– Дадаси туринг, томда кимдир юрибди, – онам дадамни туртди. – Тирқишдан фонарнинг ёруғи тушди. Туринг, эринманг. Ўғри бўлмасин, тағин.
Дадам шошилмай тўнини елкасига олди-ю чиқиб кетди. Ёшлигимда ўғри ҳақида эшитсам, ўтакам ёриларди. Менинг тасаввуримга ниқоб кийган, баҳайбат, қўрқинчли нусха келверарди. Дадамни ўлдириб қўяди, деб роса қўрқдим. Уйғоқлигимни ҳеч ким сезмади.
Даҳлизнинг эшиги очилиб, дадам кириб келди:
– Қочиб кетди. Тепада қўлга илинадиган ҳеч нарса йўқ. Эрталаб кўрамиз. Олсаям, тўртта китобдан бошқа нимани оларди.
Бир нарсани ўйлардим. Отам кучлими ёки ўғри? Дадам гавдали одам бўлса-да, ўғри кучлироқ туюларди, назаримда.
Бироздан сўнг димоғимга ширчойнинг ҳиди урилди. «Уйғонишга» ийманиб тургандим, «туринг энди, ўғлим» йўғон овоз эшитилди. Шундай оҳангда айтилдики, уйғоқлигимни билиб тургандек. Мен ҳам анойи эмас, уйқусираб бошимни кўтардим…
– Тур, Зокиржон, юзингни ювиб кел, ширчой ичасан, – деди ойим.
– Мен билан бирга чиқинг… – дедим.
Дадам қўрқоқлигимдан кулиб қўя қолди.
Ҳар доимгидек рўзани тонг отгунча тутдим… Эрталаб акам билан чой ичдик. Акам мендан уч ёш катта. У ҳеч нимадан қўрқмайди. Доим тарафимни олади. Фақат мен билан ўйнашни унча хуш кўравермайди.
– Ака, дадам бугун томда ўғрини қўвиб, ушлаб олай дедилар. Худди кўргандай қилиб айтганим учунми, акам чиппа-чин ишонди. Иккаламиз бугун яна ўғри келса, уни ушлайдиган бўлдик. Акам куни билан тузоқ тайёрлади. Сичқон тутадиган қопқонни қаерга қўйишни билмай, оворамиз чиқди. Ахийри, китоб тўла иккита яшикнинг яқинига қўйдик. Чунки у ерда бошқа арзигулик нарса йўқ эди-да. Кун ботмай, ҳаяжонга туша бошладим. Қопқон ўғрининг оёғидан тутса, сичқонга ўхшаб оғзидан қон келишини тасаввур қилардим. Ифторлик вақти бўлди.
– Дада ўғри ўлиб қолса, қаерга кўмамиз? – деб, сўрадим дадамдан.
– Қопқонингизга тушса, уни қўлга ургатиб оламиз. У ўлмайди, – дедилар.
Акам билан икки кун ўғрини кутдик. Келмади.
Ярим кечаси уйғониб кетдим. Эшик очилиб, кимдир ташқарига китоб билан чиқиб кетди. Шовқинни эшитиб ҳаммамиз ҳовлига чиқдик. Акамнинг ортидан қолмай, мен ҳам нарвонга ёпишдим. Томнинг бир томони ёпиқ бўлгани учун дадам ўғрини тутиб олганди. Биз эса олдиндан тайёрлаб қўйган калтакни олиб, ёрдамга бордик.
Дадам ўғрига фонарни тутди. Мен уни танидим! Биздан иккита ҳовли нарида турадиган Маъмура гарангнинг акаси. Мен Маъмура билан мактабда ўқийман. Бирга ўйнардик. Доим «менинг акам олим», деб мақтанарди. Энди кўрсам, «аканг ўғри» дейман.
– Ҳа, Қодирбой, тинчликми? – дадам қандайдир юмшоқлик билан сўради.
– …
– Нима гап, гапиравер, тортинма. Янада юмшоқроқ гапирдилар. Кўрган одам ўғрига эмас, ўғлига гапираяпти, деб ўйларди.
– Рустам ака… манави китоблар керак эди. Анчадан бери китобларингизни оламан. Лекин ўлай агар ўқиганларимнинг ҳаммасини қайтариб келардим. Икки кун олдин ҳам олгандим, мана, қайтариб келдим, – деб китоб тўла яшикнинг ёнидаги уч-тўртта китобга ишора қилди. Дадам уни диққат билан тингларкан, яқинроқ бориб, қўлидаги асарларни қўлига олди.
– Чеховни ўқияпсанми? Яхши ёзади, – деб қўлидагини каттароқ яшикнинг устига ташлади. Қодир ака бироз қизариниб, тасдиқ маъносида бошини қимирлатди.
– Яшикни ол!
– …
– Кўтариб кетолсанг, ҳаммаси сеники. Агар томдан тушгунча, пастга қўйсанг, отангни олдига бораман… – деди дадам жиддий қиёфада.
Қодир аканинг кўзлари ёниб кетди. Дадам «отангни олдига бораман» дегани учун қўрқиб кетди, шекилли… У мен ўйлаган ўғрининг ярмича ҳам келмасди. Қилтириқ. Новчароқ одам. Яшикни кўтараётганда бели синиб кетади, деб ўйладим. Бу воқеа айниқса, мен учун текин томоша бўлаётганди. Лекин Қодир ака кутилмаганда яшикни даст кўтариб олди-да, қўшни чердакка ўтиб кетди. Дадам унинг чалкашиб бораётган оёқларига шундай бир нигоҳ билан қаради-ки…
Аламдан йиғлаб юборишимга сал қолди. Чунки дадам ўғрини қўйиб юборганди-да!
– Ўғрини қўйиб юбордилар, – пастда хавотир олиб турган онамга тўнғилладим. Гапимни эшитиб турган дадам менга бир ола қараш қилганди, қайтиб оғзимни очмадим.
– Нима гап, дадаси? Ким экан у?
Дадам бироз хаёлга берилиб, кўрпачага чўкдилар.
– Қодир. Ҳамдам аканинг ўғли. Китоб жинниси экан. Бир яшик китобни бериб юбордим, энди безовта қилмайди, деб кулиб қўйдилар. Ҳаммамиз ётдик. Лекин менинг уйқум келмади. Саҳарликкача озгина вақт қолгани учун онам ўчоқ бошига кетди.
– Зокиржон, Қодир акангиз ўғри эмас. Ўғил бола чақимчилик қилиб, бунақа гапларни ҳаммага айтиб юрмайди, тушундингизми?
Дадамни ўша сўзларини тушунганимга ўн тўрт йил бўлди. Яқинда қишлоққа бордим. Эрталаб онам уйғотди.
– Даданг таъзияга чиқиб кетди. Тур, сенам мана буларни кийиб, Маъмураларникига ўт-да, хизмат қил, – деди ойим. Ёнимга бир тўн билан қалпоқни ташлади. Ким қазо қилганига тушунмай, онамга савол назари билан қарадим.
– Қодир малим ўтибди. Юраги касал экан, шифохонадан қайтарибди дейишувди, оқшом узилибди.
Қодир акани ёши ўттиз учда эди. Ўша томда китоб олаётганда тутиб олган йилимиз мактабни тугатиб, ўқишга кирганди. Кейинчалик қишлоғимизга келиб, тил-адабиётдан дарс бера бошлаганди. Касалманд эканини эшитгандим-у ҳали ўлишига ишонгим келмасди.
Таъзияда одамлар марҳумни яхши гаплар билан эслашди. Қодир акани чиқариб келганимиздан сўнг, уч-тўртта кексалар билан ҳовли четидаги чорпояда ўтирдим.
– Ҳамдамнинг ули ўладиган йигитлардан эмасди. Бунга кўз тегди. Эшитишимча, мактаб болаларининг ҳаммаси Қодир малимнинг синфига ўтамиз, деб жанжал қилишаркан, – деб Раҳим бобо совиб қолган чойини ҳўплади.
– Касалхонадаям охирги сафар бир ҳафта ётипти. Ҳафтада ўнта китоб ўқиб чиқипти. Жиян ёмон кўп ўқисийди, – деб кўзига ёш олди Насим амаки.
Очиғи, бу гапларнинг рост ёки ёлғон эканидан хабарим йўқ.
Негадир хаёлимдан, почаси шимарилган, озғин оёқлари қалтираб, гавдаси у ёқдан бу ёққа бориб келаётган Қодир аканинг қиёфаси кетмасди…