Каримберди Тўрамурод. Триптих (ҳикоя)

Ҳайвонларни урманглар! Айниқса, уларнинг юзига урманглар!
Ҳайвонлар осмонга қарашса, Аллоҳни кўришади.

Қуръондан.

1. Мушук

Эшназар болалигидан тошбағир бўлиб ўсди. Балки ўгай онанинг қўлида катта бўлганидандир.
Эшназар на отасига бир марта меҳр билан қаради, на укаларига.
Онаси  бир марта “Укангга қара, йиғлаяпти”, деб кўрган. Эшназар ўгай укасининг бир оёғидан шарт кўтариб олиб бориб, ҳовузга ташлаб юборган. Шундан кейин укаси йиғлаганда унинг бир оёғидан кўтарсалар бас, таққа йиғидан тўхтайдиган бўлган.
Биринчи синфда ўқиётган чоғимиздаёқ ўта раҳмсиз Эшназардан меҳр, шафқат кутиб бўлмаслигимиз аниқ бўлган эди.
У замонлар биз парталарда турадиган сиёҳдонга пероли ручкани ботириб олиб, ёзар эдик.
Эшназар ёзиб турганида орқа партада ўтирган Қамбар нимадир демоқчи бўлиб, Эшназарни туртган экан, у шартта ўгирилиб, ручкани унинг қўлига суқиб қўйди.
Пероси қўлга қадалиб қолган ручка соат маятнигига ўхшаб, тебраниб қолди.
– Мен сенга нима қилдим? – Қамбарнинг кўзлари катта-катта бўлди.
– Нима қилганингни билмадингми?
Эшназар сиёҳдонни олди-ю, бор кучи билан Қамбарнинг пешонасига солди.
Биз ўшанда Қамбарнинг юзи синган чинни сиёҳдондан оққан сиёҳ билан бўялиб қолди, деб ўйлаган эдик. Кейин билсак, Эшназар Қамбарнинг пешонасига ярим ой суратини ҳам чизган экан.
Жароҳат ҳам сиёҳ билан тўлиб қолгани туфайли бу сурат Қамбарнинг пешонасидан бир умр ўчмади.
Эшназарнинг бир қўли доимо чўнтагида бўлар, ўша қўлида михми, тошми, ишқилиб, бирор учли, тиғли нарсани чангаллаб юрар эди.
Эшназар биров билан келишмай қолса, ўша қўл чўнтакдан чиқар эди.
У қўлнинг чўнтакдан чиқиши эса ҳеч қачон яхшилик билан тугамас эди.
Эшназар чангаллаб турган нарса билан рақибининг юзига соларди.
Эҳ-ҳе, неча-неча болаларнинг Эшназар туфайли юзига чандиқ тушмади, дейсиз.
Пахтага борганимизда энг кўп ейдиган нарсамиз балиқ консерваси бўларди. Муаллимлар пешин пайти ҳам овқат қилишга эринибми, овқат қилишга иложлари бўлмасданми, биттадан консерва бериб қўя қолишарди.
Бир куни ҳаммамиз дала шийпонининг ясама столи атрофида консерва еб, тушлик қилиб ўтиргандик, Қобилнинг шўри қуриб, одам қуригандек, Эшназарнинг консервасига қўл узатибди.
Узатган қўли узатилган кўйи қолди.
Эшназар зарб билан урган пичоқ Қобилнинг кафтини тешиб ўтиб, столга қадалиб қолган эди.
Эшназарни фақат пахтадан эмас, мактабдан ҳам ҳайдашди.
***
Эшназарга қишлоқ қизлари тегмади.
Ҳеч қайсининг бевақт ўлгиси келмади.
Эшназар Дўнгқишлоқдан уйланди.
Эшназар уйланган Фаризани биров кўча-кўйда, тўй-маракада кўргани йўқ.
Кўрганлар бордир, аммо унинг овозини эшитган одам йўқлиги аниқ.
***
Эшназар икки кило гўшт олиб келиб, хотинига буюрди:
– Яхшилаб тузлаб, айвоннинг устунига, тепароққа илиб қўй!
Фариза гўштни Эшназар айтганидек қилиб илиб қўйди. Аммо кечқурун бир мушук устунга тирмашиб чиқаётганини кўриб, чинқириб юборди. Бу чинқириқда мушукдан қўрқиш ҳам, гўштни мушук олиб қочадиган бўлса, эри кўрсатадиган азобдан қўрқиш ҳам қўшилиб кетган эди.
Отининг бўйнини қашлаб турган Эшназар югуриб келгунча, мушук гўштни михдан олиб, пастга сакради.
– Тепароққа илмапсан-да? Аввал мушукни тутай, сен билан кейин гаплашаман!
Эри қандай гаплашишини билган Фариза мушукдан ўлгудай қўрқса-да, эри билан баравар югураверди.
Эшназар мушукнинг ортидан гоҳ оғилга кирди, гоҳ сомонхонага. Гоҳ томга чиқди, гоҳ боққа кирди. Гоҳ Алимчўлоқнинг ҳовлисига кирди, гоҳ Мамарайим оқсоқолникига.
Фариза ҳам эри билан мушукка қўшилиб, Жаласойнинг ярмини югуриб ўтди.
Мушук ҳам бу сафар гўшт ейман деб, балога гирифтор бўлишини сезди, шекилли, гўштдан воз кечди.
– Гўштни олиб уйга бор! – мушукдан кўз узмай бақирди Эшназар. – Мен мушукни тутиб бораман!
Фариза гўштни уйга олиб келди. Яхшиям рўмолчага маҳкам туккан экан, мушук тугунни очолмапти. Бир-икки жойини рўмолчанинг устидан ғажигани билан гўштдан узиб ололмаган экан.
Эшназар ярим соатлардан кейин ҳориб-чарчаб, чангалида … мушук билан кириб келди.
– Болтани опке!
Фариза титраб-қақшаб, ошхонадан болтани олиб келди.
Эшназар мушукнинг белидан этиги билан босди. Чап қўли билан мушукнинг олдинги икки оёғини олдинга чўзиб, ўнг қўлидаги болта билан бир уриб, мушукнинг иккала оёғини ҳам узиб ташлади.
Эшназар худди ёш боладай инграб, дунёни бузаётган мушукни ҳовлининг адоғидаги қуриб қолган сойга отиб юборди.
“Аввал мушукни тутай, сен билан кейин гаплашаман”, деган Эшназар хотини билан гаплашолмади.
Гаплашиш шарт бўлмай қолган, эрининг ишидан эси оғиб қолаёзган Фаризанинг кўзлари косасидан анча ташқарига чиқиб қолган эди.
Эшназар сув олиб келиб, бетига сепгандан кейин ўзига келган Фариза бир оғизгина гапирди:
– Ноинсоф!
Мушук сойда уч кун инграб ётди.
Мушук сойда уч кун йиғлаб ётди.
Мушук Фариза олиб борган овқатларга қайрилиб қарамади.
Мушук Фариза олиб борган сувлардан бир ҳўпламади.
Мушук ўлди.
Яна уч кун ўтиб, Фариза ўқчиди.
Кейин Фариза ўғил туғди.
Ўғилки, ой десанг, оғзи бор, кун десанг, кўзи бор.
Аммо хушсурат ўғилнинг  қўли йўқ эди.
Мутлоқо йўқ эди қўллари …

2. Улоқчалар

Олим бобо болаларига яхши тарбия беролмади, десак Олим бобога жабр қилган бўламиз.
Демасак ҳам бўлмаяпти.
Бир умр ҳалол меҳнат қилиб, болаларига ҳалол едириб, ҳалол ичирган Олим бобо шу меҳнатни деб даладан бери келмади-да.
Тарбияни болалар Жангил момодан олишди.
Пенсиясини олганда қўл қўйишни эплолмаган Жангил момо тарбияни эплармиди?
Жангил момо Олим бобо топиб келганни пишириб-куйдириб, болаларнинг кийимини ювиб, эскисини ямаб, орттирганини Ҳалимасига деб, сандиққа солиб, кейин ҳам топганини шу Ҳалимасиникига ташиб, топганини Ҳалимасининг болаларининг оғзига тутиб, ўтиб кетди.
Икки ўғил ўғилларни ўзидан итариб, қизни бағрига тортган Жангил момони яхши кўрмай катта бўлди.
Икки ўғил оналарининг эркаси бўлган Ҳалимани яхши кўрмай катта бўлди.
Икки ўғил бир-бирини яхши кўрмай катта бўлди.
Икки ўғил Олим бобони-да яхши кўрмай катта бўлди.
Олим бобо Ҳамроқулни уйлантирди.
Олим бобо Ўктамни уйлантирди.
Олим бобо Ўктамнинг тўйидан кейин ҳовлининг ўртасидан баланд девор урдирди.
Олим бобо иккига бўлинган ҳовлининг икки тарафидан дарвоза қурдирди.
Ҳамроқулнинг дарвозаси бир кўчага, Ўктамнинг дарвозаси бошқа кўчага очилар бўлди.
– Кўзимнинг тиригида уларга ҳовлини иккига бўлиб бермасам, мен ўлгандан кейин бир-бирини иккига бўлишади.
Олим бобо бир ҳафта Ҳамроқулнинг ҳовлисида яшаса, бир ҳафта Ўктамнинг ҳовлисида яшарди.
Олим бобо иккала ҳовлига ҳам сиғмади, Жангил момонинг олдига кетди.
– Отам сеникида ўлди, сен кўм!
– Сен катта ўғлисан, сен кўм!
Ишга мулла Сафар бобо аралашди.
– Жаласойда ҳали бунақа воқеа бўлгани йўқ эди, уялмайсизларми? Каттасан, отангни сен кўмасан, аммо кейинги маракаларни Ўктам ўтказади.
Шундай бўлди.
Аммо Олим бобонинг қирқи ўтгандан кейин Ҳамроқул Ўктамникига, Ўктам Ҳамроқулникига ўтмайдиган бўлди.
Ўртада овсинларга қийин бўлди. Бир-икки эрларини инсофга чақирмоқчи бўлишди, фойдаси бўлмади.
Бир-икки бир-бириникига ўтиб-қайтишган эди, каттасининг кўзи кўкарди, кичигининг бурни қийшайди.
Икки ака-ука бегона эди, икки овсин ҳам бир-бирига бегона бўлди.
Ҳамроқулнинг ўғли Ўктамнинг ўғли ўзига қариндош эканини билмай катта бўлаверди.
Ҳамроқулнинг ўғли Ўктамнинг ўғлини бошқа болалар урганда, қўшилиб урди.
Ўктамнинг ўғли Ҳамроқулнинг боғига бошқа болар ўғирликка тушганда, қўшилиб тушди.
Ҳамроқул Ўктам билан бирга тўй, маракага бормади.
Ўктам Ҳамроқул билан битта чойхонада ўтирмади.
Ҳамроқул бир куни “Иблис девори”нинг устида иккита олачипор улоқчаларнинг юрганини, булар томонга қараб, “Меъ-эъ-эъ, меъ-эъ-эъ” деб маъраб турганини кўрди.
Ҳовлини момақалдироқ овози тутди:
– Кимники бу ажиналар?
– Укангиз зотли эчки олганмиш, – ошхонадан овоз келди. – Иккита улоқчалари ҳам бор экан. Бирам чиройли.
– Падарига лаънат!
Кесакларнинг бири деворга, иккинчиси улоқчалардан бирига тегди-ю, улар ғойиб бўлишди.
Кейинги сафар Ҳамроқул улоқчалар ўзининг ҳовлисида бемалол токларнинг баргларини еб юрганини кўрди-ю, ёмон сўкинди.
– Сафар, дарвозани ёп, қочиб кетмасин! Ўзинг ҳам ушлаш!
Ота-бола қува-қува улоқчаларни тутишди.
Ҳамроқул иккала улоқчанинг ҳам оёқларини бураб-бураб, синдирди.
Қасир-қусир овоздан Сафарнинг ҳам, нарироқда турган онасининг ҳам юзлари майшайиб кетди.
Ҳамроқул нола қилаётган улоқчаларни деворнинг нариги тарафига улоқтириб юборди.
Ўктам бир сўз демади.
Бу воқеа унутилиб ҳам кетди.
Аммо қизи туғилганда Ҳамроқулнинг қилган ишини ҳамма эслади.
Қизнинг оёқлари буралиб-буралиб кетган эди.
Олиб бормаган жойлари қолмади.
Эҳ-ҳе, духтурлар-у, табиблар қизнинг оёғига нималарни боғлашмади.
Қиз барибир минг азоб билан қадам босди, довулда қолган дарахтдек тўрт тарафга чайқалиб юрадиган бўлди.
Кейин Кенжаси туғилди. Оёқлари опасининг оёқларидан ҳам баттар майишган эди.
Кенжа ҳам боши билан ҳавода айлана чизиб юрадиган бўлди.
Ҳамроқул икки боласининг кўзига қарай олмай дунёдан ўтиб кетди…

3. Эшак

Эшак ҳам одамнинг оғирини енгил қилиш учун бино бўлган бир махлуқ-да.
Болалигимизда ҳаммамизнинг эшагимиз бўларди.
Ҳаммамиз эшак миниб, мол боқардик.
Кечқурун келишда Гулдуртепадан Жаласойгача эшак пойга қилардик.
Толибнинг ҳангисига ҳеч кимнинг эшаги етолмас эди.
Кейинги ўрин менинг қора эшагимники эди.
Қора эшагим зўр эди. Биттагина айби бор эди: сувдан ўтмас эди.
Битта кўлмакни кўрса ҳам аждаҳога дуч келгандек тисарилиб кетар, ариқлардан ўтмай, баъзан мени ташлаб, қочиб ҳам кетар эди.
Бошқа болалар эшаклари билан кечиб ўтиб кетган ариқларни мен бир-икки чақирим наридан, кўприкдан айланиб ўтиб келар эдим.
Эшакни суймайдиган одамлар ҳам бўлар экан.
Қодир бобо деган одам бўларди.
Колхознинг саройи билан қўшни эди ҳовлиси.
Кимнинг эшаги кечаси бўшалиб, Қодир бобонинг ҳовлисига кириб қолса бас, бобо уни олиб бориб, саройнинг айвонига осарди.
Кекса бобой қандай уддалаган билмайман, аммо эрталаб “тартиббузар” эшак бечора саройда осилиб турганини кўрардик.
Бир хилининг оёқлари ердан бутунлай узилган, бир хилининг орқа оёқлари зўрға тегиб турган бўларди.
Бир гал Қодир бобо кечаси қоронғуда танимасдан, токларни пайҳон қилиб юрган ўзининг эшагини ҳам осиб қўйган экан.
Қодир бобони одамлар бу ишдан кўп қайтаришарди, аммо бобо қулоқ солмасди.
Қодир бобонинг ўлигини эшакнинг охуридан топишди…
***
Маманазар бобо эса колхоз боғига қоровул эди.
Маманазар бобо боққа кириб қолган эшакнинг албатта пайини кесар эди.
Пайи кесилган эшак эса “эшак бўлмайди”. Оёғини босолмайди.
Бечора эшак тургиси келади, аммо оёқлари ўзига бўйсунмайди.
Пайи кесилган эшак ўрнидан турмай… ўлиб кетади.
Маманазар бобонинг ўлганини “оқибатли” болалари уч кундан кейин билишибди…
***
Маманазар бобонинг ўғли Сотим посон бизга қўшни бўлиб қолди.
Менинг қора эшагим кечаси бўшалиб, унинг ҳовлисига ўтибди.
Сотим посон эшагимни ушлаб, эринмасдан сайисхонамизгача етаклаб келибди.
Сотим посон отаси қилган ишни қилибди.
Сотим посон эшагимнинг тўртала оёғининг ҳам пайини қирқибди.
Эшагим бир ҳафта туролмай ётди.
Эшагим ҳеч нарса емай қўйди.
Эшагим сув ҳам ичмай қўйди.
Еттинчи куни кечқурун хабар олгани борсам, кўзларидан шовуллаб ёш оқаяпти.
Мен … эшагимдан розичилик сўрадим.
Мен … эшагимга розичилик бердим.
– Мени кечир, жонивор, сени эҳтиёт қилолмадим. Биздан рози бўл! Бизлар сендан розимиз!
Тонгда борсам, эшагим ўлибди…
***
Сотим посон қинғир юришли эди.
Сотим посон кечаси элни ухлатиб, Хуррам тракторчининг йўғида унинг ҳовлисига кирибди.
Хуррам тракторчи уйида бўлмагани билан Бўрибосари уйда экан.
Дунёнинг ишлари қизиқ. Бўрибосар катта ит эди. Сотим посоннинг бўғзидан ҳам олиши, қорнини ҳам ёриши, қўлларини ҳам ғажиб ташлаши мумкин эди.
Бўрибосар Сотим посоннинг бир оёғининг пайини ғажиб ташлабди, холос.
Шармандагарчилик ўз йўлига, аммо шундан кейин Сотим посон қўлтиқтаёқда юрадиган бўлди.
Дунёнинг ишлари жудаям қизиқ. Сотим посоннинг ит пайини ғажиган, босолмайдиган оёғи қолиб, соғ оёғига қорасон тушди.
Дўхтирлар оз-оздан кесишиб, думбасигача боришди.
Сотим посон энди аравачада юрадиган бўлди.
Кейин қорасон иккинчи оёғига кўчди.
Дўхтирлар олти ойга бормай бу оёқни ҳам бутунлай олиб ташлашди.
Сотим посон қўллари бор кундага ўхшаб қолди.
Сотим посон кунини аравачисида кўчада, аниқроғи, Аширматнинг дўкони олдида ўтказадиган бўлди.
Сотим посон кунини ичкилик ичиб ўтказадиган бўлди.
Сотим посон уйига кеч-кеч қайтар бўлди.
Сотим посон тунни ярмидан оғдириб-ярмидан оғдириб қайтар бўлди.
Сотим посон кўринганга насиҳат қиладиган бўлиб қолди:
– Ҳайвонларга азоб берманглар! Ҳайвонларни урманглар! Ҳайвонларнинг юзига урманглар!
Сотим посон ёмғир ёққан ўша куниям жуда кеч кетган экан.
Сотим посонни эрталаб топишибди.
Сотим посон аравачаси ағдарилиб, балчиққа оғзи билан қопланиб, ўлиб қолган экан…