Ҳамхонамнинг тили билан айтганда, ўнлаб илмий даргоҳлару минглаб илми толиблар енг шимариб турган шаҳардан мендек бир кичик илмий ходимнинг довруғи достон бўлган бу қишлоққа бориб тажриба ўтказиши бошимга «бахт қуши қўнганидан нишона» эди. Унинг менга шунчалик ҳаваси келгандики, аввалига мен билан бирга шу қишлоққа кетгиси ҳам келди. Бироқ илмий раҳбаримиз, орнотологиянинг ўша қишлоқ жойлашган ҳудудларга хос бўлмаган йўналиши билан шуғулланишини эсига солгач, ҳафсаласи пир бўлиб, фикридан қайтди: профессор иккаламизнинг илмий ишларимиз ўз вақтида тайёр бўлмаса, масаламизни кенгашда кўриш билан пўписа ҳам қилди. Шундай қилиб, ҳамхонам бошқа ҳудудга, мен эса қушлар табиатини ўрганиш учун Талқон табиби билан машҳур бўлган қишлоққа қараб йўл олдим.
Қишлоқни топиб келишим унчалик қийин бўлмади: зотан, айнан, Талқон табиб яшагани учун ҳам бу қишлоқ маълуму машҳур экан. Мен буни сафарга чиққанимда ва йўлда қишлоқни кўзлаб келаётганимда йўловчилару ҳайдовчилардан билиб олдим. Тўғрисини айтсам, табибларга ҳушим бўлмагани учун мен бундан бехабар эдим.
Қишлоқнинг асл номини ҳам кўпчилик аллақачон унутиб юборган, ҳамма уни «Талқон табиб қишлоғи» деб атарди. Шу атрофдаги бирор-бир жой ҳақида гап кетадигандек бўлса, «Талқон табиб қишлоғи»идан олдин ёки кейин, иккита қишлоқ етмай, учта қишлоқ кейин» деб тушунтиришарди. Қишлоқда ҳам ҳар бир хонадон ёхуд кўчага, албатта Талқон табибнинг номи тиркалиб тилга олиниб ўтиларди. Қишлоқдагилар ҳам ҳар бир гапга «Талқон табиб айтгандай», «Талқон амаки буюргандай», дея таъкидлаб қўйишарди.
Қишлоққа келиб биринчи билган нарсам шу бўлдики, гуёки бу томонларда тонгнинг отиши ҳам, қуёшнинг ботиши ҳам Талқон табиб номи билан боғлиқдек, қишлоқда қилт этган ҳодиса ҳам табиб номига тиркаларди.
Мени ҳайратга солган нарса – қишлоққа келганимда ҳамма ёқда сукунат ҳукмронлиги бўлди: ҳамма ўз иши билан оввора, лекин улар деярли гаплашмас, фақат имо-ишора қилишар, негадир лабларини чўччайтириб олишганди. Мен «Бирор ижарага бериладиган уй борми?!» деган саволимга фақат имо билан жавоб олдим. Энг қизиғи, имо билан бўлсада, адоғида ҳужраси бор ҳовлини адашмай топиб келдим. Одамларнинг имо билан гаплашишларининг сабабини эса кейин билдим – улар оғизларига табиб тайёрлаб берадиган талқон солиб олишган экан.
«Талқон табиб» деганлари паст бўйли, чеҳрасидан табассум аримайдиган, қишлоқликларнинг таъбири билан айтганда, «юзидан ҳамиша нур ёғилиб турадиган бир мунаввар зот» эди. Тўғрисини айтсам, унинг доим табассум билан юриши менга циркдаги масхарабозлар қиёфасини эсга солганди, гарчи оғзимда талқон бўлмаса ҳам бу таассуротимни ҳеч кимга айтмадим.
Умуман, табиб қишлоқнинг валинеъмати эди. Айнан унинг талқонлари туфайли қишлоқ бошқа қишлоқларга нисбатан осойишта, аҳил-иттифоқ ва қувноқ; устига-устак, талқон туфайли фаровонлашиб борарди. Буни қишлоқдагилар бозори чаққон бўлиб бораётган табибнинг талқони билан изоҳлашарди: кейинги пайтда қўшни қишлоқлардан, ҳатто шаҳардан ҳам табибнинг талқонига мижозлар кўпайган, улар энди қоплаб талқон олиб кетишадиган бўлганди.
Қишлоқнинг асосий аҳолиси талқон тайёрлашга жалб қилинган, улар қишлоқлару шаҳарлардан тушаётган буюртмаларни ўз вақтида бажариш учун ҳам оғизларига талқон солганча бошқа нарсага чалғимай ишлашда давом этишарди. Бу эса ишда унумдорликка олиб келарди.
Қишлоқда табиб билан маслаҳатлашмасдан, унинг дуосини олмасдан бирор тўй-маърака бўлмасди. Қишлоқ раиси бўладими, мактаб директори ёки масжид имоми бўладими – барчаси бирдек, унинг ҳузурида ҳамиша қўлларини кўксига қўйиб, бир оғиз маслаҳатига маҳтал туришарди.
Мен қишлоққа келиб, қушлар билан бирга ўрганганим ва гувоҳи бўлганим шу бўлдики, бу қишлоқдагилар ўта ювош, мулойим, камгап, ҳатто кундузлари деярли гунг, фақат ўз ишлари билан овора, меҳнаткаш, ишчан, интизомли одамлар экан. Бу гунгликнинг сабабини тезда билиб олдим: улар эрталабдан табибнинг талқонини оғизларига солиб олишар, шу билан кун узоғи шу талқон билан юраверишарди. Аввалига мени ажаблантирган бу ҳолатнинг тагига ҳам тезда етдим. Талқон уларнинг ортиқча ва кераксиз валақлашарга, кераксиз савол-жавобларга вақт сарфламасликларига, шу йўл билан барча нохушликлардан ўзларини асрашга восита ҳам экан. Оғизда талқон билан юришнинг афзал жиҳатини англаб қолишгандан бери бутун қишлоқ талқонга ружу қўйганди, зеро, талқон ҳам соғликлари, ҳам чўнтаклари, ҳам ўзаро муносабатларига кони фойда эди. Оғизда талқон турганда тилинг ҳам тийилиб туради, бу эса вақтингни беҳуда ўтказишдан асрайди, шунингдек, атрофингдагилар билан муносабатингни бир хил ушлаб туради. Оғзингда талқон турса на сўкинасан, на бақирасан, на минғирлаб бировнинг жиғига тегасан, ўзингни ҳам, бошқаларни ҳам ғийбату фасоддан, кераксиз суҳбату валақлашдан асрайсан. Устига-устак, оғизда талқон тураркан, ошқозон ҳамиша бўш бўлади. Ошқозон бўш қолса, у танадаги касалликларни ҳазмга айлантира бошлайди, бу соғлом турмушнинг ўзи дегани.
Талқоннинг хусусияти ҳақида хонадошим ҳам гапириб берганди, ўшанда у роса тўқияпти, қулоққа қоқаяпти деб ўйлагандим. Мана энди бунга ўзим гувоҳ бўлиб, қишлоқ одамларидан, хусусан, мени ижарага қўйган уй эгасидан эшитиб турардим. Дарвоқе, қишлоқдагилар фақат эрталаблари ёхуд уйқуга ётиш олдидан оғизларидаги талқоннининг эримай қолганини туфлаб ташлашар, фақат оғизларидан талқон бўлмаган пайтлардагина бир-бирлари билан гаплашишар, бошқа пайтлари яна оғизларига талқон солиб, ҳар ким ўзи юмуши билан овора бўлишарди. Баъзилар ҳатто кечалари ҳам оғизларига талқон солиб юришар, шу йўл билан ўзларини ҳар хил гап-сўзлардан, мулоқотлардан асрашарди.
«Нима, ўзларингиз талқон қилиб, истеъмол қилсангиз бўлмайдими, ўзи бор-йўғи талқон бўлса, уни табибдан олишга не ҳожат?!» деган саволимга қишлоқдагилар устимдан кулишди эмас, шундай ўйлаш мумкинлигидан ҳайратга тушишди.
– Сиз табибнинг талқонни оддий қотган ноннинг туйилгани деб ўйлаяпсизми? Э, худо, ишқилиб, бу гаплар табибнинг қулоғига етиб бормасин, табиб ҳазратлари бундан қанчалар ранжиган бўларди…
Шундан сўнг менга маълум бўлдики, номи талқон бўлгани билан табиб бир қанча гиёҳлар қўшиб, мураккаб малҳам тайёрлар экан. Кўплар талқонни ўзлари туйиб, истеъмол қилиб кўрибди, ҳатто табиб номидан сотганлар ҳам бўлибди, аммо оғизга олишлари билан бу сохта талқон эканини билиб қолишибди. Хуллас, ҳеч бир талқон табибнинг талқонига тенг келмас, унинг таркибида нима борлигини табибдан бошқа ҳеч ким билмас ҳам экан. Масалан, оддий талқон оғизда бир зумдан эриб кетаркан, табибники эса эртадан кечгача оғизда олиб юриш учун махсус шираланган талқон эмиш. Қолаверса, табиб ўз талқонининг таркибини ойма-ой мукаммаллаштириб борар, айтишларича, ҳатто қишлоққа келиб ўрганган олимнинг эътирофича, айни пайтда икки қошиқ талқоннинг қуввати бир қадоқ этнинг қувватига тенг экан. Шунинг учун ҳам оғизга солиб олиб, кун узоғи шимиб юриладиган талқон одамни оч қолдириши мумкин эмас, аксинча танани турли витаминлару оқсиллар билан тўйинтириб юраркан.
– Ана энди ҳисоблаб кўринг, – деди уй эгаси табибнинг талқонини оғзидан бол томиб мақтаркан. – Бир қадоқ этнинг пулига эллик қошиқ талқон олиш мумкин. Қайси бирининг саломатликка фойдаси кўпроқ эканини бир четга суриб турганда ҳам, чўнтакка фойдасини тасаввур қилиб кўраверинг. Бир кунда бир одам озиқ-овқатига сарфлайдиган харажати билан икки қошиқ талқонга сарфланадиган талқоннинг нархини қиёсласангиз, талқон қишлоқ одамларига, умуман, табибнинг талқонини танлаганларга ҳар жиҳатдан кони фойда эканини тасаввур қилаяпсизми? – деди у куюниб.
Уй эгасининг айтишича, қишлоқ одамлари топган-тутганларини орзу-ҳаваслари учун йиғиб қўйишар экан. Талқон бор экан, қишлоқ одамларини нарх-наво ошиши, қаҳатчилигу қимматчилик безовта қилмас эмиш. Улар бутун дунёни васвасага солаётган бу муаммоларга оғизларига икки қошиқ талқон солиш билан жавоб қайтарар экан.
Мен ана шундагина бу қишлоқ аҳолисининг нега бунчалик хотиржам ва ўта ювош эканининг сабабини тушунгандай бўлдим.
Шундан сўнг шусиз ҳам қолиб кетаётган илмий ишларим билан шуғулланишга киришиб кетдим. Кунимни қишлоққа туташ ўрмондаги қушларни ўрганиш билан ўтказа бошладим. Бу ер ёввойи қушлар макони бўлиб, ҳатто фанга ҳали номаълум бўлган қушлар ҳам бор эди. Мен кун узоғи улар билан андармон бўлардим. Дастлаб уларнинг сайрашларини алоҳида-алоҳида ёзиб олиб, фарқини белгилаб чиқишга киришдим. Қушлар негадир бу ўрмонда шундай завқ билан сайрашардики, бу ерда жаннатдаги қушларнинг сайроғини эшитиш мумкин эди гўё. Шу сабабли қушлар сайроғиги берилиб кетиб, талқонни ҳам, табибни ҳам хотирамдан фаромуш қилибман. Буни уй эгасидан билиб олардим. Шу кунларда қушлар билан бўлиб, кўп янгиликлардан қолиб кетибман.
Бир куни кечқурун уй эгаси токи ухлаб қолгунимча табибни оғзидан бол томиб мақтаб ўтирди.
– Бир нарсани билиб қўй, ука. Бу қишлоқда ҳеч бир киши ишини Талқон амакининг дуосини олмасдан бошламайди ҳам, тугатмайди ҳам. Сен ҳам ҳазратнинг дуосини олсанг, кам бўлмайсан. Айтгандай, ўрмонда Ҳаким жиннининг кулбаси бор. Яна унинг гапларига учиб юрма. У ғирт жинни. Нима деётганини ўзи ҳам билмайди.
– Йўқ. Ўрмонда ҳеч қандай ҳужра кўрмадим. Ҳаким жинни ким?! – деб сўрадим ундан.
Саволомуз унга қараб тикилиб турганимни кўриб, афти буришиб жавоб берганди:
– Ҳали танишишга улгурасан. Қишлоқнинг шундай жинниси бор. Табиб ҳазратлари ҳақида келган-кетганга ҳар хил гаплар қилавергач, одамлар уни қувиб юборишди. Ҳозир ўша сен иш қилаётган ўрмонга ҳужра қуриб беришган. Онда-сонда кўзни шамғалат қилиб қишлоққа ҳам келиб қолади.
Тўғрисини айтсам, уй эгасининг гапига учишимдан хавотирланган жинни негадир мени қизиқтириб қўйди. Ростда, барча соғлом ақл эгаларига қарши гапира оладиган жинни ким экан? Ич-ичимдан у билан танишишни истай бошладим. Танишув узоқ куттирмади, аввалига ўрмонга кетаётганимда, кейин қайтаётганимда қишлоқ билан ўрмон оралиғидаги ялангликда тез-тез юришидан, кийимлари абгорлигидан ақли жойида эмаслиги кўриниб турган эркакка дуч келдим.
– Талқон эмас, афюн… ҳамма уни талқон деб ўйлайди…. Афюн у… Кўзларингни очинглар… Афюн… Уни есаларинг мияларингга қурт тушади, – деб бақирарди у.
Кейин билсам, узун асоси учига қўнғироқ боғлаб, елкасига тўрвахалта осиб олган жулдур кийимдаги ёши ўтиб қолган, ҳамма жинни деб ҳисоблайдиган бу одам қишлоқ кўчаларида туйқусдан пайдо бўлиб қолар, маъносига ўзидан бошқа ҳеч ким тушунмайдиган алмойи-жалмойи гаплари билан одамларнинг ғашига тегар, ҳеч кимни сизламас, одамларнинг таънаю дашномларига қарамасдан, тилидагини шартта юзига айтар, кейин эса қандай пайдо бўлган бўлса, шундай яна изсиз ғойиб бўларди.
Ҳар гал уни учратганимда этим алланечук увишиб кетар, бошқалар қатори мен ҳам имкон қадар ундан ўзимни олиб қочардим.
Аслида, қишлоқдаги бошқалар билан ҳам унчалик апоқ-чапоқ бўлиб кетолмагандим. Ўзимнинг бегона эканимни ҳар сонияда ҳис қилиб турардим. Гарчанд қўни-қўшни, қишлоқ одамлари жуда одамохун, хуштабиат бўлсада, мен ич-ичимдан негадир ўзимни уларга бегона санардим. Бунинг сабабини ўзим ҳам тушуна олмасдим. Мен ижарада турган уй эгаси эса нуқул мени койирди.
– Ҳой, ука, – дерди у самимий оҳангда. – Қачонгача, шундай анави Ҳаким жиннига ўхшаб хўмрайиб юрасан, одамларга қўшилсангчи? Бу қишлоқда биров-бировга бегона эмас. Жумладан, сен ҳам. Ахир, келганингга ҳам анча бўлди. Қачон Талқон табибнинг талқонини татиб кўрасан.
Унинг гаплари рост эди. Келганимга қарийб уч ой бўлсада, одамларга киришиб кета олмагандим. Ҳар куни ўрмондаги қушлар ин қурган улкан дарахтлар ўсган баланд тепаликка борар, кун узоғи қушлар устида тажриба ўтказар, кузатишларни кундаликка тушириб, сўнгра кеч тушгач ҳорғин ҳолда қайтардим. Якшанба кунлари бир оз кечроқ туришимни ҳисобга олмаганда, ҳар кун деярли шу ҳол такрорланарди. Ишга отланаётганимда соат миллари ўн бешта кам олтини кўрсатар, қайтганимда бўлса кеч саккиз ярим бўларди. Шунинг учун уй эгаси хотинига: “– Ана, кетаяпти. Демак, вақт бомдодга яқинлашган», – дерди.
Ёки аксинча: “– Ана, амакинг ишдан қайтибди, шу пайтгача қаерларда юрибсан кеч бўлганда?» – деб ўғлини койирди.
Баъзан ҳали тонг ёришмасдан қушлар макон тутган баланд тепалик сари йўл олардим. Бомдод пайти қушлар сайрашга тушар, кечқурун шомда ҳам шу ҳол такрорланарди. Мени қизиқтиргани қушларнинг айнан эрта тонг ва шом пайти сайраши эмасди. Гарчанд, бомдод ва шом пайти яқинлаша бошлаши билан қушлар худди келишиб олгандай бирдан сайрашга тушишар, маълум муддатдан сўнг эса улар бирдан тўхташарди. Бунинг сабаби ҳам менга қоронғи эди. Яна бир нарса бор эдики, аввалига қанчалик ажаблантирмасин, бунинг, албатта, тагига етишга қарор қилгандим. Нега қушлар бир жойда ёнман-ён ўсган бир тўп дарахт устида сайрашмайди?! Шу саволга жавоб топиш илинжида кечаси билан қушларнинг бу ғайриодатий ҳоли ҳақида бирор нима топиш илинжида тинмай интернет титкилар, бироқ ҳар қанча уринмайин, ҳаракатларим самарасиз кетар, саҳар пайти яна шошилиб ўрмон томон йўл олардим.
Шундай кунларнинг бирида яна Ҳаким жиннига дуч келдим. Тушликдан сўнг дарё бўйидан келсам, у қушлар сайраётган дарахтлар тагида ўтирган экан. Афтидан, одамлар берган нон, мева-чева билан тушлик қилиб, қорнини тўйдирган эди. Ҳамиша такрорлаб юрадиган «илоннинг думи кесик» дейдиган гапини бу гал негадир айтмади.
– Ҳой, бола, – деди у менга юзланиб, нега мени бола деб чақирди, ҳалигача тушуна олмайман. У иккита садақайроғочни кўрсатиб:
– Анави дарахтларнинг тагида ўтирма, у ерда жинлар бор. Бехосият жой, – деди.
Мен бош ирғаб нари кетдим. Ҳакимнинг кўриниши мен билан гаплашадиган ҳолатда эмасди.
Уй эгаси эса ҳар куни Талқон табиб ҳақидаги янгиликларни ҳикоя қилиб беришдан эринмасди: «Ҳой укагинам, эшитдингизми? Талқон табиб қўшни шаҳардан келган фалон касални тузатиб юборибди», «Э, бу гаплардан бехабар қолибсизда. ука, Талқон табибнинг олдига бугун писмадонча одам келди. Кўп йил дардига даво топа олмаган экан, дарди енгил бўлганидан ўзини қўярга жой топа олмай, миннатдорлик билдиргани келибди. Талқони еган одам ҳатто очлигини ҳам унутади. Кун узоғи кайфияти чоғ юради».
Фақат бу эмас, болаларининг у ер-бу ери оғриб қолса ҳам дарров:
– Талқон амакингга бор, бир кўриб қўйсин, отдек бўласан-қўясан, – дерди.
Уй эгасигина эмас, балки бутун қишлоқ, ҳатто қўшни тумандагилар, шаҳардан келадиганлар ҳам Талқон табибни ҳамма касалликларни даволай оладиган мўъжизакор кўчга эга сеҳргар деб ҳисоблашарди.
Одатда қишлоқдагилар бир-бирларини имо-ишорадан англар, ортиқча тушунтириш, гап-сўзларга ўрин қолмасди. Фақат Ҳаким жиннигина бу қоидаларига риоя қилмас, барчага ўз фикрини баланд овозда тушунтиришга уринар, бироқ ҳеч ким унинг гапларига қулоқ солмасди.
Қишлоқда фақат Ҳаким жиннигина табибни ёқтирмасди. Яна бир гал қишлоқдан чиқиб, тепалик томон йўл олганимда, йўлимда Ҳаким жинни пайдо бўлди.
– Илоннинг думи кесик, илоннинг думи кесик…садақа бер….
Мен қўлимдаги елим халтамни ковлаб, тушликка деб олган кичик кулчадан бирини олиб унга узатдим. У нонни ола туриб, бирдан сергак торти:
– Тағин Талқон табибникига бориб юрма. Талқони иблиснинг емиши…
Мен унинг гапларига парво ҳам қилмадим. Чунки Талқон табибникига бориш ниятим бўлмаган. Қолаверса, бу эси кирди-чиқди одамнинг гапига кўп ҳам эътибор бериш шартмаслигини аллақачон тушуниб етгандим.
Нима бўлдию, ёз кунларининг бирида томоғим қаттиқ шамоллаб қолди. Бироз иситмам ҳам кўтарилгандек бўлди. Ишга кетиш олди дорихонадан шамоллашга қарши дори олишга қарор қилгандим, уй эгаси мени бу фикримдан қайтарди.
– Э ука, нима қиласиз дорига ишониб? Ана Талқон амакининг олдига боринг, бир кўриб қўйсин. Отдек бўласиз, – қўясиз. Дорининг турган битгани зиёнку, уники эса табиий. Талқон табиб оддий табиб эмас. Унинг етти пушти табиб ўтган. Отаси ҳам одамларни талқон билан даволаган экан.
Гарчанд иккиланаётган бўлсамда, Ҳаким жиннининг гаплари ҳамон қулоғим тагида жаранглаб турсада, йўл-йўлакай Талқон амакининг олдига киришга қарор қилдим. Одатда, одам гавжум бўладиган ҳовли бугун анча сийраклашиб қолганди, ҳовлига кириб боришим билан, ўғли югуриб олдимга келиб, қўш қўллаб кўришганча ичкарига бошлади.
Талқон амаки билан ҳол-аҳвол сўрашиб бўлгач, у бирпас қўлимнинг томирини ушлаб турдида:
– Ҳм-м, ичакларингизда ҳам шамоллаш бор эканку, ука. Ўт пуфагингиз ҳам, – деди.
Мен: «Йўқ, менинг томоғим оғрияпти, шунга келгандим», – демоқчи бўлиб энди оғиз жуфтлагандим, табиб оғзимга ургандек бўлди:
– Ичак ва ўт пуфагингиз шамоллагани нафас йўлингизга ҳам берган. Шунга томоғингиз ачишгандай бўлиб, қичишиб оғриётгандай туюлаётгандир? Энди бир ҳафта манави талқонни кунига икки маҳал кўрсатилган вақтда шимиб юрасиз, кейин яна бир олдимга келасиз, – деб чиқариб юборди.
Олдига кираётганимда анчайин гумон бўлган бўлсада, чиққанимдан кейин унинг кароматгўйлигига тан бергандим. Худди ичимдагини уққандай, шу талқонни вақтида шимисам тез орада тузалиб кетадигандай эдим.
Қишлоқ четидаги қушлар макон тутган тепаликка бориб, табиб айтгандай талқондан оғзимга солдим. Талқон томоғимдан эригунча, бир зум атрофга назар солдим. Қуёш уфқдан кўтарилиб келар, тоғ томондан майин шабада эса бошлаганди. Дарахтдаги қушлар чуғурлашдан тўхтаган, кўпчилиги бўлса егулик излаб, дала томон учиб кетганга ўхшарди.
Мен оғзимда талқон билан, қушлар борасидаги кузатишимларимни қоғозга тушира бошладим.
Тушга яқин томоғимда талқон қолмагач, гўё оғриқ ҳам ўз-ўзидан ўтиб кетгандек, ўзимни анча яхши ҳис қила бошладим. Табибнинг мўъжизакор талқонига мен ҳам тан бердим. Нимаики ишга қўл урмай, кўз олдимда табибнинг мулойим, жилмайиб турган нуроний чеҳраси намоён бўлаверди. «Ҳаким жиннининг ҳамма гаплари нотўғри. Талқон табиб жуда ҳам кароматгўй экан», деган қатъий фикрга келдим.
Эртасига тушгача ёзувлар билан овора бўлиб, вақт ўтганини билмай қолибман. Қон юришиши учун ўзимча жисмоний машқлар қилган бўлдим, кейин эса ювиниб олиш учун тепалик пастидаги дарё томон йўл олдим. Томоғимда оғриқ пайдо бўлгандан буён чўмилмай қўйгандим. Дарё бўйига келиб, бирдан чўмилгим келиб кетди. Шартта уст-бошимни ечиб, ўзимни сувга отдим. Таним сувда яйрар экан, томоғим оғриғини ҳам унутдим. Гўё Талқон табибнинг талқони сеҳрлию, бир нафасда ўз мўъжизасини намоён этгандек эди.
Дарё бўйида қанча қолиб кетганимни билмайман, ҳар ҳолда қуёшнинг шашти қайтиб, кун пешиндан оға бошлаган эди. Бироз уйқу босаётганини ҳисобга олмаганда, ўзимни анча тетик ҳис этардим. Талқон табибнинг талқони фойда қилганидан кўнглим шод эди. Ҳар гал кўз олдимда чеҳраси намоён бўлар экан, мен ҳам секин жилмайиб қўярдим.
Тепаликка ҳам хуш кайфиятда кўтарилдим. Бироқ доим қушлар сайрайдиган дарахт тагига қўйилган эски ёғоч сўри устидаги манзара кайфиятимни хира қилди. Табиб бир ҳафталикка деб берган талқон сўрида сочилиб ётар, талқон солинган қоғоз ўрамини қушлар чўқилайвериб, илма тешик қилиб ташлаганди. Қоғоз ўрамининг энг охиридаги бир сиқимни ҳисобга олмаганда, талқондан умид қилмаса ҳам бўларди.
Мен келишим билан талқон талашиб чуғуршалаётган қушлар бирдан гур этиб ҳавога кўтарилди. Қоғоз ўрамининг тагидагини ноилож чўнтагимга солдимда, сўри устида сочилиб ётган талқон увоқларини латта билан артиб, ўт ўланлар устига сочиб ташладим. Табибнинг талқони бугун ва эртага эрталабга етарди, холос. Айтилган муддат ўтмасдан яна талқон сўраб борсам, қандоқ бўлар экан деган андиша бор эди кўнглимда.
Кеч тушгунча яна ўз ишим билан банд бўлдимда, шом қораймасдан, уй томонга йўл олдим. Тезроқ бориб уй эгасига вазиятни тушунтириб, ундан маслаҳат олиш ниятида эдим.
Қуёш худди ёнаётган шар каби уфққа оғиб борарди. Уфқнинг алвон ранги эртанги куннинг иссиқ бўлишидан далолат берарди. Агар рассом бўлганимда, эҳтимол, мана шу манзарани тасвирлаган бўлардим. Бу ҳолни кўп бор кузатгандим. Қуёш то уфққа оғгунга қадар вақт жуда секинлик билан ўтаётгандек туюлади, уфққа бош қўйиши ҳамон вақт яна ўз отини қамчилайди гўё. Нима бўлганда ҳам ярим ботиб, ярим чиқиб, қизариб турган қуёшга тикилиш одамни тўлқинлантириб юборарди. «Балки бу ҳам Талқон табибнинг каромати туфайлидир», деган ўй кечди кўнглимдан.
Ҳадемай, атрофга тун ўз кўланкасини ташлайди. Сув юзига қалқиб чиққан олмалар каби, тун кўксида аста-секин юлдузлар шуъла сочиб, ҳилол юз кўрсатгунга қадар атрофга шом ҳукмронлик қилади.
Дақиқа сайин шом қуюқлашиб борарди. Кўкда ўчайотган қушлар қай бир ошёнга шошилишар, қишлоқ четидаги ҳовлининг кўчаларига сув сепилган, итларнинг ҳургани, сигирларнинг мўрагани, болаларнинг қийқириғи эшитилиб турарди. Ўзимдаги бундай кўтаринкилик сабабини талқон таъсири бўлса керак деган хулосага келгандим.
Уй эгаси келмаган экан. Ўғли отам қаергадир кетган, бугун балки келмаса керак деди. Мен қолган талқон билан кифояланиб, ҳар доимгидай ювиниб овқатанишга ўтирдимда, яна хонамга кириб, интернетни титкилай бошладим.
Эртаси куни ғира-шира тонг чоғи уйғониб ўрмон томон йўл олдим. Қушлар айнан қай пайтдан сайрай бошлашининг аниқ вақтини қоғозга тушириб қўйишга қарор килгандим. Тепаликка етиб борганимда вақт бомдодга яқинлашиб қолганди. Юқорига кўтарилишим билан худди мени кутиб тургандек, қушлар сайрашга тушди. Тонгнинг бу пайтида уларнинг бундай сайроғини тинглаш жуда мароқли эди. Аммо мени ҳайратга солган нарса шу бўлдики, қушлар сайроғи аввалгидай баланд ва хилма-хил эмасди. Мен ажабланган кўйи қушларни кузата бошладим. Шунда кўзим дарахтларга шунчаки қўниб турган қушларга тушди. Улар сайрамасди. Бундан буткул ҳайратга тушдим. Шунда бирдан кеча менинг талқонимни чўқилаб ташлаган қушларни таниб қолдим. Энг ғаройиби, айнан ўша қушлар галаси сайрамасдан бошқа дарахтга қўниб, жим туришарди.
Мен кундалик дафтаримга бу ҳолатни шу куннинг қайди билан муҳрладим. Қушлар борасидаги кузатишларимни соат ва дақиқаларигача аниқ қилиб ёзишга ўргангандим. Эҳтимол, бу кейинчалик асқотиб қолар деган илинжда ҳеч бир нарсани эътибордан четда қолдирмасликка ҳаракат қилардим.
Кечқурун уйга келиб, яна қушлар ҳақида маълумотларни титкилаш билан овора бўлдим. Ҳатто ўрнимга ҳам ўтмай, ўтирган жойимда ухлаб қолган эканман, эртаси куни эрталаб уй эгасининг овозидан уйғониб кетдим. Чой ҳам ичмасдан, апил-тапил яна ўрмонга отландим. Қишлоқ четидаги масжид томондан азон овози янграб турарди. Кечагидан бироз кеч бўлсада, қушларнинг сайроғини кузатиш учун ҳали вақт етарли эди. Қоғоз қаламни олиб, атрофга қулоқ тутдим. Шунда бирдан ҳар иккала тўп дарахтдаги қушлар умуман сайрамаётгани мени ҳайратга солди. Бунга ишонгим келмасди. Чунки бу пайтда одатда қушлар тинмай сайрарди. Бугун эса улар худди мотам тутгандек, жимгина, хўмрайиб ўтиришарди. Илгарилари бомдод пайти гала бўлиб сайраган қушлар бомдод ўтгач, сайрашдан тўхтар, бироқ битта-яримтаси дон излаб ёки бошқа сабаб билан чуғирлашиб турарди. Бугун то қуёш тиккага келгунча ҳам уларнинг ҳеч биридан садо чиқмади. Қушлардаги бу ғайриодатий ўзгаришларга жавоб топиш илинжида кечгача тепаликдан нари кетмадим. Чўмилишни ҳам йиғиштириб қўйдим. Агар кетадиган бўлсам, нимадир муҳим нарса юз берадию, ундан бехабар қолиб кетадигандек эдим.
Эртаси, индини ва бир ҳафта давомида шу ҳолат такрорланди. Қушлар энди шомда ҳам, бомдодда ҳам, бошқа пайтлари ҳам бутунлай сайрамай қўйишганди. Илгарги тирик қушлар аллақаёқларга ўчиб кетгану, кимдир уларнинг ўрнига қўлда ясалган, сунъий қушларни олиб келиб, қўйиб кетгандек эди.
Сўнгги кунларда менда қушлар касалликка чалиндимикин деган шубҳа пайдо бўлди. Касбим тақозосидан изланишлар олиб бораётган бўлсамда, уларнинг бу ҳолати менга буткул тушуниксиз эди. Ҳеч бир адабиёт, илмий китобларда бу каби вазиятлар ҳақида фикр юритилмаганди. Шундай бўлсада, кечқурин бу борада илмий раҳбарим билан бафуржа гаплашиб олишга қарор қилдим.
Кечки пайт телефонда вазиятни илмий раҳбаримга яхшилиб тушунтирдим. У индамай ҳамма гапни эшитиб бўлгач, «жуда ғалатику», дедида, кузатишда давом этишини, ҳар кунги кузатишимни почта орқали ёзиб туришимни тайинлади.
Раҳбар ҳақ эди. Нима бўлганда ҳам кузатишда давом этишим керак. Одатда бундай ишларда шошилиш ярамайди. Керак бўлса ойлаб, йиллаб, ҳатто ўн йиллаб кузатиш мумкин. Шундагина бирор натижага эришилади.
Қушлардаги ғайриодатий ҳолат мени буткул ташавишга солиб қўйган бўлсада, кузатишда яна давом этишга қарор қилдим. Ахир раҳбарим айтгандек, ҳеч бир натижасизликдан ҳам охир-оқибат натижа чиқиши тайин.
Туни билан интернет титкилаб, ҳеч бир саволимга жавоб тополмай, эрта тонгда уйқусираб, хунобим ошиб ҳовлига чиқдим, сал нарида кўчадан Ҳаким жинни ўтиб борарди:
– Илоннинг думи кесик…
Бирдан хаёлимга келган фикрдан ўзим ҳам қўрқиб кетдим. Хаёлимда бирдан Ҳаким жиннининг сўзлари жаранглади: «Тағин Талқон табибникига бориб юрма. Талқони иблиснинг емиши».
«Наҳотки, ҳаммасига шу талқон сабабчи бўлса? Ахир, шунча одам шифо топганку? Қушларга бошқача таъсир қилганмикин? Одамлар шифо топган нарса, қушларга салбий таъсир қилиши мумкинми?» Ичимдаги ғашлик сира тинчлик бермас, ўзимни қўярга жой тополмасдим. Шунда уй эгаси елим халтада талқон билан хонамга кириб келиб қолди.
– Қарасам, бир-икки кундан буён кайфиятингиз йўқ. Ҳойнаҳой, талқонингиз томом бўлган бўлса керак, – деди у ҳар доимги чапани табиати билан.
Елим халтани қўлимга тутқазди.
– Мана, сиз учун олиб келдим. Қани, оғзингизга бир чимдим талқондан ташлангчи, қанақа бўлар экан.
Уй эгасининг сазаси ўлмасин деб, талқондан оғзимга солдим. Одамлар айтганича бор, шекилли, бир зумда ташвишларимни унутдим. Юзимга қон югургандай бўлиб, миннатдор жилмайдим.
– Мана, бор экансизку. Сизга неча марта айтдим, оғзингиздан талқонни аритманг, ҳар доим кайфиятингиз чоғ бўлади деб.
Шундай деб ўзи ҳам бир ютим талқонни оғзига ташлаб, шаҳдам қадамлар билан чиқиб кетди.
Эртаси эрта тонгда қўшни хонадон томондан йиғи-сиғи овозидан уйғониб кетдим. Юзимни ювиб, ташқарига чиқсам, уй эгаси ҳовлида у ёқдан-бу ёққа юрганча папирос тутатиб турган экан. Савол назари билан унга тикилиб турганимни кўриб, бошини сарак-сарак қилиб:
– Талқон амакининг ўғлидан айрилиб қолибмиз, – деди.
– Талқон амакининг ўғлидан?!! – Қулоқларимга ишонгим келмасди. – Туппа-тузук юргандику?
– Ҳа, бутун қишлоқ ҳайрон. Ўзи биргина ўғил эди…
У гапини тугатмай, таниш қўнғироқ овози келди ва туйқус дарвоз олдида Ҳаким жинни пайдо бўлди.
– Отасининг касофати ўғлига урди. Ҳали унинг касофати бутун қишлоққа уради…
Уй эгасининг энсаси қотди.
– Ўзи сен етмай тургандинг. Алжирама, эси паст. Даф бўл бу ердан. Тағин Талқон табиб эшитиб қолмасин.
Ҳозирги ҳолатда афтода кийими, узун асоси, тўрвахалтасини айтамаса, Ҳакимнинг гаплари бинойидек бийрон-бийрон, илгаргидек гаплари пойинтар-сойинтар эмас, худди соғ одамники каби дона-дона эди.
– У ўз жонига қасд қилди. Биласанми нима учун? Отаси тайёрлаган талқон иблиснинг емиши, иблиснинг емиши… Бу талқон ҳаммани адо қилади.
Уй эгасининг росмана жаҳли чиқди.
– Кет бу ердан, жинни.
– Олдин бир набираси соқов туғилганди. Иккинчи набираси эса оғизсиз туғилиб, бир кун ҳам яшамади. Менга ишонмасанг, ана келинидан сўра. Ўғли бекорга ўз жонига қасд қилгани йўқ. Омборхонада ўзини осган. Ҳаа, ўзини осган.
– Э, бўлди қил-э! Бор, даф бўл бу ердан.
Уй эгаси шундай деб, дарвозани ёпиб қўйди.
Ҳаким жинни бу ердан узоқлашар экан, ҳар доимгидек яна асл ҳолига қайтди.
– Иблис малҳами у . Иблис малҳами у. Ичманглар… Илоннинг думи кесик….
Уй эгаси менинг хомуш бўлиб қолганимни кўриб, ўзича овутишга ҳаракат қилди:
– Унинг гапларига парво қилма, ука. Биласан, у бир жинни. Оғзига келганини гапираверади.
– Набираси ҳақида айтган гапларичи? У ҳам ёлғонми? – дедим, сабрим чидамай.
У бошини сарак-сарак қилди.
– Бу гапларга ишонмайман. Бари бекор гап. Агар оғизсиз туғилганда ҳамчи, Талқон табибнинг талқони, албатта, шифо бўларди. Бироқ келинни кимдир йўлдан ургани аниқ. Нимадир сабаб бўлиб, эри билан айтишиб қолибди. Бу кеча бўлган экан. Ўғли эса лом-мим деб жавоб қайтармабди. Саҳар пайти эса бу кўргилик юз берган.
Тўсатдан гўё ичимда нимадир узилиб кетандек туюлди. Мен бирдан анчадан буён ўйлантириб юрган саволларимга жавоб топгандай бўлдим. Ўзим тажриба ўтказаётган қушлар феъли нега бирдан ўзгариб қолгани ва охир-оқибат буткул сайрамай қўйганига жавоб топгандай эдим. Ҳаммаси ўша воқеадан кейин, мен ўрмонга талқон олиб бориб, уни қушлар талашиб егандан кейин бошланганига ҳеч шубҳа қолмаганди. Талқон еганлари эса сайрашдан қолган. Бошқача бўлиши мумкин эмас эди, чамамда.
Уй эгасининг:
– Талқон амакинига бирга чиқамиз, – деганига қарамасдан шоша-пиша ўрмонга отландим. Хаёлимда ҳар хил саволлар ғужғон ўйнарди. Қушлар яна асл ҳолига қайтишармикин? Бунга қанча вақт зарур экан? Балки уларни эмлатиш даркордир?
Тепаликка етиб келганимда атрофда ўлик бир сукунат ҳукмронлик қиларди. Узоқлардан эшитилиб турадиган дарё овози ҳам тиниб, ҳар куни шу пайтлари эсиб турадиган шабада ҳам тўхтаб қолгандек эди гўё. Сайрамаса ҳам у ер-бу ерда, дарахтга қўнганча маъюс ўтирадиган қушлардан дарак ҳам кўринмас, нимадир юз бергану, бу ерларни бутунлай тарк этгандек, ҳамма ёқда жим житлик ҳукмронлик қилар, ҳали ёз бўлишига қарамай, дарахтлар ҳам япроқларини тўкиб, сўппайиб қолгандек, осмонни эса ғайритабиий равишда қора булут қоплай бошлаганди.
Тепалик томон юраётиб, оёғимда ниманидир босиб олдим. Нима экан деб, эгилгач, ўлик қушнинг танасига кўзим тушди. Бирдан ҳушёр тортиб, атрофга олазарак қарай бошладим. Ҳамма ёқда ўт-ўланлар орасида ўлик қушлар танаси сочилиб ётарди. Илгарилари ҳар доим дарахтни тўлдириб, тинмай чуғурлашган, фақат сўнгги пайтларда сайрашдан қолган қушлар, жонсиз суратга кирган, гўё бир кечада қайдандир қирон келгану, қушларнинг ҳаммаси бу фалокатдан омон қолмагандек.
Бирдан ўрмон кўзимга файзсиз, қушлар ўлигига тўла мозордек совуқ кўриниб кетди. Бу ерда туришимга ортиқ ҳожат қолмаганди. Ҳамма изланишларим, уринишларим, вақтим бесамар кетганди. Шитоб билан ортга, қишлоққа қайтдим. Йўл-йўлакай имкон қадар ортга қарамасликка ҳаракат қилдим. Ортга қарасам, худди ўлик қушларга жон кириб, бўрондек учиб келиб, юзимга уриладигандек туюлди. Аксига олиб қаршимдан Ҳаким жинни чиқиб колди.
– Ҳой, бола, – деди у ҳар доимгидек томдан тараша тушгандек. – Кет бу ердан. Узоқларга кет. Бу қишлоққа иблис ин қурган. У одамларга ўз талқонини тарқатаяпти.
Бир зум унинг гапларига анграйиб турдимда, яна йўлимда давом этдим. Қишлоқ четида Талқон табиб уйи олдида эркаклар тўпланиб, нимагадир тайёргарлик кўришар, ичкаридан эса аёлларнинг йиғи-сиғи овози келарди. Мен одамлар кўзига кўринмаслик учун уйнинг орқа томони билан юрдимда, тез орада ижара уйга етиб олдим.
Бирдан кўз олдим қоронғилашиб кетди, бир муддат карахт ҳолатда нима қилишимни билмай туриб қолдим. Бир томондан тобора талқоннинг хумори тутарди. Жон-жаҳдим билан елим халтадаги талқондан тезроқ тотгим, юрагимни ғижимлаб келаётган ғаму ташвишни тезроқ унутгим келар, иккинчи томондан кейин нима бўлади, деган хавотир бор эди.
Олдимда икки йўл қолганди. Ё ҳозир апил-тапил нарсаларимни йиғиштираману, жамодонни кўтариб, кўчага отилиб, катта йўл томон шошиламан. Бугун дам олиш куни, катта йўлда машиналар кўп бўлади. Омадим чопса, тушдан сўнг шаҳарга етиб оламан. Қайтиб бу ерларга қадамимни босмайман. Ёки Талқон табибнинг талқонидан оғзимга ташлайману, бу машмашаларни тезроқ унутиб, қишлоқдаги Ҳаким жиннидан бошқа ҳамма қатори талқонли ҳаётга қайтаман.
Бир қарорга келолмай беихтиёр, оғзимга талқондан ташладимда, кўча томон одимладим. Уй орқасига ўтиб, қишлоқ чеккасидаги тепалик томон беихтиёр кўз ташладим. Тепаликдаги дарахтлар худди кимсасиз, мунғайиб қолгандек, осмонда эса қора булут тобора қуюқлаша бошлаган, қаёқдандир учиб келган қарғалар галаси қишлоқ тепасида тинмай айланар, аста-секин талқон ўз таъсирини кўрсата бошлаган, лабимга табассум югура бошлаган, яна ортга қайта туриб, кўзларимни эса ширин бир уйқу босиб келар экан ўзи кўринмаса ҳам қайсидир кўчадан Ҳаким жиннинг овози элас-элас эшитилаётгандек эди.
– Илоннинг думи кесик, илоннинг думи кесик…
«Ёшлик» журнали, 2019 йил, 6-сон