Кеча қоронғилигида ёмғир шивалаб ёғарди. Қорамтир дарахтларнинг кўлкалари аро томчилар энтиктирувчи шитирларди.
Шу бугун дунё янги йил кириб келишини нишонламоқда, кўчалар турли чироқларга ва ёзувларга тўла, ҳаво совуқ, рутубатли, одамлар қор ёғишини қаттиқ исташган, аммо тушдан кейин бир хилда изиллаб ёмғир ёға бошлаган эди. Одамлар ўзларича “Эҳ, қорсиз янги йил бўлармиди” деб хушҳол тўнғиллаб қўйишса-да, байрам кайфиятига ёмғир барибирам таъсир қилмади. Хонадонлар қолиб, кишилар тўп-тўп бўлиб турли ресторанларда ҳам байрамни нишонлар эдилар, Қорбобо ва қорқизлар аробаларда пул топиш илинжида кезиб юришарди. Мана шундай муҳташам ресторанлардан бирининг ойнаванд эшиги ёнида қизғиш зарҳал кийим кийган дарбон турган эди. Келгувчилар аллақачон кайфу сафони бошлаб юборишди. Ҳозир вақт тунги соат ўнга яқинлашган, Янги йил киришига икки соатча вақт қолган эди.
Ҳаво булут, лекин тунги осмон нимагадир ёруғ, булутларнинг қатлари кўриниб турарди. Байрамларда осмон ёришгандай туюлиши бор гап.
Шу маҳалда кўча бўйлаб қатор чўзилиб кетган ҳашамдор кунгурали қасрлардан бирининг эшик қўнғироғи жиринглади. Бу уйда гаплашиш ускунаси бор экан, тиқир-тиқир сас келди-да, кузатув телекамерасининг чироқчаси ёнди, ичкаридаги келгувчини танимади шекилли, салдан кейин ўктам бир товуш:
– Кимсиз? – деб сўради.
Келгувчи узун бўйли, кўзлари сокин-мусаффо бир киши эди.
– Истеъдодман, – деди меҳмон,
Овоз жимиб қолди, кейин кулги аралаш яна сўради:
– Қанақа истеъдод?
– Оддий, ҳар доимгидай истеъдодман!
– Бунақасига буюртма бермаган эдик-ку, – деди у ёқдаги. – Хўп, қўлингиздан нима келади?
– Мен юлдузлар тилини биламан, – деди келгувчи. – Юлдузлар сираям биз ўйлагандек эмас. У ерда етти ухлаб тушга кирмайдиган ҳодисалар рўй беради.
– Йўқ, тўғри келмас экан, – деди овоз эгаси, бироз мулоҳазадан сўнг. – Ҳеч бўлмаса башорат қила оласизми? Масалан, бугун қор ёғадими?
– Ёғади, – деди келгувчи ишонч билан. – Лекин ярим кечасидан кейин ёғади. Саҳарга яқин тоғда қор кўчади, чунки чўққиларга кеча қор тушган эди, бугунги ёмғир уни эритиб юборади. Аммо ҳеч кимга зарари тегмайди.
– Йўқ, узр, – деди мезбон, бирпас ўйланиб. – Башоратчи керакмас бизга. Нима истайсиз?
– Мен ҳам янги йилни кутсам дегандим, – деди келгувчи. – Чунки ҳеч кимим йўқ, ҳамма байрам қилаётганига ҳавасим келяпти.
– Э-э…. – ўнғайсизланди уй эгаси. – Танимаган одамга ноқулай-да барибирам. Балки егулик у-бу керакдир?
– Йўғ-э, егулик керакмас, – деди келгувчи. – Ҳеч кимим йўқ дедим-ку?! Янги йилни ким биландир кутгим келди.
– Бироз юрсангиз, чап томонда катта ресторан бор, – деб маслаҳат берди мезбон. – Ўшанга борақолинг, у ерга бугун кўпчилик йиғилган. Янги йилингиз қутлуғ бўлсин.
– Сизга ҳам, – деди истеъдод ва ёмғир остида йўлида давом этди.
Ҳақиқатан ҳам салдан кейин олти қаватли муҳташам бино кўзга ташланди.
– Янги йилингиз муборак бўлсин, – деди у, қизғиш ливрея кийган дарбонга.
– Раҳмат, сизгаям, – деди дарбон. – Хўш, хизмат?
– Ичкарига кирсам бўлармикин?..
– Таклиф қилинганмисиз?
– Йўқ.
– Афсус… Хўп, қўлингиздан нима келади?
– Истеъдодман.
– Қанақа истеъдод?
– Тушунтириш қийин, – деди у. – Мен теваракдаги воқеаларнинг ақл етмас боғланишларини пайқай оламан.
– Ҳим-м… Тасодифан, масхарабоз эмасмисиз?
– Йўқ.
– Эсиз, – деди дарбон. – Соат ўнга масхарабоз келиши керак эди, касал бўпқолибди, келолмасмиш. Ҳозир битта масхарабоз жудаям керак-да. Кўряпсиз-ку, ҳамма ўйнаб-кулишни хоҳлаяпти, бир қанчаси маст-аласт.
– Ҳа, пайқаб турибман, – деди истеъдод.
– Қандай қилиб пайқаяпсиз, давра ичкарида бўлса? – ишонқирамади дарбон.
– Мен истеъдодман-ку, – деди келгувчи. – Одамларнинг ўй-фикрларини хам сеза оламан.
– Байрамларда ҳамма яхши кишига айланиб қолади, – деди кейин. – Ҳозир бу ерда ҳамма яхши, ҳатто энг учига чиққан фирибгар ҳам. Лекин оддий кунларда бу кишиларнинг қанчалар зерикарли ва ҳатто зараркунанда эканини тасаввур қилолмайсиз-ку? Мен эса тасаввур қила оламан, – дея оддийгина тушунтирди Истеъдод.
– Тўғри айтасиз, – деди дарбон, бирданига жонланиб. – Ростини айтсам, буларнинг кўпи ярамас кишилар. Ҳе, ўша ўйин-кулгингдан ўргилдим сенларни!
– Йўқ, ярамас эмас, – эътироз билдирди Истеъдод. – Улар қўрқишади…
– Нимадан?
– Тўсатдан, кетма-кет бойлик келаверса, фалокат бўлишини ақллари сезмасаям қалблари сезади. Шунинг учун юрак овозини шароб ёки ўйин-кулги, ишрат билан ўчиришади.
– Тўғрисини айтсам, унчалик ҳам тушунавермайман бунақа гапларни, – деди дарбон. – Айтинг-чи, шунақа нарсаларни билишдан сизга нима фойда?
Шу пайт рўпарадаги икки тавақали катта эшик очилиб кетди-да, ичкаридаги давранинг шовқини, айтилаётган алёрлар эшитила бошлади. Паст бўйли, семиз бир киши давра ўртасига чиқиб, сал олдин футбол бўйича жаҳон чемпионатининг тақдирини олдиндан айтиб берган Пауло лақабли башоратчи саккизоёқнинг оламдан ўтганини маълум қилди. “Кириб келаётган шу янги йилимизда орамизда баъзи дўстларимиз йўқ, мана шундай ажойиб кунларга етиб келишолмади, – деди у. – Ҳаммаси қатори, шу қадаҳни ўша дўстларимиз ва мўъжиза саккизоёқ хотираси учун кўтаришингизни сўрайман!”
Шодон давра ўша махлуқ шаънига қадаҳ кўтарди.
– Айтинг-чи, у ростдан ҳам башоратчимиди? – деб сўради дарбон.
– Йўқ, ҳатто ўзининг саккизоёқ эканини ҳам билмасди, – деди истеъдод. – Бир оёги қаттиқ оғрир, ўшани кўп чўзарди. Бор-йўғи шу.
– Ҳа, тасодиф бўлса керак, – деди дарбон. – Аммо шу топда менга шунақа саккизоёқ жуда зарил-да. Катта пул ютиб олсам борми?! Сизга бир гап айтайми? Менга-ку мумкинмас, аммо ичкарида яхши йигитлар бор, қўриқчилар хонасининг ортига секингина ўтиб, бир қадаҳ олмайсизми, байрам-ку ахир?
– Йўқ, мен мутлақо ичмайман, – деди меҳмон.
– Ёкимли киши экансиз, – деди дарбон. – Жон-жон деб ичкарига қўярдим сизни.
– Ҳа, яхши бўларди, совкотдим, – деди Истеъдод. – Ичкари иссиқ, роҳатбахш бўлса керак. Ёмғир суяк-суягимдан ўтиб кетди.
– Лекин тепадагилар норози бўлишади-да, – у оромгоҳнинг юқори қаватига ишора қилди, – У ёғини тушунаверинг, мендаям бола-чақа бор.
– Ҳа, гапингиз тўғри, – деди Истеъдод.
– Айтингчи, истеъдодингиз нимада йўналган?
– Йўналмаган, – деди у. – Ким билсин… Ҳали кўп нарса аниқ эмас.
– Қизиқ одам экансиз, – деди дарбон. – Зарилмиди сизга шу?
– Бошқача бўлмайди-да, – соддагина англатди у. – Бошқача сираям бўлмайди. Тўғрисини айтсам, шундагина юрагим роҳат топади.
– Отам менга, роҳат келтирадиган нарсалардан узоқ юр, ишла, меҳнат қил, меҳнат одамни ўлдирмайди деб насиҳат қиларди, – деди дарбон. – Ҳақиқатан ҳам кимга кераги бор бу нарсаларни? Эҳ-ҳе, юлдузлардан, яна бир нималардан гапирасиз-а? Нондан гапирсангиз-чи, нондан?!
– Шуни айтаман-да, менга нима зарил эди, – деди Иcтеъдод.
– Хўп, модомики бугун байрам экан, яна бирор нима денг-чи, – деди дарбон. – Ичкаридагиларни қўйинг, улардан наф йўқ, шу ҳаётларида давом этаверишсин. Менга алоқадор бирор нима дея оласизми? Фақат, боя айтганингиздай, юлдузлар илмидан эмас, шу ҳаётга яқинроқ бирор ҳодисани айтиб бера оласизми?
– Аслида билмаганингиз яхшироқ эмасми? – деб сўради меҳмон. – Билганингиз билан фойдаси йўқ-ку?
– Ҳа энди, буям бир эрмак-да.
– Майли, фақат бир қисмини айтаман, холос. Байрамни бузиб нима қилдим? – деди истеъдод. – Қараб туринг, ҳозир чироқ ўчади, лекин сал ўтмай яна ёнади. Ҳаёт чироғи ҳам қоқ ярим кечаси тўсатдан ўчиб қолиши мумкин.
Бир сония ўтар-ўтмас, чироқлар ростдан ҳам липиллаб ўчди, теварак қоронғиликка бурканди. Лекин салдан сўнг яна ёришиб, чароғон бўлиб кетди.
– Қайдан тахмин қилақолдингиз? – деб сўради дарбон ҳайратланиб.
– Содда қилиб англатсам, ҳозиргина шаҳар ташқарисида битта қуш совуқда ўлиб қолди, – деди истеъдод.
– Қушни нима алоқаси бор?
– Ёмғирда ҳўл бўлиб, усти музлаган эди, – деб тушунтирди истеъдод. – Совқотганидан юқори кучланишли ускунанинг ичига кириб олди. У ернинг иссиғида қанотидаги музлар эриб, томчилаб оққач, қисқа туташув рўй берди, суғурта ускунаси фалокат рўй бермаслиги учун электр токини узди. Ҳар ҳолда, ишчилар дарҳол тузатишган бўлса керак.
– Бечора қуш… Ҳа, ростдан ҳам ғалати, – деди дарбон тан бериб. – Лекин, зўр одам экансиз, гап йўқ. Оила, бола-чақангиз йўқми, ёлғиз юрибсиз?
– Ўзимни зўрға эплаб юрибману бола-чақага йўл бўлсин? – деди келгувчи. – Оиланинг масъулияти жуда оғир, у юкни кўтариш қўлимдан келмайди деб қўрқаман.
– Узр… Лекин барибирам шунақа нарсаларни қайдан билишингизга қизиқяпман. Соддароқ қилиб тушунтирсангиз бўлмайдими?
– Ҳамма воқеа-ҳодисалар бир-бирига кўринмас занжир билан боғланган бўлади, – деди Истеъдод. – Ҳўв, икки киши қўлида қадаҳи билан чиқиб келаётганини кўряпсизми? У одам бир маҳаллар, айни навқирон, кучга тўлган маҳалида бир муҳтож одамни масхаралаб кулган эди. Масхараланган эса, қонли урушларда жигаридан ўқ еган, кўмакка зор киши эди. Қадаҳ тутиб турган шу ҳолида ўзининг ҳам жигари қуриб бораётганидан бехабар, бироқ… – ниманидир тусмоллаб, ўзича ҳисоб-китоб қилди у. – орадан уч-тўрт ой ўтгач, безовталанганида ҳаммасидан хабар топади, аммо кеч бўлади. Ёнидаги одам эса уйига садақа сўраб келган ёш болали жувонга айниб қолган овқатларни берган эди. Гап шундаки, боланинг қорни очқаган, жувон эмизай деса, кўкрагида сути йўқ… азбаройи болам тўйсин деб ўша айниган таомни ейишга мажбур бўлган эди.
– Шўрлик… – деди дарбон. – Жувонга ҳеч нима қилмагандир, ишқилиб?
– Худонинг қудратини қарангки, на жувонга, на болага зарар етди, – деди у одам. – Қайтанга, ўша озгина таом туфайли сут мўл-кўл тошиб келди, бола тўйиб-тўйиб эмиб, кейин мириқиб роса ухлади… Ёмғир сира тинадиганга ўхшамайди, мен борақолай. Дарвоқе, Янги йилингиз қутлуғ бўлсин.
– Афсус, яна бир оз гаплашсак бўларди, – деди дарбон афсусланиб. – Сизга ҳам қутлуғ бўлсин. Майли, яхши боринг, – дея хайрлашди чин дилдан.
* * *
Чорак соатдан сўнг Янги йил кириб келди.
Кейин ҳаво бирданига совиди. Шивалаб турган ёмғир аввалига майда қорга айланди, кейин тезлашди-да, шиддат билан ёға кетди. Шимолдан совуқ шамол эсди, изғирин кучлигина эди.
Чароғон шаҳар ҳалиям байрам шукуҳига тўла эди.
Яна бир неча соатдан сўнг кимсасиз тоғлар устида қор кўчди. Улкан харсангтошларнию синиб уйқашиб кетган арчаларни қўшиб-юмалатиб, шовқин-сурон сола, худди баҳайбат тўфон сингари пастга қараб шитоб билан йўналди. Қор турли жойларда турлича кўчди, хайриятки, йўлида қишлоқлар йўқ эди, сўқмоқларни, баъзи катта йўлларни ва музлаб қолган ирмоқларни энлаб-босиб тушганини айтмаса, янги йил тунидаги бу қор кўчкиси кишиларга зарар келтирмади.
Янги йил шу тариқа кириб келди.
* * *
Орадан йиллар ўтди.
Дарбон яна узоқ йиллар ўша жойда ишлади. Рўй берган воқеаларни ўйлаб кўриб, ниҳоят “Хизрни кўрган бўлсам керак” деган тўхтамга келди. Чунки ўша кишининг айтганларининг бари рўёбга чиқди: орадан тўрт ойлар чамаси вақт ўтгач, қадаҳ кўтариб ташқарига чиққан кишилардан бири – шаҳарнинг энг олди бойи жигари қуруқшаб, бор молу дунёсини сарфласа ҳам нафи тегмасдан оламдан ўтди. Иккинчиси эса уйида айниган шаробни ичиб, заҳарланиб ўлим топди. Дарбон ўша кишининг гапларини бошқаларга айтиб берди. Келган кишининг кимлигини биров билмас эди. Дарбон тинимсиз уқтирар эдики, эшик олдида турганимда, ёмғир остида тўсатдан кепқолди, уст-боши ночор, ўзи очга ўхшарди, деб. Ўзидан анча-мунча гапларни тўқиб-чатиб, уни салкам авлиёга айлантирди. Авом ишонди, ўйин-кулги кечасидаги боёнлар дарбонга “ўша номаълум киши бизлар ҳақимизда ҳам бир нима деганмиди?” дея хавотирланиб, ўзларича совға-саломлар кўтариб кела бошлашди.
Дарбоннинг эл назарига тушгани, мўътабар кишиларнинг кўпчилиги ҳузурига бош эгиб келишгани рост. Башоратнинг бу қисми ҳам рўёбга чиқди, аммо мазкур ҳолат дарбонга сира завқ бахш этмас эди.
Негаки, кечалари ухлолмасди.
Ухлай деса, ўша номаълум истеъдод айтган нарсалардан яна бирининг – энг охиргисининг рўёбга чиқишидан қўрқарди: худди ўша кечаси бехос чироқ ўчиб қолгани каби, қоқ ярим тунда, уйқу чоғида тўсатдан етиши мумкин бўлган ажал шарпаси…
2013