Илҳом Зойир. Хўрак (ҳажвия)

Молингни йўқотсанг — хўп-хўп, ўғирлатсанг аламини ҳеч нарса босолмайди. Тўғри, йўқотдинг нимаю ўғирлатдинг нима, икки ўн беш — бир ўттиз, дейиш ҳам мумкин. Лекин аслида бу — бир ўттизни иккига бўлишдай оғир…
Бу гапнинг мағзига етаман десангиз, мана, бизнинг Ойчечак янганинг дийдиёсини тингланг бас — тушунасиз қўясиз! Бу борада янга мулломиз шундай суҳбат бериб қолдики, юз-кўзи учун гапириб бўлгунича тилимни тишлаб жим турдим, аммо кейин кучим етганича кулдим. Ахир, биров дардини айтса кулиб юборолмайсиз-ку…
Бундан бир ой бурун, писта сотиб сочим оқарган шу бозорда, мингта қоракўзнинг кўз ўнгида бир тўрва пистамни ўғирлатдим. Қуйлиқ бозоридан кўтариб келганман-а! Майдалаб сотсам, бир ҳафталик рўзғор бўларди. Энди айтинг, бу кўргуликка чидаш мумкинми? Йўқотсам, асло куйинмасдим, “садқаи-сар”, деб кетаверардим, алам ҳам қилмасди.
Ҳамма дарднинг давоси вақт экан. Мен ҳам вақтдан малҳам изладим, лекин тузалиш ўрнига, дардим беш баттар оғирлашди. Ўғриларга нисбатан нафратим кучайиб, улардан қасос олиш истаги пайдо бўлди менда. Қандай қасос олсам, юракдаги алам ўти босилади ва бу шармандаликни унутаман?
Ўйлаб-ўйлаб, йўлини топдим. Яп-янгигина бозор халтамга атайлаб қийқим-сийқим, қоғозу увада латта-путталарни солиб бозорга бордим. Пистачилар растасига кириб, халтани кўпнинг эътиборини тортадиган жойга қўйиб қўйдим-да, ўзим ҳар доимгидай “кеп қолинг”лаб ўтиравердим пинак бузмай, пистамни сотиб. Гоҳ-гоҳ халта турган томонга кўз қиримни ташлайман. Халта янги эмасми, қурғур, турибди какликнинг макиёнидай бўлиб. Мақсадни биласиз, халтага яқинлашган ўғрини қўлга тушириш. Аммо сурункасига бир ҳафта шу ҳийлани ишлатсам-у, бирорта ўғрини тутолмасам, денг.
Наҳотки, мақсадимни сезишган бўлишса? Ишонмайман. Бу ҳақда ҳеч кимга оғиз очмаганман. Ҳайронман, “чайнаб” берилганини ейишмаса-я! Демак, виждони уйғониб, текин нарсадан ҳазар қиладиган бўлишибди-да бу ўғри қурғурлар. Ёки менинг ўша молимни олгач, ҳожатини чиқариб, ўзини ўнглаб олган бўлса, касбини ўзгартиргандир. Йўқ, бўлиши мумкин эмас. Тарки одат амри маҳол, дейишган машойихлар. Қолаверса, одам боласи ёмон нарсани юқтиришга мойилроқ келади. Эҳтимол, қулай вазиятни пойлаётгандир? Ўғрининг бир пойлагани — эгасининг минг пойлагани. Ҳушёрликни қўлдан қўймаслигим керак.
Шу ният билан кунни кеч қилиб, уйга қайтдим. Аҳволимни кўрган ўғлим:
— Қўйсангиз-чи, ойи, деди, — ҳозиргилар майда-чуйдани писанд қилишмайди, катта-катта еб ўрганган. Сизнинг майда фалсафангиз эскирди, наҳотки буни тан олгингиз йўқ? Янгилик эскиликни сиқиб чиқаради. Буни тушунмоғингиз керак! Ҳар қайси соҳада бўлганидек, ўғриликда ҳам қарашлар, ғоялар ўзгарди.
Ўғлимни тинглаб, бу тирмизак бундай гапларни қаёқдан била қолди, дея ўйланиб қолдим. Э, йўқ, бунга эътибор бермаслик керак, мақсаддан чалғийди киши.
Мен ўз мақсадим сари интилавердим. Ахир, мол аччиғи жон аччиғи, деган гап бор.
Шундай кунларнинг бирида энди қизим танбеҳ берди десангиз:
— Ойижон, нимага эришдингиз? Вақтингизга ачинмайсизми? Ўғрини тутдингиз ҳам дейлик, нима қиласиз, милисага топширасизми?
— Йўқ, уялтираман. Уят ўлимдан қаттиқ!
Қизим қаҳ-қаҳ отиб кулди ва:
— Уяти бўлса ўғри бўладими, ойижон? — деди.
 Аммо бу гаплар ҳам менга кор қилмади? Барибир мақсадимга етаман. Иродам мустаҳкам, кўп қийинчиликларни кўрганман, бу болалар нимани кўрибди?
Яна ишга шўнғидим. Бироқ бир хил, мантиқсиз иш билан шуғулланиш зерикарли экан. Зерикиш эса уйқуни чақиради. Бир куни пойлаб туриб, кўзим илинибди денг. Билмайман, қанча вақт ухлабман. Кўзимни очсам, менинг халтам турган бозор бурчагини бир неча милиса қуршаб олишган. «Ўғри тўрга тушибди-да!» деб жон ҳолатда халтага қарадим. Халтам жойида. Милисаларнинг бошлиғи бўлса керак, чорпаҳил, икки бети қип-қизил бирови даврани кенгроқ олиб, халтага ҳеч кимни яқинлашгани қўймаяпти. Ажабо, булар ишни бузди-ку!
— Нима гап, ўғлим? — дея улардан бирига яқинлашсам, мени четга суриб:
— Нари туринг, бомба! — деди.
— Қанақа бомба?
— Яқинлашманг!
 — Қизиқ бўлди-ю, — дея пўнғилладим, — ўз халтамга яқинлаштирмайсанми?
— Шу халта сизники эканлигини тасдиқловчи гувоҳ борми?
— Қанақа гувоҳ? Халтанинг ичида нима борлигини айтиб беришим мумкин!
— Фолбинмисиз?
— Халтани шу ерга атайин қўйганман.
— Атайин? Қандай мақсадни кўзлагансиз? Қани, гапиринг тезроқ!
— Ҳой, секинроқ, халтанинг эгаси эканлигимни сезиб қолишмасин.
— Қизиқ! Бир меники, дейсиз, бир меникилигини билмасин, дейсиз? — деди милиса йигит ажабланиб. Мен эса унга энгаш дегандек имо қилдим. У энгашиб қулоғини тутди.
— Халта бир ойдан бери шу ерда турибди, — дедим паст овозда. Нозир ҳам шивирлаб:
— Нима учун? — деб сўради.
— Бу халта эмас, ўғрига қўйилган хўрак.
— Э-ҳа… Нечтаси илинди?
— Ҳозирча йўқ, лекин албатта илиниши керак!
— Унда овингиз ўнгидан келсин!
— Қанақасига ўнгидан келади энди? Энди ҳеч ким бу халтага яқинлашмайди, болам… — дедим. Афсусланганимдан мақсадимни билмаганлар ажабланганини яширишмади.
Тартиб посбонлари кулиб-кулиб нари кетишди. Мен ҳам бу ишни йиғиштирдим.
Орадан бир неча ой ўтказиб, бозорда эски танишимни учратиб қолдим. Унинг айтишича, ҳозир эгасиз халталарга ҳеч ким тегмасмиш. Сабаби, одамларнинг наздида, ҳар бир эгасиз халтани аллақандай бир шум кампир кузатиб турармиш.
Ойчечак янга гапини тугатаркан, харидор келиб қолди, табиийки, гапи бўлинди. Мен ҳам ортимга бурилдим ва у кишининг қилган ишини хаёлан тасаввур қилиб, кулиб ўз йўлимга кетдим.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 19-сон