Исажон Султон. Ёғоч кавуш (ҳикоя)

Бу воқеа узоқ йиллар аввал, Хитой императорларининг Тан сулоласи замонида, яъни бундан бир минг уч юз йил олдин рўй берган.

Бу – ҳаёт шафқатсизлиги ҳамда меҳрибон ота ҳақидаги ҳузунли бир ҳикоядир.

Ронзян деб аталмиш қишлоқда бир одам яшар эди. У қотма, озғин киши бўлиб, жуда қашшоқ ҳаёт кечирарди. Фан-Фёнг деган бойнинг бепоён далаларида сув кечиб шоли етиштирар, кийгани этиги бўлмагани учун доимо оёқяланг юрар, қиш ойларида эса бир бўлак терини оёғига ўраб, устидан арқон бойлаб оларди.

Бу одам ўзига ўхшаган бир чоракорнинг фарзандига уйланган, ҳозир бир қизи бор эди.

Қизалоқ ҳали кичкина, масъум, уйда ҳар доим ҳам егулик топилавермаса-да, турмушнинг заҳматларидан бехабар, отаси келганида қаршисига югуриб чиқиб кутиб олар, кундузги таассуротларидан бижир-бижир сўйлаб ҳам берарди. Хёнг деб аталадиган бутанинг катта япроғига гуруч солиб ер эдилар, чунки уларнинг идиш-товоғи ҳам йўқ эди.

Қизча жуда ширин эди. Қийиқ кўзчаларидан ўт чақнар, қайда бир гул-чечак кўриб қолса, митти бармоқчалари билан узиб келиб, отасига ё онасига тутадиган ажойиб маъсума эди.

Ота ҳам қизини жуда яхши кўрарди. Гоҳо бойнинг бепоён шолипояларида ишлаётганида ёки кечалари уйқуси ўчиб кетганида, кун келиб катта бўлганида қизимни қандай бахтли қилсам экан, деган ўй сира тинчлик бермасди.

Бор-йўғи биттагина қизи бор, ахир. Хуан-Шининг ўзи эсини танибдики, меҳнатдан боши чиқмайди. Бир нима орттириш у ёқда турсин, топгани кун кечиришга етади, холос. Ота, агар иш шундай кетаверса, вақт-соати келиб ўзи каби қашшоқ биронтасининг ўғлига хотин бўлишини ҳамда шу ажойиб қизалоқ ҳам умрининг охиригача шолипояларда меҳнат билан умрини ўтказишини сира истамасди.

Буни ўнглашни биттагина йўли бор, деб ўйларди ота. Уям бўлса шоличи бойга хотинликка бериш. Шоличи бой ниҳоятда бадавлат, хотинлари кўп, аммо пули ундан ҳам кўп. Ўшанга берсам, турмуш заҳматлари чарчатмайди, менга ўхшаб бели букилиб заҳмат чекмайди, қайтанга, ипак кийимларга ўраниб, бола-чақасини катта қилиб ўтиради.

Шоличи бой семиз, кўзларини ёғ босиб кетган киши бўлиб, гавдасини кўтаролмагани учун уни аравага солиб юришар, баъзан тахтиравонга солиб ҳам келишарди.

Хуан-Ши ундан-бундан юқори табақа кишиларига қанақа қизлар ёқишини суриштирди.

Айтишларига қараганда, ингичка гавдали, оёқлари жуда кичкина қизлар маъқул эмиш. Қизи эса онасига тортди, яъни суяги йирик бўлиб ўсмоқда. Хуан-Ши ўйлай-ўйлай, ўша маҳаллар урф бўлган деб эшитганини қилишга аҳд қилди, яъни ёғочдан кичкина кавуш ясади-да, қизчасининг оёғига кийдириб қўйди.

– Отажон, бу нарса оёғимни қисяпти, оғрияпти, – деб зорланди қизча. Сўнг ерга ўтириб, митти бармоқчалари ила кавушни чиқаришга урина бошлади.

– Ҳой қизча, – деди Хуан-ши, болтани кўрсатиб. – Агар ечадиган бўлсанг, оёғингни мана шу болта билан чопиб ташлайман!
Қизчаси қўрқди. Оғриқ сезилиб турган қоп-қора кўзчаларида ҳуркиш ифодаси пайдо бўлди.

– Хўп-хўп, ота, ечмайман, – деди шоша-пиша, итоат билан.

Хуан-Шининг юраги ачишса-да, боламни келажагини ўйлаб шундай қиляпман-ку, деган ўй таскин берар эди. Бугун у жуда чарчади. Оёқларини шолипоя сувчаёнлари, зулуклари чақиб ташлаган, билаклари ачишар, тани ором истар эди. Бола ҳаёт нималигини қайдан билсин? Ҳали вақти келганида, шу қашшоқлик гирдобидан чиқаргани учун отасидан миннатдор бўлади, албатта. Ўзига қўйиб берсанг, ота яшаб ўтган қаттиқ кунлар унинг ҳам бошига келсинми? Боласининг жони ҳозирча оғриса оғрисин, бу уқубат ортида қизчанинг бахтли келажаги турибди, ахир.
Бундай ўйлар кўп эди. Хуан-Ши шуларни ўйлаб ётди. Қишлоқ чанги ҳавода туриб қолган, шабада эсмас, у чанг аста-секин экинлар, дарахтлар узра қўнмоқда эди.

Кунлар ўтар, қизалоқ қўрққанидан ёғоч кавушни кечалари ҳам ечмасди. Гоҳида оёғи жуда оғриганида сувга солиб ўтирадиган одат чиқарибди. Хуан-Ши аввалига уни койимоқчи бўлди, кейин ўйлаб қараса, бу ишнинг фойдали томони ҳам бор экан. Чунки ёғоч сувда юмшаб, оғриқ озайгани, қизалоқнинг жони ором олгани билан, орадан бир оз вақт ўтгач, яна қурийди, қуруқшагани сайин янада қаттиқроқ сиқади.

Хуан-шининг ҳаётида ўзгариш рўй бермас эди. Ҳар кун бир вақтда туриб нонуштасини қилиб, ортганини копчиғига солиб даласига йўл олади. Иш ниҳоятда заҳматли: сув бостирилган охири кўринмас далаларда ингичка майса бўлиб ўсган шолини қолдириб, бегона ўтларни бирма-бир юлиб чиқиш керак. Куз келганида шоли ўрилади, дасталаб қуритишга қўйилади, шунда қоровуллик ҳам қилиш керак. Бу ишда кучуклар кўмак беришади, қушу ҳайвонларни ҳуркитиб вовиллаб юришади. Кейин оқлаш мавсуми келади, қопларга солинган шолиларни араваларга юклаб, қайгадир олиб кетишади. Шундан кейин дала ҳувиллаб қолади, унга яна сув қўйилади, ағдариб чиқилади, шу билан мавсум ниҳоясига етади. Бир-икки қоп гуруч Хуан-Шига ҳам тегади, шунда емиш мўл бўлиб қолади.

Йиллар ўтди. Қизнинг аввалги болаларча мусаффолиги йўқолди, у отасидан ўзини олиб қочадиган бўлди.

Ниҳоят, қиз ўн учга тўлиб-тўлмас, Хуан-Ши муддаосини Шолибойга билдиришга қарор қилди.

Бой далага келавермас эди. Хуан-Ши анча вақт фурсат пойлаб юрди. Ниҳоят бир куни Шолибой келармиш, деган гап тарқалди. Йўллар, чайлалар супуриб-сидирилди, у муҳтарам зотга атаб бир шийпон қурилди. Ниҳоят, улкан гавдаси тахтиравонда ялпайиб, Шолибой келди.
Сариқ ипак кийимлари ҳилпирар, семиз бармоқларига катта-катта узуклар тақиб олган, оёғидаги йилтироқ шиппагининг ўзи бир қишлоқнинг хирожига тенг экан.

Чоракорларнинг бари энгашиб таъзим қилиб турардилар. Шолибой бир амаллаб тахтидан тушиб, алпанг-талпанг қадам ташлаб улар олдидан ўта бошлади.

Хуан-Ши ҳаяжонда эди.

Мана, фурсат етди. Агар ҳозир журъатсизлик қилса, шунча йилдан бери ўйлаб юрган нияти амалга ошмай қолади. Бойнинг кайфияти ёмон эмас шекилли, балки жаҳли чиқмас, бечорага мурувват кўрсатар?

– Жаноб, – деди Хуан-Ши, томоғи қуруқшаб.

Шолибой тўхтаб, у тарафга ўгирилди. Шунда Хуан-Ши унинг бўйни бурилмаслигини, балки бутун гавдаси билан ўгирилишини пайқади. Бу улкан гавда, йўғон бўйин елкага битиб кетгани учун бурилмайдиган бўлиб қолган экан.

– Ким менга “Жаноб” деди?

– Мен, – деди Хуан-Ши. – Шу… сизга бир совғам борийди.

– Совғами? – деди Шолибой. – Совға бизга ёқади. Қанақа экан?

“Ёлғиз бир қизим бор, атай оёқчаларига кишан кийдириб ўстирганман” демоқчи бўлди Хуан-Ши, аммо гапиролмади, Бойнинг салобати унинг тилини бойлаб қўйган эди.

– Шу… қизим, – дея олди холос.

Аъёнлар Хуан-Шининг ниятини дарҳол илғашди.

– Муни бир қизи бор, – дейишди Шолибойга. – Митти, озғин, жонсизгина қизалоқ. Ўшани сизга ҳадя қилмоқчи.

– Митти, кичкина эканми? – деб сўради Шолибой ва қаттиқ кулиб юборди. Унинг диққатини шу ерда учиб-қўниб юрган сариқ чумчуқ тортган эди. – Ана у чумчуқчалик эканми?

Бу ғалати кулги Хуан-Шини янада эсанкиратиб қўйди.

– Йўқ, жаноб, чумчуқча эмас, – деди оғриниб. – Сизга жуда мос.

– Менга жуда мос эканми? – деди яна бой. – Бу фикр каллангга қайдан кела қолди?

– Сиз кичкина оёқчаларни яхши кўрармишсиз.

– Мен сираям яхши кўрмайман, – деди Бой. – Чунки, кўзим хиралашиб қолган. Мен ёмон кўраман.

Ёнидагилар хохолаб кулишди. Ҳозир бой Тан сулоласида урф бўлган сўз ўйини қилмоқда эди, аммо Хуан-Ши олий табақа саройларига хос санъатни қайдан ҳам тушунсин?

– Син-шу, сенга хотин керакми? – деди Шолибой, ёнидаги қотма, тишлари тўкилиб кетган чолга қараб. – Керак бўлса, ана, олақол. Оёқчалари ҳам митти эмиш.

Аъёнлар яна кулишди.

– Йўқ. Менга хотин керакмас, – деди Син-шу деган чол.

Шундан кейин Шолибой йўлида давом этди, аъёнлар чуғур-чуғур қилишиб ортидан эргашишди.

– Тўхтанг… Ахир… – демоқчи бўлди Хуан-Ши, аммо тили яна айланмади.

Хуан-Шининг руҳи тушиб кетди.

Ҳаётида мазмун қолмагандай туюлди.

Энди нима қилсин?

Ҳозир кулбасига борса, кавушини тақиллатиб қизи чиқиб келади. Бечоранинг шунча чеккан азоб-заҳматлари беҳуда кетди. Энди қизига қайси юз билан “Еч шу ярамас матоҳни” дейди?

Бу ерлардан бошимни олиб кетсаммикин, деб ўйлади у.

Шу фикри ўзига маъқул келди.

Узоқ-узоқларда Тиёншон бошидаги кўк музларию оқ қорлари билан савлат тўкиб ярқираб турарди. Умр бўйи етишиб бўлмас мусаффоликлар ўша ёқлардадай туюларди. Лекин, қалбни оғир юк эзар экан, у мусаффоликлар ором бера олармиди? Кошки бирор кор-ҳол рўй берсаю хотирамдан айрилиб қолсам, дея орзу қилди Хуан-Ши. Ҳа, Тиёншон азим, улуғвор, балки бағрида ваҳший ҳайвонлари ҳам бордир? “Ўша ёққа жўнасаму айиқ ғажиб кетса яхши бўларди” деб ўйлади у.

Айиқ ғажиб кетса… қишлоқдагилар уни сираям маломат қилишмайди. Қизи эса, тақдирига тан беради. Онаси билан биргалашиб, яна Шоличи бой далаларида ишлаб, эл қатори кун кечираверишади, аммо…

Шу қарорга келди Хуан-Ши ва Тиёншон томон кетди.

Шундан сўнг уни биров кўрмади.

* * *

Ота ғойиб бўлганидан сўнг, она-бола шоли далаларида ишлай бошлашди. Вақти келгач, бева хотин қизини ўша атрофдаги бир кишининг боласига узатди.

Йиллар ўтиб, фарзандли бўлди. У тенгиларнинг бари далаларда бирдай меҳнат қилар эдилар. Шолибой ҳам ўлиб кетди, бепоён шолипоялар семиз-семиз болаларига қолди.

Шундан сўнг давр тезлашди, у шитоб аро одамларнинг қиёфалари кўздан ғойиб бўлди. Тан сулоласининг ҳукмронлик даври ҳам тугаб кетди.
Яна йиллар ўтгач, ўша кичкина қизча мункиллаган кампирга айланди.

Энди меҳнатга ярамай қолган, кулбасининг олдида қиём вақтигача, иссиқ қайтганидан кейин эса шомгача ўтирар, атрофини ўраб олган болаларга ҳар турли воқеаларни айтиб берарди.

Айниқса, ёғоч кавуш ҳақидаги хотираларини гапиришини яхши кўрарди.

– Отам бениҳоя раҳм-шафқатли киши эди, сизлар билмайсизлар, – дер эди. – Қизим шу теваракнинг энг гўзали бўлсин дея, ўз қўллари билан ёғочдан кавуш ясаб берган эди.

– Ўша маҳалларда император саройида кичкина оёқчалар урф бўлган экан, – дер эди. – Умри заҳматда ўтган отажоним муҳташам саройлардаги одатларни қайдан билақолибди? Кизгинам олийнасаб даргоҳларга мос бўлиб ўссин, деганини айтмайсизми?

Кейин болаларни етаклаб қириб, кулба тўрига авайлаб қўйилган ўша матоҳни кўрсатарди. Кавуш вақт ўтиши билан қорайган, иссиғу совуқларда чатнаб ёрилган, кўрган киши бу матоҳни одам қандай кийиб юриши мумкин деган хаёлга келарди.

Кампирнинг энг ардоқли нарсаси мана шу кавуш бўлиб қолди, уни еру кўкка ишонмас, ҳатто ўлиб қолсам, қабримга қўйинглар деб васият қиларди.

Бутун умри меҳнат билан ўтгани учун, эслашга арзигулик ҳеч нимаси йўқ эди. Фақат, болалик мусаффоликларида дарак берадиган, еру кўкка ишонмайдиган битта ашёси бор эди, холос. У ҳам бўлса, меҳрибон ота севимли қизалоғига қачонлардир ўз қўллари билан ясаб берган кичкина, жинчироқ монанд кавуш.

Эски, ёғоч кавуш…

2015