(Шоир Аъзам Ўктам хотирасига)
“Ҳикоя ёзиш осонми, қийинми?”
Тўғрисини айтсам, ҳалигача шу саволга жўялироқ жавоб бера олмайман.
Мана, бир неча кундирки, туғилган кунида қизимга совға қилганим узук хаёлимдан кетмайди.
Ингичка, нозик, кўкиш-яшил тошчали зийнат уни қувонтирди, соф нигоҳида севинч порлаб кетди, олдимда бир оз тортинса ҳам, барибирам бир неча марта айлантириб қараб-қараб қўйди.
Ўзим ҳам қувондим, кўзчаларидаги севинч қалбимга кўчиб ўтди. “Яхши кунларингда тақиб юр” дедим унга. Кейин, бир маҳаллар онамдан эшитганим ҳазрати Сулаймон узуги ҳақидаги ривоятни айтиб бердим.
“Лекин бу унақаси эмас, оддийгина. Отангнинг қўлидан келгани шу холос, – дедим кулиб. – Аммо Сулаймон узугичалик маънолари бор. У маъноларни вақти келганида билиб оларсан”.
Шундай десам-да, ўзимнинг ривоятим ўз хаёлимни бошқа ёқларга етаклаб кетди.
* * *
Отам ниҳоятда беозор, умрини болаларига фидо қилиб юборган киши эди.
Бизлар тўққиз жўжиқ, онам уйда, фақат отам ишларди, холос. Етишмовчилик бошимизда қилич каби осилиб турар, саҳарлаб туриб, кеч кузнинг совуқ булдуруқлари йилтираган далаларда турли юмушларни бажаришга мажбур эдик. Яланг оёққа калиш кийиб олар, оёқчаларимиз совқотарди. Ерларни қиров босган, макка поялари қўлга муздай тегади. То сийрак туман аро тераклар орасидан улкан қизил қуёш кўтарила бошлагунига қадар уриниб-беринар, кейин шоша-пиша чой ичиб, яримта нонни олиб мактабга жўнардик.
Қишларда муз қотган ерларни ўяр эдик. Ўйиб бўлиб, ҳосил бўлган чуқурни ғўзапўчоққа тўлдиргач, пақирда ариқдан сув ташир, тизза бўйи келадиган сувга тушиб олган отам ғўзапўчоқни сув билан қориштириб бир томонга уяверар, ниҳоят, заҳматли шу иш тугагач, устига гўнг аралаш тупроқ тортилиб, эски-туски кўрпалар ёпилганида дилдираб уйга кирардик. Ҳўл ғўзапўчоқ кун ўтгани сайин ўз-ўзидан қизиб, чириндига айланар, у чиринди ўғит ўрнида экинга солинарди. Печкага ўт ёқилгач уй аста-секин илир, ўша илиқлик баданга ўтиб элитганида овқатга ҳам карамай ухлаб қолганларимиз эсимда. Тўққиз бола, тўққиз ўғил-қиз…Эрталаб турганимизда отам аллақачон уйғонган, печкада ўт гуриллаб ёнаётган, устига кечаги нонларни қўйиб, илитиб ўтирган бўлар, уйни исиган ноннинг ёқимли иси тутиб кетарди.
Кўз етмас узоқ-узоқларгача ястаниб кетган бошқа қишлоқлардаги одамлар ҳам шунга ўхшаган ишлар билан машғул эдилар.
Нимасини айтай, хотирамда жуда кўп шунга ўхшаш манзаралар сақланиб қолган. Улар тинчлик бермайди, жонланади, бошқа маънолар касб эта-эта, онг тубларидан худди ўша – устида ғўзапўчоқ қалқиган қорамтир муздай сув каби юракни музлатиб, этни жунжиктириб сизиб чиқаверади. Ғалати бир ҳаёт кўз ўнгимда гавдаланади.
Юмушлар кўпайгани маҳал болалар мактабга бормай қўйишарди. Меҳнатлар сира тугамасди-да. Поёнсиз далаларнинг эгатлари орасида ўтириб, беҳи ердик. Кеч кузда мезонлар учар, гоҳ оқиш туманлар тушар, нам ерга ўтириб, олов ёқардик. Чигитни ўтга ташласак, чирсиллаб отиларди, еб кўрсак, анчайин шўр таъми бўларди. Муаллимларимиз ҳам ўзимиз қатори, этик кийиб далани айланиб юришарди.
Эл тирикчилик дея тинмай уринарди-да. Юмушдан ортар-ортмас, сигир-молни далага ҳайдар, куз мезонлари учган, халқ “жола” деб атайдиган ҳайҳотдай шудгорларда тўп-тўп бўлиб мол боқардик.
Мен шом тушмасдан уйга қайтишим, қўрадаги бултурги қуруқ ўтинларни олиб келиб ўчоққа ўт ёқишим керак эди. Мен ўт ёққач, онаизорим овқат пиширарди.
Ўшандай маҳалларда тўйлар бўлиб қолса, суюниб чопардик.
Нимагадир эсимда кеч куз тўйлари қолган. Совуқ, гапирсангиз оғзингиздан ҳовур бурқираб чиқади. Келин-куёв совқотмасин дея, оёқлари остига тоғорада чўғ қўяр эдилар.
Шу аснода куёв келиннинг бармоғига узук ҳам тақиши керак эди.
Узук тақилганида ҳамма қийқириб юборарди.
Йўқса, аллақачон никоҳ ўқилди, элга маълум қилинди, халқ келиб даврани тўлдириб ўтирибди, этакроқдаги тозаланган экин ерларига қурилган катта ўчоқда шўрва қайнаб, ош пишмоқда… узук тақилганида униси куёв, буниси келин бўпқолармиди? Ким билсин, одамларга шуниси маъқулроқмиди?
Узук тақилганини илк кўрганимда, уйга келиб ота-онамнинг бармоғида узуги бор-йўқлигига қизиққанман, йўқлигини кўриб, сабабини сўраганман ҳам.
– Бизнинг вақтимизда бунақа урф йўқ эди, – деди онам. – Аравада келин бўлиб келаверардик. Катта давралар ҳам бўлмасди. Совуқларда ўртага катта ўт қаланарди, эски-туски латталарни думалоқлаб симга бойлаб, мойга ботириб валишларга осиб тўпчироқ ёқиларди. Сенинг айтганларинг янги замоннинг урфлари, болам.
Мен келин бўлиб тушганимда ўн олти яшар эдим. Энанг ўзининг узугини менга берган эди. Аммо тақмаганман, авайлаб яшириб қўйганман”.
Мана шундай шароитда аста-секин ўсиб, вояга етиб борар эдик, бизлар – бир қишлоқнинг майда-чуйда болачалари.
* * *
Айтдим-ку, меҳнат орасида катта бўлганман. Шу боис, бармоқлари қавариб-қавариб ёрилган, юзлари қорайган, сочлари типпа-тик, ғоятда софдил қишлоқ болалари кўнглимга жуда яқин. Ҳалиям турли қишлоқларга йўлим тушса, ўшанақа болалар билан гаплашгим келади.
Вақти етиб, уйландим. Мен ҳам куёв бўлиб келин қўлига узук тақдим. Оддийгина, ингичка, лекин қимматбаҳо эди. Хотиним уни бармоғига тақиб, хурсанд бўлиб қараганлари эсимда. Кейинчалик ҳам авайлаб сақлаб юрганини биламан.
Тўйдан бир-икки кун кейин онам келинини суйиб-алқаб, сандиғидан ўз узугини олиб берибди. Уни қучиб, ўпиб “Бу – келинлик узугим, раҳматли қайнонам совға қилган эди, энди сиз катта келинимсиз, олинг, яхши кунларингизда тақиб юринг”, дебди. Хотиним мақтаниб, менга кўрсатгани ҳам эсимда. Эски замонларнинг тилласидан қуйилган, ҳозирги нозик узукларга ўхшамайдиган тақинчоқ.
Онаизоримнинг меҳрибонлигидан ўзимча суюндим, чойлар дамлаб бериб, оёқларини уқалаб ўтириб, сўрадим:
– Отам-чи, узук совға қилмаганмиди?
– Отанг ҳам совға килган, аммо тўйдан анча кейин, сен дунёга келганингда, – деди онам.
– Таққанингизни сира кўрмаганман-ку?
– Тақармидим? Ҳаммасини сандиққа солиб яшириб қўяверганман.
– Нимага?
– Оғир кунларимизда ишлатармиз деганман-да.
Шундай дегани билан, оғир кунларида ҳам ишлатмаганини биламан-ку? Тавба, узук десам, кўз олдимга ўша қишли-қировли кунлар келавергани-чи?
– Отанг у узукни қанча заҳматлар, не-не меҳнатлар эвазига, узоқ шаҳарга бориб сарсон бўлиб олиб келган. Ўшанда роса суюнганман. Шунча қийматни ўзида жамлаган у узукни сотиб, кунимга ишлатармидим? Ўлсам ҳам ишлатмасман! – деди онам.
* * *
Болалар улғайгани сайин ташвишлар ортар, шавқлар озаяр, мен эса заҳматларга кўмилиб кетган эдим. Теракларнинг барглари қирмизи қизарарди. Тавба, нима учун кеч кузни яхши кўрар эканман? Дарахтлару ўтлар турли ранглар олади. Сариқдан яшилгача, яшилдан қирмизигача ҳамма ранглар кўз-кўзланади. Ҳар нарса ғарқ пишган, ҳар дарахт “мана, яшаб шуни қилдим” дегандай умрининг ҳосилини кўз-кўзлаб туради. Яна мезонлар учади, ер бағирлаб сийрак туманлар сузади. Яна тўйлар мавсуми бошланади. Кишилар шод-хуррам, катта ўтлар гуриллаб ёнади. Тўн кийиб, тўп-тўп турган кишиларни қўмсайман. Мен билганларнинг кўпи ҳозир у орада йўқ, ўшаларни кўриб-гаплашсам дейман. Аммо, гаплашсам ҳам айтарли узоқ суҳбат бўлмаслигига ақлим етади.
– Ҳа, юрибсанми, тузукмисан?
– Шукр.
– Болаларинг катта бўлиб қолишгандир?
– Катта бўлиб қолишди.
– Тузук… ишқилиб, тўйларга етказсин.
Шу, холос.
* * *
Бир куни жуда қадимий узук ривоятидан хабар топдим.
Сулаймон подшоҳнинг бир ҳикматли узуги бўлган экан. У узукни тақса, шамолу қурт-қушлар бўйсунар, ер остию ер усти хазиналари очилар экан.
Ёш бўлганимда ҳавасланиб, ўшанақа узукни орзу қилган бўлардим. Аммо, ёшлик ўтди. Энди ҳар нарсадан маъни излайдиган палладаман-ку?
Ақлим турли тасодифий воқеаларни бир-бирига улаб, бир мантиқ нуқтасига етаклаб кетди.
Сулаймон подшоҳдан аввал ҳам узук ҳадя қилиш одати бўлганмикин?
Ҳазрати Сулаймоннинг узуги-ку унутилаёзган бир ривоятнинг ажойиботларидан дарак бермоқда. Унинг ҳикмати жуда ҳайбатли экани аён, бироқ, мен кўрган-билган узуклар шу ёшимда, тўсатдан тилга кирганига нима дейсиз?
Улар ота-онам тилидан гапира бошладилар.
“Бизлар, яъни отанг-онанг, Худойимнинг даргоҳларидан шу дунёга келиб униб-ўсган икки жон, сени қошимизнинг остида, қароғимизнинг устида асраб-авайлаб катта қилдик.
Сен гуркираб ўсдинг, болажон.
Очлик-муҳтожлик кўрмагин дея ўтга кириб, сувлар кечдик, шамол изиллаган тунлардаю саратоннинг жазирамаларида жонимизни жабборга бериб уриндик.
Энди улғайдинг, сен ҳам катта бир заҳмат ичига кириб бормоқдасан.
Тўйлар қилдик, уйлантирдик…ҳали ҳаёт олдинда!
Бизнинг сенга берар топган-тутганимиз шу.
Сенга шамоллар, қурту-қушлар бўйсунсин, қаршингда дунёнинг сарватлари очилсин деб ният қилмадиг-у лекин мабодо бирор кор-ҳол рўй бериб қолса, шу нарса оғир кунингга ярасин, дедик.
Бу узук бизга ота-онамиздан мерос қолган эди.
Оғир кунимизга ишлатмадик, сизларни меҳнатимиз билан вояга етказдик.
Аммо ҳар доим шу узук – ҳар қанча қадрли, азиз бўлса-да, бир кун келиб мабодо қийналиб қолсанг корингга ярар дея асраб-авайлаб сақлаб келдик.
Олақол, болажон. Ҳаёт йўлинг узун бўлсин.
Узун бўлсину аммо мушкул бўлмасин.
Буни ҳаёт деб қўйибдилар, бир кун бизлар йўқлигимизда оғир кун бошингга келса, сира иккиланма, у узукни сандиқдан ол.
Бир мушкулингни осон қилса ажабмас!”
* * *
Маънолар оғир бўлади.
Маънолар одамни қийнайди.
Шу маънони кашф қилиб олганимдан бери ўртанаман.
Яқинда мен ҳам тўйларга кираман, ўғлимни уйлантираман.
Аёлим ўз зеб-зийнатларини бахтли кунида келинимга совға қиламан деб кўнглига тугиб ўтирганини айтмасаям биламан.
Шунингдек, сулолалар аро асралиб келинаётган ўша тақинчоқларни болаларим тақиб юришларини ҳам хоҳлайман.
Яна, у узуклар авлодларга сираям “Бир мушкулингга ярасин” деб эмас, бор-йўғи ота-онадан хотира бўлиб қолишини истайман. Авлодлар жўжиқларига “Улуғларимиздан ёдгор, шуни авайлаб юр, шояд бир куни шамолларни-ю табиат ҳодисаларини, еру кўкларни бўйсундирсанг ажабмас… Аммо сираям оғир кунингга ишлатма! Бошингга ундай кун келмасин!” дейишларини истайман.
* * *
Найлайин, умр ўтиб бормоқда.
Мен ҳам, аёлим ҳам ҳаёт шамолида кеч кузнинг мезонлари каби, узоқдаги олтин дарахтзорлар сари учиб бормоқдамиз.
Ичимдан бир шукрона ҳам келадики, нимагадир мен яхши кўрадиган ўша кеч кузнинг заҳматли совуқларини болаларим билишмайди.
Совуқда музлаб-кўкариб кетган қўлчаларини, оёқчаларини дилдирай-дилдирай сандалга тиқиб, музлаган оёқчаларига иссиқ ўтганида сезиладиган ачиштирувчи ғалати оғриқдан ҳам бехабар улар.
Ҳар қандай хизматларини оғринмай адо этадиган онаси, хонадонда тоғдай бўлиб турган отасининг ичида не оғриқлари борлигини ҳам билишмайди.
Ҳозиргина кеч кузнинг ўтлоқларида ўйнаган совуқлар аро ингичка бўлиб учган мезонлардан гапирдим-а? Бизлар, яъни кичкина болакайлар у мезонларнинг ҳилпираб уча-уча, қайга ғойиб бўлиб кетишларини билмас эдик. Гоҳо ўтларнинг нам поясига ё дарахт шохчасига илиниб қолганлариям бўларди.
Фарзандлар ёш, кун келиб,отаю она кеч куз совуқлари ўйнаган томонларга қараб ўша мезонлар каби учиб кетишини ҳам билишмайди.
Ғўзапоя уюми ловуллаб ёнган кечаларда, эл йиғилиб келиб шод яйраган тўй оқшомларида совуқда дилдираган келин бармоғига тақилган узук манзараларини ҳам кўришмаган улар. Бу авлоднинг тўйлари муҳташам тўйхоналарда, иссиқ, ораста давраларда ўтади.
Аёлимнинг сандиғида иккитами-учтами тақинчоқ тўйларни кутиб ётибди. Ҳа, бир куни тўйлар бўлади. Шундан кейин у узуклар эгасига совға қилинади. Келинчак нигоҳида фақат севинч порласа, уни ҳадя қилаётган кишининг кўзида ҳаёт заҳматларини ва қувончларини акс эттирган ўзгача маънолар балқиса ажабмас.
Найлайин… У манзараларни кўра-кўра етиб келган маъноларим – шулар. Қувватга тўлиб келаётган боламга ўзимча синчиклаб қарайману бир бошқача истеъдоди бормикин, дейман. Бошқа болалар кўрмаган нозикликларни илғайди, чиройли тарзда ҳикоя ҳам қилиб беради.
* * *
Ҳикоя ёзиш осонми, қийинми дедим-а?
Ҳақиқатан ҳам, бу саволга ҳалигача жўялироқ бир жавоб тополмайман. Осон десам, қийинга ўхшайди. Қийин десам, маънолар ўз-ўзидан балқиб келаверади…
Ким билсин, бир кун келару боламнинг нодир истеъдоди ярқ этиб юзага чиқар? Ўшанда, менинг ақлим етмаган ажойиб ҳикматларга балки у етар?
Болам, орзуларим мўл, ҳаммаси ажойиб, ёруғ.
Кун келиб, мен шоён истасам ҳам эришолмаганим ўша улуғ ҳикматга… “Сулаймон узуги” деган азим ва муҳташам бир маънонинг тубларига албатта етишингга жуда ишонаман.
Ўшанда… шунча мўъжизаларни яратган Парвардигор биздан мерос узукларга ҳам айри бир маъно ато этсаю еру осмонларнинг бори хазиналари сизларга ланг очилса дейман.
Ахир, ажойиб орзуларимизнинг очқич-тилсими ўзингиз-ку? Дунёга келганингизда қувонганларимиз, митти бармоқчаларингиздан тутиб гапирганларимиз… мусаффо нигоҳингизга термилиб, орзуларимизнинг рўёбини кўрганларимиз… ҳаммаси кўз ўнгимизда.
Ой қизим, сен денёга келар чоғингда, онаизоринг тушида узук кўргани, “Ингичка, нозик, кўкиш-яшил тошчали зийнат экан… Кўриб жуда қувонибман”, дегани ҳам эсимда.
Ахир, ушалмас орзулар ҳам бўлармиди? Заҳматкаш ота-онамнинг беозор орзулари-ки ушалган экан, бизнинг, сизнинг орзуларингиз… ушалмай қолармиди?
Албатта ушалади! Ўшанда йўл оламиз, болажон, барчамиз қўл ушлашиб, бепоён умидлару ҳикматларнинг ажойиб маконларига…