Азиза хола айвон тўридаги ўринда чўзилиб ётганди. Тепасида қўшниси Лазокатхон пайдо бўлди. Ўзига оро бериб, ясаниб юрадиган бу лобар, қувноқ аёлнинг йўсини бўлакчароқ, феъли айниганроқ эди. Аммо қўшнисининг лоҳас тортиб ётганини кўраркан, бирдан юзида ачиниш пайдо бўлди.
— Ия, ия, эгачи! Мен сизни чақиртиргандим. Меҳмонларимни ширин суҳбат билан хурсанд қилиб ўтирарсиз, деб. Чиқмадингиз. Нима бўлди сизга?
Азиза хола ориқ гавдасини аранг кўтарди. Лазокатхон билан кўришгач, боди қўзғалганидан қимирлаёлмай қолганини айтиб, узр сўради. Лазокатхон эгачисининг билагини ушлаб кўрди. Томир уриши бежолигини сезди. Дарров ўз уйида қон босимини ўлчайдиган асбобини олиб чиқди. Ўлчаб кўргач, қон босими ҳам кўтарилганини билдирди. Азизахоннинг нозиклигини, соғлигидан бот-бот шикоят қилиб туришини билгани учун ачиниб кетди:
— Ўзингизни ортиқча уринтиргандирсиз-да. Энди эҳтиёт бўлинг. Худо шифо берсин. Сизга ким қараётибди ўзи? — деб у ёқ-бу ёққа аланглаб олди. Уй ичида ҳеч ким кўринмагач, сўради. — Қани болалар?
Азиза хола бироз ўйланиб тургандан сўнг:
— Кетишганди… — деб қўйди.
— Қаёққа? — деди Лазокатхон сергак тортиб.
— Ҳалиги… Янги жойга…
— Тушинтириброқ гапиринг-чи. Қанақа янги жой?
Азиза хола қўшнисининг синчковлигини, қизиққан нарсасини аниқламагунча қўймаслигини биларди. Шунинг учун борини айтишга мажбур бўлди. Гап ўғли билан келини устида кетаётганди. Келиннинг отаси тузуккина тадбиркорлардан экан. Ишлари юришиб кетгандан кейин сахийлиги тутибди. Қизига яқиндаги домдан бир квартира олиб берибди. Азиза холанинг кўҳна, тор, пастқам ҳовлисида сиқилиброқ яшашаркан. Хонадоннинг отаси ўғли билан келини турадиган битта хонани икки хонага айлантириб бериш ҳаракатида экан-ку, бу иш ҳадеганда бита қолмаётган экан. Шу сабаб янги квартирага кўчишга чоғланган келиннинг раъйини қайтариб бўлмаган. Ўз-ўзидан ўғли Ўктам ҳам рафиқаси кетидан эргашган.
Бу янгиликни эшитаркан, Лазокатхоннинг шахло кўзлари қинидан чиқаёзиб, жиғи-бийрони қайнаб кетди.
— Ана, холос! Наҳотки, шуни кўра била туриб йўл қўйсанглар-а! Хўжайинингиз ҳам индамай қўйиб бердиларми?
— Хўжайин буларни кўчганини билмай қолди. Командировкага кетганди.
— Командировкадан қачон қайтади?
— Узоқроқ муддатга кетганла…
— Шундоқ экан, ахир болаларингизга: «Даданг келсин бир гап бўлар. Мени ёлғиз ташлаб кетманглар», — деб айтмабсиз-да?
— Айтувдим. Тез-тез келиб турамиз, деб ваъда беришди. «Ҳозирча боғчасига бормасдан, ёнингизда турсин», — деб боласини қолдиришди.
Шу чоғ ошхонадан ушшоққина бир қизча чойнак кўтариб чиқиб, буларнинг олдиларига келтириб қўйди. «Ҳой, Жажжи, дастёрчилик сенга қолдими, айноний!», — деб Лазокатхон қизчани бағрига босиб, пешонасидан ўпиб қўйди.
— Бу Жажжининг ёнингизда ҳамроҳ бўлиб тургани яхши. Лекин қозон-товоққа, ўй-жойга қараш, касалингизга малҳам қўйиш бунинг қўлидан келмайди-ку! Фарзандлар шуни ўйлашмагани қизиқ. Ўзингиз ҳам айтишга андиша қилгансиз-да, албатта. Феълингиз маълум. Ортиқча тортинчоқ, хоксорсиз! Улар сизнинг бўшанглигингиздан фойдаланишган. Ҳа, эгачи, ўз оналик қадрингизни билмасангиз шунақа бўлади. Келинингиз юзсизлик қилган бўлса ўғлингиз ўйлаши, онаизорига раҳм қилиши керак эди!
Лазокатхон эгачисининг томирлари тортишиб қолган оёғини силаб-сийпаб қўйди. Албатта, доктор чақириб қаратиш зарурлигини айтди. Ўктамни қандай топишни сўради. Азиза хола унга дераза токчасида турган дафтарчани кўрсатди. Лазокатхон дафтарчани варакдаб, Ўктам ишхонасига тегишли бир-иккита телефонни топди-да, қоғозга ёзиб олгач, чиқиб кетди.
Орадан кўп вақт ўтмай қўшни қизи кириб келди. Қош-кўзлари онасиникига ўхшаш попукдаккина, чаққон ҳаракатли бу тийрак қиз айвонга кўтарилиб қараганда, холасининг кўзи илинган экан. Овоз чиқармасдан ёнига борди. Пашша қўнмасин деб юзига дока ёпди-да, секин пастга тушди. Бурчакда турган супургини қўлига олиб, хазон, чўп-хаслар ивирситган ҳовлини супуришга тушди. Шундан сўнг ҳовлига аста-аста шакароб қилиб сув сепа бошлаганди, айвондан Азиза холанинг овози чиқди.
— Вой, Доно қизим, нима қилиб уриняпсан? Доно югура бориб, кўришди:
— Тузукмисиз, холажон? — деди. — Сизга ёрдам бергани чиқувдим. Айтинг, овқатингизни пишириб берай.
Азиза хола овқатга иштаҳаси йўқлигини айтди. Донони овора қилгиси келмади. Доно бўлса қаттиқ туриб олди:
— Аяжоним тайинлади: «Холангга хўрди мастава қилиб бергин, қатиқлаб ичсин», — деб.
Шуни айтиб ошхонага кириб ишга уннай кетди. Жажжи қиз унинг ёнида пилдираб юраркан, Доно: «Бизникидан қатиқ опчиқасан», — деб унинг қўлига шиша идиш тутқизди.
Бир пайт Лазокатхоннинг ўзи чиқди. Қизининг қилаётган ишини кузатиб, маъқуллади. Эгачисидан эса кўнгли безовталигини яширмади:
— Ўғлингизни ишхонасига икки-уч марга қўнғироқ қилдим. Тополмадим. Қаёққаям кетган, дейишди. Уларга: «Ўктамни ойиси касал, тезда етиб келсин», деб тайинладим. Дараги бўлмадими?
Лазокатхон тиқ этса эшикка қараб, эгачиси ёнида ўтирди. Қизи пишириб келган маставадан қистаб-қистаб ичирди. Қош қорайганда ўрнидан қўзғалди-да:
— Ўғлингиз қай вақтда келсаям Жажжидан менга хабар беринг. Албатта, уни кўришим керак, — деб тайинлади. Донони эса касалнинг ёнида тунаш учун қоддирди.
Эртаси у поликлиникага қўнғироқ қилиб, доктор чақирди. Пешинга яқин доктор келганини билиб, эгачисиникига чиқди. Доктор касални кўриб, даволар белгилаб, дорилар ёзиб, энди жўнаёгганида, ҳеч нарса билмагандай силлиққина бўлиб, Ўктам кириб келди. Эшикда «Тез ёрдам», уйда доктор билан Лазокатхонни учратиб, нақ капалаги учган йигит, изза бўлганидан ўзини аранг босган ҳолда:
— Ия, ойижон, сизга нима бўлди? — деб онаси қошига қучоқ очиб келди. Онаси эса одатдагича вазминлик билан «сал тоби қочгани»ни билдирди.
Эгачисининг беғам, бепарво ўғилга қилган бундай беозор муомаласини ҳазм қилолмаган Лазокатхон:
— Касални яширсанг иситмаси ошкор қилади. Тўгрисини айтавермайсизми, эгачи! — деб зарда қилди. Кейин Ўктамга юзланди: — Салгина тоби қочганмас. Олдиндан силқовланиб юрарди онанг. Энди росмана касал бўпти. Бод. Хафақон. Ҳа, бу касаллари олдиндан безовта қилиб юрганини билмасмидинг? Шу ярим жон онани ёлғиз ташлаб кетишга қандай виждонларинг қабул қидди-а?! Бориб турган оқибатсизлик эмасми — бу?!
Ўктам кутилмаган оғир дашномларни нақ ўтакаси ёрилгудай бўлиб эшитди. Бу тўғрисўз, шарттаки қўшнига хиёл бўлсин терс жавоб бериши мумкинмаслигини биларди. Шу билан баробар ўз айбига рўйи-рост иқрор бўлишга ҳам тили бормасди. Ўзини аранг босди. Икки қўлини кўксига қўйган ҳолда зўраки табассум билан:
— Шунақа бўп қолди, опоқижон. Айбга қўшмайсиз. Яқин жойга кўчганмиз, тез-тез хабар олиб турадиган бўлиб. Аксига шу кунларда у ёқда иш кўпайиб кетиб, ушланиб қолдим…
— Ҳа, демакки ўзингиздан ортмай қолибсиз-да. Биламан, турмушда ҳар хил фарзандлар учрайди. Бир хиллари ўз шахсий манфаатларини биринчи ўринга қўйишади, ўз ҳузур-ҳаловатларига берилиб кетишадию, ота-она олдидаги фарзандлик бурчларига рахна солиб қўйишади. Наҳотки, сен мўмин-мусулмон фарзанди бўлатуриб, ўшанақа бетайин, бетавфиқлар қаторига кирсанг?!
— Мендан хатолик ўтган бўлса кечиринг, опоқижон! — деб яна эгилиб-букилди Ўктам.
— Менга қара, отанг қуриб берган бу уй торлик қилиб қолдими? Сизларнинг бу ердан кўчиб кетишларингга ота-онанг рози бўлишганмиди?
Ўктам мушкул саволга рўпара келиб, довдиради.
— Энди, опоқижон… Унча қаршилик қилишмовди… — деб чайналди.
— Шунақа дегин? — деди Лазокатхон гумонсираган ҳолда. Кейин сиз нима дейсиз дегандай Азиза холага тикилди.
— Ҳа, энди… Шунақа… Бўлар иш бўлди… Қаерда бўлишсаям омон бўлишсин, — деганча Азиза хола дудмол жавоб қилди.
Эгачисининг жавоби Лазокатхонни қониқтиргани йўқ, албатта. Қониқтирмадигина эмас, болаларини бунчалик ўз ихтиёрларига қўйиб бериши, болажонлик қиламан деб оғирликни ўз зиммасига олавериши, серандишалиги ўтиришмади Лазокатхонга. Уйидан хабар олиш учун чиқиб кетаётиб, Ўктамни бир чеккага имлади-да, деди:
— Саволимга тўғри жавоб бермадинг, бола. Даданг командировкадан қайтсин, гаплашайлик-чи, нима деркинлар?..
Ўктам буни жиддий огоҳлантиришдай қабул қилди-ю, юрагини ғулғула босди…