Қундуз Алиёрова хотирасига
Сенсиз ўтган йиллар ҳаётимнинг энг қора кунларидир. Бутун вужудим қайғу билан суғорилгандек ҳаракатларим суст. Карахт. Туш кўраётгандек баъзан юрак ларзага келади.
Дунёга лоқайд боқиб: “Энди менга ҳаммаси барибир” дегандек кўп нарсалардан кўнгил қолар экан. Осмон узилиб ерга тушсаям сира парвойимга келмади. “Ахир, шундай оқила, шундай фаросатли, шундай диёнатли инсонга бу дунё торлик қилганда мен яшаб нима каромат кўрсатар эдим”. Кўнгил кўчасида турли хаёллар, ҳар хил хуш, нохуш ўйлар…
Ҳаёт деганлари наҳотки шунчалик бевафо, бераҳм бўлса? Киши гўё бир лаҳза умр кўриб, ярқ этган юлдуз каби зум ўтмай сўниб кетаверади!
Баъзан кечалари уйқу учади. Ҳаракат қилсанг, қанчалик уринсанг ҳам киприк қоқмай, миқ этмай тураверасан. Гўё сени биров бехосдан уйғотиб юборгандек ўрнингдан туриб кетасану атрофга олазарак боқасан… Кейин соатлаб хаёл дарёси узра суза бошлайсан. Дунё бунчалик кенг, узун бўлмаса? Қанча сузсанг, қанча хаёл сурсанг ҳам сира боши- кети кўринай демайди.
Гоҳо у билан бирга ўтган тотли кечаларни эслаб қоласан. Бундай дақиқалар эса чексиз, ниҳоясиз. Уларни бот-бот хотирлагинг келаверади.
– Мен қариган чоғда сиз билан бирга яшамайман, қизларим билан ўғилларимникига кетиб қоламан!
Ким у, авлиёми? Мана йигирма йилдирки, йўқ. Олис-олисларга – ҳали туғилмаган болалариникига жўнаб юборгандек.
– Мен ҳам сенинг изингдан бораман. Ахир ўша… фарзандларингникига кетсанг, у ёқда сен билан яшайман!
– Йўғ-э, – у шарақлаб кулар, қувончидан бутун уй ларзага келар, кулгу ниҳоятда самимий, юракдан отилиб чиқар эди.
Номардлик инсон билан ёнма-ён яшайди. Ундан қочиб қутулишнинг сира иложи йўқ. Айниқса, кишида субут деган бир калима сўзга жо нарсадан асар бўлмаганда.
Мана мен, ҳалиям шу ерда қимирлаб, худди телбалардек бор ёки йўқлигим билинмай юрибман. Унинг орқасидан ўзи айтган жойга – у гўзал севгилим кетган тарафга борганим йўқ.
Баъзан кўнгил раъйига қарагинг, унинг кўчасидан лип этиб ўтгинг, нохуш ўйларга эрк бергинг келади; “бор-е, деб ўз жонимга қасд қилсаммикин? Аммо, бундай қилолмайман. Ахир, ундан қолган тўрт ёдгорлик бор. Ким одам қилади, ким ўқитиб, уйли-жойли қилади? ”. Шундай ўйлар таскин беради, шаштимдан қайтаради.
Юракдаги қайғуни сира қувиб юбора олмайсан. Қувишга нечоғлик уринма, яна ёпирилиб келаверади, юрагим деразаларидан мўралайди. Сени эзғилаб, ғижимлаб, ямлаб ютиб юборгудек бўлаверади.
Бу, қайғу деганлари бунчалик чексиз, ниҳоясиз.
Яна…
Шундай кунларда қаҳрингни минг чандон оширадиган одамлар борлигига куйиб ўлгинг, бу дунёдан бошингни олиб чиқиб кетгинг келади.
Нима эмиш денг, палончига , писмадончига, магазинчи қизга уйланаётган эмиш. Яқинда тўйи…
Истаранинг йўқ бўлса беролмайдиган, бор бўлса кўролмайдиган, умрини фақат ғийбат деб аталмиш бир баҳайбат аждаҳони миниб ўтказишни хуш кўрадиган кимсаларига ана шундай сўзларни кўча-куйда, одамлар тўпланиб турадиган ерларда оғиздан бол томиб чайнаш нечоғлик ёқимли туюлар экан?
Бирдан юрак ёрилай дейди, бу ёқда кўзёшларингни селдай қуйиб, ўз ёғингга ўзинг қовурилиб ётсангу, у ёқда қишлоқдагилар сени копток қилиб тепишни, эрмак қилишни хуш кўришса…
Ҳали умр йўлдошим бу дунёни абадул абад тарк этганига анча бўлаяпти-ю, шундай совуқ, илон каби киши баданига вишиллаб ўрмалаётган сўзлар болалашига тишни тишга қўйиб чидашдан ўзга чора тополмас экансан. Баъзан: “Одамлар бунчалик бераҳм, калтафаҳм, бунчалик лоқайд ва кишиларнинг юрагини эзиб, сувини ичишни хуш кўрадиган ҳашоратлар каби бўлмаса эди… Аллақачон ер юзида адолат, яхшилик уруғлари ниш уриб, ҳаётимиз гуллари оламни безаган, турмуш отлиғ бир уқубат эмас, шоду хуррамликка тўлиқ бўлур эди” дея ҳайқиргинг келади.
Яна…
Яна тиғ юракка қадалганча ҳали-ҳали суғурилмай азоб бериб турибди. Шундай тиғки дашном тиғлари.
Идорада бир неча киши гурунглашиб ўтирибмиз. Бегоналар ҳам бор. Шунда бир узоқ танишим:
– Уйландингизми? – деди.
Тил айланмай қолди. Юрак сўзлашга тайёр эди. Кўнгил ойнаси чил-чил, олам эса зимистонга айлангандек бўлди. “Нега кўпчиликнинг ўртасида бундай деди экан? Ё сенинг хотининг ўлган-ку демоқчимикин?”.
Ҳа, фаросатни ҳақиқатдан Худо аямасдан берган экан. Кўнглидан ўтган гапи тилига чиқди. “Ахир, сизнинг уйингиз синган-ку, шунинг учун уйландингизми, деб сўраяпман”.
“Бу азобдан қутилсам қутила қолай!”. Осон йўлини танладим.
– Ҳа,
– Қачон? – ҳамма ялт этиб менга қаради.
Шу бир оғиз сўз бешафқат баданга игна каби санчилаётган сўроқдан қутилтирди.
Одам баъзан шундай йўл билан ўзини ғанимлар ҳамласидан омон сақлар экан. Ҳозир улар ҳужум қилаётган бўлса-да, ҳар қалай, ўзимни қаёнга уришни билмай, муз каби совуқ, тилсиз, забонсиз гунг девор орасида қолгандек эдим.
… Нега сендан кўнгилни бутунлай узиб кетолмайман, Қундуз? Кечалари тушларимга кираверасан. Ёки “Ҳеч бўлмаса мени тушингизда кўриб туринг” дея далда бермоқчимисан? Ахир, булар турган битгани азоб, лекин ниҳоятда ширин, тотли азоб-ку. Кошки эди бу савдолар умр бўйи давом этса. Кошки эди ўша тушимдаги каби бирга бўлсак!”.
Аммо, афсус, минг афсус, бу рўё. У билан ҳақиқат орасига тенглик аломати қўйиб бўлмайди. “Энди тушингда кўрасан!” деган ибора бекорга айтилмаган экан.
Уй орқасидаги супачада соатлаб ўтирганим ўтирган. Худди сен ҳамишагидек кулиб, мийиғингда хиёл жилмайиб уйимизнинг ёнбошидан мўралаётганга ўхшайверасан. Мен эса сени қувонч билан, бир дунё орзулар билан қарши оламан…
– Ҳа, келдингми, барибир мени ташлаб кетолмаслигингни билар эдим, – дейишга шайланаман.
Бироқ…. Яна қайта қарасам сен йўқсан. Қаерларга ғойиб бўлдинг, ҳозиргина хаёлимда тикланган, боягина кулиб, кулимсираб гапираётган эдингку? Ким билади, балки арвоҳингдир?
Ҳамон юрагимда муҳрланган воқеалар тинчлик беришдан ожиз. Худди темир панжалари билан бўғзимдан маҳкам ушлаб олган-у, сира қўйиб юборгиси келмаётгандек. Хаёл кўзгусида жонланаверади.
…Тошкентдаги биринчи клиник шифохонадаги сўнгги кунларинг эди. Палатадаги каравотларда беш-олти аёл ётишибди. Улардан фақат сен, сен оғир аҳволда эдинг.
Ўшанда гапириш учун яшаётган каби тинимсиз сайрайдиган бир аёл сенга қараб-қараб қўяр, қачон ўлар экан, дегандек ижирғаниб ётар эди. Яна бириси эса тинмай нон, турли егуликларни кавшар, худди бу дунёга келиб кўргани шу таомлари, уни тезроқ еб қолишга шошилаётгандек, шошилмаса улгура олмайдигандек оғзини чапиллатиб егани-еган эди. Яна бириси ғийбат сақичини чайнагани-чайнаган эди.
Сен эса… Оғир-оғир хўрсиниб қўяр, бундай лоқайд, қайғусиз, бундай бачкана одамларнинг устидан масхара қилгандек миқ этмай ётар эдинг. Улар билан бирга яшашдан уялгандек, тезроқ кетсам эди, деяётгандек бўлаверардинг. Шунда ҳайратдан лол бўлиб, ҳайкал мисол қотиб қолдим. Ўзинг бир аҳволда-ю:
– Радионинг овозини баландроқ қўйинг, – дединг.
Югуриб бориб тилагингни бажо келтирдим. Шундан кейин дилрабо қўшиқ янграй бошлади. Хонанданинг овози бирам ёқимли, бирам ширали эдики, гўё бу сеҳрли наво: “Кетма, эй инсон. Бу дунёда фақат ғамлар эмас, фароғат, ўйин-кулгулар, яхшиликлар ҳам мўл” дея нола қилаётгандек эди. Аммо, сен эса.. Қўшиқни берилиб тинглар эдингу, нолаю-фиғонларга парво қилмасдинг. “Бундай дунёда яшагандан кўра… тинчгина абадий ухлаганим маъқул”, дер эдинг гўё.
Қундуз, сенсиз ҳам ҳаёт давом этаверади.Ер юзида гоҳида ёмонликлар болалаб кетаверади. Ҳаёт қанчалар ширин эканлигини била туриб, наҳотки абадул-абад тарк этиб кетсанг…
Бироқ ожиз эдинг. Орзуларинг мўл, ҳали яшашдан сира тўймаган бўлсанг-да, цирроз касаллиги, дард сени енгиб бутунлай адойи тамом қилаётган эди.
Афсуски, буни – сўнгги манзил сари иложсиз сафарни тўхтатадиган куч ҳали оламда йўқ, ундай қудрат бўлса эди, сенинг умр гулинг хазон бўлгандан бери мени қийнаётган азоб етти ухлаб тушимга ҳам кирмасди. Афсус… Инсон қанчалик зўр, ботир, қанчалик ақлли бўлгани билан фақат бир нарсага, яхши нарсаларни бу дунёда асрай олишга қолганда худди дарахт япроғи каби нозик, иложсиз. Одамлар, фидойи ва доно бўлгани билан бу борада ожиз, сал шамол турганда чирт этиб узилади-ю, ҳаётнинг бепоён йўлларида турли кимсаларнинг оёғи остида эзғиланиб қолади.
Қайғу, турқинг бунчалик даҳшатли, совуқ. Қундуз, сени ўйлайвериб, ўйлайвериб, бадбашара қайғунинг сурати ҳаётда эмас, юракда тикланди. Аммо у сенинг тирик суратингни беркита олмайди.
Ажаб, хунук, бадбашара қайғу суратига термулиб ўтказадиган кейинги ҳаёт бунчалик нотавон, ғариб бўлмаса…
“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 8-сон