Ранг-баранг майда мунчоқлардан ўтовнинг қўр ва тизмаларига ўхшаш гул ва нақшлар солиб тўқилган каштали тақинчоқ ХАПАМАТ деб аталарди. Қасаба, сетира, латиба, балдоқ каби ўзбек аёлларининг қадимий безакларидан бири. Жанубий вилоятларда яшовчи қўнғирот момолари уни ҳали-ҳамон селпиллатиб кўкракларига тақиб юришади. Лекин мен “хапамат” атамаси ўтмишдаги суғдийлар маъбудаси Онахитага уйқаш бўлгани учунми, айнан унинг кўксини безаб тургандек тасаввур этардим. Ана, қадим Мароканда! Суғдиёнанинг гуллаган боғлари, узумзорлари, олмаю анорлари ғарқ пишган ҳосилдор замини узра саховат илоҳасининг порлоқ чеҳраси, бўйнида тилларанг шокилали хапамат живир-живир мавжланиб турибди!
Бу антиқа тақинчоқнинг алоҳида хосияти борлигини билмадим-у, аммо уни таққан аёллар чеҳрасига ўзгача фаришталилик, зийнат ва тамкинлик бахш этарди. Бола эмизаётган чоғда ёш онанинг оппоқ кўксини хапамат ярим тўсиб турар, гўдаги жажжи қўлчалари билан шокилаларини силкитиб ўйнаганда ажиб манзара зоҳир бўларди. Унинг ғаройиб нусхасини илк бор энамда кўрган эдим. Илгарилари мен туғилиб ўсган тоғли овулларда анча урф бўлган, янгаларим рангдор сувмунчоқлардан турли хилларини тўқишар эди. Эски хапамат ҳам уларга ўхшарди-ю, аммо зеҳн солиб қаралса осмон билан ерча фарқи борлигини пайқаш қийин эмасди. Мунчоқларининг ранги у қадар ёрқин эмас, балки унда олмос, аметист, феруза, Бадахшон лаълиси йўқдир, айни чоғда, улардан-да ноёброқ тошлардан тизилгандек ғоятда жозибадор. Энг қизиғи, алмисоқдан қолганига қарамай нафис иплари ҳануз пишиқ, бирор чоки ҳам ситилмаган.
Албатта, фетишийлик – нарсаларга топиниш зардуштийликдан ҳам олдин яралган илк эътиқодлардан. Қадимда кишилар осмон ёритқичларига, рангдор тошларга ва бошқа ноёб буюмларга сиғинишган. Коҳинлар улар ёрдамида фол очиб турли маросимлар ўтказишган, ҳатто одамларни қурбонлик қилишган. Тангридан ёмғир, ризқ–рўз тилаш, дарддан фориғ бўлиш, бало-қазоларни даф этиш воситаси саналган. Бу каби ирим-сиримларнинг айримлари, буюмларни муқаддаслаштириш, тувдона, тумор, кўзмунчоқ тақиш одатлари ҳозир ҳам сақланиб қолган. Менга келсак, уларда ҳеч қандай илоҳийлик кўрмасдим. Хапамат ҳақидаги хотираларимнинг ҳам фетишийликка сира алоқаси йўқ, фақат доимо онгимда неларнидир акслантиргандек туюларди, холос. Болалигимда анчагина хаёлчан, мутаассир бўлганимданми, ҳар сафар энамнинг бўйнидаги зарҳал хапаматга қарасам қандайдир жимирлаган тўлқинни ҳис этардим. Гўёки сирли оламларни, кечмишларни кўраётгандек жимжимадор нақшларига узоқ тикилиб қолардим. Кўҳна битикларга ўхшаш кашталари, рангдор шокилалари неларнидир сўйлаб ғаройиб манзараларни намоён этаётгандек: маҳобатли тоғлар, совут кийган жангчилар, даралар ичра базм қурган деву парилар…
* * *
Бир неча йил бурун тарихий ёдномалардан бирида македониялик Александрнинг Осиёга юришлари ва сирли вафоти ҳақидаги қизиқарли тафсилотларга нигоҳим тушди. Китобда айни ўлимнинг бир талай изоҳлари, тахминий сабаблари баён этилган: безгакка чалиниш, форсийлар ёки ўз хотини Равшанак суиқасди, Ватанга қайтишни истаган саркардалар фитнаси, Говгамилла жангида ҳаётини сақлаб қолган иниси Клитни ўлдирганидан норози аъёнлар қасоси, саройда уюштирилган базмда ҳаддан зиёд кўп шароб ичиб бўкиб ўлгани ва ҳоказо…
Қизиғи шундаки, тарихчининг ўзи айни тахминларнинг қайсиси рост, қайсиси ёлғон эканини аниқ кўрсатмаган. Искандар Зулқарнайн ўлимида буткул номаълум сабаб ҳам мавжудлигини ва айнан шуниси ҳақиқат бўлиши мумкинлигини қайд этган. Хусусан, Страбон, Клитарх ва бошқа тарихчиларнинг тасвирларидан аёнки, у Ҳиндистон юришидан қайтгач, Бобилдаги шаробхўрлик базмидан сўнг роппа-роса 10 кун ўтгач вафот этган. Шуниси бор, сафарда у билан бирга бўлган, безгакка чалинган жангчиларидан бирортаси Бобилга етиб келмаган, у эса соппа-соғ бўлган. Форсийлар эса Доро III нинг қотили, Суғд ҳокими Бесни ўлдиргани учун Александрдан миннатдор эдилар. Клитнинг дўстлари, ватанга қайтишни истаган лашкарбошилар (Аминта, Кайнос ва бошқалар) Марокандада олдиларини тўсмагани, мўл-кўл ўлжалар тортиқ қилгани боис жаҳонгирга садоқат билдиришган. Хотини Равшанак эрига шу қадар вафодор эдики, унинг вафотидан сўнг ҳам Суғдиёнага қайтмаган, Пеллага кетиб ўша ёқларда руҳини ёдлаб ўтган. Шаробдан заҳарланиб ёки бўкиб ўлганлиги тўғрисидаги тахминлар ҳам ҳақиқатдан йироқлиги аён эди. Негаки, базмдан кейин роппа-роса 10 кун яшаган, табиблар унинг касалини аниқлай олишмаган. Алалхусус, ер юзининг ярмини зир титратган ёш жаҳонгир ўлимининг асл сабаби орадан қарийб икки ярим минг йил ўтса ҳамки, пинҳонлигича қолган.
Очиғи, аввалига тарих қатларида бу каби мубҳамликлар кўплиги боис Искандар Зулқарнайннинг қазоси сирлари хаёлимни у қадар банд этмаганди. Тасвирламоқчи бўлганим хапаматга ҳам алоқаси йўқдек эди. Бироқ кейинчалик негадир бевақт ўлимнинг асл сабаби нима эканлиги миямдан нари кетмай қолди. Бу кечмишда мени тамоман бошқа жумбоқли ҳолатлар қизиқтириб қўйганди. Масалан, навқирон жаҳонгир нима учун Бобил, Мароканда, Усрушонада гўзал маликалардан бирортасига кўнгил қўймасдан баланд тоғлар орасидаги саклар бошлиғи Оқсартнинг 16 ёшли қизи Равшанакни ёр қилган? Уни бу қадар ақлдан оздирган қандайин хилқат эди у? Ва ниҳоят, нима сабабдан туғмас бўлган у? Назаримда булар замирида қандайдир афсун, пинҳоний боғлиқлик бордек эди. Гўёки ўша кўҳна тақинчоқ – ХАПАМАТнинг сирли мунчоқлари каби!
У асли амирлик замонида бобокалоним Шермерган олис тоғлар ортидан олиб келган Парихотунга тегишли бўлган. Узун бўйли, чўзинчоқ юзли, кўзлари порлаб тургувчи тоғ кийигидай ўйноқлаган келиннинг асл исмини билмаганлари ё бошқа аёлларга ўхшамаган паривашлиги учунми шундай номлашган. Зеро элда у яшаган мовий қирлар ортида ростакам парилар ҳали ҳам бор деган узун-қулоқ гаплар юрарди.
Болалигимизда парилар ҳақида эртагу достонлар ўқиб, таъриф-тавсифлари, сеҳр-жодуларидан роса ҳайратланганмиз. Бироқ нечук жонзотлиги, маконлари қайдалигини рўй-рост тасаввур этмасдик. Кўҳи-қоф, Боғи-эрам, Гўрўғли қирган девлар, Юнус-Мисқол парилар ким эди, буни ҳам билмасдик. Катталар ҳам: “Э, нимасини сўрайсизлар, ҳаммаси ўтирик,” деб қўя қолишган. Ғаройиб жиҳати шуки, достонларда эмас, ҳаётда, одамтопмас манзилларда қўним топган париларни кўрган-билганлар уларни афсонавий эмас, гўёки ҳар ким сўзлашса, ушлаб кўрса бўладиган зоҳирий тарзда ишонарли таърифлашган. Фақат айнан қаердаликлари тўғрисида якдил фикр йўқ эди. Бир хиллар Сангардак, Қизилнаҳр, Кенгтола (Сурхондарёга қарашли) даралари оралиғида, деса, бошқа бировлар Ҳисорнинг Помирга чегарадош Аспидухтар,Искандаркўл, Шотруд деган қишлоқлари атрофида, дея уқдиришган. Ўша жойларда яшовчи тоғчилар билан азалдан мулоқот қилиб келган, сеҳр-жодуларини биладиган охун (коҳин)лари бормиш, дуо ўқиб хизматларига ҳозиру нозир қилармиш, деган эртакнамо гаплар ҳам йўқ эмасди.
Тоғчилар қатағонлар, кийикчилар каби асли қадимий сакларнинг авлоди бўлиб ота-боболари суғд тилида сўзлашишган, вақт ўтиши билан турклашганлар. Катта ўрадаги қўнғирот-ўзбеклар билан азалдан борди-келди қилиб кўпкари чопишган, ошна-билиш, қуда-андачилиги бор, синашта одамлар. Илгарилари Вори, Қизилтом, Зармасдан тўйлаб келишганда уйимизга қўшхонага тушган бўйдор, ўркачбурун, чағир кўзли чапдаст чавандозларини кўрганмиз. Саман полвон Зармасдаги курашда отам билан олишиб йиқилган экан, шуни эслашди. Нашир дегани калта бўйли, ғўлабирдан келган қорабаранг чавандоз, Ёнғоқлининг Бўзадиридаги катта кўпкарида бош зотни айирган. Ўшанда қўнғиротларнинг четкирлари сурдовлашиб қамаб қувишди. Қарангқўллик Менглибой Эшмат: “Қўйма уккағар тоғчини”! дея маланг берса ҳам фойдаси бўлмади – Нашир қора қашқа отда ҳаворни икки марта айланиб охири улоқни яккалади. Баковул: “Яша, ҳалолинг бўлсин!” дея уни олқишлаб, зотга қўйилган жийрон тойни етаклатди.
Бошқа сафар Қизилтомга ўзимиз тўйлаб бордик. Уларнинг тирикчилик тарзлари бизга ўхшасада, фарқли томонлари ҳам бор эди. Жин кўчалар аро тиғиз қурилган синчкори уйлари, гугурт қутиларидек болахоналари, айвонлар ровига ўрнатилган сернақш устунлари, ўймакор эшикларини кўриб анграйиб қолганман. Мол-ҳоли кам, қўпроқ овчилик, деҳқончилик, ҳунарманчилик билан тирикчилик қилишаркан. Одамлари анча омилкор, ғайратли, бироз жиззаки, сергап, аммо бачканароқ. Хотин-қизларини айтарли чиройли деб бўлмасди. Юзлари у қадар тўлин ва тиниқ эмас, рафторларида недир номутаносиблик яққол сезилсада хийла жозибали кўринишарди. Гап фақат ноз-карашма, пардоз-андозда эмас, балки чиндан сал афсунгарликлари борлигида эди. Биз қўшхонага тушган уйнинг 14 ёшли чағалай кўзли нозик-ниҳол қизчаси бир зумда мени ўзига шайдо қилган. Тоғ каклигидай дуркунлиги, чопқиллаб кетаётиб тўхтаб қия қарашлари, тезда ғойиб бўлиб яна тўсатдан ёнимда пайдо бўлишлари ҳамон ёдимда. Бироқ кўпкарига роса ишқибоз ўспиринлигимдан ошиқлигимни эртасигаёқ унутганман.
Тераклилик Шоди билан кўкбулоқлик Ибройим чавандозлар авжи улоқ чопиб донг таратган кезлар эди. Қизилтомнинг Новқот деган жойида чопилган катта кўпкарида совринларнинг кўпини шулар олишди. Тоғчилар қий-чув кўтариб қанча сурдовлашмасин, қўлларидан ҳеч нарса келмади. Эртаси куни роса жанжал кўтарилди. Шоди билан Ибройимга ташланишди. Иккови бошларида визиллаётган қамчинларга дош беролмай охири кўпкарини ташлаб қочишди. Ортларидан Хонимқашқагача қувиб бордилар. Жанжалнинг сабабини турлича шарҳлашар эди. Бир хиллар қўнғиротларнинг машҳур чавандозлари ўктамлик қилиб уларни зотлардан қуруқ қолдиргани учун, дейишса, бошқаси: “Бунинг тагида бир гап бор. Шоди билан Ибройим кечаси қўшхонада жононлари билан роса айш қилган, тоғчилар шунга орияти келиб ур-сур қилишаяпти. Ҳаммасига Нашир билан Саъдулла буйруқ берган,” деб тушунтиришарди. Яна: “Қизилтомлик бойваччалар отларини чоптириш илинжида ўзлари “пари” қизларини полвонларнинг қўйнига солган, энди енгилганлари учун жириллашаяпти”, дегувчилар ҳам йўқ эмасди…
Бурунги замонлардан қолган ҳикоялар булардан-да қизиқроқ. Нақл қилишларича, бобокалоним Шермерганнинг уч хислати бор экан: Бири – машҳур ёғочйўнар усталиги, иккинчиси – осмонда учиб кетаётган қирғийнинг кўзидан урадиган мерганлиги. Бу ҳунарлар қонида бўлган. Ривоят шулки, қўнғиротларнинг бош бобоси Журлук мерган бир куни иниси Қобой Широдан аччиқланиб унга томон ўқ узади ва қулоғидаги ҳалқадан ўтказиб юборади, лекин ўзига қилнинг учича ҳам зиён етказмайди…
Шермерганнинг охирги хислати – валийлиги бўлган. Бир сафар бутун амирликда донг таратган Яшин лақабли улоқчи отини бойловдан ўғирлаб кетишади. Қанчалик излашмасин олис-яқин ерлардан дараги чиқмайди. Орадан олти ойча ўтганда унинг қаердалиги ўзига аён бўлган. Биринчдан ясалган камонини елкасига осиб кунчиқар томон йўл олган. Уёқдан эса…Тулпори қанжиғасига бир пари қизни мингаштириб қайтиб келган. Табиатан камгаплигиданми ё бошқа сири борми, ҳар қалай бошидан кечганларни батафсил айтмаган. “Шермерган ўша томонларда парига зарангдан ковуш йўниб берибди, ҳунарига қойил қолган соҳибжамол отига мингашиб келибди”, деган гап-сўзлар қолган, холос.
* * *
Само бағридаги тоғлар гоҳо кишини сеҳрлаб қўяди. Кўз ўнгингизда номаълум оламлар, ўтмиш манзаралари жонланади, гўёки туш кўраётгандексиз. Шунга ўхшаш ҳолатни какликлар армонсиз сайрашган Керагатов юзида Шермерган икки аср бурун йўнган ёғоч новларга тикилиб ўй сураётган чоғимда бошдан кечирганман. Гўёки кимсасиз тоғда ғаройиб оламлару, уларда қайнаётган ҳаётни кўрардим.Энг қизиғи, буларнинг бари менга танишдай, олдин қаердадир кўргандайман. Ҳа, эсладим: қадимий хапаматда! Ҳозир яна ундаги ғаройиб манзаралар, живир-живир мавжланган ранг-баранг мунчоқлар, нақшлар аро пинҳоний олам ва кечмишлар худди ойнада акс этаётгандек эди. Аввалига сокин туманли борлиқда аллақандай кўланкалар, олисларда эса овулга ўхшаш манзиллар, болахонали уйлар, шаршаралар, ҳашаматли айвонлар, оқ либосли париваш аёллар кўзга элас-элас чалингандек…Бироз вақт ўтиб ҳаммаси аниқ-тиниқ кўрина бошлади. Ана, зовлар орасидан оёқларига чориқ кийган қил чакмонли йигитлар – елкасига камон осган алп қоматли Шермерган, йўл бошлаб бораётган катарлик ошнаси! Сирли хапамат уларнинг саргузаштлари, парилар ва бошқаларни рўй-рост ва батафсил тасвирлар эди…
Улар узоқ йўл тортишди, Ҳазрати Султон қадам жойини зиёрат қилгач, атрофга назар солишди. Олисда қалин арчазор орасидаги ҳавордан қуюқ чанг кўтариларди. Йўловчилар халталаридаги талқондан еб, булоқ сувидан ичиб бир оз тин олгач, мўлжал олиб яна йўлга тушдилар. Пешин чоғи Искандаркўлнинг ҳаворида чопилаётган катта кўпкарининг устидан чиқишди. Шермерган ёйини чакмони ичига яшириб газадан туриб тўдага разм солди. Кўзлари қирғийнинг кўзидай ўткир эмасми, минг отли сурдовнинг ичида зар кокиллари ярқираб, у ёқдан бу ёққа ағдарилиб улоқ айираётган Яшинни дарров таниди.
– Кўпкари тарқалишини кутамиз, – деди ҳамроҳига. – Кўзингни айирма, от кимда, қайси қўшхонага боради, шуни кузат.
– Ошнам, мени десанг, отинг Ғазнаволик Оропнинг қўлида.
– Оропинг ким?
– Тоғчилар бошлиғи, охун ҳам дейишади.
– Менинг Яшинимни ҳам афсун билан ўғирлаган дерсан.
– Киноя қилма. Бойловда Яшиннинг пўлат кишани ўз-ўзидан ечилган, дейсанми?
Катари адашмаган эди. Улоқ тарқаб, баковул: “Хуш кўрдик!” дегач, Яшиннинг жиловини Оропнинг қўшхонасига буришди. Қундуз ёқали оқ босма чакмон кийган сур телпакли бурни ўроқдай киши отнинг бўйнига шаппатилаб урганча, мақтаб қўйди. Яшин эса бошини тўлғаганча ҳавони ҳидлаб кишнар эди. Давангир йигитлардан бири устига ғожари дигилни солиб устидан тароқи хуржунни ташладида, абжирлик билан белига минди. Йўлга тушдилар. Яшин бугун зотларнинг тенг ярмини айирган бўлса-да, чарчоқ нималигини билмай ўйноқлаганча ҳавони ҳидлаб ирғишлаб борарди. Шермерган билан катари арча шохларини паналаб қорама-қора изларидан тушдилар. Уч-тўрт чақирим йўл босишгач отлиқлар икки ёққа айрилишди. Ороп бошчилигидаги катта тўда унга, кенг дарада айқириб оқаётган дарёнинг кунгай бетидаги қишлоққа қараб равона бўлишди. Яшинни минган қизилкўз барзанги эса беш-олти нафар ҳамроҳи қуршовида сўл томондаги қуюқ чангалзор билан қопланган зовлар томон от солишди. Ороп уларга қамчин ўқталиб кўрсатмалар берарди.
Шермерган ошнасига юзланди. У “жим,” дегандай бармоғини лабига босиб пичирлади:
– Отнинг оёғига кишан солинглар, деяпти. Яна аллақандай сим қопларни оғизга олаяпти.
– Бу нимаси яна ?
– Қузғун Ороп исингни олганми, деб қўрқаман.
– Йўғ-э, нафасингни иссиқ қил. Бу ёғини гапир, энди нима қиламиз ?
– Энди гап Қилқоядан эсон-омон тушишда. Хотиржам бўл, бунинг уддасидан чиқамиз, – деди катари ҳид олган тозидай уёқ-буёққа алангларкан.
Шермерган эса қулоғини қайчи қилганча Қилқоядан ҳаккалаб-ҳаккалаб энаётган тулпоридан кўз узмас эди. Бироқ тезда чакалакзор орасида кўздан ғойиб бўлишди. Улар ҳам лабиринтга ўхшаш айлана тик қатовлардан амал- тақал эниб зарангларнинг синган шохлари ва тўкилган учқат баргларидан нишона олиб бораверишди. Отлиқлар тезоқар дарёни кечиб ўтишгач йўлни чап солиб кунчиқарга бурилишди. Улар борган жой чинакам Боғи Эрам – осмоннинг парчаси кўринадиган тоғ ўнгири, ботаётган офтобнинг қон тусли шафағи урган баланд зовлар билан қуршалган ям-яшил сайхонлик, гуллар, қумрилару булбулларнинг чах-чахи, нақшинкор айвонли сўрилар, атрофда сайр этиб юрган, шаршараларда чўмилаётган парилар… Ҳаммаси эртакка ўхшар эди !
Давангирлар зовнинг адоғидаги камарга етиб тўхташди. Яшинни ўртадаги гулмихга боғлаб оёғига кишан уришди. Белини бўшатиб калта қантариб қўйдилар. Шундан сўнг бир тўда қизларга отга қарашни буюриб айвонлар томон йўл олишди. У ерда уларни бошқа парилар қаршилаб, ювиб-тараб шоҳи кўрпачалар тўшалган сўриларга олиб бордилар. Қизилкўз барзангилар шу тахлит парқув болишларга ёнбошлаб қизлар узатган гулобу шароблардан ичиб ҳордиқ чиқаришга киришдилар. Бошқа сўриларда ҳам базм , қўшиқ, мусиқа , рақс, кайфу сафо авжида эди.
Яшинни сайис қизлар парваришларди. Бироз вақт ўтгач сувлиғини чиқариб айил-пуштанини ечишди. Эгар-жабдуғини олиб яланғочладилар, баданидаги тер ва чангни обдон артишгач, устига қалин жулни ёпиб, бахмал беллик устидан тўшайилини тортишди. Тошдан йўнилган баланд охурига кўм-кўк беда ва олқорўтлардан солишди. От бедани қасир-қусир чайнаркан, ҳамон уёқ-буёққа ирғишлаб, ҳавони ҳидлаб пишқирар эди.
– У сенинг ҳидингни олди – дея ошнасини туртди катари.
– Ҳа, сезганга ўхшайди, лекин анавилар билмаса бўлгани.
Улар қоя орқасидан барисини кузатиб туришарди.
– Бу қандай жой, нечук жонзотлар, сен биласанми? – сўради ҳайрати ошган Шермерган.
Катари шоп мўйловларини силаганча ўйга толди, сўнгра ҳардамхаёл сўзланди:
– Буларни Сулаймон пайғамбар давридан қолган дейишади. Тоғларнинг энг овлоқ гўшаларини макон қилишган. Биров кўради, биров кўрмайди. Сеҳр-жоду билан эркакларни ром этиб, кайфу сафо қилишади, лекин бола туғишмайди. Гўзалликда уларга тенг келадиган аёл уруғи ер юзида йўқ эмиш. Бир ёмон томони, улар билан яқинлик қилган одам бедаво дардга чалиниб вақти соати етгач тайин ўлар экан. Бу сирни қадимий саклар билишган, охунлари афсун билан ёғийларни ўзларига оғдириб, париларнинг қўйнига солиб, шу тариқа даф қилишган. Бу гапларни афсона дегувчилар ҳам бор. Яна бир хиллар: булар ҳур ҳам, пари ҳам эмас, тоғчиларнинг “уффори” деган кўҳна жамоасидан, дуо билан пари қиёфасига солинган қизлар, қонлари эскирганидан рангсиз, пуштсиз туғилишади, баданлари ўта нозик, қувватга ташналигидан ҳирслари баланд, кучли эркакларга зулукдек ёпишармиш, ҳатто қон сўрувчилари ҳам бўлади, дейишади. Яна ким билсин, ўзим ҳам биринчи бор кўриб туришим.
– Анави қизилкўз давангирлар ким?
– Эркаклари бўлса керак. Уларга касаллари доримас эмиш. Эҳ, қани энди мен ҳам шу кеча улар билан би-ир айш қилсам, ўлсам армоним йўқ эди, ошна.
– Э, ҳозиргина ўзинг таърифладинг-ку. Нима, ажалингдан бурун…
– Мени ёмон домларига тортишаяпти, оппоқ сийналаридан қучгим келяпти, ошна.
– Э, валдирама! Сен отни қандай опқочишни ўйла, – дея танбеҳ берди Шермерган кўзлари аланг-жаланг ўйнаётган ошнасига. Катари гапни бошқа ёққа бурди:
– Яшиннинг оёғидаги кишан залворлига ўхшайди.
– Бундан ташвиш қилма, қулфни кўз очиб юмгунча кесаман. – Шермерган қўйнидаги пўлат кескирга ишора қилди.
– Ороп ҳам анойи эмас. У сим қопларми-ей, бир балолар деётганди. Яна анави “девлар”…
– Уларни ўзим саранжомлайман, фақат кўзим илинса, саҳар пайти уйғотсанг бас. Тағин Худо уриб париларга дохиллашиб қолма.
– Йўғ-э, ўлибманми.
– Айтдим-қўйдим-да.
Улар халтачаларидаги талқонни капалаганча тамадди қилишди. Ухлаб қолмаслик учун катари ханжари дастасини, Шермерган ёй-ўқини пешоналарига тираганча ўтираверишди. Саҳарга яқин Яшин гулдираб кишнади. Шермерганнинг кўзи ярқ этиб очилди. Ёнида катари йуқ! Тонг юлдузи шуъласида кўрдики, ошнаси яқинроқдаги сўрида – тўрт нафар парининг қучоғида ётибди. Ундан умидини узиб дов-дарахтларни паналаб камарга томон юрди. Атроф зим-зиё сукунат, гўёки зоғ йўқдай. Орқа тарафдан отга яқинлашди. Яшин уни сезиб енгилгина ихраб қуйди. У қўйнидан пўлат кескирни чиқариб отнинг олд оёқларига энгашган эди ҳамки, тўсатдан “шарт” этган товушни эшитиб бошини илкис кўтарди, ва… Ўзини йўғон симлардан тўқилган тўр қоп ичида кўрди. Атрофида эса ҳалиги қизилкўз барзангилар сўйлоқ тишларини иржайтиб туришибди. Ётган жойидан катарини ҳам турғазиб келишди-да, икковини оёқ-қўлларини занжирбанд қилиб кўзларини боғлаганча камар ичкарисига ҳайдаб жўнашди. Зулмат ғор ичра қанча юрганлари номаълум, ниҳоят бир ўйиқдан чиқариб кўзларидан боғичларини ечишди. Тонг ёришгач, этакда қадимий Ғазнавонинг қораси яққол кўринди. Кунгай бетда бир-бирига мингашган синчкори уйларнинг сон-саноғи йўқ. Уларни жин кўчалар оралатиб ўртадаги баланд пешайвонли уй олдига келтиришди. Пода ҳайдаб юрган чағир кўзли болалар, ҳовли супураётган оқ чорси ёпинган сувилондай хотинлар уларни томоша қилишарди. Улкан ўймакор дарвозадан ичкарига олиб киришди. Баланд ҳашаматли айвонда қават-қават шоҳи кўрпачалар устида ястанган ўркачбурун, кўзлари илоннинг кўзидай чақчайган ўрта ёшли киши қаддини кўтариб тутқунларга гап қотди:
– Ҳа мерган, кепсан-да. Буёқларда итинг адашдими-а?
– Итим эмас, отим, – дея жавоб қилди Шермерган заррача тап тортмай.
– Бир тойни деб шунча йўл босиб ҳалак бўпсан-да. Ана уюримдан хоҳлаганингни олиб кетавер.
– Уюрингдаги беҳисоб чўбирларинг Яшиннинг бир қилига арзиганида уни ўғирлаб келармидинг, Ороп?
Қатағонлар охуни сукут сақлади. Ҳақиқат баъзан ҳар қандай ғаддорни ҳам гунг қилиб қўяди деганларича бор.
– Ўтган ишга салавот, – ниҳоят тилга кирди у, – Ўзинг кўрдинг, отинг соғ-саломат, ардоқда, айқириб улоқ чопаяпти. Сенинг қўнғиротларинг кўпкарини ғирром чопади. Сенга уюримдаги энг сара Дўнанни бераман, галадан ўзинг танлайсан.
Шермерган лом-мим демади. У ҳамон доғда қолгани, ошнаси париларга илакишиб панд берганидан алами зиёда эди.
– Отни бер! – деди Оропга қаттиқ тикилиб, – Яшин сендай жодугар тулкига ҳайф, уни мендай лочин минади.
– Мақтанма, гов қўнғирот! Ҳали меҳмоним бўласан, кўҳна урфимизни адо этаман.
Ороп болахона томонга ияк қоққан эди, у ердан икки нозанин чиқиб айвон панжарасига суянганча уларга кўриниш бердилар. Каштали ок кўйлак кийган, узун бўйли, қирмизи сочлари нозик белига чулғанган соҳибжамол қиз тим қора кўзларини сузиб унга қаради. Бўйнига таққан, қўш каптардай кўкка талпинган кўкракларига шалоладай эниб турган хапамати тоғдан ярқираб чиққан қуёшнинг заррин шуъласида живир-живир товланар эди. Шермерган унга анг-танг бўлиб тикилиб қолди.
– Мерган, – дея унга юзланди Ороп. – Эшитганман, унча – мунча қизларни назаринга илмай, уйланмай юрибсан. Айвонда турган оқ кўйлаклиси ёлғиз қизим. Ёнидаги канизи ҳуснда ундан қолишмайди. Шу қизни сенга бераман. Дўнаннинг қанжиғасига қўндириб ол-да кет. Яшин унинг қалини бўлсин.
Чиндан Ороп кўрсатган қизнинг ҳусндан ками йўқ эди. Аммо Шермергандан тағин ун чиқмади. У ҳамон хапамат таққан оқ кўйлакли соҳибжамолга маҳлиё тикилиб турарди. Қиз ҳам чўғдай нигоҳини ундан узолмас эди.
– Сендан сўраяпман, розимисан ? – деди Ороп.
– Йўқ – деди Шермерган ҳушини йиғиб олиб. – Яшин қалинга берилмайди. Қўнғиротлар ҳеч қачон отни хотинга алишмаган.
– Энди ўзингдан кўр. Олиб бориб қамаб қўйинглар. Кунжара ва сувдан бўлак овқат берманглар, – буюрди Ороп.
Уларни ҳовли адоғидаги ўрадай қоп-қоронғу кулбага қамаб орқасидан тўнкадан йўнилган эшикни танбалашди. Орадан уч кун ўтгач чақиртириб яна сўроққа тутди:
– Қани мерган, ўйлаб бўлдингма? – Тутқундан садо чиқмагач, давом этди. – Бўлмаса эшит, биринчи шартимга кўнсанг қизни сепи билан отингга миндираман. Элинга эсон-омон бор. Агар кўнмасанг ота-боболаримиздан қолган удумни адо этаман. Ўзинг кўрган жойдаги парилар маликаси билан бир кеча ишрат қиласан. Сўнгра тўрт томонинг қибла, паймонанг тўлиб ўласан. Жавобингни айтишинг учун сенга ўн кун муҳлат бераман. Олиб боринглар.
Уларни яна ертўлага қамаб қўйишди. Катари парилар билан тунаган оқшомдан бери ўзини мажолсиз сезарди. Ранги заҳил тортиб кун сайин сўлиб борар, ора-сира иситмалаб тишларини такиллатганча қилмишидан афсусланиб нола қиларди:
– Биринчи шартга рози бўл, ошнам. Мен ҳам бола-чақамни кўриб ўлайин. Аҳволим оғир, одам бўлмайман шекилли. Бу дарднинг муддати йўқ, эртами-кечми олиб кетади.
Шермерган не деярини билмай унга ҳайрону лол боқарди. Муҳлат битишига бир кун қолганда катари тиришиб жон таслим қилди. Барзангилар уни елкаларига кўтариб олиб чиқиб кетдилар. Шермерган дўстининг жасадини қаерга дафн этишганини билмаса-да, руҳига қуръон тиловат қилди.
Эртаси куни уни Оропнинг ҳузурига олиб боришди.
– Сўнгги қарорингни айт, мерган, – деди тоқчилар бошлиғи унга қаҳр билан тикилиб. – Ана, парилар билан айш қилган катари ошнангни ҳолини кўрдинг.
Шермерган олисда кўринган Гўбалайнинг оқ қорли чўққиларига боқди, аммо тоғлар сас бермади. Сўнгра айвонда солланиб турган сарвиноз қизларга қаради. Хапаматли қиз унга ним табассум қилди-да, икки бармоғини хиёл кўтариб сўнгра ғунчадек лабига босди. Шермерган бу ишорада не сир борлигини билмаса-да қизнинг кўзларига синовчан тикилиб туриб таваккал жавоб қилди:
– Иккинчисини танлайман.
Тоғчилар бир гувлаб тинишди. Ороп бошини ғолибона кўтарди:
– Қисматингни ўзинг белгиладинг, мерган. Энди мендан гина қилма. Азалий удумимизни адо этаман. Парилар билан кайфу сафо қил, армонинг қолмасин. Омин!
Тумонат тоғчилар гувлашиб “омин”, дея такрорлашди. Оропнинг оқ кўйлакли эрка қизи далда бермоқчидек қўлидаги шоҳи рўмолчасини у томон силкитиб, мийиғида кулиб қўйди…
Оқшом чўкиб тоғларни шом қоронғуси қоплагач уни ертуладан олиб чиқишди-да, кўзларини боғлаб зим-зиё ғор ичидан олиб жўнадилар. Нариги томонга чиққанларида боғични ечишди. Дастлаб у ҳеч нарсани кўрмади, кейинроқ атрофини қуршаган париларнинг оқаришган вужудларини илғади. Уни Гулҳовузда чўмилтиргач, оппоқ либосларга ўраб бардор-бардор кўтарганча гулзор ичидаги энг баҳаво, тўрт томони ҳарир пардалар билан тўсилган сўрига олиб боришди. Ўртадаги хонтахта устига ёзилган дастурхон устида етти ухлаб тушига кирмаган ноз-неъматлар, анвойи майлар тўлатилган кўзалар турарди. Парилар унга ва ёнидаги маликага навозиш ила хизмат қилишар, турли лаззатли таомлар келтириб майлардан узатишарди, уд ёки арфага ўхшаш ажабтовур созларда мусиқа чалиб, гўзал қўшиқлар куйлашар, нозик ҳаракат-ла рақсга тушишарди. Ҳавода майин шаббода ила жаннатий муаттар ҳидлар уфурар эди.
У роҳату фароғатдан, ёнидаги ҳуру ғилмоннинг табассумидан мутаассир бўлиб жонбахш туйғулар оғушида мумдай эриган куйи ўтираркан, элу юртини, севимли отини, ёруғ оламдаги жамики нарсаларни унутгандай эди. Майхўрлик ва тановвул тугагач, малика қўлидаги шоҳи рўмолини силкитган эди, парилар базмни ниҳоялаб иккисини гуллар билан безалган хобгоҳга олиб киришди-да, масту мастона Шермерганни малика билан ҳоли қолдирдилар. Шунда улар илоҳий ишқ бўстонида бир-бирларини оғушлаб танларини ва руҳларини бўсалар ила бағишладилар, самовий висол минг асрлар давом этгандай туганмас муҳаббат ва лаззатдан масрур бўлдилар. Баданларидан оққан тер етти қават кўрпадан ўтиб тагидаги гулдор гиламни ҳам шалаббо қилган экан. Саҳар-саҳар маст уйқуда ётганида Шермерганни кимдир уйғотди.
– Туринг, бегим, вақт бўлди, кетайлик.
– Қай… Қаёққа кетамиз, Кўҳиқофгами? – ғўлдиради уйқуси роса очилмаган Шермерган.
– Керагатовга, – деди малика жаранглаган овозда аниқ-тиниқ қилиб.
У кўзларини катта очиб қаради: ажабки, тепасида парилар маликаси эмас, сафар кийимини кийиб, белига фута боғлаган, бўйнига хапамат таққан Оропнинг оқ кўйлакли соҳибжамол қизи чарос кўзларини чақнатиб турарди.
– Сен?!
– Ҳа, менман. Кўрган пайтимдаёқ сизга ошиқу беқарор бўлдим. Ўшанда сиз билан қочиб кетсам бўларди, аммо отингизни кўзингиз қиймаслигини билардим. Шу боис, бошқа режа туздим, иккинчи шартни танланг, деб ишора бердим. Отамдан париларни хизматга шайлайдиган дуоларни озроқ ўрганган эдим… Сизни бу ерга келтиришларидан олдин келиб, парилар маликаси қиёфасига кириб сиз билан висол қурдим. Олдиндан ҳаммасини ўйлаб қўйгандим. Парилар ва қизилкўз давангирлар хизматимда ҳозиру нозир. Энди мени юртингизга олиб кетасиз, сизга вафодор хотин бўламан, отингиз ҳам тайёр. Тезроқ йўлга отланайлик, тонг ёришса афсун ечилиб, бўйсунмай қўйишади. У ёқда отамнинг айғоқчилари…
– Ҳаммасига тушундим. Мени отимнинг ёнига бошла, – дея Шермерган ётган жойидан қоплондай сакраб турди.
Парилар аллақачон отнинг кишанини ечиб, эгарлаб қўйишган экан. Давангирлар содиқ мулозимлардек бошларини эгиб таъзим қилиб туришарди. Шермерган Яшиннинг манглайидан ўпти-да, айил-пуштанини қайтадан тортиб узангига оёқ қўйди, Оропнинг қизини билагидан тутиб отнинг сағрисига қўндирди,“Ҳайт!” дея Қилқоя томон елдириб кетди …
* * *
Этак шамоли тоғ бошини чалган булутларни, дараларда чўкиб ётган туманни тарқатиб юборди. Мен ҳамон ғаройиб манзаралар асири бўлиб ўтирибман. Қадим Новтаканинг тож янглиғ чўққилари этакка оққан офтобнинг ёрқин нурларида кумушдай ярқирарди. Хапамат энди бутунлай ўзга тарих, ўзга одамлар кечмишини сўйлар эди… Тевараги йўнилгандек тик зовлардан иборат маҳобатли қоя устида қўрғон, шинаклардан ўқ узишга шай камончилар, пастда эса тоғу тошни тўлдирган найза тутган беҳисоб лашкарлар, бошлари узра Искандар Зулқарнайннинг оловранг ялови !
Унинг ўзи қўшиннинг олдида қора тулпори устида осмон ила сўйлашган қояга шахт билан тикилганча турибди. Соқолига оқ оралаган йўғон гавдали саркарда Парфенон унга гап қотди :
– Нима, Бусефалинг қанот боғлаб сакларнинг тилсимли қалъасига учиб чиқади, деб ўйлайсанми?
Жаҳонгир нигоҳидаги шиддатни сўндирмай жавоб қилди:
– Бусефал қанот чиқармаса, аскарларим учиб боради. Ахир келиб, кўриб , олмай қайтган қалъам борлигини кўрганмисан, эй қария?!
– Нега оқилаликда ва гўзалликда тенгсиз Усрушона маликасини олмай, изинга қайтдинг? – бўш келмади кекса саркарда.
Жаҳонгир сукут сақлади. Юсуф талъатли навқирон Гефестион дўсти учун жавоб қилди :
– Енгилмас Александрнинг хотини самовий парилардек гўзал бўлмоғи керак-да.
– Ҳа, саклар бошлиғи Оқсартнинг афсонавий ҳуру ғилмонлари бор, деб эшитганман, – деди Птоломей Лаг гапга аралашиб. – Илоҳа Онахитанинг дуосини биладиган коҳинлари уларни афсун билан хизматга шайлашар экан. Ёғийларни эса…
– Бўлди, бас! – дея ўкирди Александр. – Биз сакларнинг сўнгги қўрғонини олгани келганмиз. Унга чиқишни ўйланглар. Антикатр! – У Парфеноннинг ёнида найза тутган панжалари бургутникидай, кўзлари ёниб турган жангчига мурожаат қилди :
– Қоядаги қалъага чиқа оласанми?
Антикатр саросимага тушмади, бир муддат тик зовларга ўткир кўзларини қадагач, жавоб қилди:
– Иложини топаман, саркардам.
Птоломейй Лаг, “Қанотли қуш уча олмайдиган жойга қандай чиқасан?” демоқчи бўлди-ю, аммо Александрнинг қаҳрли нигоҳини кўриб фикридан қайтди. Антикатр эса тунда, етти кунлик ярим ойнинг ёғдусида юз чоғли аскари билан зовлар ёриғига ўткир учли найзаларини қадаб, пишиқ арқонларга осилиб қўрғон тепасига чиқишга муваффақ бўлди. Уларни кўрган камончилар ўтакалари ёрилиб қалъа ичкарисига, Оқсартнинг қароргоҳига қочишди.
– Ёғий босди, ёғий!
Оқсарт тошдан йўнилган тахтида ўтирганча уларга бақирди:
– Қанақа ёғий? Нима, македонияликлар махфий йўлни топишибдима?
– Йўқ, қотлардан учиб чиқишди.
Оқсарт ёнида ўтирган, бўйни ва белига девларнинг тишлари осилган коҳинга юзланди:
–- Юнонларнинг коҳинлари аскарларни учира оладиган дуони билишадими?
Коҳин қоқ суяк қўлини силтади:
– Йўқ, Арасту уларга афсун эмас, фақат ҳарбу зарбдан илм-ҳунар ўргатган.
– Сиз биласиз-ку, афсун билан уларни қайтаринг, муҳтарам коҳин, – ёлворди Оқсарт чағир кўзларини ёшлаб.
– Энди фойдаси йўқ.
– Таслим бўл, демоқчимисиз ?
– Ҳа!
– Ахир бутун Новтака қўлдан кетади-ку.
– Уларга саховат кўргазиб Илоҳа Онахитанинг удумини адо эт! Қадим Суғдиёнани маҳв этган, оламдан ному нишонини ўчирган Александрга ўлим! Сакларнинг ўчи шу! Парилардан энг гўзалини қизинг Равшанак тимсолида унга тортиқ қил. Унга ҳам ёр, ҳам “ажал париси” бўлсин. Омин!
Коҳин афсункор дуоларини ўқиш учун тоғ ўнгуридаги оташкадага кириб кетди. Бу орада ташқаридаги камончиларни саранжомлаган Антикатр ҳам саройга кирди. У тўрдаги тошдан ясалган тахтида ўтирган Оқсартнинг қаршисига бориб найзасини ўқталган эди, у қўлидаги оқ туғини унинг оёқлари тагига ташлади. Ўрнидан туриб таъзим қилганча қироат қилди:
– Биз буюк жаҳонгир Искандар Зулқарнайнга тобе бўлгаймиз. Унга айт: барча аъёнларим, аскарларим билан таслим бўлиб ҳузурига бораман. – Сўнгра ёрдамчиларига ўгирилиб буюрди. – Коҳинга айтинглар, махфий йўлни очадиган дуони ўқисин.
Ҳаммалари ғадир-будур деворларига машъалалар ёқилган, лабиринтга ўхшаш ғордан пастга туша бошладилар. Дуонинг кучи билан икки ёққа сурилган улкан қоя ёриғидан ташқарига чиқишди. Антикатр мағлуб сакларни баланд ҳавозада Гефестион билан шароб ичиб ўтирган Александрнинг ҳузурига олиб борди. Оқсарт аъёну акобирлари, аскарлари, хотинлари, ҳисобсиз ўғил-қизлари билан ёш жаҳонгир қаршисида таъзим қилди, сўнгра оқсоч бошини адл кўтарганча ғолибни қутлади. Бироқ юнон арслони уни кўрмас, сўзларини эшитмас эди. У энг олдинда қуёшдай порлаб турган 16 ёшли Равшанакдан кўзларини узолмай тикилиб қолган, қизнинг кўзни қамаштиргудек жамолига асир бўлиб бамисли яшин ургандек ишқида ёниб руҳи кўкларга равона бўлган эди.
– Гефестион – дея базўр ғўлдиради, сўнгра кўзлари чақнаганча хитоб килди. – Ана менинг хотиним. Бошига гулчамбар тақиб ёнимга келтир. Йўқ, шошма, ўзим бораман!
У ҳавозадан ўлжасига ташланган йўлбарсдай отилиб тушди-да, кўзларидан шашқатор ёш тўкилаётган дўстининг қўлидаги гулчамбарни олиб париваш Равшанакнинг бошига қўндирди. Қилқоя устида ёлғиз қўнқайиб ўтирган коҳин қаҳ-қаҳ уриб кулди, кулгуси тоғу тошлар аро акс-садо бериб, кўҳна Бобилнинг фусункор Семирамида боғларини эпкинлагандай олисларга таралиб кетди…
Офтоб аллақачон ботган эди. Этак шамол тўхтагач, тоғларни яна туман қоплаб олди. Энди барчаси пинҳон бўлган: кўҳна манзаралар, Шермерган, тоғчилар, парилар, Равшанак, илоҳа Онахитанинг ўчи ила қазосини топган Искандар Зулқарнайн, найза тутган жангчилар ва уларни рўй-рост жонлантирган мўъжизакор хапамат ҳам!
Дарвоқе, ривоят қилишганидек, бобокалоним Шермерганнинг тутқунлик чоғи ёғочдан антиқа ковуш ясаб Ғазнаволик гўзални ўзига ром этгани чинми – ўтирикми билмадиму, Ёнғоқлига олиб келгач, у билан кўп фарзандлар кўриб, бахтли ҳаёт кечирганини эшитганман. Парихотуннинг сирли тақинчоғи эса момомга, ундан энамга мерос қолган. У ҳам вафот этгач, содда сингилларим қишлоққа келган лўлиларнинг ялтироқ, сунъий маржонларига алмашиб юборишган. Ҳозир ўша кўҳна буюмни ҳам, парилар ҳақидаги гурунгларни ҳам буткул унутиб юборишган. Яна қачонлардир, Керагатовда баҳор чоғи чакамик ва учқатлар гулга кириб, какликлар маст бўлиб сайрашганда бошқа хотиралар каби ХАПАМАТни ва уни таққан париларни қайта эслашар, балки…
“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 10-сон.