Қишнинг сўнгги кунларидан бири бўлишига қарамай, атроф оппоқ қор, этни жунжиктирувчи аёз совуғи изиллайди. Шундай кезда кўклам келиб, кунлар исиб кетишини янаям кўпроқ қўмсайди одам. Балки инсон қони қайноқлигидан, меҳри иссиқлигидан совуққа чидамсиздир. Қорни ғарч-ғурч босиб бораётган Азамат ҳам азбаройи совқотганидан қаршисидан кулимсираб келаётган кишини пайқамади.
– Ассалому алайкум, Азамат ака! Танимадингиз-а?
Азамат тўхтаб, пешонасини тириштирганча унга тикилди. Юзи таниш-у, эслай олмади.
– Мен Собир аканинг ўғли Зиёдман. Қишлоқдаги оғайнингиз бор-ку.
– Ие, Зиёджон. Қандай, яхши юрибсанми? Буни қара-я, кап-катта йигит бўлиб қолибсан, шунга танимабман. Ўқишингни битирдингми?
– Йўғ-э, тўртинчи босқичман. Қишки сессияларни тугатсам, диплом ишини ёзишни бошлайман.
– Тугатяпман де. Буни қара-я, вақтнинг югуриклигини. Яқиндагина отанг билан ўқишга кирдим деб уйимга келувдинг. Кўз очиб юмгунча тўрт йил ўтибди. Оғайним яхши юрибдими? – сўнгги саволини бироз хижолатомуз тарзда берди у.
– Яхши, ҳозир касалхонада даволаняпти, – деди Зиёд хомуш.
– Тинчликми, отангга нима бўлди? Ё бир чарчоғини чиқарай дедими?
– Инсультга чалиниб, ётиб қолувди. Бироз ўнглангач, буёққа олиб келдик. Ҳозирча аҳволлари яхши.
– Буни қара-я, эшитмабман. Ишқилиб, шифосини берсин. Тиббиёт академияси касалхонасида ётибди дедингми? Майли бўлмаса, мен тезроқ бориб, ишларимни тугатай. Кейин оғайнимнинг ёнига бораман.
Ишхонасига келган Азамат ходимлардан кечқурун чироқ ўчиб қолганини ва ёрдамчи йигитлар топшириқни тугатмаганини эшитиб, фиғони фалакка чиқди. Тезроқ ишни якунлаб, ҳисоб-китобларни бошқарув раисига топширмаса, нақ балога қолишини ўйлаб, иш битгунча йигитларнинг бошида турди. Мана, йигирма йилдирки, у мана шу ташкилотда бош ҳисобчи. Шу пайтгача бирон марта бундай ноқулай ҳолатга тушмаганди. Йил боши бўлгани учун ишлар қалашиб ётибди. Ҳали ташкилотлар билан янги шартномалар тузиш, уларнинг ҳисоб-китоблари билан шуғулланиши керак. Бир кунгина вақтли кетса, бу ташкилотда гўёки ҳаёт тўхтайди. Шундан директор доим “яхшиям, сиздек тажрибали ходимларимиз бор” деб уни мақтаб қўяди. Негаям тунов куни вақтли кетди-я. Ҳеч қурса, ҳисоб-китобни тугатиб кетмагани учун афсусланди. Аксига олиб, хотини “опам қизини узатяпти, бир мебел олиб бериш бизнинг зиммамизда” деб бозорга етаклади. Бугун пешинга яқин хотиржам ишга келди-ю, бу ғавғонинг устидан чиқди. Ҳисоб-китобни ишониб кетган ёрдамчисининг эса ҳали қораси кўринмайди. Аламдан бўғриқиб, ўзини минг ёққа ургани билан фойдаси йўқлигини билиб, ўзи ҳисоб-китобни тугатди. Тушликка чиқишга ҳам улгурмади. Ҳужжатларни тайёрлаб борса, бошлиқ қаёққадир мажлисга кетибди. Ҳафсаласи пир бўлган Азамат кечки соат саккизгача уни кутди. Ниҳоят, ҳужжатларни имзолатиб, кўнглини хотиржам қилганида девордаги соат миллари кечки тўққиздан ўтганини кўрсатарди. Зиёдга берган ваъдаси эсига тушиб, ичидан зил кетди.
“Ҳозир борсаммикин? Вақт алламаҳал бўлиб қолди-да, бу пайтда беморни безовта қилиш ярамайди. Бунинг устига уни кўргани қуруқ боролмайди. Эртага аввал касалхонага ўтаман” деб ўзига таскин бериб, уйига отланди. Аёзда қолган мусичадек қунишиб кириб келганида аёли аллақачон ухлаб қолган, кичик қизи дарс тайёрлаб ўтирарди.
– Ойимнинг боши оғриб, боягина ухлади. Ҳозир овқатингизни иситаман, термосда чой тайёр, – деди қизи дик этиб ўрнидан туриб.
Иссиқ хонага киргач, Азаматни уйқу элитиб, қизи овқатини келтиргунча кўзи илинди.
Саҳар чоғи хотинининг овозидан уйғонди.
– Қозонга озроқ шўрва солиб қўй, касалхонага ўтишим керак, – деди хотинига бугунги режаларини хомчўтлаб.
– Вой, яна ким касал бўлди? Қишлоқдошларингиз сира тинч ўтиришмайди-ей. Менинг уйда шўрва пиширишга сира вақтим йўқ. Бугун опамникига қудалари келишади. Вақтлироқ бориб, ошга уннашим керак. – Аёлининг чимирилиши Азаматга оғир ботган бўлса-да, индамади. Ҳозир унга гапириш беҳудалигини билади. Опасининг тўйи бошлангани- дан бери рўзғориниям унутаёзган.
– Бўлмаса, кечаги пулдан ташлаб кет. Йўлдан бирон овқат оламан, – деди қовоғини уюб.
– Дадаси, оғайнингизни бориб кўришингиз шартми? Ҳеч қурса, опамнинг тўйини ўтказайлик. Биласиз, тўйга тоғора қилиб боришим, ўзимга янги кўйлак олишим керак. Шунча ташвиш турганда касалхонага харажат қиласизми? Шошилманг-чи, кейинроқ бир гап бўлар.
– Опангнинг тўйига пул топилади. Лекин оғайним Собирни кўришга келганда…
– Ҳай-ҳай, – одатдагидай эрини гапиртиргани қўймай, жаврашга тушди аёли, – ўша дўстингизни умуман оғзингизга олманг-э. Бизга қилганлари эсингиздан чиқдими?
– Собир сенга нима ёмонлик қилди? – эркак жаҳлдан ўзини тиёлмай ўшқирди.
– Ўғли бир йил уйимда яшади, лекин бир оғиз раҳматини эшитганим йўқ. Тағин ўғлининг тарбиясизлиги учун кечирим сўраш ўрнига, сендан буни кутмовдим, деб таъна қилгани аллақачон эсингиздан чиқдими?
Хотинига яна гапирса, фарзандларининг ёнида изза бўлишини ўйлаб, шартта кийинди-ю, ишга отланди. Ортидан қизи “чой ичинг” деганича қолди.
Кўчада ҳаво кечагидан-да совуқроқ эди. Оғзидан бўйлаган изғириндан ошқозонида зирқираган оғриқ турди. Йўлдаги ошхонадан таралаётган жизнинг иси иштаҳасини қитиқлади. Ишхонага келгач, ҳамкасблари келгунча бироз мизғиб олмоқчи бўлди. Лекин хотинининг бояги қилиғини ўйлаб, кўзига уйқу келмади. Тунов куни Зиёддан отасининг қўл телефони рақамини олмагани учун афсусланди. Ҳеч қурса, телефонда бўлсаям аҳволини сўрарди. Эрта-индин маошини олиши билан оғайнисини кўргани боради. Шу баҳонада ундан кечирим сўрайди. Кўзларини юмиб, хаёлга чўмди: Собир билан бир партада ўтиришган. Ораларидан қил ўтмас оғайни эдилар. Талабаликда ҳам ижарада бирга яшашди. Азамат пойтахтдан уйланиб, шу ерда қолди. Собир қишлоқдаги мактабда ўқитувчилик қилди. Аввалига борди-келди қилишди. Кейин Азаматнинг ишлари кўпайиб, қишлоққа онда-сонда борадиган бўлди. Орадан ўн саккиз йил ўтиб, Собирнинг ўзи оғайнисининг эшигидан кириб келди. Қўлида уч сумка егулик. Қишлоқнинг қуртидан тортиб, гуручи-ю, жиззали патиригача келтирибди.
– Ўғлимни вилоятимиз марказидаги университетда ўқитсам бўларди. Лекин пойтахтда ўқиб, оғайнимнинг кўз олдида бўлсин, дедим. Насиб этса, сендек каттакон одам бўлсин деб ният қилганман. Уйинг кенггина экан, ўғлимни қолдирсам нима дейсан? Кўз-қулоқ бўлиб турардинг-да, – деди Собир.
Азамат рози бўлди-ю, кечаси хотинидан роса гап эшитди. Бироқ бўш келмади. Яқин оғайнисининг биргина истагини бажаролмаса, катта шаҳарда нима қилиб юрибди? Собир талабаликда унга қанчадан қанча яхшиликлар қилган. Бугун унинг ўғлига мурувват кўрсатиши керак эмасми? Эрининг қатъийлигини кўриб, хотини ён берди. Лекин кунда-кунора Зиёднинг тарбиясизлигини, камчиликларини айтиб, уни уйдан чиқаришини эридан талаб қиларди. Зиёд бир йил яшаганидан кейин Азамат аёлининг арзимаган гапи билан уни ётоқхонага чиқариб юборди. Бу қилмиши Собирнинг кўнглига оғир ботибди. “Сендан буни кутмовдим, оғайничилик шундай бўптими?” деди келганида оғриниб. Мана уч йилдирки, икки оғайни юзкўрмас. Бироқ Собирнинг касалхонада ётганини эшитиб, Азаматнинг ҳаловати йўқолди. Оғайнисининг ёнига бориб, ораларидаги дилхиралик учун кечирим сўрашни ўйлайверди. Бироқ бунга ҳозир на имкон, на фурсат бор. Эрталаб ишхонага келиши билан тезроқ тугатай, деб ишга шўнғиб кетади. Кечқурун бормаганига пушаймон бўлиб, кейинги кун келишини кутади.
Йўл бўйи Азаматнинг юрагидаги ғашлик аримади. Қорлар эриб, баҳорнинг тафти сезилганидан одамларнинг кайфияти яхши. Ҳаво бироз изғиринли бўлса-да, бугун қуёшнинг нур таратаётгани кўнгилга таскин беради. Азамат касалхонанинг неврология бўлимига томон юрди. Хонага кириб, Собирни кўргунича унинг юрагидаги ваҳм катталашиб, тоғдек бўлиб кетди.
– Э, эрталабдан кўзим учиб турибди десам, ошнам келаркан-да! – ўрнидан қўзғалиб сўрашишга чоғланди Собир.
Оғайнисининг дилкашлигидан Азаматнинг хавотири тумандек тарқади. Ўкинч тўла нигоҳларини миннатдорчилик эгаллади:
– Келиб-келиб мендек оқибатсиз ошнага кўзинг учдими? Сени қара-ю, бу ерда нима қилиб ётибсан?
– Қишлоқнинг ташвишини бир чеккага суриб, оғайнимнинг ёнига келсам ундан дарак йўқ. Ҳа майли, ишқилиб келдинг-ку. Тунов куни дўхтир кетишимга рухсат берувди. Азамат бир келиб кўрмаса, қандоқ кетаркинман, деб юрагим хижил бўлиб турувди. Буни қара, сезгандек етиб келдинг, барака топ, – деди Собир ошнасининг қўлини қўйиб юбормай.
– Қаёққа кетасан? Бир-икки кун меникида меҳмон бўл. Икковимиз бир ошлашиб, ҳангомалашмагунча сени қўйиб юбормайман. Ўтган кўнгилсизликлар учун мени кечир, ошна.
– Э, қўйсангчи, бу гапларни, – қўлини силтади Собир, – оғайнилар гиналашмайди. Ўғлим бугун қишлоғимизгача борадиган машинани олиб келади. Қишлоқни, уйдагиларни соғиндим. Сеникига кейинги сафар бораман. Мана буёғи кўклам келди. Ўзинг таътил олиб, бир ҳафтага қишлоққа бор. Икковимиз қўзи ўтлатадиган ўша яйловга чиқиб, бир кўнгил чигилини ёзамиз, келишдикми? Сен осмонга тикилиб ётасан, мен китобимни ўқийман. Ҳар замонда бўлсаям болаликка қайтиб туриш керак, кўнгил ғуборланмайди-а, нима дединг, оғайни?
– Сен ҳалиям ўша Собирсан, сира ўзгармабсан. Қишлоққа бориб, сен билан болаликка қайтганим бўлсин! – деб кўзидаги ёшни кўрсатмаслик учун ошнасини бағрига босди.
Собир ҳам уни маҳкамроқ қучоқлади.
Ташқарида қорларни эритиб, чиройи янада очилаётган эрта баҳорнинг қуёши икки ошнанинг меҳридан баҳраманд бўлмоқчидек деразадан мўраларди.
“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 6-сон