Исажон Султон. Биби Салима (ҳикоя)

Биби Салима бир кўкаламзор қишлоқда яшайди.

Қишлоқ катта эмас, аммо ҳар ҳовлисидаги манзара ўхшаш.

Кўчалари тупроқ, уйлар олдидан ариқда сув ўтган. Ариқ бўйида қад кўтарган зич оқтерак япроқлари шитирлаб туради. Баъзиларининг олдида яшил тўфондай бўлиб супургилар бўй чўзибди. Аслида у бурганнинг бир тури, халқ дасталаб бойлаб, супурги қилиб ишлатади.

Биби Салиманинг уйига кириб борсангиз, чапда айвонли чоғроқ иморатни кўрасиз…

Этакроқда янги қурилган тандир. Ёнида лойўчоқ. Сал нарида сувпақир.

Қишлоқларда сувпақирлар алоҳида бўлади. Сув ташиган маҳал чайқалиб тўкилмаслиги учун тахтадан қўшув аломатига ўхшаган шакл ясаб, бетига ташлаб қўйилади. Умуман, кўп нарса бу ерда ёғочдан ясалади. Тандирқопқоқ ҳам, қозон дамтовоғи ҳам тахтадан.

Тандир эскириб, тепа тарафи ёрилиб кетгани учун тунов куни янгисини қуришди. Тандирчи ишини битириб, Биби Салимага қараб, “Дуо қилинг”, деди.

— Йўғ-э, эркак киши турганида мен дуо қиламанми? — деди Биби Салима, ўнғайсизланиб.

— Нонни сиз ёпасиз-ку, — деди тандирчи. — Мен қорган лойимга, қилган ишимга дуо қиламан. Баракани эса сиз сўранг.

— Барибирам ғалати-да.

Бегона эркак олдида: “Ҳай, майли, тинчлик-омонлик бўлсин”, деб юзига фотиҳа тортиб қўяқолган Биби Салима тандир олдига келиб, қайтадан дуо қилди.

— Сени топган-тутганимиз болаларимизга ризқ бўлсин деб қурдик, — деди тандирга. — Ичингга ўт ёқамиз, ланғиллатиб чўғ уямиз. Сенинг бағринг куяди-ю, аммо биз учун қип-қизариб нонлар пишади. Илоё, ризқимизни кенг-мўл қилиб берган бўлсин, кўп йиллар рўзғоримнинг хизматини қилгин.

Биби Салима тандир оғзини ёпиб, экинларидан хабар олгани томорқага ўтди.

Ерини яхши кўради Биби Салима. Бир қаричиниям бўш қолдиргиси келмайди. Тез ўсувчи қовоқ ва жўхори, секин ўсувчи мош-ловия пояларини қўллари билан тиклайди, гоҳида ерга чўп суқиб, пилта билан бойлаб ҳам қўяди. Ердан ризқ чиқариш осон бўптими, эҳ-ҳе, қанча меҳнати бор? Пешона теринг чак-чак томмаса, ҳосил берармиди? Қўлинг қавариб-қавариб, белинг оғриб-оғриб меҳнат қилмасанг, ризқ чиқармиди?

Болалик маҳаллари, сандал теграсида йиғилишиб ўтиришаркан, бувилару момолар “Бир қозонда қирқ хил овқат” дегандай эртакларни айтиб беришарди. Ўйлаб кўрса, эртакдаги қозон — экинзорнинг ўзи экан. “Бу қозонда қирқ хил эмас, юз хил овқат ҳам пишади”, деб ўйлади у. Қирқ хили — одам ейдиган нарсалар. Одамдан ташқари, қурту қуш, ҳашарот ейдиган яна қанчаси бор?

Тўрт ўғил тўрт паҳлавондай бўлиб етилиб келмоқда. Катталар бир коса овқат ейишса, булар икки косадан ейишади. Эр-хотин аста-секин қариб боришмоқда, болалар эса ўсишяпти. Ёш вужуднинг суяклари қотиб, пайлари қувватланиб, томирларидаги қон тобора шиддатланиб оқмоқда. Улар яна-да ўсишади, емиши бақувват бўлиши керак-ку?

Мана шундай ўйлар билан ҳаёт кечиради Биби Салима.

* * *

Биби Салима осмонга қарасаям, сувларга қарасаям эрта баҳорда Худога айтган гаплари эсига тушиб, хижолатдан бети лов-лов ёниб кетаверади.

“Хотин кишиман-ку, ҳар хил гапларни гапиравераман-да”, дейди ўзини оқлаб. Кейин сид­қидилдан ёлвориб тавба қилади:

“Шайтон тилимга солди-да. Бўлмаса, у гапларни айтармидим? Сенга-я?

Ҳаммасига ўзинг шоҳидсан-ку, мен бўлсам, худди маломат қилгандай гапирибман. Аттанг! Сидқидилдан тавба қиляпман, ишқилиб, ўзинг кечиргин…

Сабаби — йўқчилик-да. Йўқчилик бўлмаса унақа дермидим?”

Шундай дейди-ю, эрта баҳордаги ўша тонгни эслаб, баттар хижолат бўлади.

Эрта баҳорда эрининг бели оғриб, ётиб қолувди. Худо рўзғорнинг ризқини эркакдан берар экан. Бир-икки ҳафта ўтиб-ўтмай, ҳамма нарсанинг таги кўринди-қолди. Ун тугади, сабзавот адоқлаб, ёғ охирлади. Нима қилсам экан, деб боши қотди Биби Салиманинг. Ота бетоб бўлса, болалар ҳам довдираб қолар экан. Назарида, уйдан барака кўтарилиб кетди. Ҳатто овқатлардан таъм кетиб қолди. Кўзига болалари ўксик кўрина бошлади. Ҳафта ўтди, ой ўтди. Дўхтир келди, табиб келди… дард сира кетай демасди. Қўни-қўшнидан у-бу ёрдам сўраб, рўзғорини амаллаб турган Биби Салиманинг кўнгли қўшниси ёғ бермаганида бир ўксиди. “Энди нима қилсам экан”, деб уйга қайтиб кирганида, эрининг туролмай мунғайиб ётишига қараб икки ўксиди.

Нимаям дерди, халқ шунақа ҳаёт кечирмоқда. Ҳеч кимнинг ортиб-битиб кетган жойи йўқ. Ҳамманинг ҳар нарсаси ҳисоб-китобли.

Шуларни ўйлаб туриб, Худога ёлворди:

“Шунча йил бировнинг ҳақини емасдан, дилини оғритмасдан, болаларимга ризқ бўлсин деб эгилиб-букилиб, кўзимнинг нурини, белимнинг қувватини кеткизиб меҳнатлар қилдим. Энди роса хавотирланиб қолдим. Игнани учидай келадиган махлуқларингдан тошларнинг тубидагиларигача зориқтирмасдан ризқини бераётган бўлсанг. Рўзғоримгаям бир тўкинлик етказақол? Ахир, қудратинг олдида мен сўраганлар нима бўпти?

Ичимга шунча меҳрни солиб қўйган ўзинг-ку? — деди, сидқидилдан. — Нима қилай, манови жўжиқларнинг кўзига қаролмаяпман.

Мана, каттам, — деди. — Пешанасига, бурнига бўжамалар тошибди. Бармоқларига қарасам, йиғлагим келяпти. Ўзимни бармоқларим ҳам шунақа, узун-узун эди, буникиям шунақа, аммо тилиниб-қаваргани-чи? Бечора, бошини силаганимниям билмади, чарчабди-да.

Ёнидаги ўртанчам. Буям акасидай, бўй-басти узун, аммо билаклари заиф. Ҳали оғирроқ ишларни қиладиган ёшга етмади. Гавдасини ингичкалигиниям кўр, новдадай бола-ю?

Кейингиси супрақоқдим. Бу — росаям гўдак. Отаси билан ишга кетса, келгунича менга ­ичикиб қолади. Буям ҳорибди, бўлмаса уйқусираб дарров бағримга кириб кетарди…”

Шу тарз, айвонда, тун қоронғусида болаларининг бошида ўтириб олиб, муножот қилаверди.

“Тошу тупроқдан ҳамма нарсани пайдо қиладиган ўзингсан-ку? — деди. — Қуп-қуруқ ёғочдан шафтолию беҳи чиқарадиган ҳам сенсан. Экиним орасидан кераксиз ўтлар ўсиб чиқади, деб жавранаман, ўшани еб бандаларимга сутга айлантириб берсин, деб сигир ҳам яратиб қўйибсан.

Эй бори Худоё, эримга шифо бер, рўзғоримга барака ато эт. Ахир, ҳаммаси ўзингни ихтиёрингда-ку? Эсимни таниганимдан бери сени тилимдан қўймайман, бир бечора бандангни шунақа хор-зор қилиб, болаларини мўлтиратиб қўяверасанми?..”

Ниҳоят, хўрозлар учинчи бор қичқириб, тонг ёриша бошлаганида, ҳовлига тушди. Саҳар вақти эшикларни очиб қўйинглар, фаришталар келиб ризқ беришади дейишарди, ростмикан? Фаришта учадиган нарса бўлади. Тавба, дарвозани бекитганинг билан ҳовли усти очиқ-ку, тепадан тушиб келавермасмикан? Йўқ, у ниҳоятда пок хилқат, дарвоза берклигини кўриб, киргани тортинса керак-да. Хижолат бўлмасдан кираверишсин дея дарвозани очиб, яна ортига қайтди.

Қайтаётиб, бирданига ақли ўзига келгандай бўлиб, чўчинқираб: “Э тавба, ўзинг кечиргин” деди, — Сўрашга-ку сўрадим, аммо айтган гапларим гуноҳга кетиб қолмасмикин?

Йўғ-э… Худо-ю? Бошқа кимдан ҳам сўрардим?

Ҳамма нарсани кўриб-билиб туради, айб бўлмас?

Кейин эса, мен нодон, битта ўзиму болаларим учун сўрайверибман-ку, деди. Ёши улуғлар ҳар доим: “Худодан бир нима сўрасанг, ҳаммага сўрагин” дейишарди. Мен эса ёлғиз ўзимга сўрабман. Худодан-а? Юзлаб оламларни беминнат яратиб, осмонда учган қушдан то дарё тошининг тубидаги кўзсиз махлуқларигача риз­қини етказиб турган Эгамдан-а?

Э тавба, халққа сўрасам, мулки камайиб қолармиди?..”

Тонг эндигина ёришаётган эди. Одамлар аллақачон уйғонишиб, юмушларига уринишарди. Қайдадир пақир тарақлагани, мол бўкиргани эшитилди. Ҳа, ҳамма рўзғорим дея тиришмоқда. Ҳамма учун деганда кимни назарда тутиш керак? Албатта, қишлоқдагиларни-да. Аммо теваракда бошқа қишлоқлар ҳам бор… Биби Салиманинг қалби бундан ҳам таскин топмади. Ҳа, қайлардадир, у билмайдиган маконларда у танигану танимаган қанчадан-қанча одам ризқ-рўз деб жонини жабборга бериб ҳаёт кечиряпти. Кимлардир у сингари эрта турган бўлса ажабмас. Элнинг куни тириклик заҳмати билан ўтмоқда.

“Худоё, тавба қилдим, — деди қалби ёришиб. — Нодонлигимни қара. Қудратингдан айланай, эл учун берақол. Ахир, ҳар кимнинг бир камчилиги, етишмовчилиги бор. Ўзинг кўриб турибсан, ҳамма меҳнат билан овора. Кимдир нолиса, кимдир нолимайди… Ўргилай қудратингдан, баракангни бир менга эмас, бутун элга ёғдирақол!”

Кейин эса теваракка, уй-иморатга, теракнинг тўқ-яшил барглари орасида чирқиллаётган қушларга қараб, енгил шабада олиб келаётган турли-туман сасларга қулоқ солиб, “Сўраганларимни беришига-ку ишончим комил, аммо қанақа қилиб бераркан?”, деб ўйлади ҳайрон бўлиб.

* * *

Бир ҳафталар чамаси ўтгач, эр:

— Тузаляпман, шекилли, — деди хушҳоллик билан. — Вужудимда енгиллик бор. Мадорим йўғу аммо қушдай енгилман.

— Илоё, шифо бергани рост бўлсин, — деди Биби Салима ҳам суюниб.

Ўша кечаси шамол келди.

Шамол бу маконларда қибладан эсади. Олисдаги тоғлар орасида жуда катта ёриқ жой бор, ўша ердан чиқади дейишади.

У аввалбошда пайдар-пай эсиб турди. Гоҳ шиддат урди, гоҳ сусайди. Осмонда кулранг булутлар суза бошлади, улар ўтиб кетгач, ортидан уюм-уюм қорамтирлари келди. Биби Салима бу ҳодисаларга қараб туриб “Роса кучли эсадиганга ўхшайди-ю”, деб ўйлади.

Шамол томорқа адоғидаги теракларнинг учларини эгиб-эгиб эсди. Ҳали юксакда, пастга тушгани йўқ. Кейин аста-секин қувватланаверди.

Челакдаги сувнинг ўйнаганини кўрсангиз. Устидаги сувтахтани роса чайқатди, қозон қопқоғини ағанатиб-юмалатиб, ҳовли этагига олиб бориб қўйди. Хасларни тўплаб-учириб, сув устига сочиб юборди. Мош-ловия палакларини юлқилади. Ям-яшил жўхориларни ёппасига бир томонга ётқизди. Эски сомонларни учирди-да, ҳовли бетига сочиб юборди. Шундан кейин янада шиддатланди. Битмаган уйнинг эшикларини тарақлатиб ўйнади. Орқасига тош тираб қўйилган дарвоза тавақасини тош-поши билан суриб очиб юборди. Битмаган иморат ичига кириб, деразаларида бўғиқ ҳуштак чалди.

Бир кечаю бир кундуз шундай эсди. Ортидан ёмғиру жалаларни олиб келадими деган эди, йўқ, ўз-ўзидан тинди. Ярим кун ўтгач, орқага қайтиб эса бошлади. Энди шиддати сусайган, ҳорғинлиги бор эди.

Қишлоқ ҳавоси алмашиб, нафас олиш енгил бўлиб қолди. Олча япроғининг ости устига қараганда очроқ тусда бўлади, шамол ўлгур баргларини тескари қилиб ўтибди. Ана, тўқ яшил ва оч яшилнинг қоришими бўлиб чайқалиб турибди. Кўчаларда, ҳовлида, экин ерларида зарра чанг қолмабди, ҳаммасини супуриб-тозалаб кетибди.

…Ортидан бошқа шамол келди. Буниси аввалгисидай шиддатли ва саркаш эмас, оғир, залворли эди. Бир хилда, ўқтин-ўқтин шиддат уриб, қора булутларни суриб келди. Куппа-кундузи ҳам булутлар бағрида чақмоқлар чақнаётгани кўриниб турарди.

Булутлар осмонни энлаганида ҳайбати янада ортди. Бағрини тиккасига ёриб яна чақмоқлар чаққанида тасир-тусир жала қуйди. Дарров кўлмаклар ҳосил бўлди, устида пуфакчалар ёрилди. Бу ёввойи шиддат Биби Салиманинг қалбини жўштириб юборди.

Лойқа, кўпикли сув экин ораларига тўлиб оқарди. Ўтлар эгилиб-эгилиб қолибди. Ёмғир дарахтларнинг таналаридан оқиб, шовуллаган саслар ҳосил қилди. Роса ажойиб куй чиқди: тўнкариб қўйилган челакда бошқа, тахта сўри устида бошқа, узум барглари орасида бошқа саслар бино бўлди, уларнинг бари ёмғир шовуллаши билан бирлашиб, баҳайбат ва жўшқин оҳанг яралди.

— Так-так…

— Чак-чак…

— Тиқ-тиқ…

“Суронини қара-я, — деб ўйлади Биби Салима. — Отам раҳматли, ёмғирлар жаннатдан ёғади дер эди, ростмикан?”

Қалдирғочлар чарх уриб айланиб учишарди. Бошқа қушлар бекиниб олишибди. Айвонда туриб, нигоҳи ҳар тарафга тентираб, бўғот остида болаларини қаноти остига олиб ўтирган мусичани кўриб қолди. “Бечора, сен ҳам энасан-да, — деди кўнгли ийиб, меҳри ортиб. — Боламга ёмғир тушмасин деб қанотинг остида олиб ўтиришингни қара!”. Бир ҳовуч арпа олиб, айвонга сепиб қўйди. Мусича учиб келмади. “Ёмғирдан ҳайиқди, — деб ўйлади у. — Тинсин, емишни кўриб, албатта, учиб келади”.

Ёмғир теваракни янада гуркиратди. Дарахт­лару ўтлар бир кечада ўсиб кетганига ҳайрон қолардингиз. Тупроқ сувларни шимиб олди, бағрида ҳаракатга келтирди, ўт-ўлану дов-дарахт танасидан тиккамасига кўтарилди, гулларгача етиб бориб, мевалар ичига сизиб кирди — жаннатдан ёққан зилол шунақа мўъжизалар ҳосил қилди.

* * *

Орадан яна бир оз вақт ўтди.

Бостирмадаги сигир бўкирди. Саҳарлаб олдига ўт ташлаган эдим-ку, сувсадимикин, деб ўйлади Биби Салима. Ҳамда молчелакни кўтариб томорқа этагидаги ариққа сувга борди.

У тоғу тошлардан келадиган оқиш тусли сув эди. Ёз жазирамасида ҳам муздайлиги кетмайди. Теграсида барқ урган ялпизу курмакларни атай ўришмасди. Ялпиз уруғ солай деганида баргларини шохчалари билан узиб, қуритиб қўйса, қишда овқатга солса бўлади. Қуритилган ялпизни докага ўраб, устунга осиб қўйган яхши.

“Худойимнинг яна бир куни ўтди”, деб ўйлади Биби Салима, сув олар экан. Челак тўлиб, суви этагига сачради. Қақроқ ер уни дарров шимиб олди. Муздай сув оёғига тўкила-тўкила, бостирмага бориб, челакни сигир олдига қўйди.

Бу сигир бўғоз эди. Ҳозир иссиқда қийналаётгани ҳам бағрида боласи борлигидан. Икки ёнга қаппайган қорнини кўриб раҳми келди. Сигир сувни қониб ичгач, бойлоқдан бўшатиб сояга олди.

“Яна нон ёпишим керак, — деб ўйлади. — Аммо, ун тугаган-ку? Қўшнидан сўрасаммикан, деган ­хаёлга борди. Айб­миди сўрасам? Сўрайман-да. Балки қоп тагида унча-мунча қолгандир, деб ­омборхонага кетаётган эди, тераклардан биридан ғалати шовқин келди.

Ҳайрон бўлиб, ўша томонга йўналди. Қуёш нури кўзимга тушмасин деб кафтини соябон қилиб қараса – асалари! Сон-саноқсиз, терак шохига қўниб олишибди. Бир оила қайдандир ажралиб учиб келибди. Айниқса, битта шохда жуда ғужғон. Она асалари ўша ерда бўлса керак.

Биби Салима шошиб қолди.

Эр хийла тузалган, ўғилларини бошқариб, рўзғорга у-бу топай деб ишга чиққан, ҳозир ўғиллари билан икки хонадон нарида бир иморат томини ёпишмоқда эди. Ўзим борсам айб бўлар, деб кўчага чиқди. Молчелак офтобда қолиб кетаверди.

Кўчада қўшнининг болалари ўйнаб юришган экан. “Нодиржон болам, амакингизни чақириб келсангиз, қоғозли қанд бераман”, деди.

Эр келгач, у ҳам суюниб кетди.

Устига тўн кийиб, юз-кўзини рўмол билан ўраб, уяни олиб тушди. Лунжига сув олиб, уяга пуркади.

Биби Салима ҳайрон қараган эди, “Устига сув пуркасанг, асаларилар ёмғир ёғяпти деб ўйлаб тек тураверишади”, деди кулимсираб.

Қути ичига қўйишганида тўсатдан ҳавода яна сон-саноқсиз асаларилар пайдо бўлишди. Бари ўша уяга интилар эди. Салиманинг ақли шошди. Ия, мўъжиза рўй беряпти-ку, деди ичида.

Эр шод эди. Болалар ҳам.

— Бировники бўлса-я? — деди эрига. — Одамлардан суриштиринг-чи. Яна кимнингдир ҳақини еб қўймайлик.

Эр “Хўп”, деди.

Суриштирса, одамлар: “Ким тутиб олса ўшаники” дейишибди. Эгаси эса чиқавермади. Шунча асалари қайдан келганига ўзиям ҳайрон эди. Бу теваракда ҳеч кимнинг уйидан асалари ажралиб чиқмабди.

— Худо берган бўлса-чи? — деб кулди эри. — Булар бир йилда икки марта ажралишади. Агар яхшилаб қарасанг, ҳаш-паш дегунча уч қути асаларинг бўлади.

* * *

Ёз ўрталади. Томорқага сепилган буғдой бўлиқ-бўлиқ бошоқлади.

Бошоқ деганлари мўъжизанинг нақ ўзи! Битта дондан чиқади-ю, учида ўзи униб чиққан дондан катта, узун бошоқ пайдо қилиб қўяди. Ингичка сариқ поя учида шунча нарса қайдан келганига ақл шошади. Санаб кўрса, битта дон қирқ баравар кўпайибди. Янаям ғалатиси: донлар саноғининг жуфт экани эди. Биби Салима бу бошоқда ғалати ҳикмат кўрди. “Ия, — деди ҳайратланиб. — Шуларга қараб ўзинг фикр қилиб олавер, деганимикан? Ўзимизча у-бу ишга уриниб юраверамиз-у, бир қарасанг, битта нарсанг қирқта бўлиб турибди. Тупроқ ичини минг кавлаштир, егулик ҳеч нима топмайсан. Худойимнинг яратиб қўйган шу нарсалари тупроққа илдизини тиқиб, қоқ ердан нок, олма, гилос, ошқовоқ, сабзию пиёз чиқарганига қара-я. На таъмию лаззати, на шакли бир-бирига ўхшайди. Одам қиладиган ишлар ҳам шунақамикан? Бир яхшилик қилсанг, қирқ мисли ортиб ўзингга қайтса… Барибирам яхши ният қилавериш керак экан-да”, деган тўхтамга келди у.

Буғдойни ўриб тугатишган эди, сигир эгиз туғди.

Қўйлар эгиз туғиши кўрилган ҳолат, аммо сигир эгиз туғиши кам учрайди. Бир сигири учта бўлди, иккаласиям ғунажин. Бири олиб бири қўйиб, оёқлари майиша-майиша эмгани талпинди.

Сигирнинг ҳолига қараб бўлмасди. Бузоғи тумшуғи билан туртиб эмганида мункиб-мункиб кетарди, аммо кўзлари… Ҳайвонда бунақа меҳр тўла кўзни биринчи марта кўрди Биби Салима. Авваллари кўрмаган эканми? Ёки кўрган-у, эътибор қилмаганми?

Тавба, ҳаётда бир нима ўзгардими, деб ўйлади у ҳайрон қолиб.

Бузоқларнинг шошиб-ютоқиб эмишига қараб “Сут шулардан ортармикан?” деди. Улар тўйгач, ўзи соғишга ўтирди. Ўҳ-ҳў, ҳали яна анча бор экан. Челак қарийб тўлди. Усти сарғиш қаймоқли, майда пуфакчалари бижирлаб турган сут иси димоғига ёқди.

* * *

Ниҳоят, куз келди.

Ҳосил шунақа етилди-ки!

Шафтолилар меваси кўплигидан синиб-синиб кетди. Беҳидай қайишқоқ дарахтнинг шохлари ҳам ергача эгилиб тушди. Анорлар ларзон мева тугди. ­Ловия-ю мош хўп етилди. Маккажўхори иккинчи ҳосилга кирди. Сигир кунига бир челакдан сут бераверди.

— Мева-сабзавотни тўплаб тугатолмадиг-а, —   деди Биби Салима. — Асаларилар чунон асал тўплашдики, тўлиб-тошиб, ерларга оқиб кетди. Тезда ажралганига ҳайрон қоласиз. Яна ажабланарлиси, ажралгани учиб кетади-ку, тўғрими? Булар кетмагани-чи? Қутидан чиқиб шундоқ ёнидаги шафтолига қўниб олишаверди. Бир қутидан учта тўда чиқса-я.

“Сигир иккита туққанига ҳайрон эдим, — деди кейин. Назаримда, янаги йил яна эгиз туғадигандай.

Ўзи, бир сигирим учта бўлувди. Тағин туғса, нақ бешта бўлади-ку?

Оббо, тўкис бўпкетамиз, шекилли?”

Шундай деб, шод кулди Биби Салима.

— Йил ниҳоятда баракали келдими? — дейишарди кишилар. — Таъриф қилиб бўлмас ҳосил етилди-я?

Неки қадасангиз, ўн мисли бўлаверди. Мева-чева, сабзавот жуда арзонлади. Бу кетишда мол-қўйнинг ҳам нархи тушиб кетади-ку? Ҳар рўзғордаги сигир бехато эгиз туғаверса, бирга уч дегани-ку бу?

“Худога шукр”, дейишарди одамлар. Халқ шод эди. Ҳамма кўрган кунидан мамнун, шукр қиларди.

Одамлар орасида меҳр ортди. Тўкинликда ортар экан-да меҳр. Ҳамма бир-бирига ниманидир илинган, патир ёпиб қўшнига чиқарган, яхши гаплар билан сийлаган… Одамлар хушнуд бўлиб қолишди.

Худо меҳрибон-да, берган баракасига қаранглар, дейишарди. Аввал шамол эсди, кейин ёмғир ёғди. Кейин асаларилар келишди, сут-қаймоқ мўл бўлди.

Хуллас, элга бир тўкинлик ёғилдики, асти қўяверасиз…

Худо берса, шунақа берар экан-да…

* * *

Бор-йўғи бир мавсум ичида шунча ҳодиса содир бўлди. Уларнинг баъзилари одамлар онгига нималарнидир хитоб қилди, баъзилари эса аввалу охир эсадиган шамоллар каби, ўз қонуниятлари билан бир маромда, вақти соатидан оғишмасдан рўй бераверди.

Биби Салима Худодан рози бўлди. Мўъжиза деб ўйлаганларини болаларига гапириб берар экан, улар бир ишониб, кўзларини катта-катта очиб эшитиб ўтиришса, бир кулимсираб чеккага қарашарди.

— Болаларим, мен Худойимдан мингдан-минг розиман, — деди Биби Салима. — Қаранг-а, ниятни холис қилавериш керак экан-да. Тавба, ўшанда ўзим учун сўраганимда-ю Худойим бир бизгагина берганида нима бўларди? Қўни-қўшнининг кўзига қандай қарардик?

* * *

Биби Салима шу воқеани айтиб берганида, балки тасодифан шундай бўлиб қолгандир, деб ўйладим. Кейин, тиниқ, ишонувчан нигоҳига, Худойи таоло фалакдан ато этган нур ила йўғрилган соддаю самимий чеҳрасига қараб туриб, тўсатдан ичим ёришиб кетди.

Чунки, ҳаммаси у айтгандай юз берганига чиппа-чин ишондим.

Ишонмасликка бирон-бир жўяли сабаб топа олмадим.