Ҳалима Аҳмедова. Айланалар (эссе)

Синглимнинг икки яшар невараси: “Менга қоғоз, қалам беринглар, номимни ёзаман”, – деб хархаша қилади. Қувониб унга қоғоз, қалам тутқазамиз. У бўлса нуқул ҳалқача-ҳалқача айланаларни чизади.
– Бу сенинг номингми? – сўраймиз ундан.
– Ҳа, – дейди у. Бу – менинг номим.
Кўчамиздаги ақли ноқисроқ бемор бола нуқул қўлидаги бўр билан уйларнинг деворига айлана-айлана шакллар солади.
– Бу ниманинг сурати? – деган саволимизга, ҳозиржавоблик билан беўхшов тиржайиб дейди:
– Бу сенинг қорнинг…
– Осмонни, дарахтларнинг суратини чизишни биласанми? – дея гапга тортамиз уни.
Қўлидаги бўрни нимжон бармоқларида қаттиқ сиққанича қалтираб-қалтираб сон-саноқсиз айланаларни бир нафасда чизиб ташлайди. Кейин эса бизга суратларини шарҳлайди:
– Мана бу – осмон, бу – дарахт, бу – сен…
– Чизганларингнинг ҳаммаси бир хил-ку?!
Бу танбеҳдан ақли ноқис ўсмирнинг жаҳли чиқади:
– Ўзинг бир хилсан, қара, мана бу каттаси – осмон, ўртачаси – дарахт, энг кичкинаси – сен!
Унинг кўнглидан мўралаб турган телба ҳаёт орзусини чўғлантиргим келади:
– Эҳ, мен хомкалла, тушунмабман-да, сен зўр чизар экансан.
Ақли ноқис ўсмир шодланади:
– Ҳали кўрасан, дунёдаги энг катта рассом бўламан.
Унинг айлана дунёдаги айлана орзулари тинимсиз чизаётган шаклларининг ичини тўлдиради.

Ҳар куни уйим олдидаги йўлдан турли русумдаги машиналар ғилдиракларини айлантириб елдай учиб ўтади. Кўзларимга оний лаҳзада ялт-юлт этган ранглар қадалиб қолади. Чархи даврон эса ҳеч малол билмай тинимсиз айланади: ғижир-ғижир, ғижир-ғижир…
Ана шунда ўйлайман асл ҳақиқатнинг шакли ҳақида. У ҳам айланамикан?! Айтайлик, туғилганидан буён боши қора меҳнатдан чиқмаса-да, косаси оқармаган Шоди деҳқоннинг кетмонидай думалоқ ёки айлана…
….Ўқувчилигимдан астрономия фанига жуда қизиқардим. Ўқитувчимни бўлар-бўлмас саволларга кўмиб ташлардим. Айниқса, ер ва осмоннинг тилсимини билгим келарди. Сабоқ сўнгида яна сўрардим:
– Ер Қуёш атрофида айланса, нега биз йиқилиб кетмаймиз?
Муаллим ҳам жавоб беришдан эринмасди:
– Муайян, тез айланма ҳаракат таъсири ҳатто бизга сезилмайди ҳам.
Бу жавоб мен учун барибир мавҳумлигича қолаверди. Назаримда осмон билан Ер қаердадир туташиб кетгандек туюлаверарди менга.
Бир куни ўқитувчим синфимиздаги ўйинқароқ Қодирнинг чўзинчоқ калласига ишора қилиб:
– Она Еримиз Қодиржоннинг бошига ўхшаб кетади, – деди.
Бутун синф қаҳқаҳа отиб кулди. Бу кулгу синфда айлана изларини қолдириб, деразадан ташқарига чиқиб кетди, энди мени айланалар оҳанрабоси ўзига тортарди. Гўё борлиқ айланаларга тўла, улар билан сархушланарди.
Кун ора уйимизга келадиган аммамнинг ягона эркалаши бор эди:
– Ўзим айланай, ўзим ўргилай…
Аммамнинг эркалаши бошимни айлантириб юборар, меҳрнинг айлана шаклда эканлигига ишонтирарди мени.
Сал кейинроқ Машрабни севиб қолдим. Бу қадим шоирдан янги кўнгил топдим. Ғазалларини ўқиганимда нимагадир думалоқ-думалоқ кўз ёшларим китоб юзига томар ва улар сариқ айлана шаклини пайдо этарди. Китобнинг ичидан эса Машрабнинг фиғони эшитилиб турарди:

Уммонга агар қатраи ашким дури томса,
Маллоҳ эли-ю донаи маржон чидай олмас.

Бу фиғоннинг орасида дунёнинг юраги айланма ҳаракат қилади: дук-дук, дук-дук… Бу юракда эса бесарҳад, исмсиз уммон чайқалади. Исмсиз уммон бир қатра ашк зарбида қон янглиғ қирмизи ишқ маржонига қамалади. Асир уммонни озод айламоққа эса на ҳад бор, на куч.
Барча кучу қудратни эгаллаб олган тирик­ликнинг соати одамлар устидан кулганича ҳамон айланади. Айланиши худди қайсидир манзилга шошилиб бораётган масхарабозни эслатади.
Дунё олимлари ана шу ҳукмрон соат измида тинимсиз бонг уради:
– Фазодаги айлана қора туйнук кун сайин катталашиб бораяпти. Ер сайёраси хавф остида…
Кўнгил фасллари қаъридан уларга басма-бас Ҳазрат Навоий ҳайқиради:

Ўн саккиз минг олам ошуби агар бошиндадур,
Не ажаб, чун сарвинозим, ўн саккиз ёшиндадур.

Олис фироқ юртидан ҳайратлар келади, ҳасратлар кетади. Ҳайратлар кетади, ҳасратлар келади. Ҳаммаси айланаверади, айланаверади. Аммо дилнинг соф манзилида ўн саккиз минг олам васлининг нури мисли қор устига тушган лаҳча чўғдек тутаб ётади.
– Қачон? – деган эгасиз савол ақли ноқис ўсмир чизган айлана шаклда ҳавода муҳрланади. Муҳр катталашиб Амударёга айланади. Ундаги дуосираган оч гирдоблар авлиёнинг яшил жойнамозини ютиб юборади. Ичкаридан эса Жалолиддиннинг бегуноҳ гўдаклари чинқиради:
– Яшагим келаяпти, дадажон!
Айлана гирдоб уларнинг овозини ўчиради. Худди кундузни ўчириб, кўнгил деразасига суйкалган тундай.
Айланалар ҳадисини олган исломшунос олим қошларини кериб виқор билан уқтиради:
– Жон ҳарир айлана нур ичиндадур. Бу нур соат янглиғ айланиб уни қўриқлайди.
Мен ўша айлана нур ичидаги жонимни ҳовучлаб ундан сўрайман:
– Ёлғизнинг ишқи жонни жизғанак этмайдими?
– Ширк кетманг, айлана нурда Унинг сиймоси бор.
Демак, ишқ ичра жонимиз мудом асирликда экан-да!
Шундай, шундай.
Эшитганмисиз, Ҳазрат айтганлар:

Ҳажрдан то нотавон жонимни қутқарди ажал,
Эй, Навоий, англаким, жон бирла миннатдоримни.

Эшитганимиз бор.
Сўнгра исломшунос олим ўзининг айлана хаёллари ичида ғойиб бўлади.
Мен эса ҳар куни “қора туйнуклар” ҳақида ўйлайман, инсон кўнглидаги “қора туйнуклар” ҳақида. Аслида фазодаги айлана қора туйнуклар инсон қалбидаги кунгура ҳасад-у иғволар ғиж-ғиж қайнаган, ўзгалар бахтию омадини ютиб юборувчи қора туйнукдан иқтибос эмасмикан?!..
Нега биз ҳар куни димоғимизда дунёнинг алмисоқдан қолган нафс қўшиғини хиргойи қилганча бозор томонга шодмон илдамлаймиз. Кўнгилдан кўнгил томон борадиган йўлимизни қачон йўқотдик? Нега ўзгаларнинг бахтсизлигидан қувонч топамиз, кўз ёшларидан олмос маржон ясаб бўйнимизга тақамиз, ўзимизни кўз-кўз қиламиз, айланамиз. Айланиб-айланиб жоннинг ичига қамалиб оламиз…
Ана шундай оғир ва ҳеч кимга кераги йўқ хаёллар билан Қорасув анҳори бўйида айланиб юраман. Ёзнинг пушти шамоллари кўксимга урилишдан чўчиб нуқул атрофимдан айланади.
“Эҳ, кўксимга шамол тегсайди”, – деган хўрсиниқ жоннинг атрофидаги нурни синдириб ташқарига отилиб чиқади. Мен бу қайсар армонимни юпатмоқчи бўламан. Аммо у қадимдан қолган тузалмас касалликдай қонимнинг ичига кириб олиб, гирдоб янглиғ айланади.
Тўрт томонни болаликни эслатгувчи, қушларга ҳийрон келтирган зоғчалар, қарғаларнинг хунук овози тўлдиради. Уларнинг овозидан умидсизликнинг, қаҳрнинг замзамасини туясан. Бу ҳам етмагандек бу безбет қушлар сендан ниманидир таъма қилгандек атрофингда гирдикапалак бўлиб айланишади.
О, айланалар, сизлар бунча кўпсиз?!.. Наҳотки бир умр сизларнинг ичингизда яшасам, наҳотки сизларни енгиб чиқиб кета олмасам?!…
Атрофимдаги барча нарса дунёнинг, тирикликнинг айланалигига мени ишонтиради. Шу нуқтада инсон дунёни тарк этса-да, яна қанчадир муддатдан кейин ўзга бир инсон руҳида ҳаётга айланиб келишига иқрор бўламан.
Ўз хаёлларимга ғарқ бўлиб сурат янг­лиғ ўтирар эканман, қўлимдан кимдир қаттиқ тортади. Худди тубсиз қудуқ ичидан судралиб чиққандай ўзимга қайтаман. Ширингина қизалоқ кўксига қўғирчоқни маҳкам босганича кўзларимга жовдираб қарайди: “Холажон, коптогим сувга тушиб кетди. Олиб беринг”.
Бирпас довдирайман: “Қанақа копток?”
Қизалоқ бармоғини бигиз қилиб катта ариқда лопиллаб бораётган коптокни кўрсатади. Атрофга аланглаб узунроқ хода излайман. Сўнгра думалаб-думалаб оқаётган копток ортидан югураман. Ниҳоят коптокни сувдан чиқариб олиб қизалоққа тутқазаман.
Қизалоқ хурсанд бўлганича қўлимдан ушлайди:
– Сиз яхши хола экансиз. Менинг қўғирчоғим ҳам сизни яхши кўради. Ҳозир у сизга салом беради.
Қизалоқ қўғирчоғини эгилтиради, унинг ичидан бўғиқ овозда. “Ассалому алайкум” деган товуш чиқади. Мен қизалоқнинг патила сочларини силаб сўрайман:
– Нега бу иссиқда бир ўзинг ариқ бў­йида юрибсан? Ойинг уришмайдими?
– Ойим Америкадалар. Адам эса уйда ухлаяптилар. Ойим-чи, ҳар ойда менга чиройли ўйинчоқлар юборадилар. Мана бу қўғирчоқ билан коптокни ҳам улар жўнатганлар.
Қизалоқнинг қўлидаги мен ҳозиргина сувдан қутқарган коптокка разм солиб қарайман. Унда турли ирққа мансуб одамлар сурати акс этган. Бирдан шууримда ҳаммамиз ана шу айлана думалоқ копток ичидамиз, деган ғалати хаёл айланади. Шу лаҳзада буюк олимларнинг чексизлик ҳақидаги назарияси-ю, файласуфларнинг барча фалсафий ҳикматлари мана шу копток олдида ожизлашгандек туюлади…
Қизалоқ яна қўлимдан тортади.
– Холажон, холажон, Америкага телефон қилишни биласизми?
– Йўқ, билмайман.
– Ана, қўлингизда телефон бор-ку, ўшандан ойижоним билан гаплашай. Адамга ҳар куни ялинаман, “керак бўлса, ойингнинг ўзи қилади”, – деб гап­лаштирмайди. Жон, холажон, ойимни соғиндим, битта гаплашай. Сизга салом берадиган қўғирчоғимни совға қилардим.
– Асал қизим, менинг телефоним оддий. Ундан Америкага чиқиб бўлмайди. Қолаверса, ойингнинг рақамини билмайман-ку…
Қизалоқ хомуш тортиб қолади. Унинг кўзларида соғинчнинг баҳайбат сояси қуюқлашади. Қараб туриб юрагим ачишади. Дунёнинг айлана йўллари олдида қўлимдан ҳеч нарса келмаслигига, ночорлигимга амин бўламан. Сўнг эса тирикликнинг абадий ёлғони –тассаллисини ишга соламан:
– Қизим, сен ҳозир уйингга бор. Ана, мени айтди дерсан. Ойинг, албатта, бугун сенга қўнғироқ қилади.
– Сиз қаердан биласиз? Ойимни танийсизми?
– Йўқ, танимайман.
– Ҳозир сизга унинг суратини кўрсатаман. (Қизалоқ елкасида осилган халтачадан ойисининг суратини олади). Кўринг, ойим жуда чиройли-я.
Суратдан кўзларига аллақандай мунг чўккан ёшгина жувон боқиб турар, уни қаердадир кўргандек бўламан.
– Ҳа, ҳа, чиройли экан ойинг. Қизим, бор энди уйингга. Бундан кейин ариқ бўйига ёлғиз чиқмагин, хўпми? Сувнинг алвастиси бўлади: у ёш болаларни сувга тортиб кетади. Тушундингми?
– Биламан, – ойим ҳам айтганлар. Энди бир ўзим чиқмайман. Фақат сиз адамга айтиб қўйманг. Бўлмаса мени уришадилар.
Қизалоқдаги маъсумлик завқимни келтиради. Ахир, унинг дадасини танимасам. Шундай бўлса-да, унга сўз бераман:
– Йўқ, ҳеч қачон айтмайман!
Қизалоқ менинг кўзларимга болаларча тоза жилмайиб боқади-да, хайрлашади:
– Хайр, холажон…
У ортига қарай-қарай кетиб қолади. Энди саратоннинг қуёши ҳўлу-қуруқни баравар куйдира бошлайди: қўлимни соябон қилиб унга тикиламан. Қуёш қизалоқнинг коптогига ўхшаш кўринади. У ҳам осмон ариғида лопиллаб турибди. Бу оловли коптокда бутун инсоният қисматининг сурати муҳрланган. Орадан хиёл вақт ўтмай маъсум суҳбатдошим қизалоқни соғинаман. Унинг табассуми нақадар тоза, руҳинг­ни янгилайди.
Шу тобда бир шоиранинг табассумини эслайман. У ҳар куни Қўйлиқ бозоридан мардикор олиб келиб ишлатиб, сўнг иш ҳақини бермай, қақшатиб жўнатадиган туллакдай табассумини аёвсиз ишлатади. Унинг юзидаги табассум тинимсиз айланиб чарчаб кетади. Кўзларининг ичида эса жаҳаннамнинг оловидай ҳасад алангаси порлаб туради. Ҳар қандай суҳбатдоши билан мардикор табассум пардаси ортидан туриб гаплашади. Суҳбатдоши кетиши билан юзидаги табассум пардасини тилка-пора қилиб, кўнглидаги тугунларини кўпайтириб, ёнидаги одамга шипшийди:
– Сиз билмайсиз-да, жуда бўлмағур одам бу!
Ёнидаги одам унга ҳайратланиб қарайди.
– Ҳозиргина уни кўкларга чиқариб мақтадингиз. Сиз зўрсиз, дедингиз-ку…
– Соддамисиз, бу ҳам бир йўл-да. Ўзингиз айтинг, адабиёт учун нима қилди у?!
Ёнидаги одам эса уни эшитгиси келмай шарт туради-да, тоза ҳаволар томон чиқиб кетади.
Табассумни айлантириш санъатини бу аёл кимдан ўрганди экан, деб ўйлаб қоламан. Ва, яна ўзимга-ўзим жавоб бераман:
– Айланалардан!
Ариқ бўйларида ҳурпайган ялпизлар саратоннинг бир нафаслик шаббодасида тебраниб мени такрорлайди: “Айланалардан”.
Ариқдан сал нарида, катта ажриқзор майдонда момақаймоқларнинг оқ айлана саллалари интиҳо оҳангида мавжланади. Баъзилари бир пуфлам шамолда тўзғиб ҳаволаниб учади. Айланалар ана шундай бузилади, деб ўйлайман уларга қараб. Улар минглаб митти одамчалар парашютда учаётгандек таассурот уйғотади менда. Уларни кузата туриб димоғимга қаердадир ғарқ пишган шотутнинг ҳиди урилади. Болалигимдан бу мевани яхши кўраман. Шотутда қайғу аралашган қувончнинг таъми бор. Унинг таъмини қўмсаб тамшанаман ва теваракка аланглаб шотут дарахтини излайман. Ва, ниҳоят ажриқзорнинг четида қаддини ғоз тутиб тикка ўсган шотут дарахтини кўраман.
Энди ҳамма нарсани унутиб, беҳуда хаёлларимни нон ушоқларидай Қорасув анҳорига оқизиб, тўғри шотут дарахти томон бораман. Дарахтнинг бужур танасида чумолилар базм қуради. Қизиқ, улар нимани базм қилар экан-а? Худонинг берган куни тўпланиб ёки бирин-кетин бўлиб қаёққадир боришади. Баъзан рангсиз ҳаётимдан телбаларча ранг излаётганимда уларга ҳавасим келади. Жимитгина бўлса-да, умиди катта уларнинг. Аммо, чумолилар ҳам улкан айланалар ичида яшайди.
Оббо, яна пучдан-пуч хаёлларга берилаяпман. Бас, етар, дейман ўзимга-ўзим ва қушлар тилида афсонага айланган, юракнинг қонидай тўқ жигарранг бўлиб пишган шотутларга қўл чўзаман. Оғзимда қайғу ва шодликнинг уйғун таъмини ҳис қиламан. Қайғу билан шодлик бир-бирига яқин. Улар ҳам бир-бирининг теварагида айланади.
Шотут дарахтига қўниб басма-бас қичқираётган зағчалар шотут мевасига қўшиб айни дамда тиклаган хаёлий оламимни чўқилаб, бузиб ташлашади. Энди менинг хаёлий оламим ёзнинг ҳарорати баланд ҳавосида парча-парча бўлиб сузиб юради. Руҳим эса ажриқзор ичидаги чумолилар оёғи остига тўкилиб кетади. Нимагадир лоҳас тортиб, ортимга қайтаман. Йўл бўйи кўксимдаги юрак Машрабнинг овозида хониш қилиб боради:

Қатраи ашким агар томса юзимга, Машрабо,
Ташналик вақтида билсанг, роҳати жон бўлғуси.

Келар эканман уйимнинг рўпарасида ёз чилласининг ўртасида айлана-айлана гулларга чулғаниб барқ урган ғалати дарахт остида ўтирган ақли ноқис ўсмир мени кўра солиб ёнимга югуриб келади:
– Мен зўр нарсаларни чиздим, кўрасанми?
Унинг меҳргами, далдагами муҳтож нигоҳларидаги илинжни сўндиргим келмайди.
– Қани, қани, кўрсат–чи…
У оёғидаги йиртиқ шиппагини судраб, мени уйнинг ортидаги текис асфальтлаган майдончага бошлайди.
Майдончанинг юзи сонсиз-саноқсиз айланаларга бурканиб ётарди. Айланалар ичи эса кичик-кичик нуқталар билан безатилганди. Мен қойил қолгандай бош чайқайман:
– Оббо, сен-эй, жуда зўр чизибсан-ку, айланалар ичидаги мана булар нима? (нуқталарга ишора қиламан)
– Бу айлана эмас, ер. Унинг ичидагилар эса одамлар. Шуни ҳам билмайсанми?
У гапини тугатар-тугатмас қандайдир аёлнинг раҳмдан айро тушган овозда қарғангани эшитилади:
– Акром, ҳа, бўйингинанг узилгур, сан ўлмадинг, ман қутулмадим. Нега қўшниларнинг эшигига чизасан. Ер ютгур! Қани, бу ёққа кел-чи, ҳозир кўзингга кўрсатаман!
Узоқдан қўлида хивич ушлаган аёл кўринади. Боланинг кўзларидаги ҳозиргина чақнаб турган ёввойи нур ўчади:
– Ойим келаяпти, ҳозир мени яна уради.
У шундай дейди-ю, югуриб бориб катта айлана ичидаги икки нуқтадан бирини оёғидаги эски шиппак билан ишқалаб ўчиради.
Ҳайрон бўлганимча ундан сўрайман:
– Нима қилаяпсан?
– Онамни ўчириб ташладим. Энди фақат дадам қолди.
Бола кеч куздаги дарахтда илиниб қолган япроқдай қалт-қалт титрайди. Сўнгра ўксиниб ерга ўтириб тиззаларини қучоқлаб, йиғлайди. Нигоҳим унинг оёқларидаги кўкариб қолган калтак зарбларининг изига тушади. Шу лаҳзада уни дунёдан қутқаргим келади. Бу истак айланаларга сиғмайди. Бор овозим билан айланалардан тошиб қичқираман:
– Қоч, тезроқ, қоч!
Бола менинг овозимдаги шиддатдан кучланади ва ўрнидан туриб тўртта томонни битта қилиб югуради. Унинг ортидан онаси ҳаллослаб чопади.
Мен эса бу айланма дунёдан меҳрнинг дарвозасини излайман. Аммо вақтнинг шиддати мен ахтараётган манзилни хотирамда чирпирак қилиб ташлайди.
Меҳрибон Она замингина барча тўсиқларни енгиб, тошбағир фарзандларига меҳр-оқибат сўраб қуёшнинг атрофидан айланиб-ўргилишдан чарчамайди.
Яна кескир ўжарлик билан айланаларни бузиб, ғайбнинг кенгликларига чиққим келади. Аммо айлана ичида айланалар кўпаяверади. Шу алфозда ўзим ҳам аллақандай айланага эврилаётганлигимни ҳис қиламан. Ҳаёт дарахтининг энг баланд шохида эса руҳнинг қуши абадият овозида одамзот ҳали етиб бормаган тилда мастона сайрайди:

Муғ дайрида маст ўлса Навоийни кўрингким,
Бир олма киби гумбади мину била ўйнар…

«Ёшлик» журнали, 2018 йил, 1-сон