Каримберди Тўрамурод. Палов (ҳикоя)

Ёзганларим элнинг сараларини териб-териб сотганларга лаънатим бўлсин!
Ёзганларим элнинг сараларини териб-териб отганларга лаънатим бўлсин!
Ёзганларим элнинг кўзидан ўтини олган истибдодга лаънатим бўлсин!

1.
Ай, юртга бало келди.
Юртга ёмон бало келди.
Юртга сотқинлик балоси келди.
Юртга хоинлик балоси келди.
Юртга чақимчилик балоси келди.
Бало дегани гуппа-гуппа келди, ҳўлу қуруққа баб-баравар ўт қўйиб келди.
Қўшни қўшнини сотар бўлди.
Шогирд устозга хоинлик қилар бўлди.
Қўли калта қўли узуннинг кўзига чўп суқар бўлди.
Жиян тоғани чақар бўлди, ини оғани чақар бўлди.
Борингки, бола отани ҳам чақар замон бўлди.
Бир киши чаққан одамга бир киши ҳукм ўқир бўлди, бир киши олиб бориб, турмага тиқар бўлди.
У бир киши, ажали етмаган бўлса, майиб-мажруҳ бўлиб, беш-ўн йилда турмадан чиқар бўлди.
Ажали етган бўлса, бир тупканинг тагида бир иймонсиз пақиллатиб отди-ташлади. Бежаноза кетаверди, бекафан кетаверди.
Мамлакат турмахона бўлди. Очиқда юрган одамнинг сони турмадаги одамнинг сонига етай деб қолди.
Турмадагиларнинг кўпи янги-янги турмахона қуриш билан банд бўлди.

2.
Ҳўлу қуруқ баб-баравар ёнгач, катта ёзувчиман, катта шоирман дегани Сибирда юргач, Жаласойнинг кападеккина мактабида Навоийдан дарс бериб юргич, кўринганга шеър айтиб юргич Эшмурод шоир очиқда юрса анови хоинлар, анови сотқинлар, анови чақимчилар кечаси тинч ухлай олармиди? Ҳеч-да.
— Биздан шоир чиқди, — деди сотқин. — Оти? Оти Эшмурод. Эшмурод шоир. Ғаразли-ғаразли ёзади. Шубҳали-шубҳали ёзади. Ўқи, ўқи, сен ўқиб бер, мен эскичани ўқиялмайман.
 — Мундай-мундай ёзади, — деди чақимчи ва ҳижжалаб-ҳижжалаб шеър ўқиди: —
Эркингни бердинг, халқим,
Энди ғаминг ортади.
Елкангга минган итлар
Тишлаб ҳар ён тортади.
— Ким ит? — столга муштлади қора камзулли. — Кимни ит деяпсан, ярамас?
 — Мен эмас, мен эмас, шоир ит дейди, — қилпиллади чақимчи. — Ана шу Эшмурод катта оғамизди кучук дейди-да.
— Эшмурод шоирингга кўрсатиб қўяман итнинг қанақа бўлишини? — оғзидан кўпик сачратди қора камзулли.

3.
Эшмуродни ярим тунда судраб кетишди.
Хотини бўзлаб қолаверди, Эшмурод шоирнинг.
Уч боласи чирқиллаб қолаверди, Эшмурод шоирнинг.
Саксонга борган онаси ерни муштлаб, қарғаб қолаверди, Эшмурод шоирнинг.

4.
— Чўлпон деган мараз билан қандай алоқанг бор, айт! — бақирди қора камзулли.
— У одамди танимайман, — деди ҳаммаёғи моматалоқ бўлиб кетган Эшмурод. — Ўлай агар, танимайман.
— Усмон Носир деган маслакдошингниям танимассан? — Эшмуроднинг юзига мушт солди қора камзулли. — Униям кўрганим йўқ дерсан?
— Ундай шоирлар Тошконда бўса, мен бир Жаласойдан чиқмаған одам бўсам, қаердан кўраман у шоирларди? — деди Эшмурод юзидан оққан қонни артиб.
— Танийсан, ҳаммасини танийсан! — этиги билан Эшмуроднинг қорнига тепди қора камзулли.
Букчайиб-букчайиб қолди, Эшмурод.
— Беҳбудий билан учрашгансан! — Эшмуроднинг елкасига тепди қора камзулли. — Ё бундан ҳам тонасанми?
Бурчакка учиб тушди, Эшмурод.
— Шаҳарда ўқиғанимда бир-икки келиб эди ўқув жойимизға, — деди қаддини зўрға кўтарган Эшмурод. — Улар ким-у, мен ким? Улар билан гаплашишга бизга йўл бўсин?
— Гаплашгансан! Ундан кўрсатмалар олиб тургансан. Қанақа кўрсатмалар олиб турганингни ёзиб берасан. Асл мақсадларинг нималигини ёзиб берасан. Бўлмаса сен шоирчани турмада чиритаман! — Эшмуродга стаканни отди қора камзулли, кейин бир қўнғироқчани чалди.
Хонага бир навбатчи милиционер кирди.
— Бу бузғунчи шоирни олиб бориб, якка камерага тиқинглар! Овқат берманглар! Маслакдоши, устози, шериклари кимлигини айтмагунча калтакланглар!
Навбатчи судраб кетди, Эшмуродни.
Орқасидан ғижиниб қараб қолган қора камзулли алам билан Эшмурод шоирнинг сатрини такрорлади:
— Елкангга минган итлар
Тишлаб ҳар ён тортади…
Қора камзулли жойига ўтирар экан, тишлари орасидан сўзланди:
— Тишлаб ҳар ён тортиш мана бунақа бўлади, шоир, мана бунақа бўлади!

5.
Ай, таёқ билан одам ўлмас экан!
Урган билан одам одам ўлмас экан!
Ким нима деса десин, аммо очликдан ҳам одам ўлмас экан!
Ўлса, Эшмурод ўларди!
Шунча таёқ еса эшшак ўларди, шу таёқнинг ярмини еса ҳўкиз ўларди, аммо Эшмурод ўлмади.
Шунча кун овқат емаса, сув ичмаса туя ўларди, фил ўларди, аммо Эшмурод ўлмади.
“Одамнинг жони тошдан қаттиқ бўлади”, деганлари чин экан-да. Тошдан жони қаттиқ бўлди, Эшмуроднинг.
Уравериб, чарчади, назоратчилар.
Уравериб, қўллари оғриб кетди, назоратчиларнинг.
Ургилари келмай ҳам қолди, назоратчиларнинг.
Аммо бу Эшмурод шоир деганлари ўр бўлса, қайсар бўлса нима қилсин, бечора назоратчилар ҳам.
 — Хўжайин айтган гапларни ёз-да, қўл қўйиб бер! Сен ҳам қутил, биз ҳам сендан қутилайлик, шоир, жонга тегиб кетдинг-ку? — Эшмуроднинг орқасига тепди биринчи назоратчи.
— Шоир кўриб, сендай ўрини кўрганим йўқ! — Эшмуроднинг кўксига муштлади иккинчи назоратчи. — Ана катталаринг, Али Шарафий, хўжайин ўргатгандек қилиб ёзиб, қўл қўйиб бердию, чиқди-кетди. Тўртта шоир билан битта газета муҳарририни фош қилиб берди, улар қамалди, бўлди. Ўзи ҳозир мазза қилиб хотинчаси, бола-чақасининг олдида юрибди.
— Сен ҳам хўжайин айтганларни ёзиб бериб, мазза қилиб уйингда юрмайсанми, аҳмоқ? — яна Эшмуродни тепди биринчи назоратчи. — “Айтганларимга кўнсанг, ишлаб турган мактабингга директор қилиб қўяман”, деяпти-ку хўжайин, галварс!
— Менга директорлик керак эмас, — деди Эшмурод. — Директоримиз яхши одам. У хўжайинингиз айтгандек бузғунчи эмас.
— “Бузғунчи деб ёз!” дедими ёзасан! — деди тишланиб иккинчи назоратчи. — Ёзмаганингга қўймаймиз!
Улар яна тепкилашди, Эшмурод шоирни.
Йиқилиб, ғужанак бўлиб қолди, Эшмурод шоир.
— Бўлди, ўлиб қолмасин! — деди биринчи назоратчи.
 — Булар ўлмайди, шоирларнинг жони қаттиқ бўлади, — деди иккинчи назоратчи. — Майли, юр, мен ҳам чарчадим, бироз дам олайлик!

6.
— Айтинглар, уйига хат ёзсин! — деди қора камзулли. — Қари онаси, хотини ва болалари келсин! Уларни кўргач, “Агар айтилганларни ёзиб, қўл қўйиб бермасанг, хотинингни олиб қоламиз, бир кеча биз билан қолади”, денглар! Шундан кейин ҳам ёзиб бермаса, ўзидан кўрсин, Тошкентга жўнатиб юборамиз!

7.
Эшмуроднинг хотини хат олди.
“Сизларни соғиндим. Болаларни соғиндим. Энамни соғиндим. Худо буларга инсоф берди, шекилли, “Сенга рухсат, хотининг, энанг, болаларинг кўргани келса, майли”, дейишаяпти. Менга ул-бул кўтариб келиб, овора бўлманглар! Жуда бир нарса олиб келгинг келса, бир чуқумгина палов қилиб кел, аяси, сен қиладиган зиғир ёғли паловдан егим келган. Бу ерга келганимдан бери овқат беришмайди. Бир кунда бир стакан сув, бир тўғрам бўлка нон беришади, холос. Баъзи кунлари шуниям бермай қўйишади. Нимагадир уч-тўрт кундан бери кўзимга товоқдаги зиғир ёғли палов кўринади”.

8.
Ором қолдими, Эшмуроднинг хотинида?
Ҳаловат қолдими, Эшмуроднинг хотинида?
Энди нима қилсин? Уйда на гўшт бор, на зиғир ёғи.
Аммо палов қилиб бормаса бўлмайди турмахонага, эри “зиғир ёғли палов егим келган”, деб ёзибди-да.
Ай, қуриб кетсин йўқчилик. Сотгулик бир нарса қўлига илинмайди. Аммо палов қилиб бормаса бўлмайди турмахонага, эри “келганимдан бери овқат беришмайди”, деб ёзибди-да.
Бировдан чорак килогина гўштга пул сўрашга бети чидамайди, Эшмурод хотинининг. Аммо палов қилиб бормаса бўлмайди турмахонага, эри “уч-тўрт кундан бери кўзимга товоқдаги зиғир ёғли палов кўринади”, деб ёзибди-да.
Меҳмон келганда соладиган бир кўрпасини елкалади Эшмуроднинг хотини. “Энди бизникига келадиган меҳмон қани?” деди.
— Дадасини кўргани борадиган бўлиб қолдик. Укангизга бир товоққина ош қилиб борсам девдим. Пулимиз йўқ эди. Шуни олинг, озроқ гўшт беринг, илтимос! Худо хайрингизни берсин!
Қассоб кўрпани ёзиб кўрди. Қассоб кўрпани ағдариб кўрди. Қассоб кўрпани қатлаб, қассобхона ичидаги тахмонга тиқди.
Эшмуроднинг хотинининг олдига тарозига қўйиб ҳам ўтирмасдан муштдек гўшт ташлади, қассоб.
Гўштни енги ичига солди, Эшмуроднинг хотини:
— Раҳмат! Болаларингизнинг роҳатини кўринг!
Эшмуроднинг хотини кетгач, қассоб кўрпани олиб, яна бир кўздан кечирди. Яна жойига йиғиб қўйгач, ёнидаги кишига деди:
— Кўп бермадимми, ишқилиб? Нима дедингиз?
— Ҳай, аттанг, оғир кунга қопти Эшмурод малимди оиласи, қассоб, ёмон кунга қопти, — деди у одам бош чайқаб. — Ҳаммамизди боламизди ўқитгичийди, муштдай гўшни шундай бериб юборсангиз ҳам бўларди. Худо билади, уйида бошқа кўрпаси борми, йўқми?
— Мени айбим нима? — деди қассоб. — Шундай бериб юбораверсам, нима кўп, бунга ўхшаган оч кўп, қамалганди боласи кўп. Қайси бирига етказаман буларди? Ҳалиям жон десин, эски бир кўрпаси учун бир ошлик гўшт бердим. Энди кўрпа буларга керак бўмайди. Маллим кетдими, қолганиниям тортади. Уруғ-аймоғи қурийди энди, маллимди.
— Тавба денг-а, тавба денг! — ундан узоқлашди ҳалиги одам.
Эшмуроднинг хотини келинлигидан бери киймаган, “Болаларнинг тўйини қилганда кияман”, деб асраб қўйган бир атлас кўйлагини рўмолга ўраб, жувозчиникига чиқди.
Жувозкашнинг хотинига ҳалиги куйлакни тутди.
— Айланай, қўшни, қизингиз кияр, келин олсангиз асқотар, шуни олиб, эрингизга айтинг, ярим косагина зиғир ёғ берсин. Дадасини кўришга рухсат теккан экан, бир товоққина ош қилиб борай девдим. Ўзингиз биласиз, пулимиз йўқ. Илоё, дунё тургунча туринг!
Жувозкашнинг хотини кўйлак билан косани кўтариб, жувозхонага кириб кетди.
Жувозкашнинг хотини кўйлак билан косани кўтариб, жувозхонадан чиқиб келди.
Коса тўла ёғ бўлди.
— “Маллимди хизмати кўп, бир коса ёғ от билан туя бўптими?” деди эрим. Кўйлагингизни ҳам олиб кетаркансиз. “Кўйлакни Эшмурод оқланиб келганда кияди”, деди эрим.
Кўзлари тўла ёш бўлди, Эшмуроднинг хотинининг.
Тиллари тўла дуо бўлди, Эшмуроднинг хотинининг:
— Биздан қайтмаса, Худодан қайтсин!

9.
Эшмуроднинг хотини Эшмуроднинг онасини ва учта боласини эргаштириб, турмахонага келди.
Уч эшикдан ўтишди. Уч эшикнинг ҳам катта-катта қулфларини очиб, буларни киргизишиб, орқаларидан яна катта-катта қулфларни қулфлаб қўйишди.
Панжараларнинг орасидан олиб ўтишиб, панжарали бир нимқоронғу хонага киритишди. Бошларида туриб турди, бир назоратчи.
Панжаранинг нариги тарафидан Эшмуродни олиб келди, бошқа назоратчи.
Қўллар отага талпинди. Кошки қўллар отага етса!
Қўллар болаларга талпинди. Кошки қўллар болаларга етса!
Қўллар панжарадан узанди.
— Мумкин эмас! — тўнғиллади биринчи назоратчи.
Панжара узра термулишдилар.
Панжара узра сўрашдилар.
— Ўзингни олдириб қўйибсан, — пиқиллади Эшмуроднинг онаси. — Қишлоққа борсанг одамлар танимайди.
— Дадаси, ош қилиб келувдим, сиз яхши кўрган зиғир ёғидан солганман. Совумасдан еб оласизми? — устига битта патир ёпилган товоқни дастурхони билан узатди Эшмуроднинг хотини.
— Мумкин эмас! — товоқни олиб қўйди иккинчи назоратчи.
Зиғир ёғли паловнинг ҳиди гуппиллаб турган товоққа қараб бир ютиниб, бир тамшаниб, лабини бир ялаб қўйди Эшмурод.
Ҳақсизликнинг, ҳуқуқсизликнинг шунчалар бўлиши ҳам мумкинлигини кўриб, кўзлари ёшланиб кетди Эшмуроднинг хотинининг.
— Учрашув тугагач, киритиб берамиз, хонасида ейди, — деди биринчи назоратчи.
Ярим соат дегани бирпасда ўтди-кетди.
Эшмурод қишлоқдаги гапларни сўрашга улгуролмади, панжара ортидагилар Эшмуроднинг гуноҳи нима эканини билишга улгуролмади.
— Вақт тугади! — деди биринчи назоратчи.
— Маҳбус, учрашув хонасини тарк этинг! — деди иккинчи назоратчи.
Яна қатор-қатор эшикларни очиб-қулфлаб, Эшмуроднинг яқинларини олиб чиқишди.
Яна қатор-қатор эшикларни очиб-қулфлаб, Эшмуродни бошлиқнинг хонасига олиб киришди.

10.
— Уйимдагилар кетди, деб ўйласанг, хато қиласан, — деди қора камзулли. — Тўғри, энанг болаларингни олиб кетди. Аммо хотининг қолди. Ишонмасанг, ана, деразадан бир қараб қўй!
Биринчи назоратчи Эшмуродни дераза ёнига олиб келди.
Фарёд уриб кетаётган онасини кўрди, Эшмурод.
Ортларига қараб-қараб, йиғлаб-йиғлаб кетаётган болаларини кўрди, Эшмурод.
Уларнинг орасида хотинини кўрмади, Эшмурод.
— Номардлар! — бир юлқинди Эшмурод.
Бир уриб, уни ерга ағдарди, иккинчи назоратчи.
— Биз ҳали номард бўлдикми? Икки ойдан бери бир энлик қоғозга қўл қўймаётган сен аҳмоқ мард бўлдинг-у, биз номард бўлдикми? — Эшмуроднинг оёқлари орасига тепди қора камзулли. — Номардликни ана энди кўрасан! Мен айтган гапларни ўзинг ёзиб, ўзинг қўл қўйиб берасан! Бўлмаса, хотинингни манави қоплонларнинг ҳар бири сенинг кўз олдингда хотин қилишади. Шундаям ёзмасанг, эртага қизингниям олиб қоламан. Ўндан ошганга ўхшайди ёши-а? Тўрт қатор нарсани ёзиб, қўл қўйиш хотининг ва қизингнинг номусидан қиммат турса, ўрлик қилиб ётавер! Кўзимдан йўқотинглар, бу маразни!
Икки назоратчи Эшмуродни судраб бориб, камерасига тиқишди.
— Яхшилаб яна бир ўйлаб кўр, хўжайин айтган гапларни! — деди биринчи назоратчи.
— Биз буйруқни бажарувчи одамлармиз, биздан хафа бўлма! — деди иккинчи назоратчи. — Бизга фарқи йўқ, шоирнинг хотиними, олимнинг хотиними. Не-не катталарнинг хотинларини, не-не катталарнинг қизларини эрлари ёки оталарининг олдида расво қилганмиз, ошна. Иснодни кўтара олмай, ўзларини осиб қўйгани нечта. Ўйлаб кўр, шоир, ўйлаб кўр!

11.
Назоратчилар Эшмуроднинг камераси рўпарасига стул қўйиб ўтиришди.
Улар нима дейишаётганини эшитиб ётди, Эшмурод.
— Паловни нима қилдинг, хумпар?
— Совумасин деб ўраб қўйибман, олиб келайми?
— Сўраб ўтирасанми, тезроқ олиб кел! Ҳали, шоир бола-чақаси билан гаплашиб бўлгунча ўлиб қолай дедим, ҳиди димоғимни қитиқлаб ташлади.
— Ҳа, мен ҳам ҳидига тоқат қилолмай, учрашув вақтининг ярми тугамай туриб, “Учрашув вақти тугади, чиқинглар!”, деб юбордим. Жониворнинг ҳиди ўзиям димоқни ёриб юборай деди-да.
— Бўлди, кўп гапирмай, паловни олиб кел, совуб кетмасин!
Биринчи назоратчи тугунни олиб келиб очди.
Иккинчи назоратчи патирни ушатди.
— Аммо шоирнинг хотини патирни ҳам боплар экан-а? — деди у патирнинг бир бўлагини оғзига солиб.
— Э, паловни ўлдирар экан, паловни. Қани, бошласинлар-чи? — деди биринчи назоратчи.
Мақтай-мақтай патирни едилар, назоратчилар.
Билакларигача зиғир ёғни оқизиб-оқизиб, паловни едилар, назоратчилар.
Тамшаниб-тамшаниб ётди, Эшмурод.
Ютиниб-ютиниб ётди, Эшмурод.
— Бай-бай-бай, умрим бино бўлиб бундай ширин ошни емаганман, — деди биринчи назоратчи.
— Бу, шоирнинг хотинини олиб бориб, янгангга ош қилишни ўргатсаммикан-а? — деди иккинчи назоратчи пихиллаб кулиб.
— Энди-и, олиб бориб, нимани ўргатасиз, нима ишингизни қилдирасиз, сизнинг ихтиёрингизда, — ҳиринглади биринчи назоратчи.
Иккаласи хо-холаб кулишди.
Тишларини ғижирлатиб-тишларини ғижирлатиб ётди, Эшмурод.
Ниҳоят, ўрнидан туриб, эшикка яқин келди, Эшмурод.
— Қоғоз беринглар, қалам беринглар!
— Шоир бир нима дедими? — деди биринчи назоратчи.
— Ингради, шекилли, бир жойи оғриётгандир? — деди иккинчи назоратчи. — Ошни тугатиб қўяйлик, кейин хабар оларсан! Унгача шоиринг ўлиб қолмайди.
— Ҳа, у ўлмайди, шоирнинг жони қаттиқ.
Бечора назоратчилар анча оч қолишган экан, ошни қолдирмай еб, товоқдаги зиғир ёғнинг юқини ҳам ялаб-юлқаб қўйишди. Патир шўрликдан ҳам урвоқ қолмади.
Кекириб-кекириб қўйди, назоратчилар.
Керишиб-керишиб олди, назоратчилар.
Сочлари сариқ, кўзлари кўкиш эди назоратчиларнинг.
— Аммо зиғир ёғли палов роса одамга куч берар эканми? — деди биринчи назоратчи. — Ўзимни доимгидан ҳам кучли, шижоатли ҳис қилаяпман.
— Мен ҳам анчадан бери бундай кучли овқат емаган эканман, кучим билагимга сиғмай кетаяпти, сен идишларни йиғиштириб ол, мен энди бу кучни бирор жойга сарф қилмасам бўлмайди, — деди ўрнидан турган иккинчи назоратчи. — Бориб, шоирни беш олти мушт урмасам бўлмайдиганга ўхшайди. Зиғир ёғли ошдан кейин одамнинг қўли ҳам бошқача қичир экан.
Биринчи назоратчи кула-кула, идиш-товоқни йиғиштиришга тушди.

12.
Иккинчи назоратчи енгини шимариб, Эшмурод ётган камера эшигини очди…

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 52-сонидан олинди.