Жавлон Жовлиев. Озодлик (ҳикоя)

I

– Тоға…
– Ахир, айтдим-ку, сенга!
– Тоға, илтимос!
– Эй!..
– Тоға!.. Ёрдам беринг, тоға, болаларим ҳаққи…
Аёл ортиқ гапиролмади. Оппоқ юзларидан дона-дона ёш томчилари думалаб тушарди. Кўзлариданмас, лабларидан ёш қуюлиб келаётгандан, кафти билан оғзини ёпиб олди. Қишлоқ идорасининг пастқам деразасидан ёнғоқнинг шапалоқдай ям-яшил барглари кўриниб турар, барглар орасида эса қуёшнинг парчаланган нурлари акс этарди. Тоға асабий титрар, нуқул бўйинбоғини пастга тортиб, хўрсинарди. Жиянига раҳми келар, лекин қўлидан тайинли иш келмаслигидан ўкинарди. Тоға бироз жим тургач, дадил гапирди:
– Жиян, нима бўлса бўлар, ёзамиз! Областдаги энг каттага, обком секретарига…
Жиян кўз ёшларини артиб, сергакланди. Ичида эрини қамоқдан чиқариш умиди порлагани учун дум-думалоқ, серкиприк кўзлари катта-катта очилди, бироз олдингга чиққан ияклари титраб кетди.
– Мен ёзишни билмайман-да…
– Мактабни тугатгансан-ку, жиян… Наҳотки?!
– Йўқ… Ёзишни биламан… Ариза ёзишнинг тартиб-қоидасини билмайман, демоқчийдим…
– Мен ўргатаман… Эрингни сен яхши биласан… Кейин… аёл кишининг ёзганларига катталар бошқача қарайди, деб эшитганман. Шундай ёзилмаган қонунлар бор-да, жиян… Лекин таъсирли қилиб, ишонарли қилиб ёз… Фақат, ҳар хил узун-қулоқ гапларни аралаштирмай ёзишинг керак. Сенинг хатингдан кейин, айтиб бўладими, кимларгадир бало келиб, раис-паисними панжарага тиқиб қўймасин. Ҳеч кимни айбдор, туҳматчи, деб ёзма… Акс ҳолда уларнинг айбини тан олдиришингга тўғри келади. Сенга ўхшаб бировнинг хотини чирқиллаб қолмасин, жиян…
– Худойим сақласин, бундай кунни душманимга ҳам раво кўрмайман, тоға. Куёвингиз қамоқдан чиқса бўлди… Кичкинам соғинганидан ичикиб қолди…
– Ана шуни ёз, тўртта болам билан азобдамиз, раҳм қилинг, эрим аслида партия­ни севадиган, унинг содиқ вакили де. Шундаймиди ахир?!
– Ҳа… мен тушунмайман… уйда фахрий ёрлиқлари бор…
– Хуллас, жиян, ма қоғоз, мана қалам! Ёз, ҳозир нималарга эътибор беришингни айтиб тураман, уйингга бориб ёзасан.
Жувон эскириб, сарғайиб кетган стуллардан бирига уни ғичирлатишдан қўрққандек оҳиста ўтирди.
– Ёз, маълумоти… қачон, қаерда ўқиган… фаоллигини… хуллас, биласан-ку! Ёздингми?
Калтадан келган, қориндор тоға, оддий колхозчи жиянининг ёзганларини тушунса бўладими деб, қорнини столга тираб, бўйнини чўзиб қаради-ю илжайиб қўйди. Минг қилса ҳам ўзининг жияни-да, ҳуснихати аъло экан…
– Ҳм… ундан сўнг, иш жойи, ёздингми? Кейин айби… яна, ҳа, олдин хулқини ҳам ёз.
– Айби йўқ бўлса-чи?
– Қандай гумон билан қамалганини ёзасан-да, қизиқсан-ай, жиян! Кейин, болаларинг ва усиз қийналаётганинг… Нима истасанг, қалбингдагини тўкиб сол жиян. Кесиб-қисқартириб ташлаш осон… Сенга уларнинг раҳми келиши керак. Сенга, ёш жонингга ва болаларингга раҳми келиб ёрдам берар… Бекорга умри завол бўляпти боланинг, ўткир йигит эди… Раёнга ўтди-ю… Ҳа, эсингдан чиқмасин… Бугун кечаси билан ёз… Эрта тонг отиши билан менга олиб кел… Туманга ҳисобот топширгани борганимда ими-жимида почта қутисига ташлаб келаман.
– Тоға, раҳмат! Худо қўлласин!
– Опам яхшими?
– Ҳм, энамнинг олдига ҳам чиқолмаяпман, ўзи келади…
– Нимага?
– Болалар бор… Бундан кейин эримнинг йўқлиги учун уйдан чиқиш…
– Тушунарли, яхши қиласан! Ҳа, мана буни олиб қўй, жиян… янганг боққан қўчқорни сўйгандик… Сенга илиндик.
– Йўқ… йўқ…
– Болаларингга…
– Болаларим гўштга ишқибозмас…
– Ол, дедим сенга!
– Тоға…
– Ҳаммаси яхши бўлади… Мана кўрасан, яхши бўлади…
Жувон икки килоча гўшт солинган товоқни титроқ қўллари билан олиб, яна қуйилиб келаётган кўз ёшларини артди. Аёлга гўшт жуда оғирдай туюлиб кетди. Ўраниб олган рўмоли билан юзини ёпган бўлди. Негадир, кўз ёшлари тинай демасди. Жувон чиқиб кетаётганда тоға уни тўхтатди.
– Ҳа, жиян… Тартиб билан ёз… Маълумоти… Ишлаган жойлари… Қамоққа олинишининг сабабини ўзинг билганингча, одоби, оилапарварлиги, фарзандларинг азобланиши… Ўйлама, жиян… Эринг чиқиб келади. Ҳа, тўхта, шўрва қилиб ичинглар, гўшт сенга ҳам қувват бўлади. Қуриб кетибсан…
– Эрим қайтса бўлди, мен ҳаммасига чидайман…
– Қайтади… жиян, қайтади…

II. Маълумоти

Хўжайним, Жонтемиров Эгамберди ўзимизнинг “Комсомол” қишлоқ мактабини тугатган. Олтин медаль билан. Медаль ҳозир уйимизда турибди, ишонмаса­н­гизлар олиб бориб кўрсатишим мумкин. Ўша йили мен еттинчи синфда ўқирдим. Ҳамма ўқувчилар олтин медаль олган Эгамберди акага ҳавас билан қараган, шулар қаторида мен ҳам бор эдим. Негадир ўша пайтда Эгамберди аканинг мендан бир синф кейин ўқийдиган синглисига ҳавасим келган. Шундай акаси борлиги учун.
Ҳамма Эгамберди акамни Тошкентга кетади, хоҳлаган ўқишига киради, деб ўйларди. Лекин дадаси… (“дадаси” ўчирилиб “Жонтемиров Эгамберди” деб ёзилган) Тошкентга эмас, ўзимизнинг областдаги Қишлоқ хўжалиги институтининг механика факультетига кирди. У ҳам бошқалардай катта шаҳарга интилса бўларди. Лекин дадаси (яна шу сўзни ўчириб, ўрнига эрининг исм-фамилияси ёзилган) ёлғиз онасини ташлаб кетишни истамайди. Уни ҳар қандай орзуларидан баланд тутарди. Сизга қайнонам ҳақида ҳам ёзсам. У жуда оқила аёл эди ва менга ҳатто бирор марта қаттиқ гапирмаган… У боласига фақат ва фақат меҳр, ҳалол луқма бериб катта қилган ҳақиқий пахтакор аёл эди. Медали ҳам бор, ўзлари тўрт йил бурун қазо қилгандилар, пилла маҳалида эди… Медали уйимиздаги сандиқда.
Жонтемиров Эгамберди, яъни эрим, қишлоққа олий маълумотли инженер бўлиб қайтади. Қайнонам хурсандлигидан битта катта қўй сўйган. Ўғлининг баҳоларини, қизил дипломини ҳаммага кўрсатган. У одамлар ҳалиям тирик, исбот учун сўзлашлари мумкин… Эрим мард, ҳақгўй, ақлли одам. Авваллари эримдаги ақл ҳамма институтда ўқиганларда бўлса керак деб юрардим. Лекин ундай эмас экан. Қишлоқда кўплаб институтни тугатиб ишлаётганлар у кишидек эмас. Мактабда бешинчи синфда ўқийдиган ўғлимнинг айтишича, Али муаллим исмини ҳам хато ёзармиш, бўлмаса институтни тугатган. Лекин Эгамберди акам ҳалол ўқиб маълумот олган. Унинг эришган ютуқлари фақат ва фақат ўзининг зеҳни, меҳнати эвазига эканлигини биламан… Сиз ҳам бунга ишонишингизни ўтиниб сўрайман. Унда туғма қобилият бор. Шундай инсонинг маълумоти сохта бўлиши мумкинми?! Уни нега ушлаб турибсизлар? Унинг дипломида ҳеч қандай қора доғ йўқ! Юрагидай тоза! Илтимос, болаларим азобда! У кишини озод этинг!

* * *

– Маълумотинг?
– …
– Маълумотингни сўраяпман?
– ….
– Сенга айтяпман? Ов, ҳўкиз!
Терговчи маҳбус қошида қаққайиб турган қоровулга ғижиниб қаради.
– Нима қилдинглар буни, ғажиб-эзиб ташладингларми? Устига сув сеп, қара, қирғоқда қолган балиқдай оғзини катта очишини…
Қоровул челакдаги сувни эриниб кўтарди-да маҳбуснинг юзига чунонам иштиёқ билан сепди. Сепилган сув зарбидан маҳбус ағнаб кетди. Сув терговчининг юзига ҳам сачраб, оппоқ кўйлагини нам қилди. Унинг кўзидан ўт чиқиб, қоровулга бақирмоқчи бўлди-ю, индамади… Сигарет тутатди… Маҳбус эса қалтираб, ғужанак бўлиб ҳўл бетонда ётарди. Қамоқхона қоровули уни ўтирғизиб қўйди.
– Маълумотинг? Гапир, гапир!
– Инженер…
– Қачон тугатгансан…
– Қулоғим эшитмаяпти… ғингиллаган овоздан бошқа нарса эшитмаяпти…
– Нима, мени алдамоқчимисан? Бутун СССРни алдаб келганларинг етмайдими? Пахтани талон-тарож қилганларинг етмайдими? Гапир, гапир… Йўқ, бу умуман терговга ярамай қолибди-ку!
– …
– Мастдай мудрайсан, мудрайсан… Мана, сенга, мана…
Терговчи маҳбусни уришдан бирдан тўхтаб қолди. Қўлларига ачинди. Ранги бўзарган, қуруқ суяк, бунчалар исқирт… Ахир, ҳамма маҳбусга ҳам ўзини шунақа койитаверса ҳадемай аҳволига маймунлар йиғлайди, умри эрта тугайди. Ҳали булар орқали қанақанги наҳангларни зириллатиши керак… Лекин юзи жуда қаттиқ экан. Терговчининг қўллари зирқираб қолди…

III. Иш фаолияти

Қишлоғимизда яхшигина ишлаб юрганди. Мен аниғини билмайман, нимадир бўлди-ю, шаҳарга ишга ўтиб кетди. Бир куни жуда хурсанд бўлиб келди. Туман бўйича катта бўлибди. Қайси иш, қандай лавозим – мен буларни яхши тушунмайман. Лекин ишни оддий юмушдан бошлаган. Фермада техник, ке­йин бош техник, қишлоқ бўйича бош инженер, кейин туманга катта… Уйга ортиқча битта темир олиб келганлигини билмайман. Ҳеч кимдан ҳеч қандай пора олмаган. Мен бунга кафилман. Умрим билан, болаларим ҳақи қасам ичаман. Улар ҳаромдан ҳазар қилади. Раҳматли қайнонамга ваъда берган. Қайнонам ўғлини бир кун олдига олиб: “Ҳаром еб яшама… ҳаром яшама… Бировдан ёки давлатдан сўрамай битта мих олсанг сендан у дунё-бу дунё рози бўлмайман” – деган экан. Отаси аҳдида турадиган бир сўзли одам. Тўғри, қайсар, ўзининг гапини ўтказадиган. Лекин бу қатъиятни эркак кишига хос деб биламан. У киши бировни ноҳақ уришмасди. Менга танбеҳ берганида ҳам ўзим айбдор, ўзим аҳмоқлик, жаҳли чиқишига арзийдиган бефаҳмлик қилган бўлардим. Аммо айбни доим ўзимдан қидирганим учун ҳеч қачон гап қайтармаганман. Шунинг учун уйимизда доим эримнинг гапи билан суҳбатимиз тугарди. Мен бирдан кечирим сўрардим. У киши бирдан кечирар, одамгарчилик қиларди. Мени доим ҳурмат қилган. Сизга муносиб эмасман, омиман, десам мени уришарди. Ундай дема, дерди. Мен эса у кишини шу гапим билан кўп хафа қилардим. Нима қилай, ўқимаганман-да! Лекин Эгамберди акам касбига хиёнат қиладиган одам эмасди. Ишонмасангиз қўлида ишлаганлардан сўранг… Ҳаммаси уни билади… Шермат ака, Турсун ака, Болтавой бува… Фақат Ўктам мудирдан сўраманг… Бир маҳаллар отаси унинг айбини билиб қолиб, роса савалаган экан. Шундан бери бизни кўролмайди. Бир гап чиқариб, туҳматга қолдиришидан қўрқаман.
Туманга катта бўлганидан кейин уйга кеч қайтадиган бўлиб қолди. Келганда ҳам доим ҳолсиз, суви сўриб олинган узумдай бўшашиб… бирдан ухлаб қоларди. Суюқ овқатни яхши кўрарди. Шуни бироз тотгандай бўлиб уйқуга кетарди. У киши кўп кишиларга ёрдам берди. Қишлоқнинг оддий одамларига, бечораларга қарашди. Улар ҳозир ҳам болаларимнинг отасини дуо қилаётган бўлса керак. Бемалол сўраб-суриштиринг, улар гувоҳликка ўтишади. Фарзандларим ҳақи қасам ичаман, эримнинг иши тоза! Юқорининг қонунлари адолатли деб айтишади-ку! Унинг гуноҳи йўқ. Уни озод қилинг! Ўтиниб-ўтиниб сўрайман сиздан!

* * *

– Иш жойингни расво қилдинг, пора олиб шишдинг! Қўшиб ёзишинг орқали топган пулларинг қаердан келаётганини, сен иттифоққа қанчалик зарар келтирганингни биласанми? Сендайларни қора қурт деса ҳам бўлади, сассиқ қурт деса ҳам бўлади…
Терговчи негадир бугун ҳаддан ташқари асабий эди, устига-устак маҳбуснинг мудраб ўтиргани унинг баттар ғашига тегяпти. Ўзи бу оқшом тергов қилиш нияти йўқ эди… Ҳаммасини ўша ойимча расво қилди. Бугун уни ётоғига қабул қилмади.
– Манжалақи…
Терговчи маъшуқасини эслаб сўкинди, унинг силлиқ юзлари билинар-билинмас титради. Асабига тегиб, ёнидаги давангир қоровул ҳам мудрай бошлади.
– Ҳой, – терговчи столга шарақлатиб урди. Қоровул оёғи тагида илон кўргандай тепага отилиб сакради.
– Эшитаман, ўртоқ капитан?
– Мудрама! Етар манави ҳўкизнинг мудрагани…
Шунда маҳбус нималардир деб гапира бошлади. Капитан ҳеч нима тушунмади. Турма қоровулига қулоқ тут дегандай имлади.
– У нима деди?
– Она, дегандай бўлди, ўртоқ капитан…
– Э, онасини!..
Капитаннинг ёдига ҳам тўсатдан ўз онаси келди. Онасининг кўм-кўк кўзлари меҳрдан порлаб турарди. У, айниқса, умрининг охирларида ўғлига жуда меҳрибон бўлиб қолганди. Сергап, йиғлоқи кампир: “Серёжа, асалли нон е, Серёжа, малинали мураббодан татиб кўр, ўзим сенинг келишингга атайлаб пиширганман”, – дея жаврагани-жавраган эди… Ўша пайтларда шуҳратдан бошқа нарсани ўйламайдиган ёш терговчи учун буларнинг бари бачканаликдай туюларди. Лекин тан олиш керакки, онасидан кейин ҳеч кимдан бундай меҳр-муҳаббат кўрмади! Хотини Галя унга меҳр бердими? Битта фарзанд туғиб берди-ю, чўчқадай семириб, дарғазаб, сергап бўлиб кетди. Бу ердан топган маъшуқаси эса уни бугун хонасига киритмади.
– Она, чарчаб кетдингиз, кетдик…
Маҳбус алаҳсирар, хаёлида онаси билан суҳбат қурарди. У теракзор ичида улоқчаларини боқиб юрган эмиш. Баҳор фасли, тупроқнинг ширин ҳиди оламни тутган, ерда чучмома, қоқигул, отқулоқ, ялпиз… Уларнинг кўпини бола узиб еб кўради. Онаси шунда тепадан огоҳлантиради: “Болам, ерда ўсган ҳамма ўтни еб бўлмайди…” Бола жажжи қўлларини пешонасига қўйганча теракзор ичида онасига қарайди, шунча олисда туриб нима узиб еганини онаси қаердан билибди экан…
“Ҳаром ема…” Она узоқдан гапираётгани учун унинг овози акс садо бериб, бутун оламга сочилмоқда эди. “Ҳаром ема! Ҳаром ема, ҳаром еган одам гадойдир… Пора олган одам, кўчада қўл очиб турган тиланчидан фарқи йўқ. Икки дунёинг куйиб кетади, полвоним…”
Бола теракзор ичида онаси томон чопиб кетади. Боланинг орқасидан қуёш бобо тераклардан сакраб ўтиб эргашади. Майин шабада эса бола пешонасида зўрға жон сақлаганча, унга ширин табассум бахш этиб кетаверади.
– Она…
– Сенга онанг тарбия берганми ё пора билан одам бўласан, деб катта қилганми? Эй, лўттибоз… қишлоқ техникаларини атайлаб ишдан чиқариб сотганинг эсингдан чиқмагандир? Энг катта айбинг – Райкомга пора бериб туманга бош инженер, кейин обкомга пора бериб районга бош бўлиб олгансан… Санлар шунчалик ҳаромсанларки… тоза нарсанинг фарқига бормай қолгансан!
Терговчи яна уришдан тўхтаб, сигарет тутатди. Қоровул унга тамшаниб қараб турганини кўриб унга ҳам тутди. Шуни кутиб тургандай қоровул бирдан қўл узатиб сигаретни олди-да, лабларини олдингга чўзиб, бурқситиб чека бошлади. “Буларга текин нарса бўлса тошни ҳам ютади”, деб ўйлади терговчи. Ташқарида ҳеч нима кўринмас, ҳар замон-ҳар замонда панжараларнинг шарақлаб очилган овози, ташқарида юрган нозирларнинг ғўнғир-ғўнғири эшитилиб қолади.
Маҳбус эса, хаёлан онаси томон чопиб борарди…
– Она…
– Болам…
Негадир ўзининг овози бўғиқ эшитилар, лекин онасининг ҳар бир сўзи жаранг­лаб кетиб, қулоғида бир мусиқадай, қадим соз куйларидай янграрди…
– Она, сизни кўрмаяпман!
– Мен олдингдаман… Кўзларинг қизариб, киртайиб қолибди-ку…
– Анча кундан бери ухламаганман-да, она…
– Йиғлама, болам, ҳозир алла айтаман, ухлаб қоласан.
– Барибир ухлатишмайди… Ундан кўра сизни бир кўрай, она… Бир марта кўрай…
– Касб масъулияти деганда бирор нарсани тушунасанларми ўзи? Ё ҳаммаси сенларга тез ва осон бўлиши керакми? Порага пулни қаердан олдинг? Отангдан тилла қолганми? Сенда олтин нима қилсин? Ҳамма олтин бухороликларда-ку! Мениям, ўша ёққа жўнатишганда ўзим билардим. Сенларда қуруғи кўп-а? Ҳа, айтишларича, районга ўтиб хулқинг бузилиб кетибди. Кўпларни сўкибсан, уришибсан… Нима, сенга давлатнинг иши-отхонами, ит? Башарасига теп, башарасига, ухлаб қоляпти…

IV. Хулқи

Турмуш ўртоғим мард, бир сўзли, қатъиятли одам. Унинг кўча-кўйда дайдиб, ичиб юрганини ҳеч ким кўрмаган. У бирор марта ҳам менга қўл кўтармаган. Тўғриси, менинг дадам қаттиққўл. Онам дадамдан жуда қўрқади, ҳозиргача… Мен “турмуш ўртоғим жаҳлдор бўлмасин”, деб ният қилардим. Худога шукр! Бирор кун бўш бўлиб қолса, ҳовлида ишлайди. Дарахтлар тагини юмшатиб, уларни яшнатиб қўяди… Қўшнимиз Шермат ака хотинини ҳайдагандан кейин бир аёлга илакашиб қолганда, Эгамберди акам унга бир гап айтганини беихтиёр эшитиб қолганман. Шуни сизга ёзишимдан мақсад хулқли инсон эканига сизни ишонтириш! “Ака, мен сизга маслаҳат беришга ёшлик қиламан, – деганди ўшанда, – лекин эртароқ янгамни яланиб-ёлвориб бўлса ҳам олиб келинг! Умр сизга қайта берилмайди, уни ўткинчи нарсаларга алмашманг! Ундан кўра болаларингизни ўқитишни, қизларингизни чиқаришни ўйланг! Кейин кеч бўлмасин, ака! Ҳақиқий ўзбек йигити биринчи навбатда оилани эплаши керак, оилани… кейин бошқаси бўлади…”
Онам менга: “Эрингни ҳеч қачон бировга таққослама, қандай бўлса шундай муҳаббат қўй”, деб ўргатган. Лекин мен Эгамберди акамни ўшанда бировларга таққослаб севингим, яшнагим келиб кетган…
Отаси ҳеч қачон бировга ҳасад билан қарамаган. Ўктам мудирни Анор опани алдагани учун, Қулматни онасини йўқламагани, ёлғон гапиргани учун, Жумани хотинини ўласи қилиб калтаклагани учун урган, сўккан! Улар ҳозир “жабрланувчилар”нинг эсидан ҳам чиқиб кетган. Айблари борлигини ўзлари ҳам тан олса керак. Болаларим ҳақи қасам ичаман… эрим шу туфайли қамоққа тушган бўлса, кечиринг­лар! Тўртта ёш боланинг дирдираб турган гавдасини кўз олдингизга келтиринг! Сизнинг ҳам болаларингиз бор-ку! Ялинаман!

* * *

– Болаларинг нечта?
Капитан маҳбуснинг саволга жавоб беришга ҳоли йўқлигини билиб турар, лекин ўзини босолмасди. Маҳбуснинг бурнидан қон оқмоқда… Соат тинмай чиққиллар, оппоқ телефон мукка тушган, жим эди. Дераза орти эса ҳамон қоронғи… Қоровул мудраб ўтирарди. Сўзи жавобсиз қолаётганидан ғазабланган капитан шу саволни қоровулига берди.
– Еттита болам бор, капитан.
– Еттита? Қандай боқасан уларни…
– Аста-секин…Ўзи катта бўлишяпти…
Капитаннинг озғин юзи буришиб, кўзлари чақчайиб кетади.
– Шунинг учун пора оласанлар-да!
– Нима? – қўрқиб кетди қоровул…
– Сенда ҳам тушум борми?
– Йўғ-ай, капитан…
– Бунинг боласи нечта, ҳали ёш экан…
– Билмасам, капитан…
Капитаннинг эсига Москвада қолган ўғли келди. Бу йил учинчи синфга чиққандир. Француз тилида санашни ҳам ўрганиб олибди. Ҳа, хотини Галя чўчқадай семиз ва қўпол бўлса-да, бола тарбиясига жиддий қарайди. Ҳа, ўғли ­Коляни соғинди… Лекин, бу – иш, бу ерга уни махсус вазифа билан жўнатишган. Мана булар эса хотинни қучоқлаб ётишдан бошқага ярамайди…
– Мен сенга бир бемаъни савол бермоқчиман?
– Лаббай, капитан…
– Сен, хотининг билан…
Капитан аҳмоқона кулди. Саволи бачкана туюлди. Кейин бирдан маҳбусга қараб бақира кетди.
– Эй, хотинчалиш, болаларингни туғдириб уларга ҳаром едиришдан қўрқмайсанми? Болаларингни чирқиллатиб қаерларгадир санғиб кетишингни, улар жиноятчининг, махлуқнинг фарзанди, дея иснодга қолишни истамасанг, ҳозироқ айт! Обком секретари ўша куни районга борганида сени панага олиб нима деди? У фақат сен билан холи гаплашган. Айт, у сенга нима деди? Қанча пул сўради? Шуни айт-у, уйингга жўна… Мен обком секретарини тергов қилишим керак, сендақаларни тергов қиладиганлар мингта, мен сени қамаганим учун обрў ололмайман.
Қоровул бу шовқин-суронли сўроқларга парво қилмай хуррак ота бошлади. Капитан тутақиб кетди.
– Тур ўрнингдан… Кетишинг мумкин!
– Раҳмат, капитан, лекин…
– Бунинг шалвирашини қара. Менга зиёни тегмайди. Ҳадемай, тонг отади…
– Раҳмат, ўртоқ капитан.
– “Раҳмат, раҳмат, раҳмат” шундан бошқа сўзни биласанми? Бунча эгилавер­масаларинг!
Қоровул тиршайиб кулганча чиқиб кетди. Капитан қоп-қоронғи деразага тикилиб, тунги рангларнинг аста-секин тарқалишини кузатди. Эссиз, бугун Вера уни қабул қилмади. Бўлмаса унинг ҳозир олтин сочларини ҳидлаб, оппоқ елкаларидан тамшаниб, ўпиб ётарди. Наҳот бошқасини топган бўлса?! Ё ўша найнов, профессор эрига хиёнат қилиш жонига тегдимикан? Эри бир қари ўзбек бўлса, Верага унинг пулларидан бошқа нимаси ҳам ёқсин?! Ўзи бу ердаги ишни унинг эрини йўқ қилишдан бошлашим керак эди. Ўшанда Веранинг ўзи ҳар оқшом тўшагимда рақс тушарди…

* * *

Маҳбус хаёлан болалари билан дарё бўйида эди. Уни узоқдан онаси кузатиб турар, дарёда қуёшнинг ошлагандай келадиган акси ўйнайди. Болалар сувда қувнашади, кулишади, бир-бирига сув сепишади. Тўнғич ўғли иккита синглисини эҳтиётлаб қўлларидан ушлаб юрибди. Қизалоқлар тиззаларига келиб турган дарё сувидан жунжикар, нуқул “дада”, дея бақиришади.
– Дада, акамга қаранг, мени гум жойга ташлаб юбормоқчи?
– Дада, ковушим оқиб кетяпти! Дада!
– Дада, ҳов тепага борайлик…
– Дада, сувда қувлашмачоқ ўйнайлик…
– Дада, аям нега келмади?..
– Аям дарёда чўмилса, уят бўладими?
– Тепага қараб турган аёл ким, дада, аямми?
– У бувим, буви, буви, келинг биз билан чўмилинг!!!

* * *

– Сенлар номига яшайсанлар… Манфаат учун ҳатто оилангдан ҳам кечишга тайёрсан. Веранинг эри саккизта боласини тирик етим қилиб ўн саккиз ёшли ўрис қизга уйланган… Қизнинг айтишича профессорнинг болалари қишлоқда оддий уйда туришар экан, Вера эса шаҳарда, қасрдай уйда яшайди. Бир ҳафтада бир қари эрига “ем” ташлаб қўйса бўлди, қолган пайт билганини қилади. Профессор эшакдай шунинг хизматини қилади. Ким билади Вера Санк-Петербургда қандай томошалар кўрсатиб бу ерларга келиб қолган. Профессор ўрисга уйланиб, ўзини замонавий кўрсатмоқчи бўлгандир. Ўзбек тилини қўйиб, рус тилида гаплашганига ўлайми?! Чала-чулпа бўлмай ўл! Сен ҳам гапир, обком секретари нима деди?.. Болаларингнинг ҳаммасини қамайман, ҳаммасини!.. Уларнинг бари ҳаромдан бўлган! Ҳозир хотининг кимнинг елкасини уқалаётган экан-а?!

V. Оиласи

Илтимос, илтимос, илтимос! Хўжайиним кетгандан бери, қандай яшаётганимизни тасаввур қилолмайсиз. Болаларим кун ботгандан эрта тонггача йиғлаб чиқади. Отаси уларга жуда меҳрибон эди, жонидан ортиқ кўрарди. Абдушукур болам ичикиб, касал бўлиб қолди. Сира ўзига келай демайди. Онам сут ташийди. Дўхтирга обордик. Касалини аниқлашолмади. Нуқул “дадам” дейди. Кимдир унга даданг ўлган, онанг сенга буни айтмаяпти, депти. Илтимос, болам ўлиб қолади. Бир ёш гўдакни асраб қололмасангиз нима қилиб ўтирибсиз! Қутқаринг, у – олим, топилмас одам… Партиями, бошқасими, уларга ҳеч ёмон сўз айтмаган. У фақат шу кашфиёти деб курашди. Пахта терадиган бир трактор кашф этиш ниятида эди. Наҳотки, бу катта жиноят бўлса?
Мен деярли уйдан чиқмайман. Қўшнилар чиқишади, ота-онам ёрдам беради, ўзим тикувчилик қилиб, бир амаллаб турибмиз. Болаларим учун эримни афв этинг!
У киши нима қилган бўлса, одамлар учун қилди. Одамларнинг кун бўйи пахта териб юришини кўриб, уларнинг машаққатини бироз енгиллатадиган бир трактор ишлаб чиқмасам бўлмайди, деб тиришарди. Тунлари билан шуни ўйлаб чиқарди, эрталабгача бир нималарни чизиб чиқарди. Москвага ҳам бир ой бориб иш ўрганиб келди. У ердан кўп мақтов ёрлиқлари олибди. Нима, балки бу янги қилаётган техникаси қонунга тўғри келмадими? Балки, одамлар пахта термаса нима қилади, деб, уни шунга қамаб қўйдингларми? Бизда шундоқ ҳам пахта кўп, иш машинага ҳам, одамга ҳам етади.
Ҳамма “пахта иши”, “ўзбек иши” деяпти, булар унинг айби эмас. Лекин мен ўзим беш ёшимдан пахта тераман. Меҳнати оғир, осонмас… Пахта маҳал қишлоғимиздан битта қиз ўзини осиб қўйди, қўшни қишлоқдаги аммамнинг қўшниси эди, катта-матта аёл ўзини ёқиб юборди. Пахта осонмас, пахта жуда оғир иш…
Хўжайним шу воқеаларни кўриб, қандай жим ўтирсин… Ёмон нияти бўлмаган! Озод қилсанглар, энди кашфиёт қилмайди. Мен сизга ваъда бераман, тунлари ухламай бўлса ҳам, туну кун пахта териб сизга хизмат қиламан. Фақат, у кишини кечиринг!
Илтимос! Илтимос!! Илтимос!!!

* * *

Маҳбуснинг боши зирқираб, хотираси хиралашиб қолганди. У алланималарни айтиб, бетиним алаҳсирарди.
– Шуларнинг ҳаммасини ўзингиз тайёрладингизми, ғоя ажойиб, ахир бу оламшумул кашфиёт-ку! Москвадаги ўртоғим Ўзбекистонда шундай олим бор деб айтганида ишонмагандим…
– Раҳмат, фақат менга зарурий техникалар керак, Германияда ишлаб чиқарилган бир-иккита қурилмаларни қўллаб кўришим керак, агар уни амалиётга жорий эта олсак, халқимиз пахта азобидан қутулган бўларди. Бир чигит қилиб пахта пояларини пайҳон қиладиган техникалардан чарчадик.
– Ўйлаб гапиринг, Эгамберди, пахта байрам, тантана бўларди десангиз, яхши бўларди. Мен сизни яқинда муҳим лавозимга тайинлайман.
– Сиздан илтимос… Менга вақт керак… Ҳеч қандай лавозим керакмас… Мен шу тракторни ишлаб чиқишим керак… Бу трактор ҳали миллатимизнинг ташвишларини ердан терадиган машина бўлади…
– Мен сизга ҳар қандай ёрдам беришга тайёрман. Москвада сиз ҳақингизда мақола чиқди. Агар ишни тез олиб борсангиз сизни Тошкентга олиб кетишлари ҳам мумкин… Тошкентга сиздай одам керак… фақат тилингиз чатоқ… Ўйлаб гапиринг… Менга бир-иккита имзосиз хатлар келган…
– Менинг дардим битта – пахтани мукаммал терадиган машиналар ишлаб чиқиш… Менга ҳозир вақт керак, мен юзлаб тажрибаларни, минглаб тракторларнинг яратилиш тарихини кўрмоқчиман. Нега шунча пахта терувчи тракторлар одамлардай тоза теролмаяпти, уларда нима камчиликлар бор? Наҳотки, биз орзу қилгандай пахта машиналарини ишлаб чиқиш шунчалик қийин бўлса?! Мен бу саволларга ҳам жавоб топганимча йўқ.
– Мен сизга омад тилайман…
– Мен сенга лаънат тилайман… Сенга, сендақаларга…
Терговчи баттар қизишди. У ҳамон аламдан титрар, тезроқ тонг отса, бу ерни тарк этиб яна Вераникига борса, балки бугун эрта тонгда уни хушнуд қилар.
– Ҳали қизиқ бир нарсани аниқладим. Сенинг ишингда ҳамманинг айби бор… Санларнинг бошларингда обком турибди. У сени қутқармоқчи ҳам бўлди. У ҳатто мени уйига ҳам чақирди. Аммо хотиннинг зўрини олган экан. Кўзим билан сеҳрламоқчийдим, пашша учганчалик таъсир қилмади. Ердан кўзини олмади. Эри ўлса, кейин кўрамиз уни… Хуллас, обком секретари менга сени “машҳур кашфиётчи”, “иттифоқнинг фахри бўлиши мумкин”, деди… Сен пахта терадиган замонавий тракторлар ишлаб чиқмоқчи эмишсан. Шуни билки, буни ҳеч қачон эплолмайсан. Сен қаердаю, бизнинг механиклар, инженерлар қаерда?! Улар неча йиллардан бери қилолмаган ишларни сен – қандайдир чекка райондан чиққан оми, қишлоқи одам эплайдими? Шу чириган районингдан чиқиб-а?! Сен ундан кўра кўп бола туғдир… Пахта ўз-ўзидан терилади…

* * *

Маҳбуснинг хаёлига яна болалари келди… Сочларини ўриб ҳовлидаги райҳону атиргулларга сув қуйишаётгани, хотинининг манти учун хамир муштлаётгани кўз олдидан ўтди… Шермамат бедазордан исмалоқ тергани-терган… Ўғлига исмалоқли манти жуда ёқади.
– Болаларим…
– Болаларинг яхши пахтакор бўлади. Кашфиётингни хотинлар устида қилинглар. Шунда сен – қаҳрамон ота, хотининг ўнта туққан қаҳрамон она, болаларинг эса илғор теримчи бўлишади…
– Ўчир овозингни!
Капитан унинг алаҳсирашига эътибор ҳам бермай деразага тикилиб турарди…
– Хотинингни эртага чақиртирамиз! Қип-яланғоч қилиб, қоп-қора баданига қараб уни суд қиламан! Ёқса балки… – капитан аҳмоқона кулди.
– У покиза аёл!
– Ҳар қандай покизани эзғилаб эркалайман… Фақат кўнглим тортса, жирканмасам! Ўзи ҳам кўпдан бери сени кўрмаган, эркак нафасини туюши билан ўзини йўқотса керак.
– У покиза аёл.
– Кейин болаларинг етим бўлади… Сенинг раисинг, агрономинг, ҳамма қариндошинг касрингга кетади… Кашфиётчи эмиш… Улар тушуниб етишсин… Қара, ҳадемай тонг отади, тонгни мен, биз, фақат биз кўришимиз керак. Сенлар эса пахтани билсаларинг бўлди. Сен орқали энди мен областдаги ҳамма каттанинг ёстиғини қуритаман. Чунки сенлар порахўр, қўшиб ёзувчисанлар!!!
– Сен итсан!
– Нима? Тилинг пайдо бўлиб қолдими?
Капитан орқасига бемалол қаради-ю, даҳшатдан қотиб қолди: қаршисида бир баҳайбат нусха, соч-соқоли ўсиб кетган, кўзлари қип-қизил қонга тўлганидан қорачиғи ҳам кўринмай қолган одам еб қўйгудай қараб турарди. Капитан бақи­ришгаям улгурмади. Маҳбус ҳаш-паш дегунча кишанланган қўлларининг орасига унинг бошини киргизиб, бор кучи билан терговчининг бўйнини қаттиқ қисди, кейин уни тизза билан тепиб ағанатди. Тирсаги билан бўйнини босиб, жон ҳолатда хириллаб типирчилаётган терговчининг оғзидан кўпик чиқиб, кўм-кўк кўзларидан ёш отилиб қотиб қолгунича тутиб турди. Терговчининг кўзлари катта очилганча тинчиб қолди…

VI. Якуни

“Тонг отяпти…
Ҳозир болаларим туриб, мени яна ёлғончига чиқаради. “Эртага отангиз келади”, деб уларни овутгандим. Энди уларни нима деб овутай? Қачон келади деб айтай? Қачон?
Сиздан умид қилиб, сизни дуо қилиб, сизга ишониб кутувчи инженер Жонтемиров Эгамбердининг аёли ва болалари…”

* * *

Қатор панжаралар билан тўсилган дераза ортида қоронғилик тарқалиб, қуёш бош кўтариб келарди. Тонг отмоқда…
Қуёшнинг илк нурлари маҳбуснинг қора тер ботган юзларига тушгунча ташқарига тикилиб турди. Неларнидир узоқ пичирлади. Кейин чаққон ҳаракат билан терговчилар дам олиши учун қўйилган каравотнинг кўрпа астарини олиб ташлади. Темир каравотнинг яланғоч қиррали томонига белини тўғрилаб унинг устига чиқди ва аламли бақирганча ўзини темир устунга ташлади. Қарсиллаб кетган каравотнинг овози, маҳбуснинг охирги марта азобдан инграши ташқарида хуриллаб ухлаб ётган қоровулни уйғотиб юборди. Жонҳолатда ўзини ичкарига урган қоровул даҳшатли манзарадан қотиб қолди: Терговчининг жасади аллақачон совиб бўлган, фақат кўзлари ҳамон ўқрайиб боқарди. Маҳбус эса (саккиз ойлик азоблардан сўнг) онасининг оёғига бошини қўйганча мириқиб ухлаётган болани эслатиб ётарди. Энди бу болани ҳеч ким, ҳеч қачон уйғотолмайди…

* * *

– Тоға, саҳарлаб келганим учун узр! Кеч қолишдан қўрқдим!
– Ёзиб бўлдингми?
– Мана…
–Ўўҳ-ҳўўў, асар ёзиб ташлабсан-ку!
– Тоға, куёвингиз чиқармикан?
–Яхши ният қил, чиқади… Хатнинг турли хилидан ёзаверамиз… Бирини бўлмаса, бирини ўқиб қолар…
–Тоға, сизга катта раҳмат!.. Куёвингиз чиқади-а?
–Ҳа, дедим-ку! Қара, жиян, тонг отяпти, қуёш чиқяпти… Лекин осмонда булутлар ҳам бор… Қалинроқ кийинишим керакка ўхшайди… Майли, мен энди эртароқ отланай…
– Сиз берган гўштдан қайнатма шўрва қилгандим. Болам анча жонланиб қолди. Лекин, тоға, куйиб кетяпмиз-да! Куёвингиз озод бўлармикан?! Озодман, деб келармикан?!
– Мен шошилишим керак, қара, тонг отяпти, қуёш чиқяпти… Бизга аталган кун ҳам бордир ахир…
– Ўша кун қачон келади, тоға?!
– Келади, албатта, келади!!!

“Шарқ юлдузи”, 2017 йил, 11-сон