Исажон Султон. Робия Балхий қиссаси

Бу – “Зайнул-араб”, яъни “Араб зийнати” деб ном олган, тоза руҳи қора ер зулматидан само сари нурдай отилган гўзал Робия ҳамда Афросиёб ботири Бектош қиссасидир. Шунингдек, инсонлар дин учун эмас, дин инсонлар бахт-саодати учунлигининг ибратли, ҳузунли ривоятидир.
Робия гўзаллигини таъриф этишга кимнинг ҳадди сиғар экан? Ахир, у етти қават парда остида махфий эди. Отаси, Балх амири Абдуллоҳ ибн Кааб “Қизимнинг зулфининг икки толаси учун Машҳаду Балхни бахш этишга тайёрман” деди, бироқ бу сўзи билан не ишларга йўл очиб берганини ўзи билмай қолди. “Ё Аллоҳ! У қандай зулф эканки, ёруғ дунё­нинг икки шаҳри тортиқ бўлиб кетса?” деб ўйлашди одамлар. Не-не шаҳриёрлар, амиру беклар уни сўраб келаверишди, бироқ Кааб қизини ҳеч қайсисига бермади. Илми борлар айтишдики, бу иш худди Парвардигор жаннатни етти қават парда остида тутганига ўхшайди, уни эса, фақат маҳрамлар кўра оладилар. Шу боис, бизлар ҳам бўлиб ўтган ишларнинг зоҳиригаю у эрка араб оҳусининг кишилар наздидаги таърифига назар ташлай оламиз, холос…
Робия қиз гулларни жуда севарди. Гуллар эса унинг гўзаллигини таъкидлаш учун яратилгандай эди. Настарин унга тонгги, бинафша тунги либос бўлишни орзуларди. Наргис – хушчоғ маҳалидаги қабоси, печакгул – рўмоли остидан бойлайдиган сочбоғи бўлгиси келар, қора тун унинг бурқаъси, тун бағридаги юлдузлар бир нигоҳининг мазмунини ифодалашни орзу қилишарди. Бол унинг сўзларининг таъмини ўзига сингдириб олишни хоҳларди. Камон унинг қоши олдида арзимас бир нарсаман деб ўйласа, қалдирғоч ўз қанотига қараб, Каабнинг қизи олдида мен ҳеч нима эмасман деб изтироб чекарди. Киприги олдида Дамашқ ханжари оддий тикандай бўлиб қоларди. Тонгги ёки тунги сабо унинг нафасига, мусаффо тоғ жилғаларининг жилдираши эса кулишига тақлид қиларди. Ахир, ўзи ҳам ўзига боқиб “Субҳ шаббодасида кийикдан олинадиган ёқимли нофа мушкидан асар ҳам йўқ эди, жаҳон нима сабабдан мушк бўйини олди?” деб ҳайратланмадими?
Араб шоирларидан бири дебдики, Кааб сулоласи бир денгиз эди, тақдир ундан бир қанча жавоҳирларни соҳилга улоқтириб юборди. Инсоният осмонига Робия бинти Каабни Зуҳал қилиб қадаб қўйди. У шундай юлдузки, чақнаганида бошқа юлдузлар уятдан бўзаргайлар. Сен уни узоқдан кўриб Зуҳал демоқдасан, моҳиятига етсайдинг, балки Коинот дер эдинг! У фалакнинг шундай жавоҳирларига етиб бордики, арабу ажам эркаклари заковатда ва фасоҳатда унга яқин ҳам кела олишмади, Робия бинти Кааб уларнинг барчасининг устидан кулиб кетди. Улар эса бундан саодатманд бўлдилар, чунки шоир айтганидай, “Мен бу ҳолдан бахтиёрман, чунки шоҳ назарига тушдим”.
Ҳинду Рум ошпазлари, Дамашқу Шероз қандолатчилари, Хуросон шарбатчилари унга ўз санъатларини кўрсатгиси келарди. Чўмилгиси келса ҳовузига сут қуйиларди, ширинлик егиси келса мураббо ирмоғи оқизиларди. Отаси “Қизим ёз жазирамасида муздай шарбат ичсин” дея атай “яхчол” дейиладиган музхона қурдирди, у шундай эдики, кунга терс бир жойга ертўла қазилиб, остига қамиш босилиб сувалгач, қишда сув тўлдириб музлатилиб, усти ёпиб қўйиларди. Терскай бўлгани учун муз ёзда ҳам эримасди. Ўнлаб жориялар амир қизининг хизматига шай эдилар. Гўзаллигидан ташқари, отда ёки араблар “талиқ” деб атайдиган уруш туясида жанг қилишни, ёй тортиш, қилич чопиш ҳунарларини ҳам ўрганди. Шиддати шунчалар эдики, шунқор парвозию энг тезчопар отларнинг елиши ғайрати қаршисида ожиз эди.
Шундай малак эди Робия бинти Кааб.
У ўн бир ёшидан ғазал бита бошлади. Гўзалликларни кўра-кўра улғаяётган нозик қалб уларни дунёга янада жилолантириб, ўз чиройига тўйинтириб ҳадя этмоқ истарди. Шу боисмикин, жаҳон мушк бўйини олиб Аржанги Моно, яъни Моний нақши бўлди, кўкдаги булут ердаги гулнинг рангини Лайли либосига ўхшатиб кўз ёш тўкди? Урушларда чиниққан, кофирлару мардудлар қонини селдай оқизган жасур Кааб у ғазалларни қизчасини қучоқлаб, бошини бошига қўйиб биргалашиб ўқир, ўқиган чоғида кўзлари севинчу шукронадан намланиб ҳам оларди.
Қизи битган ғазалларни Хуросоннинг машҳур шоири Абу Абдуллоҳ Рудакий ихтиёрига ҳавола қилишга ундаган ҳам оталикнинг буюк меҳри бўлса ажабмас. Чунки таъкидланганидек, қизлару аёллар – эркаклар ор-номусининг тимсоли, бениҳоя қийматли жавоҳирлардир, шу сабабдан уларнинг борлиғию ҳатто овози ҳам махфий тутилади. Робиянинг гуллару боғу бўстонлар ҳақидаги байтлари кекса шоирни шунчалар ҳайратга солардики, ўқиб бўлиб, ҳайрату мақтов тўла мактубларини Балхга йўллар, улар етиб келиб, амир Кааб дил бўстонини чаман қилиб яшнатарди.
Абдуллоҳ ибн Кааб Балху Қаздорда шундай тартиб жорий қилдики, мамлакатда бўрию қўй, арслону той ёнма-ён, бехавотир яшар эдилар. Ҳар ишда адолат жорий бўлсин деб шайхулислом билан бирга бозорларни айланар, нарх-навони сўраб-суриштирар, инсофсизлик қилганларга жазо тайинлар, одиллиги боис ўлка гуллаб-яшнарди. Кишилар амир Кааб ҳаққига тинмай дуо қилишарди.
Аммо чархи кажрафтор қалами само лавҳул-маҳфузига не ишларни ёзганини ким билибди, дейсиз? Саодатли кунларнинг бирида ажал ёйчиси Каабнинг жон қушини аниқ уриб олди. Ҳеч ким у онни ортга сура олмади. Амирнинг қуёшдай боши салтанат осмонидан қуйига думалаб кетди. Жони чиқишини билгач, – зеро, шоир айтгани каби, “Нега келди, нега кетди, билмаслар…” – суюкли фарзанди Ҳорисни чорлаб, “Эй жонимнинг парчаси, кўзимнинг оқу қораси ўғлим! Синглингни сенга омонат топширдим. Уни не-не киборлар, неча беклар, амирлар, шаҳриёрлар сўраб бош уриб келишди, лекин мен бермадим. Сен бер, тенгини топиб узат”, деди.
Бу сўзни айтгач, деди:

Камони Ҳақни тортгувчи башар йўқ,
Нечун келгай, нечун кетгай, хабар йўқ.

Нечун келгай, буни ҳеч кимса билмас,
Нечун кетгай, дағи билгувчи бўлмас..

Шундай деб, ажал элчилари қаршисида зор-зор йиғлаб ўлим рукуъсига кетди, уни юборган Аллоҳу акбарга таслимият саждасини адо этди ҳамда мўминликнинг оқ либосига ўралиб, кўзининг оқу қораси ила абадиян видолашди.
Кааб тупроққа берилганида Робиянинг оҳу зори кўкларга сиғмади. Ота меҳри қанчалар кўкларни тўлдиргувчи эса, қиз меҳри ҳам у само остидаги денгиздай эди. “Жонимнинг Каъбаси отам” дея ўзини ўтга-чўққа урди. Шум ажалнинг қилмишларига ким кўникибдики, Робия кўниксин? Бироқ, Тангри таоло иродасига тан бериб, азиз қиблагоҳининг қуёш чеҳрасини соғина-соғина яшайверди.
Кунларнинг бирида тақдир қуши бу сулола бошига келиб қаттиқ қичқирди ҳамда қанотини улар узра ёйиб, не машъум ишларга рўпара қилди.

* * *

Абдуллоҳ ибн Кааб Ҳақ раҳматига қовушганидан сўнг, шоҳ Наср ибн Аҳмад салтанат равнақи учун қилган хизматлари юзасидан Каабнинг ўғли Ҳорисни Балх амири этиб тайинлади. Салтанат тожи энди ўғил бошида порлади, амирлару лашкарбошилар унинг айтган сўзини қулоқ қоқмай адо этишга байъат қилишди.
Абдуллоҳ ибн Кааб ўғлининг олим бўлишини истарди. Бироқ, Ҳориснинг ғайрати ҳамда ўзғирлигига илм озлик қиларди, у ғалаба қозонишни, шиддатли урушлар гирдобида оқишни ва у ердан ғолибу фотиҳ бўлиб чиқишни орзуларди. Сабаби: у ёшлигида заифгина, юзида тиртиғи бор болакай бўлиб, тенгдошлари уни кучсизлиги боис масхаралаб юришарди. Ҳар масхараланганида уйига қайтиб, боғ четидаги ҳаммомга кириб яшириниб олар, у ерда маломатдан эзилиб юм-юм йиғлар, қиздирилгану эндиликда совий бошлаган ҳаммом ҳарорати ва ислари аро қаҳру ғазабда лов-лов ёниб ўтли қасамлар ичар, сўнг ўзига келиб қайтиб чиқарди. Келажакда енгилмас ботир бўлиб етишишни, ўзининг куч-қудратини ўзгаларга шу тариқа кўрсатиб қўйишни орзуларди. Мад­раса таҳсили кўп давом этмади, Кааб ўғлини лашкарбошилар орасига қўшди.
Ҳорис лашкарга қўшилган маҳалда гоҳ у ерда, гоҳ бу ерда исёнлар содир бўлар, жанговар бўлуклар бўйсунмас элатларни бўйсундириш, уларни исломга қайтариш ниятида йўлга отланишарди. Илм оқиллар учундир, тоғу тошларнинг жоҳил кишиларини ваъзу насиҳат ила йўлга солиб бўлармиди? Шу сабаб кўп ишлар тиғ ва ўлим қўрқинчи орасида содир бўларди. Дунёга ислом дини келганига бор-йўғи бир неча аср бўлган, оддий кишилар унинг ҳақиқатини англаёлмай, яширинча тоғу тошлардаги махфий ибодатхоналарига чиқиб олов ёқиб, ўз эътиқодларида давом этишар, ўлимдан қўрқишгани боис, ўзга динни қабул қилишганини, қалбларида эса ўз динларига содиқ қолишганини айтиб, санамлари қаршисида ялиниб-ёлвориб тавба қилишарди. Шундай бўлса-да, кичик урушларни ҳисобга олмаса, мамлакатларни қамраб олгувчи ва ёшу қари хонумонини бирдай куйдирувчи улкан урушлар содир бўлмас, бу ҳам шоҳ Наср ибн Аҳмаднинг ҳамда амир Каабнинг оқиллиги боис эди.
Ҳорис ибн Кааб тахтга ўтириш маросимида катта базм тўплади. Ҳурмат-эътиборга сазовор аъёнлар, олимлару шоирлар, лашкарбошилар, беклару баҳодирлар, урушларда донғи чиққан ботирларнинг бари шунда эдилар. Табриз қуробиялари, Машҳад ҳолвалари, Ҳалаб қадойифлари пайдар-пай етказиб туриларди. Чуҳралар Жаузжон, Шибирғон, Кандаҳор чоғирларини кетма-кет ташишарди. Сариқ тусли саҳбо, сутдай оқ соф­чаш, яшил райҳоний, майи ноб, афсар, қондай қирмизи муғона, хира тусли Кофуристон бодаси, кишмишли киштийи, ҳатто беадабларча “кишти ҳалоли” деб номланган, рангу тусидан гулобга ўхшаш Ҳирий чоғиригача олиб келинарди.
Булар қадаҳларга кетма-кет қуйиларди. Чолғучилар куйларни шундай чалишардики, кишилар ўзларини йўқотиб, қайда эканликларини унутиб қўйишарди. Уд садолари ила шундай шеърлар айтилардики, кишилар унинг сеҳрига маҳлиё бўлиб ёқа йиртишарди.
Ёт назардан узоқ бир болохонада Робия ўз энагаси билан базмни томоша қилар экан, айни чоғда қисмат ёйчиси уни ишқ ўқи билан чунон урдики, аввалги Робиянинг кулини кўкларга совуриб юборди. Ўрнида қақнусдай бўлиб, янада малоҳатли ўзга Робия яралиб чиқди.
Тангри таоло ҳар нарсанинг жуфтини мукаммал қилиб яратмадими? Бироқ бу гал тун кундузни қувалаб етмоқ истади. Ой қуёш ортидан югурди. Чолғу куй ортидан чопди. Денгиз соҳилга бош урди, соҳил эса, ихтиёрида шунча сув бўлатуриб ташналикдан фиғон чекди. Гул булбулга интилди, зеро, булбулсиз унинг умрида маъно қолмади. Робиянинг нигоҳи ўз озодлигининг қотили, тик қадли мағрур Бектошга тушди-ю, ўзини тугал унутақолди.
Айтадиларки, бу иш Робиянинг ихтиёридан ташдаги иш эди. Унинг қисмати тақдир қалами ила кўкда ёзилганди.
Ажаб, маликани ўзига ром айлаган туркий йигит ким эди?

* * *

Андхўй-у Майманадан Афросиёбгача, Чоч элларидан Ҳўқанду Марғиёнагача, ундан нари довон ортигача ёйилиб кетган ёйиқларда яшайдиган туркийлар жангу жадал усталари, ҳеч нимадан тап тортмаслигию ботирлиги билан донг таратишган эди. Айни замонда бу юракли эл орасида илму урфон юлдузлари чақнаган бўлса-да, туркий йигитларнинг илмга ҳуши йўқроқлари отамерос жанг ҳунарини танлар, отга минса, гўё у билан бирга туғилгандай қапишиб ўтирар, баъзилари эгарни айлантириб, чопа кетаётган от ёнига тушиб, ўша ҳолича камон отишарди. Бир отдан бошқа отга сакраш, ҳатто орада салт бир от эса, учинчисига сакраб ўтиш ёки ҳавода айланиб ўқ узиш уларнинг жўн ишлари эди. Шу сабабли шоҳ Наср ибн Аҳмад черикни тоғу тошларга ёйилиб кетган қабила сарбозларидан эмас, туркийлардан тузишни маъқул кўрарди. Бу аскар тезкор, шиддатли, ўзғир ҳамда чидамли эди. Салтанатда уруш чақмоғи чақнамаган кезларда черик Балх теграсига ёйилиб тин олар, ов билан машғул бўларди.
Наср ибн Аҳмаднинг юришларидан бирида Амир Кааб ҳам бор эди. Мовароуннаҳр даштларидан бирида ўқлари самони қорайтириб, қуёшни тўсувчи улуғ жанг бўлиб ўтди. Икки кеча-кундуз давом этган муҳорабада амир Кааб зафар шаробини тўла сипқориб, ғалаба бурғусини чалди ҳамда бошқа асирлар қаторида туркий беклардан бирининг ўғлини ҳам тутқун қилиб ола келди. Чаққону зийраклиги маъқул келиб, уни саройга хос қўриқчи қилиб тайинлади. Амир хизматида у ёй тортиб ўқ уриш, қилич ўйнатиш, найза отиш каби ҳунарларни ўргана-ўргана, моҳир аскар бўлиб етишди. Айни дамда фатила сочлари елкасига тушган бу кўркли йигит Ҳорис ибн Кааб ёнида май косаларини узатиб турарди.
Борлиғи ила Робия умрининг мусаффо осмонида чақмоқ чақнатган йигит мана шу Бектош эди.
Султонларни кўкдаги юлдузлар қаторидаги тахтидан улоқтириб жулдур кийимли гадойга айлантирувчи, кишилар ҳазар қиладиган муфлис гадойларни ҳеч кимнинг ақли етмас бир йўсинда етти иқлимга султон айлагувчи, наъраси кўкни бузгувчи арслонларни қуёнга, одамлар хонадонидан дон-дун ўғирлаб кун кечирувчи сичқонларни филга ҳукмдор қилгувчи эй иши номаълум фалак! Арабу форсу туркийни бир ерга келтириб, қай бири ўзининг не эканини билолмай турган маҳалида довдиратиб қўйган эй чарх! Боғу роғларни, шоҳ саройларинию фақир кулбаларини бирдай вайрон қилувчи у мудҳиш қисмат селини шу мусаффо гул-чечак бўстонига бурмасанг не бўлгай эди? Ерларнинг тубларидаги кўзсиз қуртга қадар Тангри таолонинг ризқу марҳамати етиб турган эди-ку, етти қат парда ортидаги у қандга сувни нечук юбординг? Тоза-мусаффо у замзамни қай ўзанларга бурдинг? Ишқ оташи ила кўз ёш селобини бир вужуд ичра қай тарз қон қилиб югуртирдинг? Марҳаматлару неъматлар оламида бир маромда оқаётган умр дарёсига не тўғонлар солдинг?
Ҳа, қисмат булутлари сурилиб келиб, ишқ чақмоғи ишқсиз қақроқ тупроқларни аямай қамчилади. Етилган ерларга муҳаббат ёмғири ёғди. Қақроқ ердан турфа гул-чечак униб чиқди, уларнинг рангу туси, ифори турли-туман бўлиб, баҳор ҳамда жонланишнинг ҳаётбахш манзараларини ҳосил қилди. Айтадиларки, бир малика туғилгани он Тангри таоло унинг шаҳзодасини яратмиш бўлгайдир. Робия ўзининг бемисл заковати ила ўз тақдирининг жаллодини таниди.

* * *

Илми ҳозиқ эгалари айтадиларки, ишқ бир хасталикдир. Каабнинг кўзининг оқу қораси Робия шу дардга мубтало бўлди.
Ишқда инсоннинг ўзлиги қолмагайдир, руҳи бошқа бир руҳга қул бўлгайдир. Не тонгки, бек ўғли Бектош асир эди, фалак бир айланди-ю, араб маликасини унга асира қилиб қўйди. Оламлар Парвардигори бу ишни ҳеч бир лашкарсиз, ўқсиз-камонсиз содир қилди.
У дард бу масъума қизчани йиқитди, рангини сарғайтирди, хаёлини тарқатиб, ҳар тарафга сочиб юборди. Суюкли синглисининг дардга чалинганидан қайғурган Ҳорис ўз боғига табибларни чорлади. У маҳалда Балхда аёл табиб йўқ эди, эркак ҳакимлардан бир нечтаси келиб тўсқич ортидаги Робияга Суман орқали турли саволлар беришди. Сўнгида қиз бола вояга етиш даврида шундай ишлар бўлиб туришини айтиб, балх анори, тоғ ёнғоғи ва бодомча мевасидан маъжун тайинлаб кетишди. Бироқ бу – худди сувсиз қақраган ер қолиб, бошқа ерни суғориш билан баробар эди. Робиянинг дарди зўраяверди.
Орадан бир қанча вақт ўтиб, ичидаги олов тобора гурлаб, жисму жонини ёқиб юборишини англаб етгач, ишонган энагаси Суманга ўз сирини очди.
Суман ўз маликасининг ҳолатини англади, унинг қошида тиз чўкди, шаънига мақтовлар айтиб, сўнг деди:
– Маликам, бир қошиқ қонимдан кечинг! Ихтиёрингиз қошу кўзим устига, бироқ, бу ишнинг орти кесик эканини мендан яхшироқ биласиз.
– Эй Суман, – деди Робия. – Зарб тегмаса, сас қандай чиқсин? Ахир, даф ҳам зарб егани боис ун чиқаради. Қамиш ўз ҳолича ҳечдир, бироқ, бағри тилинсагина нола қилади. Мен бир соз эдим, тақдир созандаси ҳар кўйда чалса, қандай қилиб ихтиёрим ўзимда қолсин?
Буни эшитгач, Суман бисотидаги ширин сўзларини айтиб маликага тасалли берди, Робия унга бир мактуб битди. Унда шундай ёзилган эди.
“Бир денгиз бор эди, суви Замзамдай тоза, Қулзумдай беғубор, Кавсардан сув оларди. Тангри таоло амри ила гоҳ тўлқинланиб, гоҳ тўфонлар кўтариб мавжуд эди.
Бироқ у ўз соҳилига етишишга ҳар қанча уринса-да, қирғоққа ҳар қанча бош урса-да, неъматларидан баҳраманд бўлолмай, пушаймонлик ила ортига қайтар эди.
Соҳил эса қаршисида шунча сув бўлатуриб, сувсизликдан қақрарди. Эй биродар, золим фалак денгизу соҳилни ёнма-ён яратиб, уларни бир-бирига етолмайдиган қилиб қўйганини кўрмаяпсанми?
Эй Тангримнинг қули, айтдиларки, ошиқ – маъшуқнинг қўлидаги создир. Фалак созандаси уни чалганида қандай куй чиқаришини сен қайдан ҳам билардинг?”
Шу каби сўзлар битилган ҳамда Робия сурати чизилган мактубни қўйнига солиб, Суман саройга йўл олди. Бир иложини қилиб мактубни Бектошнинг қўлига етказди. Бектош уни ўқиб, тугал маънолари онгига етиб боргач ҳамда сўз амир Ҳорис ибн Каабнинг синглиси ҳақида эканини билгач, фалакнинг ишларига лолу ҳайрон қолди. Суратни кўргач эса, қалбига у ўтнинг бир парчаси ловуллаб туташди.
“Бу башар иши эмас, фалак ишидир. Йўқса, қулнинг қулга не ҳадди бўлсин? – дер эди мактуб эгаси. – Магар сенинг фатила сочинг чавгон эса, бошим у чавгонда тўп бўлақолсин! Эй жонимнинг қотили, бу ишнинг мазмунини тугал англа, агарки қаҳр этсанг ҳам ҳеч бок йўқ, ҳатто қаҳрингга ҳам жоним тасаддуқ…”
Бу ўтлиғ мактубни ўқиб, Бектошнинг ҳам ҳуши бошидан учди, сўнг:
– Эй ялмоғизлар онаси, – деди. – Қиличим кескир, ёй ўқим нишонга бехато уради, бироқ амирнинг сўзи ундан чандон кескир, унинг ўқи янада ўлимчилроқдир. Мен мағрур бек боласиман, амир курагига тиғ уриш менинг ишим эмас.
Суман шу хабарни олиб изига қайтаверди.
Шундан сўнг Робия билан энага ўртасида шундай суҳбат бўлиб ўтди.
– Эй ҳусн аро ягона, заковатда танҳо маликам, – деди Суман. – Мен бу ишнинг оқибатидан қайғуга чўммоқдаман. Мўътабар сулолангизнинг зилол булоғи лойқа ажам сувига ҳеч аралашурми? Чор атрофдаги барчанинг маломатига нишон бўлмасангиз деб қўрқаман.
– Эй ҳийлагар Суман, – деди Робия. – Юсуф қул эди, Зулайҳо уни кўргач, ўзини тамом унутди. Ҳабаш Билол ҳам қул эди, Тангри унинг мартабасини шундай кўтардики, фирдавсда пайғамбар ёнидан жой олди. Ҳар ким оламлар сарварини Исроил авлодларидан келгай деди, у эса қурайшдан чиқиб келди. Қул киму султон ким, сен менга бунинг сирини тушунтира оласанми?
Робиянинг бу сўзларидан сўнг Суманнинг айтар сўзи қолмади, бироқ бу ишни тақдир ечимига ҳавола қилишни маъқул кўрди.

* * *

Кекса фалак бу асов, эрка араб қизи олдига ўзининг махфий сирларини дур қилиб сочиб юборди.
Бу гўзал боғи анвор ичра ўзининг пайдо бўлишини шундай таърифлади:

Бас эй! Айёми гул ҳулёга ўхшар,
Чаман Аржанг каби иншога ўхшар.

Сабо Чин оҳуси мушкин уфурса,
Ажаб рамзу ажаб маънога ўхшар.

Булут йиғлар бўлиб Қайс, чунки у гулнинг
Эгнида либоси Лайлога ўхшар.

Тутар ашкига лола лаългун жом,
Дема жом, ул шафиқ маъвога ўхшар.

Қадаҳ ич тўхтамай, дунёсидан кеч,
Бу дунё ишқи зўр уқбога ўхшар.

Кийиб наргис кумуш гулбаргдин тож,
Хусравидек буюк подшога ўхшар.

Қабо киймиш магарким осмонранг,
Бинафша зоҳиди тарсога ўхшар…

Шу шеърни битиб, яна Суманни чорлаб, Бектошга етказишни буюрди.
Бу ғазалнинг сўнг байтининг маъносиёқ умрларга тенг эди. Бинафша оч мовий либос кийди, унинг бу либосни кийишдаги ихтиёри ўзида эдими? Йўқ, баҳор туфайли шундай бўлди. У мовий либоси билан само рангига тақлид қилди, шу қиёфасида зоҳиди тарсога ўхшаб қолди. Мен ҳам бинафша каби ишқ либосини кийган бўлсам, имонимни тарк этиб тарсо қизига ўхшаб қолдимми?
Мактуб Суман бурқаъси қатида ўз манзилига йўл олди. Бектош дедики:
– Оллоҳ-оллоҳ, бундай ажойиб сўзларни мен башар оғзидан сира эшитмаган эдим. Сен не-не ишларни кўра-кўра кўзи пишиб кетган ёсуман кампирсан, менга йўл кўрсат. Ёки тўппа-тўғри амир қошига бориб, бошимни кундага қўяйин-у, бор гапни очиқ-ойдин айтай.
Суман дедики:
– Эй жасоратли бек ўғли Бектош! Кошки сен бунинг мазмунини англаган бўлсайдинг! Лекин сени нега маломат қилайин, ахир даввора олимлари ҳам у маъноларга ета олмайдилар. Сен бу ишнинг аввалию охирига разм солсанг, муддаони англаган бўлгайсан. Бир гул чаманда очилсаю чаман унинг рангини олса ҳамда зоҳиди тарсонинг либосини кийса, – ахир, мовий ранг мотам тимсоли эмасми? – бунинг не эканини англамадингми? Фалак бу ишнинг бир чорасини рўпара қилмагунча сабр қил.

* * *

Бу орада тақдир ёйчиси яна бир кулфат ўқини камонга жойлаб, отишга шай турганди.
Ҳорис ибн Кааб саройдан ўз боғига қайтмоқда эди.
Ташқи ҳовлини Балх аҳли “берун” деб атайди. “Андарун”, яъни ички ҳовли аёллар, жориялар ҳамда канизлар қисми. Ички ҳовли чоғроқ бўлса-да, жаннат боғларидан кам эмас. Ҳар тараф гулу гулзор, Балх тути, Хуросон ўриги, нарида қашанги ангури дейилган қора узумлар, гилос, нок, олмаю бодомча ҳам гул очган, ифори ҳар ёқни тутган маҳал.
Робия баҳорий мушк иси анқиган шу сўлим боғда, кичик супада тонг-ла битган ғазалини Суманга ўқиб берарди.
Ғазал шундай эди:

Ки эй, боди сабо, боргил, гузар қил,
Чу мендан турки яғмога хабар қил.

Дегилким, ташнамен, уйқумни олмиш,
Олиб уйқум, мени ғамларга солмиш…

Шу маҳал амир ўз боғига кирди. Берунни бир кўздан кечириб, ғуломларга у-бу юмушларни буюриб, синглисидан хабар олгани андарунга йўналди. Чаман оралаб бир оз юргач, Робиянинг овозини эшитди. У ўқиган ғазал қулоғига киргани он маъноси онгида чақин ҳосил қилиб, ғазаб оловини ўша заҳоти ловуллатди. Мусибат ўқи нишонга аниқ тегди. Супага чопа келди ҳамда жон-жаҳди билан:
– Ҳой сен, гумроҳ, не дединг? – деб қичқирди.
Робия шеър оға қулоғига етганини ўша заҳоти англаб, таъзим қилиб айтдики:
– Отамнинг ёдгори оғам, бу шеър нега сизни бунча ғазабга солди?

Ки эй, боди сабо, боргил, гузар қил,
Чу мендан сурхи саққоға хабар қил.

Дегилким, ташнамен, уйқумни олмиш,
Олиб уйқум, мени ғамларга солмиш…

Яъни, бизга ҳар куни сув олиб келадиган мешкобчимиз Сурхи Саққо кеча келмади. Туни билан ташналикдан ёниб чиқдим ҳамда тонг маҳали шуни битдим.
Бу сўзни эшитиб, Ҳориснинг ғазаби бир оз босилди. “Мешкобчига ўн дарра урингиз!” дея изига қайтса-да, шубҳаси кетмади. Жориялардан бирига Робиядан кўз-қулоқ бўлиб туришини буюрди.

* * *

Азалдан фалак тоқига ёзилган ҳодисалар кетма-кет рўй беради.
Кунларнинг бирида мамлакатга Синд дарёсининг у ёғидаги эллар қўшин тортгани хабари келди. У қўшиннинг филлари ҳамда ўргатилган маймунлари бор эмиш. Лашкарбошисини “мақрач” дер эмишлар, чериги қизил салла ўраб, белига лунги боғлар эмиш.
Ҳорис ибн Кааб у қўшиннинг эгаси кимлигини, Хуросон устига қай мақсад ила юриш қилганини фаҳмлар эди. Бу ишни пухта ўйлаб, ақл тарозусига солиб кўриб, дедики: “Ҳар ҳайвон оловдан кўрққай. Уни учига мой шимдирилган латта боғлаб ёқилган ўқ ила ургайсиз. Аллоҳ тадбирлидир”.
Шоҳ Наср ибн Аҳмадга хабар бериб, кўмак юборишини сўраса-да, ёрдам етиб келишини кутмай, сабрсизлик билан қўшинни олиб чиқиб, жанг майдонига тизди. Ёв қўшини кўрингач, отлиқлар дарёсини улар устига оқизди.
Ҳорис қўшинининг асосий қисми туркийлар эди. Аввал ҳам айтганимиздай, улар – чаққон, от устида шамшоддай ўтирадиган, ҳеч нимадан қўрқмай, ўлимга типпа-тик бораверадиган жанговар аскарлардан иборат эди. Ҳориснинг айтгани бўлди, безатилган филлар устида беш-олти киши ўтириб олган ҳамда кичик камонларидан ўқ уза-уза келишарди. Филларнинг териси қалин бўлгани сабаб ўқ ўтмасди. Ҳориснинг тадбири иш берди, мой шимдирилган латта боғланган ўқлар ёндирилиб отилгач ҳамда филлар устидаги кажавалар ёна бошлагач, оловдан қўрққан у ҳайвонлар ўкира-ўкира ҳар тарафга қоча бошлашди. Митти маймунчалар филлар важоҳатидан қўрқувга тушиб митти кўзчаларини мўлтиратиб шафқат сўраб чийиллашарди. Шу талотўп асносида Ҳорис қўшини ёв устига селдай оқди.
Бу жангда Бектош ҳам бор эди. Бир қанча ёвни йиқитиб, саваш-сўқишда ўзининг ҳам бошига ўқ тегиб, отидан йиқилганида тўсатдан унинг тепасида юз-кўзини рўмол билан ўраб олган кимдир пайдо бўлди. У Бектошни даст кўтариб, отига ўнгарди-да, жанг майдонидан четга олиб чиқиб, ерга ётқизди, қақраган лабларига сувдонидан сув олиб тутди. Ўша ердаги кишилар чопиб келишаётганини кўриб, яна ўша шиддати ила оти­га сакраб минди-да, ҳануз давом этаётган жангу жадал тўзони орасида кўздан йўқолди.
Бу орада Наср ибн Аҳмад ўн минг кишилик қўшини билан етиб келди. Жанг амир Ҳориснинг ғалабаси билан тугади. Бебош ёв сон-саноқсиз жонсиз аскарини майдонда қолдириб, шарманда бўлиб ортига қочди.
Ўликлар йиғилиб, майдондаги қурол-яроғлар терилиб, ярадорлар араваларда ўрдугоҳга олиб келинганида, жанггоҳда тўсатдан пайдо бўлган номаълум аскарни эслаб қолишди. Бироқ у аскар ерда ҳам, кўкда ҳам йўқ эди. Уни ҳеч ким танимади, кимдир ҳатто кўкдан тушган малак бўлса керак, деб хаёл қилди ҳамда шундай деди: “Эй сен биродар, фариштани сиймосиз дединг, сиймосини кўрмадинг, бироқ у килган барча ишларни нечук тан олдинг? Оламда сенинг нигоҳингдан махфий қанча ишлар рўй бермоқда, уларни кўрмаганинг учун йўқ дея оласанми?”

* * *

Бектош жангда яраланганидан буён Робия ҳам ўқ еган қушдай типирчиларди.

Ул бошким, сарвари тожи кибордир,
Не истар унда ўқ, унга не бордир?

деб фиғон урарди.

Не бўлди сенгаким, қонларга ботдинг,
Мени бу чорасиз ғамларга отдинг?

Ғамингда шам каби андоқ куярмен,
Кўзимдан сел каби ёшлар қуярмен…

Доя Суман мактубни олиб яна йўлга чиқди. Бектош бир чодирда ётар, бошида табиблар парвона эдилар. Фурсатини топиб, мактубни унга топширди. Бектош уни ўқигач, дедики, “Агар бошимда бир яра бор, вале қалбимда минг яра бор. Бу оламда менга бир ҳабиб-маҳбуб йўқ, якка-ёлғиз эдим. Ўзининг марҳамати билан мени султон қилди. Бундан ортиқ саодат борми?”
Сўнг доядан сўради:
– Қалбиму бутун вужудим унга интилмоқдадир. Ой юзини бир кўрмоққа, қўлларидан бир тутмоққа зору интизорман. Сен ундан сўра-чи, нега ёниқ сўзлари билан ўзига ошиқу шайдо қилди, аммо мен билан хилватда бир кўришишга рози бўлмади?
Суман жавоб қилди:
– Ҳой гумроҳ! У Аллоҳу акбар измидан сира чиқмагай. Унинг сенга бўлган ишқи буюк ишққа баҳонадир. Сенга шу бас эмасми? Шундай сирдан огоҳ қилса-ю, сен унга тамаъ қиласанми?
Бектош деди:
– Дегилки, марҳамати мени ҳаётга қайтарди, бундан сўнгра ёруғ оламда у бор эса, мен ҳам бордирман, вале у йўқ эса, ўша заҳоти мен ҳам йўқ бўлгайман!
Шундай деб, бу мактубни ҳам бошқа мактублар кўзининг оқу қорасидай сақланаётган сандиғига солди.

* * *

Қайда оташ ёнса, сира махфий қолмас. Ичдан қизий-қизий, қирмизи гулхан бўлиб лов-лов ёнгайдир, аввал ўзини, сўнг теграсидагиларни куйдириб кул қилгайдир.
Уруш сабабли шоҳ Наср ибн Аҳмад ҳам Балхга келган ҳамда ғалаба нашидасини тотиб, ўлка гўзалликларига маҳлиё бўлиб бир қанча муддат шу сўлим маконда қолиб кетган, ҳатто Балхни пойтахт қилиш хаёлига борган эди. Бундан унинг аъёнлари хавотирга тушиб, Абу Абдуллоҳ Рудакийга ўтинишдики, шоҳга Бухоро таърифини қилгайсиз, шундай таъриф қилингки, амир Балхни тарк этиб, Бухорога қайтсин дея.
Абу Абдуллоҳ Рудакийнинг эътибори шоҳ наздида ғоят юксак эди. Шундан сўнг у ўзининг машҳур “Қасидаи Бухоро”сини битди ва шоҳ ҳукмига ҳавола этди. Қасида чанг созининг ушшоқ навоси йўлида битилган бўлиб, шундай эди:

Жўйи Мўлиён иси келгай буён,
Эсга тушгай ёди ёру меҳрибон.

Ҳам Амунинг қумлари, қумлоқ йўли,
Пойимизга ёйилур бахмалсимон.

От белидан паст тушар Жайҳун суви,
Дўст висолини хаёл қилган замон.

Эй Бухоро, шод бўл, мангу яша,
Шоҳ борур бағрингга яйраб шодмон.

Шоҳ агар ойдур, анинг осмони – сен,
Ой борур осмон – Бухорога томон.

Шоҳ агар сарвдур, унинг бўстони сен,
Сарв борур бўстон – Бухорога томон…

Шоҳ уни ўқиб беҳад мутаассир бўлди, кўзларидан дув-дув ёши оқиб айтдики: “Бу қасидани ўқигач, Бухорога ялангоёқ кетишга ҳам розиман”. Рудакийга икки минг динор совға қилди ҳамда ғалаба нашидаси боис пойтахт Бухорода улуғ зиёфат тузишини маълум қилди.
Абу Абдуллоҳ Рудакий кўнгли юмшоқ киши эди. Ўша куни у аввал маъжусийлар ибодатхонаси бўлиб, кейинроқ масжидга айлантирилган “Етти гумбаз” масжидини зиёрат қилди. Ундан чиқиб, нуқра томчилар сачратиб оқаётган Балх дарёси бўйлаб келаркан, сўлим бир боққа кўзи тушди ҳамда ёнидагилардан унинг кимнинг боғи эканини сўради. Кишилар унинг Каабга тегишли эканини айтишгач, “Ё Аллоҳ! Ахир, амир Каабнинг бир қизи бор эди, башар кўрмаган ажойиб ғазаллар битарди. Ҳол сўраб ўтсам гуноҳ бўлмас”, дея боғ дарвозасини тақиллатди. Берун эшигидан чиққан ғуломга ўзини таништириб, муддаосини баён қилди. Ғулом бир оздан сўнг қайтиб чиқиб, Робия бинти Кааб девор ортига келишини, доя орқали сўзлашишини айтди. Абу Абдуллоҳ Рудакий Робия келганини билиб, ундан ҳол-аҳвол сўради, ғазаллари билан қизиқди. Шунда ярадор Бектошни ўйлаб ичу таши куйиб турган ҳамда ота қадрдони ташрифидан севинган Робия бир байт айтди, байт шундай гўзал эдики, Рудакийнинг эси оғди, уни ўша заҳоти ёдлаб олиб, Кааб хонадонига садоқатини изҳор қилиб хайрлашди.
Шундан сўнг шоҳ Наср ибн Аҳмад ўз қўшини билан бирга Бухорои шарифга азимат қилди.
Рудакий йўл-йўлакай у ғазални хаёлан такрорлар ва ақлига ишонмас эди. Араб шеърида бундай фасоҳатга эришиш умри шеър ила кечганларга ҳам насиб этмаган. Шоир шеър жилваларидан ҳамда сўз бўстонининг гўзаллигидан беҳад завқланарди.
Бир неча кун ўтиб, зиёфат соати етиб келди. Унга қўшни салтанатлардан ҳам олийнасаб киборлар чорланган, ҳар кимга ўзининг муносиб ери, хизматчилари тайин қилинган эди. Ҳарир Чин пардалари тутилган шийпонларда созандалар бирин-кетин алмашар, Шероз сози ўрнини гоҳ Дамашқ қонуни, гоҳ Рум зурнаси садолари олар, удчи удини шундай чалардики, кўкда учиб кетаётган қушлар тўхтаб қоларди. Май қадаҳлари бирин-кетин чархи даввора каби алмашиб турарди. Бунда оқиллар девона, девоналар эса оқиллик даъво қилишарди. Масхарабозлару ҳуққабозлар ўзларининг ҳунарини намоён этиб шоҳ назарига тушишга интилишарди.
Шоҳ зиёфатида шоирлар сон-саноқсиз эди. Ҳар бири юлдузликка даъво қиларди. Шу базму жамшид аро Рудакийга ўтинишгач, у бир неча кун аввал ёдлаб олган шеърини шундай ўқиди:

Ошиқлигимни оё, сен фитнаси мусалсал,
Дерсен гуноҳ, на дерсен, сўрса далил ал-Азал?

Жаннат недир сенингсиз, дўзах сенинг-ла жаннат,
Сенсиз асал ҳам заҳар, сен бирла оғу афзал.

Ҳуснинг-ла кибр этурга андиша қил, тўлин ой,
Пинҳона ўлса мумкин сунбул аро мукаммал.

Йўқ иштибоҳ, демишлар дониш эли, муҳаққақ:
“Фаман таккабур явман фи баъд из-за зал”.

Бу ғазални эшитган шоирларнинг бари ҳайрат бармоғини тишлаб қолишди. У ғазалдан сўнг ҳеч ким бошқа ғазал ўқишга ботинолмади. Барча бу ажойиб санъат кимнинг қаламига мансуб эканини сўрашарди.
Шунда Абу Абдуллоҳ Рудакий:
– Эй шоҳлар шоҳи Наср ибн Аҳмад олий ҳазратларининг аъёнлари, лашкарбошилари, ботирлари, беклари, олимлари, боёнлари! Тингланг, тупроғингизда олтин гул унди! У – амир Абдуллоҳ ибн Каабнинг қизи Робиядир. Жаҳонда иккинчи Робия Адавия кабидир. Бир туркий хизматкорга ошиқ бўлиб, шундай ўтлиғ шеърлар битадир! Унинг шеърини эшитган шеърият арслонлари мушукдек бўлиб қолгайлар, миёвлаб ўзларига афв сўрагайлар. Унинг шеъри қаршисида назм бургути чумчуқ кабидир.
– Зайнул-араб! Зайнул-араб! – деб қичқиришарди ўздан кетган кишилар.
Шоҳ зиёфатида Ҳорис ибн Кааб ҳам бор бўлиб, Рудакий унинг бу ерда эканидан бехабар эди. Ҳорис ибн Кааб мақтовларни эшитгани сайин­ қовоғи уйилиб, дам-бадам қўли биқинидаги ханжар дастасига борарди. “Бас қилинг! Номаҳрамни мақтамоқ ҳамда у битган шеърни ўқимоқ қай шариатда бор?” деб ҳайқиргиси келса-да, у қичқириқ бўғзидан нари ўтолмасди. Синглисини мақташганида Ҳориснинг ғазаби ўзанидан тошиб чиқди. Ор-номус ўтида чунон ёндики! Шармандаликдан ерга киргудай бўлса-да, ўзини мастликка солиб, ҳеч нимага эътибор бермагандай кўрсатди. Сўнг Бухорода қолишга ортиқ тоқати етмай, ўша заҳоти Балхга жўнади.
Етиб келиб, ўз боғига кирганида ташқи ҳовлидагилар унинг авзойини кўриб тумтарақай қочишди. Ўша важоҳати ила ички ҳовлига кириб борди.
– Робия! – деб қичқирди у, кўз олди қоронғилашиб.
Наргис қабоси ила настарин рўмолини бошига сола чопиб чиққан Робия акасининг авзойини кўриб, катта қора кўзлари хавотирга тўлиб, сўради:
– Эй ота-онамнинг ўғли! Сизга не бўлди?
– Бу беюзликни нечун қилдинг? Нечун у кекса шоир ила сўзлашдинг? У ғазалда кимга хитоб қилдинг?
Робия Ҳорис ғазабининг боисини дарҳол англаган, шу сабаб унга “Эй ота-онамнинг ўғли” дея хитоб қилиб, ўзининг заифа бир сингил эканига ишора қилган эди.
Бироқ Ҳорис буни англар вазиятда эмас эди.
– Отамнинг дўсти… – дея олди Робия.
– Ота дўсти номаҳрам саналмасми?
– Оғойи, мен у улуғ киши билан сўзлашмадим, – деди Робия. – У ўз сўзларини Суманга айтди, Суман менга етказиб турди. Мен у билан етти қават девор ортида, етти қават парда остида туриб сўзлашдимки, сасимни ҳам эшитмади.
– Сасингни эшитмади, бироқ қалбингни тинглади! – деб ҳайқирди Ҳорис. – Билиб қўй, эй отамнинг ақлсиз ёдгори! Ташинг номаҳрам эса, ичинг номаҳрам эмасми? Айт, бу нидо дафтари кимга атаб битилди?
Бўлар иш бўлган эди.
– Сен менинг мағрур бошимни эгдирдинг, номусларга ўлдирдинг! – деди Ҳорис ибн Кааб.
Синглисига ортиқ сўз қотмади, қайрилиб унинг ёнидан кетди ҳамда боғда бир оз тентираб юриб, болалигидан таниш ҳаммом олдидан чиқди. Кўп ўйланиб ўтирмай, унинг ичига кириб, беркиниб олди.
Салқин ҳаммом уни бир оз тинчлантирди. Бу ерга ташқаридан товушлар кирмас, сув ва зах иси келиб турарди. Ҳорис муздай мармарга кўксини бериб ётди. Ёдига болалигида рўй берган нохуш воқеалар, маломату ҳақоратлар тушиб, алам ва пушаймондан юм-юм йиғлади.
Ҳорис ҳаммомда экан, хосдаги Робия Суманга деди:
– Фурсатини топиб оғойимга билдиринглар, ортиқ бу ишни махфий тутишни истамайман.
– Акангизга билдирсак, барчамизнинг бошимиз кетгайдир, – деди доя Суман. – Сизга аввал айтган эдим, энди ҳам айтаман – унутинг уни. Қонун доруғаси, шариат ҳимоячиси хонадонидан бундай иш чиқиши маломатга сабаб бўлгайдир.
– Мен гуноҳ содир қилмадим, Тангримнинг бир қулига кўнгил бердим, холос, – деб жавоб қилди Робия. – У билан ҳатто сўзлашмадим. Акамга айтинг, Бектошни озод қилсин ҳамда мени унга берсин. Мен ўз ҳурриятим доирасида сўзламоқдаман.
– Маликам, мен бу сўзни оғойингизга айта олмайман, – деди Суман, дағ-дағ титраб. – Чунки ғазабланган ор-номус арслони барчамизнинг устимизга етиб келиб, панжа уришга чоғланди. Хизматкорларингизнинг бир қошиқ қонидан кечинг, бироқ ўтинаманки, сиз ҳам бу ҳақда сира оғиз очманг.

* * *

Ҳорис ибн Кааб саройга кириб келди.
Амирул-мўъмининнинг феъли бузуқлигини кўрган ҳар ким четланиб йўл берарди. Ҳорис ўз ҳузурига шайхулисломни чорлатди. Шайхулислом етиб келгач, такаллуф қилиб ўтирмай, ўша заҳоти ундан сўради:
– Бир уйда турмушга узатилмаган болиғ заифа бўлса, отаси вафот қилса-ю, оғасининг қўлида қолса, заифанинг масъулияти кимда бўлгай?
– Оғасида бўлгай, – деб жавоб қилди шайхулислом, гап нимада эканини дарҳол фаҳмлаб. Чунки Кааб хонадонидаги гап-сўзлар аллақачон ҳар тарафга ёйилиб бўлган, уни шайхулислом ҳам эшитган эди.
– Бу ўринда заифанинг ҳурлиги қайгача-ю, оғойининг ҳукми қай ергача?
– Заифанинг ҳуррияти шуки, ўзи истаганини маълум қилиш ҳуқуқига эга, – деб жавоб қилди шайхулислом. – Шу боисдан, ҳар ҳолатда заифадан истаги бор-йўқлиги сўралгай. Бу ўринда сўровчи хоҳ шоҳу хоҳ ҳукмдор бўлсин, заифа истамаса, зинҳор мажбурланмагай.
– Оғойининг ҳукми-чи?
– Оғойи унинг ҳимоячиси, бошидаги соябони, номусининг қўрғонидир.
– Оғойига жазо ҳаққи берилгаймидир?
– Ҳа, ота ўрнида қолгани учун айб қилса, жазо ёки ҳад бериш оғойининг ҳуқуқидир.
– Уни турмушга узатса-чи, оғойининг ҳуқуқи не бўлгай?
– Заррача ҳуқуқи қолмагай, – деди шайхулислом. – Фақат қони бир экани, ота ёдгори деган рутбаси боис ҳурматлангайдир. Бу шундайки, хожаси “Оғанг уйга кирмасин” деса, у уйнинг остонасидан бир одим ҳам ўтолмагайдир.
– Тушундим, – деди Ҳорис баттар тундлашиб. – Энди айт-чи, бир қулнинг ҳуқуқи не бўлгай?
– Қул тамомила хожасининг изнидадир. Истаса озод қилур, истаса қуллигича қолдирур. Бироқ ҳар доимо адолатини жорий қилгайдир.
– Тушундим, боравер, – деди Ҳорис ибн Кааб.
– Эй Абдуллоҳ ибн Каабнинг шон-шарафли ўғли! – деди шайхулислом. – Отангиз ҳам, сиз ҳам Аллоҳнинг дини учун кўп ишлар қилдингиз. Ғазабингиз қайнаб-тошаётганини кўриб турибман. Худо ҳаққи, ўзингизни қўлга олинг.
– Ҳаддингдан ошма! – деб жавоб қилди Ҳорис. – Сен бор-йўғи шайхулисломсан. Сен Тангрининг олими эсанг, мен унинг қиличидирман!
Мўътабар сулоланинг қизи туркий бир ажамга кўнгил қўяр эканми? Бу не ишки, қулни озод қилиб, ҳур киши сифатида синглисини унга берсин? Араб ажамга қачон қиз берибди? Орасидан пайғамбар чиққан сулола кимлиги ноаниқ бир кишини ўз қонига қўшар эканми?

* * *

Шундан сўнг яна бир иш содир бўлдики, у ишни билгач, буларнинг бари ҳақиқатан ҳам тақдир ўйини эканига ишонч ҳосил қиласиз.
Бектош бўлугида зоту наслининг тайини йўқ бир навкар ҳам бўлиб, у худбинлару шуҳратпарастларнинг энг тубанларидан эди. Бутун фикру ўйи амир назарига тушиш эди, унинг саховатидан баҳраманд бўлиш учун ҳар ишдан тоймасди. Чунки шоир айтгани каби, “У назар қилса, бойқуш ҳам булбулга айланур”. Бектошнинг амир чаргасида обрўси ошгандан-ошиб бораётганидан аламзада бўлган шу навкар бир куни Бектошнинг кичик сандиғини доим авайлаб юришига диққат қаратди. Ҳирсу ҳавас шайтони унинг нотоза қонида югурди, онгига кириб олиб, у сандиқда қийматли дур-жавоҳирлар бўлса керак, деб шивирлади. Навкар ҳасад бармоғини тишлай-тишлай, ўз кулбасида гир-гир айланди, ҳасад ўтига чидаёлмай, сандиқни ўғирлаш режасини тузди. Ниҳоят бир куни Бектош саройга кетгани маҳал туйнукдан ичкари кирди, ашёлар орасида яшириб қўйилган сандиқни топиб, бир амаллаб очган эди, ичида бир қанча ўроғлиқ қоғоздан бошқа ҳеч нима йўқлигини кўриб фиғони фалакка етди. Шу дамда фалак масхарабози унинг қўлига Робиянинг биринчи мактубини тутқазди, у киши ўрамни очиб кўриб, суратдаги Робияни дарҳол таниди, шеърни ўқигач эса, гап нимада эканини англаб етди-да, қувонганидан сакраб юбораёзди. Ҳа, бу дуру жавоҳир уни амир саховатига элтувчи пиллапоядан бўлак нарса эмас эди. Ғазалларни олиб амир ҳузурига ўқдай учди.

* * *

Ҳар ишга адолатни жорий қилмоқнинг йўли қандоқ бўлсин?
Ҳорис ибн Каабнинг боши қотган эди.
Онги унга “Хиёнат содир бўлди” деб қичқирар, интиқом шайтони тег­расида қуюндай ўралашарди. Ҳа, суюкли сингил ила ҳақир қул ундан яширинча тил бириктиришибди. Ҳорис ҳар иккисига ҳам шоён ишонган, садоқатига заррача шубҳа қилмаган эди. Бироқ унинг кенг кўксига кетма-кет ханжар санчилди, бирини ўз синглиси, бирини ишончли навкари Бектош урди.
Агар бу иш шундай давом этса, Мовароуннаҳру Хуросонда Ҳорисни энг ҳақир кишилар ҳам мазахлаб кулгайлар. Бу ишнинг ечими не? Инсон қадру қиймати шунчаларки, гуноҳкорнинг жазоси бир тиғ уриш билан хотима топади, бошлар қуйига юмалайди. Бироқ томирида бир отанинг қони оқаётган жону жигарга қандай жазо берилсин? Ҳорис ибн Кааб уйи­га келиб-кетар, ҳеч ким билан сўзлашмасди. Авзойи тобора тундлашиб борар эди.
Ҳасадчи навкар амир ҳузурига шу вақтда етиб келди. Аввалига унга ичкарига киришга изн беришмади, ҳайдаб юборишди. Навкар амир синг­лисига алоқадор муҳим бир сирни билишини айтгач, Ҳорис уни ичкари олишларини буюрди. Навкар Ҳорис ҳузурига чувалчангдай судралиб кирди, ер ўпа-ўпа, ўзининг амирга шоён садоқатидан, унинг ор-номуси йўлида жонини фидо қилишидан ва шунга ўхшаш нарсалардан роса валдиради, сўнг битикларни икки қўллаб тутқазди. Амир уларни очиб кўргач, ҳамма ишни тушуниб етди.
– Бу сотқиннинг тилига чўғ босингиз! – деди жаҳл билан. Зоҳиран хиёнат учун жазо белгилаган бўлса-да, аслида навкар бу сирни бировга айтиб қўйишидан, улусга ёйилиб кетишидан хавотирланди.
Робия ички ҳовлидан ҳеч чиқмас эди. Акаси билан ҳам ортиқ сўзлашмади. Дедики:
– Модомики шундай экан, унга айтинг, мени тириклай ерга кўмсин!
Илми бўлса эди, Ҳорис ибн Кааб бу сўзнинг мазмунини англаб етган бўларди. Чунки Робия рисолат аввалида норасида қизалоқларнинг тириклай ерга кўмилиши воқеасини эслатди. “Тириклай кўмилган ҳар бир қиздан қандай гуноҳ сабабли ўлдирилгани сўралганида” қавлини келтириб, ўзининг гуноҳсизлигига ишора қилди. Шунингдек, унинг бу сўзида “Агар сенинг наздингда гуноҳкордай кўринаётган бўлсам, ўзингни қўлга ол ҳамда истиғфор айт, ахир, кўрмадингми, Тангри таоло имон келтирганлар ўтмишидаги ўша даҳшатли гуноҳларни ҳам афв қилиб юборди” деган ҳамда бошқа яна бир қанча маънолар мавжуд эди. Бироқ Ҳорис буларни қандай англасин? Бу муборак дин заифаларнинг ҳақ-ҳуқуқини мукаммал қилиб берди, бироқ Ҳориснинг калласига сулоласининг ор-номусидан бошқа нарса кирмас эди.
Бу орада махфиячи жория Робия битган яна бир ғазални амирга келтирди. Амир уни ёйиб кўз югуртиргач, гўё бошига тоғлар йиқилди, кўз олди қоронғилашиб, шундай наъра тортдики, ҳар кас тумтарақай қочди.
Робия битган эди:

Эй! Сени ҳам бир менингдек ошиқ этсин Раббано!
Тошдилу номеҳрибонга айласин зору гадо.

Токи дарди ишқу ҳажру ғамки, заҳрин тортқасен,
Токи ошиқ қадрини шунда билурсен ишқ аро.

Ҳорис бошини чангаллаб анча ўтирди, сўнг:
– Робияни чорлангиз! – деди бўғиқ овозда.
Робия оғойиси ҳузурига аввалгидек таъзим қилиб кирмади. Бошини тик кўтариб, мағрур кириб келди.
– Сулоламиз юзини ерга қаратдинг! – деди Ҳорис, бўғиқ овозда, Робияга қарамай.
– Тангрим олдида юзим ёруғдир! – деб жавоб қилди Робия.
– Мен сулоламиз, дедим!
– Мен Тангрим дедим!
– Ўз-ўзингга ҳукм ўқидинг, энди бу ишнинг гуноҳи мендан кетди! – деди Ҳорис. Сўнг ғуломларга буюрди: – Ҳаммомни ўтдай қиздиринг, буни ичкарига ташланг! Жаҳаннам азоби қандай бўлишини билиб қўйсин! Анави қулни эса қудуққа отинг! Мен ҳали унинг кўзига мил торттириб, оёқ-қўлини тескари кестириб, инсон ақли етмас қийноқлар ичида ўлдиргайман!

* * *

Бектошни уриб-сўкиб, зиндон ёнидаги суви қуриб қолган қудуққа ташлашди.
– Мен не қилдим?
– Ўзинг билмайсанми? Амирнинг синглиси билан сўзлашибсан?
– Худо ҳаққи, бир оғиз сўз айтганим йўқ!
– Ёлғон сўзлама!
– Мен сира ёлғон сўзламайман!
Бектошнинг сўзлари рост эди. У Робияга бир оғиз сўз қотмади. Робия ҳам Бектош билан сўзлашмади. Бироқ оламда яна бир луғат бор, Ҳорис шубҳасида ҳақ эди: Робия ўз қалбининг титроқларини қоғозга тўккан эса, Бектош сўзларини унга Суман етказган эди.
Ҳукм ижро этилди.
Ҳориснинг синглисига берган жазоси ҳад, яъни адаб ўрнида эди. Шу боис у ерда бир қанча муддат қолсин, сўнг чиқариб олингиз, оловни куйдирадиган даражада ёқмангиз, деб айтган эди. Лекин Ҳорис бу ҳукмининг заифлигидан хомушланди. Балхда турли миш-мишлар урчиб кетди, воқеани ўз кўзи билан кўрмаган, ўз қулоғи билан эшитмаган қанчадан-қанча кишилар амирул-мўъминин синглисининг бу ишидан лол қолиб сўзлашарди. У бу сўзларга ақли гоҳ ишониб, гоҳ ишонмас, онги дам ёришиб, дам ғазаб олови ўраб олар, елкасидаги шайтон “Ўлим! Ўлим!” деб қулоғига шивирларди.
Шундай бўлди, олов ёқилди. Робияни ичкарига қамаб, ҳаммом эшигига киши чиқолмас қилиб қулф урилиб, тамбалаб ташлашди.
Ҳаммом ўчоғига болут, ханжак деган узоқ ёнувчи ўтинлар қалаб, оловни гуриллатиб ёқишди.
Бироқ ичкаридан улар кутган сас-садолар, тавба-тазарру ёлворишлари келмасди. Ҳаммом қизигани сайин жимжитлик орта борарди.
Бу иш пешин вақти содир бўлди. Тоқати тоқ бўлган Ҳорис ибн Кааб аср вақтида ҳаммом эшигини очишларини буюрди.
Эшик очилди.
Кирганлар турган жойларида қотиб қолишди.
Балх тоғларининг эрка кийиги, отасининг омонати, шеърият осмонининг юлдузи, фасоҳат ҳамда нафосатда эркаклар устидан кулган Робия бинти Кааб ўз томирини кесиб, ҳаммом деворини лолагун ғазаллар билан тўлдириб ташлаган ҳамда настарин қабосини жойнамоз қилиб тўшаб, сажда қилган ҳолича жонини Ҳаққа топширган эди.
У бош қўйган жой юқорисида, нафас олиб бўлмас жаҳаннам оташида қон ила битилган шу ёзувлар қирмизи тус олиб, иссиқда қотиб қолган эди:

Жаҳони ишқ аро уч йўл эрур чун,
Бири оташ, бири кўз ёш, бири хун.

Берармен бўйлаким оташга бардош,
Кўзимдан гаҳ қон томгай, гаҳи ёш.

Тилармен, ўт мени ёндирсин асру,
Вале жонимдасан, ўт ёндирурму?

Ҳорис ибн Кааб синглисига берган ҳад жазосининг бундай хотима топишини кутмаган эди.
Шунингдек, яна бир ҳолат унинг ақлига етиб келмади: инсон вужудини қайноқ қон тарк этаркан, тана совий боради. Шу сабабли, Робия чеҳрасида азобли қийноқдан асар ҳам йўқ, муз вужудга жаҳаннам оташи ўз ҳукмини ўтказа олмаган, оқ чеҳраси ўзи севган нилуфарлардай бўлиб турарди.
Буни кўрган барча аччиқ-аччиқ йиғламоқдан ўзини тиёлмас, жориялар ҳам, қуллар ҳам ҳўнграб йиғлашарди.

* * *

Ёзуқлар бўлсин сенга, эй Ҳорис ибн Кааб! Отанг адолат қуёши эса, синглинг фасоҳат тўлин ойи эди. Эй воҳ, қуёшу ой бирдай ботди. Бу ажойиб зилол қора ерга сингиб кетди. У асирни озод қилсанг-у, бек даражасига кўтарсанг, синглингни унга берсанг-у, умринг охиригача уларнинг иззат тўрида юрсанг не бўлгай эди? Мана энди, боғингнинг у ажойиб гули қора тупроққа қоришиб, чаман ўз илоҳасидан, жаҳон ўз мушкидан маҳрум бўлди. Йўқ-йўқ, нега мушк бўлсин, ахир, у зийнат эди-ку? У зийнатни кимдир келиб, ўзи билан шундай диёрларга олиб кетдики, уни энди ҳеч кимса кўролмайди! Жоҳилият Ҳориси яна бир қизни ерга тириклай кўмди! Устида ҳукм қиличини ўйнатди, ғазаб манжанағига солиб, жазо оташига отиб юборди.
Фалак кажрафторининг сўнг иши шу бўлди. Робия бинти Каабни тупроққа берар эканлар, Бектошнинг қудуқдан чиқиб қочгани хабари келди. Ҳорис ҳар ёқни тинтиб, уни излаб топишни буюрди. Бироқ Ҳориснинг сўқир ақли яна узоқни кўролмади. Туркийнинг мағрур ўғли бу ишни шундоқ қолдирсинми? Кишилар Бектошга Робиянинг ўлими хабарини етказишганида, фотиҳ султон лашкарининг бургути, не-не ўлимларни писанд қилмаган шу йигит ҳушдан кетиб йиқилди, ўзига келгач эса, ёқасини йиртиб шундай фиғон кўтардики, атрофидагилар ҳам унга қўшилиб зор-зор йиғладилар. Шундан сўнг Бектош кескир қиличини қўлига олди, Балх кўчаларидан от суриб бориб, қаршисидан чиққан қўриқчилару бекларни хасдай сочиб юборди. Ҳорис ибн Кааб уйига тўфондай бўлиб кириб келди. Ҳорис ибн Кааб уни кўриб:
– Сен, эй қул… – деган эди, Бектош қаҳру ғазаб билан ҳайқирди:
– Ҳой аҳмоқ! Туркийдан қул чиққанини қайда кўрдинг?
Шундай деб, унинг бошини танасидан жудо қилди. Сўнг, ақлдан озган каби, кесилган бош қаршисида ўтириб, яна ҳўнг-ҳўнг йиғлади. Шундай қилиб, Ҳорис ибн Кааб ҳам Тангри таоло адолати сари йўл олди.
Бир сулола ер юзидан мана шундай супурилиб кетди.
Бектошнинг ёруғ оламдаги сўнгги иши шу бўлди. Фалак муншийси ниҳоят бу ишлардан қаноат ҳосил қилиб, мусибатлар ва тасодифлар оқимини Кааб сулоласи ирмоғига қўшиб “Зам! Зам!” дея тўхтатди, зеро, араблар ўз туяларини шундай деб тўхтатишади. Сал аввал Робия умр Замзамининг суви ҳам худди шундай тўхтаган эди. Ҳодисалар туяси ўз манзилига етиб келди, унинг устидаги юк эса нақ ажал юки бўлиб чиқди.
Бектош Робия бинти Кааб қабри устига борди, унга ўзини ташлади, кўзидан ёши дарёдай оқиб тазаррулар қилди. Ер остида ётган настариндай пок Робия унинг келганини билдимикин? У дунёдан ким хабар олақолибдики, Бектош олсин? Булар устида энди ажал куйчиси ўз рубобини чалди, истаган оҳангига ўйнатди. Не ажабки, шу ердаги яшил маъво аро хунхор гўдакдай бўлиб, бир дона қизғалдоқ униб чиққан экан. Шундан сўнг Бектоши замон ҳам ўша қўнғир ер узра ўз жонига қасд қилди.

* * *

Оламлар Парвардигорига ҳамду санолар бўлсин! Унинг расулига – икки дунё саодати хабарчиси бўлмиш коинот сарварига салавотлар бўлсин!
Олимлар имоми, қуддуса сирруҳу Фаридуддин Атторга саломлар бўлсинки, бу ҳикоятни ғоят гўзал тарзда англатди ҳамда авом кўзидан махфий сирларини ошкор қилди, ўткинчи кўз билан эмас, имон кўзи ила қаратди ҳамда мажозий ишқ рўёбини мукаммал билдирди.
Шоирлар сарвари Авфийга саломлар бўлсин, ки ул “Аржанги Моно”ни ўз “Луббул-албоб”ида шундай таърифлади: “Каабнинг қизи, заифа бўлишига қарамасдан, донолиги ила дунё эрларининг устидан кулди. Икки жанг майдонининг сувораси ҳамда ҳар икки сўз майдонининг маликаси эди – араб абъётида қудратли ҳамда форсий шеърида тенги йўқ устоз эди…”
Яна, Абдураҳмон ибн Жомийга саломлар бўлсин, Робиянинг кўзёшларга, оловларгаю қизил қонларга чулғанган абъёти унинг юксак эътиборига сазовор бўлди, лойиқ бўлмаса, сазовор бўлурми эди?
Туркий абъёт боғининг кишвари Ризоқулихонга саломлар бўлсин, “Бектошнома”ни ёзди, жоҳил кишиларга ошиқлару орифлар мақомини билдирди ҳамда сулолалар муқаддаслиги аро қаро ердан қизил қондай бўлиб униб чиққан бир гулдан ҳикоя айлади.
Умрлар денгизининг бебаҳо дуру жавоҳири, олам зийнати Робия бинти Каабнинг мусаффо руҳига саломлар бўлсинки, инсонлар дин учун эмас, дин инсонлар учун эканини ўз қисмати ила англатиб, барчанинг устидан кулиб кетди.
Шунингдек, унинг падари бузруквори, фотиҳул-мўъминин Абдуллоҳ ибн Каабга саломлар бўлсин, у бир саховат дарахти эса, фарзандлари унинг шохлари каби эдилар. Шўрлик отанинг гуноҳларини Тангри таоло афв айласинки, бир шохида булбул сайраса, бошқа шохида қузғун макон айлади.
Ҳамда унинг шафқатсиз, заиф ўғли Ҳорис ибн Каабга…
Не тонгки, иш шу ерга келганида қалам синди, сиёҳ тугади. Ҳорис ибн Каабга атаганимиз дилимизда қолдию тилимизга чиқмади.
Яхшиси, “Зайн-ул-араб” деб ном олган, гўзал руҳи қора ер зулматидан само сари нурдай отилган соф қалбли Робия бинти Каабнинг сўнг сўзларини эслай қолайлик:

Кўзим ёши ила ёр пойин ювармен,
Қизил қоним-ла қўл жондин ювармен.

Бу қонимдан тунимни кун этармен,
Ҳама ошиқ юзин гулгун этармен.

Бу оташдан ёнишлар ичра ҳар он,
Этарман етти дўзахни намоён.

Бу кўз ёшимки, тўфондир талотум,
Берурмен селу ёмғирларга таълим.

Бу қонимданки чун дарё этурмен,
Шафақларга қизиллик ўргатурмен.

Бу оташким менинг жонимдадур, бас,
Жаҳаннам ўтлари андин олур дарс.

Не дуч келса ёқиб кул этди оташ,
Кўнгилда ёр хаёли қолди яккаш.

Юрак қонимни, эй офтоб жамолим,
Симирдинг бўйлаким, бўлсин ҳалолинг.

Насибим келди ашк, оташ ва қондин,
Ки мен дилхаста кетдим бу жаҳондин.

Менга сенсиз ҳаёт маҳшар, қиёмат,
Кетармен энди бас, сен бўл саломат…

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2019 йил 9-сон