Ҳайдарбек Ҳамдамов. Анжир пишди, занжи даф бўлди (ҳикоя)

– Ландовур эганг билан бирга қўшмозор бўлгин, худоё тиқилиб ўлгин!!! – уйқуси бузилган эркакнинг чинқириғини саҳарлик қилишга турган уйдагиларнинг деярли ҳаммаси эшитди.
Неча кундирки, туннинг қоқ ярмида, уйқунинг айни қаймоғи вақтида Шералининг ороми бузилади. Тиниқиб ухлашнинг нима эканлиги эсидан чиққан. Ота-онасининг хонаси ҳовлининг нариги четида бўлганлиги учун уларга занжи халал бера олмайди. Ёш эр-хотинларнинг хобгоҳи эса девор-дармиён қўшниси – Ҳадича холанинг уйига шундоққина тақалган.
– Эртага чиқиб айтаман! Тилим қисиқ бўлса ҳам айтаман! Бундай давом этиши мумкин эмас, токайгача қўни-қўшнига озор етади, ахир! – деярли бор овози билан бақириб юборди эр.
– Қўйинг, майли энди! Диёржон ҳам уйланар, занжини адаштириб келар, бу кунларни кулиб эслармиз ҳали, – деди хотини истеҳзо аралаш юпатиб.
Юз-кўзида ўзгариш пайдо бўлиб, лаби титраётган Шерали хўмрайиб деди:
– Нимага ишшайяпсан, калтак егинг келдими, дейман?! Ундан кўра шу ношудга тезроқ қиз топиб берсанг бўлмайдими?! Ёмон қовуннинг уруғидек қариндошларинг қалашиб ётган бўлса!
– Холамга бир-иккита қизни айтган эдим. Биласиз-ку, уларнинг кўнгилларига унча-мунчаси ўтирмайди!
Шерали тиззаларини ишқалаб ўзини боса бошлади. Ўйчан қиёфада яна гапирди:
– Шу холамга ҳам ҳайронман, қаёқдаги ишларни қилиб юради! Давлатинг бўлса, ботиб ётган бўлсанг, тинчгина даврни суриб юрсанг бўлмайдими-а?! Эридан кейин сал эси оғиб қолганга ҳам ўхшайди буларни. Бўлмаса қоп-қора гуржи итни уйига олиб келадими?!
Хотини ҳаммадан илгари, қоронғи тунда туриб, саҳарлик тайёрлаш ҳамда қайната-қайнананинг иссиқ-совуғига қараш каби мажбуриятлар гарданида бўлганлиги учун итнинг акиллаши унга будилник вазифасини ўтарди. Қийинчиликларини, хизматларини таъна қилгандек, эрини ёнига чўккалаб, ширали овозда гап бошлади:
– Занжи сизни керакли вақтда уйғотар экан, сиз ҳам рўза тутсангиз бўлмайдими? – Аёлнинг бу гапидан “сен бир бесабр, иродасиз эркаксан, бу иссиқларда рўза тутиш сенга эмас!” деган маънони тушуниш мумкин эди.
Шерали хотинини туртворгиси келди-ю, отасидан қўрқди. Қўлида ҳеч нарса бўлмаса ҳам, ниманидир хотинига отаётгандек бўлиб, ўшқирди:
– Товуқ мия бўлмай ўл, куни билан ишда бўлсам, иссиқда далада ишласам, қанақа рўза?! – Аввал зўр важоҳат билан гап бошлаган эр, ундан каттароқ ва касалмандроқ, унинг устига ундан кўпроқ ва оғирроқ иш қиладиган рўзадорларнинг борлигини эслаб, бирдан жимиб қолди.

***

Аслида бу қишлоқда барча бир-бирига қариндош. Фақат аҳоли кенгайиб кетгач, ҳаммани ҳам танишнинг иложиси қолмаган. Ҳадича холанинг раҳматли хўжайини ҳам, холанинг ота-онаси ҳам қишлоқнинг кўҳна бойларидан бўлишган. Ҳозир ҳам “қишлоқнинг энг мойли хонадони қайси” деб сўралса, эл биринчи галда албатта Ҳадича опани эслайди. Қишлоқдаги энг катта уй ва энг катта боғ – шуларники. Тоғда отар-отар қўй-эчкиларидан ташқари, ҳовлисининг ўзида қирқ тупдан ортиқ анжири бор. Совуқ тушганида анжирларни кўмиш, баҳорда очиш, дорилаш, териш ва юклаш каби юмушларни қўни-қўшни жон деб бажаради. Хола ҳақни ҳам яхши тўлайди, керак вақтда қарзни ҳам қизғанмай беради. Бу хонадон қишлоқ аҳлининг деярли барчасига “ўтказиб” қўйган. Қолаверса, холанинг отаси Ҳазратқул бобо ўтган асрдаги очарчилик вақтида қишлоқдагиларга текинга буғдой тарқатиб, элни ўлимдан сақлаб қолган экан. Шунинг учун ҳам, бу оилани ҳамма ҳурмат қилади. Диёржон холанинг биттаю-битта эркатой дилбанди. Диёрдан олдин хола бир неча бола туққан, аммо барчаси нобуд бўлаверган. Бирини Турсуной, деб қўйди – турмади; Ўлмас – ёшига тўлмай ўлди; Маҳкамжони ҳам бўлмади. Охири шу боласи туғилганида, раҳматли отадан “Исмини нима деб қўямиз?” деб сўрашганида, у суюнчини ҳам бермай, “Нима қўйсанг қўй, барибир ўлади”, деб жавоб берган экан. Шунда холанинг ўзи ўғлига Диёрбек деб исм қўйди. Буниси-ку ўлишга ўлмади, аммо жуда қайсар, тажанг ва одамовироқ бўлиб ўсди. Меҳнатдан бошқа ҳеч бир қизиқиш-ҳаваси йўқ. Шу ёшга кириб, йигит бўлиб қиз зотига гапира олмади. Умрида қизлар билан гаплашмаган шу ношуд бола шу кунларда онасига “Уйлантиринг, тезроқ бошимни иккита қилиб қўймасангиз, занжига “хотин” олиб бераман. Икки ит бир бўлиб бутун қишлоққа тинчлик бермайди”, деб шантаж қилишга ўтиб олган.

***

Яккамоховдек қилинган нонуштадан сўнг Шералини “бугунги уйқу ҳам ҳаром бўлмасмикин” деган ўй билан ваҳима боса бошлади. “Бундай давом этиши мумкин эмас, кимдир гапириши керак” деган фикр билан секин қўшнисиникига ўтди. Ҳадича хола ўйма дарвозасининг олдида ким биландир қандайдир олиқ-сотиқ ҳақида берилиб гаплашаётган эди. Гап тугаб, суҳбатдоши узоқлашгач, ёнига бориб салом берди. Салом-аликдан сўнг кечаги тунда уйида дангал дағдаға қилган одам бу сафар минг истиҳола билан ютина-ютина деди:
– Хола… бу занжи… уйқу бермаяпти-ку, нима қиласизлар шу қора бехосият итни?!. Ўзим шуни йўқотиб, яхшисидан олиб келиб берсам-чи?! – деди ҳадик ва дилгирлик билан.
Хола Шералининг юзига бир дам қараб турди-да, чуқур хўрсиниқ билан жавоб берди:
– Шералижон, ўғлим, биласиз-ку дардимни, ўзимнинг ҳам жонимга теккан бу ғавғо! Диёржон “уйлантириб қўймасангиз, бу ит ҳеч қаерга кетмайди, қайтага иккита қиламан!”, деб туриб олган. Кейин, нега хосиятсиз дейсиз, оқ жойи бор-ку?! – деди жилмайиб.
Аёлнинг охирги гапи Шералини жиғибийронини чиқарса-да, у ўзини аранг босди. Итнинг бошидаги данакдеккина, билинар-билинмас оқ жойини ҳисобга олмаганда, қоп-қора бўлганлиги учун унга “занжи” деб ном беришган эди. “Мазлум” ичида “Биров ўламан деса, бу “касал хотин” куламан дейди-я”, деб аччиғи чиқди. Мўътадил бўлишга тиришиб яна мурожаат этди:
– Ҳа, унда уйлантириб қўяйлик! Сизга қизини бермайдиган бирон хонадон бу қишлоқда тугул, нариги қишлоқда ҳам бўлмаса керак! – Шералининг бу гапи чигал масаланинг осон ечимини топгандек, кўтаринки оҳангда чиқди.
– Бутун авлод билан шу ҳаракатдамиз, – деди аёл ўйчан қиёфада. – Қиз қидириб юрибмиз, болам, аммо…ҳеч…ҳеч муносиби чиқа қолмайди-да!.. Нимасидир доим ё менга, ё яқинларимга тўғри келмайдиган бўлиб чиқаверади…
Шерали “Сиз топган қиз билан яқинларингиз яшамайди-ку, ўзим инжиқман деяверинг” демоқчи бўлди-да, ўғлини худо уриб қўйганлигини эслаб, индамади. Ўғлига унчалик ҳам фарқи йўқ, сал эпақага келса бўлди – уйланворади. Қишлоқдагилар Ҳадича холанинг антиқа-антиқа қилиқларини, фақат ўзигина тушунадиган феълини доим гап қилиб юришади. Унинг ўларча озода эканлиги қўшни қишлоқларгача достон бўлиб кетган. Қўшнилар унинг дарвоза ва эшиклар, дераза-ю жовонлар, қўйингчи уйида нимани тутқичи бўлса, бир ойда камида ўн марта иссиқ сув билан юваётганлигини гувоҳи бўладилар. Агар кимдир кимдирга “Ҳадича хола” деса, албатта қўлида супурги, ё латта ушлаб турган жувон идрок этилади. Уйида ҳар бир хона учун алоҳида супурги тутилган. Ҳожатхонанинг супургиси ҳам негадир бир-нечта. Униси ҳам майли, ҳожатхонага икки қадамча етмасдан панароқ жойда уч жуфт калиш туради. Хало жойга кирмоқчи бўлган одам пойафзалини ечиб, ўзига тегишли калишни (она, ўғил ва меҳмоннинг) кийиб олади. Уйининг ичи худди дока бозорга ўхшайди. Холанинг уйида ҳар хил ўлчамдаги ўнлаб докаларни кўриш мумкин. Чойнак-пиёла, идиш-товоқ, кийим-кечак кабилар уйдан ҳовлига чиқса, албатта устига дока ташланади. Хола доим ҳаммага “Пашша ўтирган нонни қандай ейиш, булар қўнган пиёлада қандай чой ичиш мумкин”, “Пашшанинг севимли озуқаси нима эканлигини биласизларми, ўзи?” деган гапларни кўп такрорлайди. Булардан ташқари, синглиси билан ғалати-ғалати, ҳайратомуз ишларни қилишади. Бир куни шаҳарда турадиган синглиси келиб, бутун қишлоққа “узунроқ соч бўлса, битта қўйни пулини бераман”, деб жар солди. Қишлоқнинг Эшон бобоси “соч сотиш– ҳаром” деса ҳам айрим юпқароқ хонадонлар “бекорга мактабингда битлаб кетади, эплай олмайсан” деган важ билан кичикроқ қизларнинг узун сочини катта пулга, кула-кула сотишган эди.
Холанинг оддий масалаларда ҳам ғайриоддий, ўзгача ечим ва усулларни қидириб топишини қишлоқ аҳли тентакликга, эси оғиб қолганликга йўяр эди. Масалан, бир пайтлар занжидан олдинги, бу жағи тинмайдиган мараз итдан олдинги яхши бир итига қишда совқотмасин деб камзулча тиктириб, кийдириб ҳам қўйганлигини ҳамма эслайди. Ўшанда кўпчилик “холани эрта-индин бериб қўямиз-ов” деб ўйлаган. Бироқ бу хотин батамом телба бўлиб қолишнинг ўрнига бойигандан бойиди.
Шуларни ўйлар экан Шерали кулгили бир илинж билан деди:
– Боғлаб қўйса бўлмайдими? – ўзим ушлаб, анжирзорингизни ўртасига боғлаб қўйсам… Сиз ҳам тинч ётасиз, биз ҳам!..
– Боғловга ўрганмаган, иложи йўқ! Сиз Шералижон сабр қилинг, анжир пишсин занжини йўқотамиз, албатта қуритамиз, – деди ниманидир тусмол қилиб.
Шерали ўйланиб қолди: – Тавба, шунча пулинг бўла туриб, битта тўй қила олмайсанми, анжир пишиғига қараб қолганмисан? Уят-эй, одам деб, гапирган эдим, энди ўзингдан кўр… Шерали хайрлашиб, уйи томон одимлади. Хонасига кириб, янги кўйлак кийганида олиб қўйган майда тўғноғичлардан беш-олтитасини олди-да, ошхона томон кетди. Бир бурда ноннинг ичига тўғноғичларни тиқиб чиқди. Ҳадича холаларнинг девори ёнига келиб, тирқишдан қарай бошлади. Ён-атрофда ҳеч зоғ йўқлигини билгач, занжини чақирди ва девор оша нонни улоқтирди…
Бошида қилган ишидан мамнун бўлган “қотил” зум ўтмай пушаймон бўла бошлади: шу ишни қилмасам бўлар эди. Бечора жониворнинг уволига қолдим. Эшон бобо айтганидек, қора итлар жинлардан бўладиган бўлса, ҳамла қилса нима қиламан?! Эртами-кечми ўғли уйланардику бари бир. Ҳадича опа тўйим олди анжир тердирганида меҳнат ҳақини йигирма баравар қилиб берган эди. Ҳали уникида қанча ишлайман. Хунук иш бўлди-да!
Ўйлана-ўйлана қўшни қишлоқдаги ишлаётган даласига кетди. Кун бўйи қилган ишкалининг оқибатини ўйлаб юрди. Ифторликдан хиёл олдинроқ уйига келди ва қўлига сув қуяётган хотинидан дабдурустдан сўради:
– Қалай, тинчликми, ҳеч нарса бўлмадими?
Аёли охирги пайтларда бошқача бўлиб қолган эрига разм солиб, жавоб берди:
– Нима бўлиши керак эди?
– Ўзим, шунчаки сўрадим-да. Қилган ишини ҳеч кимга айтмасликни маъқул кўриб, ифторлик баҳона кечки овқатни ота-онаси билан емоқ мақсадида уларнинг олдига кириб кетди. Ифторлик вақтида сершовқин ит масаласи обдан муҳокама этилди. Ота ўғлига сабр қилиш лозимлигини, Ҳадича опанинг инжиқ бўлса ҳам фаҳм-фаросатли аёл эканлигини, узоқроқ бўлса-да, бир учи ўртада қариндошчилик борлигини, элга кўп ёрдами текканлигини, одамлар трактор заводида ҳам ухлаганликларини роса уқтирди.
Ифтор тугаб, Шерали ташқарига чиқди. Занжидан ҳеч қандай сас эшитилмади. “Нима бўлди экан” деб холанинг уйи атрофида овқатни ҳазм қилишга чиққан бўлиб гир айлана бошлади. Назарида итнинг ўлганига ҳеч қандай шубҳа қолмади. “Аза”дан кейин эгаларининг кайфиятини билиш мақсадида ўйма дарвоза олдига келиб, тирқишдан мўралай бошлади. Уйда Ҳадича холанинг хушвақтлик билан салламнони ҳиргойи қилиб, ҳовли супураётганини кўрди. “Ҳали билмагандир-да, ёки ўлганидан ўзи ҳам хурсанд бўлган”, деб ўйлаб уйига кириб кетди.
Таровеҳ намозидан қайтар вақтда ҳам атроф типпа-тинч бўлди. Шерали қўйлардан хабар олгандек бўлиб, уйига кириб оз-моз телевизор кўрди. Уйқуси келиб, хонасига кирди. Хотинини кутиб ўтирмай, ўзи меҳр билан жой солди ва мириқиб пинакка кетди. Бу сафар уйқуси узуқ-юлуқ бўлмагандек туюлди. Тушида Ҳадича холанинг анжирзорида айланиб юрганини кўрди: ёш бола экан, анжирзорда мазза қилиб ўйнаб юрипти. Дарахтлардан бирининг тагида чиройли, зарранг қути ётганини кўриб қолди. Югуриб бориб қутини қийнала-қийнала очипти. Не кўз билан кўрсинки, қути ичидан занжи отилиб чиқиб, қулоқни қоматга келтирганча акиллай бошлапти… Шерали чўчиб уйғонса, занжи тириклайин сўйилаётгандек вовиллаб ётипди. Аламдийда йигит чордона қилиб ўтириб олди. Бир томондан итнинг ўлмай қолганига хурсанд бўлди. Оз бўлса-да, нисбатан тинчроқ уйқусидан қониқди. Юз-қўлини ювиб, саҳарлик қилаётганларнинг олдига борди.
Қовоқлари шишиб, чала-ярим кийиниб келаётган Шералини кўрган рўзадорлар аския қилишга ўтишди:
– Ҳа ўғлим, келинг. Занжига овқат бериб келаяпсизми?! – деди отаси ошкора кулиб.
Бу масхарага келини ҳам қўшилди-да, кулмасдан, енгил табассум билан деди:
– Ўғлингизни занжи атай саҳарлик қилиб олсин, рўза тутсин, деб вақтида уйғотганини қаранг.
Отаси ёйилиб кулди. Онаси эса келинига бир ўқрайиб, юпатгулик овоз билан ўғлини овутди:
– Кел болам, ўтир. Қотиб ўлгур итнинг дастидан ҳамма қийналиши керак! Ҳадичага ҳайронман, ота-бобоси қилмаган қаёқдаги ишларни қилиб юради! Болам, бир-икки кун далада, чайлада қолсанг бўлмайдими?!
– Алжирама! – деди ота хотинига. Кейин ўғлига жаҳл билан қараб деди: – Қулоғингга пахта тиқиб ёт! Жа-а нозиклашиб кетган-да, бугуннинг йигитлари! Биз вақти келганида қўйхонада ётганмиз. Совқотганимиздан қўйнинг тезагига кўмилиб ухлаганмиз. Ўл эй, эркак зотига иснод!
– Ҳа, энди у замонлар бошқада, дадаси! – она ўғлининг ёнини олиб гапирди.
– Ҳадичани гапирасан ҳамманг, ўзларинг олдин ўша қилган ишни чорагини қип қўйинглар-чи, мен кўрай, – давом этди жаҳли росмана чиққан ота. – Тўрт-беш боласи нобуд бўлди, ёшгина жувон бўлиб эридан ажради, осон эканми бу юкни кўтариш?! Бу кўргиликларни худо кўрсатмасин, сенларнинг бошларингга тушса эди, сочингни юлиб, жиннихонага равона бўлишларинг аниқ. Ўғлининг эркалигини эса, яхшилаб ўйлаб кўрилса, тушуниш мумкин. Ўша сизлар эркатой деган боланинг топиши ҳам, юриши ҳам, мана бу лапашанг ўғлингдан анча тузук, – деди жаҳли туша бошлаган ота ўғлига ниқталиб.
Ўғлининг кўнгли чўкиб, хотинининг олдида изза бўлаётганини пайқаган она оқибати хунук бўлишини билиб турса-да, ўзида куч топиб деди:
– Ҳа энди ёғга ёғ томади-да!
– Гап унда эмас! Тўғри, Ҳадичахон бой хотин, ғалатилиги ҳам йўқ эмас. Аммо, ўғли ҳеч қачон “бойлигим етади” деб ялла-бепарво бўлиб юрмаган, меҳнатни қаттиқ қилади, – деди ота. – Майли, йигитнинг гули, чарчабсиз, чайлангизда уч-тўрт кун дам олиб келинг, рухсат! Анжир теримигача ишларингизни битириб, куч тўплаб олинг!..
Шерали далада маълум муддат қолиб ишлаш учун шайланиб, керакли нарсаларни олаётганида, дарвоза тақиллаб қолди. Хотини эшикка қараш учун чиқиб кетиб, зум ўтмай бир товоқ хоки анжир билан келди.
– Ҳадича холам чиқарибдилар, ният қилиб татиб кўринг, кейинги хокига ҳам Ўзи етказсин! – деди товоқни хонтахтага қўйиб.
Шералининг кўнглидан “Худойим, соғлом ўғил ато эт!” деган ниятни ўтказиб, анжирни иккига бўлиб, бир-бирига ишқаб ўтирмасдан оғзига солди.

***

Рамазон ойининг файзли кунлари шу зайлда ўтиб борар, қишлоқда ҳар икки куннинг бирида ифтор бўлиб турар, ифторда рўза тутмаган “кўза”лар кўпчиликни ташкил этар, аксар рўза тутмаганларнинг баҳонаси ёзнинг иссиғи бўлар эди. Шерали далада узоқ вақт қолиб кетди. Бир куни эрталабки чопиқдан қайтиб, ариқ сувида юз-қўлини юваётганида, отлиқ ҳамқишлоғидан отасининг “Тезда етиб келсин!” деган хабарини эшитди. Шериклари карж сўйилган қип-қизил тарвузга ишора қилиб чақиришларига ҳам қарамай, “Тинчликмикан” деган ўй ила уйи томон равона бўлди.
Уйида одатий ҳаловат ҳукм сураётганлигини билгач, отасининг олдига кирди. Отасидан уни Ҳадича хола йўқлаганини, эрта-индин анжир теримига ёрдамчи кераклигини, далага энди чиқмаслиги ҳақида фермерга хабар бериши лозимлигини эшитиб, ҳамишаги “Хўп бўлади”ни айтиб хонасига чиқиб кетди.
Шерали Ҳадича холанинг қилиқлари тобора тушунарсиз бўлиб бораётганлигига яна бир бор амин бўлди:
– Тавба, етти пуштимга минг тавба, ҳали анжир ғарқ пишмаган бўлса, теримни бошлашга бало борми?! – ўзига-ўзи шивирлаб қўйди. – Бутун анжирзоридан нари борса беш-ўн сават чиқар, ўзи териб қўя қолса бўлади-ку?! – дея қулоғининг юмшоқ жойини уч бора тортиб қўйди. У ҳар гал бирон нарсадан таажжубланганида, шу одатини беихтиёр бажарар эди.
“Тунда уйқунинг ҳаром бўлиши тайин” деган важ билан ухлаб олишга қарор қилди. Фермерга хабарчи жўнатиш ҳам эсидан чиқиб кетди. Чайласига ўрганиб қолганиданми, ўзининг хонаси ўзига бошқачадек туюлди. Ҳарчанд уринса ҳам, чуқур ухлай олмади – “қуш уйқу” бўлди. Кечки салқинда қишлоқни айланиб келиш баҳонасида кетди-ю, деярли тунда қайтиб келди. Уйига яқинлашар экан, занжининг машҳур вовиллаши эшитилди. Сўкина-сўкина, тепина-тепина уйига кирди. Хотини ухламасдан кутиб ўтирган экан, одатдагидек сўради:
– Яхши келдизми? Чой ичасизми?
– Йўқ! Ухласанг бўлмайдими?! Икки соатдан кейин туришинг керак-ку, ахир, – эр ўзига хос бўлмаган ғамхўрлик билан гапирди. – Сен…сен у томондаги хонага секин кириб ётгин. Мен телевизорни баландлатиб қўяман. Анов лаънати итнинг овозини эшитмай. Ҳа-я, айтганча, дадам билмасинлар, – қўшиб қўйди.
Хотини чиқиб кетгач, иссиқ бўлса-да деразаларни тамбаллаб олди ва телевизорни баландлатиб қўйди. Соат миллари кейинги кун бошланганини кўрсата бошлаганида барча тўлқинлар овозини ўчирди. Жаҳли чиққан йигит DVDни улади. Унинг бор бисотида иккитагина диски бор эди. Бири тўйининг диски бўлса, иккинчиси сийқаси чиқиб кетган аллақандай жангари фильм. Бир дам иккиланиб турди-да, жангари фильмни такрор кўришга аҳд қилди. Овозини баландлатиб, ёқмаса ҳам кўриб ўтираверди. Тонгга яқин видеони ўчириб, ухлаб қолди.
Эрталаб нонуштани наридан-бери қилди, ёқмаса ҳам Ҳадича холаларникига ўтди. Хола Шералини кўриб:
– Кел, болам, кела қол, – деди истеҳзоли жилмайиб.
Аёлни умуман тушуниб бўлмайди. Бир қарасанг жуда ақлли, бир қарасанг ҳар хил хурмача қилиқлар. Ҳозир ҳам “Занжи боплаб уйқингни буздими, ажаб бўпти” дегандек тиржайиб турипти. Қишлоқчилик бўлмаганида, бунақа қўшни билан аллақачон юзкўрмас бўлиб кетармиди.
– Ассалому алайкум, ҳорманглар! – дея жавоб берди уйқуси дабдала бўлган қўшни.
– Бор бўлинг, ўғлим, доим саломат бўлинг! Сизни сўраттирган эдим. Ўзи унча кўп эмас, сиз ўғлим кечки салқинда келинг, тушда ухлаб олиб, бемалол терамиз, – хола шу гапи билан “кечаси ухламагансан, ухламаган яхши ишлай олмайди, тушда ухлаб, куч тўплаб кел, тонг саҳарда бари бир кела олмайсан, туни билан итим уйқу бермайди” демоқчи бўлди.
Шерали маъқул дегандек бошини силкитиб, индамай чиқиб кетди. Хола айтганидек, пешиндан кейин маза қилиб ухлади. Кечки салқин тушгач, ишга бормай, телевизор кўриб ўтираверди. Шунда Ҳадича холанинг ўзи чиқиб, ишчини олиб кетди…

***

Анжирзорга етмасдан эшак аравани кўриб, анжирларни шаҳарликлар яшикларга солиб, мошинада олиб кетса, “ буни нима қилар экан?” деб ўйлади. Эшак-арава бугунги кунда фақат лўлиларда қолган. Бир сўрамоқчи бўлди-ю, кейин фикридан қайтди. У умуман олганда кўп нарсага ойдинлик киритишни жуда ҳам истар эди: “Ўғлингга қиз топдингми?”, “Анжир пишса занжини йўқотаман деб ваъда берган эдинг, нега бажармаяпсан?”, “Анжир пишиғини итнинг даф бўлишига нима дахли бор?”, “Нимага уйингда қайга бурилмасанг, бурнингни тагидан дока чиқиб келаверади?”, “Ана у калишларга бало борми?”, “Ҳали терарли ҳеч вақо бўлмаса ҳам, отамни ишга солиб, нега мени чақиртирдинг?” каби саволлар уни қийнаётган эди. Шундай бўлса ҳам, Шерали домангир эканлигини хотинга яхшилаб билдириб қўйиш учун гапирмаслик – гунгалаклик йўлига ўтиб олди.
Эшак аравага анграйиб қараб турган ишчига Ҳадича хола анжир теришни бошлашдан олдин, қўлни яхшилаб ювиш лозимлигини эслатди. Шерали энсаси қотиб обдастадан ўзига сув қуйиб олдин чап қўлини, кейин ўнг қўлини ювди. Ҳадича хола эса бошқа обдаста билан келиб, Шерали фойдаланган обдастанинг дастасини яхшилаб ювиб қўйди. Шерали ичида “Телбалик ҳам эви биланда” деб ўйлаб, ҳеч нарса демай ишга киришиб кетди.
Боғдаги бор анжирни бирпасда териб, саватларга жойлаб ташлади. Теримда занжи негадир кўринмади. Шерали “Ўлдириб қўймасин, деб қочиб юргандир-да, савил” деб ўйлади. Аёл ҳар бир саватнинг устига дарҳол дока ёпиб чиқди.
Иш якунида Ҳадича хола ишчининг ҳақини узатди. “Гўр ҳам бўлмади-ку, қўяверинг!” демоқчи бўлган ишчи, бу гал ҳам индамасдан пулни санамасдан, юрак усти киссасига солди. Хола рўзадорлар учун десертга деб, бир шокоса анжир бериб юборди. Шерали раҳматни ҳам насия қилиб, “жиннихона” дан чиқиб кетди. Уйи томон муюлишда коса устидаги докачани девор тагига улоқтирди. Уч-тўрт одим юргач, ортига қайтиб, докани олиб, шимининг орқа чўнтагига солиб қўйди.
Бугунги ифторликда уни унинг энг суюкли таоми – хоним кутаётган эди. Оғиз очиш вақтигача ошна-оғайниларидан дискларни йиғиб келиш учун кўчага чиқиб кетди. Аввал кўрганми – кўрмаганми, қизиқми –қизиқ эмасми бир талай дискларни иягига тираб хонасига кириб кетди. У келганида ифторлик тугаб, унинг тегишини хонасига, хонтахта устига қўйиб қўйишган эди.
Хонимнинг устидаги докани кўрган эр илон ёки “оти йўқ” ни кўргандек бирдан тутоқиб, хотинига бўкирди:
– Менга қара, эй! – деди докани ҳавода айлантириб. – Иккинчи мана бу матоҳни уйимда кўрмай, тушундингми?!
– Қизиқмисиз, бу нима деганингиз? – келиннинг ҳайратдан қошлари кўтарилиб, эрга тикилиб қолди. У йиғлашни ҳам, кулишни ҳам билолмай, яқинроқ келиб, яна сўради: – Нима бўлди, тинчликми, докасиз уй-жой, кийим-кечак, бола-бақра тутиб бўларканми?!
Шерали айтган гапида тайинли мантиқ топа олмади, аниқроқ қилиб айтганда, ижирғанишнинг сабабику бор, аммо шу топда хотинига ўринли жавоб айта олмади. Докани секин хонтахтанинг четига қўйиб, бир сўз демай кино кўришга кириб кетди.
Хотин эрининг авзойига бир зум тикилиб, бу маза-матрасиз қилиқнинг моҳиятини англаб олмоқчи бўлди. Бироқ, уззукун бетиним иш қилганидан ҳориб, бироз мизғиб олиш ниятида, эридан айро солинган ётоғига кириб кетди.
Шерали бўлса дискларни бир-бир қўйиб кўриб, илгари кўрганларини бир чеккага тахлай бошлади. Ниҳоят унинг илкига тушмаган кино чиқиб қолганидан кўнгли кўтарилди. Хонимни саримсоқ билан иштаҳа билан еб, кинони мароқ билан томоша қила бошлади. Овоз максимал даражада кўтарилган бўлса-да, кино билан баб-баравар итниниг акиллаши ҳам тўхтовсиз эшитилиб турди. “Бу тун ҳам уйқунинг вайрон-толқон бўлиши муқаррар, барча дискларни кўриб чиқсам керак”, деб ўйлаган Шералининг иккинчи кинога ўтар-ўтмай уйқу элитди. “Отамнинг айтганича бор, одам ҳар қандай балога кўникар экан” каби фикрлар анжирзор, машҳур девор-дармиён қўшниси, ҳозиргина кўрган киноси, завжаси, дока ва албатта занжи билан қоришиб миясида ғужғон ўйнаганича пинакга кетди.

***

Ёлғон арафа кунининг эрта тонги эди. Шералини қишлоқ тавочисининг жар солишига ўхшаш овоз уйғотиб юборди. Ўхшаш дейилишига сабаб шуки, чақириқ қилаётган одамнинг овози аёлларникидек ингичка чиқди:
– …ни …га алмашам-ааан! – жарчининг нимани нимага алишмоқчи эканлиги дастлаб аниқ эшитилмади.
Шерали кўзларини ишқаб, хабарнинг моҳиятини илғаб олиш учун деразани очиб юборди. Кўчанинг бошроғида устига бир неча саватларни ортиб олган эшак аравани етаклаб кетаётган Ҳадича холани кўрди. Хола бор овози билан хитоб қилаётган эди:
– анжирни супуриндига айирбошлайман, ким супуринди берса, эвазига анжир берам-ааан!
Шерали бошда Ҳадича хола элнинг жонига теккан ит –занжини супуриндига алишмоқчи эканда, деб тушунди. Ўғлини унаштириб, энди итни тоғу тошларда йўқотиб келишга кўзи қиймай шу ахмоқона усул билан “яхши қўлларга” бермоқчи, деб тушунди. Шерали холанинг “анжир пишса, занжини йўқотаман” деган ваъдасини эслади. Бу “хайрли иш” га ёрдам бермасам бўлмайди, тағин фикридан қайтиб қолмасин, дея ювинмасдан ҳам холанинг ёнига ошиқди. Эшак аравага яқинлашганида холанинг асл мақсадини аниқ-таниқ эшитиб, бир дам донг қотиб қолди.
– Супуриндига анжир бераман! Супуриндига анжир берам-ааан! Қизларжон шошилинглар! – Аёл ҳеч кимга эътибор бермай, орқасида кузатиб келаётган қўшнисини ҳам пайқамай мудом бақирар эди.
– Бечора ҳайитга етмай жинни бўп қопти, жаннатни мевасини ахлатга алишаман дейди-я, – Шерали ўзига-ўзи шивирлаб гапириб, томошани кузатиб кетаверди.
Қиз-жувонларнинг ҳовли ва кўчаларга сув сепиб, супур-сидир қиладиган, уйнинг кўтар-тахласи билан машғул бўлган маҳал эди. Аёлнинг гапини эшитганлардан бирови кулди, бирови ичида сўкди, кимдир Шералидек бечоранинг эси оғиб қолганлигига йўйди, айримлар эса “сочга ўхшаш янги иш чиққандир-да”, деб ўйлади. Анжирга томоғи тушганлар ким челакда, ким тоғорада, кимдир ғалтакда, яна кимдир замбилда уюм-уюм супуринди ва ташландиларни олиб кела бошлади. Аёл уларни қабул қилиб олар, мижозларга чамалаб тегишли миқдорда, анжир тарқатар, ахлатни эса бир чеккага тўктирар эди. Анжирнинг эгаси жирканаётганини яширишга ҳарчанд уринмасин, бунинг уддасидан чиқа олмади. Аёл мижозларга негадир синчиклаб разм солар, гапга тортмоқчи бўлганларга ҳеч нарса демай, ишини давом эттирар эди. У ахлат уюмини кейин олиб кетишини айтиб, кейинги кўчага ҳам оралади. Иккинчи кўчадан ҳам бир дунё чиқит тўпланди. Бир дам пастқамроқ ҳовлидан бир қиз ўзини қимтиб, оҳиста қадам билан чиқиб келди. Ҳадича опага салом бериб, яқинлашаётган айём билан табриклади. Қўлидаги бир ҳовучдан камроқ чиқадиган, қоғозга ўралган супуриндини ахлат уюми устига қўйиб, ерга қараб тураверди. Аёл бироз ўйланиб, қизга лиқ тўла бир сават анжирни бериб юборди. Қиз “бу жуда кўп-ку” дегандек ийманиб турганида, аёл “олиб кет” ишорасини қилди. Битимни олисдан кузатиб турган Шерали чинакамига таажжубга тушиб, “боёқишни оддий тентакми десам, бу чаппа тентаклик дардига чалинипти, ҳисобни ҳам билмай қопти”, дея чап елкасига уч бора туфлаб қўйди. Бу ҳам етмаганидек, қулоғининг юмшоқ жойини уч бора тортиб қўйди, бошини сараклатиб, қўлини аёл томонга қарата силтади-да, даст бурилиб уйи томон қадам олди.

***

Шу тунларда занжининг товуши чиқмай қолди. Кўникиб қолган эканми, қўшнилар ётиш олди қулоқларини динг қилиб, итнинг вовиллашига диққат қилишди. Аммо, ит бу кеча ҳам, эртаси куни ҳам акилламади. Унинг жағи батамом ёпилган эди. Шерали Ҳадича опанинг тентак бўлса ҳам, лафзи ҳалол эканлигини, анжир пишиғида занжини йўқотганини эътироф этиб ўтирганида, хотини қўлида тугун билан кириб келди. Бу тугун нариги кўчадаги қўшни қизнинг “нон синдирди”си эди…

Жиззах 2017