Ҳабиб Сиддиқ. Далил (ҳажвия)

Корхонамизнинг мўъжазгина мажлислар залини тўлдириб ўтирибмиз. Юқори идора вакили йиғилиш қилармиш. Кимдир қандай янгилик бўлар экан дея қизиқиш билан, яна кимдир алмисоқдан қолган гапларни яна такрорлайди-да, деб ижирғаниб ўтирибди.
Меҳмонимиз узоқ куттирмади. Бошига айвончали шапка кийган, ранги ўчган эски катта папка кўтарган кўзойнакли, қўнғизмўйлов киши муовин билан бирга салмоқланиб кириб келди.
Муовин одатдаги кириш сўзидан сўнг меҳмонни таништиргач, мавзу долзарблигини таъкидлади. Чиндан ҳам муҳим масала. Ахир, кўзбўямачиликка қарши кураш хусусидаги гап ҳар қандай одамни сергак торттиради. Ёлғон ахборот, ўринсиз мақтанишдан зада бўлган кўнгилларга малҳам бўладиган суҳбат бўлармикин-а?..
Папкасидаги қоғозларини титкилаб, бир варақни олган воиз виқор билан минбарга чиқиб, чуқур нафас олди-да, залга бир қур кўз ташлади. Сўнгра шошилмай маъруза мавзусини такрорлади: “Кўзбўямачиликка қарши ўт очайлик!”
– Ҳаммага маълумки, иш фаолиятимизда онда-сонда бўлса-да, кўзбўямачиликка йўл қўйилмоқда. Бу эса жамиятимиз тараққиётига жиддий тўғаноқ бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас…
Нотиқ бир нафас тин олиб тингловчилар орасидан кимнидир қидирди, ниҳоят мўлжалидаги одамни топди, шекилли, биринчи қаторда ўтирган ёш йигитни имлаб ёнига чақирди. Йигитнинг қулоғига шивирлаб ниманидир астойдил тушунтириб, қўлига уяли телефонини берди. Йигит “тушундим” дегандай бош силтаб сурат туширишга ҳозирланди. Воиз эса, бир томоқ қириб олгач, сарғайган қоғозга кўз қадаб маърузасини давом эттирди:
– Кўзбўямачилик – тараққиёт кушандаси. Унга қарши барчамиз баравар курашайлик. Шу боисдан ҳам ҳамма жойда йиғилишлар, тарғибот тадбирлари ўтказмоқдамиз…
Воизимиз ора-орада ҳалиги йигитга ишора қилиб ҳар хил кўринишларда суратга тушганда маърузада узилишлар ҳам бўлиб турди. Шу пайтда висир-висир қилиб гаплашган ҳам, ўзини тутолмай пиқиллаб кулган ҳам бўлди. Бунга нотиқ эътибор бермаган бўлса-да, муовин томоқ қириб зални тинчлантирди.
Нотиқ ҳеч нарсадан бехабардай ўз сўзини авж пардаларда давом эттирди:
– Ўзинглар айтинглар-чи, нотўғри ҳисобот ва маълумотлардан кимга фойдаю кимга зиён?..
Бу гапларни мингинчи марта эшитиб, кимдир эснади, кимдир мизғий бошлади, бошқаси эса, қўл телефонини ковлашга тушди. Нотиқ ҳам суратга олаётган йигитга “Бўлдими?” дегандай савол назари билан қараб, ундан тасдиқ ишорасини олгач, яна залга жиддий юзланди:
– Қандай саволлар бор?.. Тортинманглар.
Ҳеч кимдан садо чиқмади. Чунки ҳамма суви айниган кўлмакка ўхшаган бу йиғин тезроқ тугасаю ҳар ким ўз ишини қилса, деб безовта ўтирарди.
– Ҳаммаси тушунарли бўлса яхши, – деди нотиқ ўзича хурсанд бўлиб. – Сиз ўрнингиздан туринг-а, – деди сўнгра иккинчи қаторда ўтирган ўрта яшар жувонга ишора қилиб. – Ҳа-ҳа сиз, бир дақиқага. Савол бераётгандай бўлиб туринг, дарров суратга муҳрлаб қўямиз… Ана бўлди… Яна бир киши… ким тушади?.. Фаолроқ бўлинглар… Қани, сиз туринг… Ҳа-ҳа, савол бераётгандай, ўнг қўлингизни кўтариб¬роқ жиддийроқ туринг-а… Қани, ука, тезроқ суратга олинг. Бўлдими?.. Ҳа, яшанг… Энди-чи… Сиз, ука, баҳсга киришгандай бўлиб туринг… Вў-вў-вў, жуда ўхшади. Гап йўқ! Нима?.. Шош¬япсизларми?.. Бўлди, бўлди. Ўзим ҳам шошиб турибман. Фақат, эртага мана шу суратлар гапиради-да. Энди бугунги маърузамизнинг қизиқарли, ўзаро мулоқот асосида, савол-жавоблар билан ўтганлигига далиллар етарли бўлди, – дея уяли телефонини кўтариб кўрсатганча мамнун жилмайди. – Саломат бўлинглар.

“ЎзАС”дан олинди.