Исажон Султон. Йигирма биринчи асрнинг саккиз яшар боласи (ҳикоя)

Вақт шомга яқинлашиб қолган эди.
Дунёнинг бир бурчида туғилиб, эндигина саккиз ёшга кирган болакай телевизор томоша қилмоқда эди.
Телевизор ҳозиргина Германияда Пауло деган саккизоёқнинг оламдан ўтганини маълум қилди. Бутун оламни ўргимчак тўридай эгаллаб олган телеканалларнинг машҳурларидан бири – National Geographic дастурларидан у саккизоёқларнинг бор-йўғи уч-тўрт йил умр кўришини билиб олган эди. Аллақайси мамлакатда ўтказилаётган футбол мусобақасида кимнинг ғолиб чиқишини бутун инсониятга айнан мана шу саккизоёқ билдирган, бироқ,  афсуски, икки соат олдин ғаройиб жонзот жонини Ҳаққа топширган, эниям, бўйиям олти қулочлик улкан шиша идиш ичида ҳозир ифодасиз кўзларини бақрайтириб ҳаракатсиз ётар эди.
Телеканаллар уни салкам авлиё деб эълон килиб юборишди, ўтган йилги мусобақани ҳам у бехато айтиб берган эди. Юзлаб кишилар алвон ёпинчиқли қутига солинган саккизоёқ жасадини тантанавор кўтариб борар, қайғули мусиқа чалинар, қисқаси, дунёнинг турли бурчакларидаги минглаб кишилар ҳозир уни сўнгги йўлга кузатмоқда эдилар. Хиёл ўтмай, алвон ёпинчиқли қути денгиз сувларида чайқала бошлади, тўлқинлар уни одамлар ташлаган видо гулчамбарлари билан қўшиб узоқларга – уммон қаърига олиб кетди.

* * *
Бола бошқа дастурга ўтди, бу ерда Колумбияда рўй берган сув тошқини кўрсатилмоқда эди. Юзлаб бегона кишилар ўз тилларида бақириб-чақиришар, семиз бир аёл ҳўнграб йиғлар, онасининг этагидан ушлаб олган саккиз ёшлар чамаси болакай камерага анграйиб қараб турарди.
Сўнг Африканинг экваторга яқин ўлкаларидан бирида рўй берган воқеа намойиш қилина бошланди. Эти бориб устихонига ёпишиб кетган саккиз яшар болакай жизғинаги чиқиб кетган тупроқ устида зўрға судралиб, қаёққадир ҳолсиз-ҳолсиз интилмоқда эди. Ортда, катта бир тош устида баҳайбат ўлаксахўр қуш унга қилт этмай қараб турарди. Сурат остида ёзув қалқиб чиқди: “Африканинг курғоқчил ўлкаларидан биридаги бу болакай ҳозир икки чақирим наридаги озиқ-овқат тарқатиш маркази томон эмаклаб бормоқда. Ортдаги ўлаксахўр эса боланинг жони чиқишини кутмоқда…” Тантанавор бир овоз мазкур фотосуратнинг халқаро Пулитцер мукофотини олганини таъкидлар, боланинг тақдири нима бўлгани эса ноаён эди.
Кейингисида қанақадир япон профессори куйиниб ўз тилида гапирмоқда эди. Сурат остидан ингичка чизиқ шаклида ўтаётган инглизча субтитрларни у бемалол ўқиди: инсоният технологиялар таҳдидига йўлиққани учун у, ўзининг саккиз яшар ўғли билан бирга японларнинг қадим сёппуку анъанасини адо этишини билдирмоқда эди. Сёппуку нималигини бола билмас эди, ёнидаги кичкина компютернинг тугмасини босиб кўргач, англади: ўз жонига қасд қилиш дегани экан.
Ҳозир телеканал япон профессорининг тутумини шоу-дастурига айлантириб юборди, бир қанча тилларда жар солаётган сухандонлару турли ранглардаги ёзувлар бугун соат тўртда амалга ошириладиган ўша анъананинг жуда қизиқ бўлишини ваъда қилар, томоша қилишни тавсия этар, “фақат биз билан қолинг!” дея бонг урарди.
Кейингисида бир киши бутун инсониятни Будда таълимотларини адо этишга чақирмоқдайди. Ортда ярим яланғоч, семиз бир кишининг улкан тош ҳайкали кўриниб турар, унинг тевараги ёш болалар билан тўла эди. Гапирувчи қадимий бир тилда нималарнидир жони ачий-ачий уқтираркан, шу аснода турли тутатқиларини тутатди, кейин ҳайкал қошига бориб, ора-сира болаларга ўгирилганча, ибодатни қандай адо этишни намоён қила бошлади.

* * *
Бола кейинги дастурга ўтди. Унда қўрқинчли фильм намойиш этилаётган экан.
Қанақадир тушунарсиз йўллар билан тирилиб, нима учундир ваҳшийлашиб кетган ғалати махлуқлар тирикларга даф қилмоқда, ақлни шоширар даражада кучлилиги ва янаям қўрқинчлиси – ўлмаслиги билан қўрқитмоқда эди. Бола манзараларни бирпас томоша қилиб ўтирди-да, зерикди. Бу қўрқинч воқеаларда мантиқ йўғийди – илму фан кашфиёти ёхуд бўлар-бўлмас жодулар натижасида тирилган ўликлар нима учундир тирикларни ейишга жуда-жуда қизиқар эдилар. Бола, мабодо ўлган киши тирилса, нима исташини ўйлаб кўрди, энсаси қотиб, бошқа каналга ўтди.
Навбатдагиси – Space дастури эди. Олти ойдирки, уч фазогир зирҳли фазо кемасининг ичида, Ер атрофида вазнсизлик шароитида яшамоқда эдилар. Улар инсониятга қарата, сувда сузган каби ҳавода сузганча қўл силкитдилар, бола ҳам ҳазиллашиб қўл силкиб қўйди. Фазо кемасига ёндош сузиб бораётган бошқа сунъий йўлдошдан олинган суратда фазогирлар кемасининг бир четигина кўринар, чексиз шу бўшлиқлардаги уч киши инсоният Ватанидан четга чиққани ҳолда ғоят гўзал ва мафтункор Ерга маҳлиё бўлиб боқмоқда эдилар. Бироқ, гўзалликлардан завқланишдан ҳам кўра уларнинг муҳимроқ бошқа вазифалари борийди: бу кишилар тупроқ остидаги нефть конларини фазодан излаш дастурини эндигина тугаллаб, ундан ҳам муҳимроқ бошқа дастурга – ҳарбий жосуслик дастурига киришишлари лозим эди.

* * *
Кейинги дастур – ТВ-қиморхона экан. Юзлаб кишилар муҳташам ва шовқинли бир саройга тўпланишган, қичқиришар ва бақиришар, пул тикишар, кўзлари ҳаяжондан чақнар эди. Ютуққа катта пул қўйилган бўлиб, унга эга чиқадиган киши умрининг охиригача роҳат-фароғатга кўмилиши ваъда қилинмоқда эди. Ўйинниг ҳалол ва ҳаққонийлигини исботлаш учун кечаги ўйинда ғолиб бўлган бир болакайни ҳам студияга таклиф қилишибди. Дунёнинг энг ёш миллионери ҳозир жуда яқиндан кўрсатилмоқда эди. У сунъий жилмайиш билан, аммо кўзлари жавдираганча томоша аҳлига қўл силкитарди. Ёнидаги ота-онаси эса бахтиёрликдан кўзлари чақнаб, шоша-пиша нималардир дер эдилар. Бола тенгдошининг жуда-жуда зерикканини, сиқилганини ва чарчаганини, ютуқ-путуқ уни заррача қизиқтирмаётганини сезди. Бироз ачиниш билан қараб туриб, яна бошқасига ўтди.

* * *
Бу ерда болалар ўртасида бокс мусобақаси бўлаётган экан. Экваторга яқин мамлакатларнинг бирида ўтказилаётган бу мусобақага ҳам юзлаб кишилар тўпланишибди. Мана, атрофи арқон билан ўралган рингга икки болакай чиқиб келди, занг чалингач, улар бир-бирларига ташланиб, шафқатсизлик ила дўппослашга тушиб кетишди. Сал ўтмай, биттасининг оғзи-бурни қонга беланди, томошаталаблар эса урган болани олқишла, қийқириб сакрай бошладидар, буларнинг орасида оқбилак аёллар, ёш қизалоқлар ва уларнинг оталари ҳам борийди.
Сўнг Америка соҳилларида ҳалок бўлган юзлаб дельфинлар кўрсатилди, сочларини шамол юлқилаётган, қўлида микрофон тутиб олган ўрта яшар бир киши ҳеч бир сабабсиз ҳалок бўлган дельфинларнинг  чеки кўринмас жасадлари аро бир нималарни безовталаниб гапирмоқда эди. Нима учундир бу ақлли жонзотлар оилавий ҳалокатни афзал кўришган, баҳайбат бу балиқларнинг ёнида кичкина мурғаккиналари ҳам борийди.
Бутунжахон технологик канали дунёда қалинлиги бир микрон бўлган зирҳ кашф этилганини билдирмоқдайди, олмосдан икки карра мустаҳкам бу зирҳ кўзга кўринмас даражада юпқа бўлиб, яқин келажакда ҳар бир одам терисининг остига жойлаштирилиши ва шу тариқа, барча кишилар зирҳли ҳимояга ўтишлари мумкин эди. Японияда эса ген ўзгартиришлари орқали қуш каби сайровчи каламушлар оламга келтирилганлигини айтардилар, ҳақиқатан ҳам чирқилловчи бу каламушлар ўз катакчаларда питирлаб сайрамоқда эдилар.
“Дунё мутантларга тўлиб бормоқда! – дер эди диктор. – Бугун теварагимиз сунъий юракли, сунъий буйракли ва ҳатто сунъий кўзли кишилар билан тўла, улар биз билан ёнма-ён яшамоқдалар. Йигирма биринчи аср – мутация ва мисли кўрилмаган эврилишлар асри бўлажак!” деб хитоб қиларди олим.

* * *
Бола бундан ҳам зерикди. Пульт тугмасини яна бир босганида, экран бир липилладию тарихий саҳналар кўрсатила бошланди.
Экранда тўсатдан қуролланган ёш болалар пайдо бўлганида, у қизиқсиниб қараб қолди.
Бу ерда бир диннинг икки оқими урушмоқда эди. Бериги тараф, душман ёш болаларни ўлдирмайди деб ишонгани боис, мингдан зиёд ўн-ўн икки яшар болани қуроллантирган, ҳозир бу бола аскари душман тарафга бостириб бормоқдайди.
Қизиқ лашкар эди бу:  шон-шарафли юришни зафар ила тугаллаб, дин учун ё шаҳид, ё ғозий бўлиши лозим бу лашкарнинг баъзилари гоҳ капалакларнинг ортидан қувлаб кетар, гоҳ бир-бири билан уришиб қолар, калтак егани ҳатто “Отамга айтиб бераман”, деб йиғлар ҳам эди. Мана, улар қирдан ўтдилар. Қаршиларида ҳақиқий лашкар – душман лашкари намоён бўлди. Болакайлар лашкари эсанкираб, нима қиларини билмай қолди.
Катталар аскари ҳам пўлат зирҳли отлари, кескир найзалари ва манжаниқларини жангга тайёр тутгани ҳолда, ҳайратда эдилар: жангга кирмай дейишса, бу болакайларнинг кўзларида саваш учқунлари алангаланиб ёнмоқда, кирай дейишса – ҳали балоғатга етиб-етмаган мурғаклар…
Ахийри қўмондондан шундай буйруқ ва фатво келди: бу болакайлар ҳаққа қарши жанг қилмоқдалар, шу сабаб ҳам душмандирлар. Ўлдирган ғозийдир, ўлган шаҳид! Мабодо тирик қолишсаю соғ-саломат ўсиб-улғайишса, у ҳолда ҳақиқий таҳдидли душманларга айланишлари турган гап. Ана шу тарз жангга рухсат берилди.
Бурғулар чалинди, карнайлар ўкирди. Катталар аскари селдай бўлиб ёш болалар лашкари устига оқди.
Кичкиналар лашкари бирпасда тумтаракай бўлиб кетди. Бири ҳўнграганча югуриб бориб, дарахт ортига яширинди, бошқаси рўпарасида ҳайбат солиб келаётган баҳайбат аскарни кўриб, кўрққанидан иштонини ҳўл қилиб қўйди, бошқаси “Ота! Ота!”дея чириллаб йиғлаб қоча бошлади, яна бири яраланган отнинг ортига яширинмоқчи бўлди, ҳайвоннинг жон чиқар пайтидаги типирчилашларидан қўрқиб кетди ва ўша заҳоти ортига қараб тирақайлаб қочишга тушди.

* * *
Бола яна дастур алмаштирди.
Ҳалок бўлган маданиятлар ва тамаддунлар ҳақида эди бу дастур. Бутун бошли халқлар ва маданиятлар кучли шамол, зилзила, чақмоқ, бўрон ва ҳоказо балолар туфайли ер юзидан тамомила супурилиб кетгани ҳақида ҳикоя қилинар, ўзи кўринмаётган бир киши шундай деб хитоб қилмоқда эди:
«Китобни ўз қўли билан ёзиб, сўнгра уни арзон баҳога сотиш учун: «Бу Тангрининг ҳузуридан», дейдиганларга ҳалокат бўлсин!»
«Уларга ўз қўллари билан ёзган нарсаларидан ҳалокат бўлсин! Уларга топган фойдаларидан ҳалокат бўлсин!»

* * *
Ҳовлида кимдир томоқ қирди. Ота ишдан қайтган эди.
Бола телевизорни ўчириб, шошиб отасининг қаршисига чиқди ва дона-дона қилиб салом берди. Ота кулимсираб, алик олди, шунда кўзларига мамнуният ва шукр ифодалари балқди. Ўғлон отасининг қўлига сув қуйди, чопиб бориб, сочиқ олиб келди. Ота уни эркалаб, “умрингдан барака топ, болам” деб алқади.
Кеч кира бошлади. Шабада ёмғир исини олиб келди.
Она овқатни сузиб келтирди.
Ҳовлидан райҳон бўйлари анқир эди. Узоқларда, жуда ҳам юксакда юлдузлар живирлардилар.
–     Отамнинг қошига бордим, – деди Ота, онага. – Жами ўтганларимизнинг ҳақларига дуо қилиб келдим.
–     Худо рози бўлсин, савоб қилибсиз, – деди она.
–     Овқатга қаранглар, болаларим, – деди ота, лекин болалар қўл узатишмай,уни кутишди. “Бисмиллоҳ” деб ота таомга қўл узатди, болалар эса онанинг ҳам қўл узатишини кутишди. Онадан сўнг ака, опа, сўнгида у қўл узатди.
Буни кузатиб турган ота яна бир марта “Баракалла, болам” деб қўйди.
Таом ейилди.
Таомдан сўнг фотиҳа ўқилди. Ота, шомга қадар эсон-омон етказгани учун Яратганга хамд айтди, умрларини узоқ ва хайрли қилишини, баракат тўла ризқ ато этишини сўраб дуо қилди, кейин кичкина ўғилга караб “Дастурхонни сен қоқиб кела қол, болам, савоб кичкиналарга бўлсин” деди. Бола ўрнидан турганида она шундай деб ўргатди: “Дастурхонни райҳонлар орасига қоққин, болам, шояд қушлар еб кетса. Савоб бўлади, савобини пайғамбаримизга, барча авлиёларга, дунёдан ўтган барча аждодларимизга бағишладим деб айтгин, хўпми?”
Бола шундай килди.
Шу тариқа, теваракка шом қўнди. Ҳар кунгидай, бошқаларидан фарқ қилмайдиган оддийгина бир шом.

2010