Нурислом Тўхлиев. Абрам (бадиа)

Университетда қолиб домлалик қилаётган, илмий тадқиқот олиб бораётган тенгдошларимиз орасида Абрам исмли яҳудий йигит ҳам бор эди. Абрамбой биздан бир-икки ёш каттароқ бўлганиданми ёки доим саранжом-саришта бўлгани учунми, тенгқурлар орасида қандайдир алоҳида нуфузга эга эди. Бунинг устига унга баъзи-баъзида ишимиз ҳам тушиб турарди. У уйланган, икки фарзандли, хотини олий маълумотли шифокор бўлиб, шаҳар шифохонасида ишлар эди. Унга ота-онасидан ҳовли-жой, унча янги бўлмаса-да, ғириллаб турган енгил машина мерос қолган эди. Хуллас, у бизга нисбатан ўзини ўнглаб олганди. Шу сабабли бўлса керак, ҳаммамиздан олдин номзодлик диссертациясини ҳам ҳимоя қилиб олди.
Абрам дўстимизнинг бир яхши одати бор, яъни унинг луғатида “йўқ” деган сўзнинг ўзи йўқ эди. Доимо қўли кўксида, фақирона бўлиб, нима десангиз “хўп, муллажон, есть қиламиз” деб қўярди, қурғур.
Бир куни Абрам ҳаммамизни зудлик билан уйига чорлаб қолди. Биз унинг уйида тўпландик. Ҳамма йиғилиб бўлгач, Абрам дабдурустдан оиласи билан Америкага кўчиб кетаётганини эълон қилиб қолди. Биз томдан тараша тушгандай қилиб айтилган бу янгиликдан ҳангу манг эдик. Чунки илгари бу ҳақда ҳеч қандай гап-сўз бўлмаган эди. «Нега илгарироқ, лом-лим демадинг Абрам», деди, дўстларимиздан бири, гўё илгарироқ айтса, бирор нарса ўзгарадигандай. Аслида иш анча олдин пишириб қўйилган экан.
Ҳовли-жойдан тортиб то қошиққача ҳаммаси хатланиб пулланган, фақат лайчанинг тақдири ҳали ҳал этилмаган, у бир нарсани сезгандай кўзлари жовдираб, кичкина ҳовлининг у ёғидан бу ёғига чопар эди. Бу воқеадан ҳаттоки ён қўшниси ҳам бехабар эди. Нима ҳам дердик. Эшитиб, кўриб турган воқеалардан бошимиз гангиб, ошнамизга оқ йўл тилашдан бошқа чора қолмаганини ҳаммамиз тушундик. Унга оқ йўл тилаб, худди ноёб нарсадан ажралгандай, хомуш уй-уйимизга тарқалдик.
Икки йилча ўтиб, Абрам шаҳримизга энди меҳмон сифатида келди. Уни кўришга, ҳол-аҳвол сўрашга ошиқдик. Шу муносабат билан кичик бир базм ҳам уюштирдик. Ҳамма хурсанд, биров қозоннинг тагига ўт қалаган, биров газак тайёрлаш билан овора, яна кимдир чинни пиёлаларда «шайтоннинг суви»ни улашган.
Базм ўтган-кетган гап-сўзлару, ҳазил-мутойиба билан борган сари қизимоқда. Шунда дўстларимиздан бири “Қани, Абрамжон, Америкадан сўзланг, у юрт сизга ёқдими, у ёқда ҳаёт қандай?” деб қолди. Абрам бир оз сукут сақлади, сўнг кўзлари сал намлангандай бўлиб, синиқ овозда гап бошлади:
— Мен сизга айтсам, муллака, Америка нақ жаҳаннам. — Ҳамма унга тикилди. — Бахудо, гапим рост. Нью-Йоркда бинолар шунчалар баландки, осмон кўринмайди. Бинолар шиша билан қопланган, улар ёзнинг иссиғида шу қадар қизийдики, нақ ёғли товага тушган тирик балиқдек сакрайсан. Асфальтнинг устида бемалол тухум қовурса бўлаверади, ба-худо…
Савол берган дўстимиз ўсмоқчилади:
— Абрамбой, нима қиласан у жаҳаннамда яшаб, қайтиб кўчиб кел, яна бағримизга оламиз, илгаригидай чақ-чақлашиб юраверамиз. Менимча, докторлик диссертациянгни ҳам анча юритиб қўйган эдинг.
— Гапингиз тўғрику-я, аммо болаларим анча ўрганиб қолишди, ёшлар янги шароитга тез мослашар экан. Хотиним ҳам энди ўзига муносиб иш топди, кейин расмиятчилик ҳам осон эмас-да, — дея Абрам хаёлга толди. Шунда чапани тенгқурларимиздан бири илдам туриб:
— Ҳе, ўша Американг ҳам бор бўлсин, келинглар жаннатмакон юртимиз учун бир қадаҳ кўтарайлик — деди. Чинни пиёлалар жаранги атрофни тутиб кетди. Қўллар бараварига газакка чўзилганда қитмирроқ дўстларимиздан бири:
— Ҳарқалай, дўстлар, Америка унчалик ҳам ёмон юрт бўлмаса керак, бутун дунёдан у ёққа одам оқади, дўконларда ҳамма нарса муҳайё дейишади. Абрамжон, сизларда дефицит нарсанинг ўзи бўлмаса кераг-ов? — деб қолди. Абрам тағин тилга кирди:
— Э, акамулло, гапингиз рост, у ерда ҳамма нарса бор, дефицитнинг ўзи — -дефицит. Лекин… — у сал тўхтаб олди-да давом этди, — бир нарса дефицит. — У нима экан, деган маънода ҳамма унинг оғзига тикилди. — У ерда, муллажонлар ҳамма нарса бор, дўкон пештахталари мол-ашёдан синиб кетай дейди. Лекин у ерда меҳр-муҳаббат йўқ-да. Бунақа жонон ўтиришлар, дил тортар суҳбатлар қайда, Ўзбекистон жаннат-ку! Биров кимсан, нима қилиб юрибсан, деб сўрамайди. У ёқда эса ҳамма каёққадир, нимагадир шошгани-шошган. Ҳамма жойда пул, пул. Отанг ҳам пул, онанг ҳам пул, бола-чақанг ҳам. Ҳамманинг қайғуси, орзуси, армони ҳам пул. Бир йўлак, бир майдончада яшаб қўшнинг -кимлигини, нима иш билан шуғулланишини билмаслигинг мумкин…
Абрамнинг гапини бўлиб яна савол беришди:
— Э, кечаси хонадонда бирор кор-ҳол бўлиб қолса-чи, иссиқ жон-да. Тузми ё гугуртми керак бўлиб қолса, қўшнингникига чиқмайсанми?
— Йўқ, чиқмайсиз, — деди Абрам, — бу одат эмас, эрталаб супермаркетнинг очилишини кутасиз…
Суҳбат анча давом этди. Ҳар ким ўз хулосаси билан уй-уйига тарқалди. Абрам яна бир неча кун меҳмон бўлди. Эски қадрдонлар талашиб-тортишиб галма-галдан уни ўз хонадонларига бир пиёла чойга таклиф этишди.
Лекин Абрамнинг ташрифи сабабини ҳеч ким аниқ билмас эди. Биров «У ота-онасининг қабрига қараб туриш учун одам ёллашга келган» деса, бошқалар «Йўқ, қолиб кетган эски қарзларини ундириш учун келган», дейишди. Қайдам, яна билмадим. Абрам бир неча кундан кейин Америкасига учиб кетди. Биз аста-секин Абрам деган қадрдонимиз борлигини унута бошладик. Орадан уч-тўрт йил ўтиб уни батамом унутиб юбордик.