Жасур Кенгбоев. Ортиқча одам (ҳикоя)

Ўзини топмай кезар.
Адашар ўзининг оппоқ жисмида.
Шамол шундай эсар.
Федерико Гарсиа ЛОРКА

Шомга яқин эди. Баҳорнинг илк якшанбаси. Дам олиш кунини фақат бир машғулот билан ўтказаётган Сайдали сеҳрли оҳанглар тугаши билан магнитофонни ўчирди-да, ошхонага ўтди. Кечки овқатга нон йўқ эди. Деразадан ташқари қаради: кун ҳали ёруғ.
Сайдали уй подъездидан чиқиб келганда кўчада тумонат одам эди. Асосан хотин-халаж, қиз-жувонлар. Бир-бирига гал бермай гап сотади. Шақирлаб кулаётганлари қанча. Улардан сал нарироқда, Қўқоннинг дўпписидек келадиган болалар ўйнайдиган махсус майдончада бир гала қизалоқ бақир-чақир қилиб ҳалинчак учмоқда. Сайдалининг биринчи қаватда яшайдиган Фарҳод ака деган қўшниси бор. Бу одамнинг иккита машинаси бўлиб, қимматроғини уйидан нарироқда, ўзига қарашли гаражда сақлайди. Кунда тиндирмай ҳайдаб юрадиган иккинчи «тўлпор» учун эса шундоққина балконининг тагига цемент тўшаб, гир атрофини темир панжара билан ўраб, қўлбола очиқ «гараж» қурган. Сайдали ана шу «гараж» ёнидан ўтаётиб тақа-тақ тўхтади. Худди кўксига ханжар қадалган жангчидайин илкис жойида қотди. У кўрди: уч нафар бола, олти-етти ёшлардаги уч ўғил бола Сайдали наздида номақбул юмуш билан банд эди. Болалар «гараж» остонасига бир нечта тўртбурчакли катакчалар чизиб, япалоқ тошни уларга навбатма-навбат ташлаб, сўнг гоҳ ўнг, гоҳо чап оёғида сакраб, қоидага кўра, кези келганда қўшоёқ бўлиб сапчийди. Отилган яполоқ тошга етиб борар, сўнг уни ё ўнг, ё чап оёғи билан, иккинчи оёғини ортга кўтариб буккан ҳолда суриб, катаклар бўйича юргизар эди.
Бу ўйинни «макушка», «мак-мак» деб ҳам аташади.
Сайдали бир муддат тургач, «гараж» панжараларига яқинлашди. Бир чимдим қаҳр аралаш болаларга буйруқ берди:
— Ҳой, буёққа келинглар-чи!
Учовлон дув этиб Сайдалига қарашди. Ўйинни тўхтатишди. Сайдалининг ғазаб тўлиб турган қовоғига тикилганча гўёки қандайдир нохушликни сезгандай сергаклик билан яқин кела бошлашди.
— Исминг нима? — сўради Сайдали улар ичидаги қорувлироқ, бароққош, сарғиш юзли болага қараб.     
— Ме-е-нингми? — деди бола ҳадик қув ичида худди бир айб қилиб қўйиб, кечирим сўрашга чоғланган одамдай довдираб. — Исмим Ёқубжон…
— Сеники-чи? — сўради Сайдали иккинчи болага юзланар экан.
— Бунинг исми Диёр! — жўрасининг ўрнига ҳам жавоб бериб юборди қорувли Ёқубжон. Сўнг кейинги саволни кутиб ўтирмасданоқ учинчи болани таништирди: — Манави эса Ботир!
Ёқубжоннинг ҳозиржавоблиги ва дадиллиги Сайдалини жиндек ҳовуридан туширгандай бўлди. Бироқ аҳдидан қайтаролмади. У бирор жиддий гап айтмоқчи бўлса, ҳар доим дангал йўлни танларди. Гапларини лағмондан чўзиб ўтирмасди, шартта-шартта айтарди. Ҳозир ҳам у одатига биноан дарҳол муддаога ўта қолди:
— Менга қаранглар, Ёқубжон, Диёрбой, Ботирбек! Бугундан бошлаб бу ўйинни умуман ўйнаманглар, хўпми?
Табиийки, Сайдалининг томдан тараша тушгандай дабдурустдан нега бундай деб қолганига болаларнинг ҳечам ақли етмади. Бир-бирига савол назари билан қарашди. Сўнг, кутилмаганда:
— Нега? — дея бирваракайига савол беришди.
— Чунки бу қизларнинг ўйини. Ўғил болалар ўйнаса уят бўлади.
— Шу ўйинга қизиқамиз-да, — деди боядан буён миқ этмай турган Ботир ўйчанлик билан.
— Қизиқсанг ҳам ўйнамайсан! — чўрт кесиб огоҳлантирди Сайдали. — Қизиқсанг, ана, ўғил болалар ўйинига қизиқ. Футбол ўйна, хивичу таёқ миниб, от-от ўйна, ҳеч бўлмаса бекинмачоқ ўйна! Лекин буни ўйнаганларингни бошқа кўрмайин!
Қўшни болалар аввалига бир неча сония жим қотишди. Сайдалининг важоҳатидан қўрқишдими ё гапни англаб етиб, мағзини чаққандай бўлишдими, ишқилиб, бир пайтда жўровозлик қилишди:
— Хўп бўлади!
Сайдали болаларнинг ҳар бирининг, айниқса Ёқубжоннинг кўзига яхшилаб синовчан тикилди-да, йўлига равона бўлди.
«Барибир «макушка» ўйнашади»
Магазинда нон олаётганда ҳам, кечки овқатни танаввул қилаётганда ҳам, душанба кунги ишларини режалаштираётганда ҳам шу фикр унга тинчлик бермади. Ана, чакка томирлари бўртиб, яққол кўриниб қолди. Одатда асабийлашса, шундай бўлади. Қон билан кирган хислат бўлса керак-да. Сайдали оғир гавдасини яна каровотга ташлади. Титраб кетаётган кўрсаткич бармоғи магнитофон тугмасига чўзилди. Бизга таниш сеҳрли куй тўхтаган жойидан давом этади. Мумтоз куй. Дўмбира саси. Бахшининг йўғон эса-да, ширали, дўриллаган овози бизни бир фурсат мафтун этиб, жозибаси қулига айлантиради. Сиз-у биз Сайдали бўлиб, Сайдали эса бизга айланиб, достонга қулоқ тутамиз.
Бахши эса «Алпомиш»дан олади!
«… Алқисса, Алпомиш Бойчиборни аста-аста ҳайдаб Оқсув дарёнинг кўзига саёз кўринган жойларидан ўтиб кетди.
Шу ҳайдашдан қистаб отди, чатанига қамчи чотди, қамчи қурсин симдай ботди, жонивор Бойчибор ўзини сермаб отди, сойу қирдан ошиб ўтди, қаранг Алпомиш валломатди ўтди, вақт кун ботди, ҳолсираб лаблари ботди, эрталаб яна тонг отди, желдираб-желдираб Оқдобон тепага жетди.
Чиборини қистаб ҳайдаб Оқдобон тепанинг устига чиқиб қаради, қараса, юраги ёниб боради, элас-элас Бойсун эли, кўчалари, ошиқ ўйнаган жойлари, улоқ тортган жойлари кўзига кўриниб, кўнгли, ёши тизилиб Бойчибор отига қараб икки оғиз сўзлаётган жойи…»
Бахши овози олис-олисларга сингиб кетади. Сайдали қолганини тушимда кўраяпман деб ўйлайди, бироқ биз бунинг кўз ўнгимизда содир бўлаётганини кўра-била туриб, қолаверса, илигимизда оқаётган, айни лаҳзаларда жўшиб кўпираётган достонни бутун борлиғимиз билан тинглар эканмиз, бахши қўлидаги дўмбира дафъатан Сайдалининг қўлига ўтаётганини сезмай қоламиз. Бахшининг ғойибона сиймоси Сайдалининг чеҳрасида жонланади. Гарчи дўмбира тутган бахшилар алмашди, аммо мумтоз куй ўзгармади! Йўқ, озгина ўзгарди: Сайдали бахшининг достони тўла мўнг бўлди. Қайғу шакл ола бошлади:

«… Шоир ёзар ошиқни,
Ёр тебратар бешикни,
Майдонда отар эдинг,
Болалар билан ошиқни,
Қилардик кўп қилиқни.

Дўстинг меҳри иликди
Оқ сўякни ўйнаб тонгда,
Отар эдик иликни,
Олтов-сакккиз ўйнар эдик,
Зувуллашиб чиликни.

Элимга меҳрим ҳовуч,
Бойчиборим қушдай уч,
Тўртов-саккиз салом солиб,
Ўйнардик дашинмович.

Қизиқ ёшликда юриш,
Кўнглим қилади хуруш,
Қизиққанда ўйнардик,
Бурун қонатиб чим уриш.

Кеча ёриқ ой билан,
Мен турибман ўй билан,
Жандани ташлаб қўйиб,
Тортишардик той билан…»

Достон шу жойига етганда бизни ҳам бардош синайди. Сайдалининг қўли магнитофонга узатилади. Мумтоз куй саси тин олади. Бизнинг эса ичимиздан нимадир қуйилиб келаверади. Фақат Сайдали инграб юборганча айтган бир гап бизни ҳушёр торттиради: «Барибир «макушка» ўйнай беришади…»
Душанба тонгида Сайдали ҳар кунгидай ишга отланди. Бекатда тумонат йўловчи йиғилган эди. Автобус ҳам ҳаяллаб келди. Оломон ўзини очилиб улгурмаган эшикка урди. Эплаган Сайдалига ўхшаб чиқиб олди, қолганлар қолди. Сайдали эшикда жуда ноқулай туриб қолди: базўр ёпилган эшик зинасида бир оёқда турибди. Боз устига олдида тим қора, жингалакнамо сочли қиз. Орада қил ўтмас даражада масофа. Нақадар ҳижолатпазлик, Сайдали! Қара, қизгинанинг сочлари елкачасига тушар-тушмасгина экан, қўқиб ётиши-ю таралмаганига қараганда, қизгина эрталаб уйидан анчайин шошиб чиққан. Қулоғида, ажабки, иккитадан тешик, жуфт-жуфт исирға.
Сайдали тиқилинчдаги ҳолатидан ўнғайсизланди. Секин мувозанатини тикламоқчи бўлди. Муаллақ қолган иккинчи оёғини зинага қўяй деб эди ҳамки, кимнингдир оёғини босиб олди. Олдидаги ҳалиги қиз ғалати инграб юборди. Қиз ортига забт билан ўгирилди-ю Сайдалини кўрди ва:
— Ока, секинроқ-де энди, кўз борми ўзи? — деди шанғиллаб.
Ёпирай-ёпирай! Сайдалининг оғзи очилиб, донг қотиб қолди. Тикилди-тикилди, лекин тили калимага келмади, ҳангу манг бўлиб тураверди. Қаршисида турган, Сайдалининг анграйиб, мўм тишлаб қолганидан ғингшишни баттар авжига миндираётган кимса — тим қора жингалак соч… қиз эмас, ўғил бола экан! Эркак экан! Ортидан Сайдалига кўринмай турган юзида эркакларникига хос бирор бир белги-аломат йўқ эди. Нафрат билан тикилсангиз-да, юзининг оппоқ, терисининг майин ва юмшоқ эканини сезар экансиз; соқолу мўйловнинг ўрни ҳам йўқ… Фақат манқа бурнининг чап тарафида чамаси бир бўғинча келадиган чандиғи яққол билиниб турар эди.
Сайдали тим қора жингалак соч қиздан аввал-бошдаёқ узр сўрамоқчи эди. Лекин тим қора жингалак соч ўгирилиб қўйди-ю Сайдалининг фикри ўзгарди. Қатъий ўзгарди. Бир оғиз сўз қотишниям раво билмади.
«Йигитни ёндирар бўлса орият…»
Қандайдир бир ўт-оташ уни куйдираётган эди.
У шошаётган эди. Ишхонаси олис. Ҳар куни иккита транспортда ишга қатнайди. Бугун-да вақти тиғиз. Сайдали эндигина иккинчи бекатга етиб келган автобуснинг эшиги очилиши биланоқ, сакраб тушди. Сўнг ҳалиги тим қора жингалак соч… эркакни ҳам ёқасидан қўшқўллаб ушлаб судраб тушди. Салондаги йўловчилар айни дамда жанжал бошланиши муқаррарлигини сезишди, шекилли, ҳай-ҳайлаб қолишди. Сайдали уларга қўлини пахса қилиб, ҳеч нарса бўлмайди, қўрқманглар, деган маънода ишора қилди. Сўнг ўгирилиб, қўллари орасида худди мусичадек типирчилаётган тим қора жингалак сочга юзланди.
— Сен эркакмисан?! Ўзбекмисан?! — деди қаҳрдан титраб кетган қўллари билан чангалидагини ўхшатиб буғар экан. — Эркак бўлсанг, эркакка ўхшаб юргин-да, занғар ҳезалак!!!
Ҳеч қандай жавоб бўлмади. Тим қора жингалак соч… эркак юлқиниб Сайдалининг чангалидан чиқди. Эндигина жилаётган автобусга бир сакраб чиқиб олди. Одамларга аланглади, бир нималар деб тўнғиллади. Чамаси, пастроқ овозда бўралаб сўкди.
Сайдали бекатда ҳолсизланиб скамейкага чўкди, бошқа автобуснинг келишини кутиб қолди.
Ишхонага кечикиб келди. Хонада Сайдалидан бўлак яна тўрт киши ишларди. Бектош Сафар деган қирқ ёшлардан ошган бахшисифат бир киши. Барваста, лекин шарпадай юради, сас-товуш чиқармай қадам босади. Фақат француз атирларидан сепади… Яна икки нафар фольклоршунос борки, Ойбек Чўлиев ва Рўзимурод Холматов исм-шарифли бу кимсалар бир мавзуда изланиш-тадқиқот олиб боради, қолаверса, бир жойда туғилган, бир даргоҳда ишлайди, яна бир хонада ўтиради, бироқ ўлса-да, гапи бир жойдан чиқмайди. Тортишгани-тортишган: арзисаям-арзимасаям. Сайдалининг наздида уларнинг иккиси ҳам талмудчи. Учинчиси эса энг ёш ходима — Ёқутхон, достон ва термаларни компьютерда терувчи оператор қиз. Сохт-сумбати келишган қиз.
Кейинги пайтларда бу рамақижон ишхонага шим кийиб келадиган бўлди. Сайдали бугунгини қўшиб ҳисобласа, уни учинчи марта беўхшов шимда кўриши эди. Қиз хонанинг бир бурчида — Сайдалига ёнбош бўлиб ўтиради. Бир маҳал қизнинг қўлидаги қоғозлардан бири тушиб кетди. Уни олмоқ ниятида энгашиб қўл узатган ходиманинг кофтаси тепага, шими эса пастга қараб «тортишди»… Ўртада очилиб қолган белнинг бир қаричча жойи номаҳрамлар нигоҳидан қўрқиб, докадек оқариб кетди…
«Кўзларинг ўйилиблар тушса бўлмасмиди, Сайдалилар?»
Сайдали сакраб ўрнидан турди. Ҳурпайганча бориб, қаддини ростлаб, кийимини ҳали тўғрилашга ҳам улгурмаган қизнинг кофтасини шартта пастга тортиб, шимини қўл учида кўтариб қўйди. Қиз нималар бўлаётганига тушунмай, довдираб қолди. Дув қизариб кетди.
Сайдали сўз қотишга ожизлик қилди. Кўз қири билан қиздан нигоҳини узмай турган уч ҳамкасбига боқиб, баттар оғринди. Тутақди. Уҳ тортди. Юрагидами, қаеридадир кучли оғриқ сезди. Пешонасидан чиқаётган реза-реза терни артаркан, чуқур-чуқур нафас олди.
Синглим, сизга шу пайтгача кийиб юрадиганингиз қизил гулли узунроқ кўйлагингиз жуда ярашарди. Яна оқ капалакли кўйлагингиз бор-ку, ўшаям сизга зап ўтирарди-да! Илтимос, ўша ёки ўшаларга ўхшаш кийимларингизни кўпроқ кийиб юрсангиз. Ҳар ҳолда табаррук масканда ишлаймиз, демоқчи бўлди. Лекин, қаёқда, барибир гапиролмади. Хона деворларига, шифтига, столи устида турган достону сочилиб ётган қўлёзмаларга бир-бир тикилди. Маънисиз кўз югуртирди. Ори келди! Бўртиб чиққан, гуп-гуп ураётган юрагининг тажассуми бўлмиш чакка томирларини оҳиста силади.
Карахт бўлиб қолган Ёқутхон эса Сайдалининг кўзларидан уққан недир сўзларни миқ этмай эшитди, гўё. Кўзлари пир-пир учди, лаби қимтинди, лов-лов ёнаётган юзларини қўллари билан бекитганча туфлисининг учига тормулиб қолди, холос…

* * *

Шомга яқин Сайдали ҳорғин бўлиб уйга қайтди. «Дом» олдида яна ўша ҳолат: хотин-халаж, бола-бақра… Ҳув нарида Ёқубжонлар. Бугун уч эмас, беш нафар Ёқубжонлар «дом» тагида турган машиналарни оралаб, қўлда дарахт шохларидан ясалган «милтиқ»лар билан бир-бирини «отмоқда»: «пақ!» «пақ!». «Сен ўлдинг, Диёр!» «Теккани йўқ-ку, Жалол..!»
Сайдали мийиғида кулиб қўйди. Бир тўда ғийбатчи хотинлар ёнидан доимгидан бир парда юқори, ўктам овозда салом бериб ўтди. Ўн қадамлар юриши билан ортидан кимдир «ҳей, ука!» дея чақирди. Ортга қаради. Қўшни хотинлардан бири имлаб, олдига чорлади. Борди.
— Ука, кеча мани болаларимга нимага дўқ қилдингиз? — деди қўшни хотин. — Ўйин ўйнама дебсиз? Кимсиз ўзи, болаларга ўйинни тақиқлайдиган? Бориб, ўша ўзингизнинг қишлоғизда хўжайинлик қилинг, хўпми? Қишлоқиларизга ўргатинг қандай ўйин ўйнашни, майлими? Ҳе, сенга ўхшаган…
Қўшни хотин оғзи очилса, қайтиб ёпилмайдиганлар хилидан экан. Сайдали биринчи саволдан сўнг дарҳол қўшни хотинга бўлган воқеани ижикилаб тушунтириб бермоқчи, мақсадини рўйи-рост айтмоқчи эди. Қараса, у эшитадиган эмас. Хаёлига келган ўйи абас эканини билгач, қайрилди-ю кетди. Подъезддан чиқаётиб, ўзини лоҳас ҳис қилди. Боши гир айланиб кетиб, деворга уриб олди. Пешонасини ушлаб кўрди, девордан юққан гардни артган қўллари бўртиб-бўртиб турган чакка томирларини оҳистагина силаб ўтди.
…Тонг. Бугун ҳаво тунд. Қуёш нурлари кулранг булутлар орасида гўё ғойиб бўлиб бормоқда эди.
Ҳайрият, бекатда одам сийрак. Ана, автобус ҳам келақолди. Сайдали ўтирғичда хаёл суриб кетаётганди. Кимдир елкасига қўлини қўйди. Бақувват қўллар! Сайдали кимдир жой бер деяпти деб ўйлади. Дарҳол турди-да, келинг, ўтиринг, демоқчи бўлди. Қараса, ўзидан ҳам навқирон, лекин барваста бўзбола экан.
— Ака, — деб гап олди у. — Ҳозир автобусдан тушайлик, сизга бир маслаҳат бор эди.
«Қандай «маслаҳат?» Автобусда гаплашаверамиз десаммикин? Йўқ, ундай деб бўлмайди. Нимасидир бордирки, одамлардан ҳолироқ жойни таклиф қилаяпти».
— Хўп. Тинчликми ўзи, оғайни? — деди Сайдали ўйланиб бўлгач.
— Тинчлик, тинчлик, — деди барваста.
Автобус бизга таниш иккинчи бекатда тўхтади. Булар ҳайдовчига яқин жойдан — автобус олдинги эшигидан тушишди. Барваста бекат ортига йўл бошлади. Ўтишди. Барваста керилиб тўхтади. Керишди, бўйинларини у ёқ-бу ёққа бурди. Сайдали нима гаплигига сира тушунолмай энди оғиз жуфтлаган эди ҳамки, барваста баркашдай келадиган мушти билан ичига туширди. Сайдали зарбадан икки букилиб қолди. Энкайиши билан бошига орқа миясининг қатиғини чиқариб юборадиган тепки келиб тушди. Ер тишлаган Сайдали чинқириб юборди. Шунда барваста яқин келиб, Сайдалининг ёқасидан кўтариб турғизди.         Рўпарасида бир кимса гердайиб турарди. Оғриқданми, хира тортиб қолган кўзларини бир-икки очиб-юмгач, пешонасидаги одамни таниди. Манқа бурун, чандиқ… Не ажабки, у тим қора жингалак сочини олдирибди! Қулоғида зираклариям кўринмади!
Сайдали қаршисидаги одам кўзларига тик боқиб, синиқ илжайди. ¢олибона кулди. Сўнг бор кучини тўплаб гапиринди:
— Соч олиб, исирғаларни ечибсан-у барибир эркак бўлолмабсан-да!
Бу сафар соч олиб, исирғаларини ечган эркак мушти билан Сайдалининг бурни аралаш нақд оғзига туширди. Кетма-кет тепкидан сўнг Сайдали «гуп» этиб орқаси билан йиқилди-ю ҳушидан кетди.
… Оғриқлар сезилмай қолди. Шишлар кетди. Шифокорлар рухсат беришгач, Сайдали ишга чиқадиган бўлди.
Ишхона уни ғалати кутиб олди: ҳамма унга бошдан-оёқ тикилиб чиқади. Ҳол сўрайди. Бироқ сўрашишларида у соғинган меҳр, илиқлик, самимийлик йўқ… Сайдали оғир хўрсинди. Деразага термулди. Шу пайт узоқдан оқ капалакли кўйлагини кийиб олганча, фатила-фатила сочлари товланиб, ўйноқилаб келаётган Ёқутхонни кўриб қолди. Орага чўккан жимжитликни бузиш учун атайлаб сокит ҳамкасбларига савол ташлади:
— Бектош ака, Ёқутхон кўринмайдими?
— Ёқутхон бошқа бўлимга ўтиб кетди.
— Қачон? Нега?
— Унга шилқимлар билан бир хонада ишлаш ёқмас эмиш!..