Каримберди Тўрамурод. Жаласойга мухбир келди (ҳикоя)

1

Жаласойни кичкина қишлоқ деманг, кўзингизга дўппидеккина кўрингани билан кунчиқари Шуллуклидан кунботари Келингўзаргача, кунгай бети Қозонариқдан тунгай бети Шомқочдигача Жаласойнинг ерлари.
Жаласойни андак-мундак қишлоқ ҳам деманг, биродар, Жаласойдан ёзувчи чиққан. “Ўзингники ўзагингни ейди”, деганларидек, ҳозирча фақат ўзимизнинг жаласойликларни ёзиб юргани билан кўрасиз, ҳали бир куни Тошкондан ҳам чиқади ёзганлари.
Нима дейсиз, бизнинг Жаласойга худди ана шу Тошкондан мухбир келди. Ҳаммани чойхонага йиғди.

2

− Замон ўзгарди, − деди гапни тепадан олган мухбир. – Энди анави райком боболарнинг, раис боболарнинг замони ўтди.
− Иҳ, − деб қўйди Раис бобо. – Тошкондан келган мухбир майлис қилса, бамаъни майлис бўлар десам, буниси ҳам бизларга осилди-ку?
− Сиз гапимни бўлмай туринг, − давом этди мухбир. – Энди замон ишбилармонники, энди замон тадбиркорники. Юрт оғалари тадбиркорликни қўллаб-қувватлаймиз, деб турибди. Тадбиркорликка кенг йўл, дейишаяпти. Бизга ҳам қишлоқ жойлардаги ишбилармонлар, тадбиркорлар ҳақида ёзинг, уларни эл танисин, билсин, дейишаяпти. Қани, сизнинг қишлоғингизда ҳам тадбиркорлар борми? Бўлса, айтинглар, улар ҳақида катта очерк қиламиз, улар машҳур бўлиб кетишади.
− Ҳа, Шаҳобиддинимизни ёзар экан, − деди Дов бобо керилиб. – Ойнали дўкон шу бизнинг ўғилда бор-да.
− Йўқ, Шаҳобиддинингизники давлатнинг дўкони, булар часнини ёзади, демак, Баҳодирни ёзар экан, − деди мулла Сафар бобо. – Жаласойда биринчи бўлиб эски автобусни топиб келиб, йўл четига ўрнатиб, ичига дўкон очган шу.
− Ҳа, яшанг, шу Баҳодирни ёки Дилшодни ёзади, Дилшод ҳам яхши дўкончи, − суҳбатга қўшилди чойхона эгаси Ҳабибулла ака. – Шошманглар, балки Султон қассоб билан Барот қассобни ҳам ёзса бўлар?
− Дўкончиларинг бўлмайди, ҳаммаси ароқ сотади, қассобларинг ҳам бўлмайди, уларнинг иши тадбиркорликка кирмайди, мухбир бола сизлардан тадбиркор борми, деб сўраяпти, − деди Раис бобо. – Бор ана шундай тадбиркор. Ҳозир ҳаммангнинг кунингга яраётган ким? Бу электрнинг йўқлигида ҳаммангни ўзи ёнар чироқчалар билан таъминлаётган ким? Газнинг йўқлигида, кўмирнинг йўқлигида ҳаммангни қиринди печка билан таъминлаётган ким? Ҳа, баракалла, Ашур муаллим. Ана, ҳозир ҳамманг майлисбозлик қилиб ўтирибсан, Ашур муаллим майлисга ҳам келгани йўқ, тадбиркорлиги билан банд. Ҳов, Паттақулнинг ўғли, сен мухбир амакингни тўғри Ашур муаллимнинг қўшма корхонасига олиб бор. Қолганингга жавоб, бориб ишингни қил ҳамманг!
Мухбир “Раис боболарнинг замони ўтди”, деганига пушаймон бўлди, Раис бобонинг бир оғиз гапи билан бир чойхона одам тарқади-кетди.
− Юринг ука, мени ўша Ашур муаллим деган табдиркорникига олиб боринг, − деди унинг оғзини пойлаб ўтирган Фаттоҳқул аканинг ўғлига.

3

Ашур муаллим ҳовлисида бир уста йигит билан юз литрлик эски бир бўчкадан печка ясаб турган экан.
− Сизларникига Тошкентдан меҳмон олиб келаяпман, − деди ҳовлига мухбирни бошлаб келган Фаттоҳқул аканинг ўғли. – Муаллим, сиз ҳақингизда газетага ёзгани келибди.
Ашур муаллим шошиб қолди.
− Сиз бораверинг, эртага келасиз, − деб устага жавоб бериб юборган Ашур муаллим қўлини ювиб, меҳмон билан кўришди. – Қани меҳмон, ичкарига кирамиз!
Меҳмонни меҳмонхонага олиб кирар экан, хотинига овоз берди:
− Поти, чой опке, меҳмон келди! Овқатга ҳам унна, меҳмон Тошкенти азимдан келибди, очиқиб қолган чиқар.
− Ургутда тушлик қилиб олувдим, − деди мухбир.
− Э, Ургутда еган овқатингиз бизнинг Жаласойга келгунча тушиб кетади, − кулди Ашур муаллим. Йўлларни кўргандирсиз, шалоғи чиқиб кетган? “Дамас”да келдингизми? Олиб отавериб, ичингизни тўкиб ташлагандир?
− Чидаса бўлади, − деб қўйди мухбир. – Аммо таъмирлаш керак экан.
− Шу, Қоши қоранинг замонида бир таъмирланганди, шунгаям эллик йил бўлди-ёв? − деди Ашур муаллим. – Шундан бери биров қарамайди бу йўлга.
Ашур муаллимнинг хотини чой, патнисда ширинликлар олиб келди, дастурхон ёзди.
− Келинг, меҳмон? – Ашур муаллим мухбирга савол назари билан қаради. – Тинчликми, ишқилиб? Биронтаси устимдан ёзибдими? Аммо айтиб қўяй, мен қонунни бузадиган бирон иш қилганим йўқ.
− Ҳеч ким устингиздан ёзгани йўқ, − деди мухбир. – Мен мухбирман. Ишбилармонлар, тадбиркорлар ҳақида мақола ёзгани келганман. Қишлоқдошларингиз энг катта тадбиркоримиз шу киши, деб сизни айтдилар. Шунга сиз ҳақингизда мақола ёзгани келдим.
Ашур муаллим тўрдаги тахмонда йиғиб қўйилган кўрпалар қатига қўлини суқди ва икки боғлам пулни олиб, мухбирнинг олдига қўйди.
− Ука, мана шуни олинг-да, бир нима ёзмай қўя қолинг!
− Сиз мени тушунмадингиз, − деди мухбир. – Мен сизни ёмонлаб ёзгани келмадим, сизнинг ишларингизни мақтаб ёзгани келдим.
Ашур муаллим кўрпалар қатидан яна икки боғлам пул олди. Уларни ҳам мухбирнинг олдига қўйди.
− Ука, келинг, шу мақтаб ҳам ёзмай қўя қолинг!
Мухбир пулларни ўзидан нари сурди.
− Нега тушунмайсиз? Мен сиз ҳақингизда ижобий мақола, очерк ёзмоқчиман. Бунинг ҳеч қанақа ёмон томони йўқ.
Мухбир Ашур муаллимга ўзининг яхши ниятда келганини тушунтиргунча Ашур муаллимнинг хотини битта хўрозни сўйиб, уни қовуриб келишга ҳам улгурди. Ана шу хўроз қовурмани еб бўлишгандан кейингина гаплари қовушди. Ким билади, гапни қовуштирган бошқа нарсадир, Ашур муаллимнинг ўғли Баҳодирнинг дўконига бир чиқиб келгандай бўлувди…

4

− Ҳаммаси Эшмон светчининг уриб, бошини ёрганимдан бошланувди, − деб интервью беришни бошлади Ашур муаллим. – Ўзи қишлоққа шу кейинги йигирма йилдан бери свет келмайди.
− Электр токи, − Ашур муаллимнинг гапини тўғрилаб қўйди мухбир.
− Ҳа, шу электр токи йигирма йилдан бери келмайди. Аммо хотин иккаламиз ҳам муаллим эдик, ҳар ой ойлигимиздан олдин эллик минг сўмдан олиб қолишарди. Кейин йўқ светга, яъни электр токига деб, юз минг сўмдан олиб қоладиган бўлишди. Юз минг сўмдан электр токига, юз минг сўмдан газга. Охирги марта газ келганда ана шу Қоши қора тирик эди.
− Брежневни айтасиз-да? – аниқлик киритмоқчи бўлди мухбир.
− Шундай. Хуллас, бир куни шу Эшмон светчи “Электрдан бир ярим миллион сўм қарзингиз бор экан, тўлаб қўйинг!” деб келди. “Эшмон светчи, эсинг борми ўзи? Сен ҳам шу қишлоқда яшайсан-ку, оғзингга қараб гапир, қишлоққа свет келмаса, катта холангникидан олдингми бунча қарзни?” дедим. Бир ой ўтиб, яна келди. Нима дейди денг? “Қарзингиз уч ярим миллон бўлибди, тўлаб қўйинг!” эмиш. “Энағар Эшмон светчи, бир ой олдин бир ярим миллион дегандинг, бир ойда икки миллион қўшилдими? Менинг свет билан ишлайдиган заводим борми?” дедим. Ёқасидан олиб, идорасига судраб бордим. Эр-хотин давлатга тўлаб қўйган пулларимизнинг каптансаларини кўрсатиб, ҳисоб-китоб қилдирсам, “Деҳқонобод электр тармоқлари” деган идора биздан етти миллион сўм қарздор экан. “Энди ҳам қарздорсиз, деб борсанг, бошингни ёраман”, дедим Эшмон светчига. Икки ой ўтмасдан “Меш миллион сўм қарз бўлибсиз, ҳеч бўлмаса, ярмини тўланг”, деб келди-да. “Ярмини тўласам, нима қиласан?” дедим. “Ярмини нақд менга тўласангиз, қарзингизни ўчириб юбораман, қарздор бўлмайсиз”, деди. Ўзи кўриб турибди, қишлоқда свет йўқ, фоунс ёқиб ўтирибмиз. Қўлимга фонусни олдим-у, “Светга тўлайинми?” дедим. “Ҳа, светга”, деди. “Мана шу светгами?” дедим. “Қайсигалигининг менга фарқи йўқ”, деди. Фонус билан калласига солдим. Нақд икки бўлак бўлди-ёв калласи. Эшмон светчи билан бир-икки ой судлашдик. Айтган пулини унга етказилган моддий ва маънавий зарар сифатида тўладим. Шундан кейин идорасининг каттасини чақириб, светнинг симларини кестириб ташладим. Газ идорасининг катталарини чақириб, газ қувурларини ҳам кестириб ташладим.
− Шундан кейин электр энергияси ва табиий газ учун тўловлардан қутулдингизми? – сўради мухбир.
− Ярага туз сепадиган мухбир экансиз-а? – деди Ашур муаллим. – Энг қизиғи, шугндан кейин ҳам ойлигимдан икки юз минг сўмдан олиб қолавергач, мактабнинг катталаридан ҳам аразладим. Ишдан кетдим. “Ана энди ҳам мендан пул олиб кўринглар-чи?” дедим. Аммо янгангиз пенсиягача ишлай, деб мактабдан кетмади, ана, ҳалигача ойлигидан икки юз минг сўмдан ушлаб қолишади. Бўлмаса, РайОНОдагилар ҳам билишади, мен анови идоралар билан тортишиб, газни ҳам, светни ҳам уздириб ташлаганимни. “Барибир ойлигингиздан ушлаймиз, тепанинг кўрсатмаси шундай”, дейди мудир.
Бу орада Ашур муаллимнинг аёли Фотима опа мева-чева олиб кириб, интервью бўлинди.

5

− Энди тадбиркорликни қандай бошлаганингизни айтиб беринг, − гапни ўзинин қизиқтирган томонга буради мухбир.
− Энди бизники сиз мухбирлар айтадигандек, орзу ё ҳавасдан бошлангани йўқ, − деди Ашур муаллим. – Бизники аччиқ билан бошланди. Электр тармоқлари деган идора билан тортишиб қолганимдан кейин сизлар айтмоқчи, “Муқобил электр энергияси”ни ахтардим. Бу ишга хитойликлар уста экан. Аввалига уларнинг свет ёнганида бирор соат токка улаб қўйсанг, бир сутка уйни ёритиб турадиган осма фонарларини олиб келдим. Одамлар бирам олди, бирам олди-ей! Ҳар ҳафта мингтагача олиб келаман, ҳаммаси кетади. Кейин бу матоҳ ҳам ўтмай қолди. Чунки қишлоққа свет бир соат ҳам берилмай қолди-да. Ана шунда жонимга яна хитойликлар оро кирди. Хитойлик бало экан, биздаги аҳволни тинмай ўрганиб туришади, шекилли, электр токи бўлмаса ҳам ёнадиган фонарлар ишлаб чиқара бошлашди. Улардан батарея ёрдамида узоқ ёнадиган фонарларни олиб келиб сотишни йўлга қўйдим. Халқ бирам олди, бирам олди-ей!
− Аммо уларнинг батареяси тез тамом бўлиб қолади-ку? – деди мухбир.
− Ана, ўлманг, ана шу томони панд бериб, бу матоҳга ҳам талаб сусайди. Хитойлик буни ҳам сездими, дейман, батареясиз ҳам ёнадиган чироқларни ишлаб чиқаришни бошлади. Мен энди ана шунақа фонарларни олиб келиб сотишни йўлга қўйдим. Кундузи қуёш нури тушиб турадиган ерга қўйиб қўйсангиз, бўлди, оқшоми билан фонарни ёқиб, китобни ўқийверинг! Ана бунақа фонар халқнинг дилидаги нарса бўлди. Халқ бирам олди, бирам олди-ей! Ана, куни кеча Хитойдаги шерикларим шунақа фонарлардан яна беш мингтасини юборишибди.
− Бу фонарчалар ёрдамида бемалол китоб ўқиса бўлади, дедингиз, демак халқимизни китобхон қилишда ҳам бу фонарчаларнинг аҳамияти катта экан-да? – деди мухбир.
− Э, нимасини айтасиз? Ишқилиб, қишлоққа свет бермай туришса, бўлгани. Свет келса, ёшлар ёппасига телевизор кўради. Ҳаммаси корей сериалларига мубтало бўлган эндиги ёшлар. Ким билади, балки бу дардга телевидение раҳбарлари чалингандир. Хотинларни айтмайсизми, ҳаммаси телевизорга ёпишиб, “Ишани” кўришади. Свет бўлмагани яхши. Ҳам бизнинг савдо юришади, ҳам ёшлар бизнинг фонарчалар ёруғида китоб ўқишади. Ана, ўзимнинг кенжам, кеча “Ўтган кунлар”ни ўқиб бўлибди. Коллежда ўқийди. Биз бу китобни еттинчи синфда ўқиган эдик.
− Бу борадаги келгуси режаларингиз қандай? – сўради мухбир.
− Режаларим катта, − деди Ашур муаллим салгина гердайиб. – Йилнинг охиригача Ургут туманини қуёш батареяси ёрдамида ишлайдиган фонарчалар билан тўлиқ таъминламоқчиман. Яна бир яхши ниятим бор. Халқимиз дунёда бўлаётган ишлардан бехабар қолиб кетмасин, деган ниятда Хитойдаги ҳамкорларимга ўн мингта қуёш батареясида ишлайдиган радиочалар буюртма қилдим. Дастлабки икки мингтасини юборишди. Э, одамлар бирам олаяпти, бирам олаяпти-ей! Ҳаммасининг қулоғида бизнинг радиоча. Бир-бирига янгиликларни айтганини кўрсангиз. “Эшитдингизми, энди биз катталарга эмас, катталар бизга хизмат кўрсатишаркан”, дейди биттаси. “Халқ биздан рози бўлсин, дейишаяпти, энди ишларимиз яхши бўлиб кетадиганга ўхшайди”, дейди бошқаси. “Энди туялар думи узун-узун бўлиб туғилаяпти эмиш”, дейди раис бобо бу гапларга кулиб қўйиб, аммо ўзи халқаро янгиликларга қулоқ солади. “Шу Трапмни сайлиб, америкаликлар адашди-ёв, у соғ эмас”, дейди Раис бобо. “Эшитдиларингми, Сурия ҳам тинчиётган эмиш”, деб қолади баъзида.
Фотима опа “Чойларингизни янгилаб берай”, деб кириб, Ашур муаллимнинг интервьюси узилиб қолди.

6

− Газ қувурларини узиб ташлаган бўлсангиз, уйни қандай иситаяпсиз? – сўради мухбир.
− Ҳа, яшанг, ана энди асосий саволни бердингиз, − деди Ашур муаллим. – Аслида, бизнинг тадбиркорлик ҳам ана шу газдан, аниқроғи, газнинг йўқлигидан бошланди. Нима қилсак, уйни камхаражатроқ иситар эканмиз, деб кўп ўйландим. Чунки, ҳалиги гап, газнинг ҳиди ҳам йўқ. Кўмирнинг нархи осмонда. Қоши қаронинг замонида машина билан олиб келиб ағдарган кўмирфурушлар энди кўмирни халталаб, килолаб сотишдан ор қилишмаяпти. Кўмир олганинг билан унинг ҳам ўзи ёнмайди. Тагига ўтин қалаш керак. Анови, икки минг еттимиди, саккизмиди, хуллас, қиш қаттиқ келган йили дашт томонда тикка турган дарахт қолмади, барини одамлар кесиб ёқди. Юз йиллик тутлар ҳам кесилиб кетди ўшанда. Ҳовлилардаги дархтларини, токларини кесиб, ўтин қилиб ёқди ўшанда одамлар.
− Ҳа, ўшанда қиш жуда қаттиқ келганди, − маъқуллади мухбир. – Отам бу қишни 1969 йилнинг қишига менгзаган эди.
− Ана шунда менинг каллам ишлаб қолди-да, − деди Ашур муаллим. Паттақул устани олиб келиб, эски бўчкадан бир печка ясатдим. Ичига ёғоч-тахта устахоналарида босилиб ётган қириндилардан олиб келган қипиқни тўлдириб, озгина керосин сепиб, ёқиб қўйдим. Бир бўчкаси уйни эрталабгача иситди. Кейин шунақа печкаларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйдим. Печкамизга уста Паттақул билан маслаҳат қилиб, “ҚП-2008” деб от қўйдик.
− Нега отини “ҚП-2008” қўйдингиз? – сўради мухбир.
− Қиринди печка, дегани-да, − кулди Ашур муаллим. – 2008 унинг ихтиро қилинган йили.
− Бу ихтиронгизни ҳам ҳам халқ яхши қабул қилдими?
− Э, халқ “ҚП-2008”ни бирам олди, бирам олди-ей! Ҳалигача буюртма устига буюртма тушиб турибди. Ургут тумани қишлоқларини “ҚП-2008” билан таъминлаб бўлдик, ҳозир қўшни Тайлоқ, Самарқанд, Жомбой туманидаги қишлоқларнинг аҳолисига ҳам кўп миқдорда “ҚП-2008” печкаларини етказиб бермоқдамиз.
− Бу печкаларнинг қулайлик томонларини билдик, − деди мухбир. – Унинг ноқулай томонлари ҳам борми?
− Афсуски, бор, − деди Ашур муаллим. – Авваллари устахоналарда, “пеларама”ларда уюлиб ётган, шунчаки ёқиб юборилган қиринди, яъни апилкаларнинг нархи кўтарилиб кетди. Олдин сўраб борсак, устахонасини тозалаб берганимизга хурсанд бўлиб, текин бериб юборган, устига дуо ҳам қилган усталар, ёғоч кесувчилар энди қириндининг бир машинасини бир миллион сўмга сотишаяпти. Биз ҳам қараб турганимз йўқ, корхонамизда арзон қиринди ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйдик. Аҳолидан яроқсиз ёғоч буюмларни олиб, уларни қайта ишлаб, яъни қиринди ҳолига олиб келиб, яна аҳолининг ўзига арзон нархларда етказиб бераяпмиз.
− Ашур ака, корхонангизда неча киши ишлайди? – сўради мухбир. – Ҳозир ёшларга ишчи ўрни яратиш масаласи кўтарилган, корхонангиздаги иш ўрнини маҳалла ёшлари ҳисобига кенгайтириш борасида режаларингиз қанақа?
− Ҳозирча қўшма корхонамизда ўзимизнинг маҳалладан иккига яқин кишини кишини иш билан таъминлаганман, − деди Ашур муаллим. – Бу йил ишчиларим сонини маҳалладага коллеж битирувчилари ҳисобига икки баравар оширишни режага киритганман. Уста Паттақулнинг ўғли қишлоқдаги коллежнинг ҳуқуқшунослик бўлимини битираяпти, шу болани отасининг ёнига ишга олмоқчиман. Ўзи шу боланинг анча қўли келиб қолган “ҚП-2008” печкарини ясашга. Ўзимиз кежани ҳам унинг ёнига қўшсак, ишчиларимизнинг сони ҳозиргидан уч баравар ошиб турибди-да, мухбиржон.
− Яхши. Мен энди борай, − ўрнидан қўзғалди мухбир. – Мазмунли суҳбатингиз учун сизга катта раҳмат, келгуси ишларингизда улкан муваффақиятлар тилайман, соғ бўлинг!

7

Мухбир келиб кетгани Ашур муаллимнинг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшиб юборди. Ашур муаллим Хитойдаги ҳамкорларидан қуёш батареялари ёрдамида ишлайдиган митти телевизорларга буюртма берди.
− Жаласойликлар ҳам дунёда бўлаётган ишларни ўз кўзлари билан кўришлари керак. Ахир жаласойликлар ҳам ҳеч қачон ҳеч кимдан кам бўлмаган. Бу қишлоқдан тарихда зўр босмачилар чиққан. Керак бўлса, Уста бобо, Раббим чол, Дона муаллим, Хўжақул боболар урушда Берлингача борган, − деди Ашур муаллим чойхонага чиққанда. – Э, ҳеч кимдан кам бўлмайди ҳам, керак бўлса, ўзимиздан ёзувчи ҳам чиққан.
Ана шундай. Жаласойни андак-мундак қишлоқ деманг, биродар, бу қишлоқдан тадбиркорлар ҳам чиққан, керак бўлса!