Зоҳиджон Олов. Олисдаги бахт изтироблари

Болалик – беғуборлик. Ҳар қандай орзулар, ўй-хаёллар шу фаслга ярашади. Шунинг учун ҳам ёши катта бўлса-да, хаёлий нарсаларни кўзлаётган одамни кўрсак, ичимизда “Ҳалиям улғаймабди шўрлик”, деб қўямиз. Мен ҳам қўлимга қалам олиб, илк қоғоз қоралаган пайтларим, ул-бул машқларим билан уч-тўрт кишининг, масалан, ота-онам, опа-сингилларим эътиборини қозонганимда, бола эканман-да, завқим ичимга сиғмай, ҳайқириб юборибман: “Бир кун келиб Нобель мукофотини оламан!”.

Йиллар ўтди. “Мактаб”, “Университет” деган бекатлар оралаб ҳаёт дарёсининг серқатнов ўзанига қўшилдим. Қанча зарра, қанча пуфак, қанча нуқталар. Кўпинча ўзим билан ўзим овора бўлиб, болалик орзуларини, борингки, беғуборлигини унутдим. Аммо ҳар йили Нобель мукофотига сазовор бўлган адабиёт вакилига зориқиб қарайман. Худди тенгдошининг қўлида музқаймоқ кўриб, тамшанган болакай каби…

Бу сафар ҳам британиялик адиб Казуо Ишигуро номини ўқидим-у, ўша таниш ҳолатга дуч келдим. Асли Япониянинг Нагасаки шаҳридан бўлган бу улкан ёзувчи суратидаги нигоҳларни бир қарашда тушуниш мушкул. Олис йўл, ватандан айролик ва омонат бахт изтироби акс этган қарашлар… Наҳот бу нуфузли халқаро соврин висоли киндик қон тўкилган муқаддас заминдан айролиқни тақозо этади? Йўқ, дейман. Ясунари Кавабата, Кэнзабуро Оэ кунчиқар юртда яшаб, ўша ерда ижод қилиб, бу “марра”га ета олган. Йўқ-йўқ! Бунин, Бродский, Пастернак, Солженицин деган рўйхатни тузиш шарт эмас. Ҳаммаси жойида. Сизнинг шуурингиздан ўтган “ноҳалол ўйин” тушунчаси Казуо Ишигурога асло тегишли эмас. Айтиш жоизки, ушбу улкан эътироф чинакам соҳибини топди.

Унга Нобель мукофоти, Швеция академиясининг доимий котиби Сара Даниуснинг айтишича, “ўз романларида хаёлий ҳиссиётлар ҳамда дунё ўртасидаги яширин боғлиқликни, тубсизликни катта эмоционал куч билан очиб бергани учун” тақдим этилмоқда. Адабиётшунослар шу пайтга қадар Нобель олган-у, бироқ орадан ўттиз йил ўтиб асарлари оммалашган бир неча ижодкорларни кўрган. Казуо эса ноодатий сюжет ҳамда кутилмаган ечимлари билан миллионлаб ўқувчилар қалбини ром этган, аксарияти кино тасмаларига кўчган китоб­лари орқали жаҳон адабиётидан муносиб ўрин эгаллашга улгурган адиб, баркамол ёзувчи! Ҳар ҳолда, ўтган йилги америкалик таниқли қўшиқчи-шоир ва созанда Боб Диланга ўхшамаган сиймо.

Қизиқ жиҳати шуки, ана шу Боб ижтимоий тармоқдаги саҳифасида бошқа япон ёзувчиси Ҳаруки Муракамига “овоз” бериб, уни навбатдаги Нобель совриндори сифатида таништиришга ҳам улгурган экан. Ўтган йили айнан Мураками Нобель олишини дунё адабиёт ихлосмандлари кутишганди. Бу йил ҳам кутишди. Унинг ёнига суриялик шоир Али Аҳмад Саид Асбар (Адонис), кениялик новеллачи Нгуги Ва Тхионго, сомалилик ёзувчи Нуруддин Фараҳ, канадалик ёзувчи Маргарет Этвуд, исроиллик журналист Амос Оз, ҳатто америкалик рэппер Канье Уэст ҳам қўшилди. Бироқ “нобелчилар” ўз билганидан қолмади.

Казуо Ишигуро 1954 йили 8 ноябрда (63 ёш) Японияда уммоншунос Шизуо Ишигуро оиласида туғилган. 1960 йили Британиядаги Океанография миллий университети таклифи билан оиласини олиб, Суррей графлиги маъмурий маркази бўлган Гилфорд шаҳрига кўчиб кетади. Бўлғуси адиб саводини Стафтондаги мактабда чиқарган бўлса, кейин таълимни Суррейдаги Грамматика гимназиясида давом эттирди. Мактабни битиргач, бир йилга академик таътил олиб, АҚШ ва Канадага сайр қилиб келади. Аслида унинг орзуси навозанда бўлиш эди. Казуо бу йўлда ҳатто бир қатор демо-ёзувларини қудратли продюсерларга таклиф қилиб ҳам кўрган. Аммо у кутган натижа бўлмади.

1974 йили Казуо Кент университетига кириб, тўрт йилдан сўнг инглиз тили ва фалсафа бўйича бакалаврлик дипломига эга бўлди. Лондонда дуч келган ишни қилди. 1980 йили Шарқий Англия университетини тамомлаб, санъат йўналиши бўйича магистрлик дипломини олди. Айнан ўша талабалик йиллари маҳаллий адиб, таниқли ёзувчи Анжела Картер ёш Казуода адабиётга меҳр уйғотди. Орадан уч йил ўтиб, Ишигурога Британия фуқаролиги паспорти берилди.

Гарчи филология йўналишида таҳсил олса-да, Казуонинг санъатга меҳри бир зум ҳам сўнмади. Аксинча, тобора оловланиб бораверди. Бу чинакам истеъдоднинг улғайиш изтироби янглиғ ҳолат эди – ҳаёт ерда-ю, хаёл фазо бағрида.

Дарвоқе, Ишигуро америкалик жаз ижрочиси Стейси Кентнинг 2007 йилги “Тонгги трамвайдаги нонушта” (“Breakfast On the Morning Tram”) ҳамда 2013 йилги “Ўзгарувчан чироқлар” (“The Changing Lights”) альбомларидан жой олган бир қатор қўшиқлар матнининг ҳаммуаллифи сифатида ҳам ном қозонган. У қўшиқ учун ёзилган матн(шеър)лари ҳақида сўзларкан, мураккаб ёзиш услубини ҳатто омма учун аталган осон шоу-маҳсулотларга ҳам сингдирганини яширмайди: “…ишқий, махфий, ўта шахсий, бир қарашда аниқ кўзга ташланмайдиган сўзлар. Улар қандайдир туманли, сизни сатрма-сатр ўқишга мажбур қилади”.

Бўлғуси ёзувчи 1986 йили Лорне Макдугалл билан турмуш қурди. Эътиборлиси, улар социал ишчи бўлиб юрган кезлари Ноттинг-Хиллдаги уйсизларга бериладиган бошпанада кўришиб, танишиб қолганди. Айни кез рафиқаси, қизи Наоми билан бирга Лондонда истиқомат қилаётган Казуо ўша пайтларда бугунги омад ҳақида ўйлаганмикан?

Кагио Ишигуро адабиёт ва санъат ҳақида ўйларкан, бу иккиси аслида бир-бирисиз мавжуд эмаслигини англаб етди. Аммо бу икки қудратли тўлқин бирлашуви, уйғунлашувида иштирок этиш унинг ҳам чекига тушганини сал кечроқ, 27 ёшида илғади. Илк ҳикояларидан учтаси 1981 йили “Муқаддима 7: янги ёзувчиларнинг ҳикоялари” (“Introduction 7: Stories by New Writers”) баёзига киритилди. 1982 йили биринчи романи – “Тепаликларнинг хира кўриниши” (“A Pale View of Hills”)ни ёзди ва у бир йил ўтиб чоп этилди. Бу асари учун унга “Британиялик энг яхши ёш адиб”лардан бири сифатида грант ажратилди.

“Тепаликларнинг хира кўриниши” романи Япониядан Англияга кўчиб келган бева Эцуко ҳақида. АҚШ томонидан Нагасаки шаҳри ядровий бомбардимон қилинган илк даврлар даҳшати эридан айрилган, қизи ўз жонига қасд қилган, ўзи эса қувғинга учраган Эцуко фожиаси орқали гавдалантирилади.

Ёзувчи мазкур мавзуни кейинги, 1986 йили ёзган иккинчи романи – “Беқарор дунё мусаввири” (“An Artist of the Floating World”)да ҳам давом эттирди. Асарда япон аскарларининг жанговар руҳини тадқиқ этиш ва жанггоҳдан туриб “жонли” расм чизиш иштиёқида ўз ихтиёри билан Иккинчи жаҳон урушига борган мусаввир Мацуи Оно ҳақида ҳикоя қилинади. Япон оммасининг уруш ҳақидаги тасаввури, онги инкишофига бағишланган романда ядро бомбардимонидан бир неча йил ўтиб, ватанидан вақтинча айро яшашга мажбур бўлган Ишигуро нишонга бехато урди. Инсоннинг энг жиддий ва нозик туйғулари торини чертувчи ушбу роман Буюк Британияда “Йил китоби” дея улуғланди, Букер мукофотининг биринчи номинациясига лойиқ кўрилди.

Эътиборлиси, шу вақтга қадар Казуо ўзини англиялик деб билмаган экан: “Ота-онам япон, уйда япон тилида суҳбатлашардик. Улар бу мамлакатда қанча қолишимизни билмагани учун мени ҳам япон қадриятлари руҳида тарбиялаган”. Аслида-чи? У на япон, на инглиз – тобора маданиятлар қоришиб, чегаралар нисбийлашиб, ирқлар, миллатлар ва халқлар орасидаги тафовут хиралашиб бораётган “янги дунёнинг замонавий фуқароси” сифатида яшай бошлади.

Таниқли адабиётшунос Сара Даниус унинг маҳоратига таъриф бераркан: “Франц Кафка ва Жейн Остин қоришмасига бироз Марсель Прустдан қўшамиз, балки шунда Ишигуро пайдо бўлар. Балки бўлмас”, деганича бор.

Казуо Ишигуро 1989 йили ниҳоят япон либосини ечди ва соф инглизча, борингки, Ғарб анъаналарига мос романи – “Куннинг қолган қисми” (The Remains of the Day)ни ёзди. Монолог-эсдалик тариқасидаги бу асарда Иккинчи жаҳон уруши бошлангунгача бўлган давр ва фашизм қулатилган йиллар акс эттирилган. Бу роман муаллиф ҳаётида ўзгача қийматга эга. Ишигуро уни бир ойда ёзиб тугатди. Ҳафтанинг олти куни мобайнида эрта тонгдан қазноққа биқиниб олиб, ақлга сиғмас шиддат билан ишлаган, танаффусда енгил тамадди ва кечки овқат билан қаноатланган адибга “Куннинг қолган қисми” романи улкан шуҳрат келтирди.

Ўзга миллат, ўзга қараш ва ўзга дунё вакилининг инглиз тилида яратган санъат асари томирида ҳақиқий инглиз қони оқаётган ёзувчиларни ҳам титратиб юборди. Танқидчилар бу романга юксак баҳо бериб, “ХХ асрнинг энг сара инглизча романларидан бири” дейишди, муаллифни эса поляк адиби Жозеф Конрад ва рус ёзувчиси Владимир Набоковга (мазкур адиблар ҳам ўз она тилида ижод қилмаган) тенглаштира бошлашди. Ишигуро коллекциясига яна бир Букер мукофоти қўшилди. Қолаверса, роман асосида “Кун поёнида” бадиий фильми суратга олиниб, бош ролларни машҳур актёрлар Энтони Хопкинс ва Эмма Томпсон ижро этди.

Ёзувчига улкан шараф келтирган яна бир романи 2005 йили чоп этилган “Мени қўйиб юборма” (Never Let Me Go) бўлди. Асар “Time” журнали талқинига кўра, “Йилнинг энг яши романи” дея эътироф этилди. Роман воқеалари асосида тажрибали режиссёр Марк Романек бадиий фильм суратга олди ва асар номини сақлаб қолди.

Казуо нозик руҳият эгаси эканини мислсиз пўртаналар, довулларни, ҳайбатли тўфонларни сокинлик, вазминлик бағрига ғоят ишонарли тарзда жойлаштира олиши билан исботлади. “Мени қўйиб юборма” 31 яшар Кети Ш. исмли қизнинг хусусий мактабда таълим олган йилларида содир бўлган таъсирчан воқеалар ва ундан кейинги ҳаёти асосига қурилган. Адиб шу қадар маҳорат билан асар қаҳрамонлари Томми ва Рутнинг муҳаббати ҳамда донорлик тақдирини чизиб берадики, натижада Кети ҳам донорга айланиб, ўз тана аъзоларини касалларга бериши табиий кўринади. Мадам номи билан юритилган ўқитувчи нима учун улардан ижодий асарлар талаб қилгани, аслида Хейлшемдаги бу болалар ҳеч қандай клон эмас, балки қалби, юраги бор инсонлар эканини кимларгадир уқтирмоқчи бўлганини асар охирларида аниқлашади…

Одатда бундай сюжетларни фантаст ёзувчилар ўйлаб топишарди. Бироқ Казуо романи снобизмдан, яъни олифтагарчиликдан йироқ экани билан ҳам ўқувчини маҳлиё қилиб қўяди.

Қизиқ томони, Ишигуро роман қаҳрамонлари нега бундай ишга киришганини мукаммал тушунтирмайди, балки ўқувчининг мустақил фикрлаши учун, ўйлаши имкон учун қолдиради. Муаллифнинг фикрича, бу савол ер юзидаги барча халқлар учун хос, бегона эмас. У ўз романи ҳақида сўзларкан: “Халқаро роман нима дегани? Ишончим комилки, у дунёнинг исталган нуқтасида истиқомат қилаётган, келиб чиқиши ҳар хил одамларга бирдек муҳим, ҳаётни ҳис эттирадиган даражада оддий бўлади”, дея умумий жавоб берганди.

Казуо Ишигуро асардан асарга ўсиб бораверди. Йўл-йўлакай, аниқроғи, ҳар беш йилда бир йирик ижодий иши билан жаҳон адабиётини гуллатиб келмоқда. Масалан, “Мени қўйиб юборма”дан беш йил олдин “Етимлик чоғларимизда” ( When We Were Orphans), беш йил кейин “Ноктюрнлар: мусиқа ва шом ҳақида беш ҳикоя” (Nocturnes: Five Stories of Music and Nightfall) асарлари дунё юзини кўрди. Ҳатто “Esquire” журналида босилган ҳикояси асосида ёзган “Оилавий тушлик” (A Family Supper, 1990) ва “Дардман” (The Unconsoled, 1995) дея номланган китоблари ҳам беш йиллик фарқ билан нашр этилди.

Ниҳоят, 2015 йили ўқувчилар кутган, аммо кутилмаган мавзудаги романи – “Дафн этилган баҳодир” (The Buried Giant) чоп этилди. Ушбу асар Казуо истеъдодининг ҳали очилмаган қирралари борлигини кўрсатиб қўйди. Романда Артур вафотидан кейинги Британия ҳаёти тасвирланади. Огрлар ва аждарлар иштирокидаги мумтоз жанрлар билан қоришиқ тарихий синтези бугунги Англия ва сеҳру жоду, Ғарб афсоналари ва деярли самурайча яккакураш уйғунлашуви, тўқнашуви асосида янада жонланади.

Танқидчилар ва ёзувчилар Ишигуронинг бу “юриш”ини ҳам қарсак билан кутиб олди. Насрни чинакам санъат даражасига кўтарган адибнинг бу романи шеърий жанрлар ва “улкан” адабиёт бирлашувидаги улкан одим сифатида юксак баҳога сазовор бўлди.

Бу асарни бир сўз билан “Тарихни ғолиблар ёзади”, деган жумла орқали ифодалаш мумкин. Зеро, асар қаҳрамонларининг Артур замонида тарқалган туман таъсирида хотирасидан айрилиши ва йўқолиб қолган бир қизалоқ баҳона, аслида касаллик сабабини излаб йўлга чиқиши, ҳар ким ҳар хил омилларга дуч келиши, пировардида тарихдаги реал воқеалар унутилиши ёки замонга мослаштирилиши, яъни ўтмишнинг “дафн” этилиши ҳодисаси китобхонни ўйлашга, фикрлашга ундайди.

Умуман, Казуонинг ижодида тарихий воқелар, ўтмишга мурожаат, сирли ҳодисалар, жумбоқлар орқали инсон руҳий оламини тафтиш этишга, ҳис-туйғулар тўлқинини юзага келтиришга, кузатишга мойиллик устувор. У ҳар бир асарини ўзи таъсирланган, лол қолган тарих ва унинг қатидаги ҳодисалар асносида тиклайди, қуради. Шунинг учун ҳам Ишигуро асарларини бир ўқишда тушуниш қийин. Китоб моҳиятини илғаш учун аввал муаллиф руҳиятига йўл топиш керак бўлади.

Ишигуро айни пайтда Қироллик адабий жамияти аъзоси бўлиб, асарлари дунёнинг 30дан ортиқ тилларига ўгирилган. “Мени қўйиб юборма” романи инглиз ёзувчиларининг энг яхши асарлари ўрин олган “Юзталик”ка киритилган. Адиб, шунингдек, Уинифред Холтби, “Уитбред” мукофотларига сазовор бўлган, Британия ва Франция мамлакатлари олий унвонлари билан тақдирланган.

Олтмиш учинчи кузини қаршилаган Ишигуро айни куч-қувватга, ҳаётий тажриба ва ижодий маҳоратга тўлган. Боғбонлар тили билан айтганда, ғарқ етилиб пишган. Унга нафақат бу йил, балки умуман Нобель мукофоти берилмайди, деб ўйлаганлар ҳам адибнинг бундай юксак мукофот билан тақдирланишига эътироз билдирмайди. У инглиз тилида қандайдир “инқилоб” ясамади, “янги давр”ни ҳам бошлаб бермади. Шунчаки самимий ёзди, қатор сара асарлар яратди. Ҳар бир асарига ўзини, руҳиятини, қайғу ва шодликларини сингдирди. Айнан шу жиҳат Ишигуро романларини бирлаштириб, бир-бирига боғлаб турадигандек гўё…

Муҳими, 6 ёшида аҳволи тобора танглашаётган Нагасакидан – ўз ватанидан ўзга заминларга кетган оила тақдири – мусофирлик қисмати бир буюк номни кашф этди, яратди. Машҳур адиб Ишигуро гарчи бугун олтмишдан ошган бўлса-да, аммо бир умрга айрилган ўша 6 яшар оддий бола Казуога ҳамда Япониясига қайғу ва соғинч билан талпинаверади. Буни асарларида ҳадеб тарих саҳифаларини варақлайверишидан ҳам, бугунги кунига – ундан фахрлана бошлаган жамиятга деярли алоқаси йўқдек ижод қилишидан ҳам сезса бўлади…

«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 11-сон