Кеч кира бошлади. Тобора кучайиб бораётган шамол кунботар ёқдан хас-чўпларни учириб олиб келаверди, само майдонига булутларни қатма-қат тўдалаштириб уяверди. Кўп ўтмай, олам рутубат ва таҳлика ичида қолди.
Кўчада ўйнаб юрган болалар бирин-кетин тарқалишди. Ҳамма ёқни чанг-тўзон тутиб кетган эди. Кўзига қум кирган бир болакай чириллаб йиғлаб қолди. Хавотирланиб кўчага чиққан бобоси:
– Тез-тез юр, яна жоду шамоли эсяпти. Энди эрталабгача тинмайди. Бўлақол, тойчоғим, гапимга кирсанг, сандиқдан ҳалвоқанд олиб бераман, – дея уни юпатишга тушди.
Шамол роса авжига чиққан эди. У дорга ёйиб қўйилган кимнингдир белбоғини бир юлқиб олди-да, учириб кетди. Зангори белбоғ уча-уча наридаги тут новдасига илинди ва худди музаффар лашкарларнинг туғи сингари ҳилпирайверди. Болакай йиғлашни ҳам унутиб, кўзлари чақнаганча:
– Қанақа жоду, бобо? Нимага ҳамма шунақа дейди? – деб сўради.
Бу аснода шамол яна эпкин урди, болакайнинг сочини тўзғитиб, кийимларини юлқилай бошлади. Бобоси эса:
– Ҳамма нарсани ҳам сўрайвермайди бола деган, бетаъсир! Юр уйга, нимагалигини кечқурун айтиб бераман, – дея қулоғидан чўзиб, диконглатганича ҳовлилардан бирига олиб кириб кетди.
Кўп ўтмай, қоронғи тушди. Шимол томондаги кўҳна тоғлар силсиласи устида момақалдироқ теваракни титратиб, гумбирлади. Гўё қоялар ёрилиб-уваланиб, тутдай тўкилаётган эди. Чақмоқ чақнаб, ҳаммаёқни оний ёғду билан сийпалаб ўтди. Кейин олам яна зулмат қаърига чўмди.
* * *
Бу шамол йилига бир марта, дов-дарахтлар куз либосини кийиб, теварак-жавониб ловиллаб ёнаётган қизғиш-заъфар япроқлар ёғини остида қолган махалда қўзғалар, туни билан оламнинг тўс-тўполонини чиқариб, тонг вақтидагина тинар эди. Уиинг ғалати ном билан аталиши ҳақида эл оғзида ажойиб ва қадимий бир ривоят юрар эди.
Бир вақтлар бу ерда Ҳаким исмли деҳқон яшаган эди. У даштдан қўриқ очган, ёзи билан тинмай ишлаб, мазаси тилни ёрадиган қовунлар етиштирарди. Сўнг уларни сотгани Нахшабга жўнар, ўн-ўн беш кундан сўнг мамнун ҳолда, қўйни-қўнжи тўлиб қишлоққа қайтиб келар эди. Шу кундан эътиборан қўрасидан қўйларнинг баъраши, товуқларнинг қақолаши эшитила бошлар, Ҳакимнинг ўзи ҳам эт қўйиб-тўлишиб, юзига қон югуриб қолар эди.
Фалокат ва тасодифларга бой от йилида ҳам унинг ҳосили мўл бўлди. Тўрлаган қовунларни қамиш тўрхалталарга солиб, ертўлага осиб қўйди, энди булар то қиш оёқлагунига қадар худди янги узилгандай бўлиб тураверади. Ҳаким тағин шаҳарга отланганида тонг саҳар эди. Қунботарда, тоғлар устида булутлар жуда ҳам қуюқлашган ва момақалдироқ тинмай гумбурларди. Ҳаким қовунларини похол солинган аравага яхшилаб, заха емайдиган қилиб жойлади, қўй терисидан тикилган пўстинига ўраниб, ўрнашиб ўтирди-да, отга қамчи уришга чоғланаркан, хотинига қараб:
– Бўпти… Ўра тўла савзи, омборхонада гўшт-ёғ етарли. Насиб қилса, ўн кундаёқ қайтаман, – деди.
Аммо хотиннинг кўнгли алланечук безовта, агар эрини ҳозир жўнатиб юборса, қайтиб кўролмайдигандай туюларди. Дарвоқе, теварак ҳам бугун ўзгачароқ эди: табиат худди ниманидир кутаётгандай безовта, қушлар зўр бериб чирқиллашар, тоғлар устида ҳануз момакалдироқ гумбирларди.
– Нега йиғлайсан? – деди Ҳаким, хуноби ошиб. – Бир-иккида бормай юрган бўлсам ҳам майлийди. Бас қил энди кўзёшни!
– Ахир, эртага кетсангиз бўлмайдими? – деб зорланди хотини. – Худди бир нима бўладиганга ўхшайди. Кўнглим жуда ғаш.
– Ҳеч нима бўлмайди, – деб унга таскин берди Ҳаким. Сўнг отга қамчи урди. – Худо хоҳласа, бир ҳафтадаёқ қайтаман. Хуш қолинглар…
От кишнади, арава ғирчиллаб йўлга тушди. Ҳаял ўтмай, қишлоқ тераклар ортида кўздан ғойиб бўлди.
Кечга бориб, кунботардан кучли шамол қўзғалди. У йўлида учраган неки бор – барини учириб-пайҳон қилиб, янчиб ўтди. Шамол туни бўйи тинмади, ўкириб-даҳшат солиб эсаверди.
Кунлар бир зайлда, осуда кечар, аммо хотиннинг кўнгли ҳануз тинчланмас эди. Тунлари уйқуси буткул ўчганича қоронғиликка термилиб, эрини ўз паноҳида сақлашини Худодан илтижо қиларди. Орадан ўн кун ўтди, Ҳаким қайтмади. Йигирма кун, бир ой… уч ой ўтди ҳамки, ундан дарак йўқ. Кўп ўтмай савдо-сотиқ учун кетганларнинг бари қайтиб келишди, улар йўлда Ҳакимни кўрмаганликларини айтишди. Шўрлик хотин кўк кийиб, эрига аза очди. Йил ўтгач, дарду ғамга кўникди, рўзғорини амал-тақал қилиб тебрата бошлади..
Ҳаким кетган кунга роппа-роса бир йил тўлганида яна ўша ҳол такрорланди. Кечга яқин кучли шамол қўзғалди. Эрининг сирли равишда бедарак кетиши билан мана шу ғалати шамол ўртасида қандайдир бир боғлиқлик борлигини сезар эди шўрлик бева. Қоронғи тушди. Болалар ухлагани ётдилар. Аммо аёл ухлай олмади, деразадан кўзини узмай, аъзойи бадани жимирлаганча, ниманидир рўй беришини кутар эди. Ҳа, бугун нимадир рўй бериши керак эди! Дарча орти қоп-қора тун, шамол гоҳ қаҳ-қаҳ уриб, гоҳ зорланиб, гоҳ ёлғиэ бевани масхаралаб эсмоқда эди. Кўп ўтмай тун ярим бўлди. Шамолнинг шовқини аро заиф бир шарпа сезилди. Бева ирғиб туриб, ташқарига назар ташлади. Шу лаҳзада ярқ этиб чақмоқ чақнади ва ҳовлида турган, жанговар яроғ-аслаҳалар билан қуролланган ниқобли бир отлиқнинг шамдай қоматини ёритиб юборди.
Ким у? Ярим тунда бу ҳовлида нени истар у?
Чақмоқ яна чақнаганида, сирли отлиқнинг отдан тушиб, эшик томон юрганн кўринди. Жувоннинг юраги бўғзига тиқилиб келиб, дукурлаб ура кетди. Шу лаҳзада эшикнинг зулфини тақиллади, кейин таниш овоз эшитилди:
– Оч!
Келган эри эди!
– Сизмиснз? – қалтироқ бармоклар занжирни мажолсиз тутди.
– Мен, мен, қўрқма. Оч энди.
Эшик очилди. Ичкарига бир шарпа каби, ғалати кийимларга ўранган эри кириб келди. Жувон ўзини унга отди, аммо Ҳаким ўзини четга олди.
– Қайларда эдингиз? Болаларингизни ўйламайсизми? Мени ўйламайсизми? Хавотир ола-ола, куйиб кетдик-ку ҳаммамиз?!
– Хўп, хўп, бас қил, – деди Ҳаким. – Менинг вақтим жуда кам. Ўтир, гапларимни эшит.
Жувон ҳануз йиғлар эди.
– Жим, шовқин солма, – деди Ҳаким, ҳадиксираб. – Ўтир. Айтдим-ку, вақт жуда зиқ.
Жувон чор-ночор эрининг рўпарасига чўкди. Йиллар давомида кўриб юрган қадрдон чеҳра ўрнида оппоқ ниқобни кўрди.
– Бу нимаси? – деб нидо килиб юборди.
«Меҳмон» бош чайқади.
– Нега ундай қиласиз? Нега мени қўрқитасиз?
– Гапимни бўлмай, диққат билан эшит, – деди Ҳаким, овози ўзгариб. – Аза очиб тўғри қилгансан – ҳозир мени сўнгги марта кўришинг. Тез орада муҳлат тамом бўлади, кеттанимдан сўнг мени ҳеч қачон кўрмайсан. Фақат бир сирни сенга ошкор қилиб кетай, деб келдим. Билгинки, бу шамол бекорга эсмайди, момақалдироқ бекорга гумбирламайди, балки бу паллада қоялар сурилади, минг йил аввал зарб этилган жоду қопқалари очилади… бир лашкар чиқиб келади. Бу лашкар на ўтда ёнади, на сувда чўкади, уни на чопиб бўлади, на осиб. Туни билан ер юзини кезади, шамол унга увиллаб-ўкириб ҳамроҳ бўлади, шамол тиниши билан лашкар яна тилсим ғорига кириб беркинади…
Худди шу лаҳзани кутиб тургандай, «меҳмон»нинг сирли гапини бўлмоқчи бўлгандай, дарчадан шамол тағин кириб келди, шам алангаси кескин липиллаб жетди.
Ҳаким шошиб гапида давом этди:
– Ўшанда, олдинроқ шаҳарга кетганларга ета олмай, даштда тунаб қолдим. Уст-устига, шамол зўрайиб, отлар ҳам юролмай қолди. Пўстинимга ўраниб, иккала отнинг ўртасига ётиб олдим. Биламан, бунақа шамолда бўрию шоғоллар ҳам ин-инига уриб кетади, шунинг учун бехавотир ухладим. Бир маҳал отимнинг кишнашидан уйғониб кетдим. Бошимни кўтариб қарасам, шамол ҳалиям ғувиллаб эсаётир, аммо осмон топ-тоза, ой нур сочиб турибди. Сал наридан эса боши-охири кўринмайдиган маҳобатли бир лашкар ўтиб бораётир. Дубулғалари ой нурида йилтиллайди, найзалар ярақлайди, аслаҳалар жаранглайди. Бошимни кўтарганимни кўрдию тўп олдида бораётган оқ туғли бир отлиқ елдай бўлиб ёнимга келди, найзасининг ёни билан бир урди„ йиқилдим. Ғалати туш кўряпманми, деб ўйладим, аммо оғриқ кучли эди. Типирчилаб ётарканман, отлиқ арқон ташлади-да, мени судраб кетди. Қўрққанимдан оғриқниям сезмадим. Ўзим судралиб кетяпман-у, лашкарга қарайман- сонсиз-саноқсиз, бундай қўшин Бухородаям, Қўқондаям, Хивадаям йўқ, шунака улкан. Бари ёш, жанговар, барининг кўзидан ўт чақнайди, отлар осмонга учаман дейди. Бир маҳал отлиқ тўхтади, бошдан-оёғи оққа ўранган, оқ от минган бир одамга рўпара қилди. Мени туртиб олдинга ўтқаздию биқинимга найзасини тираб турипти.
– Кимсан? – деб сўради оқ отдаги одам.
Айтдим. Тирикчилик деб кетаётганимни, болаларим уйда зор бўлиб йўл қараб турганини айтиб ёлвордим, ер ўпиб кўйиб юборишларини тиладим.
Оқ отдаги одам индамай гапларимни эшитиб турди, аммо сўз демади. «Ҳоқоним, ҳоконим»лаб ерга йиқилдим, мени банди қилган суворий силтаб турғизди:
– Қуллуқ қил! – деб ҳайқирди у, кўзларидан ғазаб сочилиб. – Сенга Унинг Ўзи билан гаплашиш насиб қилди, эй бадбахт! Ҳозир осмондан чақмоқ тушиб куйдирмасидан ё ер ёрилиб ютиб кетмасидан аввал қуллуқ кил, бефаҳм!
Бу бешафқат суворий найзасини суқиб-нетиб олмасин, деб яна ерга йикилдим-да, «Нурли жамол соҳибига хамду санолар бўлсин», деб унинг айтганларини такрорладим. Шундан сўнг суворийнинг имоси билан дарров бир от келтиришди, бошимга оқ ёпинчиқ ташлашди, елкамга садоқ осиб, белимга шамшир боғлашди-да, узун найзани қўлимга тутқазиб, отга миндиришди. Бир қарасам, ўша қўшинга кўшилиб мен ҳам қаёққадир кетиб боряпман.
Қўшин жуда тез бораётган эди. Кейин илғаганим – отларнинг туёқлари ерга тегмас, ўтлар устида муаллақ турар эди. Кўраётганларим туш эканлигига энди ишондим. Бир-икки соатга қолмай бутун Туронни кезиб чиқдик, кейин шамол бизни Ҳисор тоғлари томонга сурди. Қоялар сурилиб, ичкарига кирганимиздан кейингина тушундим – бу тилсимланган лашкар экан. Шўрим қуриб, энди мен ҳам шу лашкарнинг аскарига айланган эканман.
Нурли Жамол соҳиби – улуғ қудрат эгаси. Шамол чақирадиган ҳам, момақалдирок уйғотадиган ҳам, чақмоқ чақнатадиган ҳам унинг ўзи… Йил ўтгач, қоялар яна сурилди, лашкар яна ёруғ дунёга чиқди. Билиб ол: бу шамолнинг сири ана шу лашкарда. Мана шу шамол эсганида ҳеч ким ташқарида ёлғиз қолмасин. Қишлоқлардан, кентлардан чиқмасин. Болаларингга, авлодларингга эҳтиёт бўлгин…
Ҳикоя поёнига етгани сайин дилида шубҳаси зўрайиб бораётган хотин ваҳимадан титраганича унинг сўзларини тингларди. Эри бу воқеаларни ҳарчанд ишонарли қилиб гапиришга уринмасин, унинг гумони ортаверди ва охир-оқибат:
– Йўқ-йўқ… Айтинг, кимсиз? Сиз менинг эрим эмассиз?! – деб қичқириб юборди.
– Мен ростдан ҳам эрингман, нега ишонмайсан? – деди кимса, унинг сўзларидан саросимага тушиб. – Овозимдан, ҳаракатларимдан танимаяпсанми?
– Агар… эрим бўлсангиз, ниқобингизни олинг, кўрай, – деб талаб қилди жувон, ортига тисарилиб. Ниқобли одам шошиб нари сурилди:
– Нималар деяпсан? Ололмайман. Ҳалок бўламан ахир?! Эсингни йиғ, ҳой нодон. Мениям, ўзингниям хароб қилма…. Эсингни йиғ!
Аммо жувон қўрқувни енгиб, ғайриоддий жасорат билан олдга ташланди ва эрининг юзидаги ниқобни юлиб олди. Юлиб олди-ю…
Бу не синоатки, ниқоб орти қора ўрадай бўм-бўш зди.
Шамол олам бўйлаб эсарди. Чақмоқнинг навбатдаги чақини кимсасиз йўлдан от чоптириб кетаётган сирли отлиқни ва эшиги ланг очиқ қолган беванинг уйини ёритиб юборди.
* * *
Бухоро ва Самарқанд оқчопонлари мағлубиятга учраб, уларга кўмаклашиш учун келган кўчманчилар тарқалиб кетгач, халифа Маҳдий бутун кучини Муқаннани қўлга киритишга сафарбар этди. Халифаликка бўйсунган барча мўминлар бу дажжолнинг ўлдирилишини талаб этар эдилар. Ривоятга кўра, дажжол ғоят бадбашара, бир кўзи узум донасидай бўртиб чиқкан махлуқ бўлиб, қиёмат яқин қолганида худолик даъвосини қилиб ер юзига чиқиши аниқ эди. Ҳошим бинни Ҳакимда ҳам шу хусусиятлар мавжуд бўлиб, у доимо ниқобда юрар эди.
Муқанна Марв бозорининг майдонида пайдо бўлганида қоқ туш маҳали эди. Жоду соҳибининг Бағдод зиндонида ётганини билган марвликлар унинг бу зуҳуротидан саросимага тушиб, қоча бошладилар. Охирида довюракроқ кишилардан иборат бир гуруҳ қолди. Муқанна бу кишилардан сўради:
– Биласизларми, мен кимман?
Йиғилганлар жавоб бердилар:
– Ҳа, биламиз, сен сипоҳсолор Ҳакимнинг ўғли Ҳошимсан.
– Йўқ, – деди Муқанна. – Мен сизларнинг нажоткорингиздирман. Билингки, нажот сизга Исодан етса, Исо менман, Мусодан етса, Мусо ҳам менман, Муҳаммаддан етса, Муҳаммад менман ва нажот Парвардигорингиздан етса, Парвардигорингиз хам мендирман!
Йиғилганлар даҳшатдан қотиб қолдилар. Шу маҳал бир йигит – Убайд бинни Заҳаб жасурлик қилди. Майдонда сотиш учун келтирилган бир арслон бор эди. Арслон бир неча кундан бери емиш емаган, қафасни бузишга уриниб, тинмай бўкирар эди. Убайд югуриб бориб, қафас эшигини очиб юборди. Барча шерюраклар тўрт томонга қочдилар. Майдонда Муқаннагина қолди. Чанг-тўзонда аввалига ҳеч нарсани англаб бўлмади, тўзон босилганида эса, Муқанна ғойиб бўлган эди. Арслон эса мушукдай миёвлаганча гир-гир айланиб, ер тимдаларди. Яқин келганлар унинг икки кўзи оқиб тушганини кўрдилар.
Шундан сўнг Марв тинчиб қолди. Айтишларича, Муқанна икки-уч йил Ҳисор этагида яшаган экан. Уни маҳв этиш учун кетган лашкар муҳаррам ойининг бошларида афсун соҳибининг истиқоматгоҳини ўраб олди. Аммо ташландиқ ҳужрада бир неча саҳифа қоғоздан бошқа нарса топмадилар ва бу қоғозларни Бағдодга келтирдилар. Қоғозда мана булар ёзилган эди:
«Мен, Ҳошим бинни Ҳаким, аввал таралган юнгни, кейин таралмаган юнгни қизил бўёққа ботирдим. Натижада уларнинг ранглари ўзгарди. Фаришта айтдики, нарсаларнинг рангларининг ўзгариши Яратган Эгамга маъқул ишдир. Иблис айтдики, арслон қўйдан фақат ранги билангина фарқланур. Шу тариқа, мен нарсаларнинг рангларини ўзгартириб қаттиқ янглишдим…»
«Мен, Ҳошим бинни Ҳаким, кечқурун ҳужрамда ўтирганимда ҳузуримга бир киши кириб келди. Таҳорат олиб намоз ўқиди ҳамда бошимни кесиб, самога олиб чиқиб кетди. У кўкда менга бир луғатни баён қилди. Шу тариқа, мен ана шу луғатни кишиларга етказиш учун масъул қилиндим…»
Орадан бир қанча вақт ўтгач, у Нахшаб яқинида пайдо бўлди. Одамларга айтдики:
– Менга иймон келтиринглар, мен сизларнинг халоскорингиздирман.
Кишилар айтдилар:
– Ўтмишда барча пайғамбарлар ўзларининг далолат-мўъжизалари билан келган эдилар. Сенинг далолатинг борми?
Муқанна сўради:
– Агар осмонга янги бир ой чиқарсам, шаҳодат келтирурмисизлар?
Одамлар рози бўлиб, шунга байъат қилдилар. Ва Муқаннанинг сеҳри билан Нахшаб яқинидаги қудуқдан осмонга яна бир ой кўтарилиб чиқди. Айтадиларки, бу ой ичига симоб ва маъдан аралашмаси тўлдирилган шиша эди. Яна айтдиларки, йўқ, бу жоду эди. Қалбаки ой бир қанча фасл самода ҳақикий ойдан кўра ёруғроқ нур сочиб турди.
Аҳли ислом Муқаннани тамоман маҳв этишга қаттиқ қарор қилди. Жанглар кўп давом этмади. Муқанна ўз тарафдорлари билан бирга Ҳисор пучмоқларида ўзи бино этган Сиём қалъасига чекинди.
Ҳирот волийси Саиднинг тадбирлари туфайли Муқанна қўшинининг сипоҳсолари ўлдирилгач, жоду соҳиби қаттиқ қайғуга чўмди. Сўнг Саржом деган бир кишини сипоҳсолар этиб тайинлади. Бироқ, янги сипоҳсолар ҳам Аллоҳга имон келтирганлар томонига ўтиб, тавба қилди. Шу билан Сиём жанги тугади, ташқи қалъа Саиднинг қўлига ўтди.
Ҳошим бинни Ҳаким шундан сўнг хобгоҳига кириб кетганича бир кечаю бир кундуз қорасини кўрсатмади. Хос навкарлар унинг безовта оёқ товушларинигина эшитардилар. Эртасига кечга яқин у қўриқчиларини чорлади ҳамда тез орада бу ерга Қаф деган афсунгар келишини, уни зинҳор тутиб қолмасликларини амр этди.
Афсунгарнинг қандай пайдо бўлганини навкарлар пайқамай қолдилар. У гўё қоронғилик пардаси ортидан чиқиб келди. Қўриқчилар уни ичкарига киритиб юбордилар. Пастда, ташқи қалъа атрофида безовталик бошланди.
Тонгга яқин Муқанна кароргоҳидан аччиқ фарёд овози эшитилди. Хос навкарлар ичкарига киргани журъат этолмадилар. Кўп ўтмай парда сурилиб, ниқобдаги жоду соҳибининг ўзи чиқиб келди, унинг қўлида мўъжаз бир кўза бор эди. У сўз демай юқорига – мажлислар бўладиган саҳнга қараб йўналди. Хос хонага қадам босган йигитлар ҳангу манг бўлиб қолдилар: афсунгар меҳмон оёқ-қўллари чангак бўлиб, оғзидан қони келганича ўлиб ётар эди.
Шу куни Муқанна ўзига содиқ одамларни атрофига тўплади ва туни бўйи афсунгар билан қилган суҳбатининг мазмунини баён қилди. У шундай деди:
– Сизу бизнинг жангимиз боқий эрур. Туронзаминга то қиёмат қадар ёғийлар кўз тикаберадилар. Бас, бугундан бошлаб бизлар боқий жангчиларга айланурмиз. Бизлар ҳар дақиқа, ҳар лаҳзада ёғийлар дилига қўрқув солурмиз. Бизлар ҳеч качон ўлмагаймиз! Бизнинг лашкаримизни чопиш, ёндириш, сувга чўктириш мумкин эмас; у даҳшатлидир. Мен сизларга нажот ваъда этган эдим, энди ҳар бирингизга боқийлик ва тўқсон тўққиз жаннатни ҳадя қилурман. Нажот муборак бўлсин!..
Теварак-атрофдаги қоялар унинг сўзларини юз карра кучайтириб такрорлади. Алқисса, кишилар кўзачадаги тилсимланган шаробдан ичдилар ва ерга йиқилиб жон бердилар. Сўнгида Муқаннагина қолди. Унинг амрига кўра, бир тандирга уч кундан бери тинмай ўт ёқилмоқда эди. Муқанна тандирга яқинлашиб чопонини ечиб ташладию ўзини оловга отди. Орадан анча вақт ўтгач, тандир ёнига борганлар ундан асар ҳам топмадилар.
Турон тупроғи тинчликка юз бурди.
Шундан сўнг, асрлар оралиғида, ҳар замон-ҳар замонда баъзи кишиларнинг шамолли кечада юртни кезаётган ғалати лашкарни кўрганликлари ҳақидаги бир-биридан кўрқинчли ва ҳайратангиз афсоналар пайдо бўла бошлади.
Айтишардики, бу қадимий қўшин – Муқанна бошлиқ Сиём аскарлари эмиш.
1993