Ҳамкасбим Усмонжон мен ҳозиргина таҳрир қилиб тугатган “Мухбир муҳаррирнинг чўнтагидами?” сарлавҳали мақолани кўздан кечирар экан, бирдан тутақиб кетди: — Нега, нима учун тўғри сўзларни ҳам бузиб, қизартириб ташладингиз?
— Қайси сўзни? — ҳайрон бўлдим.
— Мана, — у менга қўлёзмани узатди. — Муҳбирни-мухбир, мухаррирни-муҳаррир қилиб ташлабсиз. Биласизми, ўзи, бу мақолани ким ёзган?
— Албатта, бошлиқ… Лекин таҳрир тўғри шекилли, — дедим ўзимни оқлаб.
— Адашаяпсиз, адашаяпсиз, — Усмонжон қизиша бошлади, — бошлиқдан хато топишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
— Лекин мухбир эмас, муҳаррирда дум бўлади. Бунга ишончим комил, — елка қисдим. Бу гапдан ҳамкасбимнинг афти бужмайди.
— Сиз билмайсиз, — деди, муҳим гап айтмоқчидай бошини эгиб: — Аввал бу ерда Бобур ака дегани ишларди. Ўрнига сиз келдингиз. Ўша киши бошлиқнинг бир мақоласини таҳрир қилиб “подшо” сўзини “подшоҳ” қилиб қўйгани учун ишдан ҳайдалди. Бошлиқ билан ходим ўртасида икки моддадан иборат қонун ҳукм суради. Биринчисига кўра бошлиқ ҳеч қачон ноҳақ бўлмайди. Иккинчисида эса биринчисига қаралсин дейилган. Ана шунақа. Рости сизга ичим ачияпти. Яна “фишт” бўлиб кетманг. — Усмонжон осмонга ишора қилди.
Бўлим бошлиғимиз Зарина опанинг олдига кириб, у кишига ҳам кўрсатдим. Зарина опа аввал кўзойнагини тақиб, мақолани синчиклаб ўқиб чиқди. Сўнг менга бироз тикилиб турди-да: — Бораверинг, ўзим тўғрилаб қўяман, — деди.
Эртаси куни ишга келсам, Зарина опа “ваъда”сини бажарибди. Тўғирлаганларимни бузиб, яна мухбирни-муҳбир, муҳаррирни-мухаррир қилиб қўйибди. Жаҳлим чиқиб кетди.
— Бу қанақаси, мухбирда эмас, муҳаррирда дум бўлади-ку!, — дедим яна олдига кириб.
У киши ўринларидан туриб, бақира кетдилар: — Нега кечадан бери бошимни қотирасиз? Нима керак ўзи сизга? Янги “закон” чиқарадиган бўлиб қолдингизми?
— Нега тушунмайсиз, ҳар бир хато газетамиз обрўйига путур етказади… Баҳсга касбдошларимиз ҳам қўшилди. Ярим соатдан сўнг тортишувни бошлиқнинг хонасига давом эттирдик. Роса тавбамга таянтиришди. Бош муҳарриримиз ишонч билан мухбир сўзи таллаффузда мухбир бўлса ҳам ёзувда муҳбир тарзида ёзилишини “исботлаб” берди. Эртаси куни ҳизмат сафарига кетдим. Қайтсам, газета аллақачон чиқибди. Не кўз билан кўрайки, муҳбир-мухбирга, мухаррир-муҳаррирга айланган. Айни кўнглимдагидек. Зарина опага: “Мана бўлакан-ку”, дедим-у балога қолдим.
— Нима бўларкан, нега куйдирилган каллага ўхшаб тиржаясан? Келганингга неча кун бўлди ўзи? Ҳали менга ақл бўлиб ўргатадиган бўлиб қолдинг-ми? — Зарина опа бақириб-бақириб чиқиб кетди.
Кўп ўтмай бошлиқнинг хонасига чақиртиришди. Кирганимда муҳаррирнинг қовоғи солиқ эди, нимадир ёзиб ўтирган экан. Ярим соат чурқ этмай, эшик ёнида қаққайиб турдим. Ниҳоят, ишларини тугатиб, менга ўткир қараш қилдилар. Кўз ойнагини олиб: — Нега ходимларни ҳақорат қилаяпсиз, — дедилар жиноятчига муомала қилгандек. Кеча мухбирда дум бўлади, деб жанжал қилгандингиз, устимиздан кулмоқчи бўлаяпсизми?
Турган жойимда қотиб қолдим. Ахир мен эмас, сизлар шундай дегандинглар-ку демоқчи бўлдим. Лекин тилим айланмади.
— Бу қанақа гап, қанақа жамиятда яшаяпмиз ўзи? — Бошлиғимиз гапларини индамайгина хазм қилаётганимни кўриб бадтар тутақиб кетди: — нега ҳаммани йўлдан ураяпсиз. Сиздақа саводсиз кадрлар қаердан етишиб чиқаяпти?! Биласизми, битта сизни деб қанча китоб титкиладик. Қанчадан-қанча фан докторлари, профессорларни безовта қилдик. Думингиз шунча ўсиб қолдими?
— Ахир мен теска…
— Нима тескари. Ана шунақада, циркангиз сув кўтармайди. Ҳе…..
Бошлиғимиз жаҳл билан тугмачани босди. Котибанинг “лаббай”, — деган майин овози эшитилгач, бақирди: Ҳаммани мажлисга чақиринг. Бироз ўтар-ўтмас ходимлар бирин-кетин, менга ўқрайиб кириб келишди. Мажлис бошланди. Ҳамма бир-бир гапирди. Нима эмиш — улар мухбир бўлади, деса ҳам, мен шармандаларча, ҳеч кимдан уялмай, муҳбир бўлади дебман. Охири, ўз аризамга кўра ишдан бўшадим.
Айтишларича, муҳаррир ўрнимга ўзининг “дум”ини, йўғ-э яқин қариндошини ишга олибди. Ҳозир мен тўғримда “Думи кесилган МУҲБИР” деган мақола ёзаётган эмиш. Чиқиб қолса, албатта биргалашиб ўқиймиз.