Билак бир, бармоқ бошқа.
Ўзбек халқ мақоли
– Э, ошна, шуйтиб десанг, тўйга борсанг тўйиб бор, деган гапда ҳикмат кўп экан, – деди Нарзи муаллим гурунгда. – Яхшиям, уйимдан шўлти-шўрва ичиб чиққан эканман…
Бир майизни қирқ бўлиб, қирқ бўлагини ҳам ўзи еб ўрганган муаллим бу гапи билан уй хўжасига ошкора тегинмоқ ва ғашини келтирмоқ истаганди, лекин мезбоннинг қулоғи сал оғирриқ экани важидан эшитмай қолди. Шамани ўзича тушунган Ялли гажир бироз оғрингандай бўлди. Бир бор юрак ютиб, илкис илмоқли гап ташлади:
– Домла, бу дейман, ҳар жойдаям фақат қоринни ўйлайвериш ярамайди. Қувиб келаётгани йўқ, сал шошманг. Хурмачангиз ҳам тўйиб қолар. Арпани тупроққа белаб ейиш қочмас…
Нарзи муаллим «ялт» этиб Яллига қаради. «Тилимни қичитма, гажир, сен айтган ҳайвон эмасманки, тупроққа белаб есам… Ўзинг бир пойгакнинг патаги бўлсанг… Бурнингга сийиб қолган бўлсанг ҳам ҳаддингни бил», деди ичида. Лекин сиртига чиқармай, қовоғини солиб қўйди.
Ялли гажирнинг уй эгасига хийла яқинлиги бор эди. Ўтирганларнинг бари бирйўла ошна бўлса-да, Ялли гажир мезбонга ўзини қалин тутарди. Бу қалинликка яна бир жиддийроқ сабаб бор эдики, мезбон Темирбой деганлари ҳеч қачон Ялли гажирни келгинди деб атамаган.
* * *
… Йигирма йилнинг нари-берисидаги гурунгларда бир хил гап қўзғалиб турарди: тунов куни фалон қишлоқдан бир хўжалик кўчиб кепти. Эр бўлмиш пакана экан, хотини дўлваргина эмиш… Мундоқ, ҳали элга қўшилмаётган эмиш…
Бундай гаплардан айниқса Шоди қора руҳланиб кетарди.
– Қайтиб қўшиларди? – дерди кейин қорайиб кетган иягига суянганча. Мўлжал тўғри «ички умумий душман»га қараб бораётганидан суюнарди ва атай гапга мой сепарди: – Тили калта-да, келгинди бўлгандан кейин бироркимни ялаб-суйкамагунча апоқ-чапоқ бўлиб даврага кирармиди…
Даврадагилар индамасди, аттанг, дегандай бошини сарак-сарак қиларди, холос. Шундай маҳалда зимдан Ялли гажирга кўз қири ташланарди. Гажир дувва қизариб кетарди, чаккасидан тортиб ялтираган бошидаги томирларига довур бўртиб чиқарди.
Гажир одамэшитмас қилиб иҳранарди, тишлари бехос ғичирларди. Лекин лом-лим демасди. Деёлмасди.
Даврада яна бир одам бор. Бароқ мўйловли бу одамни ҳамма гуппи дейди. «Хушвақт гуппи айтган бўлса, ишонма», «Гуппи бўлгандан кейин айтаверади-да…», «Гуппига қолса, дарёни ийириб ичаман дейди…»
Шу Хушвақт гуппининг бир ёмон қилиғи бор – арзисаям, арзимасаям тортишади, суришади. Яна хўп сердағдаға одам. Доим ўзиникини маъқуллайди, керак бўлса, бошни қотириб, зуғум қилиб бўлсаям, гапини ўтказади. Кейин анча кун яйраб юради.
Ошналар эса унинг олдида иложи бўлса баҳслашмайди. «Гуппи аралашиб қолмасин-да ишқилиб». Лекин гуппи деганимиз бир нақлга доим амал қилади: кўр – кўрганини, кар эшитганини қўймайди!
Ҳозир ҳам Шоди қоранинг гапини эшитди-ю, даврага бир қўр назар солди. Сепилган «мой» гўё уни тутандириқ қилмоқчидай туюлди. Лекин баҳслашмоққа ошиқмади. Сабабки, Ялли гажир гуппининг ҳам қил ўтмас ошнаси. Кўнглига қарамаса бўлмас. Шоди қоранинг тайтувлигини биринчи кўриши эмас-ку.
Шуни ўйлади-ю, шарт ўрнидан турди. Қўлсоатига қаради. Апил-тапил белига қўл юборди. Ошналар, йиқиладиган пайт ҳам бўп қопти, деди. Ҳеч кимдан сас чиқмади.
«Ҳайрият, – ўйлади ўй эгаси. – Гуппи тилини тишлади-ю, Ялли ошнамиз бир азобдан қутулди». Ростдан ҳам, умри бино бўлиб, шу даврага қўшилгандан бери бир бор, ўзиям келиб-келиб давра саркаси, тенгқурлардан зиёдроқ кўйлак йиртган муаллимга ўткаринқираб гапириб қўйди. Шу онда Ялли гажир гапи ортидан муқаррар қўзғалажак мавзудан ҳадиксиради, охири бахайр бўлсин-да, ишқилиб, деб ўйлади.
Шу пайт кимдир гиламнинг бир четини кўтариб, иргага ўхшатиб нос туфлади. Таҳорат олиб кирган гуппи бурнини жийирди. Даврага кет буриб, жойнамозини уй тўрига тушади.
«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм…»
Ошналар сукунатга ўрганмаган. Бундай пайтларда айниқса Шоди қоранинг ичи тор келади. Мисқолдайгина ғаламислиги тутади-ю, оламушук бўлиб ичини тирнаётган эски гапини хусури қонмагунча қўзғайверади.
– Қишлоғимизда бегоналар кўпайиб кетди-я, – дейди у. – Бировини танисак, бировини танимаймиз. Шаҳарларга ўхшаб, салом-алик ҳам қаҳатчилик. Болаларимизгаям нуқси ураяпти. Уларга таассуб қилиб, биров-бировга салом берай демайди…
– Шодибой, – деди Диёр чўпон гапни бошқа ёққа буришга ҳаракат қилиб, – эслайсанми, болалигимизда бу жойларда бир ҳовуч одам яшарди. Қирқ-эллик хўжалик бўларди. Ҳамма бир-бирини танирди. Биз тенг-тўш ошналар бирга мол боқардик, чўмилишгаям бирга борардик. Совхоз боғига ўғирликкаям… бирга тушардик. Эсларингдами, – даврага юзланди чўпон, – бир кечда анови боғбон бор эди-ку, оти… ҳа, раҳматли Туроп бува еттовимизниям ушлаб олганди. Ёшлигида азбаройи кўп кино кўрганиданми ё иштиёқмандмиди, «Тўхта, отаман», – деб дўқ урганди ўшанда. Соддалик қўрсин, пачоқ бир боғбонда зарангтаёқдан бошқаси нима қилсин, деган хаёл бўлмаган эканми, ҳаммамиз лаққа ишониб тўхтаганмиз. «Таслим» бўлганимиздан руҳланган чол тушмагур ҳар биримизни алоҳида-алоҳида дарахтга ичак шланг билан боғлаб, устимиздан бир челакдан муздай сув қуйиб чиққанди. Шунда тонготарда саккизинчимиз – шу Ялли ошнамиз келиб ҳаммамизни «қамал»дан «озод» қилганди. Мен ўшанда Сўпи қишлоғидан кўчиб келиб энди бизга қўшилган Яллини бир умр гўё халоскоримиз бўлади, деб ўйлаганман.
«Субҳанакалламумма ва биҳамдик…»
Бу гапга Шоди қора рози бўлмайди. Ялли гажир мақталган жойда қоранинг ўн жойидан куяди!
– Кесакданам бир-ярим олов чиқмай ўлсинми, – ғайирлик қилади у. – Ошналарини ташлаб қочиб бўлмаса… Қочганиминан… кейин кимга қўшиларди?..
– Катта холангга!!! – жойнамоздан бош кўтарган Хушвақт гуппи бўғрадек сапчиб ўрнидан туриб кетди. Ранги-рўйига қараб бўлмас даражада қизариб кетган; мўйлови ҳаминқадар буралиб тургувчи эди, жаҳл эпкинидан бўлса керак, тепага қараб ўрлабди. Шоди қоранинг хиппа бўғзидан олди. Ошналар туришга-да улгурмай қолди. Кутилмаганда қоранинг юзига ўхшатиб мушт туширди. – Қўясанми-йўқми шуни, лўли!
Бу зарбага ҳам қаноат қилмай, қорнига ҳам тиззаси билан сермаб юборди.
Хонада тўс-тўполон бошланиб кетди. Шоди қорани гуппининг чангалидан чиқариб олгунларича ҳай-ҳайлаб Темирбой ҳам қўлида катта тоғорада чайқатиб-чайқатиб чалоп билан келиб қолди. Ёқавайрон Шодини кўргач, гап нимадалигини фаҳмлади ва ўртага тушмай қўя қолди. Билади, гурунгда авж нуқтага етилган …
Шоди қора гуппининг чангалидан қутулгандан сўнг, оғир «ўҳ» тортди. Ўнгири билан қон сизиб чиқа бошлаган бурнини артди. Хушвақт гуппига бир олақараш қилди-ю, индамай бориб жойига чўккалади. Гуппининг «лов» этган олови қандай ёнган бўлса, хумордан чиққач, шундай тез ўчди. Ўчди-ю, жойномоз устига эгилиб, намозини келган жойидан давом эттирди.
* * *
Давра жимиб қолди. Ҳамма ўзича дастурхонга солинган нақшларга кўз тикиб ўтирди.
Намозини ўқиб бўлган Хушвақт гуппи юзига фотиҳа тортди, жойномозини ўраб, белбоғини белига маҳкам боғлади. Даврага юзланиб, салом берди ва Ялли гажирга яқинроқ жойга ўтирди. Ҳамманинг кўзига бир-бир қараб чиқди. Фақат Шоди қорагина афтини терс буриб, дераза пешбурунига қўниб турган чумчуққа қараб ўтирди.
Хушвақт гуппи томоқ қирди. Давра нажот кутиб, унга тикилди. Ўтирганлар кўзига гуппининг недир салобати бордай туюлиб кетди.
– Ошналар! – дея хитоб қилди бир пайт Хушвақт гуппи. – Ҳозир бир масалани ечиб олмасак, ошначилигимиз патарат топиб кетадиганга ўхшайди. Мен бир шарт айтаман: ёқса, қўллайсиз, ёқмаса, орани очди қиламиз.
Давра қулоғи динг турганди. Биринчи бўлиб Нарзи муаллим маъқуллади:
– Тўғри айтасан, Хушвақт ошна, – деди у. – Ўзи кейинги пайтларда гапимиз унча қовушмай боряпти…
– Мана, сиз ўзингиз, домла, – деди Хушвақт гуппи ранжиб, – фақат қориндан гапирасиз. Нима, очингиздан ўлаяпсизми?
– Ўзингни бил, гуппи, – қайириб ташлади муаллим. – Ўзинг бурнингни тиқмаган жойинг йўқ. Намоз ўқиётгандаям нишгинангни бир тиқиб олмасанг, хусуринг қонмайди. Пештаҳамлигинг элга сиғмайди. Даллолгаям ўхшаб кетяпсан. Энанг бечора, бир куни шугина боламнинг тили тойиб кетиб, бошига етмасайди, деган хавотирда зорлана-зорлана ўтиб кетди.
Ботир жувозкаш муаллимнинг оёғига нўқиб қўйди, домла, қўйинг шу гапларни, зомбирнинг уясини қўзғаманг энди, гуппининг энасининг нима алоқаси бор бунга, дея ишора қилди.
Гуппининг аччиғи чиқди. Лекин тилини тийди. Ошналари орасидаги сарка – муаллимнинг ёшини ҳурмат қилди. Қолаверса, кейинги пайтлар сал пештаҳамга айланиб қолаётгани ўзига ҳам сезилаётгандай. Бор аламини, тугилган муштуми билан ҳам чиқиб кетмаган зардобни Шоди қорадан олгиси келди.
– Ув, хумса, менга қара, – деди гуппи кўзларини ола-кула қилиб Шоди қорага бўйнини чўзиб. – Иргамчик гапларинг жонга тегиб кетди-ку! Нима, бу қишлоқ сенинг маҳрингга тушганми? Увол-савобини елкангга олганмисанки, одам ажратасан? Яллидан бошқа дардинг йўқми?
– Сенга нима, гуппи? – деди Шоди қора бўш келмай. – Ўзингни бил. Яхшиси, аралашма! Гап келганда, гапираман, нима дейсан? У менинг ҳам ошнам, билсанг…
– У-ҳў! Билмабмиз. Унда нега мунча эзғилайсан уни? Аслида, кечирасану, ана шу ошнамиз сенга ўхшаган ичи қоранинг ўнтасидан беҳроқ. Мана, ошналардан сўрайман: айтинглар, шу Яллининг кимга оғири тушган? Кимнинг оёғидан тортган? Ҳеч кимнинг! Тўйимиздаям, азамиздаям биринчи бўлиб қамишдан бел боғлаб етиб келадиган шу ошнамиз эмасми? Иш тушганда мунинг кўзининг ёғини еб, кейин истаган пайтда кет буриб, камситишми?
Давра «тўппа-тўғри» дея маъқуллаб турди. Шоди қора бу сафар гап қўшмади. Жимжилоғини қирсиллатиб ўйнаб, кўрпачага тикилганча тек ўтираверди.
– Орамиздан ё Шоди кетсин ё мен кетаман! – боядан бери оғзига талқон солиб олган Ражаб уста дабдурустдан портлади. – Қачонгача бир-биримизнинг кўзимизга чўп суқиб ўтирамиз?
Устанинг гапи кутилмаган таклиф бўлди. Ҳамма ярқ этиб унга қаради.
– Ув, муттаҳам газанда, ўзинг кетақол, – қони қайнаб кетди Шоди қоранинг. – Ё кавушингни тўғрилаб қўяйми? Сендай писмиқнинг боридан йўғи яхши!
Иккиси ёқалашмоқчи бўлиб, хезланиб ўрнидан турганди, Нарзи муаллим шаштидан қайтарди. Сўнг босиқлик билан устага юзланди:
– Оғирроқ бўл, уста, – деди муаллим. – Ҳеч ким сизларга кет, дегани йўқ.
– Хушвақт шарт қўйди-ку?! – пишқирди уста.
– Оғайни, мен ҳали шартимни айтмадим, – деди гуппи.
– Унда айт-да! – деди уста.
Даврадагилар ҳам айни талабни қўйди.
– Шарт шуки… – гапиришга гапириб, сўнг ўйланиб қолди гуппи. – Шарт шуки… Ҳозир Темирбойникидан чиқиб, тўғри Яллиникига қўноқ бўламиз. Шартни ўша ерда айтаман!
Ошналар ажабланиб, бир-бирига қаради. Гуппи эдинг, энди нақ кўтарилма бўпсан-ку, дейишди. Гуппи шарт кетидан қўйган шартида оёқ тираб туриб олди: «Шундай. Тамом-вассалом».
Бу шўришларда ўзини бош сабабкор деб билиб, эзилиб, хафаҳол ўтирган Ялли гажирнинг юзига қон югургандай бўлди. «Ҳайрият-е, ошналарим уйимдан туз тотадиган бўлди».
– Нима дейсан, Ялли ошна? – деди кейин гуппи жилмайиб.
Гажир ийиб кетганини яширмади. Тўлиқиб турган ўпкасини босолмай:
– Бош устига, бош устига, оғайнилар! – деди.
– Қани бўмасам, кетдик! – деди Нарзи муаллим.
– И-я, бизникидан чаён чиқдими? – бехос сўраб қолди уй эгаси ранжиганнамо оҳангда. – Бир капгир палов дамлаётувдим-ку?
– Паловингга қайтиб келамиз ҳали! – тасалли берди Хушвақт гуппи. – Келинга айт, милтиллатиб димлаб турсин. Энди юзкўрдига келамиз!
* * *
Ялли гажирнинг ободгина ҳовлиси. Икки чети чаман очилиб ётган гуллар оралаб келган ошналар тўғри меҳмонхонага қараб юришди. Гажирнинг ўзи, эндигина мўйлов нишон бера бошлаган ўғлига иззат бобида азбаройи ишонмай, елкасига сочиқ ташлаб, ошналарининг қўлига обдастада сув қуйиб турди.
Бирпасда узун дастурхонни бадастир қилди. Нарзи муаллим икки жуфт шишанинг рухсори кўриниши билан Темирбойга қараб кўз қисди: «Меҳмондорчилик мана бунақа бўлади, Темирбой, сенам ишни шундан бошлаганингда бу машмашалар йўғиди».
Темирбой қошини учириб, айбдорона тасдиқлаб қўйди: «Қисталанг қилманг эди-да, домла, қилдингизми, энди чиданг. Устингиздан қуйиб, чўмилтиришгаям қурбим етарди».
Нарзи муаллим Хушвақт гуппига қаради. Гуппи доимгидай юзини буриштирди. Тағин ўзингиз биласиз, дегандай иддао қилди.
Муаллим Ботир жувозкашга имо қилди. У дарров фаҳмлаб, шишага қўл чўзди.
Даврага жимжитлик чўкди. Онда-сонда «қулт-қулт» этган товушу пиёлаларнинг жаранги эшитилиб турди. Шодону асабий ютоқиб ютилган ютумлар ғашга тегар даражага етди. Мундай қаралса, бари буқачага суйкалган ғунажиндай кўзларини сузиб турибди. Биргина Шоди қорага ҳеч нарса татимаётган кўринади. Қовоғи солиқ, ўзи курк товуқдай ҳурпайиб, асабий ўтирибди.
Чайнагани тиқилиб қолди, шекилли, кимдир қаттиқ йўталди. Нарзи муаллим кайвонилиги тутиб, даврада ичимликни ўлгудай ёмон кўрадиган ягона зот – покдомонгина Хушвақтга қараб, гапир энди, сабил қолгур шартингни айт, деди.
Гуппи чайналиб ўтирмади.
– Шартни энди айтсам бўлади, оғайнилар, – деди қироат билан. – Ялли ошна, сен ўрнингдан тур, ўғлингнинг тўйига деб йиғиб ўтирган тўнларинг борлигини айтувдинг. Ўшаларни опчиқ. Тез бўл.
Ялли гажир бир дам талмовсираб қолди.
– Н-нима қиласан уларни? – деди қизиқсиниб.
– Айтганни қилсанг-чи, ошна, нима ишинг бор у ёғи билан? – деди гуппи сохта дағдаға билан.
Гажир ўзича недир бир ёруғликни туйди-ю тавозе билан чиқиб кетди. Кейин қучоғини тўлдириб беш-олти тўн кўтариб келиб, меҳмонхона пойгагига ташлади:
– Мана!
Хушвақт гуппи баковулга ўхшаб тўнлар орасидан энг сарасини қўлига олди. Авра-астарига қаради. Илинжи борлигини кўрсатмоқчи бўлди. Сўнг:
– Оғайнилар! – деди тўннинг гардишини сийпалаб. – Боя сен-менга бориб ўтирган пайтимиз Ялли ошнамизнинг кўзига кўзим тушиб қолди. У қишлоғимизга кўчиб келиб, энди бизга қўшилиб, ошна тутинган кунимиз ҳам кўзига қарагандим. Ўшанда ҳам унинг кўзлари… худди бугунгидай мунгли эди! Боя эсимга тушиб кетди: айнан бугун Ялли ошнамиз кўчиб келганига йигирма йил бўлибди. Йигирма йил-а! Орадан шунча вақт ўтиб кетибди. У ҳаммамизга ҳам, ҳатто, отамиз қилмаган яхшиликларни қилди. Лекин биз… уни ҳамиша бегонасирадик. Бегонадай муомала қилдик. Неча марта уйига айтди, кўпам менсимадик, рози бўлиб келавермадик. Ошнамиз бўлса, бундан ўзини тили қисиқ сезиб, баттар эзилаверди. Ошналар, буваларимиз бир гапни кўп айтгич эди: мусофир йигирма йилда эл бўлармиш…
Бояги шартим шу эдики, ҳозир Ялли ошнамиз ўзи елкангизга мана шу тўнларни ёпиб, бошқатдан дўст тутинади. Бугундан бошлаб Ялли ошнамизни келгинди, деб ҳисоблайдиганлар бўлса, мана, эшик очиқ, мардлик қилиб орамиздан чиқиб кетсин!
– Баракалла, ошна, баракалла! – дея кимдир чапак чалиб юборди.
– Гапинг жуда тўғри, ошна, биз ростданам кўр бўлиб кетаётгандик, – деди яна бирови.
Шу маҳал тусатдан Ялли гажир «гурс» этиб тиз чўкди. Шу онда ўтирганларнинг кўз ўнгида полвонкелбат, хушчақчақ ва чапани Ялли гажир эмас, анчайин абгор, бир тутам жуссали қария тургандек бўлди. Гажир кўзларидан шашқатор ёшлар чиқа бошлади. Елкалари силкиниб-силкиниб йиғлаб юборди.
Эр йигитнинг йиғиси оламни ағдар-тўнтар қилар экан!
Кимдир овутмоқчи бўлди. Гажир қўли билан кескин рад этди. «Тегинма!»
Кейин ёш боладай ўксиб, айтиб-айтиб йиғлади:
– Шу гапларни йигирма йил кутдим, ошналар, йигирма йил! Мен энди буларга эл бўлолмас эканман, деган хаёлгаям бордим. Тушуняпсизларми? Бирда кўчиб кетмоқчиям бўлдим. Хотин, бола-чақам оёғимга ёпишди… Бош олиб кетай, дедим. Яна қаерга бораман, деб ўйладим. Қаерга борсам ҳам келгинди, ортиқча одам бўлиб бораман-да, деб ич-этимни тирнадим. Ёруғ кун ҳам бор экан-ку!..
Давра сув қуйгандай сассис бўлиб гажирнинг юракни эзар аламли сўзларини тинглади.
– Бўлди, ошна, етар, қаддингни кўтар! – деди Хушвақт гуппи дийдасига қалқиб чиққан бир томчи ёшни билдирмайгина артар экан. – Қани, тўнларингни елкамизга ёпасанми ё биз кетаберайликми?
Енгил, лекин беўхшовгина кулги кўтарилди.
Ялли гажир ҳар бир ошнанинг елкасига тўп ёпди, ҳар бири билан қучоқлашиб, қайтадан дўст тутинди. Ҳатто, Шоди қорага энг яхши тўнини илинди.Уни маҳкам бағрига босар экан, қулоғига шипшиди:
– Тўйингда тўнингнинг энг зўрини ўзим кияман, Шоди ошна!
Ошна-ошначилик қайтадан бўлди-ю, энг чатоғи, шарт қўйган Хушвақт гуппининг ўзига тўн етмай қолди…