Ҳабибулло Қодирий. Нурафшон хотиралар

Эрон қишлоғида

Раҳимберди амакимнинг Ориф ака исмли божаси бўлар эди. Уларнинг 1920 йиллар охиригача Тошкент шаҳри четидаги Эрон қишлоғида каттагина ерлари бўлиб, пахта, макка, қовун-тарвуз, беда каби экинлар экишар, қирга буғдой сепишар эди. Ориф ака ёши улуғ, камгап, салмоқ билан, кулиб сўзловчи, меҳнаткаш киши эди. Дадам бу кишини “содда, тўғри, оқ кўнгил одам”, деб ҳурмат қилардилар. Ориф почча ҳар йили қовун пишиғида бизни қовун сайлига таклиф этарди. Амакиларим, дадам, биз болалар – ҳаммамиз кечки салқинда, баъзан махсус юборилган аравада, баъзан пиёда билқ-билқ тупроқ кечиб, “Кўкча дарвозаси”, “Шофайзи қулоқ”, “Кўкча Оқ тепаси”, “Қурвақаобод” каби гузарларни босиб, одамга лиқ тўла чойхонларда қўниб, чой ичиб, Эрон қишлоққа етиб борар эдик. Полиз бошидаги катта ариқ лабига, садақайрағоч тагига солинган жойда қовун еб, қайнатма шўрва ичар, шунда ухлаб, дала нашъасини хўп сургач, эрталабки қаймоқхўрликдан сўнг уйга кайтар эдик.
Ориф поччанинг ери пойгасидаги хирмонтепа ёнида, кичкина қўрғончада дадамнинг яхши бир ошнаси яшар эди. Исми, янглишмасам, Сиддиқ ака, ўзи кулолчилик қиларди. Дадам сайилга чиққанда, дала айланиб баъзан шу кулолнинг ишхонасига кирар, Сиддиқ ака билан суҳбатлашиб ўтирар эдилар. Сиддиқ ака ўттиз-қирқ ёшларда, хуштабиат, қизиқчи киши эди. Оёғи билан кулол чархини тепа-тепа, қўлидаги лойга турли шакллар бериб, товоқ, пиёла, хурма, лаган, мўнди, манак, тувак ясар, ўз ишидан ўзи завқланиб, ашула айтар эди. Сиддиқ аканинг ишхонаси ёнида хумдон бўлиб, дадам уни ҳам томоша қилар, қайтишида Сиддиқ акани меҳмонга таклиф этардилар. Сиддиқ ака ювиниб, кийиниб, ўз деҳқончилигидан бир-иккита қовун кўтарганча, “мана, бизнинг кулол “завод” ҳам энди хатга тушадиган бўлди…”, деб дадамга пичинг қилиб, меҳмондорчиликка келиб қўшилар эди.
Шундай бир ўтиришда кулолчиликдан гап чиқиб, дадам, афсонами-чинми бир воқеани меҳмонларга сўзлаб берганлари эсимда:
“Қадим замонларда ваҳший бир одат бўлган экан. Дарё тўғонларини сув олиб, тошқин рўй берса, сувсизликдан деҳқончилик бўлмаса, тўғон тузатувчилар “сув тўхтасин”, деган ирим билан бирор бева-бечорани тириклай тўғонга босар, хумдон эгалари “ғишт, кулоллик идишлари яхши пишиб чиқсин”, деб бирор кимсасиз одамни хумдонда ёқар эканлар…
Бир хумдончи бой ишёқмас бир қулини хумдонга ёқмоқчи бўлибди. Бой, бошқа қуллар олдида ўзини беғараз кўрсатмоқчи бўлиб, ўт ёқувчи қулига: “Эрталаб олдин­га кимда-ким биринчи келса, уни ўтга ёқиб юбор!”, деб буюрибди. Эртасига тонг саҳардан бой ҳалиги ишёқмас қулини уйғотиб, тезда гўлахга нонушталик элтиб беришни тайинлабди ва орадан бир-икки соат ўтказиб, аҳволни билгани ўзи хумдонга келибди:
– Қалай, бирортаси келдими, ёқдингми? – деб сўрабди бой гўлахдан.
– Ҳа, хўжайин, – дебди гўлах гердайиб, – ёқдим.
– Хўш, хўш, кимни ёқдинг?
– Катта ўғлингизни, ҳозиргина…
Бой даҳшатга келиб, соч-соқолини юлибди. Бу ҳодиса устига нон кўтариб, ишёқмас қул келибди. У йўл-йўлакай, “эрталабки насибадан қуруқ қолмай”, деб бир тўйга кирган, қорнини тўйғазиб бемалол келаётган экан…”
Мен ўша қоронғи кечада, бу ҳикоятни этларим жунжикиб эшитганман. Ҳали-ҳали эсласам, сесканиб кетаман. Назаримда, юқоридаги каби бидъатлар, қадимда сув ва ўт худосига қурбонлик келтириш одатларидан қолган бўлса керак.

Чироқпоя

Дадамнинг ижодхоналаридаги токчаларга қатор терилган чинни ва бошқа рўзғор буюмлари уйимизни безаб турарди. Айниқса, ундаги бир жуфт хитойи кўра ва қўш лаган (бу кўра ва лаганларни дадам 1925– 1926 йилларда харид қилиб келтирган эдилар) ўз чиройи билан киши диққатини жалб этарди.
Бир кун дадам боғимизда ер чопаётиб, бўйи ярим газча келадиган сопол чироқпоя топиб олдилар. Чироқпоя дасталик, сирланмаган, оддий бўлиб, тагига гир айлантириб чизиқ билан ишланган кунгирасини ҳуснга қўшмаганда, қўпол, самоварга ўхшар эди. Дадам: “Бу чироқпоя тахминан юз йил бурун ясалган. Бизда лампа расм бўлгунча, халқ шам ёки зиғирмой ёқиб кун кечирган. Мана шу чироқпоя устига мой қуйиб, пахта пилик ёқиб, уй ўртасига қўйиб, теварагида давра қуриб ўтиришган ва “заб ҳикмат-да”, деб чироқпояни томоша қилишган, ясаган устасига офарин ўқишган…” дедилар кулиб ва уни ювиб-тозалаб токчага – ҳалиги хитойи кўралаганлар ёнига қўйиб қўйдилар. Дадамнинг бундай уй “ясатиш”ларига ойим:
– Бу бесўнақай сополни намунча азиз қилиб, чиннилар ёнига қўшиб қўймасангиз?! – деб эътироз қилдилар. Дадам “тушунмайсан” дегандек қўл силкиб:
– Чиннилар хитойники, бу сопол ота-боболаримиздан қолган, ўзимизники! Ҳар кимники ўзига, ой кўринар кўзига! – деб кулиб қўйдилар.
Хитойи кўра ва бошқа кўпгина буюмлар қатори, ўша чироқпоя ҳам ҳозирги пайтда Навоий номидаги Давлат адабиёт музейида, Абдулла Қодирий хонасида сақланади.

Муллаёна сўз

Дадам бир куни:
– Алижон домла бетоб эканлар, кўргани борувдим, сени йўқладилар. Бориб бир ҳол сўраб кел. Сенинг ҳам домланг, – деб қолдилар.
Мен иссиқ нон, асал кўтариб домлани кўргани бордим. Кечқурун дадам яна “домлани кўриб келдингми?” деб сўрадилар. Мен муллаёна сўзлаб, изҳори фазл қилмоқчи бўлдим, шекилли, “Ҳа, домлани риёзат қилиб қайтдим”, дедим. Сўзим дадамга эриш туюлдими, “нима-нима, сўзингни қайтар?” дедилар. Қайтардим. У киши кулиб юбордилар ва бирдан жиддий тус олиб:
– Мазмунини билмаган сўзингни ишлатма. Кулги бўласан. Риёзат бу – машаққат чекиш, касални бориб кўриш – ибодатдир. Арабий, форсий сўзларни заруратсиз ишлатавериш ярамайди. Ўз тилингда содда, пишиқ жумла тузсанг, шундан маъқули йўқ, – дедилар.

Реализм

Адабиётга янги қизиққан пайтларим эди. Бир кун китоб ўқиб ўтириб, “реализм, реалистик” сўзларига тушунмадим-да, маъносини дадамдан сўрадим. – Реализм бу воқелик, ҳақиқат демакдир, – жавоб қилдилар у киши.
Дадамнинг қисқагина жавобларига унча тушуниб етмасам ҳам, тушунгандек бош ирғадим. У киши менинг мажҳул ҳолатимга қараб туриб:
– Жавобимга тушунмадинг, – дедилар ва реализм маъносини шундай бир мисол билан таъбирлаб бердилар. – Самарқандда Афросиёб исмли бир паҳлавон ўтган экан. Афросиёб шу қадар зўр эканки, агар у ўз шаҳрида оёқ узатиб ўтирса, оёғининг учи Сирдарёга тушиб турар экан. Ухлаганда хурраги бемалол Тошкентга эшитилар, ҳар нафас олганида, бутун Самарқанд шаҳрининг ҳашаротлари оғзига кириб, нафас чиқарганида осмонга отилиб чиқар экан.
– Бунақа одам бўлмайди, ада.
– Ҳа-а, – дедилар кулиб юбориб дадам, – демак, ҳикоям ҳақиқат эмас, ишонмадинг. Агар ишонганингда эди, реалистик ҳикоя сўзлаган бўлиб чиқардим. Энди тушунгандирсан?..

Виждон нима?

Бир кун, мактабдан қайта туриб, Абдулла акам билан ҳамроҳ бўлиб қолдим, – деб ҳикоя қилган эди боғ қўшнимиз, ўқитувчи Собит Комилий, – суҳбатлашиб кетдик. Мен у кишидан сўрадим: “Виждон, виждон, дейишади. Бу нима дегани ўзи, Абдулла ака?” У киши ўйланиб бориб жавоб қилдилар: “Сен йўлда борардинг, қаршингдан келаётган бир кекса лойда сирғаниб йиқилди. Сен унга парвосиз ўтиб кетавердинг ва нарироқ бориб, ўзингга савол бердинг: “Нега мен ҳалиги кексага ёрдам бермадим, турғазиб қўймадим-а?” Мана шу ўзингга берган саволинг виждондир”.

Қодирийнинг хизматкори

Бир куни кечки пайт дадам пешона боғлаб, ялангоёқ, шийпон қаршисида ер чопардилар. Мен шийпонда ёнбошлаб, дарс тайёрлардим. Дарвоза очилиб, бир рус йигити кириб келди. Йигит нотаниш (Ёзувчилар союзининг янги шофёри), бизникига биринчи бор келиши эди. У дадамнинг олдига бориб: “Ёзувчилар союзида мажлис бўларкан, Абдулла Қодирийни олиб кетгани келдим”, деди. (Қодирий Ўзбекистон Ёзувчилар союзининг президиум аъзоси эдилар.)
Дадам индамай бироз ишни давом эттиргач, кетмон ва калишларини олиб, ариқ лабига чиқдилар. Менга, “кетмонни тозала”, деб ўзлари бемалол ювиндилар-да, кийиниб чиққани ичкари ҳовлига кириб кетдилар. У кишининг бу суст ҳаракатларидан шофёр аччиғланди, шекилли, менга қараб тўнғиллади:
– Бу қанақа ёзувчи, ҳузурига хизматкорини ювуқсиз киритмайди, қанча вақт бекор кетди…
Мен шофёрнинг гапига чала-ярим тушуниб, янглишаётганини сезсам ҳам кулиб, жўрттага жим ўтиравердим. Дадам ичкаридан кийиниб чиқдилар, йигит у кишига қараб туриб, кулди:
– Кечирасиз, сизни Абдулла Қодирийнинг хизматкори деб ўйлабман…

“Кўр сак”

Бир куни шоир Сўфи Оллоёр ғазалларидан ўқиб ўтирар эдим. Дадам “Нима ўқияпсан?” деб, қўлимдан китобни олиб кўрдилар ва “Сўфи Оллоёрми?” деб қайтариб берарканлар, кулиб шу байтларни ёд ўқидилар:
Чароғики шариат ёндирди қўйди,
Ани ким пуф деди, соқоли куйди.
Уялма маърифатни ўрганурдин,
Танур жойинг бўлур, қолсанг танурдин.

Мен дедим:
Сўфи Оллоёр шеърларини ёд билар экансиз…
У киши кулдилар:
Биз шундай китобларни ўқиб савод чиқарганмиз-да. У чоқларда Сўфи Оллоёр асарлари мактабларда дарслик каби ўқитилар, ёд олдиртирилар эди.
Сўфи Оллоёрни тасаввуф шоир де­йишади…
Ҳа, унинг асарларида илоҳиятга кўпроқ ўрин берилган. Шеърлари мазмунан содда, лекин жонли, равон, ўйноқи тилда битилган. Асосий ғояси одамийлик, ахлоқ-одоб, маърифатга бағишланган. Буни юқоридаги байтлардан ҳам англаш мумкин. Шариат бу – умуман мусулмон мамлакатларининг асосий қонун-қоидаси. Шоир кимки мамлакат қонун-қоидаларига қарши борса (уни “пуфлаб ўчирмоқчи” бўлса), ҳалок бўлади, яъни соқоли куяди, демоқчи. Иккинчи байтда эса: маърифатни ўрганурдин уялма, агар танурдин (яъни таниш-билишдан) қолсанг, жойинг танур (тандир, яъни дўзах) бўлур дейди… – деб тушунтирдилар дадам. – Айтишларича, Сўфи Оллоёр беклардан бўлган. Ёш чоғларида ҳукумат хизматида бўлиб, фуқарога кўп зулм ўтказган. Кейин, қирқ ёшлардан ошгач, ўз қилмишларидан пушаймон бўлиб, тавба қилган, хокисор, бечораҳол яшаб, ижод билан шуғулланган. Унинг бир кўзи кўр бўлган. Бир куни Сўфи Оллоёр лой қориб, ҳовлисининг йиқилган деворини ураётган экан. Бир киши келиб сўрабди: “Мавлоно Сўфи Оллоёр ҳазратларининг уйлари шуми?” “Ҳа, шу, – дебди Сўфи Оллоёр. – Нима хизматлари бор эди?” У киши тараддудланиб дейди: “Ҳазратни бир кўрсак…” “Жуда яхши, – дебди Сўфи Оллоёр ва бармоғи билан ўзининг кўр кўзига ишора қилибди, – ўша сиз сўраётган “кўр сак” биз бўламиз, марҳамат…” Эътибор бердингми, – деб ҳикоятларини якунладилар дадам, – шоир “кўрсак” сўзини ўйин қилиб бўлиб-бўлиб, ўзини “кўр сак”, яъни “кўр ит” деб айтган. Ана шундай ҳар сўзда ўтмишдаги золимлигига шиква қилиб, кўр ит эканман, дейди Сўфи Оллоёр.

Қомус таълими

Кутубхонамизда қалин, қора муқовали, расмлар ишланган, туркча катта бир қомус бўларди. Дадам бўш вақтларида уни мутолаа қилиб ўтирардилар. Бир куни мутолаа пайти китобнинг бир ўрни маъқул бўлди, шекилли, бир байт ўқидилар ва мазмунини шарҳлаб бердилар: “Сен туғилганингда, “дунёга янги меҳмон келди”, деб қувончдан бутун олам куларди. Энди, сен шундай яшагинки, ўлганингда, “фалончи одам яхши эди”, деб қайғудан бутун олам йиғласин…”

Жулқунбойи соний

Ёз кунлари эди. Дадам “Обид кетмон”ни ёзардилар. Эшигимиз тақиллаб қолди. Чиқиб очдим. Паст бўй, тўла юз, мош-гуруч соқолли, салла-чопон, маҳси-кавушли, қорача бир киши (у мен чиққанда, сиёҳ қаламини лабига тегиза-тегиза қўлидаги дафтарга нималарнидир ёзарди) дадамларни сўради. Йўқлар, дедим. У ҳеч муқаддимасиз, ўзининг Шавкатий номли шоир, Қодирийга яқин ошна, истеъдодли Жулқунбойи соний эканлигини изҳор қилиб, “соатийдин сўнг келурмен”, деб жўнаб кетди (унинг гаплари муллаёна, адабий эди). Мен ажабландим. Дадамнинг бундай ошналари борлигини билмас эканман. У, айтганидек, бирор соатдан кейин яна келди. Мен дадамга “бугун бир киши сизни иккинчи марта йўқлаб келди”, дедим. Дадам чиқиб, эшикда у киши билан сўзлашдилар, қўлдаги дафтарини олиб, ўқиб кўрдилар ва нималарнидир тушунтириб, кузатиб қайтдилар. Мен дадамдан, “у киши ошнангизми?”, деб сўрадим. “Йўқ танимадим”, дедилар. Шунда у кишининг бояги даъвосини айтдим. Дадам кулиб, жойларига ўтирарканлар, “Яхши, ўзини хурсанд қилиб юради-да, бошига ёзувчилик савдоси тушиб қолганга ўхшайди”, дедилар…

“Ёшлик” журнали, 1983 йил, 3-сон