпман-да, Холбеков, – айёрона кулди Иванов. – Ёки сиз ўзбек эмасмисиз?
– Мен ўзбеклигимдан тонаётганим йўқ, аммо босмачиларни сизники деманг-да, Иван Иванович.
– Майли, хафа бўлманг, бу қорахатни босмачининг уйидагиларга юборишни ташкиллаштиринг. Уни кўпчиликнинг ўртасида беришсин! Токи босмачиларнинг ота-оналари ўзларининг бебош ўғилларини бекорга кутиб юрмасин! Ҳаммасидан эртами кечми ана шундай қорахатлар келади.
– Менга беринг, Иван Иванович! – деди Ойна ғайрати жўшиб. – Ўзим ташкиллаштираман ҳаммасини.
– Майли, ола қол!
Ойна хатни олди ва улар Холбеков билан бирга Ивановнинг хонасидан чиқиб кетишди.
2.
Ойна ўша куниёқ Жаласойга шошилди. Қишлоқ аҳлини қизил алвонларга ёзилган шиорлар билан ясатилган гўзарга йиғди. Қишлоқнинг каттасию кичиги йиғилиб бўлгач, оташин бир нутқ ирод қилди:
– Ўртоқ колхозчи, ишчи-деҳқонлар! Коммунистик партиямиз ва шонли Совет давлатимиз раҳнамоси, буюк йўлбошчимиз Иосиф Виссарионович Сталин бошчилигида синфий душманларимиздан батамомом қутулдик. Компартиямиз ўз олдига қўйган программа минимумни шараф билан уддалади. Ишчи-деҳқон ҳукумати, Совет Социалистик Республикалири Иттифоқи бунёд бўлди. Энди навбат программа максимумга, яъни коммунизм қуришга. Албатта, яқин йиллар ичида отамиз Сталин бошчилигида коммунизмни ҳам қурамиз. Бизга энди ҳеч қандай ички ва ташқи душманлар тўсқинлик қилолмайди. Душманларимиз маҳв бўлди. Мана, қўлимда Сибирнинг Магадан областидан келган иккита қорахат турибди. Унда иккита синфий душманимизнинг, халқ душмани, яъни сизларнинг душманингиз бўлган Тўраев Хушназар ва Нуримов Раббимқулларнинг Сибирдаги совуққа чидай олмай, шамоллаб ўлганлиги ёзилган. Бошқа халқ душманлари ҳам шу каби, итдай ўлиб кетишади. Қолган босмачиларнинг ота-оналари ҳам уларни кутиб, хомтама бўлмасинлар! Мана, бу қорахатларни эгаларига беринглар!
Ойна хатларни колхоз раисига бериб, ўзи нарироқда турган машинага чиқиб, жўнаб кетди. Колхоз раиси хатларни олиб, хомуш туриб қолди. Бир хатни олиб, Тўра полвоннинг олдига борди:
– Полвон бова! Бандачилик-да.
Тўра полвон хатни олиб, кўзи ёшланиб, йиғиндан бир-бир босиб чиқиб кетди. Колхоз раиси иккинчи хатни Раббим полвоннинг отасига олиб бориб берди.
– Нурим бова, бандачилик! Аллоҳ сабр берсин!
Раббим полвоннинг отаси «Вой болам!» деб оҳ тортганча нари кетди.
– Ҳов, биродарлар! – халққа юзланди раис. – Бу катталар ҳар нима деб кетаверади. Хушназар ҳам, Раббим полвон ҳам ўзимизнинг фарзандларимиз. Биров келиб босмачи деса босмачи бўлиб кетавермайди. Қишлоғимизнинг ор-номус эди улар. Одамларни айтинглар, Пешин намозидан кейин Хушназарга ҳам, Раббим полвонга ҳам жаноза ўқиймиз.
– Яшанг, раис! Отангизга раҳмат! – деди кимдир оломон орасидан.
– Раис дегани бундай бўпти-да! – деди бошқа биров. – Барака топинг!
Одамлар тарқала бошлашди.
3.
Супада Малла момо беш-олтига кириб қолган невараси Рўзигулни ўйнатиб ўтирган эди, Тўра полвон қўлида қорахат билан ҳовлига кириб келди. Келиб, момонинг ёнига ҳорғин ўтирди.
– Ҳа, бова, машқингиз паст? – деди бобойининг қадам олишиданоқ кайфиятини биладиган Малла момо. – Нима бўлди, тинчликми?
– Тинчлик эмас-да, кампир, тинчлик эмас, – деди Тўра полвон кўзлари ёшланиб. – Хушназардан… ўғлингдан қорахат кепти, кампир.
– Хушназардан? – Малла момо бобойнинг қўлидан хатни шошиб олди. У ёқ-бу ёғини ағдариб кўрди. Кошки уни тушунса. – Қорахати нима, бова, тушунтириб гапиринг, мундай!
– Сибирда шамоллаб… ўлибди ўғлимиз, энаси?
– Вой болам! Энди мен нима қиламан?
Малла момо ўрнидан туриб, уйга кирди. Бир зумда ташқарига чиқди. Бобойининг олдига келди.
– Энди нима қиламиз, отаси?
– Пешонамизда борини кўрамиз-да, кампир. Ўғлингнинг жасади ҳам Сибирда қоладиган бўлди. Майли, ўзингни кўп юлиб ема! Аллоҳнинг иродаси шу экан, нима қила олардик? Тоғамнинг олдига борай-чи?
Тўра полвон ҳовлидан бир-бир босиб чиқиб кетди. Малла момо уйга кирди. Сандиғини очиб, Хушназарнинг чопонини, дўпписини олиб сийпалади, уларни ҳидлади. Момосига эргашиб кирган Рўзигул ҳеч нарсага тушунмай анграйиб тураверди. Малла момо ўғлининг нарсаларини атрофига ёйиб қўйди ва доирасини олиб, айтиб-айтиб йиғлай бошлади:
Қандай ўғлим бор эди-ей, бор эди,
Қаторларда нор эди-ей, нор эди.
Энасининг кўзларига нур эди,
Отасига номус эди-ей, ор эди.
Элу юрт деб босмачи бўлган болам,
Босқинчининг қўлида ўлган болам.
Кўзларимга суртай десам ҳоки йўқ,
Босқинчининг юртида қолган болам.
Ўғлим эди йигитларнинг султони,
Ўғлим эди йигитларнинг полвони.
Ўлгунимча отин айтиб йиғлайман,
Айтган билан тугармиди армони?
Йўлга чиқсам келмасмиди Хушназар,
Соғинганим билмасмиди Хушназар?
Ёлғиз ўғлим, кўрар кўзим ўлгунча
Энанг ўлса бўлмасмиди, Хушназар?
4.
Ота-онаси ўзларининг маракаларини ўтказгани, оналари кўк кийганидан бехабар Хушназар ва Норбой қамоқ муддатининг ҳам тўрт йилини ўтказиб қўйишди.
Бир мингу тўққиз юз қирқ биринчи йилнинг йигирма учинчи июни тонгида турма бошлиғи маҳбусларни одатдагидан барвақтроқ сафга тизди. Уларнинг олдига чиқиб, бир нутқ сўзлади:
– Ярамас Гитлер доно йўлбошчимиз ўртоқ Сталин билан тузган ҳужум қилмаслик тўғрисидаги аҳдини номардларча бузди. Фашистлар Германияси куни кеча СССР чегараларини бузиб кирди. Уруш бошланди. Ёш Совет давлатига энди кўплаб танклар, самолётлар, қурол-яроқ, ўқ-дори керак. Буларнинг ҳаммаси пулга келади. Демак, янада кўпроқ олтин кавлаб олишимиз керак. Бугундан бошлаб, уруш тугагунча суткасига ўн тўрт эмас, ўн олти соатдан ишлайсизлар. Дам олиш кунлари, байрамлар бекор қилинади. Ким норози бўлса, шу бугуноқ урушга жўнатаман. Ҳамма ишга!
Маҳбуслар саф бўлиб, ишга чиқиб кетишди.
Ўша куни кечки пайт назортчилар қонига ботган бир маҳбусни судраб келиб, эшикдан кирган жойга ташлаб кетишди.
– Қабул қилиб олинглар, яна битта басмач! – деди назоратчи.
«Басмач» сўзини эшитган ўзбеклар маҳбусга яқин боришди. Уни бир жойга олиб бориб, ётқизишди.
Норбой Хушназарнинг олдига келди.
– Хушназар, айтсам ишонмайсан, – деди Норбой. – Олиб келинган маҳбус Холбеков.
– Опқоч-е, баччағар, – деди кулиб Хушназар. – Сталин бовани опкелишипти демадинг ҳалиям.
– Ўлай агар, Холбеков у, – қасам ичди Норбой. – Унинг турқини яхши эслаб қолганман.
– Юр-чи?
Улар янги келган маҳбуснинг ёнига боришди. Хушназар маҳбуснинг юзига бироз тикилиб турди.
– Бу ўша, – деди Хушназар ва баланд овозда эълон қилди: – Бу ЧК бошлиғи Холбеков! Унга ҳеч ким қарамасин! Ҳеч ким унга ёрдам бермасин!
– Бирданига ўлдириб қўя қолсак-чи, Хушназар? – деди Норбой.
– Ўзини Худо уриб қўйибди-ку? – деди Хушназар. – Нима қиласан қўлингни булғаб? Қўй, тегма! Ҳеч ким тегмасин!
Холбеков зўрға кўзини очиб, Хушназарга қаради. Унга нимадир демоқчи бўлди, аммо Хушназар нари кетди.
5.
Вилоят халқ таълими бошқармасига янги раҳбар тайинланаётгани муносабати билан бошқарма ходимлари ва туманларнинг халқ таълими бўлимлари бошлиқларини мажлислар залига йиғишди. Обкомнинг масъул котиби Ойна билан бирга залга кириб келишди. Ҳамма ўрнидан туриб, уларни қарсаклар билан кутиб олишди.
– Ҳурматли халқ таълими ходимлари, сизларга янги раҳбар тайинланди, – деди масъул котиб гапни индаллосидан бошлаб. – Танишиб олинглар, Ойна Аннақулов! Ойна Аннақулович партия фаолларидан ва, энг муҳими, синалган чекистларимиздан. Илмли йигит.
Масъул котиб Ойнанинг қўлини сиқди ва «Ишингизга омад!» деб чиқиб кетди.
Ойна бироз йиғилганларни кузатиб турди ва улар унинг нимадир дейишини кутиб туришганини англаб, ўзини таништирган бўлди:
– Салом ўртоқлар! Мен асли ўқитувчи бўлишни орзу қилганман, аммо ёшлигимиз бундай шиддатли даврга тўғри келиб қолиб, вақтида ўқий олмадик, синфий душманлар билан курашда улғайдик. Умид қиламанки, бир-биримизни тушуниб, ҳамжиҳатликда ишлаймиз. Билмаганимизни ўргатасизлар.
6.
Кечқурун ишдан келган Хушназар Холбековни ўрнида кўрмади. «Бошқа жойга олиб кетишибди, шекилли?» деб қўя қолди. Холбековни бошқа жойга олиб кетишмаган, яна сўроққа чақиришган эди. Сал ўтиб, назоратчилар қонига ботган Холбековни судраб келиб, ташлаб кетишди. Унга ҳеч ким қарамади ҳам яқинига ҳам бормади. Холбековнинг ўзи зўрға судралиб, Хушназар ва Норбой ётган ерга келди. Улар тескари қарашди.
– Хушназар, илтимос, менга бунақа муомала қилманглар! – деди Холбеков. – Сизга икки оғиз гапим бор.
– Менинг сиз билан гаплашадиган гапим йўқ, – деди Хушназар у томонга сал ўгирилиб.
– Майли, – деб кетишга чоғланди Холбеков, кейин пича ўйланиб туриб, зўрға сўзлади: – Аммо бекларинг, яъни Раҳматуллобек авлиё экан. «Сиз ўзингизга дўст тутган бу ўрис сизнинг қўлингиз билан бизни ейди. Кейин албатта сизниям ейди, унутманг!» деган эди, худди айтганидек бўлди. Босмачиликни тугатамиз, деб асл ўзбек йигитларни биз тутиб бердик. Кейин битта-битта бизга ўхшаган адашганларни ҳам «Халқ душмани» деб турмаларга тиқишди. Биз қаттиқ адашибмиз. Энди буни тўғрилаб бўлармикан? Миллат бизларни кечирармикан? Ҳай, аттанг! Мени кечиринглар, йигитлар!
– Бандаси кечирган билан бўлармикан? – деди аччиқ билан Хушназар. – Аллоҳ таолога тавба қилинг, Ҳабибуллахон!
Холбеков бир-бир босиб, жойига кетар экан, ўгирилиб деди:
– Ҳа, айтганча, мени Ойнанинг кўрсатмаси билан қамашди, афсус, қўйнимда чаён сақлаган эканман…
Эрталаб ҳамма баракдан чиқаётиб, Холбековнинг қимирламётгани кўришди. Ҳамма ҳовлида саф тортиб турганда икки назоратчи Холбековнинг жасадини оёғидан судраб олиб бориб, юк машинасига ортишди. Хушназар «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун», деб дуо ўқиб, юзига фотиҳа тортди. Қолган ўзбеклар ҳам юзларига фотиҳа тортишди.
Ўн олтинчи боб.