Катта ҳовли. Пахса девор билан ўралган. Тартиб билан гуллар экилган. Ҳаммаёқ саранжом-саришта. Ҳовлининг бир четида мол-ҳолга алоҳида жой қилинган. Супанинг кунчиқар тарафида шохлари тарвақайлаган бақувват катта дарахт – қайрағоч. Ғадир-будур, тўқ жигарранг пўстлоқ билан қопланган танаси қулочга сиғмайди. Уч-тўрт қуриган шохи осмону фалакка нолакор узалган қадоқ қўлларга ўхшайди.
У супа устида оқ оралаган сочларини кафти билан силаган кўйи ўйга чўмган эди. Узоқдаги тоғ чўққилари бугун ўзининг аввалги тароватини йўқотгандай туюлди. Қани энди имкон топилса-ю, кўнгил хираликларини сидириб ташласа. Афсус, бунинг иложи йўқ! Ҳаёт мураккаб, турмуш чигал…
У беихтиёр камзули чўнтагини ковлади. Қўлига қаттиқ нарса илашди.
Тудана! Эсига тушди: Ўттиз йиллар олдин бўлган эди бу воқеа. Илмий ишини ҳимоя қилиш учун хориж сафарига кетаётган пайт ота-она уни чақириб олишди. Фотиҳадан сўнг, отаси чўнтагидан кичкина бир нарса чиқарди. У бунинг тудана эканини пайқади. Пайқади-ю, машинасида тумор тақиб юрганлиги учун ишдан ҳайдалган одамларнинг изтироб чекканини кўз олдига келтириб, отам ҳам қизиқ-да, деган фикр хаёлидан лип этиб ўтди. Бироқ, отасининг халқ достонларини ёддан билиши, эшитганлар сел бўлиб йиғлашини эслади-да, мийиғида кулиб қўя қолди. Кўзига қараб турган отасининг юзи сал қизариб кетганидан ўғил отасининг бу фикрини англаганини сезди. Отаси эса босиқлик билан гапирди: “Ўғлим, мен бу туданани мана шу гужумнинг яшнаб турган шохидан ясаттирдим. Зардолининг елими шимдирилган. Буям бир истак-да, ўғлим! Сен бизнинг тўнғичимиз. Сен авлодимиздан илк бор катта илм даргоҳига чиқаётган, олим бўлишга интилаётган фарзандсан. Биз шундан фахрланамиз. Хавотиримиз ҳам йўқ эмас.”
Шу пайти отасининг овозида сал қалтираш сезилди, кўзлари намланди. Онаси эса кўз ёшларини тия олмасди. Бироздан кейин ота сўзида давом этди: “Бу тумор. Ёнингда сақла! Сени ҳар хил балолардан сақлайди. Дилингдаги ишонч мустаҳкам бўлади. Ишонч мустаҳкам бўлса, қалбинг қуввати, руҳинг қуввати ҳеч синмайди!”
Онаси ҳам йиғламсираб: “Шундай қил болам. Зинҳор шундай қил!” – деб бир неча бор тайинлади…
Мана бугун шу тудана унинг қўлида. Ёнида доим авайлаб сақлар эди. Қандай қилиб камзулининг чўнтагига тушиб қолди экан?! У диққат билан тудананинг орқа-олдини айлантириб қаради. Ёзувларига кўзи тушди. Энди у ҳаяжон билан ноёб нақшлар орасига яширинган сулс ёзувидаги ҳарфларни ҳижжалаб ўқиди: “Аллоҳумма хирлий вахтирлий”. Маъносини чақди: “Эй Аллоҳ, менинг ишимни яхшилик томонга бур ва кўп яхшиликларни бажаришда илҳом ато эт.”
Кўзларидан довуллаб ёш чиқди: “Оҳ, Отажоним-а, оҳ, Онажоним-а! Менга қанчалик ғамхўрлик қилган экансизлар-а! Қандай фаросатсиз эканман, ўшанда?! Агар ўшанда фикрим, тушунчам, ҳаётни илғаганим ҳозиргидек бўлганда, менинг тақдирим, келажагимнинг бинойидек бўлиши сизнинг бахт ва қувончларингиз эканлигини англаганимда, қучоқлаб-қучоқлаб сизларнинг севинчларингизни ҳам, ўзимнинг шодлигимни ҳам кўкларга кўтарган бўлардим. Қандай ўғил эканман-а?! Мен ғофил банда буни энди, бугун тушуниб етибман-а! Нақадар ғўр ва фаҳми йўқ эканман-а… Энди фаросатим етди-я! Қанчалик кеч!”
У дарахт танасини қучоқлаб ич-ичидан нола қилди. Дарахт танасининг ғадир-будири билакларини оғрита бошлаганида ўзига келди. Қуриган дарахт шохчасининг ғашга тегар қатир-қитир товушини эшитиб, бош кўтариб, қаради. Мусича ҳам у томонга қараб турар, худди унинг яна ҳам эътибор билан тикилишини ялиниб сўраётгандек эди. У қаттиқроқ тикилди: қуш ҳам унга сал қайрилиб қараганича бошини икки-уч марта чапдан-ўнгга, ўнгдан-чапга чайқади-да, қуйи тарафга қараб учди. Ҳайрон бўлди: мусичанинг бош чайқашини умрида биринчи марта кўриши эди. Бу ниманинг аломати экан, дея ўй сураётган ҳам эди-ки, ғадир-будир гужум танасининг ўнг тарафидан ўсиб чиққан жажжигина ёш новдага кўзи тушди. Новданинг ҳали тоза кучланиб улгурмаган барглари ҳаётнинг лаззатли онларидан баҳраманд бўлаётганини билдирмоқчидай, эркаланиб майин эсаётган шабадада, унинг беланчагида оҳистагина тебранарди. Эҳ, ҳаёт, бунчалик ширинсан-а, деб қўйди, у чексиз ҳайратни уйғотган яшил новдани кафтлари орасига авайлаб, олиб силаркан. У баҳайбат гужум бўлиши мумкин-ку, ахир! Қандай ажойиб бўларди-я! Ахир ота-онамнинг дилларидан маҳкам жой олган энг қадрдон дарахти-ку! Асраб-авайлаб ўстириш керак, деган фикр яшин тезлигида хаёлидан ўтди.
Кўнгли тинчиди. Аммо толиққанини ҳис қилди.
У уйга кириб бироз мизғиб олиш учун чўзилди. Хаёл уни яна узоқ йиллар аввалги хотираларга етаклади…
…Ота нозиккина қайрағоч ниҳолини кафтлари билан оҳиста ва авайлаб силаганича ўғлининг қўлига тутқазди. Сўнгра тушунмайдиган сўзларни пичирлаб, юзига фотиҳа тортди:
– Ўғлим! Шу ниҳолга мен меҳримни бердим. Нега бундай, ўзим ҳам билмайман. Аммо, бу кўнглимнинг тилаги. Бу аниқ. Уни шу ерга, томирларига ҳеч зиён етказмасдан, эҳтиётлик билан, меҳрингни бериб эк. Насиб этса, жуда яхши гужум бўлади. Унинг соясида қуюқ суҳбатлар қурамиз. Сен кенжамиз. Кенжада ажойиб хислат бўлади. Хислатингга яраша соя-салқин берадиган улкан дарахтга барча ҳавас қилади.
Шундан бери анча йиллар ўтди. Ниҳол баҳайбат дарахт бўлди. Танасининг йўғонлигига қулоч етмайди. Сояси қуюқ. Сояси доирасида тангачадай ёруғлик ҳам кўзга ташланмайди. Супа усти доим салқин, қуёшнинг жазирама иссиғи ҳам майин шабада шаштини қайтара олмайди. Эсида, отаси қандайдир сирли дуолар ўқиб, навниҳол тагига челакдан сув қуярди. Ўғил ҳайрон.
“Ота, сув билан ҳам гаплашасизми?” – деб сўрарди. “Замонларинг бошқа-да, ҳали бунинг фаҳмига етмайсанлар. Ҳа, майли, бир кун келиб тушунарсизлар”, – деб қўярди отаси табассум билан. Сувда хосият кўплигини у бугунга келиб тушунди. Сув ўзига айтилган яхши сўзларни, ўқилган дуоларни молекулалари қатларига жамлаб, шу яхши сифатларнинг барчасини ўзида сақлаган ҳолда, ўзи озиқ бераётган нимарсаларга ўтказишини шу вақтга келиб билибди-я! Отаси эса бу илмни бир неча ўн йиллар олдин билган экан-а!
Ота узоқ сафардан қайтганида ҳам дарвозадан кирибоқ, соғинч билан дарахт соясига келиб ўтирар, яхши сўзлар айтиб, пичирлабгина дуо ўқигач, юзига шошилмасдан, оҳистагина фотиҳа тортарди. Шу заҳоти кўнгли яйраб руҳи енгил тортганидан ич-ичидан қувонарди. Буғдойранг юзидаги илиқ табассумдан атрофига нур ёғилгандай бўларди, бу ҳолни ўғиллари ҳам сезишган. Ота бошини ўнгга-сўлга оҳиста тебратар, гоҳида сийрак, озгина малларанг қошларини билинар-билинмас чимириб, кўз қарашларини дарахтнинг бу шохидан у шохига ўзгартирар, дарахтнинг ҳар бир шохчаси билан алоҳида гаплашарди. Ота дарахтга меҳри тобора ортиб бораётганини сезар, меҳри ортган сари дарахт ҳам майда шохларини эгиб таъзим қилгандай бўлар, эсган майин шабадаси билан меҳрига жавоб қайтарарди. Айниқса, дарахтнинг баҳайбат танасига суянганида барча ғуборлар танасини тарк этар, Ота бундан беҳад шодланиб, қалби енгил тортиб, ўзини қушдай сезарди. Ота бу кундалик одатини канда қилмас, канда қилмоқни хаёлига ҳам келтирмасди. Дарахтнинг танасини силаб, энг ширин хаёлларга бериларди…
Онаси-чи, онаси! …Она дарахт соясида ўтирар экан хотираларни кўз ўнгида тиклаб, ширин хаёллар оғушида майин жилмайиб қўярди. “Бу гужумнинг сояси бошқача-да! Кенжам эккан! Бошқа дарахтнинг соясида ўтирсам, ҳатто унинг соялигини ҳам сезмайман. Бунинг сояси эса бор дардингни олади. Дилингга нуқул шодлик олиб киради-я! Гужумнинг соясида болаларимга салом йўллайман, улар худди бағримда эркаланаётгандай бўлади. Каттаси шаҳарлик бўлиб кетди. Майли-да, боши омон бўлса бўлди. Унгаям саломимни дарахт етказади. Саломимни етказ, дея илтимос қилганимдан кейин қуёш бир қарич пастлагач, дарахтнинг шохлари бошқача тебрана бошлайди. Тебранишлари майин, бир текис. Баргларининг шитирлаши юрагимнинг овозидай. Бу – саломимнинг болаларимга етганлиги белгиси. Тўнғичим ҳам буни билса керак. Илк қувончим-да, ахир! Ишқилиб омон бўлишсин! Дарахт эса менга жуда ҳам қадрдон!”
Она бу сўзларни бот-бот айтишдан чарчамайди, унинг сирдоши шу дарахт, шу соя.
Она ўзи сурган хаёллар таъсиридан ўзида йўқ хурсанд бўлар, аммо дарахтнинг қуриган катта шохига кўзи тушиб, дийдаси юмшаб кўзи намланарди: “Нега ташлаб кетдингиз? Ҳали эрта эди-ку?! Пайғамбар ёшидан энди ўтгандингиз-а… Ўртанчангизнинг бошига тушган кунларни ўзингизга олдингиз-а! Бедодлик бўлди. Йўқлигингизга ўн беш йил бўлди. Бирга кетамиз дегандингиз-ку?! Қани ваъда? Эй Аллоҳ, ўзинг кечиргувчисан!”
Онанинг аниқ эсида: фанодан боқийликка сафар қилган Отанинг етти кунлик маъракаси бўлаётганида дарахтнинг кунчиқар тарафидаги энг катта шохининг барглари сўлий бошлади. Қирқида эса тамоман қуриди. Шохчалари баргларсиз сўппайиб қолаверди. “Қуриган шохини ҳам авайланглар, болаларим”, деганида фарзандлар ҳам Онанинг сўзларини маъқуллашди. Улар отасининг дарахтга қаттиқ меҳри борлигини, унинг ҳар бир баргини қандай авайлашини жуда яхши билар ва тушунар эдилар. Фақат катта бир шохининг қуриб қолиш сабабини ҳеч бири тушунмас эди. Она бунинг сирини англагандай бўлди. Бироқ бу тўғрида ҳеч кимга чурқ этган эмас.
Эрталаб тонг азонда дарахтнинг олдига бориб, унинг каттакон танасини нозик кафтлари билан сийпалаб, ўз хурсандлигини шабадага шивирлаб айтаётган баргларга юзидаги ним табассум билан қарарди. Қараган сари қалбининг энг тўрида аллақандай ширин ва ёқимли туйғу уйғониб, беҳад қувонарди, ўзида йўқ севинарди. Баъзан кўринар-кўринмас ингичка оқим гавдасидан чиқиб, дарахтга йўналаётганини аниқ кўрар, дарахтдан узоқлашаётганида унинг майда, нозик шохчалари ўзи томон сал эгилганини пайқаб: “Ё Аллоҳ, ўзинг билгувчисан!” деб шивирларди.
Вақт ўтган сари Она дарахтга тобора қаттиқроқ боғланиб қолаётганини, аниқ ҳис қиларди. Қиш вақти унинг кекса танасини қоплаган пўстлоғи устидан қорни бармоқлари билан авайлабгина, силаб-сийпалаб оҳистагина туширарди. Она бундан эринмас, толиқмас, ҳар сафар қор ёққанида шундай қилаверарди. Ўғилларининг, онажон, қорнинг ўзи эриб, тушиб кетади-ку! Сизга зарилми?! Бунчалик меҳрибон бўлмасангиз, деган сўзларини эшитиб, астагина: “Дарахт-да, болам” – деб қўярди. Ахир ўғилларим нимани ҳам тушунарди. Дарахтнинг ҳам жони бор. Жони борлиги учун ҳам қишга тайёргарлик кўради, баҳор келганини сезиб, куртак чиқаради, барг ёзади, соясини қуюқ қилиб, атрофидан шабада юргизади. Одамлардан яхшилигини аямайди. Меҳр кўргизсанг, шохчаларини секин силкитиб, барглари сассиз шивирлаб, астагина эгилиб меҳр билан жавоб беради. Яна нима ҳам қилсин беозор дарахт?!
Онаси ҳовлига киришдан олдин рўмолини бошига қайтатдан танғиб боғлаб, тўғри дарахт томонга шахдам юриб, бир пас тўхтаб олар, ота-онасининг яхши сўзларини айтарди. Қўшни қишлоққа келин бўлиб тушибди-ки, бу одатини канда қилмаган. Ҳовлига кирганида эса юрагини аллақандай тушуниб бўлмас ҳавосат ва шодлик бараварига босгандай бўлар, бир катта шохи бутунлай қуриган, иккита катта шохларидаги сўлий бошлаган баргларига кўзи тушганида эса бу нохуш ҳавосат кучаярди. Ток сўрисининг тагида узунасига экилган райҳонлар ҳидини икки ўрим бўлиқ сочини елкага ташлаб, тўйиб-тўйиб ҳидлаганида юрагида пайдо бу безовталаниш ўрнини шодлик эгалларди. Кўзадаги тиниқ сувни райҳон баргларига майдалаб-майдалаб, пуркаб-пуркаб сепганидан сўнг барглар юзасидаги ҳар хил тусда товланаётган томчиларнинг бири юзида ойижонининг рухсорини кўргандай бўларди. Шу томчининг олдига бориб, хаёлидан ўтаётган Онасининг сиймосини томчидаги рухсор билан солиштирар, иккисининг айнан ўхшаш эканлигини кўриб, анча вақт шу ерда ўтириб қолганини ўзи ҳам сезмай қоларди. Райҳон баргидаги томчилардан бирини кўрсаткич бармоғига илаштириб, ўртаси туташай-туташай деб турган қалин қора қошларига сурганда қалбидаги бесаранжомлик мутлақо йўқоларди. Сизга нима бўлди, ҳали ҳам хаёл сураяпсизми, дея янгаси гап қотмаса бошидан ўтаётган хаёлларнинг асиралигидан чиқа олмасди. Бироқ хаёлларининг асиралигидан қутилмоқ учун хотира йўқолмоғи шарт. Аммо унда эсласа арзигулик, балки ундан-да каттароқ ва муҳимроқ хотиралар борки, уларни унутмоқ гуноҳи азим эканлиги аён. Айниқса…
…Ҳозиргидай эслайди… Турмушга чиқиш арафасида ота-онаси уни ҳузурига чақиришди:
– Қизим, – оҳиста салмоқлаб гап бошлади отажониси, онаси эса унга жовдирабгина, мулойимгина, сал кулимсираб қараб турарди. – Сен етти ўғилнинг орасида ягона қиз фарзандимизсан. Сенинг бизга қанчалик азизлигингни ўзинг тушунарсан. Турмушга сени катта орзу-умидлар билан узатаяпмиз. Ҳаётинг фаровон бўлиб, келгусига ишонч билан яшагайсан. Сенда шу ишонч доим мустаҳкам бўлсин деб, ният билан тудана бераяпмиз. Ол, қизим! Ўзинг билган гужум шохчасидан ясалган. Доим ёнингда бўлсин қизим. Кўнглинг хотиржам бўлғай.
– Катта акангдаям худди шундай тумор бор, – жилмайиб қўшиб қўйган эди онаси, ўшанда.
Келин бўлиб тушганига анча йиллар бўлди. Бола-чақали. Рўзғор ташвишлари. Бироқ ҳар ҳафтада бир марта келиб, супанинг усти чиннидай ялтираётган бўлса ҳам Онажониси қўлларида бўлган, улар доим авайлаб сақлаган супургини намлаб, шошилмасдан ҳафсала билан супа устини супурар, гужумнинг атрофи ҳам эътибордан четда қолмасди. Сўнгра супургини авайлабгина сатин матога ўрар, ашқол-дашқоллар сақланаётган хонанинг токчасига оҳистагина ётқизиб қўярди-да, саксондан ўтган ёшингиздан айланай, Онажоним! Илоҳим менга ҳам Сизнинг ёшингизни берсин, деб юзига фотиҳа тортарди.
Офтоб тиғида қовжираб, аммо нима учундир гужумнинг қуриган айрим шохларига илашганича қолган баргларини туширмаслик учун дарахтнинг танасига тегиб кетмасдан унинг пўстлоғи оралиқларидаги чанг, ғуборларни эринмай тозаларди. Унинг аниқ эсида: Онасининг қирқ маъракаси ўтганидан кейин дарахтнинг икки катта шохидаги барглар сўлиб, шохлардан тушиб кета бошлади. Томирига челаклаб сув қуйишди, аммо фойдаси тегмади. Гужумнинг томирига қуйилаётган сувга Отаси ҳам, Онаси ҳам дуолар ўқишарди. Аммо бу дуоларни акалари ҳам, ўзи ҳам билмаслигидан минг афсус чекди. Аммо, на илож. Тарвақайлаган икки шох аввал қуриган шохнинг ёнида осмонга нола қилаётгандек сўппайиб қолавердилар. Улар гўё тақдиридаги бу ўзгаришлардан фиғон чекаётганга ўхшарди.
– Эҳ, онажоним-а! Дарахтга шунчалик ҳам қадрдон бўлиб, меҳрингизнинг унга шунчалик боғланиб кетганлиги сабабини энди тушунаётгандекман. Ахир, отамдан кейин йигирма йиллик меҳрингизни шу дарахтдан аямабсиз-да! Онажон, сиз билан отажонимнинг руҳлари шохчаларнинг биридан менга қараб, Аллоҳдан бахтимни сўраётгандек. Илоҳим шундай бўлсин! Гужумнинг соясида озгина ўтирсам ҳам роса дам оламан. Қушдай енгил бўламан. Сал силкинсам осмонга отилиб чиқиб кетадигандайман. Хаёлимдаги бўлмағур фикрлар парчаланиб, кўнглим тозаради, унинг ўрнини орзу-тилаклар эгаллайди. Доим шу ерга келгим келаверади. Афсус ва минг афсус, онажонимдан дарахтга нима деб пичирлаб дуо ўқиганларини ҳеч қурса бирон марта сўрамабман-а…
Шу хаёллар билан у дарахтнинг қуруқ танасига суянганини билмай қолар, узоқ хаёлларга чўмар, лекин инсон меҳрининг дарахтга, дарахт меҳрининг инсонга ўзаро қаттиқ боғланиб қолишини тасаввур ҳам қила олмасди. Бу сирли ҳодисанинг айнан шундай эканлигига эса ўзи гувоҳ…
Шу фикрлар уммонида сузаётганида гужум танасининг ўнг, яъни кунчиқар тарафидан ўсиб чиққан нозиккина яшил новдага кўзи тушди. Унинг майин эсаётган шабададан енгилгина силкинаётган, секин-секин пирпираб тебранаётган кичкина-кичкина, ҳам тўлиқ яшилланиб улгурмаган баргларига ҳайрат билан тикилди. “Шу менгамикан?” деган фикр хаёлидан бир зумда ўтди. Шу заҳоти бу фикрни унутиб, онаси эркалаган, аммо ҳозир тарвақайлаган шохлари билан осмонга боқиб, нола-ю нидо қилаётган икки шохга тикилганича хаёллар уммонига чўкиб кетди….
…Тез уйғонди. Дарҳол ўрнидан турди. Апил-тапил юзини ювди. Юрагида тушуниб бўлмас безовталик пайдо бўлганини сезди-ю, илдам юриб дарахтнинг олдига борди. Яшил новдага қаради: новданинг барглари сўлиб, учи ерга шалпайиб, ранги ҳам қорароқ тусга ўзгарган, беш-олтита барг ерга тушиб, худди йиғлаётгандек пир-пир учиб туришарди. У бу ҳол нимадан дарак эканини тушунди. “Оҳ!” деди-ю, шошилиб чўнтагига қўлини тиқди. Тудана иккига бўлинган эди.
“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 12-сон