– Бугун сизлар билан атомлар оламига саёҳат қиламиз, – деди сочлари оқарган, бутун умрини илму фан ривожига бағишлаган кекса Профессор талабаларга.
Шу бугун истеъдодли болалар санъат лицейининг бошланғич босқич талабалари ядро тадқиқотлари марказидаги илм тарихи музейига келишган, ораларида бўлғуси рассомлар, шоирлар, ёзувчилар бор эди. Ким билсин, балки кун келиб, мана шу қобилият куртаклари инсон руҳиятининг жилваларини бутун оламга тараннум этадиган ва тарихда қоладиган машҳур мутафаккирларга айланарлар?
– Музейимизнинг сиз кўришингизга мўлжалланган қисми еттита хонадан иборат, – деди Профессор, уларни кенг залдан баланд эшик рўпарасига бошларкан. – Мана бу ерда махсус кўзойнаклар бор, марҳамат қилиб тақиб олинг, улар сизга микроолам сирларини кўришингизга ва инсон тафаккурининг тарихига саёҳат қилишингизга ёрдам беради.
Биринчи хонанинг эшиги очилди.
* * *
Xона кенг, ўртаси оқиш нур билан хира ёритилган, бироқ деворлари теградаги қоронғилик қаърида кўринмай кетган эди. Тепада ҳам, тўрт томонда ҳам рангли шарлар айланиб турарди.
– Булар – молекулалар, – деди Профессор, тантанавор оҳангда. – Қаранг, худди ер шарига ўхшайди. Бу улкан шарлар аслида молекуланинг миллион марта катталаштирилган кўринишидир. Ичига жойлаштирилган магнит туфайли бир-бири билан тортишиш хусусиятига эга бўлгани боис ҳам ҳавода муаллақ туришипти.
Истеъдодли болалар ҳайрат билан айланувчи улкан шарларга боқишди.
– Чапдагиси – сувнинг молекуласи, – деди Профессор. – Ўртадаги улкан шар – кислород атоми, кўриб турганингиздек, икки ёнига жипслашиб олган водород атомлари ундан икки баравар кичик. Яъни, битта кислород атомининг оғирлигига иккита водород атоми тенг келади, шу сабаб ҳам улар ўзаро мувозанатда. Мана шу бирлик бутун дунёдаги уммон ва денгизлардаги, осмон ва ерлардаги барча сувларнинг асосидир. Мана шу учовлон шу тарз бирлашмасайди, ер юзида сув бўлмас эди, билиб олинглар. Мазкур ихтиро бундан минг йил аввал яшаб ўтган Эпикур ва Генон исмли олимларга тегишли. Модда тузилишининг асосида нимадир бўлиши керак, деган ўй уларга сира тинчлик бермаган эди. Кўришнинг сира иложи бўлмаган мана шу боғлиқликни, яъни атомни улар тафаккур кўзи билан кўра олишган ва ақл қуввати билан кашф этишган.
– Энди сизларга бошка бир мўъжизани кўрсатаман, – деди Профессор. – Ўнгда кўриб турганингиз иккита жипс атом – ҳаводир.
Истеъдодли ўғил-қизлар анграйиб шарларга қараб туришарди.
– Бутун ер юзини олтмиш километрга қадар қалинликда энлаган, бизлар нафас оладиган, шамолларга айланиб ер юзида эсадиган ҳаво аслида мана шу, – деди Профессор. – Булар ҳам шу тарзда, яъни ўзаро қўл ушлашган ҳолда мавжуддирлар. Баъзан чақмоқ чақнаганида ёки момақалдироқ гумбурлаганида учта ҳам бўлиб олишади, уни фан озон деб атайди. Марҳамат! – у сал наридаги учта бирлашган шарга ишора килди. – Мана шу озон газининг модели бўлади. Энди бироз олдинга юрамиз.
Сал нарида эса бошка турдаги ва ўлчамдаги турли шарлар бор эди.
– Булар – дунёдаги мавжуд бошқа моддаларнинг тузилишини намоён қилмоқда, – деди Профессор. – Мана буниси – азот газининг молекуласи, буниси – карбонат, анавиниси – ўлимтик оқиш рангдагиси ва энг каттаси – атом бомбаси ясаладиган уран моддасининг молекуласи. Кўриб турганингиздек, у жуда оғир, бағрида оламни бузиб, ғорат қилиб ташлайдиган бемисл қувватни жамлагани учун ҳам яқинлашиш хавфли.
– Худди сайёраларга ўхшайди-я, – деди бир талаба қиз.
– Тўғри, дунёнинг тамалига томон чуқурлашиб бораверсангиз, у ерда Коинотнинг ва митти зарралар оламининг бир-бирига жуда ўхшашлигини кўрасиз, – деди Профессор. – Ўзаро туташиб кетган ўнлаб ва ҳатто юзлаб атомлардан иборат молекулалар ҳам бор, фан уларни макромолекула деб атайди, лекин улар ҳақда сизга батафсил маълумот беришнинг кераги йўқ деб ўйлайман. Хуллас, оламдаги ҳамма нарсанинг бирламчи тузилиши мана шундай шаклда бўлади, мана шу атомларнинг бирлашиш тартибига қараб модданинг хусусиятлари юзага келади, – деб якун ясади у изоҳларига. – Бундан кейинги хоналаримизда бизлар атомларнинг ва ундан ҳам кичик зарраларнинг қаърига кириб борамиз. Кейинги хонамизга марҳамат.
* * *
Бир-бирига туташган кейинги икки хона ҳам биринчиси каби, деворлари қоронғи бўлгани учун кўринмас, ўртаси ёруғ эди. У ерда Қуёш системаси каби моделлар бор эди, ўртада турган кичкина бир дона ёки ғуж-ғуж шарлар атрофида ундан ҳам кичик турли-туман шарчалар айланмоқда эди.
– Энди сиз гўё молекуланинг асоси деб билганимиз атомнинг ичига кирдингиз, – деди профессор. – У атом ядросидан ва уни ўраб турган электрон булутидан иборатдир. Атом ядроси мусбат зарядланган протонлардан ва нейтрал нейтронлардан, уни ўраб турган булут эса манфий зарядланган электронлардан иборат. Бу ерда модданинг электр хусусиятининг асосини кўра оласиз. Агар ядродаги протон сони электрон сонига тенг бўлса, у ҳолда атом нейтрал бўлади. Бизлар бу ерда кутилмаганда атом ичидаги электромагнит ҳодисасига дуч келдик, эътибор бердингизми? Қаранг, қандай мукаммал бир тизим. Ўтган минг йил давомида инсоният дунёнинг тамали атом билан ниҳоя топди деб ўйлаб келди. Лекин, нарсаларнинг хусусиятлари ундан ҳам нарида яна нималардир борлигидан далолат бериб турарди. Ниҳоят, Резерфорд деган олим атомнинг ичига кириб борди, у атомнинг марказида протон туришини, теграсида электронлар айланишини – яъни, мана шу сиз кўриб турган манзарада намоён бўлган ҳақиқатни исботлади.
* * *
– Ҳа, янаям нарига, янаям ичкарига… – деб ўзича бир нималарни хаёл қилганича давом этди Профессор, тўртинчи хонага кириб боришаркан. – Энди бизлар протоннинг бағридамиз. Атомнинг маркази деб ҳисобланган бу нарса фанда кварк деб аталадиган зарралардан ташкил топган. Унинг атрофида айланувчи электронлар эса бўлиниш хусусиятига эга эмас деб ҳисобланади. Бу кашфиётлар қаторида Резерфорд яна бир улкан бир кашфиёт қилдики, фан ҳали унинг тамалига етиб боролган эмас. Гап шундаки, Резерфорд электроннинг акси – позитронни топишга муваффақ бўлди, ортидан антиводород ва антиазот ҳам топилди. Бу масалага кейин тўхталамиз, ҳозир эса протоннинг яна бир хусусиятига диққат қаратсак. Протоннинг ичига кирсак, унинг ҳам бўлиниб кетишидан ташқари, турли-туман бошқа шакллар олаётганини кузата оламиз. Уларнинг номини фан изотоплар деб атайди. Битта турга мансуб ўсимликларнинг ёки битта оилага мансуб ҳайвонларнинг юзлаб хили бўлганидай, бир модданинг ҳам ўнлаб-юзлаб изотоплари бор. Ҳоир сиз атрофингизда ана шундай изотопларни кўриб турибсиз.
– Хоналар нимагадир кенг қилиб қурилибди, шакллар орасида эса жуда катта бўшлиқлар бор, – деди кўзлари катта-катта бир ўспирин.
– Зарралараро масофани тахминан ифодалаш учун шундай қилдик, – деб жавоб берди Профессор. – Бешинчи хонага марҳамат, дўстлар.
* * *
– Билиб олинг, мана шу ердан бошлаб кўрадиган ҳамма нарсангиз табиатда ўз ҳолича мавжуд бўлмайдиган моддалардир, – деди олим. – Уларни инсон мажбурлаш орқали ихтиро қилган. Ядро бомбасининг асосий унсури бўлмин оғир сув нималигини биласизми?
– Йўқ, – дейишди талабалар.
– Табиатда сув икки водород ва бир кислород молекуласидан таркиб топганини илк бошда кўрдингиз. Сал аввал эса водород протонининг ўзгаришлари боис изотоплар деб аталадиган шакллар пайдо бўлишини ҳам билиб олдингиз. Оғир сув деганимиз водороднинг дейтерий деб аталадиган изотопининг икки молекуласи билан битта кислороддан иборат. Мана шу ғалати модда иштирокида инсоният бошига келадиган улкан бало – ядро реакцияси бунёдга келади. Бу кўраётганингиз оддий нарса эмас, чунки ҳозир сиз оддийгина молекуляр ўзгаришнинг нақадар ҳалокатли эканига шоҳид бўлиб турибсиз. Бу ерни айлансангиз, ўта лаҳшатли ва қўрқинчли ғорат қилиш кучига эга бўлган ғайриоддий моддаларни кўрасиз. Дейтерий ер юзида табиий ҳолда жуда кам учрайди, нима сабабдандир Шимолий Қутбга яқин ҳудудларда кўпроқ пайдо бўлади. Ҳозир сизларга моддаларнинг электрон қобиқларидаги электронлар сонининг ўзгариши нималарга олиб келиши ҳақида жуда қизиқарли маъруза қилсам ҳам бўлади, лекин сизларни бундан ҳам мудҳишроқ бошқа кашфиётлар кутмоқда, юрақолинглар.
* * *
– Бу энг ғаройиб хона, – деди олим, олтинчи хона эшигини очиб, илгариларкан. – Дунёда мавжуд бўлган барча зарраларнинг акси, яъни антизарралар мавжудлиги йигирманчи асрга келиб кашф қилинди. Масалан, протоннинг акси – нейтрино, фотоннинг акси – кварк, терс зарраларнинг ҳаммаси фан тилида “анти” деб номлана бошланди. Ўтган асрдаёқ баъзи истедодли олимлар антиводород ва антиазот каби моддаларни ҳосил қилишга муяссар бўлдилар. Бу тадқиқотлар янги эранинг бошланишидан далолат бериб юзага чиқди. Демак, табиатда мавжуд зарраларнинг акси мавжуд экан, у ҳолда қайлардадир фазо қўйнида антиолам, антидунё ҳам мавжуд деб тахмин қилишга асос бор деган тахминлар пайдо бўлди. Чунки, мен сизга ҳозиргина хабарини берган антизарралар антидунёдагина мавжуд бўла олади. Улардан биронтаси бизнинг дунёмизда яшай олмайди. Бу эса, дунёмиздан ташқарида, дунёмизга хос бўлмаган яна қандайдир қонуниятлар борлигидан хабар бермоқда. Бугунги кунда ер юзининг юзлаб олимлари ана шу антидунё аломатларини излаб топиш ва ўрганиш билан бандлар.
Антиолам моддаларининг яна бир хусусияти бор, у фан тилида аннигиляция деб аталади. Зарра ва антизарра бир-бирини муҳаққақ топади ва мисли кўрилмаган тезликда бир-бирига интилади. Ана ўшанда иккалови ҳам тамомила йўқ бўлиб, ғоятда улкан энергияга айланиб кетади. Илмий тажрибаларда олинган ҳамма антизарралар ҳаддан ташқари қисқа яшаган, сизлар у қисқаликни тасаввур ҳам қила олмайсиз. Масалан, нейтрино сониянинг ўн миллиондан бир улушича ҳаёт кечирган ва бошқа шаклга айланиб кетган.
Тасаввур қиляпсизми, кимдир антимодда олишга ва уни сақлаб туришга муваффақ бўлса ёки фазонинг қай бир ҳудудларида мавжуд дея тахмин қилинаётган антидунё бир кун келиб дунёмиз билан учрашса?
* * *
Еттинчи хона бўм-бўш эди. Кирганлар ҳайрон бўлиб қолишди.
– Ҳайрон бўлманглар, – деди Профессор, кулимсираб. – Сиз фан ҳудудларининг охирига етиб келдингиз. Бундан у ёғи тахминлар ва хаёллар, яъни тафаккур оламидир. Шу ергача келганингиз билан оламлар тугамаслиги аниқ, албатта. Марҳамат қилиб ўтиринглар, энди сизларга айтадиган икки оғиз муҳим гапим бор.
Ҳаммалари юмшоқ курсиларга ўтиришди.
– Болаларим, – деди профессор. – Мабодо шу кўрганларингиздан биронтасида қусур бўлса, дунёда мавжуд бўла олармиди?
– Йўқ, – дейишди истеъдодли болалар, бараварига, ишонч билан.
– Сув молекуласидаги икки водород атомидан биттаси ўз ишини бажармай қўйса, дунёда сув бўлармиди?
– Йўқ.
– Ҳаво молекуласидан биттаси жипслашишни хоҳламаса-чи?
– Йўқ!
– Атом ичидаги саккиз электрондан бири қоидани бузсаю ташқарига ўз ҳолича чиқиб кетса? Протон “менга нима” деб марказдан қочса-чи?
– Йўқ!
– Болаларим, – деди Профессор, жуда жиддий оҳангда. – Кун келиб катта бўлганингизда ва турли-туман ишларнинг бошига келганингизда, ҳаётингизнинг хам худди мана шу тарзда тартибланганини кўрасиз.
Ишлаётганингизда сиз ҳам ана шу атомлар ёки электронлар каби бўласиз. Бирингизнинг нуқсонли ишингиз ёки дангасалигингиз сиз ичида бўлган тизимни бузади.
Ишонингки, агар атомлар ва молекулалар оламига эмас, инсон вужудига саёҳат қилганимизда ҳам айнан шу ҳолатни кўрган бўлардингиз. Инсон аъзоларидан биронтаси ишламаса, у инсон ё бетобланади, ёки ҳалок бўлади.
Вужудга яна ҳам чуқурроқ кирсагу инсон вужудининг тамалига – генларига етиб борсак ҳам яна шу қонуниятларга дуч келамиз. Генлардан биттасининг бузилиши инсон ирсиятига таъсир қилади, ундан тарқайдиган барча болалар ирсий бузуқлик билан туғилади.
Сизнинг фикр оламингизга кириб борсак ҳам шу манзара намоён. Фикрлар ахлокдан ва билимдан ҳосил бўлади. Ахлоқингиздаги ва билимингиздаги биргина нуқсон бутун дунёқарашингизни ва тасаввурингизни бузиб юборади.
Болаларим, дунё ана шундай тимсоллар билан тўла. Ҳар нарсада қатъий тартиб ва қоида бўлгани учун ҳам бутун олам барқарор мувозанатдадир.
Худо хоҳласа, ҳар бирингиз теварагингиздаги ана шу тимсолларни тўлалигича кўриб, ҳикматини англаб ета оладиган бўлиб етишишингиздан умидворман…
* * *
– Асосий гапга энди етиб келамиз, – деди олим, кўзойнагини тўғрилаб, ташқарига чиқишгач. – Айтинг-чи, сиз ичкарида нимани кўрдингиз?
– Дунёнинг асосини, – деди озғин, баланд бўйли йигитча.
– Тўғри, дунёни маҳкам тутиб турган куч-қудратнинг тимсолларини кўрдингиз, – деди олим. – Лекин кўрганларингизнинг бари ақлга оиддир. Сиз эса ҳислар ва туйғулар дунёсига мансубсиз. Инсоннинг ҳис ва туйғуларини тараннум этишга мақсадлисиз. Кўрган хоналаримизда инсон ҳис-туйғуларини акс эттирадиган бирон нарса йўқ. Одамзот илму фан йўлидан шу тарз илгарилаб бормоқда. Айтингчи, кўрганларингиздан нима тасаввурлар ҳосил бўлди?
– Мен қўрқдим, устоз, – деди бир қизгина. – Ўша мувозанат бирданига бузилиб кетса, уларни ушлаб турган куч бирданига қўйиб юборса… нима бўлар экан деб қўрқдим.
– Ядро ҳалокатидан миллиард марта улкан ҳалокат рўй бериши аниқ, – деди олим. – Қаранг, барча кашфиётлар одамнинг жисмоний имконларини кенгайтириш учун хизмат қилмоқда. Одамзот энди сув ярата олади, янги моддаларни кашф этади, ҳавода учади, сувда сузади, фазовий маконларда ҳаракатланади. Бу ҳудудларни кўриб ақлингиз шошгандир? Лекин сизнинг фан ҳеч қачон ета олмайдиган бошқа бир хусусиятингиз бор, мен ана шуни ўзингизга айтиб қўймоқчиман, – деди олим.
– Нима экан у? – қизиқсиниб сўрашди талабалар.
– Бутун бу кўрган нарсаларингиз руҳингизни сира парчалай олмайди, – деди олим. – Бир кун келиб бутун шу кўрган қонуниятларингиз ҳаммаси бузилиб кетади. Зарраларни ушлаб турган қудрат уларни қўйиб юборади. Бари бир-бирига боғлиқликдан халос бўлади. Ҳамма нарса бўшлиққа айланади. Биронта қонуният қолмайди. Ана ўшанда сиз фан аниқлай олмаган ҳис қилиш ва тасаввур қобилиятингиз билан боқий қоласиз. Фан шу дамгача аниқлай олмаган инжа руҳингиз барча ҳиссиётларингизни, кўрган барча нарсаларингизни эсда тутади ва хулосалар чиқаради. Сиз кўзга кўринмас ана шу қобилиятингиз боис ҳам санъат йўлини танлагансиз. Сиз энг мудҳиш ҳалокат ҳам йўқ қилолмайдиган кашфиётларни, яъни руҳий кашфиётларни яратасиз. Ҳозиргина кўрганингиз мукаммал ва ақлни шоширадиган зарралар дунёсидан тортиб то фазо ҳудудларида жим ва сокин айланаётган бениҳоя улкан сайёраларгача бўлган маъволар орасида фақат сизгина ақлу ҳиссиётга эгасиз. Бу бетимсол қудрат сизнигина қўрқитади, ҳайиқтиради ёки севинч ва ҳайрат уйғотади. Бинобарин, ана шу қўрқув, ҳайиқиш, севинч ва ҳайратларнинг маҳсулини бутун инсониятга ҳадя эта оладиган даражада истеъдод соҳибисиз. Барча эришган зафарлари ва муваффақиятлари билан улуғланадиган дунё фанлари мана шу сабаб боис ҳам сизнинг қошингизда таъзим қилади! Мана шу сабабли ҳам қошингизда бош эгишимга ва яратган Парвардигоримдан, истеъдодингизни юзага чиқара олишингизда куч-қувват сўраб таъзим қилишимга ижозат бергайсиз!
Мана шундай деб, сочлари илм хизматида оқарган, юртда даҳо деб тан олинган Профессор ёш-ёш йигит-кизларга оппоқ сочли бошини эгиб таъзим қилди.
Ўқувчилар бу гаплардан жуда таъсирланиб хайрлашишди. Барчасининг кўзларида ҳаяжон ёлқинланар эди.
* * *
Олим ортига қайтганида, шогирди қизиқсиниб сўради:
– Устоз, санъат билан фан ўзаро жуда узоқ нарсалар-ку? Нима учун бу ерга санъат болаларини олиб келдингиз?
“Фаннинг ҳам ажойиб бир санъат эканлигини кўрмаяпсизми, ўғлим”, – дегиси келди олимнинг, шогирдига қараб туриб. – Ахир, бизлар яратиб бўлинган нарсаларнинг хусусиятларини ўрганамиз. Ураннинг ўзгара олиши азалдан белгилаб қўйилган эса-да, уни ўзгартиргач буни биз амалга оширдик деб жар соламиз. Қиладиган барча ишларимиз моддаларнинг ичига азалдан жойлаб қўйилган хусусиятларни топишдан иборат. Бу ёш истеъдодлар эса янги нарсаларнинг яратувчилари эканини кўрмаяпсизми?”
Лекин бу гапларни шогирдига айтмади. Кун келиб ўзи тушуниб олар деб ўйлади ва эзгин оҳангда деди:
– Сабаби… мен ҳам бир маҳаллар санъат аҳлидан бўлишни орзулаган эдим…
Кейин хўрсинди:
– Бўлолмай қолдим, шу сабаб ҳам олим бўлиб кетдим, болам…
2011