Ҳалима Аҳмедова. Жигарранг китоб (бадиа)

Январ елкасига осмон пўстинини ташлаб, секин оёқлайди. Баъзи-баъзида офтобнинг эҳтиросли шивирлари юракнинг қулоғига чалинади. Ва ниҳоят феврал кириб келади. Бу ойнинг кириб келиши билан изғиринли кунлар яна озодликка чиқади. Феврал аёзининг ҳикматини қаранг: чидаганга чиқарган бу ҳаётни, дейди. Яна кўнгил деразаларига эринмай гул чизади. Мавҳум шакллар суратини машҳур мусаввирлардан ҳам зўр чизади.
Феврал ҳикмату сирларга тўла ой. Бу ой қиш билан баҳорнинг ўртасидаги кўприкка ўхшайди. Ундаги шиддат қор остидаги бойчечак, бинафша, ялпизларнинг қўшиғига куй басталайди. Ҳаётнинг қорнидаги яшил фаслига изтиробдан туғиладиган ишқнинг, умиднинг сабоғини ўтайди.
Феврал ойида туғилганларга ҳавасим келади. Аммо бу ойда туғилганларнинг бари ҳам Навоий ёхуд Бобур бўлолмайди.
Хазону қорлар кўмиб кетган хотираларнинг нақшинкор даричасини очаман: бобомнинг равоқли кулбаси, кулба ўртасида сандали, ундан сал нарироқда катта сандиқ. Сандалга оёғини тиқиб, саксовул чўғидан ҳузур топаётган бобом мук тушиб китоб ўқийди:

Истаганлар бизни саҳрои балода истангиз,
Водийи ҳижрон ила дашти фанода истангиз.
 
Бобом йиғлаб ўқийди, бағри қонга тўлиб ўқийди.
Ташқарида гоҳ капалакка, гоҳ оққушга ўхшаб ёғаётган қорлар -бобомнинг овозини эшитади. Ва деразадан ичкарига секин мўралайди. Бобом ўқишда давом этади:

Вомиқу Фарҳоду Мажнундеклар ул водий аро,
Бўлсалар пайдо, мени ҳам ул арода истангиз.

Сўзнинг бағридаги ишқдан, сўзнинг жавҳаридаги ҳароратдан эриб кетади капалак қорлар, оққуш қорлар…
Исмсиз саҳрода қалбини йўқотган телбадек жунунланади бобомнинг -ноласи:

Юз аларнинг ишқича дарду, балоу ғуссага
Толиб эл бошига келган можарода истангиз.

Кулба ёнида қорга кўмилган чинор бу ноладан кучланади. Ва оғир силкинади. Унинг силикинишидан минг йиллик ғуссалар тўкилади. Замин секингина оҳ тортиб қўяди. Бу оҳ бориб яна бобомнинг қалбига чирмашади:

Эйки истарсиз саводул важҳ фиддорайндин,
Бохабар бўлмоқ мени юзи қарода истангиз.

Энди борлиқ юзини аёзнинг совуқ тирноқлари тирнай бошлайди. Илоҳий азоб ортида кўриниб турган ҳаловат ширин энтикади. Кулбадан таралаётган оҳанг аёзнинг юрагини илитади:

Кўнглум ул зулф ичрадир, зинҳор ишқим шарҳини,
Истаманг мен телбада, ул мубталода истангиз.

Совуқ шамоллар муз устида сирғаниб югуради. Тириклик зулфида осилиб қолган бир тола умид минг толага айланади. Ва ишқ шарҳини тузган азал котибига истиғфор айлайди.
Шу лаҳзада бобомнинг кулбаси жаннат боғидан ўғирланган олмага айланади. Олманинг ичидан эса шаффоф соғинчнинг мукамбар ифори таралади:

Нукта янглиғким, вафо узра қилур котиб рақам,
Ишқ ўтининг доғини аҳли вафода истангиз.

Музлаб қолган ариқчанинг кўзлари осмонга тўлади. Ариқчанинг кўзидан осмон сирғалиб чиқади-да, бобомнинг овозига келиб қўшилади:

Оғзи шавқидин Навоий итти, они истар эл.
Ё адам даштида, ё мулки фанода истангиз…

Бобом ғазални ўқиб тугатади. Дераза ортида менинг рангин тугмачалар қадалган калишчам қорга тўлади. Аммо совуқ қотмайман. Бобом қироат билан ўқиган ғазалнинг қуёши бутун вужудимни қиздиради. Шу дамда ичкарида ўтирган бобомни қаттиқ соғинаман. Ва отилиб ёнига кираман. Унинг юзидаги ажинлардан боғимизнинг ариқчасига ўхшаб сув оқади. Рўмолим билан унинг кўз ёшларини артаман. Бобом ширин жилмаяди. Мени эркалайди. Қўлларимга парвардаю туршаклар беради. Ёнига жойлашиб ўтириб оламан. Менинг ғазалхон бобом бирпасда ҳув ўша баланд осмондан тушиб, оддийгина меҳрибон бобога айланади. Мен эса уни доим ғазал ўқиганда чиқадиган юксакликда кўришни истайман. Бобомга эркалик қиламан:
— Бобо, чиройли суратлари бор китобингизни беринг.
Бобом токчадан мен севиб суратларини томоша қиладиган жигарранг китобни олиб беради. Сандалнинг чўғига оёғимни тоблаб китобни аста варақлайман. Унда чиройли бир йигит билан қизнинг, кенг саҳрода югуриб юрган оҳуларнинг суратлари бор…
Бобом менга таъкидлайди:
— Бу Ҳазрат Навоийнинг «Лайли ва Мажнун» достони. Эҳтиёт бўл, яна йиртиб қўймагин.
Мен бобомни саволга кўмаман:
— Лайли ва Мажнун нима дегани? Бу достон нима ҳақида?
Бобом оғир тин олади. Ва лўндагина жавоб беради:
— Ҳали ўқишни ўргансанг, ўзинг ўқиб билиб оласан…
Рости гап, бобом ўқиган ғазаллар менга руҳ, ҳарорат бағишласа-да, уларнинг мазмунига тушунмайман. Фақат сўзлардаги оҳанг ва яна нимадир афсунлагани афсунлаган. Бу афсун ичидан сира ҳам чиқиб кетгим келмайди.
Зўр бериб жигарранг китобни варақлайман. Суратларда акс этган манзаралардан ниманидир тушунгим келади. Баъзан ҳис қилгандек бўламан. Фақат китоб ўртасида дарахтга занжирлаб ташланган — сочлари, тирноқлари ўсган қишлоғимиздаги Йўлдош девонага ўхшаб кетадиган йигитнинг суратини кўрганимда ичимга қандайдир ларза ўрмалаб киради. Йиғлагим келади. Нега уни дарахтга занжирлаб қўйишган? Уни қутқаргим келади. Ҳатто тушларимга кириб чиқади бу сурат. Яна бобомга юзланаман:
— Бобо, нега бу йигитни занжирлаб қўйишган?
Бобом ўзини эшитмасликка олиб яна мудрайди. Бу жигарранг китобни жуда яхши кўраман. Бобомдан яшириб бир куни кўчага олиб чиқиб ўртоқларимга кўз-кўз қилганман. Бобом билиб қолиб мени роса койиган.
— Қизим, уни фақат шу ерда томоша қил. Йиртиб қўйсанг, сендан Навоий хафа бўлади, — деганди ўшанда.
Шунда мен ҳовлиқиб:
— Навоий ким, бобо? У қаерда яшайди? — деб сўраганман. Бобом эса кўксини кўрсатиб:
— У жуда катта шоир, мана, бу ерда яшайди, — деган. Мен эса ўшанда ҳеч нарсани тушунмаганман.
Йиллар ўтаверди. Мен жигарранг китобни томоша қилишни канда қилмадим. Ва ниҳоят, мактабга бордим. Ўқиш-ёзишни ўрганиб олдим. Энди жигарранг китобни бемалол ўқий бошладим. Аммо уни ҳануз уқий олмасдим. Айниқса, суратдаги йигитни нега занжирлаб қўйганига ҳеч жавоб тополмасдим.
Ёшим ўн олтига кирганда жигарранг китобни кўнглимдаги ҳислар билан варақлаб, нималарнидир тушунгандек бўлдим. Лайлига ҳавасим келди, Мажнунни орзу қилдим. Мажнун оёғидаги занжирлар ҳалқасининг нури ногаҳон кўксимга кўчганини сездим. Лайлининг қаро зулфи зулфимда тебрангандек бўлди. Бир куни бу китобни бобомдан сўрамай мактабга олиб бордим. Муаллимимиз китобни кўриб:
— Жуда нафис китоб экан, — деди.
Бу гапдан сўнг барча синфдошларим китобни қўлма-қўл қилиб томоша қилишди. Ногаҳон парта устида турган сиёҳдонни бир синфдошимиз билмай туртиб юборди. Ва китобнинг варағи устига сиёҳ сачради. Ўша куни дилим ҳуфтон бўлди, бобомдан роса гап эшитдим. Кейин, бу китобни менга қайта бермаслигини айтди.
Кунлар ўтгани сайин китобни, тўғрироғи, Лайли билан Мажнунни соғина бошладим.
Бир куни бобом хонасидан чиқиб кетгани заҳоти кирдиму токчадан жигарранг китобни изладим. Аммо китоб жойида йўқ эди. Шунда бутун хонани бурчакларига караб чиқдим. Лекин тополмадим. Шу пайт уйнинг ёнбошида турган сандиқ ёдимга тушди. Сандиқнинг калити энг юқоридаги токчада турарди. Калитни олдиму сандиқни очмоқчи бўлдим. Не кўз билан кўрайки, сандиқнинг тепасида тождор оппоқ илон бошини кўтариб турарди. Азбаройи қўрққанимдан бақириб юбордим. Ва шошилиб ташқарига отилдим. Менинг овозимни эшитган бобом қаердандир пайдо бўлди. Пинагини ҳам бузмай:
— Китоб ўғрисининг аҳволи ана шунақа бўлади, — дедию хонасига кирди. Ортидан мен ҳам кирдим. Бобом сандиқ ёнида турган ундан бир -чимдим олиб илоннинг устига сепди. Илон бир зумда ғойиб бўлди. Мен эса азбаройи қўрққанимдан дағ-дағ титрардим. Бобом менга:
— Бу илон безарар. Узок йиллардан буён келиб туради, — деб тушунтирган бўлди.
Хазина бор жойда тождор илон бўлади, дейишади. Балки бобомнинг катта хазинаси бордир, дея ўйладим ичимда. Ва ундан жигарранг китобни беришини ёлвориб сўрадим. Бобом ниҳоят эриди. Сандиқни очаётганда жуда чиройли куй таралаётгандек бўлди. Ўша куй ҳали-ҳануз қулоғимдан кетмайди. Сандиқ очилгач, ичидаги ранг-баранг китобларни кўриб менинг ҳам оғзим очилди. Бобом у ерда жуда кўп Қуръон китоблари билан бирга Навоийнинг девонларини сақлар экан. Ўшалар ичидан жигарранг китобни менга олиб берди. Китобни кўксимга босдим. Юрагим гупурлаб кетди. Бу гупурлашдан Лайлининг майин овозию Мажнун оёғидаги занжирларнинг шиқирлаши эшитиларди. Агар шоир бўлсам, мени шу китоб шоир қилди. Агар шоир бўлмасам, ишқнинг кўзидаги изтиробни, мунаввар қайғуни кўрсатиб, мени одам қилди шу китоб…
Хотираларнинг нақшинкор даричасини секин ёпаман. Ва деразамга тинимсиз гул чизаётган февралнинг кўзларига миннатдор боқаман. Юрагимда илдиз отган ишқнинг, мукаррам соғинчнинг титроқларига қўшилиб, Навоийни соғинаман, унга талпинаман:

Дунёга келтирдинг буюк кўнгилни,
Ишқ аҳли ҳақ сўзга бўлганда маҳтал.
Дилларни поклаган шу назм ҳаққи,
Сенга шараф бўлсин табаррук феврал…

… Ҳирот боғларида кезган хаёлнинг
Қалбидан таралгай ўзбекона ҳис…
То ҳануз ўзини излаб юрганлар —
Сиз ҳам Навоийни соғинганмисиз?
 
Фарҳод наърасидан уйғонганмисиз
Виждон кенгликларин босганида ис.
Мол-дунё жанггидан ғолиб чиққанлар —
Сиз ҳам Навоийни соғинганмисиз?
 
Навоий кирмаган уйлар қоронғу,
Навоий кирмаган кўнгиллар зиндон.
Ўзига маҳлиё эй назмбозлар —
Кўринг, Навоийдан маст бўлди жаҳон.
 
Шаъм торин паришон айлангизлар бот,
Токи ёруғ бўлсин ботиннинг азми.
Минг йилда ҳам балки қайтиб келмайди,
Навоийдек шоир ва унинг назми.
 
Ишқ гавҳари пинҳон эрур жон ичра,
Ушшоқ ҳажр туни чўкмагайдир тиз.
Эй, ошиқлик дардин эрмак билганлар —
Ҳали Навоийни ўқимагансиз…
 
Эй долғали аср, қўрқмасман сендан
Қанча турланмагин, бўлма шиддаткор.
Кўксимдаги ишқнинг алангасида
Сенинг шиддатингдан баланд жунун бор.
 
Навоий бахш этди менга бу ишқни,
Токи томиримда оқиб турар қон.
Бу ишқ Ўзбекистон бўлиб боқади
Ярмида замину, ярмида осмон.
 
… Феврал, юрагимга қўйгин бошингни,
Шунда нур оқади жисмимда сим-сим.
Ногоҳ қуш тилида сайрайди жоним:
Навоий, Навоий, сизни соғиндим!

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 6-сон