Ҳабибулло Турсунматов. Устоз (ҳикоя)

— Элдепеэр! Тўхта! Маъракадан қолган хотиндай зипиллаб қолдинг? Участковой сенимас, мени чақирган.
Шу ерда тур. Кирай-чи, нима гап бор экан?
Ит итоаткорлик билан даҳа нозирининг эшиги ёнига чўзилди. Эгаси эшикни бир-икки тақиллатди-да, жавоб кутмай ичкарига кирди.
Алланима ёзаётган нозир Салимжон ялт этиб қаради-да, бақрайганча ўтираверди. Шу ҳолатда индамай сўрашгани қўл узатди.
— Ўзингдан катта билан сўрашганда, ўрнингдан тур, иккиқат хотиндай ялпайиб ўтиравермай, — танбеҳ берди меҳмон. – Ё кетинг курсига ёпишиб қолганми?
Нозир энди ўзига келгандек дик этиб ўрнидан турди-да, қучоқ очиб:
— Отагинам! Ўртоқ полковник! Бормисиз шу оламда! – дея стол айланиб ўтиб, Пўлат акани маҳкам бағрига босди. Эрталаб маҳаллангиздан йиғи товуши эшитилгандай бўлувди, лоп этиб сиз эсимга тушсангизда! Гўрга тирик экансиз-э!
— Гапнинг қилиғингданам совуғ-а, вей,—деди полковник нозирнинг қучоғидан зўрға қутилиб. – Нима бало, энангни қорнидан тўғри музга тушганмисан?
— Ҳа энди, иссиқ жон, билиб бўладими, отам, ёшингиз анчага бориб қолди, — деди Салимжон қувлик билан илжайиб. —Дакки бериб турадиган устозимдан айрилиб қолдимми, деб қайғуриб ўтирувдим-да .
Яйраб қолдим, деб ҳурсанд бўлгандирсан?
— Йўғ-э, ҳурсанд бўлиб ўлибманми, бизга бақироқ туянинг бори яхши. Ўлманг, умрингиз узоқ бўлсин, аммо қадрдонимизсиз, пўк этиб оёқ узотворсангиз, бехабар қолмайлик дейман, холос.
— Бўпти, ўладигон бўлсам, сенга уч кун олдин хабар бериб қўяман.
Олапар хириллаб ҳура бошлади.
— Э-э, Элдепеер жаноблариям шу ердамилар? — деди нозир. –киравермабдилар-да. Ичикиб қолманглар тағин бир-бирингизга.
— Кирмайди, постда турибди,—деди Пўлат ака эшикка юраркан. – Нима гап олапар?
Ит эгасига қараб думини ликиллатди-да, ўн қадамча нарида безрайиб турган пакана, қора, жиккак кишига, катта идораларга бўлар-бўлмас шикоятлар ёзаверган учун “қорақалам” лақабини олган Қобилжонга ириллаб, олдинги оёқларига бошини қўйиб ётаркан, эснади.
— Ҳа, Ноқобил, сенмидинг ? — деди Пўлат ака бир оз ижирғаниб.
— Шу итингиз ўлмади, биз қутилмадик-да, — деди Қобилжон жиғибийрон бўлиб, қўрқиб яқинлашаркан. — Ўзим хафсала қилиб, бирор тўғрам нонга заҳар қўшиб бериб тинчитмасам бўлмайди шекилли.
— Ўзингнинг турган-битганинг заҳар-ку, нима қиласан яна заҳар қўшиб, — кулди Пўлат ака. – Сенинг қўлингдан овқат егудай бўлса, тил тортмай ўлса керак жонивор… оббо, сўрашамиз ҳамми?.. Кейинги пайтларда кунда-шунда бўб қолдинг, Ноқобилвой, участковойга агентликка ёлландингми дейман?                 
— Биринчидан, юлдузсиз полковник, мен истаган жойимга бораман хоҳлаган еримда тураман, сизга ҳисоб беришим шартмас. Иккинчидан, инсоннинг исмини тўғри айтинг. Менинг исмим – Қобилбек!
У зарда билан тарс-турс юриб, нозирнинг хонасига кириб кетди. Чамаси Салимжон деразадан Пўлат аканинг итини эргаштириб кета бошлаганини кўрди шекилли, югуриб чиқди.
— Пўлат ака, ҳали гапимиз тугагани йўғ-у, қайга кетяпсиз ? Қайтинг.
— Шунақами? Қорақалам билан махфий гапларинг бор шекилли деб кетаётувдим-да.
— Бир масалада сизнинг фикрингиз керак. Пўлат ака, — гап бошлади Салимжон хонага кириб ўтиришгач. — Биз Қобил акам, бошқа активистларимиз билан биргаликда участкамиздаги шубхали қонунга хилоф равишда хатти-ҳарактлар содир етиши мумкин бўлган шахслар рўйхатини тузиб чиққандик. Уларни назоратга олиб олиб, керак бўлса, тарбиялаш мақсадида.
Шуни сиз ҳам кўриб чиқсангиз-да, фикрларингизни айтсангиз. Эҳтимол рўйхатга кирмай қолганлар бордир.
Нозир тортмадан беш-олти варақ қоғоз олиб, узатди.
Пўлат ака рўйхатни варақлаб кўраркан:
— Ҳў-ҳў!—деди бошини чайқаб, — қишлоқнинг ярмини тиркаб қўйибсанку-а? Шуларнинг ҳаммаси жиноятчими?
— Йўқ, сиз тушунмадингиз, — изоҳ берди нозир. – Жиноятчимас, аммо амалдаги қонун-қоидаларга хилоф равишда жиноий хатти-ҳаракатлар содир этиши эҳтимоли мавжуд шахслар.
— Вей, одам тушунадигон қилиб ўзбекча гапиргин, жиян, бир балоларни чулдирайсан, уқиб бўлмайди.
— Нимасига тушунмайсиз? — деди Қобилжон зарда қилиб, — Рўйхатдагиларнинг любойи жиноят қилиши мумкин, демоқчи, жиноят қилиш мойил одамлар, демоқчи.
— Ҳаммаси-я?!
— Ҳаммаси.
— Шуларнинг ичида сен ҳам бормисан?
— Йўқ. Мен қонунларни ҳурмат қиламан, уларга риоя қилиб яшайман.
— Ие, вей, номард, тухматлар ёзиб, ноқонуний ишлар қилганинг учун судга тушганингда, ўзим бўғиб олиб боргандим-ку, эсингдан чиқдими?
— Ҳа энди … У даврлар ўтиб кетди, эски потосларни кавлаштирманг.
— Мишиғингни оқизиб тавба-тазарру қилганингда, маҳалла кўй раҳми келиб, кафилликка олган. Ўзингни жазодан сақлаб қолган одамларни қора рўйхатга тиркатибсан-а!
— Кекирдагингизни чўзаверманг! Шоп-шалопларнгизни осволиб, мелисаман деб, бўлар-бўлмасга одамларни қамайверадигон даврингиз ўтиб кетган! Ҳаммаси шубхали шахслар.
— Тўқсон иккига кирган Комил буваям-а?
— Ярамас чол! Ғирт безори! Ёшини ҳурмат қилиб салом берсам, сўкинади. Кўришгани қўл узатсам, тескари қарайди. “олқинди” деб от қўйволибди, қаранг.
Пўлат ака хо-холаб кулиб юборди. Салимжон ҳам илжайди-ю, дарров жиддийлашди.
— Даханаки жангларинг чўзилиб кетди-ку, ўртоқлар, — деди. — Бу ер жанжалхона емас.
— Хўп ана, тўхтатдик. Қобилвой билан ишларинг битдими? Битмаган бўлса, кейинга қолдир. Жуда керак бўлса, қора рўйхатингни эртага тўлдираверасан… Мен рўйхат-пўйхат қилиб ўтирмас эдим. Участкамдаги одамларнинг барини, каттаю кичигигача беш бармоғимдек билардим.
— Хўп-хўп, ўртоқ палковник, гапни қисқа қилинг-да, мақсадга ўтинг.
— Кулбангни беркит, биргалашиб қишлоқни айланиб келамиз.
— Ҳозир-а? Кундузи шартмикан?
— Шарт.
— Оббо…Қобил ака, хафа бўлмайсиз энди, оқсақолнинг гапини икки қилолмайман. Бошқа келарсиз.
— Сен Қорақаламнинг гапларига ишонаверма, панд ейсан, — деди Пўлат ака Қобилжон кетгач, йўлга тушишаркан — Пашшадан фил ясашга ўрганиб қолган. Худога шукур, қишлоғимиз тинч. Менга қолса, йўқот қора рўйхатни.
— Итингиз кўринмайди?
— Боя Нормат пучуқнинг қанжиғи кўрингандай бўлувди…
— Интизомли деб мақтардингиз?
— Э, ука, бу ёқда ойимча турганда интизом эсига келармиди.
Гудурдаги Маллавойнинг новвосини дараги чиқдими?
— Ҳозирча йўқ. Қидирябмиз. Четдан келганларнинг иши бўлса керак. Бегона грузавой машинани кўришган экан ўша куни кечқурун.
— Бўлса бордур … лекин шу ерлик шериги бордур, четдан келган қайдан билади кимнинг нимаси борлигини … тўйга атаб боқаётган эди. Камбағални туянинг устида ит қопгани шу.
— Ўзидаям айб бор-да, ака одамларга ҳайронман, ҳовлисининг кўча тарафини очиқ, нари борса ғўзараядан юзпардага чавра қилиб қўйишади. Молхоналариям омонат.
— Гапинг тўғри. Қишлоқилар содда-да. Ҳамманиям ўзларига ўхшаган ҳалол деб билишади.
— Э, ҳозир ҳалол одам қоптими.
— Ундай дема, беш қўл баробармас. Қилвирдан кўра тўғри одамлар кўп. Ёмонларни жиловлаш сенинг вазифанг. Ҳалқнинг нонини ҳалоллаб е.
— Сизнингча, мен ишламасдан бекорга маош оляпман экан-да? Шунақами?
— Дарров жириллама-да. Жуда суст қимирлайсизлар. Мана, Маллавойнинг молини олайлик: икки хафта бўлди, гапингнинг мазмунидан ҳалиям изига тушолганларинг йўқ. Вақт жиноятчи фойдасига ишлайди.
— Нари борса собиқ эфрейторсиз-у, ақл ўргатганингиз-ўргатган,—деди Салимжон жаҳли чиқиб. — Ўз аравангизни тортинг, нима қиласиз органнинг ишига аралашиб.
— Мен айтдим-қўйдим. Бош деб қовоқни илволаган бўлсанг, керагини оласан, кераксизи қолаверади.
Қишлоқ четидаги ҳашар бўлаётган хонадонга киришди.
— Энди, началник, ёш келса ишга, деган эскилар. Бирпас қарашворамиз-а? — деди Пўлат ака салом-аликдан сўнг Салимжонга. — Ҳой, Садирвойнинг ўғли, эски уствошларингдан борми? Салим акангга топиб бер.
— Бор, бор, топамиз.
Салимжон уй егаси узатган иш кийимни ирганиброқ, истар-истамас олиб, панароққа ўтиб, алмаштириб келди.
— Икковимиз шерик бўлиб лой ташимиз, хўпми? — деди Пўлат ака четроқда турган замбилни ушларкан. Сояда дам олаятган оёқлари лой йигит югуриб келди.
— Сиз қўйинг, отахон, акамга мен шерик бўламан.
— Ҳа, майли, қани йигитлар! Чаққон-чаққон қимирланглар! Кун ярим бўляпти, ҳали ярминиям битирмабсизлар, ҳой, Садирбой, биттагина ўғлинг бор, шунча уй туриб яна қурилиш бошлабсан-а?
— Ўзбекнинг иши шу-да, ака, ё уй қуриши керак ё тўй қилиши. Бўлмаса, пули кўпайиб, ҳовлиқиб кетади-да, қимор ўйнашга тушади,—деди девор ураётганлардан бири.
— Ҳа айтгандай, Долимбой, Қаюм полвон қарзини тўладими? — сўради унга гувалак узатаётган йигит.
— Тўлади, қойил қолдим!
— Ҳаммасини-я? Икки юз мингни-я?
— Ҳаммасини! Алкаш бўлсаям сўзининг устидан чиқадиган йигит экан.
— Ўша камбағални бунча чув туширмасаларинг. Гардкам? Уйида егани нони йўқ. Болалари қишни йиртиқ калишда чиқаришди.
— Ўзидан ўтди-да, бизга нима. Пули қолмасаям хиралик қилб туриб олди. Қўй ака, тушиб қоласан, деганимизга қулоқ солмади. Аччиқ устида “Бўпти! От” девордим. “Ё пирим, мадад қилинг!“ деб отувди, чамамда, пириям маст бўлиб ичиб олганми, ошига чиққа тушиб турибди-ю!
— Қандай чарчаб қолмадингми?— сўради Пўлат ака қайтишаркан.
— Э, Салимжон қавоғи осилиб қўл силтади. — Расво қилдингиз. Чарчаш ҳам майли-ю, мелиса вакили шумтираб лой ташиб юрса, обрўйи қоладими? Бемани қилиқларингиз бор-да.
— Меҳнатнинг айби йўқ,ўғлим. Қайтага шунда обрўйинг ошади. Одамлар танийди, ҳурмат қиладигон бўлади. Элга аралашиб юрсанг, Қобил қорақаламга ўхшаганларнинг етовига юриб, ҳар бир одамдан шубҳаланиб қора рўйхат тузиб юрмайсан. Боя қиморбозларнинг гапига этибор бердингми?
— Ҳа.
— Қаюмни қаттиқ текшириш керак.
— Ҳисобга опқўйдим.
— Ана кўрдингми, ҳашарга келиб зиён кўрганинг йўқ. Эҳтимол бирор жиноятнинг учини топиб оларсан шу баҳона.
— Кўрамиз.
Ён кўчадан югуриб чиққан ўн олти-ўн етти ёшлардаги ўсмир уларга урилиб кетёзди.
—Тўхта, бола!—деди Пўлат ака унинг қўлидан тутиб.— Нима гап? Бунча ҳовлиқасан?
— Э, анави болалар урамиз деб қувиб келишяпти, — жавоб берди ўсмир ҳансираб, унинг ортидан чопиб келиб, ўн беш қадамча нарида тўхтаган ўзи тенгқур уч йигитчага ишора қилиб.
— Шунга қочиб юрибсанми? Оббо шарманда-эй!
— Улар уч киши-да, бўлмаса-ю…
— Ҳой, зўпидинлар! Қани, бу ёққа келинг-чи! — буюрдиПўлат ака зуғум билан. Ўсмирлар ҳайиқишиб,секин яқинлашишди.
— Уч йигит бир кишига ташланишга уялмайсанми? Ҳе жипириқлар!
— Маҳалласига тўйга борсак буям ўртоқлари билан бизни уради-да,— тўнғиллади гавдалироғи.
— Менга қара, меҳмон бола, агар яккама-якка чиқса, бирортасига кучинг етадими? — сўради Пўлат ака.
— Оббо жўжахўроз-эй. Ҳозир кўрамиз. Қани қайси биринг чиқасан?
— Эй, Пўлат ака, нима қиляпсиз! — арлашди Салимжон. — Буларни муштлаштирмоқчимисиз? Дарров уй-уйларинга тарқалинглар-чи! Жўна.
— Сен тек туриб тур началник, — деди Пўлат ака илжайиб. — Нега безрайиб қолишдинг? Юраклилигинг борми ораларингда?
Боя гапирган бола олдинга чиқди.
— Ҳм. Катароққа ўхшайсан-ку, сен хумпар. Ҳа майли. Мен судялик қиламан. Агар йиқилсанг ,— Пўлат ака шу ерликни нуқиди, — ҳамманг енгилган ҳисобланасан, иккинчи бу йигитга, қаерда бўлсаям яқин йўлашмайсан, келишдикми?
— Хўп.
— Бошланглар.
Икки ўсмир бир-бирига ҳезланиб, жўжахўрозлардек айлана бошладилар. Биринчи бўлиб маҳаллий бола ҳужум бошлади. Аммо рақиб чап бергани учун мункиб кетди. Шу заҳоти ўзи гарданига мушт еб чўккалаб қолди. Меҳмон бола епчил, чайиргина экан, рақиби ўзига келгунча бўлмай елкасига тепиб юз тубан ётқизди.
— Бўлди, етарли!— деди Пўлат ака ўртага тушиб.— Баракалла.
У ғолибнинг елкасига қоқиб қўйди. Сўнг уч тақибчига юзланди.
— Сенларни ҳамқишлоқларинг дейишгаям уяламан! Шарманда қилидиларинг.
Уч бирдай йигит битта одамга дам қилишдан олдин бошларинга рўмол ўраб олишгин. Қишлоқдан ўтиб кетаётган йўловчи болаларни кўпчилик бўлиб урганларнинг илгариям эшитгандим-у, ишонмагандим. Ота-оналаринг туппа-тузук одамлар-а!
Ўсмирлар бошларини ердан кўтаролмай ортларига қайтиб кетишди.
— Бемани иш қилдингиз! — деди Салимжон йўлга тушишгач, қизишиб.— Қайтариш ўрнига уриштириб ўтирибсиз-а! Тағин менинг олдимда!
— Нима бўпти? Ўғил бола муштлашишниям билиши керак. Кичиклигидан тенгқурлари билан уришиб-талашиб пишмаса, қанақа йигит чиқади ундан? Армияга борсаям ўзини ҳимоя қиломай мишиғини оқизиб келади.
— Сизга гап топиб бериш қийин,—деб қўйди Салимжон қўл силтаб.

* * *

Дарвозани кимдир гумбурлатиб уч-тўрт муштлади. Сўриток остидаги сўричада сочсиз бошига ҳўл рўмолча ташлаб, қўш ёстиққа ёнбошлаб, белбоғи билан елпиниб ётган Пўлат ака чўчиб тушди.
— Ҳозир! — деб қичқирди зарда билан.
Ташқаридаги одам эшитмадими, яна бир икки муштлади.
—Ҳу! Бас қил ким бўлсанг ҳам!
Пўлат палковник орқаси йиртиқ эски калишни оёғига илиб, яктагининг у ёқ-бу ёғипни тўғрилаб, дарвозага юзланди. Эшикни зарб билан очди. Нозир Салимжонни кўриб баттар жаҳли чиқди.
— Айтувдим, бирор қилиғи совуқдир деб. Ўзларими? Ҳа енангни қўшноғарасими менинг дарвозам, тинмай даранглатасан?
— Кимсиз? — дўқ билан сўради нозир қовоғини уйиб.
— А? Бирон жойда ётиб қолиб жин-пин чалиб кетдими сени, болам?
— Фуқоро! Саволга жавоб беринг ! Эшматовмисиз?
— Йўқ катта енангни эриман!
— Майнавозчиликни бас қилинг!
— Ҳа ҳўп Эшматовман! Хўш?
— Сизга повестка бор.
— Повестка ?
— Ҳа, мана. Тилхатга қўл қўйинг-да, тез олдимга тушинг! Соат ўн бирга етказиб боришим керак. Тез бўлинг!
— Тўхта,бола Пенсионер одамга бекордан-бекор повестка жўнатадигон энағар ким екан? — деди Пўлат ака нозир тутқазган қоғознинг орқа-олдини айлантириб кўраркан. — Кўзойнаксиз кўз олмайди,савил … Қани ўзинг ўқи-чи.
— Хўп, эшитинг. Фуқоро П. Эшматовга. Сиз бугун, яни олтинчи июн куни туман ички ишлар бўлимига етиб келишингиз керак. Кечиккан ёки келишдан бўйин товлаган тақдирингизда, тегишли қонунларга асосан жиной жавобгарликка тортиласиз. Туман ички хизмат бўлими бошлиғи З.Иномов. Тушунарлими? Қани тез олдимга тушинг. Ўзим обориб тапшира қолай.
— Майнавозчилик қилаётган бўлмагин тағин, ҳў бола.
— Фуқоро Эшматов! Биринчидан, мен эмасман, туман ички ишлар хизмати вакилиман, иккинчидан, мен хизмат вакилиман, иккинчидан, мен хизмат вазифасини бажараябман сенламанг.
— Хўп бўлади. Гражданин началник!— деди Пўлат ака ғоз қотиб.— Рухсат этинг, кийиниб чиқай.
— Тўйга кетяпсизми, ясанасиз? Ноқонуний ишларингиз учун жавоб бергани боряпсиз! Тез қимирланг, имилламанг!
— Калланг борми, болам, ахир началникнинг олдида йиртиқ калишда сорпайчан бораманми! “Полковник” кийимини алмаштириб чиқди.
— Қоида бўйича наручник солиб олиб боришим керак-ку: энди. Майли, собиқ ҳамкасбим бўлганингиз учун кишанламай қўя қолай-а? – деди нозир мамнунлигини яширмай, — лекин қочишга уринсангиз, шартда отиб ташлайман.
Одатда ҳар гапга ўрнида жавобни қотирадигон Эшматов милицияга кечагина келган бу йигитчанинг пўписасини эшитмаганликка олиб қўя қолди. Индамай мотоцикл аравачасига ўтирди.
— Ўртоқ началник нимага чақиртийдикин, билмадингизми, ўртоқ участкавой? — сўради сохта мулойимлик билан.
— Нимага бўларди, устингиздан бир дунё шикоят тушган фуқоролардан. Разборга чақирган-да.
Даҳа нозири эски мотоциклни анча уриниб зўрға ўтолдирди. Бошлиқ хонасига аввал нозир кирди. Бир зумдан кейин бўшашиброқ чиқди-да:
— Киринг, Пўлат тоға, бошлиқ чақирябди, — деди қабулхонада кутиб ўтирган ҳамроҳига.
— Ўртоқ началник, отставкадаги ефрейтор Эшматов чақирингизга биноан келди! – деди бошлиқ ўрнидан туриб, қучоқ очиб унга пешвоз келаркан.— Пенсионерман деб уйда ётволманг-да, унақа. Чақирмагунимизча келмайсиз ҳам?
У Пўлат ака билан қадрдонларча қучоқлашиб кўришди, қўлтиқлаб келиб, юмшоқ креслога ўтқазди. Чой қуйиб узатди.
— Ўзингиз повестка жўнатарсиз, деб одоб сақлаб ўтирувдик-да. Бошлиқ кейин кириб, эшик ёнидаги стулда омонат ўтирган нозирга ажабланиб, саволомуз боқди.
— Пўлат тоғага жиндай ҳазил қилувдик повестка ёзиб, — деди лейтенант қизариб, — Узр.
— Оббо сизлар-эй. Бундай қилманглар, — ходимга танбеҳ берган бўлди бошлиқ. — Шогирдларингиз сизга бир оз эркалик қилишибди–да. Кўнглингизга олманг, Пўлат ака, биз сизни жуда ҳурмат қиламиз.
— Раҳмат, ука, раҳмат, мингга киринг, илоҳим генерал бўлинг.
— Сизни таклиф қилишдан мақсад, аввало сизни кўргимиз келиб, суҳбатингизни соғинганмиз. Органда узоқ ишлаб хўп чиниққан, кўпни кўрган одамсиз. Айрим масалаларда сиздек фахрийларимизнинг тажрибаларингиз, маслаҳат, ёрдамларингизга мухтож бўлиб қоламиз. Малол келмас-а, ака?
— Йўқ-йўқ, бажонидил.
— Жуда соз, рахмат, Биласиз, мана шу йигитни сизнинг қишлоғингизга даҳа нозири қилиб юборганимиз яқинда. Бизнинг соҳада янги. Ғайрати, интилиши ёмонмас, лекин тажрибасиз.
— Ғўрликка ўр, – деди Пўлат ака нозирга кўз қирини ташлаб. —Хонасида ўтирволиб қоғоз титкилагани-титкилаган, қишлоқни кам айланади.
— Танқидингиз ўринли, — деди бошлиқ.— Салимжоннинг хатосини тўғри англабсиз. Албатта, учёт ишлари ҳам беками-кўст бўлиши керак. Бу борада Салимжон аккуратний ходим, бу яхши. Аммо асосий ишимиз одамлар билан ишлаш, биз доим одамлар оросида бўлишимиз зарур. Сизни таклиф қилишдан мурод ҳам аслида, шу. Салимжонга ўзингиз мураббийлик қилсангиз. Одамлар билан ишлашда бой тажриба тўпланган фахрийимизсиз.
— Албатта, — деди Пўлат ака талтайиб,— органда йигирма беш йилдан ортиқ бенуқсон ишладик. Худога шукур. Мана, ўзингиз ачётни грамата бериб пенсияга чиқардингиз, отангизга рахмат.
— Кам бўлманг. Салимжоннинг ёнига кириб қишлоқни бошқаришга ёрдамлашсангиз. Албатта, вақти–вақти билан рўзғор юмушларидан бўшаганда. Баҳоли қудрат маош ҳам тўлашимиз мумкин.
— Ойликнинг кераги йўқ, пенсия тирикчиликка етиб турибди. Ёрдам беравераман.
— Жуда соз. Ўртоқ Амуров, — бошлиқ Салимжонга мурожаат қилди.
— Пўлат ака анча йил участкавой бўлиб ишлаган. Участкаси раёнда энг намуналилардан эди. Халқ унга бекорга “полковник” номини бермаган. Бу кишида жуда кўп нарсани ўрганишингиз мумкин. Уқдингизми?
— Худди шундай, — деди Салимжон бўшашиброқ. – Кетишга рухсат этинг, ўртоқ подполковник.
— Рухсат. Қабулхонада кутиб туринг, бирга кетасизлар. Нозир билан деярли тенг Пўлат ака ҳам қўзғалди.
— Йўқлаганингиз учун раҳмат, ука, — деди бошлиқнинг қўлини жўшқин қисиб.
— Саломат бўлинг.
Бошлиқ Пўлат акани қабулхонага кузатиб чиқиб, хайр –хўшлашиб, ортига қайтди.
Қабулхонада қовоғидан қор ёғиб ўтирган Салимжон бошлиқнинг эшиги ёпилиши билан Пўлат акага қарамай ташқарига йўналди.
Икковлон бир-бирига қарамай, сўз қотмай мотоцикл ёнига боришди. Нозир кўп тихирлик билан ўт оладиган уловини юрғизишга уннай кетди.
— Бу дейман, ўртоқ лейтенант, худди катта отангни кўмиб кўмиб келаётгандек мотамсаросан-а? — деди Пўлат ака нозирнинг елкасига туртиб. — Бундай қовоғингни оч-э, ука юракни сиқвординг-ку!
— Нимага хурсанд бўлишим керак?— тўнғиллади Салимжон. — Бошлиқ сизни сал тийиб қўяр десам, бўйнимга осиб қўя қолди.
— Энди, жигарим, дод десанг ҳам, фарёд десанг ҳам чидайсан, жиловинг менинг қўлимда энди. Эшитдинг-а, началникнинг гапини, сени тарбиялишим керак.
Салимжон алланима деб тўнғиллади, аммо ўт олган мотоциклнинг гуриллашидан уқиб бўлмади.